Болаликдан отга боғлиқ кўп маросимларда томошабин бўлганман.
Ватан деганда йилқи тўдаси ўтлаб юрган адирларни, улоқ чопилаётган кенгликларни кўргим келади.
Кўплар менга шеърингда ҳам, ҳикоянгда ҳам от, бошқа мавзу топилмадими, деб қолади. Чавандоз оиласида туғилиб, болаликдан от чопиб, йиқилиб-суриниб этим қотган. Отам чавандоз сифатида минтақада бўладиган
улоқларнинг бош совринига даъвогарлардан бири бўларди. Шўролар даврида бошлиқ маъносини англатгувчи русча “старший” сўзи элатимиз томонидан ўзлаштирилиб, “старчи”га айланган. Бош чўпон, бош йилқибоқарлар номига қўшилиб, фалончи старчи, дея аталарди. Отамнинг умри деярли йилқибоқарлар бошчилигида ўтган бўлса-да, эл орасида номларига чопағон, чавандоз каби атамалар илова қилинарди.
Илк бор бўйнига арқон тушган асов тойларни миниб, қўлга ўргатиш жараёнларига ҳам кўп гувоҳлигим бор. Йилқи тўдасидан ушлаб келинган лақай зотли ғунонлар ўз соҳиби каби озодликни хуш кўрувчи бўларди. Улар сувлиқни оғзига илдирмасликка жон-жаҳди билан тиришиб, устига солинган эгарни бир сакраб улоқтириб юбормоқчи бўлишарди, гўё. Кўплари мол каби ўкирар, кўзларидан худди ўт чақнарди. Хуллас, уларни қўлга ўргатиб, минги қилиш жараёни жуда узоқ давом этарди. Машаққат ила ювоштирилган тойлардан кўпинча улоқчи тулпорлар чиқарди. Бугунги техника тараққий этган замонда от ҳақида сўзлашим кимларгадир эриш туюлиши табиий. Аммо мен бир эл вакилиманки, бу элнинг амалий санъат шайдоларини лол этган каштачилик безаклари ва жаҳонга машҳур лақай зотли йилқиси мавжуд. Бу эл тўпори, содда кўринса-да, эътиқодига собитлиги, қонида ботирлиги ҳам бор. Шу соддасиёқ элнинг фарзанди эканлигимдан фахрлансам керак-да, айниқса, унинг отлари ҳақида ёзгим келади.
Сизга яна бир тулпор ҳақида сўзламоқчиман.
Колхозлар энди ташкил этилаётган пайтлар. Оқбулоқ, Кўлбулоқ ва Бедек қишлоқлари бирлаштирилиб, “Янги йўл” колхози барпо этилди. 1942 йили мазкур колхозга кўлбулоқлик Қорахон исмли киши мансаб отига лойиқ топилиб, узангиси тўғриланди. Унинг елкасини офтоб иситиб, кўкрагини еллар ялайдиган бўлди. Янги раис тақимига ўн олти калибрли милтиқни босиб, адирма-адир кезиб хўжалик ишини юргизарди. Қорахон раис бир куни уйига қайси бир от заводидан ҳайбар тарлон бия етаклаб келди. Жонивор байтал бўғоз келган экан, раиснинг оғилида қулунлади. Қулуннинг туғилишини яхшиликка йўйган раҳбарнинг “даврига дов” тегиб, 1943 йили қоғоз ишларида нўноқликда айбланиб, лавозимидан четлатилди. Мол-мулки ҳисобланиб, хатга олинди. Тарлон бия қулуни билан колхоз отхонасига кўчди.
Колхозга Оқбулоқ қишлоғидан Шами Лолаев раҳбарликни ўз зиммасига олди. Собиқ Қорахон раиснинг колхоз йилқисидаги тойи ғунон (уч ёшли) бўлганида куренг (тўқ қизил) тусга кирди. От биядан деганларидек, уч ёшли Куренгнинг келишган савлати от ишқибозлари кўнглига ғулғула соларди. Кишиларнинг кўпи урушда, чоллар, фронтдан қайтган ногиронлар қишлоқ эркаклари саналарди. Дўнан (тўрт ёшли) бўлган Куренг янада тўлишди. Тўрт ёшга кирган отнинг синини кўрган чоллар зотини суриштирарди. Дўнаннинг келиб чиқиши дўнғизўлдилик Жўрақул тўқсабонинг хоназотига тақаларди. Тўқсабонинг хоназот йилқиси ўз даврида мақтовга сазовор биялар ҳисобланиб, пойгачи отлар кўп чиқарди. Сталинободдаги (Душанбе) от заводи Жўрақул бойнинг минглаб йилқиси ҳисобига ташкил этилган.
Колхоз отхонасидаги барча йилқи зотининг иссиқ-совуғига оқбулоқлик Бердиқул отбоқар жавобгар эди. У Куренгни маромига етказиб совутар, онда-сонда бўладиган пойгада ҳам ўзи чопарди. 1945 йили уруш тугаб, тўкинчилик бўла бошлаган, баъзи бир ўзига тўқ одамларнинг тўйи пойгасиз ўтмас эди. Янги йўл колхозининг оти Кўктош минтақасида бўладиган тўй пойгасида бирор чопқир отни олдига ўтказмаган Куренг колхоз номини кўтариб, фахрига айланган ягона пойгачи тулпор эди.
1948 йили Спорт комитети томонидан лақай зотли отларнинг ишга қобилиятлилигини синаш учун республика бўйлаб 900 километрлик масофага пойга ташкил этилди. Янги йўл колхозидан Бердиқул отбоқар Куренг билан иштирок этди. Мусобақанинг фахрли биринчи ўрнига отга яхши қараганлиги учун Бердиқул чавандоз ва унинг оти Куренг лойиқ топилди ва Москвада республикалараро бўладиган пойгада иштирок этиши учун ҳужжатлаштирилди.
1949 йили Бердиқул чавандознинг ўрнига иниси уруш қатнашчиси Нориқул борадиган бўлди. Шами раис таъбирича, Нориқул урушга борган, русчани добдиратар (эплаб гапирар) эмиш. Қишлоқ ўртасига чолу кампирлардан тортиб, гўдакларгача йиғилган. Куренг билан Нориқулни Россияга жўнатишаяпти. Ҳамма қиблага юзланиб, қўлларини дуога очган. Хилват бобонинг лаблари ҳаракатга келди. У Оллоҳнинг ёр бўлиши-ю, пирларнинг мададкор бўлишини сўради.
Сталинобод темир йўл вокзалидан жўнаган вагон ичида Куренг ётиб олди. Бу яхши хислат. Уч кунлик йўлда ўзини толиқтирмасдан манзилга етиб олади. Нориқул чавандоз ҳам отнинг бу қилиғини маъқуллади. Бу ўлкада ўтказилаётган пойга масофаси ўн километр эди. Мусобақа ташкил қилинган манзилга бориш учун иттифоқ республикаларидан йиғилган сара отлар яна поезд вагонига юкланди. Вагонма-вагон юрган Куренг пойгачи отлар мусобақанинг бошланғич чизиғига қатор бўлганида, пойгада чопишини англади шекилли, сувлиқни чайнаб, кўзлари марра излаб чақнай бошлади. Ўнта от қатор бўлгандан сўнг, чопишга буйруқ берилди. Учи-қийри - адоғи йўқ йўл узра чопаётган Куренг чавандознинг жиловни бўшатиши учун нуқул бош сермар эди. От устидаги чавандоз, бу тўй пойгаси эмас марранинг олислигини яхши билгани учун тизгинни маҳкам тутиб борарди. Йирик пойгада илк бор чопаётган Нориқул чопағонни ҳаяжон босган, бунинг устига ғалабага бўлган иштиёқ довдиратиб қўйганди. У, неча рақиб орқада қолди, олдинда қанча от борлигини эслай олмасди. От эса, ҳамон жиловли бошини сермагани сермаган. Олдинда чопиб бораётган жийрон отга ёнма-ён бўлганида рақиб чавандоз: “Ҳе онангни, сен босмач”, - деди. Нориқул чавандоз эса, унга тагидаги уловини бармоғида кўрсатди. Бу унинг: “Мени нега сўкасан, айб отингда?!” - дегани эди. Нориқул пойгачи рақиб чавандознинг сўкинганидан ва яна узоқда ҳилпираётган қизил байроқни кўриб сўнгги отдан ўтганини, маррага яқин қолганини англади-ю жиловни қўйиб юборди. Тоқалаб, марра узра довулдай тошиб келган Куренгни ихлосмандлар қуршаб олишди.
Бир ойдан сўнг, Нориқул чавандоз Куренг билан ватанга қайтди. Оқбулоққа кириб боришда, у отга тегишли медални Куренгнинг бўйнига осди. Ўзига тааллуқлисини гарданига илди...
...Шўрчалик Худойназар раис ўғлига қилаётган суннат тўйидаги пойгага барча эшитганлар интиқ эди. Тўй кунининг тонги отди. Кутилган от ўйини Меркининг сойидан Шўрча қишлоғигача, яъни кун чиқишдан, кун ботар томондаги мезбон қишлоққача. Ора анча олис. Пойгачи отлар мусобақанинг бошланадиган томонига жўнаш учун ечилди. Ҳакамлар тайинланди. Шунда бир чол Куренгни кўргандан тенгдошларига юзланиб, “анаву от келибди, бугун Худойберди раиснинг Сумбулига биринчилик тегмайди”,-деди. Оқсоқолнинг сўзларини барча пойгачилар эшитди. Чопишга шайланиб, қатор турган учқур арғумоқларга, Куренгни яйдоқ миниб олган Бердиқул пойгачи назар солди. У ўзидан уч от наридаги Сумбулни кўрди.
Пойга бошланди, қатор отлар йўл талашиб чопиб борар, Бердиқул чопағон от жиловини белгиланган масофанинг ярмини босиб ўтгандан сўнг бўшатди. Жонивор Куренг отларни битта-битта териб ўта бошлади. Сўнги от Сумбул эди. Йўлни ҳеч бир отга бермай чопиб бораётган тулпордан Куренгнинг боши ўтганида жонвор Сумбул кишнаб юборди. Барча рақиб отлардан юз метрлар чамаси узилиб, довул бўлиб бораётган Куренг бирдан суриниб ўмбалоқ ошиб кетди. От устидан отилиб кетган Бердиқул чавандоз ўрнидан турган тулпорга ирғиб, осилмоқчи бўлди-ю, Куренгнинг олдинги оёғи осилиб турганини кўрди. Отнинг қўли (отнинг олдинги оёғи қўл ҳам дейилади) бир чуқурчага тушиб синиб кетган эди. Жонивор отнинг ҳалинчакдек чайқалиб турган оёғини кўрган Бердиқул чавандознинг кўзидан ёш тирқираб кела бошлади. Тулпор жониворнинг маррага қадалган кўзларидан тинимсиз ёш томчиларди. От бир силкиниб уст бошини қоққан бўлди-да, уч оёқлаб марра сари интилиб, соҳиби қўлидаги тизгинни силкиди. Шунда аламзада чавандоз ўкириб юборди. “Ҳа, уйинг куйгур фалокат-а, уйинг куйгур-а!”-дея отнинг оёғи тушган чуқурчани такаки этигида (чавандозлар этиги) товонлаб жон-жаҳд ила тепарди. Оёқ зарбидан чуқур лабидан муштдек-муштдек кесак кўчиб, чанг тўзғирди. У тепди, тепди, тепкилади. Сўнгра Куренгнинг бўйнига осилиб, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади. Чавандоз тенгсиз арғумоқнинг оёғига ачиниб бўзларди. Пойгада биринчи бор фалокат сабаб ютқазган отнинг кўзларида номусга қоришиқли аламли ёш оқар эди.
Марра бошида барча пойга ихлосмандлари қаторида турган Шами раис Куренгнинг биринчи келишига ишонарди. Пойгачи тулпорлар яқинлашгач, ўз отини кўрмаган раис, фалокат юз берганини пайқади. Отнинг аҳволини кўргандан сўнг, чавандозга қарата “Жонворни керакли жойингга урибсан, қандай қилсанг қил, қишлоққа Куренг оёғида юриб борсин” - деди. Бу раиснинг номдор отга бўлган чексиз меҳри туфайли оғзидан чиқиб кетган қўпол сўзлар эди.
Оёғи синиқ отни Шўрча қишлоғига бир амаллаб олиб келган Бердиқул пойгачи майиб пойни синиқчи устага боғлатди. Ҳар бир туёққа кандик (чуқурча) қазиб, отнинг оёқлари туширилди. Қорин томонига кўҳна кигиз тўшалган чўлоқ отни асрай бошлади.
Кимдир отга кўз теккан, деди. Бошқаси фалокатни айблади. Оғзига кучи етмаганлардан бири “Бир қозон эт бўлса, сўйиб хомталаш қилиш кераклигини” айтди. Бердиқул пойгачининг кўзига сўнгги гапирган одам жуда хунук кўриниб, сўзлари ёқимсиз эшитилди. Кўнглига ҳали пойга бошланмасдан Куренгни мақтаган чолнинг кўзи тегдимикан, деган шубҳа дориди.
Орадан қирқ кун ўтди. Донгдор тулпорнинг оёғи ғўр бўлиб битди. Бироқ у энди пойгага яроқсиз эди.
Шами раис томонидан гўштга топширилмай тирик қолган Куренг тулпор узоқ йиллар хўжалик хизматида бўлди.
Яна бир оғиз сўз. От минган одам кўпгина касалликлардан фориғ бўлиши манбаларда келади, эл орасида қулоққа чалинади. От жониворнинг яна бир ажиб жиҳати - соҳибига ризқ тилаши. Бугунги ажабтовур ҳолда умргузаронлик қилаётган ҳаётимизга назар солсак, омадидан сармаст, ё мансабидан ҳаволанган каслар ўзга тугул, ўзига ҳам ҳалол луқма сўрашни унутган, “Ҳамиша куним шу - куним”. Йилқи жонивор ярим тунгача ўзига, айни фаришталар ризқ улашаётган пайт эса, соҳибига тангридан насиба сўрар экан. Беихтиёр: - «О, зийрак жонивор, бу не хислат, о-о, бу қандай иноят... сени шу зайл яратган Эгамга қуллуқ!... Қуллуқ!» - дегим келади.
Ватан, кенгликларинг бағрида асл тулпорлар чопаверсин!.. Чопишаверсин!..
Биз уларга меҳр улашайлик, самимий меҳр!....
Бобом чопган отни эслаб,
Юрагимни ғам тишлади.
Англагандай забун ҳолим
Далада бир от кишнади.
Ёлғиз тулпор, менга таниш
Кишноғингнинг садолари.
Қароғимда қолиб кетган
Садоқатинг жилолари.
Боболарим етаклаган
Минг асрлар қоқ ичидан.
Сув ичгандинг момоларим
Қалқиб турган ҳовучидан.
Ҳуркиб кетдинг олисларга,
Меҳрим чилвир узилгандай.
Жонворим худди сендек
Элим насли бузилгандай...
Ёлғиз тулпор, менга таниш
Кишноғингнинг садолари.
Қароғимда қолиб кетган
Садоқатинг жилолари!
Абдулвоҳид Алматов, Рўдакий ноҳияси.
Мустақил Тожикистонимиз кундан-кунга гуллаб-яшнаб бораётганлиги, халқ турмуш тарзининг фаровонлашувида ҳар бир ватандошимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон олиб бораётган бунёдкорлик сиёсати ободончилик ишлари кўлами кенгайишига замина яратаётганлиги табиий. Миллат пешвосининг
Муфассал...
АЗИЗ ТОЖИКИСТОН
Тожикистон – она юртим, кўксимдадир номинг сенинг,
Эзгу ният, меҳру – шафқат тонг ила шоминг сенинг.
Қайда бўлсам сен билан мен, сен билан умрим обод,
Қайда бўлсам мен биландир пайку пайғоминг сенинг.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015