Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 15 Июл 2016 Кӯришлар: 1714
Печат

 

tajikistanИстиқлолият меваси саналган давлат тараққиёти, жамият такомили, халқ фаровонлигини таъминлаш мақсадини ўзида мужассамлаштирган Президент Паёми мустақилликка хос рамз сифатида қабул қилинди  ва у барча мамлакат аҳли шуурига тараққиёт дастури сифатида сингиб кетди. Шу боис, ҳар йили барча соҳа ходимлари, ҳар бир фуқаро хоҳ Ватанида, хоҳ дунёнинг ўзга минтақасида бўлмасин, уни порлоқ келажакка умид ва ишонч, осойишта ҳамда саодатли ҳаёт кафолатига эга бўлиш туйғусида интиқлик билан кутади.

Шубҳасиз, бу йилги Паём ҳам мазмун-мундаражаси, моҳияти билан давлат ва жамият равнақи учун белгиланган муҳим вазифалар кўлами ва замирида мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида қўйилган собит қадамдир.

Тожикистон Республикаси Президенти, Тинчлик ва миллий бирлик  асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали  Раҳмон   Жаноби олийларининг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган навбатдаги Паёмида мамлакат  ички  ва ташқи сиёсати асосий йўналишлари кўрсатилиб, амалга ошириладиган мақсадлар муддаоси белгилаб берилди.

Маълумки, Тожикистон мустақилликка эришгач, кутилмаган фожиали  сиёсий ва иқтисодий инқирозлар гирдобига тушиб қолди. Бу машъум инқироздан Миллат пешвоси раҳбарлигида оғир машаққатлар эвазига дунё харитасида мустақил давлат – жаннатмакон Тожикистон сақлаб қолинди.

Мамлакат Президенти мустақилликнинг илк дақиқаларидан бошлаб,  давлат қурилишининг мустаҳкам пойдевори – миллий ғоя ва тараққиёт стратегиясига эътибор қаратди, тараққиёт тамойиллари  аниқлаб олинди. Миллий ғоя заминида  истиқлолият, миллий  бирлик, миллий маданият ва маънавият, қадриятлар, ҳуқуқий-демократик давлат равнақи, миллий тараққиёт стратегияси асосий омили ва истиқболи сифатида энергетика мустақиллиги, коммуникацион боши берк кўчадан чиқиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш асосий йўналишлар сифатида танланди.

Эътиборлиси шундаки, Тожикистон мустақил давлат сифатида халқаро  миқёсдаги нуфузи, умумбашарий муаммолар ечимида ўзининг мустақил ёндашуви ва муносабатини зоҳир этмоқда. Миллат пешвоси Паём ибтидосида жаҳондаги ҳозирги вазият, терроризм ва экстремизм кенг  тарқалганлиги, қудратли давлатлар ўртасида дунё  тақсимотида  манфаатлар  зиддияти юзага келганлиги, молиявий-иқтисодий инқирознинг кучайганлиги билан ташвишли ҳолатни юзага келтирганлигини алоҳида қайд этди. Бу билан Давлат раҳбари Тожикистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ер куррасида вужудга келган даҳшатли  оқибатлари билан башариятни ларзага солаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий воқеаларга бефарқ ва лоқайд эмаслигини намоён этди.

Халқ ишончини қозонган мамлакат Президенти ҳамма вақт ўз халқи шодлиги ва қувончи, ташвиши ва қайғусига ҳамнафас, муаммолари ечимига етакчидир, халқнинг фаровон ҳаёти унинг бош эзгу мақсадларидан бири саналади. Миллий тараққиёт стратегиясига мувофиқ ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, тарихда эришилган юқори иқтисодий кўрсаткичлар яшаш даражасининг фаровонлашуви омилидир. Паёмда бу хусусда эришилган муваффақиятлар инъикос этган салмоқли далиллар келтирилди. Жаҳон миқёсидаги молиявий-иқтисодий инқирознинг миллий иқтисодимизга таъсирига қарамасдан, ички маҳсулот ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 48 миллиард сомонийдан ортиб, унинг ўсиш суръати 6 фоизга тенглашди ва миллий валютанинг қурбсизланиш  даражаси 5 фоизни  ташкил  этди. Камтаъминланганлик  даражаси 31 фоизгача пасайиб, ишлаб чиқарилган ички маҳсулот ҳажми  киши бошига 3,8 фоизга ошган, жамғарма пуллар йил давомида 9 миллиард сомоний ёки 3,8 фоизга кўпайган. Фуқароларнинг ўртача ёши 73,5 ёшга етганлиги, оналар ва болалар  ўлимининг камайганлиги яшаш шароити ва тарзининг ўзгарганлигидан дарак беради.

Давлат наздида муҳим ҳалталаб муаммолардан бири аҳолини иш билан таъминлаш ва унинг акс муаммоси – ишсизлик дунё миқёсидаги тараққий  этган давлатларда ҳам ҳалигача бутунлай ўз ечимини топган эмас. Мамлакатда бўлиб ўтган биродаркушлик уруши халқ турмуш тарзига  жиддий таъсир кўрсатганлиги, шу боис юзага келган меҳнат муҳожирати, муҳожирларнинг ҳуқуқий кафолатлари Ҳукумат диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада Паёмда инқирозларга қарши  кўрилган тадбирлар доирасида Ватанга қайтган  меҳнат муҳожирларини иш жойлари билан таъминлаш мақсадида “2016-2017 йиллар учун аҳолини иш билан таъминлашга ёрдамлашиш давлат дастури” қабул қилиниб, 300 мингдан  ортиқ янги иш жойлари ташкил этилиши ва қайта тикланиши зарурлиги таъкидланади.

Миллат пешвоси Паёмда мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини  янада яхшилаш учун шароит яратиш Президент ва Ҳукумат   фаолиятидаги энг олий мақсадларидан бири эканлигини яна бир бор  таъкидлаб ўтди. Барча ижтимоий табақаларнинг молиявий  имкониятларини кўпайтириш ва ҳимоялаш мақсадида жорий йилнинг 1  июлидан бошлаб, ойлик маошларини ошириш навбатдаги босқичи  амалга татбиқ этилади. Жумладан, ҳокимият ва давлат бошқаруви ва  муҳофаза ходимлари ойлик маоши 15, маориф ва соғлиқни сақлаш  соҳаси ходимлари 20, ижтимоий ҳимоя соҳаси вакиллари ойлик   маоши 25, ёш жиҳатидан ва базавий нафақалар 25 фоизга   оширилади. Шунингдек, талабалар ва бошқа турдаги  стипендиялар  30,   кам ойлик маошлари 60 фоизга оширилиб, унинг ҳажми 250 сомонийдан  400 сомонийга етказилади.

Паёмда мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиётининг келгусидаги  истиқбол режаси учун 2030 йилгача бўлган миллий тараққиёт  стратегияси тайёрланганлиги, ҳозирда вазирликлар ва идоралар муҳокамасида экани айтилганлиги мустақил давлат пойдевори янада  мустаҳкамланаётганлиги, порлоқ келажак учун ҳар томонлама муайян  режа асосида замин ҳозирланаётганлигини кўрсатади. Давлат раҳбари   бундан кейин ҳам уч асосий олий даражали мақсад – энергетик мустақилликни  таъминлашда  электр  энергиясидан самарали   фойдаланиш, коммуникацион тангликдан  чиқиб, транзит  давлатга  айланиш  ва  озиқ-овқат  хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига    сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш янги аҳамият касб этиб   қолишлигини алоҳида таъкидлади.

Миллат пешвоси мамлакат тараққиётида саноатлаштириш муҳим омиллардан эканлиги, бу соҳада бир қатор ишлар амалга оширилганлиги ва назарда тутилганлигига эътибор қаратди. Хусусан,  қатор ноҳияларда саноат минтақалари қурилиши жадал   бораётганлиги қувонарли ҳолдир: қарийб 2 миллион тонна нефтни   қайта ишлаш қувватига эга бўлган икки, 3 миллион тоннадан  ортиқ цемент ишлаб чиқариш иқтидорига эга бўлган, 52 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаб чиқариш иқтидорига эга бўлган  уч, 52 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаш қудратига  эга бўлган ва 150 миллион квадрат метр пахта матоси ишлаб чиқарувчи   тўқимачилик корхоналари, учта кимё саноати корхонаси қурилиши,  1400 килограмм олтин ишлаб чиқариш иқтидорига эга бўлган рангли  металларни қайта ишловчи, 50 минг тонна рух ва 50 минг  тонна қалай ишлаб чиқариш иқтидорига эга бўлган йирик металлургия,  400 минг тонна иқтидорга эга бўлган яна битта металлургия корхоналари икки йил орасида фойдаланишга топширилади.

Мамлакат Президенти саноат соҳаси тараққиёти   электр қуввати ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги ва унинг ҳал қилувчи  аҳамиятини, зарурий қимматини кўрсатиб, ишлаб чиқариладиган   электр қуввати ҳажми иқтисодиёт тараққиёти учун етарли эмаслиги,  бу  камчиликни бартараф этиш зарурлигини қайд этди. Айни пайтда ютуқ  сифатида 2016 йилда 300 мегаватт ҳажмдаги қўшимча энергетик қувватлардан фойдаланиш, 350 мегаватт ҳажмдаги янги саноат  иқтидорларини ишга тушириш режалаштирилганлигини маълум қилди. Демак, ишонч билан айтиш мумкинки, мустақил давлат мавжуд   камчиликларни бартараф этиш ва янги имкониятларни ишга солиш  эвазига устувор тараққиёт сари дадил одимламоқда.

Миллат  пешвоси  мамлакат  иқтисодиётининг   устувор  томонларидан  бири - қишлоқ  хўжалиги   соҳасида амалга  оширилаётган ишларни  ҳар  томонлама  таҳлил  этиб, келгуси  режаларни  белгилаб  берди. Бу  соҳанинг  тараққиёти   ердан мақсадли  фойдаланиш, фаровон ҳосил  олиш,  такрорий   экинлар  қишлоқ  хўжалиги  маҳсулотлари   етиштиришнинг   ошишида    яққол  кўзга  ташланмоқда. Бу  соҳада берилган  фармонлар  ва  унинг виждонан ижроси  қаноатланарлидир. Жумладан,  Тожикистон   Президентининг   2009 йил  27 августдаги   “2010-2014 йиллар  Тожикистон  Республикасида  боғдорчилик  ва  узумчилик  соҳасини  ривожлантиришга  доир  қўшимча  тадбирлар  тўғрисида”ги   фармонини    ижро  этиш   мақсадида   50000  гектар  майдонда  янги  боғ  ва  токзорлар  бунёд   этилиб,  дастур кўрсатмалари   ортиғи  билан бажарилган  ва  шунга  биноан,  100  мингдан  ортиқ   янги   иш   жойлари   яратилган. Бу   йўналишнинг   узвий  давоми  сифатида  ҳукумат  2016-2020 йилларда  мазкур  соҳани  ривожлантириш  учун  келгуси   5  йил  давомида   20  минг гектар  янги  боғ  ва  токзорлар  яратилишини назарда  тутган. Албатта,  бу  соҳа  тараққиётидан  мақсад  ва  манфаат  миллий  стратегиянинг   муҳим  йўналишларидан  бири -  озиқ-овқат  хавфсизлиги  масаласини   ҳал  этишдир.

Тараққиёт   тизимида  коммуникацион  тангликдан  чиқиб,  транзит  давлатга  айланиш  миллий  тараққиёт  стратегиясининг муҳим  қирраларидан  биридир. Бу масала  бевосита Миллат  пешвосининг фидоийлиги ва саъй-ҳаракатлари  билан  ҳал  этилмоқда. Шуни  алоҳида  қайд  этиш  зарурки,   иқтисодиёт   тараққиёти учун  зарур  бўлган  транспорт  инфратузилмасини  шакллантириш  учун    2000  километрдан  ортиқ  автомобил   йўллари  қайта  тикланди,  қурилди  ва  фойдаланишга  топширилди. Айни  пайтда  беш  миллиард  сомоний  ҳисобидан  14та  лойиҳани  амалга  ошириш   давом  эттирилмоқда. 2015 йилда  57 километрли  Душанбе-Турсунзода, 113   километрли  Айний-Панжакент  марказий  автомобил  йўллари,  шунингдек, 190  километрли  темир йўл  қурилди. Жорий  йилда  Душанбе-Турсунзода  (Ибн Сино  ҳайкалидан  шаҳарнинг  ғарбий  дарвозасигача),  Исфара -  Хўжанд,  Душанбе-Кўлоб-Қалъаихумб-Хоруғ-Қулма   (халқаро   даражага  мослаштириш)  автомобил  йўлини   қайта  тикланиши  режалаштирилган. Ўтган  йилда,  умуман, 510 километр  йўл  таъмирланиб,  140  кўприк   қайта   тикланган. Давлат  ва  Ҳукуматнинг   тадбиркорлик  соҳасини  ривожлантиришга   ҳам   эътибори  чексиздир.  Паёмда    тадбиркорлик   фонди  ташкил  этилиб,   47  тадбиркорлик  субъектларига   95  миллион   сомоний  ҳажмда  паст  фоизли  ва  узоқ  муддатли  имтиёзли  қарзлар  берилгани,  мазкур   йилда  давлат  бюджетидан   120   миллион  сомоний  ажратилиши   назарда  тутилганлиги  айтилди. Шунингдек,  хорижий  сармоялар  ҳам  жалб  этилиб, улардан  қарийб  4   миллиардини  тўғридан-тўғри  маблағлар ташкил   этган.

Аҳоли  яшаш  даражасини  юксалтиришда  фуқароларни   иш  билан таъминлаш,  янги  иш   жойлари,  касб  ўргатиш  марказларини  ташкил  этиш  ва  меҳнат   муҳожирлигини  давлат  томонидан   тартибга  солиш  ижтимоий   барқарорлик  омилидир. Қайд  этиш   зарурки, сўнгги   10  йилда 1  миллиондан  ортиқ  доимий,  вақтинчалик  ва  мавсумий  иш   жойлари  ташкил   этилиб,  иш   билан  таъминланганларнинг  30  фоизини   аёллар  ташкил  этди.

Меҳнат  муҳожирлиги   борасида  касбий  тайёргарликни  кучайтириш,  тил   ўргатиш   курсларини   ташкил  этиш,  маҳаллий  шароитда   гилам  тўқиш,   тўқимачилик,  тикувчилик,  косибчилик  ва   ҳунармандчиликни  ривожлантиришга   эътибор   бериш  вазифаси   юкланди.

Паёмда  ижтимоий  сиёсатнинг  муҳим  йўналишларидан  илм  ва  маориф  соҳаси  тараққиёти  муҳим долзарб масала  сифатида  баҳоланди.

Маориф  соҳаси  тараққиёти   учун   2016 йилда  3 миллиард   150  миллион   сомоний  ажратилди,  у  аввалги   йилга  нисбатан   10  фоиз,  ундан олдинги   йиллардаги   ҳолат  билан  қиёсланганда,  13   баравар   ортиқдир. Бу  соҳа  ривожи таъминотининг   моддий  томони,  унинг  маърифий   жиҳатига  Ҳукумат томонидан “2015-2020  йиллар  учун  қобилиятлиларни топиш  ва  ривожлантириш  давлат  дастури” қабул  қилинди,  Давлат  раҳбари   топшириғи  билан  Душанбе  шаҳрида  Тожикистон  Фанлар  академияси   таркибида  интеллектуал  тараққиёт   мактаби   бунёд  этилиб, вилоятлар  марказида  ҳам  бундай   мактаблар  ташкил  этиш вазифаси  юклатилган. Мамлакат   Президенти  маориф  соҳаси  масъулларини   “2016-2022   йиллар  учун   муттасил   таҳсил  концепцияси”ни  тайёрлаш  ва  ҳукумат   муҳокамасига  тавсия   этишни,  олий  мактаб  раҳбарлари олдига  келгуси  тўрт  йил  ичида ўрта   умумтаълим  мактабларини  аниқ  фанлар,  ахборот  технологиялари,  чет  тиллар,  хусусан,   рус  ва инглиз  тиллари  ўқитувчилари   билан  таъминлаш   вазифасини қатъий  тарзда қўйди.

Давлат  раҳбари соғлиқни сақлаш  ва  аҳолини  ижтимоий  ҳимоя  қилиш  масаласида  энг  муҳим  муаммолар  ечими  ва  ютуқларга  мурожааат  қилди. Биринчидан,  соғлиқни  сақлаш  муассасаларида  қарийб  6  минг нафар  врач,  8100 нафар ўрта  тиббий  ходимга  талабот   мавжуд. Иккинчидан,  тиббий   мутахассислар  билан  таъминлаш  масаласи   Хатлон   вилоятида  ташвишланарли  ҳолатдадир. Бу  ердаги   3  миллион  кишилик  аҳолидан ҳар  10 минг кишига  11,3 нафар  тиббиёт  ходими  тўғри келади. Душанбе  шаҳрида  бу  кўрсаткич  77  нафардан   ортиқ,  Тоғли  Бадахшон  мухтор  вилоятида  23  ва  Суғд  вилоятида  20   нафарни  ташкил  этади. Шу  боис,  Хатлон  вилоятида  яна  битта  олий  тиббий  таълим  муассасасини  ташкил  этиш мақсадга  мувофиқлиги  ўринли айтилди.

Ҳукумат  ғамхўрлиги  туфайли   бу  соҳага   1 миллиард  300  миллион  сомоний  ажратилди, бу  ўтган  йилларга  нисбатан   14  баравар  кўпдир. Имкониятлардан  самарали  фойдаланган  тиб  мутахассислари  фаолияти  туфайли  юқумли  касалликларга  йўлиқиш   даражаси  ўрта  ҳисобда  24  баравар, жумладан,  сил  касаллиги  17  фоизга  камайган. Давлатнинг   аҳоли  ижтимоий  соҳасидаги  сиёсати,  хусусан, ногиронлар, етим,  қаровсиз  қолган  болалар  ва камтаъминланган  оилаларга нисбатан  ижтимоий  кафолатлари  сезиларли   даражада   яхшиланди.

Миллат  пешвоси ёшлар сиёсати  масаласида  шундай  деди:  -“Биз  яратувчан ёшларимиз  билан   фахрланамиз. Чунки  Ватанимиз  мустақиллик  даври ёшлари бугун  миллий ор-номус, муносиб  ташаббуслари ва  ватанпарварлик   юксак  ҳисси  билан азиз  Тожикистонимиз  тараққиётига  арзирли  улушларини  қўшишади  ва  ўз  она-Ватанларига содиқ  хизмат  қиладилар”. Бу  жабҳада Ёшлар,  спорт  ва сайёҳлик, Хотин-қизлар  ва  оила,  Дин ишлари,  миллий  анъана  ва  урф-одатларни  тартибга  солиш  қўмиталари,  бошқа тегишли  тузилма  ва  мақомотлар ёшлар  ва аёлларнинг яратувчанлик  қудрати ва  лаёқатидан  фойдаланиши, уларни  давлат  хизматига  жалб  этиш,  малакали  мутахассислар тайёрлашга  эътибор  беришлари  зарурлиги  алоҳида  таъкидланди.

Паёмда  жаҳонда  ва  минтақадаги   кескин  сиёсий  вазият  туфайли  миллий хавфсизлик  масаласига ҳам  бирламчи муаммолар  сирасида  қаралди. Давлатлар  ва  маҳзаблараро   низоларнинг  кучайиб  бораётганлиги,  уюшган   жиноятчилик  авж  олаётганлиги  боис, миллий  хавфсизлик  ва  ҳуқуқ-тартибот  идоралари  ўз  фаолиятларини  кучайтиришга  вазифадор  этилдилар. Бундан   ташқари, мазкур  қурилмаларнинг   терроризм,  экстремизм,  наркотик  моддалар  ноқонуний  савдоси,  трансмиллий  жиноятчиликка қарши ҳам  қатъий  кураш олиб  боришлари  тақозо  этилади. Негаки, мустақилликнинг дастлабки йилларида Тожикистон  ўз  ҳудудида  фожиали  даврни   бошидан   ўтказди, ўн  минглаб  қурбонлар  берди. Ўтган йилги сентябр  ойидаги  шармандали  ҳодисаларда,  собиқ  Тожикистон Ислом  тикланиш  партияси   раҳбарияти   кўмаги  билан  давлат  тўнтаришига  уриниб  кўришди. Маълум   бўладики,  ҳалигача  ғаразли  ниятли  кишилар  ўз  мақсадларидан   қайтишмаган, хориждаги   хўжайинлари  ёрдами  билан  осойишталикка  рахна  солмоқчи   бўлдилар. Шу  боис   юзага  келган  вазиятни   ҳисобга  олиб,  Давлат   бошлиғи  Бош  Прокуратура  ва  бошқа  тегишли мақомотларга  Тожикистон  Республикасининг  2016-2020   йиллар  учун  экстремизм  ва  терроризмга  қарши  курашга  доир  миллий  стратегик   дастурини  ишлаб   чиқаришни  топширди. Бундан  ташқари,  интернет  тармоқларидан  экстремистик  ва  террорчилик  мақсадларида   фойдаланишга  қарши  курашни  зарурий  даражада   йўлга  қўйиш  мақсадида  Ички  ишлар  вазирлиги,  Миллий  хавфсизлик  давлат  қўмитаси,  Бош  прокуратура  ва  бошқа  тегишли  мақомотлар  ахборот  технологияларидан  фойдаланиш  ва  кибертерроризм  каби   жиноятларга   қарши  кураш  марказларини  ташкил  этиш  масаласига  доир  Ҳукуматга  асосли тавсияларни  таклиф этишлари  зарурлиги уқтирилди.

Миллат пешвоси Паём  якунида жорий  йилдаги  ўта муҳим  масалаларни  яна  бир  бор  таъкидлади. Яъни  Тожикистон  ташқи  сиёсати  “очиқ  эшиклар” сиёсати,  тинчликсеварлик  ва тинчликпарварликка  қаратилганлиги,    яқин   шериклар,   жумладан,  Россия  Федерацияси  билан  кўп  қиррали  муносабатларни  давом  эттиришни  эълон  қилди. Шунингдек,  Тожикистон  шарафли  халқи  билан  уч  муҳим  миллий   стратегик  мақсад - энергетика  мустақиллиги, коммуникацион  тангликни  бартараф  этиш, озиқ-овқат  хавфсизлигини   таъминлаш асосий  мақсад  бўлиб  қолишлигини  айтди.  Ва  муҳим  тарихий  сана - мустақилликнинг йигирма   беш   йиллиги нишонланиши  Ватанимиз  тарихи  ва  тараққиётида  ўчмас из  қолдиришига   ишонч  билдирди.

 

Б. Турсунов,

Тожикистон Ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат давлат университети ижтимоий фанлар кафедраси  мудири, доцент.

Б. Шеронов,

мазкур кафедра доценти.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Орзуга завол йўқ

 

Чошгоҳга яқин эшик тақиллади. Ўғлим Шуҳрат эшикни очиб, келган киши билан самимий сўраша кетди. Мен зал ўртасидаги хонтахта ёнида ёнбошлаб, чой хўплаганимча телевизор томоша қилардим. Хона эшигидан "Ассалому алайкум, акажоним", дея Абдужаббор Мўминов кириб келди. Уй ёришиб кетгандай бўлди. Бир амаллаб, ўрнимдан турдим. Қучоқлашиб кўришдик, сўнг ўтириб фотиҳа қилдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.

Муфассал...

Наврўз шодиёналари

 

22 март, куннинг иккинчи ярмида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали билан биргаликда пойтахт «Наврўзгоҳи»да ўтказилган халқаро Наврўз тантаналарида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990340

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477206
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3134
4027
20819
7426653
98850
114875
7477206

Сизнинг IPнгиз: 18.188.132.71
Бугун: 23-11-2024 16:36:13

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015