Ҳам бомдод намозидан аввал, ҳам хуфтон намозидан аввал, ҳам пешину ҳам аср - бутун туну кун бўйи Панж дарёсининг ул томону бул томонидан қачонлардан буён орзиқиб-орзиқиб кутилган хушхабар мисол бир жарангли садо келди.
Садо шамолу самовий мушак ҳаракатидан-да, тезроқ кишилар қулоғига етиб борди, ухлаганни уйғотди, бедорни ҳушёр этди,
гўдакни йўлга солиб, кексага куч бағишлади, қувончли кўзлардан шодлик сели қуйилди.
Шубҳасиз, қўрқоқ, ҳадикка тўлган нигоҳлар "Ғариблар мозори" томон чопишди; на боши ва на кети бўлган мозор томон, раҳмсиз ўлим аждаҳоси қари-ю ёшлар, гўдаклару аёлларнинг жонини ўйнаб-ўйнаб ўз домига тортиб, ҳали ҳам қорин халтаси тўлмай, ҳали-ҳануз очкўз ва кескир тиғи ўнгу сўлга масту махмурлик билан бўйнини чўзиб борарди, гўё, чиннинг серодам, гавжум бозорига тушиб қолгандай ҳар томонга қўл чўзар ва чангалига енгилу осонлик билан бирор "товуқ оёғи" илинарди.
Ҳа, оту майдон топган ўлим хусумат-ла муғулона от сурар ва катта-ю кичикка асло парво қилмасди! Қочоқлар бошпанасининг баланд осмонига ҳаёт эмас ўлим байроқ тикканди: на ватанга қайтиш умиди, на туғилиб-ўсган макон қабристонига тупроққа қўйилиш умиди, на қишлоқнинг иту мушукларию дарахту суву заминини сўнгги бор кўриш умиди, на мумтоз устанинг болта-ю гурзиси, кетмону тешаси умиди, на фалони-ю фалонийнинг салому паёми умиди ва на ўйин-кулгию ва ҳеч бир умид қатраси қолмаганди, балки умид ўлимдан олдин ўлгану одамлар ажалдан бурун жон бергандилар! Тўғрисини айтдим, қўйдим. Афсус, юз афсуски, беватан бўлдик, ғариб бўлдик, бекафан бўлдик!.. Худди хазон баргидай хона нақши тўкилди, нома сўзи тўкилди, жома зеби тўкилди... кимнинг чангалидан? Ким айтади, қайси бир бефаросат, гўлу ҳаром чангалидан? Дор тагига олиб борсангиз ҳам ана шу осий ватанфурушу олий мансабпарастлар чангалидан дейман! Энди билмайман, болаларим қаерда, невараларим қаерда, билмайман... юз афсус, юз афсус! Дарёни кечиб ўтиб, Афғонистон тупроғида қочоқлар чодирини барпо қилишгач, Кампирнинг ноласи юракларни пора-пора қилди ва Кампир тавалло-ла, илтижо-ла дуога қўл очди: "Парвардигоро, бу ернинг тунлари нақадар узун, агар уйқу берсанг, ҳушёр уйқу бер!"
Ўша қиш тонгида қуёш худди фарзандлари-ю аҳли байтидан жудо бўлган отадай тунд нигоҳ-ла қайтадан хонасига бош суқди, хира, синиқ-синиқ нурларини сувга тўкди, тўлқинларда лопиллади ва фонус мисол дарё қалбини ёритди. Оёқяланг, бошяланг қочоқларга бепарво бўлмаган ўн саккиз минг олам Худоси ўша совуқ фаслда ўз хандаларини заминга сочмади; қор ёғмади, на ўша кун ва бошқа кунлар. Негаки, қаноти қайрилган, кўнгли чўккан нотавонлар ўша чодирда шунчалар ошиб-тошиб кетган ва ҳеч кимнинг ҳатто, кулишга мадори қолмаганди. Халқ ибораси билан айтганда, иш йиғидан ўтган эди, кулмоқ керак эди, аммо кулишга куч қани, қувват қани?!
Ҳамма баралла эшитсин деб, қайси бир қўли гул уста томонидан баланд ёғочга ўрнатилган қора рангли, янги тамғадаги хитойча узун ягона радиодан қалбларга таскин, роҳат бағишловчи садо таралди...
Садо куну тун мурда мисол ғаму дард гирдобига ўралиб ётганларни бирданига худди электр токига урилган нам қўлдек титратиб юборди ва сўлғин юзлардан ғаму умидсизлик гарди чекинди.
Кўзлар бирин-кетин очилди, аммо Манқа (димоғида гапирадиган киши)нинг қора юраги пардаси шубҳа, гумон тирноғи-ла тимдаланди.
Садо муҳожирларнинг паришон хаёли чодирини шунчалар силкитдики, уларнинг ялтироқ ёш томчилари худди дераза ойналари юзидаги қатралар мисол сирғалиб туша бошлади.
Тожикона таниш, жон бағишловчи ва шоирона овоз одамларнинг хаста-ю абгор руҳу жонларини чертиб ўтди. Улар уйқудан, умидсизлик уйқусидан бедор бўлишди.
Садо жозибаси икки томондаги отишмаларни бир онда босиб кетди; на улар дарёнинг нариги соҳилидан отишди-ю на булар бу тарафдан.
Ишонч, умид билан йўғрилган садо бир зумда ҳамма ёқни қамраб олди-ю ҳаво қушлари парвозидай эркину енгил қанот қоқди, дарё-ю осмонўпар чўққиларни ошиб ўтди, Афғонистону Эрон, Туркия-ю Покистон... самосига чирмашди.
Садо хомуш бўлмади, балки оғиздан-оғизга кўчди...
Садо ширин эди: "Мен Тожикистонга тинчлик олиб келаман!"
Садо ёқимли шаббода мисол водийлару тепаликлар сари йўл топди. Панж дарёсининг зилол суви тўлқинлари билан қоришди, қуёшнинг тилларанг нурлари билан чатишиб, чирмашиб, дашту саҳро узра ёйилиб яна юксакроқ қанот қоқа бошлади.
Ўша дамларда дарёнинг икки соҳили четларида саҳардан шомгача бир-бири устига ўқ ёмғири ёғдиришаётган икки томон - бир Ватан фарзандлари-ҳукумат аскарлари ва мухолифлар бу азиз садони эшитишгач, қуролларини ерга қўйиб, бутун вужудларини қулоқ қилдилар.
Ажиб бир жозиба касб этган бу садо дарду ғам, қайғу-ла қонга тўлган қалблардан ва қўрқув-талвасага тушган қиёфалардан зудлик билан жой олди.
Оҳ, қанчалар самимий ва ишончу эътиқод-ла қанот қоқарди бу садо. "Қонни қон билан эмас, сув билан ювадилар!"
Этакларидан қон ҳиди, тўпу порох ҳиди келаётган водийлар, қамишзорлар, музликлар, анҳору чашмазорлар ва қиру адирликлар бу садодан нафас олишди ва қондош биродарларининг кирдикорларидан юзлари хиралашди.
Бу садо хаймалар ичида боболарининг хира чироқлари шуъласи остида Ватанга қайтишни орзу қилиб, кўзлари тўрт бўлган ёшу қари, аёллар, қизлар қалбида қуёшнинг чароғон нури ва худди дунё фонусидай манзил топди.
Бу садо худди порлоқ шуъла мисол икки истеҳком ортида турган ҳамзабон аскарларнинг хаста-ю ўйчан кўзлари тубида очиқ-ойдин назарга ташланди.
Бу садо отанинг фарзанд бошига туширган тарсакиси мисол пистирмада очу ташна ва кўрпа-ю болишсиз бир зум мизғиб, яна кўз очиб жонини Ватан чегараси ва халқ учун қалқон қилган аскар бошига тушди ва уларни бедору ҳушёр қилди.
Бу садо азиз Ватан тупроғининг дилу жигаридан бодомлар, атиргуллар, пистазорлар, саҳро-ю гуллар, зилол чашмазорлару ям-яшил боғларнинг хумор, маст этувчи бўйини олиб келди.
Бу садони узоқ вақт мактабу ўқишдан четда қолган ёшлар, балоғатга етмаганлар эшитдилар.
Бу садони Қаландар чол ҳам эшитди ва ҳеч кутилмаганда мухолифлар қўмондони хорижий машинада рўпарасига келиб тўхтаганда, кўкка чирмашган чанг-тўзон ён атрофга ёйилгач, ўрнидан жасурона турди-ю қўлидаги таёғини қилич мисол боши узра кўтариб ғулғуладор наъра тортди: "Энди урушдан кейин кўтарилган муштингни ўз бошингга тушир, мужоҳид! Давру давронинг ўтди, бепадар!.."
Қўмондон фалак Қаландар бобога оқ сочни текин бермаганини билмади ва бетамизлигу бехудлик билан мўйсафиднинг серажин пешонасига милтиқ тўғрилади.
Аммо қачонлардир ўлиши керак бўлганлар ҳануз тирик эдилар. Қочоқлар чодири посбони ва алоҳида чодир соҳиби мужоҳид комендант бу кимсалар жиргасига "битилган" эди. Лекин қочоқлар "Посбон"нинг маъносини тушунишмади, "Комендант"ни тушунишди. Аммо уни на Посбон деб чақиришарди-ю ва на Комендант деб аташарди, димоғи-ю лаҳжада гапиргани учун "Манқа" деб мурожаат қилишарди. Тоғни ер кўтариб туришидан огоҳ бўлмаган қаҳри қаттиқ "Манқа" буни эшитиб янада қорайиб кетар, шунчалар ғазабланар ва на ерни кўрарди-ю на самони, назарида ҳаммани таг-томири билан ер билан яксон, ағдар-тўнтар қилмоқ истарди.
Манқа ориққина, баланд бўйли йигит эди, аммо ёши ўтган ва қари кўринарди, эгнида ғарибона ифлос, ғижимланган, жосусий тугмали кийим ва суву қумга тўлган калта қўнжли этиги оёғига оғирлик қилса керак ҳамиша уларни қоқиб-қоқиб қўярди. Ҳаром ўлиш қўрқуви уни янада ориғу абгорроқ қилиб, юзининг ҳар жой-ҳар жойида қора доғлар пайдо бўлганди. Ўсиб ётган соқоли-ю ўзаро чатишиб кетган қошлари ва дағал нигоҳи афтини тумандан-да, тийрароқ қилиб кўрсатарди. Шунга қарамасдан, уйқусизлигу абгорликдан шишиб кетган кўзларини тинимсиз ўйнатиб, бошини чаён мисол тепага кўтариб калта автомат тасмасини қўлтиғидан ўтказиб кўкрагига босганича ўзига хос лаҳжада:
- Ҳо, қочоқлар, лагер атрофига чизилган қизил чизиқдан чиқмангки, бўйнингизга арқон солиб итдай судрайман. Қаримисан, қартангмисан, фарқи йўқ, гумбуллатиб отаман!- дея чинқириб гўё малах оёғидан гўшт умидвор бўлгандай муҳожирларга заҳрини сочарди, қўрқитарди. У ини жўжага тўла бўлган пайтлар хазон барглари остидан аста-аста билинтирмай судралиб юрувчи дарду андуҳ бегона бўлган заҳарли сариқ илонга ўхшарди. Ташқи қилиғи ичи қоралигидан сўйлар, аммо қалби тубида ҳеч ким билмаган сарбаста сир пинҳон эди. Унинг айтилмаган сўзу фикрларидан феъл-атворида ёлғиз ейишлигу, танҳо ўлишлик кўпроқ жой олганди. Кампирнинг ақидасича Манқа қутурган ит мисол йўлини йўқотган, мозор ходаси, бегона боғ меваси эди. Бу дам лаблари қуриган анжирни эслатувчи Кампирнинг елкаларига ғам-ҳасрат тоғи ўтирган бўлиб қомати букилганди. Агар бундайини мақталган фил кўтарса, умуртқа поғонаси етмиш жойидан қарс-қурс синарди. Аммо: "Қайтинглар! Мен сизларга тилло тоғи ваъда қилмайман, лекин бир бурда нонимизни бирга баҳам кўрамиз!"- деган садо Кампирнинг юрак-бағрини шунчалар куйдирдики, ғамгин, мунгли кўзларида тезлик билан ёш пайдо бўлмади. Анжир лаблари пирпиради ва ширин-тотли шодликдан қалб музлиги шу лаҳзада сув бўлди-қолди. У ҳатто, нафасининг титраётганини ҳам ҳис этди.
Садо завқу шавқ-ла Кампирнинг қалб даричасини очиб юборди, куч-қувват бағишлади. Кўп бола-чақали хайма ичида ўрнидан турди. Нурли нигоҳлари тўрт томонда ва эътиқод-ла дарё томон юрди. Эҳтимол оёқлари ҳар томонга чопишдан чарчаган бўлса керак, кутилмаганда хитоб-ла нидо қилди. "Эҳ, чиройли овозингга жонгинам садқа, кампирнинг ўғли! Эҳ, оёқларинг остига ўлай, тожик фарзанди! Худо сени бизга қаердан етказди?!
Ғарибу эгасиз қолган жонимизга нажот бер, жигарбандим! Ғариблик тупроғида қолишимизга йўл қўйма, болагинам. Жонимизни қутқар, ота ўғли!
Яна бир бор қишлоғимизни кўрсам, фарзандларимни кўрсам, невараларимни кўрсам, ям-яшил экинзорларимни кўрсам, дунёдан армонсиз ўтаман, болагинам! Илоҳо, уйинг устуни тиллодан бўлсин, шерйигит!
Фарзандларинг бахтини кўргин-ей қондош, жондошим! "Тўғри, қўл қонини сув билан ювишади, қон билан эмас!.."
Садо гўё кампирга таъсир қилган эди, нурли кўзлари-ла нима қилишни, нима дейишни билмай қолди, тупроқни ўпди ва гўё оёғи тупроқда эди-ю қўли букри фалак этагида. Ушбу садо соҳиби жонини ўзинг асра, дея Аллоҳга илтижо қиларди.
Садо Кампирни шўру шовқин-ла ташқари судради. Хаймадан чиқди.
Ўша янгича умидлар тўлган ва сўнгги эшитганларидан ҳарорат-ла сўзлаётганлар овози қулоғига эшитилди. Бири сўзларди, бири тасдиқларди, учинчиси оширарди, тўртинчиси чайналарди... аксарият бутун жисмини қулоқ қилиб шуларни сабру тоқат-ла эшитишарди...
Бу ғулғуладор, самимий ва таъсирбахш садо эди ва ҳатто, мужоҳид Шариф унга қулоқ солиб қаттиқ хато қилганини ҳис этиб, ақлсизлар сафидан бедарак қочди; бу сеҳрли садога оғир қуролдан елкаси яра бўлиб, қовурғалари худди қуруқ писта ёғочидек оловда куяётган бахти қаро Набот ҳам бироз қулоқ тутди ва сабру тоқати лиммо-лим бўлиб, уни бир томонга улоқтирди-ю, шошганича ўзини дарёга отди; бу садони ҳозир икки кўзидан ўқ еб юз-кўзлари қонга беланган қомати бирданига синган мужоҳид Гулмурод эшитди ва Қўмондоннинг "Кўзларингга нима бўлди ?" - дея берган саволига: "Муҳими менинг кўзларим эмас, муҳими шундаки, мен умидбахш садони эшитдим",- дея жавоб қилди. Ғазабланган, имону виждонсиз Қўмондон бошқаларнинг кўзини оловини чиқармоқ бўлиб, уни турган жойида ўққа учирди; бу садони қўлу оёқларидан маҳрум бўлиб ўз ўлимларини аниқ ва яққол ҳис этсалар-да, бир илож қилиб майса-ю тупроқ, қумзор узра судралиб юрган ярадорлар ҳам тотишди; бу садони кўкрак чўнтагида онасининг суратини сақлаб юрган ва жароҳат олгач, сўнгги бор у билан хайрлашаётган мужоҳид Аброр ҳам эшитди ва расмга нигоҳ ташлаб: "Онажон, йўлдан адашдим, илтимос, берган сутингга рози бўл!"- дея жон таслим қилди.
Бу орада жуда-жуда бисёр дардли, ғам-ғуссали нидолар осмон узра мавжланар ва бошқа ўю хаёллар билан овора бўлганлар Кампирнинг йўлга тушганини, қай томонга бораётганини пайқашмади. Фақатгина хода-ю бадбашара Манқанинг нигоҳи уни сезди-ю, холос...
Кампир дарёнинг баланд соҳилига тобора яқинлашиб борар, аммо унинг назарига йўл чексиздай, бепоёндай кўринарди. Йўл Ватан йўли мисол кафтдай теп-текис эмасди, ахир! Бу катта, кенг йўл эмас, балки уруш даҳшатларига чулғанган Афғонистоннинг чангу ғуборли, тошу тупроқли сўқмоғи эди. Ҳозир у жонсиз, мадорсиз оёқларига гўё оғир тош боғлангандай зўрға қадам ташларди. Юриши тобора оғирлашиб борарди. Кампир шу дамда бошини оёқ қилишга ҳам тайёр эди. Ҳолсизликдан ҳоли қолмаганди. Аммо бир илож қилиб ўзини дарё четига олди. Дарёнинг муздек шамоли юзларига урилди, қалби тоза ҳавога тўлди. Ватан бўйини тўйиб ҳидлади, худди ёшлик йиллари каби ўзини дарёнинг жўшқин сувига ташлаб нариги соҳилга сузиб кетишига оз қолганди. Бу дам умрининг ўтган баҳорини - кун чиқишдан то кун ботгунча, қулоқларига иккита жийда гули таққан, қайрилма қошларига ўсма тортган онларини эслади.
Аммо қайтмас умр калавасини чуватишга фурсат қани?!
Манқа нигоҳини Кампирдан узмас, фақат уни "овларди", оҳистагина, билдирмай орқасидан борарди. У Кампирнинг ўю хаёлидан бехабар эмасди, кутилмаганда миясига бир фикр келди:
"Бу ажина кампирнинг бир балоси бор, албатта, бошимга бирор кулфат ёғдиради!"
- Ўша заҳотиёқ тупроққа қоришган ярим қўнжли этигини қалдиратиб туяқуш мисол орқасидан чопди-ю буйруқ оҳангида қичқирди:
-Ҳой кампир, оғзингдаги сувингни оғзингда заҳар қиламан! Орқага қайт, дарё лабига борма!.. Ватанингни қайта эслама, ақлини еган! Битта ифлос бузоқ бутун подани булғатади-е! Нима, бу лаънати тушунмайдими-а?...
Манқанинг заҳарли, ўткир тили кампирнинг юрагини тимдалади.
У орқасига ўгирилди, чодир соқчиси томон тикилди, "сен"лаб оғиз очди;
-Болам ке, қўй, мен кетай. Ҳозир жигарбандларим у тарафдалар, Ватаним у тарафда, мен бу ерда бошимни йўқотмаганман. Йўлимни тўсма болам, садағанг кетай, қўй, кетайин. Ахир, сен мен учун қариндош бўласан-ку! Агар илдизингни яхшироқ ковласак, бизнинг шажарамиз дарахтининг бирор шохи, баргисан, болам шундай экан, мен билан юр, онанг, синглинг, уканг, отанг кутишяпти. Бу бегона тупроқда нима излайсан, болам? Сарваримиз овозини эшитмадингми? Аждодлар тупроғига, Ватанларингга келинглар, бир бурда нонни бирга еймиз, деяпти. Вайроналарни бирга обод қилайлик деяпти. Нега мен қариянинг йўлини тўсасан? Агар сени тожик онаси туққан бўлса, қўй, мен кетай, ўз Ватанимда, авлодларим олдида тупроқ бўлай, ахир!.. Манқа пўписа-ла ариллади:
-Ҳеч кимнинг лагер чизиғидан ташқарига чиқишга ҳаққи йўқ!- дея юз марта айтдим. Ҳазилни бир томонга қўй, агар қўмондон кўрса, гўримни тиззагача қазиб, тириклайин гўрга тиқади. Қа-айт! Қулоқларинг тош битганми ё афғон пахса деворими, ўзингни карликка оласан, жодугар кампир? Жойингда қўрғошин бўл, тезда орқага қайт! Бўлмаса, қари-пари демайман, бошингга ўқ очаман. У милтиғини кўкрагига қўйди, қўрқитмоқ бўлиб кампир томонга тўғрилади, магазинини шарақлатиб қичқирди!
-Яна бир қадам қўйсанг, пешонангдан отаман!
Кампирнинг лабларида заҳарли ханда пайдо бўлди, кейин ўзини йиғиштириб олдию тунд шева-ла тилга кирди: -Биламан, тарғил касофат, агар менинг ўрнимда онанг бўлганида сен ҳам уни отардинг. Чунки бошқаларнинг пайтавасисан, на миллату ва на мазҳабинг бор. На забону ва на онанг бор!
Қачонлардир кўру жоҳил бўлгансан, бир эшик ити эмассан, бегонасан, бегона ит. Ахир, дўст билан душманни фарқлай оласанми, сен осий? Йўқ, фарқлай олмайсан! Энди бу дағдаға-ю пўписанг билан мени бунчалар қўрқитма; на сендан қўрқаман, на милтиғингдан! Отмоқчи бўлсанг, ота қол!
Худонинг ўзи жазоингни беради, у дунёга кетмасингдан, шу дунёда ҳисобини баробар қилади. Лекин мен ит каби ўз бўйнингга арқон боғласанг ҳам йўлимдан қайтмайман!
Кампирнинг юраги бўлажак нохушликдан тутади, аммо Манқанинг акиллашини бир дайди ит ҳуришидан ортиқ ҳам деб билмади ва ҳаяжон-ла дарёнинг баланд соҳили томон йўл олди.
Энг бадбашара одам ҳам ўзини ҳеч важдан беиз деб ҳисобламайди. Бешубҳа, Манқанинг қалбига комилан қора тош ва бепарволик осилмаганди. Териси юпқалиги ва бадфеъллигидан ташқари юрагининг қайси бир четида одамийлик ҳисси ҳам, тугмачадек ёруғлик ҳам бор эди. Ва ана шу кичик тугмача миясига бир фикрни муҳожирлар билан қолиш-қолмаслик фикрини ҳам эккан эди. Баъзан ёлғиз қолган кезлари у қутулиш йўлини излар, аммо мужоҳидларнинг тентактабиат қўмондонидан қўрқар, номини эшитиши билан илондек тўлғанар, оғзига талқон солгандай лом-мим демасди. Худо ҳаққи, бир гал қўмондонни гоҳо кундузги ва тунги соқчиларни тайинлаётганида яқиндан кўрган эди, лекин оғзидан худди автомат ўқидек қанчалар дашному ҳақорат ҳар томонга учганини, ҳўлу қуруқни бирданига нақадар ёндиришини, қайсар мужоҳидни қанчалар тепиб-тепкилаганини, фармонига бўйсунмаганини тупроққа қанчалар қориштирганини эшитганди. Аммо бирор банда Қўмондоннинг бу кирдикорларидан Саркардага арз қилишга юраги бетламас ва агар кимдир заҳрини ёрса, тупроқ остига дому дараксиз кетиши аниқ эди. Нима, Саркарданинг қулоғи оғирмиди, эшитмасмиди? Йўқ, қулоғи оғир эмасди, куч-қуввати етмасди, чунки қурол Қўмондоннинг қотган қўлларида эди, Саркарданинг оғзида эса, фақат гапу сўз. Олов қаердаю майса қаерда, қурол қайда-ю, сўз қайда! Ахир, милтиқли тулки шерни мағлуб қилар деганлари баҳс талаб қилмайди-да! Буларнинг барчасини кўзга қари чолдай кўринган хода ёш посбон йигит эшитган ва гоҳ-гоҳ ақл тарозисида тортиб ҳам кўрганди. Ва посбоннинг бутун ҳаёти учун, иштонини ҳўл қилиши учун фақат девсифат Қўмондоннинг салобату пўписасини, унвонини эшитиш кифоя эди. Аммо ҳозир яна юрак-юраги тубида уйғоқ бир махфий фикр -Кампир ортидан ўзини сувга ташлаб дарёдан ўтиш андишаси пайдо бўлди, чунки бу кучу қувват билан ёши ўтган кампирдан яхшироқ суза олишини ҳис этди. Ва у ҳам ватанини қўмсаган, соғинган!..
Ана шундай хаёллар билан банд бўлиб турганида кутилмаганда қўмондоннинг бадбашара афти кўз олдида намоён бўлди, унинг заҳарли, ҳақоратли гаплари қулоқларига қўрғошиндай қуйилди: "Ҳой, хода қоровул!
Билиб қўй, агар бир қочоқ лагер чизиғидан ташқари чиқса, бошқаларга ибрат бўлиши учун сени худди Исо Масиҳ каби чормихга тортаман, терингни шиламан, жигарингни кўкрагингдан суғуриб олиб, хомлигича ейман. Агар мабодо ўзинг хиёнат қилсанг, аҳли авлодингни қуриган ғўзапоя мисол ғарам қилиб устидан керосин қуйиб, олов ёқаман!
Итларники каби иккала шалпанг қулоғинг билан эшит, қочоқлар қоровули вазифаси унча-мунча вазифа эмас, пичоғинг мой устида, насиб қилса сен ҳам кам жанг қилмадинг. Лекин мабодо яна мен билан ҳазиллашиб юрмагин-а?! Ер тагида бўлсанг ҳам ковлаб топаман, унда илдизу шоху баргингдан, оёқларинг тирноғидан то сочларинг толасигача ўт қўяман, ер юзида авлодларинг номини тирик қолдирмайман. Тушундингми, қоровул?!
Даҳшатли садо Манқанинг қулоқларини қоматга келтирди ва у ўрнидан сапчиб турди-да, талваса-ла чор атрофга аланглади.
Унинг бутун вужудини ваҳима чулғаб олди, тиззалари қалтиради, калавасининг учини йўқотди, кўз олди қоронғилашди, нима қиларини, босар-тусарини билмай қолди. Энди худди чаён мисол боши осмонда эмасди, балки болға билан темирни уришгандай топталган эди.
Қўрқув ҳали ҳам хайма қоровулининг баданида илон каби судралар, энди у ҳеч нарсани пайқамасди, ҳатто ақлини ҳам қўлдан берди ва бехудлик билан худди жони душмани - девсифат Қўмондонни отаётгандек юмуқ кўзлари-ла бармоғини автомат тепкисига олиб борди-ю уни босиб юборди...
Ўқ бир зумда Кампирнинг елкасини тешди, юз-кўзлари қонга беланди, рўмоли кўйлаги арғувон тус олди. Аммо унинг ҳатто, "оҳ" дейишга ҳам мадори йўқ эди, фақат бели янада букилгандай бўлди, гандираклади, худди шамол билан ўйнашган семурғ қанотидек айланиб дарё сувига йиқилди. Дарё худди ўз инида ғафлат уйқусига кетган ё узун-узун тили ўтмаслашган тимсоҳ мисол Кампирнинг нозик жуссасини ютиб юбормади, балки тўлқинлари кафтида худди оққуш каби мулойим, соҳилнинг нариги томони сари ҳаракатлантирди. Кампир худди оппоқ булутларнинг иссиқ қучоғида ноз ила ухлаётган ва ўзгаларни ҳам ўз ортидан чорлаётган фаришталар мисол тўлқинларга миниб борарди.
Ватан соҳилидаги ўқчи йигит буларнинг барчасини дурбин билан кузатиб турарди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб сабру тоқати лиммо-лим бўлди ва соҳил бўйлаб, қуму тошлар узра ер бағирлаб олдинга сакради ва шиддат-ла панжа урдию, Кампирнинг қотган қўлларини кафтига олди, ўзи томон тортди, Кампирнинг ҳўл ва совуқ елкалари Ватан тупроғини ўпди. Унинг жисми қорайиб, кўкариб кетган қимирламас, нигоҳлари ёпиқ, лекин ичига ботган кўзлари ва анжир лабларига сув томчилари ва табассум қўнган.
Ўқчи оғир ғам-андуҳ-ла унга тикилди-ю, юраги орқасига тортиб кетди, худди азиз кишисини йўқотгандек ич-ичидан ўртаниб-ўртаниб йиғлади.
Аммо имонли ва жони қаттиқ Кампир акса урди-ю дард-ла ингради,пажмурда бармоқлари қимирлади, аста кўзини очди-ю совуқдан қалтиради, бошини Ватаннинг кўзу қошлари ва мўйлови чиройли зобити тиззасида кўрди. Боботоҳир Урёний таъбирича, сақловчи унинг умри қадаҳини яхшигина асради, қўлдан тушса-да синмади, бўлмаса юзлаб қадаҳлар ерга тушмай ҳам синганди.
Шу пайт қурол Манқанинг қўлидан ерга тушди, у шошилиб қолди, пешонасини совуқ тер босди, оёқ тирноғидан то сочлари толасигача титради.
Бир гал у ўзига келди-ю шошганича орқасига ўгирилди ва нурсиз нигоҳи чодирнинг қизил чизиғидан энди ҳеч қўрқмай ўтиб калтагу тошу кесак ва қўлига кирган бошқа нарсаларни олиб унга томон бостириб келаётган қочоқларга тушди. Палағда бўлган ақлига ғазаб отига минган одамлар худди эчки мисол оёқ-қўлларидан судраганларича паллажойга олиб бориб улоқтиришмасин ва то ўлгунича оёқ ости бўлмайин, деган фикр келди-ю ўзини тез оқар дарёга ташламоқчи бўлди ва Кампирнинг ортидан чопди. Шошганича дарёнинг баланд соҳилига етиб келди, аммо ўлим шиддати юрагига қўрқув ва ваҳима солди, у раъйидан қайтди, худди қутурган ит каби увуллади, фарёд чекди: "Автомат билан ҳаммангни бир бошдан отаман, йўлдан адашганлар!- шундай деди-ю орқасига ўгирилди.
Бу дам Кампирни юмшоқроқ жойга олиб келган ўқчи йигит энди унга тошюрак мухолифнинг қаршилик кўрсата олмаслигини ҳис этиб, соҳилнинг нариги томонида тиззаларини нам тупроқ устига қўйиб нишонга олди-ю бир кўзини очиб, бир кўзини юмиб узоқни урувчи қуроли билан ўт очди. Ўқ Манқанинг бошини орқасидан тешиб ўтди, мияси парча-парча бўлиб ҳар томонга учди. Шиддатли қон илон мисол гардану бўйнига ўралди ва умуртқа поғонасидан думғазасига оқиб тушди. У бир зум худди бут каби қимирламай, қотиб турди ва сўнгра икки оёғи осмондан келиб, орқаси билан шиддатли тўлқин бағрига йиқилди.
Манқа худди ғарқ бўлиб бораётган қайиқ каби тез фурсатда дарёнинг бедор ва оч тимсоҳига ем бўлди.
Одамлар соҳилга етиб келишганда ғорқорин дарё Манқани ўз қаърига тортиб кетган ва ундан ному нишон қолмаганди. Кимдир нафрат билан унинг автоматини ҳам ердан кўтариб олди-ю қийшиқ ва кераксиз ёғоч каби орқасидан улоқтирди.
Оламни яратувчи қочоқлар бошига ўнгу сўлдан "афғон шамоли"ни раво кўрмаган ўша кун ва бошқа кунлар қишнинг мовий осмони узра: «Сўнгги қочоқни Ватанга қайтармагунимча, тинчий олмайман!"- деган азизу меҳрибон садо ҳали ҳам оғиздан-оғизга ўтиб борарди.
Сайдаҳмад ЗАРДОН,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, С. Айний номидаги мукофот лауреати.
Тожик тилидан Омонбой Жуманов таржимаси.
Дунё сиёсат саҳнасида ҳар бир давлат ёки миллат тарихи саҳифаларига оламшумул воқеа сифатида муҳрланиб қоладиган воқеалар юз беради.
Жумладан, жонажон Тожикистонимиз ҳам бундан мустасно эмас.
Мустақилликка эришганимиздан буён, жаннатмакон юртимиз кўплаб халқаро аҳамият касб этган саммитлар, конференциялар ва бошқа сиёсий
Муфассал...
Ўтган аср охирлари суронли йиллар эди. 1985 йили собиқ Иттифоққа М.С.Горбачёвнинг раҳбар этиб тайинланиши иттифоқдош республикалар бўйлаб ошкоралик, демократик элементларнинг ёйилишига олиб келди. Тожикистон ҳам бундан мустасно эмасди, албатта. Ўша пайтдаги ҳар бир сессия, қабул қилинаётган қарорлару кўриб чиқилаётган масалалар узоқ тортишувлар, баҳсу мунозаралардан кейингина, қабул қилинар эди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015