Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 17 Август 2018 Кӯришлар: 2022
Печат

hunar 2018 1

Моҳир чолғучи бағри ўйиқ тор симларини чертганда, ундан таралаётган ўтлуғ куй, дардчил оҳанг учқун каби ногаҳон қалбингизга тушиб, аста-секин уни қиздира бошлайди. Ҳали ўзингизни ўнглаб улгурмасингиздан, тобора авж пардаларга ўрлаётган оташин наво шафқатсизларча сиз томон олов пуркайди. Қайноқ ҳовур исканжасида қолган вужудингиз аланга олади, ёниб-куйиб, адойи тамом бўлади... Ҳар гал миллий чолғу асбобида чалинган бирор мумтоз куйни

тинглаганимда, ушбу ҳолат кечади менда. Ўша тобда, беихтиёр, муғаннийга таҳсин айтамиз. Бироқ олқишларга сазовор бўлган чолғучининг ҳиссини жунбушга келтирган мусиқа асбобини ясаган уста ҳақида ўйламаймиз ҳам. Ваҳоланки, уста бу созни яратгунча не-не тунларни бедор ўтказган, анчайин заҳмат таъмини татиб кўрган.

- Сен ясаган созлар яхши хонанда ё созанда қўлида жаранглаб турса, унинг садосидан тингловчилар баҳраманд бўлиб, кўнгиллар завқу шавққа тўлса, бас. Сени эслашмаса ҳам майли,- дейди табиатан камсуқум уста Темурмалик Умаров.

hunar 2018Темурмалик Умаров Айний ноҳиясининг Путхин қишлоғида туғилиб ўсди. У тоғ ёнбағирликларида ястаниб ётган қишлоқ одамларидан самимийлик ва соддаликни, матонат тимсоли бўлган ҳарсанг тошлардан вазминликни, ўйноқлаб оқадиган Зарафшон дарёсидан жўшқинликни, табиатнинг ажиб манзараларидан ҳаётга шайдоликни ўрганди. Ўн ёшида отадан етим қолган Темурмалик бир амаллаб ўрта мактабни тугатди. Сўнгра, Кофарниҳондаги техникумга ўқишга кирди. Уни битиргач, узоқ йиллар турли идораларда ҳисобчи ва молиячи бўлиб ишлади.

Темурмаликнинг болаликдан санъат ва адабиётга меҳри тушганди. Айниқса, миллий асбоблар торини тинғиллатиш, расм чизиш ва ўзига ёққан ашулани хиргойи қилиш унинг жону дили эди. 1980 йиллар охирида у Тошкент сари йўл олди. Бу ерда тақдир уни миллий мусиқа асбобларини ясашда ўзига хос мактаб яратган уста Усмон Зуфаровнинг невараси Абдуқодир Алимов билан учраштирди. Темурмалик тошкентлик устанинг этагини тутди. Бағрикенг уста ҳунар сирларини ўргатишга рози бўлди. Шундай қилиб, Темурмаликнинг бир оёғи Тошкентда бўлиб қолди. Ўзи севган ҳунарни пухта эгаллаш учун йўл машаққатларини ҳам назар-писанд қилмай, мақсади сари интилаверди-интилаверди. Ундаги соз ясашга бўлган қизиқиш, майлу рағбат ўз самарасини бера бошлади. Қўли анча ўнг бўлиб қолган Темурмалик қишлоғидаги устахонасида ясаган торни Тошкентга олиб борганида, уни таниқли қўшиқчи Ғуломжон Ёқубов харид қилди. Шу-шу “Темурмалик” номининг олдига “уста” сўзи қўшиладиган бўлди.

Темурмалик тожик санъатини дунёга танитаётган хушовоз хонанда, ҳамюрти Жўрабек Муродов билан фахрланарди. Шунинг учун севимли ҳофизига махсус тор ясаб беришга аҳд қилди. Қунт билан ишлади. Роппа-роса уч ярим йилда тайёр бўлган тор ўзининг бежиримлиги билан кўзни қамаштирарди.

Ўзига аталган нодир торни қўлига олган Жўрабек Муродов унинг жозибасидан ғоятда таъсирланди. Уни айлантириб қайта-қайта томоша қилди. Тор симларининг жаранги қалб садоларига ҳамоҳанг эканини илғаган санъаткор устанинг ноёб истеъдодига тан берди.

1999 йили Сомонийлар давлати ташкил қилинганининг 1100 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Темурмалик ҳам бир ватанпарвар, миллатсевар уста сифатида байрам учун махсус совға тайёрлашга киришиб кетди. Буёғини устанинг ўзидан эшитамиз.

–“Сомонийлар танбури”ни ясаш ғояси пайдо бўлганда қувнаб кетдим. Танбурнинг устки қисмида давлат герби ва байроқни акс эттирдим. Танбурда миллийлигимиз уйғунлашган бошқа рамзий тасвирларни ҳам кўриш мумкин эди,- дейди уста фахрланиб. Темурмалик бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида сайқал бериб ишлаган ижод маҳсули – «Сомонийлар танбури»ни катта йиғилишлардан бирида ўшандаёқ мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга тақдим этади.

Орадан кўп ўтмай, устанинг меҳнати муносиб тақдирланди. Унга “Тожикистон маданият аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Темурмалик Умаров ясайдиган танбур, тор, дутор ҳамда рубоб тожик ва ўзбек санъатида бирдек кенг қўлланиладиган миллий чолғу асбоблари сирасига киради. Бундай муштараклик ва яқинлик устага роҳат бағишлайди.

Темурмалик Жўрабек Муродовга махсус торни ҳадя қилганида ўзбек санъатининг тирик афсонаси Шерали Жўраевга ҳам худди шундай тор ясаб беришни кўнглига туккан эди. Эзгу ният амалга ошмай қолмас деганларидек, уста бу мақсадига ҳам эришди. У уч йилдан ортиқроқ вақт мобайнида фақат Шерали Жўраев хонишларига қулоқ тутди, руҳан унга яқинлашди. Натижада мукаммал санъат асари – нафис тор дунё юзини кўрди. Тор ўзида оқ кабутар, Тожикистоннинг осмонўпар тоғлари, қуёш, дарё, Панжакент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги айрим обидалар тасвири ҳамда миллий нақшлар уйғунлаштирилган бадиий композициясини мужассам этганди. Бундан ташқари, садаф билан безатилган тор қорнининг орқа томонига Шерали Жўраевга бағишланган ширу шакар тарзидаги шеър ўйиб ёзилганди.

1998 йили Темурмалик Умаров торни ўз эгаси – Шерали Жўраевга топширар экан, унда акс эттирилган ҳар бир рамзий тасвирга эринмай изоҳ бериб чиқди. Торнинг кўриниши хаёлини банд этган, боз устига, устанинг сеҳрли сўзларидан икки ҳисса ҳайратга тушган ҳофиз ёнидаги шеригига қараб: -Ана кўрдингми сўзамолликни?! Мен Айнийда бўлганман. У ердаги бир тошни ўрнидан силжитгудек бўлсанг, тагидан гап бош кўтаради, - дея лутф қилади.    

Икки қардош тожик ва ўзбек халқлари ҳамиша бир-бирига ўргатиб, бир-биридан ўрганиб келган. Тарих зарварақларида бунга мисоллар жуда кўп. Зуфаровлар сулоласининг муносиб давомчиси, тошкентлик Абдуқодир Алимов ва айнийлик Темурмалик Умаров ўртасидаги устоз-шогирд муносабати ҳам ана шу қадимий анъананинг мантиқий давомидир.  

Тақдир тақозоси билан ҳозирда Жаббор Расулов ноҳиясида яшаб, шу ердаги “Гулистон” маданият қасрида фаолият юритаётган уста Темурмалик Умаровнинг режалари бисёр. У киндик қони тўкилган она қишлоғи – Путхинда миллий мусиқа асбоблари музейини ташкил қилишга бел боғлаган.

Танлаган касби чин маънода ҳаётининг мазмунига айланган қаҳрамонимиз кўкси ифтихорга тўлиб, шундай дейди: -Ҳисобчи, молиячи бўлиб ишлаб юрганимда мени ишхонамдагилар, узоқ-яқин танишларим, нари борса, қишлоғим биларди, холос. Эндиликда ҳунарим туфайли мени элу юрт танийди.

Ҳунарманд устанинг бамисоли ҳайқириқдек янграган самимий сўзлари танбур садосига уланиб кетади.

 

Нозимжон ЭРГАШЕВ,

Суғд вилояти.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ЮРТ СОҒИНЧИ

 

Шамолларга бериб бағримни

Рутубатли туманлар аро.

Феруза тонг ифорларини

Туйдим сармаст ва ғазалсаро.

Хаёлимнинг сўқмоқларида

Муфассал...

ЧЕМПИОНЛИК ҚУВВАТИ СИНГГАН МИЛЛИЙ БАЙРОҚ

 

Тожикистон таэквон-до миллий федерациясида республика байроғи нафақат давлат рамзи, балки федерациянинг тумори ҳам ҳисобланади. Чемпионлик қувватини ўзига сингдирган байроқнинг ажойиб тарихи бор. Бу ҳақда Тожикистон таэквон-до федерацияси президенти Мирсаид Яҳёев шундай ҳикоя қилади:

- 1992 йилгача Тожикистонда Шўролар даврининг ўроқ ва болға расми

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990439

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477433
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3361
4027
21046
7426653
99077
114875
7477433

Сизнинг IPнгиз: 3.149.29.98
Бугун: 23-11-2024 16:44:59

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015