Тожикистон таэквон-до миллий федерациясида республика байроғи нафақат давлат рамзи, балки федерациянинг тумори ҳам ҳисобланади. Чемпионлик қувватини ўзига сингдирган байроқнинг ажойиб тарихи бор. Бу ҳақда Тожикистон таэквон-до федерацияси президенти Мирсаид Яҳёев шундай ҳикоя қилади:
- 1992 йилгача Тожикистонда Шўролар даврининг ўроқ ва болға расми
туширилган байроғи амал қиларди. 1992 йили Пхенянда бўлиб ўтган таэквон-до бўйича биринчи жаҳон чемпионатига айнан Шўролар Тожикистонининг байроғи билан бордик ва чиқиш қилдик. Ўшанда мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритган, бироқ давлат рамзларимиз ҳалигача ўзгармасдан қолганди.
Бу орада ўша йилнинг 24 ноябрида республика Олий Кенгаши қарори билан давлат рамзларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Ўшанда газеталарда мамлакатнинг янги байроғи ва нишонининг мазмуни билан рангли сурати пайдо бўлди.
Ўша даврда мен республика Олимпия комитети Бош котиби сифатида ишлардим. Биз Хиросима шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётгандик. Ҳар бир миллий терма жамоа ўз мамлакати нишони ва байроғини келтириши ташкилотчилар шартларидан бири эди.
Бешта янги ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатларининг чемпионат ташкилий комитети штаби Тошкент шаҳрида жойлашганди. Нишонни топдик, бироқ байроқлар ҳали тайёрланмаган эди. Шунинг учун, байроғимиз сурати чиққан газетани ўзимиз билан олишимизга тўғри келди. Японлар байроғимизни ўзларида тайёрлашга рози бўлишди, бироқ тўрт кундан кейин, уни тасдиқлаш учун бориш керак эди.
Ўша байроқни менга кўрсатганларида, ундаги ранглар газетадаги суратга мувофиқ эмаслиги кўриниб турарди. Энди байроқни мамлакатимизга келтириб кўрсатишим ва Осиё чемпионатида фойдаланиш учун, ақаллан, вақтинчалик розилик олишим керак эди. Икки кундан кейин, мен ва ўша даврда республика спорт комитетига раҳбарлик қилаётган Зебуниссо Рустамовани республика Олий Кенгашига чақиришди. Байроқни бизга қайтарар эканлар, иш сифатли бажарилгани, бироқ байроқнинг ранги аслига унчалик тўғри келмаслигини айтишди.
Бу орада мамлакатга янги байроқларнинг биринчи партияси келиб тушди ва бизга у ердан атиги иккитасини ажратишди. Тошкентга келиб, чемпионат штаби намояндасига янги байроқларимизни топширдик ва унга Японияда тайёрланганини қайтариб бердик. У байроқнинг аниқ кўринишини тайёрлай олмаганликлари учун кечирим сўради ҳамда бизнинг иккита байроғимизни бир четга олиб қўйиб, учинчисини ерга отди. Мен энди чиқишим керак эди, ўша учинчи байроғимиз ерда ётганини кўриб, сўрадим: «Буни нима қиласиз?»
- «Ташлаймиз», - дея жавоб берди. Уни сувенир сифатида ўзим билан олсам бўладими, деб сўрадим. Суҳбатдошим: - Билганингни қил, - деди ва елкасини қисди.
Охир-оқибат ушбу байроқни Душанбега келтирдим ва у федерациямизда турарди. Ўшанда у федерациянинг ўзига хос туморига айланишини ҳеч ким билмасди.
1993 йил бошларида Тошкент шаҳрида Осиё-Тинч океани минтақаси чемпионатида иштирок этиш учун таклифнома олдик. У ерда ҳам икки байроқ олиб келиш талаб қилинарди. Биттаси залда осилиб туриши керак, бошқаси эса, агар жамоа намояндаси фахрий минбардан ўрин эгалласа, унинг шарафига мамлакатининг миллий байроғи кўтарилиши учун керак эди. Ўзимизнинг байроғимизни залда осишлари учун бердик, унисини эса қолдирдик.
Биринчилардан бўлиб мутлақ вазн тоифасидаги спортчилар чиқиш қилишлари керак эди. Тақдир тақозоси билан бу вазн тоифасида тожикистонлик спортчи Рустам Зиёев чемпион бўлди. Шунинг учун, Ўзбекистон спорт қасри мажмуасида Тожикистон мадҳияси биринчи янгради ва шу онда бошқаларидан аввал тайёрланган ўша байроқ кўтарилди. Ўшанда Рустам уни жамоанинг тумори сифатида сақлашни таклиф қилди. Кейинроқ, байроқ тақчиллиги бўлмаган вақтларда ҳам бизга омад келтиришига ишонган ҳолда, уни ўзимиз билан олардик.
Натижада, биринчи ўринни эгаллаган спортчилар уни елкасига ташлашарди. Энди жаҳон биринчилигида Тожикистон шарафини ҳимоя қилган 53 нафар чемпион уни елкасига ташлаган.
Бу байроқ бизга жуда қадрли. Федерациямизнинг намояндалари яна кўплаб марта чемпионлик мақомига эришган ҳолда, уни елкаларида фахр билан кўтариб юришга сазовор бўлишларига ишончимиз комил.
Сайидо НАЗАРОВ,
журналист.
2018 йилнинг 21 январ куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали билан биргаликда пойтахтнинг Наврўзгоҳ боғида кипарис, Лейланд сарв ва секвойя каби ноёб, манзарали ва сояли дарахтлар кўчатини ўтқазиб, кўчатлар ўтқазиш, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бошлаб
Муфассал...
Ёхуд тиббиёт соҳасидаги баъзи нохуш кўринишлар хусусида
Азиз Ватанимиз мустақиллик йилларида ҳар томонлама гуллаб-яшнади. Турли соҳалар ривожу равнақ топди. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Бироқ баъзи соҳаларда ҳанузгача камроқ бўлса-да, негатив ҳолатлар кўзга ташланади. Айниқса, тиббиёт соҳасида бундай камчиликлар кўзга ташланса, бирам хунук кўринарканки…
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015