Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 26 Апрел 2017 Кӯришлар: 2084
Печат

 

munavvaraУни 1994 йили баҳор кунларида танидим. Серҳаракат, чаққон, ҳожатбарор ва энг муҳими, китобсевар экан. Қачон қараманг, қўлида ё китоб ё газета, шошиб қаёққадир кетаётган бўлади. Устозимиз битта бўлгани учун дўстлашиб кетдик. Унинг чапани, жайдари феъли туфайли ўз акам каби менга яқин бўлиб қолди.

Аспирант бўлдим. Илм деган сўқмоқ йўлларда унинг менга қилган яхшилигининг баҳоси йўқ. Хўжанд шаҳрининг "Баҳор" мавзеида ижарада тураман.

У ҳам шу мавзеда яшайди. Ўзим ишлаётган мавзуга доир адабиётлар рўйхатини тузиб туриб, керакли китобларни қидира  бошлайман. Кутубхоначиларнинг қўрс муомаласидан безиб, кутубхоналарга боргим келмайди. Қолаверса, кутубхоналардан вақтимни қизғанаман. Уйда ўтириб ишлаш ёқади менга. Бир куни унга "Менга фалон китоб керак эди", - дедим йўл-йўлакай. Эртаси нима бўлиб уйига бориб қолдим. Унинг китоблар тўла столи устида мен истаган, қидирган китоб турибди. Ундан илтимос қилиб, бир тунга ҳалиги китобни ола кетдим. Туни билан китобни ўқиб, керакли жойларни конспектлаштириб, қайтардим. Кейин пухта бўлдим. Унга фалон китобни топа олмаяпман, жуда керак эди, деб қўяман. Орадан икки-уч  кун ўтказиб уйига бораман. Ўша мен қидирган китоб стол устида турган бўлади. Минг хил илтимосу тавалло билан  ола кетаман. Мен шундай қилиб номзодлик иши учун унинг беминнат хизматидан ўринли фойдаланганман.

Уйга - қишлоққа борсам, дадамга "Ака ундай деди, ака бундай деди", - деб илмий ишим бўйича ўзига хос ҳисоботлар берардим. Дадам у ҳақда гапирмай қолсам, "Аканг юрибдими?", - деб сўраб қўярдилар. Ҳатто, номзодлик ишим ҳимоясига - Тошкентга  борган ягона хўжандлик ҳам шу акам бўлади.

Иккимизнинг китобга бўлган "муҳаббатимиз" роса орамизга совуқликлар солади. У уйидагиларни огоҳлантириб қўйган: "Мунаввар келса, китоби бор уйга кирмасин"(Ўғирлаши мумкин дея олмайди). Мен китобларимни доим ундан иҳота қиламан (Билиб бўладими? Эҳтиёт шарт!).

1998 йилнинг кеч кузи эди-ёв. Қаердандир қайтишда уникига - "Баҳор" мавзеига борсам, эшик очиқ, ҳеч ким йўқ. Чақирдим. Аммо бир хоналик уйнинг эшиги катта очиқ. Менинг келишим бу уйда ҳеч кимнинг хобу хаёлига келмагани аниқ. Мен эса, ҳалол китобсеварга хос сезгирлик билан уйилиб ётган китоблардан атиги тўрттасини олиб кетдим, холос. Шулардан бирининг номини  ҳозир ҳам эслайман. "Иброҳим Ҳаққул. Шеърият ва тасаввуф". Аммо бир куни менинг ижара уйимга иш билан келиб қолганида шу китобни таниб, қайтиб олгани ҳам эсимда қолган.

Аёли Ўлмасхон унинг китобпарастлигини шундай таърифлайди: "Шу кишига тегибманки, китоб тахлайман. Педагогик билим юртида акангиз билан бирга ўқиганмиз. Бу 1976 йиллар эди. Қишлоққа бир ойда бир борардик. Транспорт масаласи оғир эди у пайтлар. У отаси жўнатган пулни иқтисод қилиб, китоб сотиб оларди. Кейин китобларни сумкаларга жойлаб, китобга муҳаббати бўлмаган ҳамқишлоқлардан қишлоққа - уйларига бериб юборарди. Бир гал унинг тўрт сумка китобини Гулсара Усмонова (марҳума) иккимиз қишлоққа олиб кетдик. Мужундан Кўчкинага қараб оғир сумкаларни кўтариб, инқиллаб-синқиллаб пиёда кетаяпмиз. Гулсара ўртоғим китобларни аҳамияти ҳақида гапириб, бизнинг савоб иш қилаётганимизга мени ишонтиришга уринади. Жарҳовуз деган жойга етганда бу китоблар билан қишлоққа етиб олишимизга кўзим етмади. Китобларни Жарҳовузнинг яқинига белги қўйиб яширдик. Қишлоққа бориб амаким Раҳмон акага Жарҳовузнинг фалон жойида, фалон белги остида ўғлингизнинг тўрт сумка китоби бор. Биз чарчаб ташлаб келдик. Олиб келинг, деб омонатни эгасига топширдик. Тақдир экан, акангиз билан турмуш қурдик.  Сумка-сумка китобларни ташиб келиш ҳолва экан. Бутун бошли кутубхона соҳибига турмушга чиққан эканман".

Шу ўринда унинг бир курсдоши сўзлари: "Биз шоирларга дастхат ёздириб олган китобларимиз ҳам дўстимиз қўлига ўтиб кетганини билардик. Уйланаётганида шу китобларни қайтариб олиш умиди билан тўйига бордик. Биз бирор уйдан бирорта китоб топмадик. Эҳтиёткор дўстимиз барча китобларни яшириб қўйган экан. Китобларимиз уники бўлганига рози бўлиб қайтдик".

 "Аканинг нечта китоблари бор, янга",- деб сўрайман, уни китоблардан қизғанадиган Ўлмасхон опадан. "Ками саккиз, кўпи билан ўн минг бордир".

Аканинг ўзидан сўраганимда, "Нари борса қишлоқдаги ва бу ердаги китоблар олти мингга боради", дейди фарзандларини сонини камайтириб (ирим қилиб бола сонини камайтириб айтиш одати бор туркийларда) айтаётган ота каби сирли қилиб.

Аёли Ўлмасхон опа айтади: "Рўзғорда бўлади-да, баъзан тортишиб қолсак, дарров қўлига китоб олиб, сен билан тортишгандан, китоб ўқиганим яхши, дейди. Шу билан оилавий келишмовчилик ўз-ўзидан ечим топади". 

Аспирантлигимнинг биринчи йили эди. Шаҳарнинг Гулистон мавзеида  ишхонага бирга  кетаётиб, рус филолог олими Дун билан сўрашиб ўтдик. "Ходячий энциклопедия шу", дейди ўзгача эҳтиром билан. Орадан ўтган йиллар давомида унинг ўзи ҳам "юриб турган энциклопедия" эканига кўп марта ишонч ҳосил қилганман.

У жуда киришимли инсон. Буни Тошкентда Академия фундаментал кутубхонасига борганимизда кўрганман. Тошкентдай шаҳри азимда, яна Академия фундаментал кутубхонасида уни қоровулдан кутубхона ходимларигача дарров танишади. "Э, келинг, домла", деб керакли китобларни дарров топиб беришганига гувоҳ бўлганман.

У роса ҳожатбарорлиги  учун ишхонага ҳамқишлоқлари: "Мавлон ако бормилар?" деб излаб келарди. Биз кафедра аъзолари бу ҳожатбарор акани шу-шу "ако" дейишга ўргандик.  Профессор А. Абдуқодировгача "Ако борми?" деб уни сўроқлайди.

Ижтимоий тармоқда курсдош дўсти Садриддин Ашур талабалик даври суратларини қўйиб, "Мавлонберди талабалигимизда кам суратга тушган. Шу суратнинг пулига китоб оламан дерди", деб унинг "китобхўрлиги"га ишора қилади ҳазил билан.

Унинг курсдоши Абдулла Зуҳур эҳтиром билан "Мавлоно" дейди. Ҳатто, шоир Асқар Маҳкам ҳам уни "Мавлоно" дерди.

Ҳар қандай янги чиққан китоб, Тошкентдами, Хўжанддами, албатта, унинг қўлида бўлади.

Бугунги техника тараққиёти ривож топган бир пайтда, унинг китобга бўлган улкан муҳаббати, албатта, таҳсинга муносиб. У оддий китоб йиғувчи "библиоман" эмас, балки "библиолюб" - китобсевардир.

Кўпда унинг китобхўрлигини сал ҳазилга олиб, "Йиққан китобларини ўқишга вақтиям бўлмайди бунинг", - деган гап-сўзлар ҳам бўлади. Аммо бир нарсани аниқ биламан. У ўзи йиққан китобларни ҳеч бўлмаганда, "ҳидлаб кўради". Чунки у бирор бир иқтибоснинг манбасини, яъни қайси китоб, қайси саҳифада эканлигини аниқ айтиб берганига кўп гувоҳ бўлганман.

Курсдош дўсти Абдужаббор ака айтиб берган бу сўзлар унинг соддалигидан далолат. "Мавлонберди бизникида меҳмон бўлиб кетди. Жияним Гулмирадан бизникида унутиб қолган костюмини олиб келишини айтибди. Костюмни жиянимга олиб чиқаётсам, унинг ички чўнтагидан "Шарқ юлдузи" журнали сирғалиб тушди. Қайтиб жойига солиб қўйдим. Агар костюмнинг қуруқ ўзи борса, Мавлонберди хафа бўларди. Биз унинг китобсеварлигига ўрганиб қолганмиз. Шунинг учун  костюм чўнтагидаги журнал "китоб ўғирлиги эмас, балки дўстнинг дўстга ҳадди сиққани, деб биламан".

Онгли умрини китобни севишга, китоб йиғишга сарфлаб яшаётган замондошим, ҳамкасбим, филология фанлари номзоди, доцент Мавлонберди ака Суюнов олтмиш ёшга етиб келибди.  Олтмиш йиллик умрида олтитаям китоб ўқимаган қанча. Аммо у умри саҳифаларини китобсевар, деган мақом билан безаб яшамоқда.

Бундан ўн йиллар олдин уйимга китоб сўраб келган талабага қизғанчиқлик қилиб, китоб бергим келмаганида, у шундай деганди: "Хазинани доим илон қўриқлаб ётади. Унга хазина умуман керакмас. Мен тушунаман сизни. Китобни яхши кўрасиз. Китоб ҳам хазина. Уни қўриқлаш, эҳтиётлаш шарт. Аммо хазина фойдаланилсагина, бирор бир қийматга эга. Аммо сиз хазинани қўриқлаётган илон эмассиз-ку". Бу сўзлар таъсир кучи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу талаба йигит гапига кириб, неча-неча китобларим йўқолиб кетди. Аммо барибир талабаларга китобларни ўқишга беришда давом этаман. Мен хазина хазиналигидан барча баҳраманд бўлиши тарафдориман. Шу ўринда касбдошимга бир таклифни айтиб ўтмоқчиман. Сахий ва жўмард шоир Абдулло Қаюм беш минг китобидан ҳамқишлоқлар учун хусусий кутубхона қилганди. Нега бизнинг "Маҳмуд Саъдий"имиз ўз китобларидан мутолаага ташна инсонлар баҳра олишини истамайди? Мавлоно кутубхонаси, деган хусусий кутубхона очиш вақти келмадимикан?  

Буюк  Фёдор Достоевский  бепоён Сибирга сургун қилинганда тўрт девор  ичида ўтаётган вақтига ачиниб, оиласига ёзган мактубида шундай сўзларни битган экан: "Менга китоб жўнатинг, китоб, кўп китоб, токи қалбим ўлмасин!"

Қалби китоблари билан уйғоқ Мавлонберди Суюновни қутлуғ сана билан қутлаб, баъзида "ўзлаштирилган" китоблар учун  узр сўраб қоламан.

 

Мунаввара ОЙМАТОВА, Хўжанд.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Кўрнамак

Эрталаб узоқ-узоқлардан таралаётган қуёш нурлари иссиқлик бермаса-да, атрофга ўзгача чирой бахш этарди. Эсаётган майин шабада таъсирида дарахт япроқларининг нозик садолари, унга ҳамоҳанг бўлаётган паррандаларнинг чуғурлашлари-ю анҳорда сувларнинг шарқираб оқиши табиатнинг жозиб куйи каби таралар эди. Турли рангларда очилган гуллардан таралаётган муаттар ҳидлар киши руҳига енгиллик бағишлайди. Мамажон ака ҳовлисида олча-ю шафтоли

Муфассал...

ДАРВИШЛИК ТУНИ

 

Туннинг қаро кунлар руҳидай ғамангез арвоҳи ҳақида хаёл суриш нечоғлик оғир. Кузакнинг дилгир тунлари менинг хотирамда маҳзун кечади...

Кузак туни...

Телбавор синоат сукутнинг оёғига чалкашиб ётган девона ўйлар...

Мезон торлари...

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990639

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477865
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3793
4027
21478
7426653
99509
114875
7477865

Сизнинг IPнгиз: 18.116.15.22
Бугун: 23-11-2024 17:03:38

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015