Жорий йилнинг 23 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятига иш сафари билан борди.
Миллат пешвосини Хўжанд шаҳри аэропортида вилоят аҳолиси ўзига хос хурсандчилик ва самимият билан кутиб олди.
Давлат бошлиғининг Суғд вилоятига иш сафари Бобожон Ғафуров ноҳиясидан бошланди.
Мамлакат Президенти Б. Ғафуров ноҳияси Чашмасор қишлоқ жамоатида рамзий лентани кесган ҳолда "Хуаксин Ғаюр-Суғдцемент" МЧЖ цемент заводи фаолиятини бошлаб берди.
Мамлакат Президентига завод қурилиши 2014 йили маҳаллий "Ғаюрцемент" компанияси томонидан хитойлик шериклар - "Хуаксин-цемент" компанияси билан биргаликда бошланиб, 48 гектар ташландиқ ерда 1 миллиард сомонийдан зиёд маблағ ҳисобидан қурилгани маълум қилинди.
Заводнинг бир суткалик лойиҳавий қудрати 3300 тонна, йиллик қудрати 1 миллион тоннадан зиёд цементни ташкил қилиб, бу ерда 1300 киши доимий иш жойлари билан таъминланган. 90 фоиздан зиёд ишчи Тожикистон фуқаролари ҳисобланиб, уларнинг ўртача ойлик маоши 1500дан 12 000 сомонийгачани ташкил қилади. Завод қурилиши ва жиҳозланишида 1400 қурувчи, муҳандис-техник мутахассислар жалб этилган бўлиб, уларнинг аксарияти маҳаллий фуқаролардир.
Цемент заводи барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида 25 мегаватт-соат қудратга эга иссиқлик-электростанцияси қурилган.
Ишлаш ва ишчиларнинг яшашлари учун қулай шароитни таъминлаш учун завод қошида замонавий ётоқхона ва ошхона қурилган.
Мамлакат Президенти завод фаолияти билан танишар экан, тадбиркорлар ишига юқори баҳо берди ва уларга миннатдорчилик билдирди.
"Хуаксин Ғаюр-Суғдцемент" заводи замонавий дунё технологияларидан фойдаланган ҳолда қурилган бўлиб, унда экологик хавфсиз маҳсулотнинг чиқиндиларсиз ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Завод 400, 500 ва 600 маркали цемент ишлаб чиқариб, у жаҳон стандартларига жавоб беради ҳамда Европа бозорида машҳур ва рақобатбардош ҳисобланади.
Завод ҳар йили давлатга солиқ сифатида 145 миллион сомонийдан зиёд маблағ тўлайди.
Маҳаллий тадбиркор Акбар Ғуломовнинг сўзларига кўра, мазкур завод фаолияти бошланиши ва маҳсулот олиши билан Тожикистонда, жумладан, Суғд вилоятида цемент нархи 35 фоизгача арзонлашиб, шу билан бирга, завод маҳсулотлари импорт маҳсулотлари ўрнини босади.
Йирик саноат иншооти очилганидан кейин шу ернинг ўзида Давлат бошлиғи Бобожон Ғафуров ноҳияси фаоллари, мазкур завод ишчилари билан учрашди.
Ўз чиқишида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон ноҳия аҳолисини "Хуаксин Ғаюр-Суғдцемент" цемент заводи фойдаланишга топширилиши ва 1300та янги иш жойлари яратилгани билан табриклаб, бу йирик иншоот фаолияти бошланишини муносиб наврўзий совға, дея атади.
Олхўри боғида
Газетамизнинг ўтган сонида хабар берганимиздек, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иш сафари билан Суғд вилоятида бўлди. Давлат сарвари вилоятнинг Бобожон Ғафуров ноҳияси Чашмасор қишлоқ жамоатида 100 гектар майдонда қора олхўрининг экспортга мўлжалланган боғи бунёди жараёни билан танишди.
Мамлакат Президенти сув қувури ишга туширилишида иштирок этиб, фермерлар ва боғбонлар билан бирга кўчат ўтқазди.
Мамлакат Президентига сув танқислиги сабабли, қишлоқ хўжалиги айланишидан тушиб қолган ва узоқ йиллар яйлов сифатида ишлатилган ерларда тадбиркорлар 120 гектар боғ барпо этишгани маълум қилинди. Шу ернинг ўзида 100 киши иш жойлари билан таъминланди. Бундан ташқари, 600 гектар майдонда экспортга мўлжалланган қора олхўри боғи барпо этилиши кутилмоқда. Бу қўшимча иш жойлари яратишга имкон беради.
100 гектар ерда қора олхўрининг 9 тури, 20 гектарга шафтолининг турли навлари экилган. Тадбиркорлар Нодиржон Қодиров ва Хуршед Шодиев 600 гектар ерни суғориш мақсадида, 13 километр узунликдаги сув қувури тармоғини ўтказдилар.
Жорий йил 1 марти кўрсаткичига биноан, фермерлар 100 гектар майдонда қора олхўрининг «Тобистон» (Ёзги), «Испалиний», «Султоний», «Комета», «Самарқандии барвақтий» (Эртачи самарқандча), «Японий» навларини экканлар. 20 гектар майдонда шафтолининг «Лола», «Фарҳод», «Чилагий» ва «Элберта» навлари экилган.
Келгусида режага мувофиқ, бу ерда 200 иш ўрнига эга меваларни қайта ишлаш корхонаси ташкил қилинади.
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон ноҳия аҳолисига янги боғлар майдонларини кенгайтириш ва 2016-2020 йиллар боғдорчилик ва токпарварлик соҳасини ривожлантириш давлат дастурини амалга татбиқ этиш бўйича топшириқ ва фойдали тавсиялар берди.
Меҳробод шаҳарчаси қурилиши бошланди
Суғд вилоятига иш сафари доирасида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Мастчоҳ ноҳиясида Меҳробод замонавий шаҳарчаси қурилишига тамал тошини қўйди.
Мамлакат Президентига янги шаҳарча Суғдиён қишлоқ жамоати ҳудудида 330 гектар майдонда бунёд этилиши маълум қилинди.
Режа бўйича Мастчоҳ ноҳияси марказидан 18 километр масофада жойлашган Меҳробод шаҳарчасида 220та икки қаватли ва 2500та бир қаватли уйлар қурилиши керак.
Меҳробод шаҳарчасига кириш жойида мамлакат Президенти учта муҳим иншоот, жумладан, мактаб, касалхона ва болалар боғчасига тамал тошини қўйиш тадбирида иштирок этди.
Лойиҳа билан танишув чоғида Давлат бошлиғи қурувчиларга шаҳарчани сифатли ва юз йиллар давомида аҳолига хизмат қилиши учун замонавий талабларга мувофиқ қуришни топширди.
Бу ерда 1,5 километр автомобил йўли асфалтланиб, электр узатиш ва сув билан таъминлаш тармоқлари ўтказилган.
Андарвашт қишлоғида янги мактаб
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Мастчоҳ ноҳияси Оббурдон қишлоқ жамоатининг Андарвашт қишлоғида рамзий лентани кесиш орқали янги 36-ўрта умумтаълим муассасаси фаолиятини тантанали тарзда бошлаб берди.
Давлат бошлиғи ушбу таълим муассасаси замонавий шароитлари билан танишар экан, ўқувчилар билан очиқ суҳбат ўтказди.
Ертўла биносига эга мактаб икки қаватдан иборат бўлиб, бир сменада 240 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Мактаб корпуси 15та таълим синфхонаси, жумладан, электрон тахтали компютер синфхонаси, илғор таълим жиҳозлари билан таъминланган физика, химия ва биология кабинетларига эга.
Аввал мазкур қишлоқ жамоати фарзандлари истиқомат манзилларидан 6 километр масофада жойлашган бошқа мактабларга қатнаб ўқишар ва қиш мавсумида турли мушкулликларга дуч келишарди.
Янги мактаб замонавий таълим жиҳозлари билан таъминланиб, иситиш тизимига уланган.
Давлат бошлиғи иштирокчиларни янги муҳим иншоот очилиши билан табриклаб, мамлакат Ҳукуматининг маориф соҳасини ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси сифатини яхшилаш йўлидаги доимий ёрдами ҳақида сўз юритди.
Исмоил Сомоний ёдгорлиги очилди
Мастчоҳ ноҳияси Бўстон шаҳарчаси марказида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон тожиклар давлати илк асосчиси – шоҳ Исмоил Сомоний улуғвор ёдгорлигини тантанали тарзда очиб берди.
Исмоил Сомоний ёдгорлиги марказий хиёбонда шаҳарча маданият ва истироҳат боғи ёнида бунёд этилган.
Мамлакат Президентига шоҳ Исмоил Сомоний ёдгорлиги баландлиги устуни билан биргаликда 12 метрни ташкил қилиб, Тожикистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ғафуржон Жўраев томонидан ишлангани маълум қилинди.
Ёдгорлик бунёд этилган марказий хиёбон ва боғ қайта тикланиб, Мастчоҳ ноҳияси аҳолиси ва меҳмонлари учун сайру саёҳат кўркам масканига айлантирилди.
Шунингдек, ноҳия Маданият қасри таъмирланиб, тадбиркор Мирзораҳим Шарифов томонидан янги миллий чойхона қурилди ва фойдаланишга топширилди.
Давлат бошлиғи янги иншоотлар очилиши, маънавий-маиший шароитлар билан танишувдан сўнг Мастчоҳ ноҳияси фаоллари билан очиқ суҳбат ўтказди.
Давлат бошлиғи ўз минтақалари ободончилигига ҳисса қўшган маҳаллий тадбиркорларга миннатдорчилик билдирди.
Миллат пешвоси ўз чиқишида, шунингдек, давлат ва Республика Ҳукуматининг жамиятни ривожлантириш ва халқ фаровонлигини яхшилашга йўналтирилган яратувчан ҳаракатлари ҳақида сўз юритди.
Исфара шаҳрида янги маъмурий бино
Суғд вилояти шаҳру ноҳияларига иш сафарининг иккинчи кунида мамлакат Президенти қадимий Исфара шаҳрига ташриф буюрди.
Шу ерда Давлат бошлиғи рамзий лентани кесар экан, Исфара шаҳри прокуратураси маъмурий биносини тантанали тарзда очиб берди.
Янги бино шароити билан танишув чоғида Миллат пешвосига мазкур иншоот қурилиши 2013-2017 йиллар Исфара шаҳри ижтимоий-иқтисодий тараққиёти дастури доирасида амалга оширилганини маълум қилишди.
Прокуратура уч қаватли биноси 240 квадрат метр майдонни эгаллайди ва унинг қурилиши учун 3,4 миллион сомоний маблағ сарфланган.
Бинода, шунингдек, ертўла, ишлаш учун барча зарур шароитга эга 11та иш кабинети мавжуд.
Мамлакат Президенти ходимларни янги жиҳозланган бино очилиши билан табриклар экан, уларни хизмат вазифаларини садоқат билан ижро этиш ва қонун устуворлигини таъминлашга даъват қилди.
Хизмат кўрсатиш корхоналари ва муассасалари мажмуи
Исфара шаҳрининг Исмоил Сомоний хиёбонида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон хизмат кўрсатиш корхоналари ва муассасалари мажмуи фаолиятини бошлаб берди. Исфара шаҳри аҳолиси Миллат пешвосини ўзига хос самимият ва хурсандчилик билан кутиб олди.
Мамлакат Президентига хизмат кўрсатиш маркази қурилиши умумий қиймати 7 миллион сомонийга яқин маблағни ташкил қилиши, иншоот буюртмачиси ноҳиянинг ватанпарвар аҳолиси эканлиги маълум қилинди.
Маҳаллий тадбиркор Файзулло Нуруллоев бу ерда шаҳар ёш тадбиркорларини қайта тайёрлаш маркази сифатида хизмат қилувчи «Бизнес инкубатор» маркази биносини қурди.
Шу ернинг ўзида Давлат бошлиғи шаҳар тадбиркорлари билан очиқ суҳбат чоғида хорижий тиллар ва компютер технологияларини кўпроқ ўрганиш тавсиясини берди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш тадбиркорлиги ва маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни оширишга эътибор қаратишни маслаҳат берди.
Бинонинг бошқа қисмида ушбу тадбиркор «Ягона дарча» хизмат кўрсатиш марказини қурган. Мамлакат Президенти тадбиркорларнинг бундай ташаббусларидан қониқиш билдирар экан, одамларнинг бу жараёнда иштирокини талаб этмайдиган «Ягона дарча» фаолиятининг энг замонавий шаклини йўлга қўйишни топширди.
Бинонинг иккинчи ва тўртинчи қаватларида 18та квартира жойлашган бўлиб, Исфара шаҳри аҳолисига арзон нархларда сотилади.
Ушбу йирик хизмат кўрсатиш мажмуасида тадбиркор Нарзулло Ўлмасов томонидан беш қаватдан иборат бўлган «Ориёно» кийим-кечаклар ва маиший техникалар магазини ташкил этилган.
Бино биринчи қаватида савдо маркази, иккинчи қисмида эса, маиший техника ва кийим-кечаклар магазини жой олган. Беш қаватли бинонинг бошқа қаватларида сотувга қўйилган кўркам квартиралар жойлашган.
Давлат бошлиғининг хотин-қизларни ҳунар ва касб эгаллашга жалб этишга доир топшириқ ва кўрсатмалари доирасида Исфара тадбиркорлари хизмат кўрсатиш мажмуасида «Саховат» ўқув тикувчилик цехини фойдаланишга топширдилар.
Мазкур цех кўп қаватли бинода жойлашган бўлиб, икки қаватдан ўрин олган. Шундан биттаси қўл иши ва тикувчиликни ўргатишга, бошқаси эса – халқ ҳунарлари маҳсулотлари намойиши ва сотуви учун мўлжалланган.
Мазкур марказ билан танишув чоғида мамлакат Президенти давлат ва Ҳукумат раҳбариятининг ижтимоий сиёсатини қўллаб-қувватлаганликлари учун тадбиркорларга миннатдорчилик билдирди. Ўқув марказида бир йилда 300 нафаргача хотин-қизларни таълим билан қамраб олиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Бинонинг иккинчидан тўртинчи қаватигача 10та квартира мавжуд.
Исфара шаҳрининг бошқа тадбиркори Зиёваддин Ҳамдидинов ушбу бинода оилавий тиббиёт ва фитотерапия учун ташхис марказини ташкил қилди. Ташхис нуқтаси бинонинг биринчи қаватида жойлашган.
Бино юқори қаватларида 4та квартира жойлашган бўлиб, иншоот лойиҳавий қиймати 1,5 миллион сомонийдан зиёдни ташкил қилади.
Шу ернинг ўзида мамлакат Президенти шаҳарнинг тўртта жамоати ва шаҳарчаси, жумладан, Исфара, Ворух, Чилгази ва Чоркуҳ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида тез тиббий ёрдам автомобилини топширди.
Конибодомда «Нафтрасон» корхонаси
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакат у ёки бу минтақасига ҳар қандай иш сафари – хурсандчилик ва яратувчанлик ишлари бошланишидан дарак беради.
Конибодом шаҳрида мамлакат Президенти яна битта йирик саноат корхонаси – «Нафтрасон» МЧЖ фаолиятини расман бошлаб берди. У нефтни ўбдан қайта ишлаш бўйича биринчи корхона ҳисобланади.
Нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича корхонада ишлаб чиқариш жараёни юртимиз тадбиркори Носир Усмонов бошчилигидаги маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.
Корхона иқтидори ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишув жараёнида мамлакат Президенти фаолият тизими ва якуний нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши сифатига эътибор қаратар экан, илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий қилиш бўйича фойдали тавсиялар берди.
Мамлакат Президентига айни пайтда корхона йиллик ишлаб чиқариш иқтидори 70 минг тонна хом нефтни ташкил қилиши, ҳар йили 70 миллион сомонийлик тайёр нефт маҳсулоти ишлаб чиқариши маълум қилинди.
Мазкур қудратли ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиши туфайли 80 нафарга яқин киши иш жойларига эга бўлади. Корхона ишчилари ўртача ойлик маоши 2 минг сомонийни ташкил қилади.
«Нафтрасон» МЧЖ ёнилғи материаллари, жумладан, бензин, дизел ёнилғиси, суюлтирилган газ ва мазут ишлаб чиқаради.
Қайд қилинишича, корхона хом ашё билан, асосан, хориждан, жумладан, Қозоғистондан таъминланади.
«Меваи Канд» МЧЖ фаолияти билан танишув
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Конибодом шаҳрида маҳаллий тадбиркор Ҳомид Ёқубов томонидан бунёд этилган «Меваи Канд» МЧЖ қуруқ меваларни қайта ишлаш бўйича корхона фаолияти билан танишди.
Мамлакат Президентига корхона 3 миллион сомонийга яқин маблағга қурилгани ва унда турли қуруқ мевалар қайта ишланиши маълум қилинди.
Корхонанинг фақатгина басталаш цехида 40 нафарга яқин маҳаллий аҳоли, асосан, уй бекалари яхши маошли доимий иш жойи билан таъминланган.
Корхонада тозалаш, ювиш, қуритишдан тортиб, маҳсулотни қадоқлашгача замонавий технологиялар ёрдамида йўлга қўйилган. Корхона бир суткада 5 тоннагача қуруқ меваларни қайта ишлаш иқтидорига эга.
Автомобил йўллари реконструкцияси бошланди
Суғд вилоятининг Конибодом шаҳрида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон «Исфара-Конибодом-Жаббор Расулов» автомобил йўли қурилиши участкасига ташриф буюриб, йўлнинг мазкур участкаси қурилишини бошлаб берди.
«Хўжанд-Исфара автомобил йўллари участкалари реконструкцияси лойиҳаси» биринчи босқичи таъмирлаш-қурилиш ишлари умумий қиймати 45 миллион Америка долларини ташкил қилади. Шундан 38 миллион 250 минг доллари кредит ва 6 миллион 70 минг Америка доллари Бутунжаҳон банки грантини ташкил қилади.
Автомобил йўли 6та участкадан ташкил топиб, унинг умумий узунлиги 68 километр, кенглиги 12 метрга тенг бўлади. Баъзи жойларда йўл кенглиги 22 метргача етади. Таъмирлаш-қайта тиклаш ишларини тугатиш муддати икки йилдир.
Иш жараёнида 80 фоиз ишчилар маҳаллий аҳоли ҳисобидан танланиб, бу улар яшаш шароитини яхшилашга ҳисса қўшади.
Конибодом шаҳри раҳбарияти ва фаоллари билан учрашув
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Конибодом шаҳри раҳбарияти, фаоллари ва аҳолиси билан учрашди.
Конибодом шаҳрининг Ражаб Ҳамробоев қишлоқ жамоати Ғалаба деҳқон хўжалиги ўрик боғида бўлиб ўтган учрашув аввалида мамлакат Президенти иштирокчиларни аждодий янги йил кириб келиши ва халқаро Наврўз байрами билан табриклаб, уларга бахт-саодат, фаровонлик ва ишларига ривож тилади.
Давлат бошлиғи шаҳар тадбиркорларига ўз минтақалари тараққиёти ва ободончилигига йўналтирилган эзгу ташаббуслари учун миннатдорчилик билдирар экан, иштирокчилар эътиборини яратувчанлик, ободончилик ишларини кенгайтириш, боғдорчилик соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ошириш ва бошқа бунёдкорлик ишларига қаратди.
Ашт ноҳиясининг Хиштхона қишлоғида янги мактаб
Суғд вилоятига иш сафарининг учинчи кунида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Ашт ноҳиясининг Понғоз қишлоқ жамоатидаги Хиштхона қишлоғида Камол Хўжандий номли 13-ўрта умумтаълим муассасасини тантанали тарзда очиб берди.
Мактаб бош корпуси 3 қават, 18та таълим синфхонаси, 3та иш кабинети ва кутубхонадан ташкил топган бўлиб, 540 ўқувчи учун барча қулай шароитлар яратилган. Мактабда 60 ўринли ошхона, миллий таомлар, жумладан, турли пишириқлар ва қандолатчиликни ўзлаштириш синфхоналари мавжуд. Бош корпус ёнида 200 ўринли спорт зали қурилган бўлиб, спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи барча замонавий шароитлар билан таъминланган.
Шу ерда Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон мактаб бадиий ташаббускорлик тўгарагига битта пианино, бошқа мусиқий асбоблар, учта тикувчилик машинаси, иккита электрон тахта ва яна битта компютер синфхонаси очилиши учун компютерлар совға қилди.
Ашт ноҳиясида Маданият қасри очилди
Суғд вилоятининг Ашт ноҳиясида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Маҳмуджон Воҳидов номидаги боғда янги Маданият қасри биносини очиб берди.
Янги маданият муассасаси билан танишув чоғида мамлакат Президентига Маданият қасри қурилиши 2014 йилнинг мартида Суғд вилояти Капитал қурилиш бошқармаси томонидан бошлангани, иншоот қурилиши умумий қиймати 12 миллион сомонийни ташкил этиши маълум қилинди.
Маданият қасри биноси икки қаватли бўлиб, 800 ўринли асосий зал, иш кабинетлари, машғулотлар учун кичик заллар, мажлислар зали ва ертўлага эга. Бино миллий меъморчилик услубида безатилган бўлиб, унинг олд томонини ўймакорлик билан ишланган 18та устунлар ва эшиклар безаб турибди.
Турли маданий тадбирлар ўтказилиш жойига айланган Маданият қасри шароитлари билан танишув чоғида Давлат бошлиғи қурувчилар ва ўймакор усталарга яна битта замонавий бинони бунёд этганликлари учун миннатдорчилик билдирди.
Шайдонда 200 ўринли янги чойхона
Ашт ноҳиясининг Шайдон шаҳарчасида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон 200 ўринли замонавий чойхона очилишида иштирок этди.
Чойхона биноси Ашт ноҳияси Истеъмолчилик иттифоқи бошқармаси томонидан Маҳмуджон Воҳидов номли марказий маданият ва истироҳат боғида қурилган. Чойхона 140 ўринли катта зал, 20 ўринли қўшимча зал, ҳар бири 10 ўринга мўлжалланган тўртта алоҳида хона ҳамда ертўла ва ошхонадан ташкил топган.
Аввал боғ ҳудудида стадион, бошқа маиший марказлар жойлашган бўлиб, Маданият қасри ва янги чойхона қурилиши мажмуани маданий-маиший иншоотлар билан тўлдирди.
Замонавий чойхонада тўйлар ва бошқа маданий тадбир ўтказилиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон қурувчиларга бу кўркам бино қурилиши учун юқори баҳо бериб, Истеъмолчилик иттифоқи бошқармаси масъул шахсларига чойхона замонавий шароитларидан фойдаланган ҳолда, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш топшириғини берди.
Миллат пешвоси Бобожон Ғафуров ноҳиясида пахта экиш ишларини бошлаб берди
Суғд вилоятига иш сафарининг тўртинчи кунида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳияси Исфисор қишлоқ жамоатидаги Абдураҳим Жумаев номли очиқ ҳиссадорлик жамиятида пахта экиш ишларини бошлаб берди.
Хўжалик 15 гектар суғориладиган ерга эга бўлиб, унинг меҳнаткашлари турли сабзавотлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, пахта, сабзи, помидор, бодринг, қалампир ва карам етиштириш билан шуғулланади.
Давлат бошлиғи экинда пахтанинг арчилган уруғидан фойдаланаётган деҳқонлар фаолиятига юқори баҳо берди. Шу ернинг ўзида мамлакат Президенти хўжалик ва бошқа пахтакор хўжаликлар масъул шахсларига пахта экишнинг ушбу усулидан фойдаланишни йўлга қўйиш топшириғини берди.
Аввал бир гектар майдонга 100 килограммдан зиёд пахта уруғи экилгани, энди эса, пахтанинг арчилган уруғидан фойдаланиш туфайли, бунга 30 килограмм уруғ етарли бўлиши қайд қилинди. Бу усул, энг аввало, маблағни тежаш ва хўжалик иқтисодий даромадлари ошиш йўлларидан бири ҳисобланади.
Умуман, мазкур хўжалик 13 гектардан зиёд майдонда боғдорчилик, токпарварлик, зотли чорвачилик ва уруғчилик билан шуғулланади.
Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон хўжалик меҳнаткашларига боғдорчилик ва токпарварлик соҳасини ривожлантириш, унумли ер ва қулай шароитдан самарали фойдаланиш, экинларни эрта суғориш, иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш, ноҳия ва вилоят бозорларини эртачи сабзавотлар билан таъминлаш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.
«Афзали Зарзамин» МЧЖ инновацион фермаси фаолияти билан танишув
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Зарзамин қишлоқ жамоатида «Афзали Зарзамин» МЧЖ инновацион чорвачилик фермаси фаолияти билан танишди.
«Афзали Зарзамин» МЧЖ инновацион чорвачилик фермаси биноси ва иншоотлари тўлиқ қайта тикланиб, фермада энг илғор ускуналар ва технологиялар ўрнатилгани қайд этилди.
Бу ерда 18 киши доимий иш жойи билан таъминланиб, ўртача ойлик маоши 1200 сомонийни ташкил қилади. Ишчиларнинг аксарияти Германияда малака ошириб келган.
Ферма ускуналари 324 бош йирик шохли чорвани соғиш учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг ҳар бири суткасига 26 литр, умуман, 1700 литр сут беришга қодир.
Давлат бошлиғи олдинда турган беш йил давомида йирик шохли чорвани 1000 бошгача кўпайтириш топшириғини берди.
Танишув чоғида мамлакат Президентига айни пайтда фермада Германиянинг Симментал зотли 320 бош йирик шохли чорва парваришланаётгани маълум қилинди. Тўл олиш даврида 122 бош йирик шохли чорвадан 100 бош бузоқ олишга муваффақ бўлинди.
Мазкур фермада ёш бузоқлар учун махсус хоналар ҳамда икки йиллик бузоқлар учун зарур шароитлар мавжуд. Шунингдек, хўжалик немис зотли чорвадан ташқари, 50 бош олачипор йирик шохли чорвага ҳам эга. Мазкур гўшт-сут фермаси маҳсулоти вилоят саноат корхоналарида қайта ишланиб, мамлакат шаҳру ноҳиялари бозорларида сотилмоқда.
Бўстон шаҳрида МХДК таълим маркази очилди
Бўстон шаҳридаги Миллий хавфсизлик давлат комитети таълим маркази Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон топшириғига биноан қурилган.
Давлат бошлиғи Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат комитети «Алфа» террорчиликка қарши махсус қисми таълим маркази фаолиятини тантанали тарзда бошлаб берди.
Давлат ва мамлакат Ҳукумати мустақил Тожикистон Қуролли кучлари учун хизмат меъёрий шароитларини яратиш мақсадида муҳим чора-тадбирларни қабул қилаётгани қайд этилди.
Мустақиллик йилларида мудофаа идораси ва миллий хавфсизлик қисм ва бўлинмалари шахсий ҳайъати касбий малака нуқтаи назаридан ривожланган ва жанг қилишга қодир бирликка айланди.
МХДКнинг «Алфа» террорчиликка қарши махсус қисми ходимларини тайёрлаш бўйича таълим маркази 1,5 гектар майдонда қурилган бўлиб, ўз ичига бир қатор махсус иншоотларни қамраб олади.
Ертўлага эга бўлган икки қаватли маъмурий-таълим корпусида ўқув синфхоналари, ҳарбий-спорт машғулотлари учун заллар, мажлислар зали ва бошқа махсус хоналар жойлашган.
Бундан ташқари, марказ турли махсус машғулотлар ўтказиш учун ускуналаштирилган майдонлар, жиҳозланган ётоқхона, ошхона, ҳаммом, офицерлару аскарлар яшаш ва ҳордиқ чиқаришлари учун бошқа замонавий шароитларга эга.
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон шахсий ҳайъат билан суҳбат чоғида мазкур иншоот МХДК «Алфа» террорчиликка қарши махсус қисми касбий ходимларини тайёрлашга имконият яратишини қайд қилди.
Мазкур махсус қисм мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоялаш, душманлар қора ниятлари олдини олиш, террорчи гуруҳларни зарарсизлантириш ва бартараф этиш, конституцион тузум, қонуний ҳокимиятни қайта тиклаш ва қуролланган гуруҳларга қарши кураш бўйича муҳим даврлар ва дақиқаларда муҳим ролни ўйнаб, жиддий ҳаётий синовдан ўтди.
«Корвони Наврўзий» ва «Сайри гули лола» байрамона тадбирлари
Суғд вилоятига иш сафари доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон «Корвони Наврўзий» («Наврўзий карвон») ва «Сайри гули лола» («Лола сайли») байрамона тадбирларида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Миллат пешвоси билан учрашиш учун бу тантанали тадбир ўтказилиш жойига 10 мингдан зиёд киши тўпланганди.
Дастлаб мамлакат Президенти Наврўзга бағишланган бу тантанали тадбир иштирокчилари олдида чиқиш қилиб, иштирокчилар ва улар сиймосида вилоят барча фуқароларини баҳор фасли кириб келиши ва Наврўз байрами билан табриклади.
Давлат бошлиғи ишончли тарихий манбаларга таянган ҳолда, аждодларимиз томонидан «Наврўзи бузург» (Катта Наврўз) деб аталган Наврўзни нишонлашнинг олтинчи кунида халқ катта маросим ташкил қилиб, унинг жараёнида хурсандчиликлар қилишган ва бир-бирларини табриклашганини қайд қилди.
Чунки аждодларимизнинг ишонч ҳосил қилишларича, Наврўзни нишонлаш олтинчи куни – бу бахт, тинч ҳаёт улашиш куни ва шу мақсадида одамлар Наврўзни нишонлаш жойига биргаликда келишиб, бутун йил давомида мамлакат ва ҳар бир оилада гуллаб-яшнаш ва фаровонлик ҳамроҳлик қилиши учун «Корвони Наврўзий» номли байрамни ташкил қилишган.
Миллат пешвоси - "Баҳористон" санаторийсида
27 март куни эрталаб Суғд вилоятига иш сафари доирасида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон "Баҳористон" санаторийсида ободончилик ишлари билан танишди.
Мамлакат Президентига 2016 йилнинг биринчи уч ойида санатория соф даромади ҳисобидан бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, жумладан, санатория саҳнида замонавий фаввора қурилгани, парранда парки каклик, товус, тўтиқуш, бедана билан бойитилгани ҳамда гуллар ва декоратив буталар, манзарали сояли дарахтлар кўчатлари ўтқазилгани маълум қилинди.
Санатория шароити билан танишув чоғида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон ҳордиқ чиқарувчилар, жумладан, хорижий сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида ободончилик ишларини бундан кейин ҳам кенгайтириш, саломатлик учун фойдали бўлган гуллар ва кўчатлар ўтқазиш орқали боғни гўзал масканга айлантириш топшириғини берди. Давлат бошлиғи тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва таомлар сифатини яхшилашни топширди.
Таъкидлаш жоизки, "Баҳористон" санаторияси 2011 йили Давлат бошлиғининг бевосита топшириғига биноан қурилган бўлиб, бугун у аҳоли ҳордиқ чиқариши ва саломатлигини тиклаши учун муҳим масканга айланди.
6 корпусдан ташкил топган ва 800 мижозни қабул қилиш учун мўлжалланган ва санаторийда 365 киши фаолият юритаётган бўлиб, улар ўртача ойлик маоши 1000 сомонийни ташкил қилади.
Мамлакат Президенти танишувдан сўнг, санатория раҳбариятининг бунёдкорлик ташаббусларига юқори баҳо бериб, уларни бу эзгу ишларни давом эттиришга чорлади.
«Ховар» ТМАА.
Бойчечак қаддини кўтарар ердан,
Баҳорнинг нафаси сочилди ҳар ён.
Заминда жаннатий ҳаёт яратиб,
Кўкламнинг қадами етди биз томон.
Муфассал...
12 июн куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Тожикистонга келди. У сафар доирасида Сарез кўлига бориш чоғида Помир тоғи устидан парвоз қилиб ўтди.
Бош котибнинг Тожикистонда кузатган иқлим ўзгариши оқибати уни ҳайратга солган - бу мамлакатдаги музликларнинг қарийб ўттиз фоизи аллақачон эриб кетганини таъкидлади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015