Дунёда савоб саналадиган ишлар, амаллар оз эмас. Уларнинг орасида энг савоб ишлардан бири эса, шубҳасиз, йўл очиш, йўл қуришдир. Қадим-қадимдан халқимиз йўл қурган инсонларни эъзозлаб келган. Йўлнинг инсон ҳаётида тутган аҳамияти ҳақида эса, узоқ тўхтаб ўтишнинг ҳожати йўқ. Буни йўл азобини тортган, йўлсизлик ёки ёмон йўл туфайли қийналган ҳар бир одам яхши билади.
Мен кейинги йилларда ҳар гал Хўжанддан Душанбега борар эканман, истасам-истамасам, бундан бор-йўғи етти-саккиз йил олдинги тоғ йўли эсимга келаверади. Буралиб-буралиб кетган тор шағал йўлдан 3 минг метр атрофидаги баландликда жойлашган Шаҳристон довони томон имиллаб чиқиб бораётган машинада ўтирган ҳамроҳларимдан бири кўзини чирт юмиб олган, иккинчиси туби зўрға кўринадиган жарликка кўз ташлагач, юрагини ушлаган. Кексароқ киши пичирлаганча ўзи билган дуоларни устма-уст такрорлаган. Яширмайман, машинамиз хавфли бурилишлардан ўтаётганда, кутилмаганда қаршимиздан чиқиб қолган юк машинасини кўрган ҳайдовчи ундан қочиш учун шошиб рул бурганда, мен ҳам хавотирга тушганман. Гарчи илгари эшитган бўлсам ҳам, на қарияга, на болали аёлга эътибор бермасдан, тўхтовсиз йўлда юз берган нохуш воқеаларни айтаётган йигитнинг ҳикоялари хавотиримни янада оширганди. У Сарвода деган жойга яқин қайси бир машинанинг одамлари билан дарёга қулагани, қайси бир «КамАЗ» машинасини қор кўчкиси жарга суриб кетгани, на ҳайдовчи, на ёнида кетаётган одам тирик қолмаганини бемалол, гўё оддийгина воқеани айтаётгандек ҳикоя қиларди. Қария ошкора «уҳ» тортди, аёл боласини бағрига маҳкам босди. Ҳайдовчи ортига илкис қараб йигитга ўқрайди-да: «Ука, Худо деб, жимгина кетсангиз бўлмайдими? Нима қиласиз, бошқаларнинг юрагини ғаш қилиб», деди. «Мен нима дедим, эшитганларимни айтдим-да», деди йигит қўлидаги конфет қоғозини очаётиб. Ҳайдовчи магнитофон овозини баландлатди...
Ҳозир «Шаҳристон» туннелига элтаётган кафтдек текис йўлда кетаётиб ўша сафаримни эслар эканман, тилимда фақатгина «шукр» айланарди.
«Шукр»ни бир мен эмас, кўпчилик айтади. Мен Душанбе-Чаноқ йўлида юрганимда, «шукр» сўзини тез-тез эшитаман. Йўловчилар бир марта эмас, қайта-қайта «шукр», дейишади. Машина чироқлари нур сочиб турган ёп-ёруғ туннелда бир маромда бораётганда эшитаман, «шукр»ни. Хўжанддан чиққан енгил машина тўрт-тўрт ярим соатга қолмасдан Душанбега етиб келганида эшитаман, «шукр»ни. Йўловчилар айни бир пайтда замонавий йўл қуриш ташаббуси билан чиққан мамлакат Президентига, йўлсозларга раҳмат айтишади, чин кўнгилларидан!
Юракдан чиққан сўз – «раҳмат»ни Тоғли Бадахшон мухтор вилояти томон бораётганимда ҳам қайта-қайта эшитгандим. Душанбедан Норак, Данғара ва Кўлоб орқали Жаҳон томи – Помир томон борар эканмиз, «Ландкрузер» - «Жип» ҳайдовчиси, хоруғлик йигит гоҳ янги қурилган туннелнинг йўлни қанча яқин қилганлиги ҳақида завқ-шавқ билан сўзлайди. Гоҳ кафтдек текис йўлда борар эканмиз, бу йўлни турк йўлсозлари қургани, у жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беришини қувониб гапиради...
Метин тоғ бағрини ўйиб қурилган туннеллар, кафтдек текис йўллар... Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг турли томонларида ана шундай бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йўловчилар илгари манзилларига етиб олиш учун деярли бир кун йўл босган бўлса, энди тўрт-беш соат ўтар-ўтмас уйларига кириб боришяпти. Илгари шундайгина тоғнинг нариги ёғидаги қариндошини кўриб келиш учун отланган киши камида тўрт-беш соат вақт сарфлаган бўлса, энди бир-икки соатга қолмасдан меҳмонликда чой ичиб ўтирибди.
Одамлар бозорлардаги тўкинчилик сабабини ҳам янги йўллар қурилгани билан боғлашади. Тўғри-да, дейман бозордан мамнун бўлиб чиқаётган навбатдаги суҳбатдошимнинг сўзларини тинглаганимдан сўнг, ҳали Суғд вилоятида бодринг энди гуллай бошлаганида, жанублик деҳқонлар полизларида етишган бодринг Хўжанд ва шимолдаги бошқа шаҳарларга, ноҳия марказларига етказиб келинади. Май ойи яримламасдан жанубдан янги пиёз келтирилади. Июнда эса, Хатлондан тарвуз келтиришади. Ўз навбатида жанубда эрта пишган мева, сабзавот, полиз экинлари камайгач, энди Суғд вилояти боғлари, полизларида етилган маҳсулотларни юклаган машиналар Душанбе ва Қўрғонтепа, Кўлоб ва Турсунзода томон йўлга чиқади.
Турсунзода деганда эса, Хўжанд бозорларида сотилаётган ҳусайнидан тортиб, чаросгача бўлган чойнакдек-чойнакдек узум бошлари кўз олдимга келади. Турсунзодалик соҳибкорлар ўз шаҳарлари, Душанбе бозорларини тўкин қилиш билан бирга, мамлакат шимолидаги бозорларни ҳам узум билан тўлдиришмоқда. Айтгандай, Турсунзодадан узум етиб келиши билан, Хўжанд бозорларида унинг нархи анча арзонлашади. Буларнинг ҳаммаси янги, равон, хавфсиз йўлларнинг шарофати билан эмасми?
2015 йили мамлакатимизда аҳоли интизорлик билан кутган яна бир муҳим йўл фойдаланишга топширилди. Айний ноҳиясидан Панжакентга олиб борувчи йўлнинг битказилиши ҳеч бир муболағасиз байрамга айланиб кетди. Олдинги ҳар қадами ўйдим-чуқур йўл ўрнига кенг ва текис йўл қурилди. Бу йўлнинг қурилиши панжакентликларнинг Душанбе ё Хўжандга бориб-келиш учун сарфланадиган вақтларини камида уч бараварга қисқартирди. 113 километр узунликдаги Айний-Панжакент йўли қурилиши учун 700 миллион сомонийдан ортиқ маблағ сарфланган.
Бир Айний-Панжакент йўли эмас, ўтган йили яна бир муҳим йўл қуриб битказилди. Мазкур 57 километрлик Душанбе-Турсунзода йўли учун 800 миллион сомонийдан ортиқ маблағ сарфланди.
Мамлакатимизда йўл қурилишига қанчалик муҳим эътибор берилаётганини Миллат пешвоси, Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг жорий йилги Паёмида ҳам яққол кўриш мумкин. Аслида мамлакатни коммуникацион боши беркликдан олиб чиқиш Тожикистонни тараққий эттириш миллий стратегиясининг уч муҳим йўналишидан бири саналади. 2030 йилгача мўлжалланган бу стратегияга мувофиқ энди амалга ошириладиган ишлар янги сифат босқичига кўтарилади. Президентимиз Тожикистоннинг тоғли шароитида миллий иқтисодни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири транспорт инфратизимини шакллантириш эканлигини махсус таъкидлади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда 45та давлат инвестицион лойиҳаси амалга оширилди. Бу муҳим ишлар учун 12 миллиард сомонийдан кўпроқ маблағ сарфланган. Унча-мунча эмас – 2 минг километрдан ортиқ автомобил йўллари қурилган, қайта созланган ва фойдаланишга топширилган. Ҳозирги пайтда яна 14та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар учун 5,5 миллиард сомоний маблағ ажратилган.
Жорий йилнинг ўзида 88 километрга чўзилган Восе-Ховалинг йўли қуриб битказилади. Бу мақсадда 370 миллион сомоний маблағ ажратилган.
Наврўз байрами кунлари Президентимиз Суғд вилоятида бўлар экан, Хўжанд-Исфара йўли қурилиши бошланишида қатнашди. Бу қурилиш учун 310 миллион сомоний маблағ ажратилган. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтишни истардим: йўл қурилишида ишлайдиган ишчиларнинг 80 фоизи маҳаллий аҳоли орасидан танлаб олинади. Бу дегани – юзлаб одамлар доимий иш билан таъминланади!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланадиган қутлуғ йилда яна Душанбе-Кўлоб-Қалъаи Хумб-Хоруғ-Қулма автомобил йўлини халқаро даражага мувофиқлаштириш учун унинг икки мураккаб қисмини қайта қуриш режалаштирилган. Бу режага кўра Кўлобдан Шамсиддин Шоҳин ноҳиясигача 32 километрлик, Шкевдан Қалъаи Хумбгача 26 километрлик йўл қайта қурилади. Ҳар иккови ҳам мураккаб саналадиган мазкур мавзелар учун ажратилган умумий маблағ 88 миллион сомонийдан ортиқроқдир.
Шунингдек, ҳозирда Қалъаи Хумб-Ванж оралиғидаги 110 километрлик йўлни қайта созлаш учун лойиҳа ишланмоқда. Бу лойиҳани амалга оширишга 2 миллиард сомоний маблағ ажратиш назарда тутилган.
Келинг, рақамлар билан толдириб қўймайин, лекин аслини олганда улар асло толдирадиган эмас, балки қувонтирадиган, руҳлантирадиган рақамлар. Худди шундай Миллат пешвосининг тегишли вазирлик ва идоралар, вилоятлар, шаҳар ва ноҳиялар маҳаллий давлат ҳокимияти ижроия органларини шаҳарлараро, ноҳиялараро йўллар, қишлоқ ва маҳаллий аҳоли манзилларидаги йўлларни таъмирлаш, қайта қуриш ишларига мунтазам эътибор беришлари зарурлигини алоҳида таъкидлаши ҳам тожикистонлик ҳар бир кишини руҳлантириб юбормайдими?
Ахир йўллар фақат ҳаёт томирига ўхшаб қолмасдан, бундай олиб қараганда, айнан унинг ўзи ҳамдир. Бу йўлларда инсон ҳаёти учун зарур дон, нон, мева-чева, озиқ-овқат ташилади. Бу йўлларда инсон бошпанаси учун зарур тахта, цемент, бошқа қурилиш ашёлари ўз манзилларига етказилади. Бу йўлларда инсон соғлиғи учун зарур дори-дармонлар ташилади...
Шундай экан, янги-янги йўллар қуриш ташаббускорини, лойиҳаловчиларни, йўлсозларни қанча олқишласанг, шунча кам эмасми?
«Менинг бир келиним Қўрғонтепадан, Ҳисорга қиз узатганман, набираларим Душанбеда ўқишади. Саксондан ошиб қолдим. Бир ёқдан яна иссиқ жон, деган гаплар бор, мазам қочди, дегунча қаердан эшитишади, билмайман, дарров шунча йўлдан қудаларим, қизим, набираларим етиб келишади. Йўл яқин бўлиб қолди-да, айланай. Ҳа, буйрагим шамоллаб қолганда мени Душанбедаги катта касалхонага олиб боришди. Йўлда қийналаман, деб қўрққандим. Машина бирон марта ҳам қаттиқ силкинмайди. Жоним ҳеч ҳам оғримади. Душанбеда даволаниб қайтиб келгач, эрта тонгда ҳам, оқшомлари ҳам Президентимизни, йўл қурганларни дуо қиламан». Бу гапларни айтган хўжандлик онахон дуога қўл очади.
У дуо қилар экан, Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир байтлари эсимга тушади:
«Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
«Кўнгли бузуғ» - масалан, бу қор босиб қолган йўлда чорасиз ўтирган йўловчи эмасми? Ё ўйдим-чуқур йўлда машинаси бузилган ҳайдовчи эмасми? Ё яқин жигаргўшалари дийдорини кўриш, ҳолларидан хабар олиш учун қиш қачон ўтиб, кўклам келишини, баланд тоғли довон йўллари очилишини кўзи тўрт бўлиб кутаётган қариндош эмасми?
Хаёлимдан бу фикр ўтар экан, раҳматли Анварберди Эгамбердиевнинг бир ҳикоясини беихтиёр эслайман. Анварберди Эгамбердиев Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли қурилишида тер тўккан инсонлардан бири. Мазкур йўл қурилиши пайтида у «Суғд вилояти Хўжанд транспорт бошқармаси давлат муассасаси»га раҳбарлик қиларди.
Хуллас, у кўчки тагида қолиб ҳалок бўлган йўл тозаловчи ишчилар ҳақида ҳикоя қилиб берганди.
«Ишонинг, ҳеч ким уларни ишни давом эттир, дея мажбурлаган эмас эди. Аксинча, раҳбарлари кўчки тушиш хавфи бор, йўл тозаловчилар уйчасига бориб, дамларингни олинглар, кўчки ўтиб кетгач, ишларингни давом эттираверасизлар, дея огоҳлантирган экан. Ишчилардан бири изиллаган совуқ ҳавода машиналар қатор-қатор турса, ҳайдовчилар, йўловчилар бизнинг йўл тозалашимиздан умидвор бўлиб, кутиб туришса-ю, биз уйчага бориб оёқ узатиб, дам олиб ётсак, қандай бўларкин, дебди. Ҳа, фақат уруш майдонида эмас, ҳамма ерда қаҳрамонлик учун жой топилади. Агар урушда ботир аскар ўт очиб турган душман дзотини кўкраги билан тўсиб, пулемёт овозини ўчириб, ўз ўлими билан қанча-қанча аскарлар ҳаётини узайтирган бўлса, бу уч ишчи ўз жасоратлари билан ўнлаб ҳайдовчилар ва йўловчиларни совуқ уришдан, беморликка чалинишдан сақлаб қолишди. Худойим жойларини жаннатдан қилсин, бу уч ишчи чинакам ботир, жасур инсонлар бўлишган, ўзларини эмас, одамларни ўйлашган…»
Ўшанда 2005 йилнинг қиш чилласи – январ ойи эди. Бир кун олдин қалин қор ёғади, эртасига ҳаво бироз илийди ва баланд тоғли Шаҳристон довонига кўчки тушади. Довоннинг икки тарафида юк ташувчи ва енгил машиналар қаторлашиб кетганди. Агар кундузи йўл тозаланмаса, тунда совуқ кучайган маҳал ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг азоб чекишлари аниқ эди. Йўл ишчилари жуда тез ишлашарди. Лекин уларнинг олдига раҳбарларидан бири келиб, қайтадан кўчки тушиш хавфи борлигини айтиб, ишни тўхтатишни талаб қилади. «Майли, сиз бориб уйчани иситиб туринг, биз ортингиздан тез етиб борамиз», дейди ишчилардан бири. Раҳбар кетиши билан ишчилар йўлни тозалашда давом этишади.
Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтадими-йўқми, қўқисдан тепадан кўчки юмалайди ва қочишга улгурмаган уч ишчи унинг тагида қолади. Афсуски, ишчиларнинг ҳар учови ҳам ҳалок бўлади... Республика Ҳукумати розилиги билан Молия вазирлиги ва Тожикистон Касаба иттифоқи ҳалок бўлганларнинг ҳар бирининг оиласига энг оз иш ҳаққига нисбатан 102 баравар миқдорда маблағ ажратади. Бундан ташқари, бу оилалардаги болаларни балоғат ёшига етгунча қаровга олишга қарор қилинади.
Гарчи орадан йиллар ўтган бўлса-да, юқоридаги воқеани батафсил ҳикоя қилганим боиси бор. Чунки мамлакат зиёлилари билан учрашувда Президентимиз китобхонлик, театрга тушиш масаласи ҳақида гапирганида, нимагадир шаҳристонлик фидойи ишчилар кўз ўнгимдан ўтаверди. Миллат пешвоси одамларнинг оз китоб ўқиётгани ё театрга кам тушаётганликларининг бошқа сабабларини ҳам излаш зарурлигини таъкидлади. Тўғри-да, ёзиш-чизиш сал-пал қўлидан келган одам ҳозир ё ўз пулига, ё қайси бир пулдорнинг маблағи ҳисобига китоб чиқараётган бўлса, ноширларнинг у китоблар сифати билан ишлари бўлмаса, китобхон ҳеч қандай маънавий, эстетик завқ олмаса, потирлаб ёзилаётган асарлар инсон руҳиятига таъсир қилмаса?! Президент айтганидай, яхши китоб бўлса, ўқувчи топилади. Энди айтинг, шаҳристонлик уч фидойи ишчи ҳаёти юксак бадиий савияда тасвирланган, уларнинг матонат, жасорат, инсонпарварликка йўғрилган феъли-атвори ўқимишли тарзда очиб берилган асар ёзилса, наҳотки, китобхонни бефарқ қолдирса? Шаҳристонлик ишчилар каби замонамиз қаҳрамонлари эса, оз эмас! Юртимиз, халқимиз тинчлигини бузиш учун ўт очган, бегуноҳ одамлар ёстиғини қуритган ёвузларга қарши курашиб ҳалок бўлган жасур йигитлар, бундан йигирма йиллар муқаддам қора қозон қайнатишга етиб-етмайдиган маошга тоқат қилиб, ёш авлод келажагини ўйлаган, айрим ҳамкасблари каби мактабни тарк этмаган касбига фидойи муаллимлар... Фақат замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги асарлар юксак бадиий савияда ёзилиши ҳам шарт!
Юртимизда ҳар соҳада, жумладан, йўлсозликда, йўлда йўловчилар учун қулайлик яратиб беришда ҳам фидойи инсонлар кўп экан, мен яқин йиллар орасида мамлакатимиздаги барча йўлларнинг текис, равон бўлишига ишонаман. Бу йўллар эса, албатта, сизу бизни ойдинлик, фаровонлик, бахту иқбол томон элтади. Бу йўллар қалбларни бирлаштиради, халқни бирлаштиради.
Ўринбой Усмон,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,
Ҳожи Содиқ номли мукофот лауреати.
Сизни тушунадиган, ҳурмат қиладиган турмуш ўртоғингиз бўлса, ҳаётда энг бахтли аёл бўларкансиз. Бунинг акси бўлса, турмушингиз бефайз бўлиб қоларкан.
Мен алданган аёлман. Не-не орзулар билан бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғим мени узоқ йиллар алдаб юрган экан. Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир бир бошдан ҳикоя қиламан.
Муфассал...
Ёхуд полиомиелитнинг олдини олиш хусусида
Ота-оналар учун фарзандларининг саломатлиги биринчи ўринда туради. Зеро, соғлом бола миллатнинг келажаги, соғлом жамият пойдеворидир. Бу тўғрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий мажлисига йўллаган Паёмида ҳам алоҳида таъкидланган.
Мамлакатимизда ҳам болалар соғлиғини сақлаш йўлида бир талай ишлар
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015