Ҳар қандай тузумда адабиёт ижтимоий ҳодиса – жамиятнинг маънавий асоси сифатида эътироф этиб келинган.
Ижодкор – ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни ўз асарларида реал ва бадиий тарзда инъикос эттира олсагина, у ҳақиқий ижодкор ва унинг асарлари, ҳақиқий ижод маҳсули ҳисобланади. Аксинча, бадиийликдан йироқ «битиклар» қуруқ чўпчакдан бошқа нарсага ярамайди.
Бу мезон ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам ва бундан кейин ҳам бадиий ижоднинг ўчмас ва темир қонуни бўлиб қолаверади. Бу изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бу принципларни бошқалар билмаса ҳам, ижод аҳли яхши билиши ва тушуниши керак. Орамизда ўзи шоирлик даъвосида юрган, адабиёт аталмиш чексиз уммоннинг, лоақал, қудратли тўлқинлари синовидан ўтмаганлар бундай темирдек тартиб-интизом ва қонуният борлигини билишмаса ҳам керак. Билишганида эди, бадиий адабиёт бугунги каби ночор аҳволга тушиб қолмаган бўларди, балки?
Яқинда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг қарорига биноан, ушбу уюшмага аъзо бўлган йигирма олти кишининг аъзолиги «тасодифий ижодкор» тамғаси остида бекор қилинди. «Хўш, бунинг сабаблари нимада?» - деган савол, нафақат бизни, балки ўқувчиларимизни ҳам қизиқтириши табиийдир.
Сўнгги, хусусан, охирги ўн йиллар мобайнида ёзувчилар уюшмасида тасодифий «аъзолар»нинг кўпайганлиги сир эмас, аслида. Том маънода Ёзувчилар иттифоқининг бу ҳаракатини олқишламоқ керак.
Бироқ бу жараённинг адолат тарозисида ўлчанмоғи, ҳақиқатнинг қарор топишида асосий ролни ўйнайди.
Ёзувчилар иттифоқига аъзо қилиш ё қилмаслик бизнинг салоҳиятимизга кирмайди. Шундай экан, мен масаланинг бошқа томонига фикрингизни қаратишни истардим.
Адабиёт атомдан кучли. Лекин унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак, деганида Абдулла Қаҳҳор юз фоиз ҳақ эканлиги айни замонда ҳам ўз исботини топиб турибди.
Тириклик олами мажуд экан, адабиётнинг яшашига шубҳа йўқ.
Демак, адабиётнинг умрбоқийлигини ўлмас ғояли, бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар таъминлаши керак.
Айни пайтда шундай асарлар яратилаяптими?
Афсуски, жуда кам.
Билъакс, истеъдод ёки қобилият ўрнини бесаводлик, лўттивозлик эгаллаб олди. Адабиётнинг покиза майдони чайқов бозорига айлантирилди, гўё.
Ёзувчилар иттифоқидек муқаддас даргоҳ тўғрисида ҳар хил нолойиқ гаплар айтила бошланди. Ҳақиқатдан ҳам, бу гапларда жон бор эди. Янги аъзо бўлган талантсиз кишилар ўзларининг қандай ва нима эвазига аъзо бўлганликларини омма олдида бемалол дастурхон қила бошлашди. Ҳатто, бундан ғурурланиб юришипти. Ёзганлари сариқ чақага арзимаса-да, уларнинг ғоз юришларини кўриб, сурбетлик бўлса шунчалик бўлар, деб қўяман ўзимга-ўзим. Бундайлар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлади...
Барибир ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқаркан. Бундайин «хурмача» қилиқли «ижодкор»лар бу улуғ даргоҳ нуфузига путур етказа бошлашди. Бунинг учун ким айбдор?.. Бундай қўл учида бажарилган ишлардан хабаримиз бўлса-да, ўзимизни кўрмаганлик ва эшитмаганликка оламиз…
Талабалик йилларимизда «Адабиётшуносликка кириш» фанидан дарс бергувчи домламиз: -«Уч нарсага ҳийла кетмайди бу – дўстлик, деҳқончилик ва илм олиш»,- дерди. Адабиётнинг серқирра ҳамда заҳматли кўчасидан ўтмаганларнинг бир думалаб «шоир» бўлиб олишини кўрганимда, домламизнинг сўзлари эсимга тушади.
Афсуски, устознинг бу ўгитларини қулоғига «сирға» қилиб олмаган баъзи бир «шогирдлари» нафси амморага берилиб кетганлиги-ю «кўр кўрни қоронғида танийди»,- деганларидек бироз маблағ ишлаб олиш илинжида ўзига ўхшаганлардан пул йиғиштириб, алманахлар чоп қилишлари кишининг энсасини қотиради. Уларга чоп қилиниб, тарқатилган, аниқроғи, пулланган китобларнинг бадиий савияси жиҳатдан жуда пастлиги тўғрисида гапирилса, бундай «шоввозлар» ўзларини «миллатпарвар» қилиб кўрсатишади.
Виждонини сариқ чақаларга алмаштирганларни миллат кечирармикин?!
-Ёзувчилар иттифоқи мутасаддилари савоб ишга қўл уришибди,- дейди турсунзодалик олий тоифали ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси Сулаймон Сафаров ва сўзини давом эттириб: -Охирги пайтларда ўзбек тилида чоп этилаётган шеърий ёки насрий китобларни кузатар эканман, шеър ё ҳикояларнинг савияси жуда ҳам паст эканлиги кўзга ташланади. Мазкур китоблар муҳаррири ким экан десангиз, ўзимиз таниган ва ўзининг савияси ҳам ҳаминқадар бўлган Фалоний. Унинг бадиий китобга муҳаррир бўлишдек маъсулиятли ишга тап тортмасдан қўл урганига ҳайрон қолганман. Биз келажак авлод олдида жавобгар эканлигимизни эсдан чиқармасак бас…
Дарҳақиқат, редакциямизга келаётган эътирозлар кишини ўйлантириб қўяди. Бир-иккита китоби чиққан муҳтарам «шоирлар»нинг оддий хабарни ҳам эплаб ёзолмасликлари кишини жиддий ўйлашга мажбур қилади. Кейинги пайтларда кўзга ташланаётган ачинарли яна бир ҳолат бошқа бир ижодкорнинг шеър ёки насрий асарини ўғирлаш - плагиатлик қилиш одат тусига кириб бораётир. Ўзини ижодкор ҳисоблаган киши, наҳотки, маънавий ўғри эканлигини тушунмаса. Ўғирлик - энг оғир жиноят. Унинг жазоси эса, аянчлидир.
Бадиий адабиёт ҳақида ўзларининг қимматли фикрларини билдиришлари керак бўлган танқидчиларимиз нега жим?
Дарвоқе, бизда танқидчилик мавжудми, шахсий адоватларни бир четга суриб қўйиб, холис адабиёт учун хизмат қила оладиган фидойи топилармикин?
Агар шундай бўлсагина, бизнинг истеъдодли ва иқтидорли ижодкорларимиз орасидан ҳам нафақат, Ёзувчилар уюшмасига, балки инсонлар қалби уюшмасига муносиб асарлар битажак ижодкорлар етишиб чиқиши аниқ.
Устоз Мирзо Турсунзода ўз замонида ҳали бирорта ҳам китоби чиқмаган бетакрор шоир Лойиқ Шералини биргина «Она» номли шеъри учун иттифоққа аъзо қилиб олган экан. Ўзига бино қўйиб, савлат тўкиб юрувчи, қўша-қўша китоблари чиқса ҳам, уюшмага аъзо бўлолмай эътироз билдирганларга қарата:- Лойиққа ўхшаб, ақаллан, биттагина шеър ёзиб кел, ҳозирнинг ўзида аъзоликка қабулсан,- деганини устоз Ўлмас Жамолдан бир неча бор эшитганман. Шоир ва шеърга нисбатан ҳақиқий баҳо эмасми бу?
Айни пайтда, Ёзувчилар иттифоқида (таъбир жоиз бўлса) «тозалаш» жараёнининг бориши тўғрисида қозилик қилмоқчи эмасман. Чунки бу бизнинг ишимиз ҳам эмас... Аъзолиги бекор қилинганларнинг кўпчилигини танимайман, уларнинг ижод намуналарини ўқиганим ҳам эсимда йўқ. Булар орасидан таниганим ва асарларини ўқиганим суғдлик ҳажвчи шоир ва ёзувчи Эгамназар Соҳибназаровнинг борлиги мени бироз ажаблантирди. Чунки Соҳибназаровнинг содда, халқона услубда ёзилган шеър ва ҳажвиялари кенг китобхонлар томонидан эътироф этилганлигини унутмаслик лозим.
Менимча, ўзбек тилида ёзувчи ва уюшмага аъзо бўлган ижодкорларнинг асарлари кимлар томонидан таҳлил қилинаётганлиги маълум қилинса, яхши бўларди. Хуллас, улар ижодига одилона баҳо берилаяптими? Ана шу ҳолатнинг ўзи нуфузли комиссия томонидан таҳлил қилинса, янада адолатлироқ кечарди.
Эркин ШУКУР,
«Халқ овози».
- Пойтахтимиз марказида ўрнатилган Янги йил арчаси, ҳақиқатдан ҳам, ҳашаматли ва гўзал бўлибди, - дейди Рўдакий ноҳияси, Фалакон қишлоғида яшовчи Даврон Ҳасанов. - Бундан ташқари, Душанбенинг тўртта ноҳиясида ҳам Янги йил арчалари безатилаётганлиги кўнгилларга қувонч улашади.
Дарҳақиқат, Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалининг топшириғи билан пойтахт маркази - "Дўстий" майдонида ҳашаматли ва гўзал Янги йил арчаси
Муфассал...
Бойчечак қаддини кўтарар ердан,
Баҳорнинг нафаси сочилди ҳар ён.
Заминда жаннатий ҳаёт яратиб,
Кўкламнинг қадами етди биз томон.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015