9 май куни биз - бир гуруҳ журналистлар Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига сафарга отландик. Маълумки, бу йил Ваҳдат байрамининг 19 йиллиги, айнан, мана шу вилоятда қайд қилинади. Мақсадимиз: Бадахшон халқининг байрамга нечоғлик ҳозирлик кўраётгани, бу ерда қад кўтараётган юбилей иншоотлари билан танишиш ҳамда 12 май куни вилоят маркази Хоруғ шаҳрида бўлиши режалаштирилган "Оммавий ахборот воситаларининг Миллий бирликни мустаҳкамлашдаги роли" мавзусидаги конференцияда иштирок этиш эди.
***
…Қаламкашларнинг Бадахшонга бўлажак сафари ҳақидаги хабарни эшитганимдан сўнг, очиғи, бу тоғли гўша ҳақида маълумотлар йиға бошладим. Ким билан суҳбатлашмай орада, албатта: "Помирга борганмисиз?" - деб сўраб қўяман. Аксарият суҳбатдошларим бормаганман, дейишади. "Бир йили бир иш билан боргандим", деганидан, яна қайта-қайта таассуротларини сўрай бошлайман.
"Йўллари жуда узоқ…"
"Қарийб ўн беш-ўн олти соат йўл юрасиз…"
"Борсангиз, ажойиб табиат мўъжизаларини кўриб келасиз…"
"…у ерлар денгиз сатҳидан қарийб уч минг - тўрт минг метр баланликда жойлашган…"
"Нафас олишга бир оз қийналасиз…"
"Аммо, самимий ва меҳмондўст халқи бор…"
Интернетга "Тоғли Бадахшон мухтор вилояти" деб "қидирув" берганимда, ишонинг, бир лаҳзада бир қанча мақолалару сон-саноқсиз суратлар пайдо бўлди. Қизиғи шундаки, аксларнинг ҳам, маълумотларнинг ҳам кўпи хорижлик муаллифларга тегишли. Ватанимизни бежизга тоғлар макони, деб аташмас экан. Помир, унинг бетакрор табиати ҳақидаги суратларни завқланиб томоша қилар эканман, қизиқишим янада ортди. Қизиқ… дунёнинг қайси бир бурчакларидан атай Помир тоғларини томоша қилгани сайёҳлар келишади-ю, биз шу юртда яшаб туриб, Бадахшонга бормаганимизга ҳайрон бўламан…
Хуллас, эртага сафарга отланамиз, деган куни республика Журналистлар иттифоқи раиси Зинатулло Исмоилзода йиғилиш ўтказиб, "Сафарга жиддий тайёргарлик кўринглар, йўл узоқ… иложи бўлса, барвақтроқ, қуёш бош кўтармасдан йўлга тушишимиз керак", деди.
***
Ғалаба байрами куни бизга, яъни ўттиз нафар журналистга, ажратилган "Тайота жип" русумли машиналар ОАВ академияси биноси олдида муштоқ турар эди.
Ўша кечаси туни билан момоқалдироқ гумбурлаб, яшин чақнади. Эрталабга яқин шивалаб ёмғир ёға бошлади.
Машиналар карвони ўрнидан жилганида ҳали соат миллари еттини ҳам кўрсатмаган эди.
Бугунги намчил ҳаво, этни жунжиктирувчи салқин шабада, кечагина, апрелнинг охирларида саратонни эслатувчи кунларни хотирдан буткул кўтарган эди.
***
Шитоб билан елиб бораётган карвон Кўлобга етганида соат ўн бўлиб қолган эди, чамаси. У ерда бизни Кўлоб телевидениеси раиси Сафарали Бозорзода ҳамда бир гуруҳ ҳукумат хизматчилари кутиб олишди. Енгилгина нонушта қилгач, кўлоблик касбдош билан яна йўлни давом эттирдик.
Олис йўллар, узоқ-узоқларга сафар қилиш одамга кўп нарсалардан сабоқ беради. Турфа олам, турфа тақдирлар билан танишасан, киши. Уларнинг суҳбатидан кўп нарсалар оласан.
Юрган дарё, … деб бекорга айтишмайди-ку, ахир.
Биз машинада олти киши - Кўлоб телевидениеси раиси, республикада таниқли журналист Сафарали Бозорзода, "Садои мардум" рўзномаси ходими Тиллои Некқадам, "Омўзгор" ҳафтаномаси мухбири Шоди Малахзод, СМТ телевидениеси тасвирчиси Баҳриддин Давлатов ҳамда "Жавонони Тожикистон" газетаси ёш журналисти Шодихон Назарлар билан бирга эдик. Ҳамкасблар гурунги қизигандан-қизир эди.
Машиналар карвони елдай учиб, баҳорий ёмғир остида тобора тоғлар бағрига кириб борар эди.
***
… машинадан тоғларни кузатар экансиз, юрагингизга тоғлар салобати ингандек бўлади. Пурвиқор тоғлар!.. Ўткир чўққилари олис кўкларга санчилган Помир тоғлари!.. Уларнинг чексиз ҳайбати, сўнгсиз салобати руҳиятингизга алланечук виқор олиб киради. Тоғлар!.. Чиндан ҳам мўъжизавий бу тоғлар қадим афсоналарни ёдга солади. Уларда не-не сиру синоатлар мавжуд. Улар бағрида қанчадан-қанча мўъжизалар бор.
Бадахшоннинг олтин дарвозаси, деб ном олган Дарвоз ноҳиясига тушдан сал ўтиб етиб бордик. Гуруҳимизни дарвозлик ёшлар миллий мусиқа садолари остида, нон-туз билан кутиб олишди.
- "Қадим Бадахшоннинг олтин дарвозасига хуш келибсизлар, азиз қаламкашлар", - дея сўзлаган Дарвоз ноҳияси раиси, Республика Олий Мажлиси Миллий мажлиси аъзоси Саидбурҳон Абдураҳмонзода барча журналистларга янги ижодий парвозлар тилади.
Кутиб олган ёшлар билан бўлган самимий мулоқотлар куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Мен ҳар гал шодиёналар рамзи бўлмиш куй ва қўшиқларни эшитганимда мамлакатимиз сарварининг ушбу сўзлари хаёлимда чарх уриб айланаверади: "Шу Ватан шукрини қилинг, шу давлат шукрини қилинг, шундай севимли ва азиз Ватанимиз борлигига шукрона қилинг".
Ҳа, тинчлик бор жойда мастона куй ва қўшиқлар янграйди, осойишталик ҳукм сурган гўшаларда гуллар табассум қилади…
Дарвоздаги илиқ ва самимий тантаналар менга яна Жаноби олийларининг пурҳикмат сўзларини эслатди.
Тушликни тоғлар бағридан шарқираб оқаётган Хумбоб дарёси бўйида қилганимиздан сўнг, яна йўл тараддудини кўрдик.
Режага кўра, биз ўттиз нафар журналист ноҳияларга бўлинишимиз ва 12 май куни Хоруғ шаҳрида яна тўпланишимиз керак эди. Чунки конференция шу куни турли минтақалардан келган олтмиш нафар журналист иштирокида ўтказилиши режалаштирилган эди. Шу боис, "Тожикистон" ҳафтаномаси муҳаррири Абдумудассир Аҳмадзода ҳамда "Жавонони Тожикистон" газетаси мухбири Шодихон Назар Дарвозда қолишди. Биз эса, гуруҳ раҳбарлари - республика Журналистлари иттифоқи раиси Зинатулло Исмоилзода, Тожикистон Миллий Ваҳдат ва қайта тиклаш ҳаракати раиси Мирзошоҳруҳ Асрорий бошчилигида Ванж ноҳияси томон йўлга чиқдик.
***
Дарвоз билан Ванж оралиғидаги масофа тўқсон километр экан. Шу ўринда Ванж Бадахшон ноҳиялари орасида Афғонистон Ислом давлати билан чегарадош бўлмаган ноҳия эканлигини эслатиб ўтиш жоиздир.
Ноҳияда журналистлар карвонини "Ватан" рўзномаси бош муҳаррири Пайшанбе Шоҳзода кутиб олди. Ванж ноҳияси марказига эса, у журналистлар Шамсулло Фозилов ("Фараж"), Шоди Малахзод ("Омўзгор"), Абдужалил Омон ("Бонувони Тожикистон") билан бирга жўнаб кетди. Биз эса, қолганлар, эндигина тоғли йўлларга чўкаётган қоронғулик оралаб Хоруғ томон йўл олдик.
***
Вилоятнинг маркази, осмонўпар тоғлар орасидаги Хоруғ шаҳрига етиб борганимизда соат тунги ўн эди. Чўққиларда қор бўлгани учун ҳаво бир оз салқинроқ. Хоруғ кўчалари нисбатан тор бўлса-да, ораста ва шинам экан. Йўлнинг икки четида нур сочаётган чироқлар ёруғидан бу кўчаларда юриб тунни пайқамайсиз. Олис йўлларнинг зарби ўлароқ юзу кўзлардаги чарчоқ машиналардан тушганимиздан сўнг билинди. Вилоят марказида журналистларни кутиб олиш маросими одамга ўзгача, кўтаринки завқ бағишлади, десам муболаға бўлмайди. Вилоят, шаҳар ҳукумати вакиллари, маҳаллий журналистлар, санъаткорлар юзларидаги қувонч, ҳар меҳмонга кўрсатилган алоҳида илтифот йўллар чарчоғини анча олди. Хоруғнинг сўлим ва муҳташам тарабхоналарининг бирида кечки овқатга ўтирдик. Шу кечанинг ўзида мезбон қаламкашлар билан анча суҳбатлар қурдик. Сўнгра ҳар ким ўзига бириктирилган шахслар билан меҳмонхоналарга тарқалдик.
***
10 май куни вилоят маркази - Хоруғ шаҳрини айланишни, у ерда Миллий Ваҳдат куни билан очилиши кутилаётган муҳим иншоотлар билан танишишни режалаштирган эдик.
Хоруғ шаҳри раиси, Тожикистон Олий Мажлиси Миллий мажлиси аъзоси Қиматгул Алибердиева журналистларни илиқ ва самимий кутиб олар экан, қуйидагиларни сўзлаб берди:
-Дарҳақиқат, Хоруғ шаҳри истиқлолият даврида янада гўзаллашди. Бугун-эрта, албатта, ўзларинг шаҳар аҳолиси билан мулоқотлар ўтказиш ва томоша қилиш жараёнида бу нарсаларнинг гувоҳи бўласиз.
Биз бугун вилоятимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир - Миллий Ваҳдат байрамининг шонли 19 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз. Шуни мамнуният билан қайд қилмоқчиманки, ҳозир бизда юбилей иншоотларининг ўзи 50дан зиёд. Бугун ҳар бир қурилиш учун меҳнаткаш халқ, мутасадди кишилар жаҳд билан ҳаракат қилишмоқда. Мен ўйлайманки, Ваҳдат байрамида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг ташрифи ҳам Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг шаҳру ноҳияларига ўзгача руҳ бағишлайди. Бадахшон халқи бугун байрамга астойдил тайёргарлик кўрмоқда.
Шу ўринда, шаҳар раисининг Хоруғ ҳақидаги маълумотларини ҳам келтириб ўтишни лозим деб топдим. Тўрт томони улкан тоғлар билан ўралган бу шаҳар 1932 йилда ташкил топган. Умумий майдони 19,4 квадрат километр бўлиб, денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган. Айни дамда шаҳар аҳолиси 29 минг кишидан иборат. Пойтахт Душанбе билан уни икки йўналиш бирлаштиради. Биринчиси, 527 километрли Хобуробод йўли бўлса, иккинчиси, Кўлоб орқали 640 километр масофани ўз ичига олувчи йўлдир.
Хоруғ шаҳри аҳолиси, асосан, соҳибкорлик, қурувчилик, чорвадорлик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади. Шаҳарда 6 минг ўринга мўлжалланган стадион ва аэропорт мавжуд. Вилоят ҳудудида ҳозир қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилаётган кўплаб иншоот мавжудки, буларнинг барчаси Миллий бирликнинг 19 йиллик ҳамда давлатимиз мустақиллигининг шонли 25 йиллик юбилейигача фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Қурилаётган мазкур иншоотлар давлат бюджети, хорижий сармоялар ҳамда маҳаллий ишбилармонлар маблағлари асосида амалга ошириляпти.
-Тинчлик ва осойишталик бор жойда тараққиёт ҳам гуркирайди,-дея сўзини давом эттиради Қ.Алибердиева, - байрам иншоотларининг ўзи Хоруғда анчагина. Тем маҳалласидаги катта спорт майдони, "Селхозтехника" маҳалласидаги беш қаватли меҳмонхона, Чухти Хоруғ маҳалласидаги беш қаватли турар жой биноси ва картошка (чипси) маҳсулотларини тайёрлаш цехи шулар жумласидандир.
Икки чети манзарали дарахтлар билан безатилган шаҳар кўчасининг тозалиги киши диққатини ўзига тортади. Айтишларича, ҳар куни шаҳарга қарийб уч минг одам келиб кетаркан. Ғунд дарёси Хоруғнинг бағрини тилиб ўтади. Бориб-бориб у Панж дарёсига қўшилиб кетади. Шаҳар ҳудудидан Душанбе-Хоруғ-Мурғоб-Кулма-Қароқурум йўналишидаги буюк ипак йўли ўтади.
***
Шаҳарнинг қуйироғида шарқ мутафаккири, улуғ шоир Носир Хусрав музейи жойлашган экан. Биз гуруҳимиз билан у ерга етиб келганимизда, шаҳарда яна майин ёмғир шивалай бошлади. Музейга кираверишда алломанинг ҳайкали ўрнатилган бўлиб, орқа томонида эса, бир ҳовузча мавжуд экан. Ҳовузча булоқ сувидан тўлиб турар, ошиқчаси пастга - ариқча орқали оқиб чиқиб кетар экан. Музей мутасаддилари бизни ўша чашманинг суви билан сийлашди. Ҳаво салқин бўлишига қарамай, муздек чашма суви танангизни яйратиб юборади. Сувнинг ширинлигидан бир косанинг ҳаммасини ичиб юборганингизни билмай қоласиз.
Музей ҳам қадимий буюмлар, кўҳна китоблар билан жиҳозланган экан. Тарихчи олим, профессор, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Худойберди Холиқназарнинг аллома тўғрисидаги қатор ҳикоялари бизда катта таассурот қолдирди.
***
Хоруғ шаҳрида, ястаниб ётган тоғ ён бағрига қурилаётган университет майдони 87 гектарни ташкил этади. Бевосита Миллат пешвоси ташаббуси ўлароқ жадал суръатлар билан қад ростлаётган мазкур таълимгоҳ улканлиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона, десак муболаға бўлмайди. Биз, аҳли қалам, бу улкан қурилиш ишлари билан танишар эканмиз, айни дамда бу ерда 40дан ортиқ ширкат фаолият юритаётганига амин бўлдик. Тобора қад ростлаётган талабалар ётоқхонаси, таълим бинолари, анчайин ҳашаматли кутубхона, спорт майдони ҳозирданоқ киши ақлини шоширади. Келажакда қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ҳамда Покистондан келган талабаларни ҳам ўз оғушига олажак бу университет шароитлари жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган қилиб қурилмоқда.
***
Эртасига биз довруғи етти иқлимга кетган, шифобахш сувлари билан кўпларнинг дардига малҳам бўлган "Гармчашма" зиёратига отландик. Маскан Хоруғдан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган бўлиб, машинада тоғ ён бағри бўйлаб бир соатдан кўпроқ йўл юрилар экан. Яқинлашар эканмиз, узоқдан кўринган оқ-оппоқ тепаликни кўрсатиб, гуруҳимиз раҳбари мана шу шифобахш чашма, деб айтди. Қарийб икки соатча айландик. Шифобахш сувлардан ичиб, идишларни ҳам тўлдириб олдик. Тушликни ҳам шу ерда қилдик. Гармчашма, нақл қилишларича, тери касалликларига даво маскан. Кўпчилик шифо топган экан. Бу ерга келиб-кетувчиларнинг ярмидан кўпроғи хорижлик меҳмонлардир. Бундан ташқари, яна қуйироқда иккита булоқ бўлиб, бирининг суви кўз, иккинчисиники эса, асаб хасталикларига даво экан.
***
Яна бир хушманзара гўшада, яъни Панж дарёси соҳилида 15 минг аҳолига мўлжаллаб қурилаётган шаҳарча ҳам Хоруғнинг келажаги порлоқлигидан далолат беради. Юбилей иншоотларидан бўлмиш у ердаги бозорча, спорт мажмуаси қурилиши битай деб қолган. Айтишларича, келажакда мазкур бозорчада қўшни Афғонистон халқи ҳам бемалол бозор-ўчар қилиб кетиши мумкин экан.
***
Журналистлар гуруҳининг раҳбарлари - республика Журналистлар иттифоқи ҳамда Оммавий ахборот воситалари академияси раиси З. Исмоилзода, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Х. Холиқназар бошчилигида Хоруғ Давлат университети ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ҳам юқори савияда кечди. Талабалар қаламкашлар маърузаларини мароқ билан тинглаб, керакли маълумотларга эга бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
-Университет 1992 йили таъсис этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 5300 талаба таълим олмоқда, - дейди биз билан мулоқотда университет ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Шермамад Жомамадов. -Талабалар 35та ихтисос бўйича дарс тинглашади. 8та факултет ва 20та кафедра мавжуд. Талабаларга 12 нафар фан доктори ҳамда 55 нафар фан номзодлари сабоқ берадилар.
***
Бадахшон - тоғлар диёри. Тоғлар бағрида, табиийки, сонсиз, саноқсиз булоқлар мавжуд. Демакки, сувлар ватани - шу тоғлар ҳисобланади. Сув бор жойда эса, электр энергияси муаммолари ҳам деярли бўлмайди.
Рост, бадахшонликлар "лимит" деган сўзни фақат оммавий ахборот воситаларидангина ўқиб эшитадилар. Вилоятда эса, "Помир энержи" компаниясининг фаоллиги ўлароқ қишин-ёзин, эрта-ю кеч чироқ ўчмайди. Халқ билан суҳбат қурар эканмиз, уларнинг компания хизматларидан рози эканликлари билиниб турарди.
***
…Ниҳоят биз, пойтахтдан ташриф буюрган 30 нафар қаламкаш, вилоят марказининг энг сўлим ва хушманзара жойларидан бири бўлмиш - Миллий чойхонада 12 май куни тонг саҳардан тўплана бошладик. Баландлиги жиҳатидан дунёда учинчи ўринда турадиган Хоруғ ботаника боғининг қуйироғида жойлашган бу муҳташам чойхона - истиқлолият меваларидан бири эди. Чойхона шунчалар чиройли шаклда қурилганки, у ерда шарқ меъморчилик санъатининг барча намуналарини бевосита кузатиш мумкин.
Устунлари наққошликнинг миллий санъатимиз олий намуналари билан безатилган. Конференция зали, кутубхона, ошхона ҳамда спорт мажмуасининг ҳар бири ўзгача сайқалланган ва жиҳозланган.
Конференция бошлангунга қадар, газета ва журналлар намойиши бўлиб ўтди. Пойтахтдан келган ҳар бир нашрия ходими ўз газеталарини вилоят аҳлига намойиш қилди. Кўргазма жуда ажойиб ташкил қилинди.
Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Шодихон Жамшед газеталар кўргазмаси билан танишар экан, ҳар бир қаламкашга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди.
Шундан сўнг, маҳаллий ва пойтахтдан келган журналистлар иштирокида "Оммавий ахборот воситаларининг Миллий бирликни мустаҳкамлашдаги роли" мавзусидаги давра столи ўз ишини бошлади.
Конференцияни кириш сўзи билан очар экан, республика Журналистлар иттифоқи ҳамда ОАВ академияси раиси З.Исмоилзода шундай деди:
-Ҳурматли раис, қадрли меҳмонлар, азиз қалам аҳли! Ҳаммангизни бугунги шодиёна ва яқинлашиб келаётган Ваҳдат байрами, Ватанимиз истиқлолиятининг шонли 25 йиллиги билан чин қалбдан табриклайман. Ватанимизда Миллий бирликни мустаҳкамлашда, дарҳақиқат, ОАВ роли беқиёсдир. Бугунги давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз боради.
Шундан сўнг, сўз вилоят раиси Шодихон Жамшедга берилди.
-Авваламбор,- деди вилоят раиси,- қадимий ва ҳамиша навқирон, пурвиқор тоғлар ҳамда зилол сувлар маскани бўлмиш Бадахшон ўлкасига хуш келибсиз, азиз журналистлар. Вилоят раиси йиғилганларни шодиёна билан қутлаб, конференция ишига ривож тилади.
Сўзи охирида у бу йил Миллий Ваҳдат байрами Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон сарварлигида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида бўлиб ўтишини алоҳида таъкидлади.
Шодихон Жамшеднинг қайд қилишича, ана шу тадбир муносабати билан бугун вилоятга кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Яқинда турли касбу ҳунар вакилларидан ташкил топган 200дан ортиқ суғдликлар, республика Ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ва оила комитети бошчилигидаги аёллар гуруҳининг бу вилоятда бўлиб, халқ ижтимоий ҳаёти билан танишиши бадахшонликлар хотирасида ўчмас из қолдирди.
Конференцияда "ОАВнинг Миллий Ваҳдатни қўлга киритишдаги роли" мавзусида чиқиш қилар экан, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Худойберди Холиқназар шундай деди:
-Ҳақиқатдан ҳам, матбуот - катта куч. Унинг аҳамиятини, нақадар қудратга эга эканлигини қўлга киритилган ютуқлардан яққол сезамиз. Кечагина ўзаро низолар авж олган давлатимизда тинчлик, осойишталик деган сўзлар биз учун орзу эди. Ёвуз кучларга қарши муттасил кураш, оқил ва доно инсонларнинг кураш майдонига чиқиши, ниҳоят, азалий орзуларга эриштирди. "Мен сизларга тинчлик олиб келаман!" - дея сўзлаган самимий сўзлар ўз исботини топди. Муҳими, халқнинг кўнглини тоғлар қадар кўтарувчи, самимий, дилнинг туб-тубидан айтилган сўзларни матбуот ўша даврдан халққа муттасил етказиб турди. Мана, бугун ўша оташин сўзлар ҳаётда ўз исботини топди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бу ўринда етакчи куч бўлса, матбуот у кишини халқ билан боғлаб турувчи восита эди.
Сўнгра "Жаҳоннамо" телевидениеси раиси Абдулмажид Ҳакимзоданинг "Мамлакатимизда электрон ОАВнинг Миллий бирлик ва тинчлик ўрнатилишидаги аҳамияти" номли маърузаси тингланди.
Ёш олим Шерали Ризоён, профессор Назри Офаридаев, "Минбари халқ" газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳамдамов, "Хатлон" нашрияси бош муҳаррири Асалмоҳ Сафарова, "Кўлоб" телевидениеси раиси Сафарали Бозорзода, "Ховар" радиоси директори Саиджаъфар Ашўров, ТБМВ журналистлари бўлими раиси Қурбон Аламшоевларнинг ҳам чиқишлари конференция қатнашчиларини бефарқ қолдирмади.
***
Конференциядан сўнг, куннинг иккинчи ярмида Хоруғ ботаника боғини сайр қилдик. Боққа киришингиз ҳамоно димоққа гулларнинг муаттар бўйи урилади. Ҳаммаёқ ям-яшил. Дарахтлар эндигина гулга кирган. Ўт-ўланлар тиззага уради. Ажойиб манзара! Боғнинг бу таровати ўзимизнинг март ойларини эсга солади. Айтишларича, бу ердаги дарахт турларининг ўзи 4,5 минг хилни ташкил қиларкан. Дарахтлар умумий сонининг эса, саноғи йўқ...
***
Бадахшондан қайтар эканмиз, бу кўҳна ва навқирон юрт, унинг бағрикенг, меҳмондўст одамлари ҳақида каттароқ бир нарса ёзишни дилимга тугиб қўйдим.
Ҳа, дарҳақиқат, бадахшонликлар тобора яқинлашиб келаётган Миллий Ваҳдат байрамининг қутлуғ 19 йиллигига кўтаринки кайфиятда қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар. Уларнинг чексиз ғайрати, мислсиз шижоати, эртанги кунга бўлган ёрқин ишончи - кишини янада илҳомлантиради.
Газетамиз имкониятларидан келиб чиқиб, шу ерда мақолага нуқта қўймоқчиман.
Бироқ… Бадахшоннинг осмонўпар тоғлари, шарқироқ сойлари, тиниқ шаршаралари, бетакрор табиати ва мард инсонлари ҳақидаги ҳикояларга эса, ҳеч қачон нуқта қўйиб бўлмайди…
Ёқубжон Абдуманонзода,
Душанбе-Дарвоз-Ванж-
Ишкошим-Хоруғ-Душанбе.
XV аср темурийлар сулоласи даврида яшаб ижод этган буюк мутафаккир сиймолар ва оламга машҳур зотлар Алишер Навоий ва Нуриддин Абдураҳмон Жомий муносабати илиқ, самимий, дўстона ва биродарлик нафаси билан йўғрилган, жумладан, устозу шогирдлик юзасидан келиб чиққан ажойиб маърифий-маданий ҳамкорликлари XV асрдан бошлаб то ҳалигача адабиётшунослик фанимизда тинимсиз ўрганиб келинмоқда. Аммо чуқурроқ
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан 2011 йил 2 август куни имзоланган «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги Тожикистон Республикаси қонунида шундай ёзилган: «Мазкур Қонуннинг бош мақсади ота-оналарнинг фарзандларни инсонпарварлик, ватанпарварлик, миллий, умуминсоний ва маданий қадриятларни ҳурмат ва
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015