Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 10 Март 2016 Кӯришлар: 1802
Печат

 

nazri asadzodaТожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат комитети раиси Саймумин Ятимовнинг "Идеология ва миллий манфаат" номли мақоласи мутолаасидан кейинги мулоҳазалар

Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат комитети раиси Саймумин Ятимовнинг "Идеология ва миллий манфаат" сарлавҳаси остидаги мақоласининг мамлакат оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинганлиги мудрай бошлаган миллий ўзликни англаш ҳиссиётимизни яна қайта бошдан  уйғотиб юборади,

тарих сабоқларини унутган кишиларимизни сиёсий жиҳатдан мудом ҳушёр ва зийрак бўлишга чорлайди.

Айни замонда мамлакат хавфсизлик тузилмалари энг муҳим соҳаси сарварлиги Саймумин Ятимов каби ватанпарвар бир сиёсатчи  ва жамоат арбоби зиммасига юкланганлиги қувончли ҳодисадир.

Айни пайтда мазкур мақола ватанпарварлик бобидаги  янги бир қадам бўлиб бу йўналишдаги бунёдкорлик ишларининг бошланиши - ибтидосидан башорат беришига ишонч ҳам ҳосил қилдик.

Ҳозирги замоннинг можаролар ва зиддиятларга тўла вазияти, глобализация ҳаракатининг кескин йўналиши, қудратли давлатларнинг стратегик ва геополитик жиҳатдан муҳим бўлган минтақаларни ўзига бўйсундириб олиш йўлидаги азм-талошлари ва ўзаро низолари, идеология мавқеи, иделогик чора-тадбирларнинг муҳимлигини ўн чандон оширадиган омиллардандир.

Хусусан, шунга ўхшаган давлатлар манфаатлари тўқнашуви чегарасида жойлашган бизнинг мамлакатимизда бу давлатларнинг ҳар қайсиси Тожикистонда ўз манфаатларига хизмат қиладиган, уларнинг ғаразли мақсадларини қондирадиган сиёсий кучларни ҳокимият бошига ўтирғизиб қўйишни истаяптилар. Саймумин Ятимов таъкидлаганидек:" Идеология яратувчи субъектларнинг вазифаси турли воситалар билан кишиларнинг ақл-идрокини ўзига томон жалб қилишдан иборат бўлиб турибди. Муте этиш учун бўйсундириш. Бошқариб туриш учун муте этиш. Дахлдор сиёсий мақсадларга эришиш учун бошқариб бориш. Иқтисодий захиралар, бойлик ва мол-мулкка эгалик қилиш учун сиёсий амбицияларни амалга ошириш.

Минтақа ва халқаро манфаатжўй кучлар жамиятимизда кескинлик ва нооромлик омилларини излаб топишади ва шу восита билан диний ва сиёсий ажратиш ва бадбинликни вужудга келтиришади ва ниҳоят, иш терроризмга қарши бўлган тинчликсевар ва башардўстона ташкилотлар ниқоби остида давлат тузилмалари ичига кириб олишади. Бу кучлар ўзларининг таҳлил этувчи ва тадқиқот олиб борувчи ташкилотлари воситасида наинки кескинлик ва низо келтириб чиқарувчи,  балки жамиятимизни бирлаштирувчи омилларни излаб топиб, уларга таъсир ўтказишга киришадилар. Мазкур гуруҳларнинг бу ишни амалга оширишдан асосий мақсадлари кескинлик ва низо омилларини кучайтиришдан, бирлик ва дўстлик омилларини эса аксинча заифлаштириш ёки уларни низо ҳамда нифоқ омилларига айлантириб ташлашдан иборатдир. Дин ва унинг жамиятда тутган ўрнидан келиб чиқиб, бу манфаатжўй кучлар айнан шу нуқтаи назардан иш тутиб, бир ўқ билан икки нишонни мўлжалга олишади ва уриб туширмоқчи бўлишади: биринчидан, жамиятимиз дунёқарашининг энг таъсир кўрсатувчи ва иқтидорли кучи бўлган, шу билан бирга халқни бирлаштирувчи восита саналган Ислом дини мавқеини заифлаштиришга ва иккинчидан, кишилар диний билимларининг юзаки эканлигини ҳособга олиб, улар орасида мазҳабий бўлинишларни вужудга келтириб, Ислом динини ўз манфаатлари йўлида ишлатишга тиришадилар.

Шу мақсадда, тор диний хурофот ва мазҳабий ихтилофлар ичида ўралашиб қолишимиз ва илғор илмий ютуқларни ўзлаштиришга жиддий ҳаракат қилмаслигимиз учун диний мутаассиблик шуурини жамиятимизнинг етакчи ва пешқадам ақидасига айлантиришга ҳаракат қилишади. Зеро, илмий тафаккур ўсган тақдирда мамлакат саноати ҳам ўса бошлайди ва бу ҳолатда биз бундан сўнг хом ашё манбаси бўлмай қоламиз ва улар ишлаб чиқарган маҳсулотларга эҳтиёж сезмаймиз ва буни истамаймиз ҳам.

Давлат сатҳидаги ҳар қандай инқилоб ва тўнтаришлар идеологик ва информацион жанглар асосида тузилади ва амалга ошади. Бинобарин, сиёсий ижтимоий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва миллий давлатчилик арконларининг устуворлигини таъминлаш мақсадида жамият информацион фазоси давлат таъсири ва назорати остида бўлиши шарт ва зарурдир. Бизнинг идеологик дастгоҳимиз мукаммал ва қудратли, ички ва хорижий информацион босимларга чидамли бўлиши керак. Шунингдек, бу иделогик дастгоҳ хориждаги ватандошларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, ташқи сиёсатимизни халқаро минбарларда рақобатга чидамли ва арзирли равишда ҳимоя қилиши ҳамда намояндалик қилиши керакдир. Бу йўналишда мавжуд бўлган вазият кечиктириб бўлмас даражада янгидан-янги ёндашувларни тақозо этмоқдадир. Саймумин Ятимов бу хусусда жуда ўринли ўринли таъкидлайди:

"Тарихий тараққиёт давомида ишлар моҳиятини англаган, душманнинг яширин мақсад ва ниятларини ўрганиб, таҳлил қилиб, ошкор этган  ва уларнинг ғаразли мақсадларини англаган халқларгина бу курашлар майдонида ютиб чиқишган. Бу билимларни ўз миллатининг сиёсий фаолиятида амалда қўллаб, мамлакатни фожиа ва фалокатлардан эмин сақлаганлар".

Советлар давлати емирилиб, унинг идеологик қадриятлари эътиборсиз бўлгандан кейин жамиятимиз ақидавий андишалари фазосида тубсиз бир вакуум-бўшлиқ вужудга келди ва минглаб таассуфлар бўлсинки, биз то ҳануз бу бўшлиқни тўлдириш учун мукаммал бир идеология ва қудратли идеологик дастгоҳ ҳам ишлаб чиқармадик. Бу жуда муҳим ва тақдирсоз ишни охирига етказиш ўрнига, давлат қурилмалари иқтидорини нуқул шу фазо бўшлиғини ҳимоя қилишга ишлатдик, бугина эмас, шу восита билан ҳатто, хориждан кириб келган диний ва мазҳабий мутаассиблик хуружларини жиловлашга уриндик.

Кўнгилдаги натижага эришиб бўлмайдиган бу заҳматталаб юмушни якка - танҳоликда амалга ошириб бўлмайди албатта. Барча мавжуд бўшлиқларга хос бўлганидек, идеологик фазо бўшлиғи ҳам керак ва кераксиз нарсаларни ўз домига тортиб олаверади. Шу боисдан, шошилинч равишда миллий идеологияни мукаммал ақидавий система сифатида ривожлантиришимиз, уни жамият аҳли зеҳнига, хусусан, ўсиб келаётган авлод зеҳнига жойлаштириб қўйиш изидан бўлишимиз керак. Бу диний ва ахлоқий экстремистик ва бузғунчи ақидалар, хорижий манфий таъсир ўтказишларни жиловлаш ва мамлакат ахборот хавфсизлигини ҳимоя қилиш йўлидаги энг асосий, энг яхши ва энг янги восита бўлишига ишончимиз комилдир.

Башарият жамиятининг ўтмишдаги ва бугунги тарихи кишилик жамияти ақидавий пешволарининг аксарият кўпчилиги эркаклар жинсидан эканлигидан гувоҳлик бериб турибди. Маълумки, ҳар қандай жинс вакили муайян ва фарқ қилувчи физиологик ва психологик хусусиятларга эгадир. Идеология ишларини олиб бориш йўналиши ва жамият аҳлига ақидавий таъсир кўрсатишда эркак жинси намояндасининг кучи ва имконияти кўпроқдир. Шунинг учун, дин, фалсафа ва сиёсат соҳаси дунёқараш ва дунёни англаш, башарият ижтимоий яшаш тарзи-услубига таъсир ўтказиб инқилоб ясаган кишиларнинг аксарияти эркаклар жинси тоифасидан эдилар. Бу фикр қарши жинсни пастга уриш эмас, балки табиий ва тарихий воқеликнинг очиқ-ошкора баёнидир, холос. Психология илмининг қарашига кўра аёллар амали аксар ҳолларда ҳиссиётга берилган ҳолда, эркаклар амали эса, кўпроқ мантиқий тафаккурга асосланган бўлиб келади. Жамият аҳли зеҳнига бўлган  идеологик ва ақидавий таъсирлар ҳам айнан мантиқий тафаккур заминасида қурилмоғи керак.

Сиёсий мустақилликни ҳимоя қилиш ва давлатчилик арконини мустаҳкамлаш учун идеологик ишларга алоҳида эътибор бериш шарт ва зарурдир.

Шуниси ачинарлики, бизнинг мамлакатимизда идеологик ишлар ҳуқуқий меъёрларга таянмаган ва илмий бўлмаган бир суратда, баъзида тақлидкорлик орқасида амалга оширилаётир ва бу чора-тадбирларни олиб бориш бус-бутунлигича аёллар зиммасига юклатиб қўйилган. Вилоят, шаҳар ва ноҳия раисларининг идеология бўйича ўринбосарлари ҳеч қаерда ёзилмаган қонунлар асосида нуқул аёллар ҳисобидан тайинланади ва аксинча иқтисодиёт, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига аёллар ҳисобидан деярли ҳеч ким масъул вазифаларга тайинланмаяпти.

Муайян фоизлар доирасида жинсий мансубиятига қараб давлат хизматчилари вазифасига тайинлаб қўйиш орқали гендер тенглик ва демократик асосларни мустаҳкамлашни намойиш қилиб бўлмайди. Кадрларни тайинлаш тайинланувчи шахснинг мутахассислик афзалияти, иш тажрибаси, касбий маҳорати ва малакаси, давлат ва миллий қадриятларга садоқати назарга олинган суратда амалга оширилиши керак.

Наҳотки, ихтисосли ва маълумотли аёллар орасида иқтисодчи-ю қурувчилар ёхуд қишлоқ хўжалиги мутахассислари бўлмаса? Нима учун бу соҳаларда ихтисосли аёллар ҳисобидан обрўли шахслар масъул вазифаларга қарийбки тайинланмаяпти? Қайси ёзилган ё ёзилмаган қонунларни назарга олиб ва қайси илмий негизларга таянган ҳолда, биз бу соҳаларга жинсий хусусиятларга қараб чегара тортиб қўйяпмиз? Наҳотки  идеология соҳаси бус-бутунича аёллар соҳаси бўлса? Агар шундай бўлса, буни тасдиқлайдиган илмий асослар ва далиллар қаерда? Давлат вазифаларига тайинлашдаги бунга ўхшаш жинсий чегаралашлар, шубҳасиз, миллат интеллектуал захираларидан самарали фойдаланишга тўғаноқ бўлади, давлат тузилмаларининг заифлашишига олиб келади, идеологик ишларни сусайтириб қўяди.

Идеология, идея ва идеал бир илдизга эга бўлган муштарак тушунчалардир.

Идеологик ишларни олиб бориш чоғида бу масъулият жинсидан қатъий назар, миллий идея эгаси ва юксак ватандорлик ифтихори бўлган, синалган ва арзирли шахслар тоифасидан тайинланиши керак. Идеология соҳасининг масъуллари иши ва рўзғори ибратли ва идеал бўлган, қарашлари ва сўзлари жамият аҳли орасида нуфуз ва таъсирга эга бўлган шахсиятлар сирасидан сайланиши ва тайинланиши лозимдир.

Ҳар биримиз шу миллатнинг фарзанди ва шу ватанда туғилиб улғайган кишилар сифатида юксак фуқаролик масъулиятини идрок қилган ҳолда, миллий ўзликни англаш ҳиссиёти билан ўз давлатимиз ва миллатимизнинг ҳомийсига айланишимиз керак. Миллий қадриятлар, жумладан, Ватан, тил ва миллий маданият, ибратли миллий анъаналар, миллий ўзликни англаш, миллат генофонди, миллат келажаги, миллат боқийлиги ва бошқаларни ҳурматлашимиз ва уларга нисбатан астойдил эҳтиром ва эътиқодга эга бўлишимиз лозим. Ватан ҳимояси ва барча манфаатлар, миллий қадриятлар, миллий тафаккур кафолатини берувчи энг муҳим миллий қадрият бу - миллий давлатчиликдир.

Шу боисдан, тарих давомида ўз мустақиллигига эга бўлган ё уни қўлдан берган барча миллатлар миллий манфаатлар ва қадриятлар нуфузидан фойдаланганлар, мустақилликни ҳимоя этганлар, сиёсий мустақилликни қўлга киритиш, миллий давлатчиликни бунёд этиш йўлида гоҳ омад, гоҳ омадсизликка учраганлар. Миллий давлат - миллий манфаатлар ва қадриятлар устувор муҳофазаси кафили, манфаатлар ва миллий қадриятлар миллий давлатчиликни таъсис этиш ва мустаҳкамлашнинг омилларидандир. Бу тушунчалар бир занжир ҳалқаларига ўхшайди. Агар занжир ҳалқалари  бир-бирига мустаҳкам боғланган бўлса, миллат боқийлиги устувор бўлади. Худди шу ҳалқаларнинг узилиши миллатнинг тарқоқлиги ва хўрланишига, жазоланиши ва йўқолиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, Саймумин Ятимов таъкидлаганидек:  «Айнан шунинг учун, давлатларнинг энг муҳим ҳаракатлари  миллатнинг  ҳақиқий ва воқеий талаботларини қондиришга қаратилмоғи лозимдир».

Ҳа, ҳақ қуйидаги сўзларни айтган Саймумин Ятимов томонидадир: "Шунинг учун, аҳоли барча қатламларига қарши  равона бўлган бунга ўхшаган мунтазам ва мақсадли идеологик зўравонликлар чоғида фақатгина давлат институтларига таяниш ғайриодилона ва мумкин бўлмаган ишдир. Бу кўринишга қарши иммунитет ҳосил қилиш учун бутун жамиятни сафарбар қилмоқ лозимдир. Зеро, ғафлатда қолган аёлга нисбатан ҳар қандай ҳангомачи томонидан содир этилган тажовуз ва зўравонлик миллатга нисбатан ҳам содир этилса, ҳеч қайси замонда кечирилмайди".

Саймумин Ятимовнинг "миллий қадриятлар хавфсизлигини таъминламай туриб, умуман олганда, хавфсизликни таъминлаб бўлмайди" деган сўзлари тўғри ва ҳақиқатга яқин туради.

Бироқ таассуфлар бўлсинки, айни замонда миллий қадриятларимизнинг кўпчилиги давлат ва миллат даражасидаги тегишли тузилмалар ҳимоясига олинмай турибди. Беш йилдан буён миллий ном-насабга эътибор бермаслик тўғрисидаги ёлғон-яшиқ овозалар тарқатиш тўлқини жамият барча қатламларини қамраб оляпти. Катта-ю кичик, минг-минглаб одамлар ҳар йили ўз миллий ном-насабларини ғайримиллий ном-насабга алмаштираяптилар. Биргина меҳнат муҳожирлари сифатида Россияга жўнаб турган эркак ва ўспиринлар эмас, балки хотин-қизлар ҳам, хусусан, болалар ва ўспиринлар кўча-кўйда миллий ном-насабнинг иш бермаслиги тўғрисида маълумот олган ота-оналарнинг қийин-қистови тақозоси билан ўз ном-насабларини ўзгартирмоқдалар.

Ушбу муаммонинг аввал бошидан, бу овозаларни тарқатган манбалар тегишли тузилмалар томонидан ошкор этилиши ва жиловланиши керак эди. Устига-устак улар бу ҳангомалар тўлқинини тобора ёйиб боришдан тўхтамаяптилар.

Аммо афсуслар бўлсинки,  бу ҳолатни барча-барчамиз мушоҳада қилиб турамизу уни бартараф қилиш йўл-йўриқларини кўрсатишга ҳафсаласизлик қиламиз. Биргина Ҳисор ноҳиясида 2010 - 2013 йиллар давомида қўлга киритилган ҳисоб-китобларга кўра, жами 5919 киши, айрим маълумотларга кўра, жами 6705 киши ҳеч қандай заруратсиз ўз ном-насабларини ғайримиллий шаклда ўзгартирганлар.

Ҳеч бир заруратсиз, фақатгина овозалар заминида ўз ном-насабини ғайримиллий қилган ва қилаётган кишилар сони Республика миқёсида юз минглаб кишиларга тенгдир ва бу номатлуб ҳодиса наинки тўхтамаётир, балки йилдан-йилга ортиб бораётир.

Бу номатлуб ҳодиса мутлақо асоссиз, чунончи, гуё Россияга ва бошқа собиқ совет республикаларига ишга борган кишиларнинг ном-насаби миллий бўлса, улар бу ердан бадарға қилинар эмиш, деган ёлғон-яшиқ овозалар туфайли амалга ошаяпти. Россияга сафар қилган чоғимдаги тўғридан-тўғри мушоҳадаларимга таянган ҳолда, бу овозаларнинг мутлақо асоссиз ва пуч эканлигини қатъият билан таъкидлашим мумкин.

Айни пайтда шуни таъкидлашим керакки, тожик муҳожирлари миллий ном-насаблари сабабли, Россиядан ёхуд бошқа мамлакатлардан ҳайдаб солинганлигини тасдиқловчи бирорта расмий ё норасмий ҳужжат топа олмадим. Ёшларнинг ном-насабини ғайримиллий қилишга мажбур қилаётган яна бир асоссиз овоза шундан иборатки, гуё мамлакат олийгоҳларига миллий ном-насабга эга бўлган абитуриентлар ҳужжати қабул қилинмас эмиш. Маълумки бу овоза ҳам қип-қизил ёлғондир. Айни пайтда, мамлакатимиз фуқароларининг ўз ном-насабини ғайримиллий қилишга ном-насаб қўйишнинг тартиби уч сатрлик бўлишининг шартлигидан келиб чиққан, деб таъкидлаётирлар. Ҳолбуки, ном-насабни уч зинадан иборат қилиш мажбурий эмас, шунингдек, ном-насабни уч зиналик этиш уни русчага айлантиришнинг маъносини бермайди. Миллий номлаш услуби билан ном-насабни кўплаб шаклларда уч сатрлик қилишнинг имкони бор.

Фуқаролар томонидан ўз ном-насабини ғайримиллий шаклга ўзгартиришлари  ва бу номатлуб ҳодисанинг кескинлашуви кишиларимизнинг миллий қадриятларга нисбатан бўлган эътиқоди ва эҳтиромига путур етказади. Кишиларнинг миллий ном-насаб ва миллий қадриятларга эътимод қилмасликлари нимадан дарак бериб турибди?  Нима учун тегишли идоралар ва ўзлигини англаган зиёлилар бу масалага жиддий эътибор беришмаётир? Ҳақ қуйидаги сўзларни айтган Саймумин Ятимов томонидадир: «айни замонда бизнинг зиёлиларимиз французлар таъкидлаган Laissez Faire, Passer мавқеини ишғол қилиб туришибди. Яъни, баҳс-мунозара давомида ҳал қилувчи лаҳзаларда, амалга келган аниқ шароитда зиммасига мажбурият олган томон жимликка риоя қилишга тиришадилар, воқеа-ҳодисаларнинг эса, ўзбошимча йўл  билан жараён топишига розилик билидиришади».

Биз агар миллий қадриятларнинг тикланишини истасак, миллий қадриятлар тушунчаси наинки китоблар ва маърузалар ичидан жой олиши балки жамият кишилари тафаккуридан ва ҳар биримизнинг қалбимиздан ўрин олиши керак. Қолоқ ва камҳаракат миллатлар маданиятини кескин равишда қийин-қистовга олиб, ўпқон комига тортаётган ҳозирги замонда ўз миллатимиз ва давлатимиз боқийлиги учун миллий қадриятларимизни огоҳлик ва жиддийлик билан ҳимоя қилишимиз даркор.

Миллатлар ўз манфаатларининг ҳимояси учун ўнғай ва ўнғай бўлмаган турли хил восита ва йўл-йўриқларни излаб топишади. Давлат миллий манфаатлар ҳимоясини таъмин этувчи дастгоҳдир. Қудратли миллатларнинг аксарияти ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида биргина бу дастгоҳдан эмас, балки одилона бўлмаган воситаларни ҳам ишга солишади. Россия, Германия, Япония ва бошқа қудратли давлатлардаги тақирбошлар (бритоголовые)га ўхшаш миллатчи ва ирқпараст гуруҳларнинг мунтазам ва экстремистик фаолиятлари ҳам шояд, тасодиф бўлмаса. Зоҳиран мазкур мамлакатлар муайян ташкилотлари ҳомийлиги остида амалга ошаётган бу гуруҳларнинг фаолияти миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг шундай даражаси ва уфқларида бўлиб ўтаяптики, улар халқаро қонуният ва меъёрлар талаботи нуқтаи назаридан давлат тузилмаларининг дахолатини чеклаб қўймоқда.

Бизнинг душманларимиз жамиятимиз бош-оёғини бириктирувчи барча кучларни, жумладан, миллий идеологияни  заифлаштирмоқчи бўлишаяпти.

Маълумки, ҳар қандай давлат ва миллатнинг тараққиёти ва юксалиш асоси унинг моддий ва табиий бойлигидангина эмас, балки ақлий ва интеллектуал бойлигидан ҳам ташкил топади. Фақат замонавий билимлардан хабардор бўлган, айни пайтда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусига эга бўлган ва синалган мутахассисларни тарбиялаш воситасида давлатнинг истиқболдаги юксалишини таъминлаш мумкиндир. Бу улкан масъулият зиёлилар ва хусусан унинг йўл бошловчи қатлами ҳисобланган маърифат аҳли зиммасига юклангандир. Саймумин Ятимов ҳақли равишда таъкидлайди: " Табиатан аҳолининг худди шу қатлами маънавий юксалишнинг йўл бошловчи кучи ҳисобланади. Чунки "табақа сифатидаги зиёлилар вазифаси - ягона тасаввурот воситасида миллатни" бирлаштиришдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда,  зиёлилар миллий феъл-атворининг муҳим ва асосий принципларини ошкор этишлари ва аниқлаб олишлари, шу йўл билан миллатнинг ҳамжиҳатлиги-ю қудратли бўлишига кўмаклашишлари керакдир.

Маориф соҳаси миллат интеллектуал бойликларини такомиллаштирувчи дастгоҳдир. Давлат томонидан таъсис этилган, давлат томонидан иш ҳақи тўланадиган бу дастгоҳ давлат хизматини арзирли бир шаклда бажариши керак, жамият интеллектуал кучлари ҳисобидан мутахассислар, шунингдек, миллий қадриятларга содиқ бўлган кишилар ҳисобидан ватанпараст кишиларни тарбиялаши керакдир.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки,  маориф аҳлининг биринчи даражали вазифаси ҳисобланган таълим-тарбия ишларига бир мунча диққат-эътибор қаратиб келамизу, аммо ўзимизнинг ёритув-оқартув ишларимизни қарийбки, унутиб қўйяпмиз. Олдимиздаги мақсадларга эришиш учун тарбия кўрган ёшлар зеҳнида саъю ҳаракат қилиш кўникмаларини - мингйилликлар давомида қўлдан кетган чегараларни асраб-авайлаш учун жонбозлик кўрсатилган азиз Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва юксалиши учун саъю ҳаракат қилиш кўникмаларини, зеҳнимизни хароб ва заифлаштирган ўзимизга бўлган ишонч устунларини синдирган нотавонлик ва ожизлик туйғусига қарши ўлароқ кучлилик кўникмаларини бошқа миллатлар олдида обрўйимизни туширган бегонапарастликка қарши ўлароқ ўзликни англайдиган кўникмаларни, руҳимизни кўтарадиган биз учун ҳамжиҳатлик ва ягоналик заруратини ошкор қиладиган ўз-ўзига ишониш ва эътимод кўникмаларини ватан чегараларини ҳимоя қилиш ва миллий манфаатлар учун жоннисорлик туйғусини бедор қиладиган эътиқод ва ватанпарастлик кўникмаларини ҳосил қилишимиз даркордир.

Шуниси ачинарлики, ёритув-оқартув йўналишидаги фаолиятимиз ўта кифоясиз бир ҳолатда қарор топиб турибди. Нега бошқалар бизнинг фарзандларимиз шахсида экстремист, мутаассиб ва худкушларни тайёрлай оладилару, биз улардан ватанпараст ва миллатдўст бўлган бир нафар донишманд ва ҳунарманд тайёрлашга ожизлик қилиб турибмиз? Агар биз ёритув ишлари йўналишида арзирли бир шаклда зарур бўлган ишларни амалга ошира олсаккина, бизнинг фуқароларимиз ҳеч қачон экстремистик гуруҳлар таъсирига учрамайдилар, аксинча жамиятимиз ҳар бир фуқаросининг ўзи миллий манфаатлар ва давлат ҳомийсига, сиёсий хавфсизлик ва осойишталик ҳимоячисига айланиши мумкин.

Келажагимизнинг қандай бўлиши бугунги авлод тарбияси ва таълимининг қандай бўлишига чамбарчас боғлиқ бўлиб турибди. Бугунги авлодни қай тарзда тарбияласак, келажагимиз ҳам шу тарзда шакллана боради-яхши тарбия қилсак, яхши келажак, ёмон тарбия қилсак, ёмон келажакка юзма-юз бўлишимиз мумкин.

Биз замонга ҳамқадам бўлишимиз ва маданияти баланд жамиятни бунёд этишимиз керак. Бу мақсадларга эришиш учун энг янги ва сўнгги илмий ва технологик ютуқларни қўлга киритишимиз лозим. Бундан ташқари технология соҳасида пешқадам бўлган миллатларнинг ақлий маҳсулидан фойдаланиш билан қониқмай, балки бунга ўхшаган технологияларни кашф этувчи ва ишлаб чиқувчи кишиларга айланишимиз керак. Бунинг учун миллат интеллектуал бойликларини табиий ва аниқ фанларни ўрганиш руҳиясида тарбиялашимиз керак бўлади. Афсуслар бўлсинки, бу йўналишдаги ҳаракатларимиз жиддийлик, яратувчилик ва ҳамжиҳатликдан холи бўлиб турибди.

Аммо айни замонда, давлат сатҳида ташкил қилиниши керак бўлган ҳаммадан муҳим ва тақдирсоз масала бу миллий идеологияни ташкил этиш ва такомиллаштириш масаласидир. Миллий идеология  ақидавий юқумли касаллик олдини оладиган вакцинага айланиши, бу вакцина миллат кишилари андишалари қон томирига қуйилмоғи керак. Акс ҳолда, миллатимиз бу юқумли касаллик олдида довдираб қолиши, миллат ва давлат боқийлиги жиддий таҳдидларга рўпара бўлиши мумкиндир.

Шунинг учун, давлат тегишли ташкилотлари ёрдамида ақидавий бир система сифатида миллий идеология билан шошилинч равишда шуғулланишимиз, барча таълимий ва таъсир этувчи имкониятлардан фойдаланган ҳолда, уни жамият аҳли, хусусан, ёшлар зеҳнига жойламоғимиз даркор. Бу давлат мустақиллиги ва миллат боқийлиги учун хизмат қиладиган энг муҳим қадам бўлади. С. Ятимовнинг ушбу масалага доир айтган қуйидаги сўзлари диққатга сазовор:  «Бу принципларга, тилга олинган муҳим соҳалар ва тегишли сиёсий институтлар фаолияти афзалликларига панжа орасидан қараган давлат, шубҳасиз, аввал нотинчликка, кейин эса, йўқликка томон юз буради».

Давлат бир бутунлиги, миллат бирлиги энг асосий умумдавлат ва миллий қадриятларга нисбатан бўлган андишалар бирлиги ва ҳамжиҳатлиги заминасида вужудга келади. Қўйингки, фуқаролар ва ижтимоий ташкилотлар орасида айрим ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий эътиқодий масалаларга нисбатан келишмовчилик бўлсин. Бу, албатта, ишнинг фойдасига бўлади ва юксалиш ва тараққиётга хизмат қиладиган муҳим омилга айланади. Бироқ жамият барча фуқаролари, жумладан, ҳокимиятни қўлга киритиш учун фаолият қиладиган сиёсий партия ва ташкилотлар умумдавлат, қадрият ва миллий манфаатлар, сиёсий мустақиллик, миллий давлат, тил ва маданият, Ватан яхлитлиги ва миллат боқийлиги каби масалаларда қарашлар яхлитлиги таъминланиши даркор. Ички ва ташқи манфаатжўйларга қўшилиб, гуруҳлар ва шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, бу муқаддас қадриятларни тарози палласига солиш ярамайди.

Бошқа нарса эмас, балки айнан шу миллий қадриятлар ва миллий манфаатлар ҳимояси барча фуқаро ва ижтимоий ташкилотларнинг олий мақсадига айланиши керак.

Миллат ҳар бир фуқаросининг андишаси бу даражада юксалиши, жамиятимиз барча сиёсий гуруҳлар фаолиятининг такомиллашуви учун ягона идеологиянинг кенг қамровли таъсир кучи керак бўлади.

Миллий идеология миллат ва давлат боқийлигини ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситасидир.

Назрий АСАДЗОДА, фалсафа фанлари доктори.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Улуғ алломага эҳтиром

 

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Тожикистон Қаҳрамони, академик Бобожон Ғафуровнинг 110 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Юбилей олдидан буюк муаррих ва шарқшунос олимнинг шонли ҳаёт йўли ва самарали фаолияти ҳақида китоблар чоп қилингани, олий ўқув юртлари ва бошқа илмий-маданий муассасаларда турли тадбирлар ўтказилгани бунга яққол мисолдир.

Муфассал...

ЖОНЛАНТИРИШ БЎЛИМИДА КЕЧГАН ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ

 

Ёруғ хона, аммо сокин бӯлишига қарамай, дилгир, каравоту бемор тӯшаги, қондош синглим томирларига қуйилаётган осма уколнинг чак-чаки бу - реанимация.

Палата  четида столу стул, қоғозу қалам, ойнаю тароқ, пилка (тирноқ ранда) ва ҳамширанинг оқ халатли, келбатли жувон билан сӯқаётган чақ-чақи бу - реанимация.

Рӯпарадаги эшик, медбрату медсестра «толпа»си, Янги йил оқшоми, кулги, енгил-елпи ҳазил аралаш сӯкишлар бу - реанимация.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991199

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478930
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4858
4027
22543
7426653
100574
114875
7478930

Сизнинг IPнгиз: 3.145.66.104
Бугун: 23-11-2024 17:58:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015