Шеър балосига қачон йўлиққанимни, ҳарчанд уринмай, эслай олмайман. Сайфуллохон акам эса, жонли кутубхонанинг ўзгинаси эди. Юзлаб шеърларни акамнинг оғзидан жонҳолатда ёдлаб олганим эсимда. Қисматимдаги устоз аталмиш сийрат сиймоси яратилса, у, шубҳасиз, акам қиёфасида намоён бўлган бўларди… Чунки, менинг назаримда, устоз деганлари фақат кўздаги ёшни артиб қўядиган ёки «айтганимни қилгину қилганимни қилма», деб дағдаға қилиб, ҳар мақомга йўрғалайдиган чала мулла эмас.
Устознинг, нафақат илми, балки амали ҳам самимий эътиқод сабоғини бермас экан, шогирд ихтиёри шайтон қўлидадир. Устоз ўз хатоси билан ҳам ғафлатдан огоҳ этиб, «беайб»лик иддаосини қилмаган тақдирдагина мантиқ доирасига гоҳ сиғиб, гоҳ сиғмаган тўғри фикр юзига қоракуя суртилмайди, рост сўз сазойи қилинмайди… Шогирдлик мақомининг меъёри густоҳлигу тавозе ўртасида эканлигини, тўғрисўзлик билан шаллақилик, назокат пардаси билан фикрсизлик ниқоби орасида ер билан осмонча фарқ борлигини эрта англадим… Бу акамга иқтидо эди…
Имомга иқтидо қилган ҳар муқтадий қалбида, махфийми, жаҳрийми, ўз нияти бўлгани каби, «шеър гирдоби»га ташланган ҳар қандай Истеъдод, кашф этилган маълум Маъно қаърига ўз умиди билан бирга интилади ёки забт этилган маълум бир юксакликдаги Мавлога эргашади. Интиҳоси ноаён ушбу муҳлатда маълум маънолар қаъри қаърсиз, маълум юксакликлар чексиз эканлиги аён бўлади… Иқтидодан Фанога қадар чўзилган олис, машаққатли, илоҳий ҳақиқатларни идрок қилиш йўлидаги гумроҳнинг энг содиқ ҳамроҳи Таҳаммулдир… Тоқат, Сабр, Чидам билан бирга тақлид босқичларидан ўтиб, «чаманга булбул назари» билан қарашга одатланган чинакам шоир садо-ю ингроқлар аралашиб кетган ғала-ғовурлар ичидан ўз овозини таниб, топа олишга қодир. Бу услуб…
Услуб – қон. Ўз услубига эга шоир яратган Шеър томирида «донор»нинг эмас, падар қони оқаётган зурриётга ўхшайди… Бир-бирига «анор доналаридай» ўхшаб кетадиган аксарият замонавий ижодкорларнинг асарларидан дабдабали исму шарифи олиб ташланса, унинг муаллифини ҳеч ким айтиб беролмайди. Мумтоз адабиётда махсус сабкшунослик фанининг мавжудлиги бежиз эмас. Ўрхун Памук айтгандай, «ўрмондаги дарахтлардан бирини шундай тасвирлагинки, ўрмон ёнидан ўтиб кетаётган йўловчи юз минглаб дарахтлар орасидан ўша сен тасвирлаган дарахтни адашмай топа олсин…»
Услуб – муҳр. Ижодкор ўзини қанчалик кўкка кўтармасин ёки ерга урмасин, ушбу муҳрнинг нечоғлик хиралиги ёки ёрқинлиги фурсат чиғириғи, шеърхон диди, қолаверса, шоир виждонига ҳавола.
Услуб ҳақидаги фикримни қуйидаги ҳикоя билан ёритмоқчиман.
Ўтмишда ўз услубига эга бўлмаган ўртамиёна, бироқ сермаҳсул бир шоир ўтган экан. У туну кун тинмай ёзган шеърларини бир китоб ҳолига келтиришга келтирибди-ю, одамларга қандай қилиб ўқитиш ва шу баҳонада машҳур бўлиш йўлини тополмай анчагача боши қотибди. (У даврда босмахона бўлмаган). Ўйлаб-ўйлаб, охири устозининг ҳузурига келибди ва ундан маслаҳат сўрабди.
-Китобингни одамлар гавжум ердаги бирор дарахтга осиб қўйгин,- деб маслаҳат берибди устози.
-Бу китобдаги шеърларни мен ёзганлигимни одамлар қаердан аниқлайди?- сўрабди ҳарис кўзларини жовдиратиб шогирд.
-Ўша дарахтга, китобинг ёнига ўзингни ҳам осиб қўйиш керак!- жавоб берибди устози…
Ном қозониш илинжидаги ўша шоир ўз услубига эга бўлганда, балки, устози унга юқоридаги «фойдали» маслаҳатни бермаган бўлармиди…
Кейинги пайтларда модерн, яъни замонавий шеърият хусусида баҳсу мунозараларнинг пайдо бўлиши қувонарли. Оригиналликка интилишнинг ёмон томони йўқ. Аммо ижодкор «оригиналликдан ўзини сал тиймаса, бора-бора унинг ижоди маскарадга айланади» (Коко Шанел). Иқтидорсизлигини модерн ниқобига чирмаб олганларнинг хархашаси замонавийликнинг, фақат, зоҳирий кўринишини, шаклу шамойилини «чапдастлик» билан ўзлаштириш, яъни маданий масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Тоғ гиёҳларини тувакда ўстириб, парвариш қилиб, қанчалик маданийлаштирмайлик, улар учун беминнат Ватан саҳро бағри, тоғ чўққиси бўлиб қолаверади…
Шеърни тушуниш махсус савод ёхуд алоҳида донишмандлик талаб қилмайди. Қолаверса, саводли ва саводсизнинг, деярли, фарқи йўқ. Ҳар икки тоифанинг ўз эътиқоди, фикри, қабул даражаси бор. Бири кўради, бири эшитади. Ўта саводли ва буткул бесаводлар маънавият учун бехатардир. Аммо авомлар ва орифлар дини бўлмиш кўрмоқ ва эшитмоқ завқидан маҳрум яна бир тоифа борки, улар азалдан тарафкашлик касбини, ёлғон удумини, маломат, иддао қилиш одатини пухта эгаллаган бўлиб, эплаб отилмаган сопқондай ўзини ҳам, «пир»ларини ҳам шарманда қилади. Бу - чаласаводлик. Юракка қўл солиш ўрнига қалбга бурнини тиқадиган, хилватдаги офатнинг тимсоли бўлмиш аросат сиртмоғидаги бу зотларнинг кўлмак ичра «хас»га ёпишмоғи таҳоратсиз адо этилган намозга менгзайди. Таъбир жоиз бўлса, саводсиз бир коса тоза сув, саводли бир коса ўткир заҳар, чаласавод эса, сувга қўшилган заҳардир…
Денгизнинг қўшниси бўлмаганидек, шоирнинг ҳам юракдан ўзга ҳамроҳи, Сўздан ўзга жон олиб, жон берадиган дўсти, қадрдони йўқ. Сўз билан шоир орасидаги меҳр-оқибат бузилмаса, ижодкор Сўз зуғумини ҳис этиб, Сўзга зуғум қилмаса, бир донишманд айтгандай, сўзни қабул қила оладиган юраги, юрак пешвоз олишга арзигулик сўзи бўлса, хушомадгўйлик, ҳасратзадалик, сохта мақтову ортиқча намойишкорликка, фикрий тиланчиликка куни қолмасди, деб ўйлайман.
Шеъриятда «ақл ва тоқат қушлари»ни (Навоий) ҳуркитадиган шовқин-суронлар самимият кушандаларидир. Шеър заҳматига бўйни ёр бермаган, «бало истамоқда машаққат бор»лигини (Бобо Саммосий) ҳис этгиси келмаётган ёнимдагиларнинг Сўз ва Туйғуга санъаткорона муносабат бўлиши мумкин эмас, деган ақидага канадай ёпишиб олганлиги ачинарли ва хавфлидир. Ваҳоланки, ақл ва юрак баҳсида фикр ва туйғулар мувозанатининг бузилмаслиги шоирдан, фақат тутқаноқ ҳолатини эмас, шеърга санъаткорона, сўзга заргарона, ҳушёр муносабатни талаб қилади. Яъни шеър ақл жунуни эмас, жунун ақлидир. Шоирнинг жиннидан фарқи ҳам, «ақл йўлидаги девоналик»(Ҳижозий) ҳам, эҳтимол, шудир…
Шу ўринда, бир миллатнинг икки вакили бир-бирининг тилини тушуниши амри маҳол муҳитда таржима ҳақида гапириш эриш туюлса-да, мутаржимлик хусусидаги айрим фикрларимни тақдим этишни лозим топдим. Йўл-йўлакай кузатишлар жараёнида республикамиз миқёсида айрим таржимонлар томонидан тожик шоирларининг ўзбек тилига ўгирилган ва нашр этилаётган таржималари чиройли қилиб айтганда, расво. Ўлганнинг устига тепган, деганларидек, айрим таржимонлар фаолиятида асл нусхадаги тушунмаган ёки тушунишга нафаси етмаган мисра ё байтларни, мендан кетгунча қабилида, тушириб қолдириш ҳоллари учрамоқда… Бир асарни юзлаб киши таржима қилиши мумкин. Фақат таржимон таъмагир бўлмаса, бу эзгу юмушлар яхши натижа беради. Акс ҳолда, бу жиноят, халқни алдаш, ошкора қотилликдир. Ғоят нозик ва оғир юмушни зиммасига олган таржимон, энг аввал, ўз тилини яхши билиши шарт. Ҳали ҳассос, ўлса ўлиги мену сиздан ортиқ таржимонлар етишиб чиқишига ишонганим, бўлажак таржимонлар биз йўл қўйган хатоларни такрорламаслигига умид қилганим учун бу гапларни айтаяпман.
Деярли, барча ижодкорлар битикларини ўз фарзанди деб билади. Бу, балки, тўғридир. Аммо айримларнинг бу гапни тамшаниб, ҳуда-беҳудага бот-бот такрорлашдан чарчамаслиги, ўша «ардоқли фарзанди»нинг хулқсизлигини ҳар нечук ўринли дашномлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қилган ҳолда умрини ўтказиб юбориши ачинарлидир. Ота-онадан тўрт мучаси соғ туғилган «фарзанд»лар ўз йўлига. Бироқ Нодирпур айтгандай, шеър тақдири - шафқатсиз. Ота-она мажруҳ туғилган ёхуд ноқис тийнатли, ёрдамга муҳтож «фарзанд»ини қанчалик ҳимоя қилмасин, уни тақдир ҳамласидан асраб қололмайди. Шеър шоирнинг фарзанди бўлса, шоир ўз шеърини истаганча суйиш, эъзозлаш, жуда нари борса, «мафтун» бўлиш ҳуқуқига эга, аммо фарзанд тақдирини ота-она белгилаб беролмаганидек, шоир ҳам ўз шеърининг тақдирини ҳеч қачон ўзгартиролмайди!
Шоирга ўлимидан кейин чинакам ҳаёт бахш этадиган туйғу, авлиёлар таъбири билан айтганда, ўлим даҳшатидан эмас, «ўлимидан кейин бошига ёғиладиган фалокатлар»дан бехабар қолиш қўрқувидир. Бу қўрқув ўлгандан кейин ўлмаслик мақсадида «ўлмасдан бурун ўлиш»га даъват бўлса, ажаб эмас. Ушбу даъватга бўйсунган шоирнинг жони баданидан, шунчаки, чиқиб кетмайди, балки гиёҳдай ўзидан ўсиб чиқади…
Мен хусусийлаштирилган минбарларда гапиришнинг имкони бўлмаган шеъру шоир ҳақидаги айрим баҳсталаб фикрларимни ўртага ташладим, холос. Зеро, ҳар қандай шеър, чумчуқдан қўрқмай, ерга умид билан сепилган тариққа ўхшайди. Уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш қўлимдан келмаса-да, сепган донларим бирор юрак еридан униб чиқмаса айбимга иқрор бўлишга, пучлиги ошкор бўлган уруғларни такрору такрор мажбурлаб ерга қадамасликка, атрофимга «гўяндалар»ни йиғиб, чиққан жондан умид, ўлган шеър бошида обидийда қилмай, Саъдийнинг ушбу ҳикматини қадру имконим даражасида англашга, ҳозирча, фаросатим, қурбим етади:
Мушк он аст, ки худ бибўяд,
На он, ки аттор бигўяд.
Таржимаси:
Мушкдир ул, ўзи таратгач хуш атр,
Мақтагай аттор агар, беҳудадир.
Одил ИКРОМ, шоир.
Қўлида ҳунари бор кишини мевали дарахтга ўхшатиш мумкин. Дарахт ўзининг мўл-кўл ҳосили, ҳузурбахш сояси-ла одамларни баҳраманд этганидек, ҳунарманд ҳам ўз ижод маҳсули билан элу юртга манфаат келтиради. Шу боисдан ҳам, ҳунармандлар барча давру замонларда эъзозда бўлганлар, халқ ҳурматини қозонганлар. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик ривожига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор қаратилаётган бугунги кунда ўзининг самарали меҳнати ҳамда
Муфассал...
Давлат ҳокимияти Кўлоб шаҳри ижроия органи маъмурий биноси мажлислар залида мамлакат Бош вазири Қоҳир Расулзода иштирокида Кўлоб шаҳри ва қишлоқларининг Тожикистон Республикаси давлат истиқлолияти 30 йиллигига тайёргарлик масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда вилоят раиси Давлатшоҳ Гулмаҳмадзода ва тегишли вазирлик, идора, ташкилот ва муассасалардан масъул шахслар иштирок этишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015