Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 12 Январ 2017 Кӯришлар: 2218
Печат

 

a ahmadaliev«Халқ овози»нинг собиқ Бош муҳаррири Абдусаттор Аҳмадалиевни хотирлаб...

Кошки...

Одамлар орасида мунофиқлик, иғво-ю низо бўлмаса эди. Худди мансабпарастлик каби, маҳаллийчилик сингари.

Ўзини ўзгалардан доно билувчи, сўзи бир, иши бошқа амалпарастларнинг халққа, Ватанга хиёнати бизда ҳали унутилганича йўқ. Бундайлар дастидан ер шари ҳамон киприкдаги ёшдек қалқиб турибди. Энди улар ўзларини исломчи, деб аташган, дунё эса, уларга террорчи номини берган. Дарҳақиқат, бегуноҳлар қонини тўкиш, обод шаҳарларни култепаларга айлантириш, етимлар кўз ёшини тўкиш Исломдан эмас.

Агар, уруш бўлмаса эди, бизнинг жаннатмакон юртимиз бундан-да гўзаллашган, янада обод масканга айланарди. Матбуот юқори поғонага чиққан, ўнлаб забардаст журналистлар вояга етиб, ўша даврда юз минг нусхада чоп бўлаётган "Совет Тожикистони"нинг меросхўри -"Халқ овози" бугунги кунда неча марталаб бўш иш жойига конкурс эълон қилса-да, бармоқ билан санарли ёшлардангина ариза ололмасди. Унинг тиражи ҳам икки юз мингдан ошмаса ҳам, кам деганда ярим марта ошиши турган гап эди. Ахир, ўша даврдан бери мамлакат аҳолиси деярли икки баравар кўпайди.

Оддий мухбирликдан Бош муҳаррирлик даражасига етган етук журналист, иқтидорли ёзувчи Абдусаттор ака Аҳмадалиев ҳам ватангадолик дардининг оғир юкидан букчайиб, юраги эзғин, руҳи сўлғин тарзда яшамаган бўларди. У киндик қони тўкилган қишлоғи, йигитлигига гувоҳ Жалолиддин Балхий (собиқ Колхозобод) ноҳияси, етуклик даври ўтган пойтахтимиз - Душанбени тушларида кўриб уйғонарди. Бирга олиб кетган ширин хотиралар билан умр кўрди. Бир вақтлар ўзининг имзоси билан нашр қилинадиган севимли "Халқ овози" газетаси ва ўз юртдошлари ижодидан намуналар кутиб ҳаёт кечирди - ютуқларимиздан қувонди, омадсизликларимиздан ўкинди.

Аҳмадалиевни ўттиз тўрт йил бурун маҳаллийчилик ботқоғига ботган, янги кучдан қўрқадиганлар орқаворотдан "Отдел кадр"(Кадрлар бўлими) деб аташгани ҳали-ҳали эсимизда. Бунинг сабаби -  у кишининг ташаббуси ва танлови билан мамлакатимиз турли чеккасидан бир қатор ёш ижодкорлар "Совет Тожикистони"нинг адабий ходимлари сафини тўлдираётгани эди. Улар орасида забардаст шоирлар-Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим, Асқар Маҳкам, Абдулло Зуҳур, Одил Икром, таниқли журналист Садриддин Ашур, ўз асарлари билан нафақат бизда, балки республикадан ташқарида ҳам таниқли ёзувчи Эшмуҳаммад Донохонов, шоир Дилмурод Ҳожимурод,  адиблар марҳум Абдураззоқ Муҳаммадиев ва Ҳамиджон Ҳаким, забардаст журналист, бадиий сўз устаси, айни пайтда ҳам газетанинг бир ҳафталик юкини икки кун чираниб тортғувчи Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, моҳир таржимон Абдужалил Ғафур сингари оловқалб ижодкорлар бўлиб, улар ўз асарлари, эшиттиришлари билан серқуёш ўлкамизни адабиётсеварлар юрти сифатида оламга танитдилар, танитмоқдалар.  Дарвоқе, камина ҳам у киши танлаган кадрлардан эканлигимни унутаёзибман.       

Бу ижодкорлардан фақатгина бир киши Эшмуҳаммад Донохоновнигина олдиндан биларди, холос. Бошқалари билан мақолалари, шеъру ҳикоялари орқали таниш эди. Кейин ҳаммаси билан ҳам ака-ука тутиниб кетган. 

Янги йилнинг биринчи пайшанба куни биз тақдири "Халқ овози" билан боғланганларни каллайи саҳардан нохуш хабар уйғотиб юборди. Барча ижодкорлар дўсти Абдулло Зуҳурнинг волидаи муҳтарамалари оламдан ўтганини эшитиб, онаси тириклик қайдида бўлмаганлар ўз мунису меҳрибонидан иккинчи марта жудо бўлгандек қайғуга ботдик. Жанозада биргина шоиру ёзувчиларнинг ўзи юздан ортиқ эди. Бу юртимиз ва элимизнинг бугунги қиёфасига яна бир чизги.

Шу кун ниҳоясида ҳали ухлаб-ухламаган маҳалимиз яна телефонлар бойўғлидек сайраб қолди ва  республикамиздан узоқ - Чуст шаҳрида бизни соғиниб-соғинтириб яшаётган қадрдонимиз Абдусаттор Аҳмадалиевнинг бевақт вафот этганидан хабар етказди.

Эҳ, бевафо дунё! Ўтган йил охиридаги тўрт кишилик тугал телефон суҳбатимизда яқин тарихни ковлаб, бир-биримизга ҳазиллашганларимиз, қочириқлар, хандон отиб кулишлар, наҳот, энг сўнггиси бўлса дея, анграйганимиз, рост.

-Янги йилда бир ўтаман,- деганди хайрлашар чоғи,- фотиҳали жойлар кўпайиб кетибди. Биз томонда яхши гаплар шамоли эсяпти.  Кўнгилларда балққан умид қуёши ҳозирданоқ, икки чегара орасидаги нохушлик кўланкасини қувиб чиқармоқда.

-Бизда ҳам, бизда ҳам,- барчамиз қувона-қувона бир-биримиздан суюнчи олдик.

-Илоҳо, шундай бўлсин! - каттамиз Эшмуҳаммад ака кафтларини фақат икки эзувида ёшликдан нишона қолган оқ соқолига юргизди. Қолганлар қўшилди.

Бу ўткир қалам соҳибининг Фарғона водийси халқи вакиллари муҳожирлигига оид очеркларидан бирида тахминан шундай сатрлар бор эди:

...Кеч шом. Аёллар қўлида тугун, бағирларида йўргак. Кампирлар бола етаклаган. Уларнинг атрофини ўраб олган эркакларнинг кирза этиклари ердан зўрға кўчади. Ўнг елкаларга қўнган белу кетмон Тераклитоғдан бош кўтарган ой ёғдусида ялтираб-ялтираб кетяпти.

Қамишзор қўрқинчли шовуллайди. Шоқоллар чийиллар, оч бўриларнинг улиши уларнинг карвонни таъқиб этаётганидан дарак. Олдинда кетаётган арава бир маромда оғир ғижирлайди. Ундан ҳозиргина иситма тутиб, кўпроқ кўрпа ёпишларини сўраган бемор инграниб, сув сўрайди. Учуқ тошган лабларига теккан қумғондан бир ҳўплам ичиб-ичмай, ялинади:

-Ўзимизнинг сувдан беринглар, ўзимизнинг...

Қадамлар унмайди, манзил кўринмас. Бўрилар ҳамон увлар, ҳайбаракаллачи шоқоллар сарқит илинжида жағига зўр беради. Бемор эса, инграниб, ялинишни қўймайди.

-Илтимос, жон акалар! Илтимос, бир қултум топиб беринглар, армонда ўлмай...

Унинг тинимсиз ялинишларига чидолмаган муҳожирлар аста-секин орқада қолиб бораверишарди. Бошлиқ Парпи полвон елкасига бош қўйганича пишиллаётган беш яшар ўғли Аҳмадалини умр йўлдошига бериб, аравага иложсиз яқинлашади. Беморнинг пешонасига кафт тегизиб:

-Ука,- дейди меҳрга қоришиқ майин овозда,- биз бу ерга меҳмондорчиликка келмаяпмиз. Яшаш учун, Ватан деб, қабул қилмоқ учун давлатга пахта етиштириб бериш ниятида кўч ортдик, белбоғ боғладик...

Бемор жимиб қолди ва арава биқинига илинган қумғонни полвон олиб узатганида индамай, алам билан симира бошлади...

Бу сатрлар ўша очеркдан айнан кўчирилмади. Эсда қолгани тасаввур доирасида намоён бўлган ҳолича қоғозга туширилди. Воқеа ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари ўртасига тааллуқли. Чустдан-Термизгача поезд билан кейин кемада Амударё оқимига қарши сузиб, Қуйи Панждан Қорадум чўли орқали пою-пиёда Ўртабўз адирига жойлашган бир гуруҳ чўлқуварлар Парпи полвон айтганидек, бу диёрни Ватан, деб билишди, ер очдилар, тўқайзор ўрнида обод қишлоқлар барпо этишди, пахта экиб донг таратдилар. 

Абдусаттор аканинг бобоси Парпи полвон ўзи гуллатган тупроқдан абадий маскан топди. Унинг қўлидан ишини Аҳмадали ака олиб, бобо амалга оширолмаган режалар пайидан бўлди. Боғ-роғ яратди, ҳашаматли уйлар қурди.

Бобонинг невараси эса, бошқа касбни танлади. Маънавият чўлини ўзлаштиришга киришди. Деярли чорак аср одамлар қалбига эзгулик уруғларини сочди, Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотди, инсонпарварлик ҳисларини кучайтирди - юртнинг, элнинг асл ўғлони зиммасидаги бурчни шараф билан бажарди.

Невара эккан, асраб-авайлаб вояга етказган гулшан атридан бугун бутун юрт баҳраманд. Унинг муаттар бўйи чет мамлакатларга ҳам таралмоқда. 

Бу ҳид Абдусаттор Аҳмадалиевни билган, кўрган ва эшитган кишиларга ер харитасида холдек бежирим ва гўзал Тожикистоннинг жўшқин ирмоқлари, туғёнли дарёлари, мусаффо ичимлик суви, шовуллаган боғлари, вужудидан шижоат томчилайдиган йигитлари, садоқатли сулувларининг шодон садоларини уфураверади, уфураверади...

 

Ҳасан Эрбобоев.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Муҳаббатсиз яшаб бўлмас...

 

АРМОН

Бу нур асл фитратдир, фитрат, сенга етмасман…

Бу Ишқ эса ҳикматдир, ҳикмат, сенга етмасман!

 Нафсим ила маст бўлсам, мастлик ила паст бўлсам,

Аммора1 ила тўлсам, ҳиммат, сенга етмасман!

Муфассал...

Муқаддас диёрнинг ажиб мўъжизаси

 

Аждодлар диёри – жонажон Ватанимиз Тожикистон гўзал табиат манзаралари, осмонўпар тоғлари, зилол сувли шифобахш булоқлари, сир-синоатларга тўла осори-атиқалари билан азалдан хорижликлар диққатини ўзига тортиб келади.

Мамлакатимиздаги ана шундай ноёб тарихий ёдгорликлардан бири кўҳна Ҳисор қалъасидир.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991150

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478806
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4734
4027
22419
7426653
100450
114875
7478806

Сизнинг IPнгиз: 18.188.132.71
Бугун: 23-11-2024 17:54:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015