Сиёсатшунослик фанлари доктори Саймумин Ятимовнинг «Жамият онги ва хавфсизлиги. (Одатий онг)» мақоласи мутолаасидан кейинги ўйлар
Биз нима қилмоғимиз лозим?
Замон ва жаҳон ўзининг янги ҳамда тарихий босқичига етиб келди. Ва башарият аҳли даҳшатли ҳалокат ёқасига келиб қолган, деб айтиш мумкин. Гўёки, жами инсоният дунёнинг тўрт томонидан бу боши берк кўчадан чиқиш йўлини излашмоқда, аммо вазият тобора оғирлашиб бораётир.
Вужудга келган инқироздан чиқиб кетиш йўли ҳалигача топилгани йўқ. Бугунги кунда дунёнинг турли гўшасидан ҳар куну ҳар соатда ўлим, бузғунчилик, тазйиқ, таъқиб,таҳдиду портлаш, урушу нотинчлик, террор, қарама-қаршиликлар, одам ўлдиришнинг турли усуллари юз бераётгани борасидаги хабарларни эшитамизу ўқиймиз. Ўзларини зўр, деб билгувчи қудратлилар ва бошқача қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари миллатлар ўртасидаги ва дунё бўйлаб кузатилаётган тўқнашувларни одатий ишдек қабул қилишади. Дунёнинг тинч ва осуда мамлакатлари, хусусан, Шарқ мусулмон давлатлари бирин-кетин уруш ва нотинчлик гирдобига тортилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва жамиятларни демократиялаштириш баҳонаси билан минглаб бегуноҳ халқ, жумладан, аёллару болалар, қариялар қатл қилинаяпти, миллионлаб халқ уй-жойсиз, Европага мажбурлик билан муҳожир қилинаяпти. Кейин эса, Европанинг қайси давлати қанча мусулмон қочқин қабул қилганлигини ўзаро маслаҳатлашади ёки бу ҳолат сиёсий масхарабозлик жараёнига айланиб қолди. Дунёнинг улкан ва очкўз қудратлари ўзларига янги озуқа исташаётган бундай оғир ва нотинч шароитда биз – тожиклар ва бизнинг янги оёққа турган миллий давлатимиз нима қилмоғи керак? Бу шундай саволки, унинг жавобини ҳамма жойдан излайлик ва бу хатарли вазиятдан жонимизни омон сақлаб қолайлик, ўзимизнинг миллий давлатимизни такомиллаштирайлик, дунё шаҳмат тахтасида мот бўлиб қолмаслик учун айёр гроссмейстерларга қарши яхши ўйнаб, ҳеч бўлмаганда айёрлик ўйинини шунга яраша маккорона давом эттириб, давомийлигини чўза олайлик. Бу дунёнинг тажовузкор, зулм ўтказувчилари ва жонкуяр босқинчиларининг қора ниятларини барбод этишликнинг нажоти ва қутулиш йўли қаерда? Бу фикр бир ватанпарвар тожик сифатида анчадан буён мени ўйлантириб келарди ва энди дунё мусулмонларининг икки тарафи, Ислом дунёсининг икки қудратли давлати – Саудия Арабистони ва Эрон бир-бирига қарши уруш ва хусумат ҳолатида турган пайт ички изтиробларим янада кўпайди. Ғарб олами мусулмон мамлакатларини икки ҳарбий-сиёсий блокка: Эрон тарафдорлари ва Арабистон маслакдошларига бўлиб ташлаш фикрида кун кечиришмоқда. Токи, ўзларига қулай бўлган бир пайтда мусулмонлар ўртасида янги уруш алангасини ёқишга ҳаракат қилишмоқда. Шимолий Корея ҳам бир неча кун олдин ўзининг ядровий қуролини синаб кўрди ва бундан, ҳаттоки, Хитой, Ҳиндистон ва Россия-ю Япония ҳам таҳликага тушиб қолишди. Интернетдаги хабарлардан билишимча, жорий йилда дунёнинг қудратли давлатлари жаҳоннинг 10та нуқтасида уруш ва нотинчлик оловини ёқишни исташмоқда экан. Кошки, бу хабарни ўқимаганимда эди, чунки вужудимни бу совуқ хабарни ўқиганимдан сўнг ғашлик ҳисси чулғаб олди. Яна бир марта, азиз Ватанимиздаги тинчлик, осойишталик ва осудалик энг олий неъмат эканлиги ва ундан-да ширинроқ нарса йўқлиги хаёлимдан ўтди. Ва яна бир марта бу давлат, бу ҳукумат, бу тинчлигу осойишталик, бу орому осуда кунларимизни сақлаб қолиш учун, агар керак бўлса, жонимизни ҳам фидо этсак арзийди, деган қарорга келдим.
Сабоқ бўлмаган огоҳлантириш
Бу мавзу юзасидан бир неча кун илгари журналист дўстим Раҳматкарим Давлат билан суҳбатлашдим. У ҳам жамият онгини уйғотиш ва миллий давлатчилигимизни такомиллаштириш борасида гапирди. Шунга қўшимча қилган ҳолда, «Жумҳурият» газетасида чиққан сиёсатшунослик фанлари доктори Саймумин Ятимовнинг мақоласини ўқишимни ва ундан фойдаланишим кераклигини айтди. Ва «Жумҳурият» сайтидан донишманд, устоз Саймумин Ятимовнинг «Жамият онги ва хавфсизлиги. (Одатий онг)» номли мақоласини топиб, ўқиб чиқдим. Ростини айтсам, менга жуда маъқул бўлди. Муболағасиз айтишим мумкинки, устоз С. Ятимовнинг бир нечта мақоласини бундан олдин ҳам ўқиган эдим, ҳақиқатдан ҳам, жуда ўқимишли мақолалар. Ҳар бир огоҳ киши тафаккурини ҳаракатга келтириб, бу борада чуқур фикрлашга ундайди. Бу мақола муаллифи таниқли шахс эканлиги учун эмас, балки унинг эркин фикрлаши, ўз сўзига эга, ўзликни англаш борасидаги ўзига хослик, раҳнамоликлари ва миллий уйғониш борасидаги фикрлари эканлиги учун ҳам эҳтиром этмоқлик зарур. Ҳалигача эсимда, ўтган йил худди шу кеча-кундузда устознинг «Миллат» газетасида чиққан «Сиёсий босқичларнинг эҳтимолий назарияси» номли мақоласига ўз фикрларимни билдириб ўтгандим. Ўтган бир йил давомида жаҳон, минтақа ва, жумладан, бизнинг республикамизда ҳам кўпгина ҳодиса ва қарама-қаршиликлар юзага келди. Албатта, буларнинг барчаси жамият онги ва бизнинг ички сиёсатимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Афсуслар бўлсинким, бундан бир йил илгари бу кишининг огоҳлантиришлари баъзи бир сиёсий гуруҳлар учун сабоқ бўлмади. Ўтган йилнинг сентябр ойида юз берган воқеа бизнинг жамиятимизга жуда катта таъсир кўрсатди. Бошида бу воқеа кутилмаган, ногаҳон ва геосиёсий ўйинлардан узоқ омма учун ишонарли эди. Чунки, бу иш Мудофаа вазирининг ўринбосари «Ҳожи Ҳалим» лақаби билан танилган Абдуҳалим Назарзода томонидан бугунги кунда Олий суд томонидан террористик партия, деб топилган ва фаолияти тақиқлаб қўйилган Ислом тикланиш партиясининг молиявий қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилди. Аммо яна бир нафратланарли, ёвуз иш амалга оширилди ва неча йиллардан буён гуллаб яшнаётган азиз мамлакатимиз пойтахтида яна тожик қони тўкилди. Биз вақт ўтиши билан бу қонли ҳодисага назар ташлаймиз ва уни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда, ундан шундай хулоса чиқариш мумкин бўлади. Баъзи бир сиёсий гуруҳ кишилари, жумладан, бир неча йил илгари «улкан ролларни ўйнатгувчи система ва геосиёсий шаҳмат тахтасидаги қудратлар қўлидаги ўйинчоқ сифатида хизмат қилаётган доналар» ўзларини тузатмадилар. Ҳукуматнинг бу «миллий давлат, тинчлигу барқарорлик ва осойишталик душманлари»га қарата айтилган огоҳлантиришлари ҳам ўз таъсирини ўтказмади. Шундай қилиб, давлат ўзи ва фуқаролари тинчлиги-ю хавфсизлигини ҳимоялаш мақсадида юзага келган вазиятга нисбатан жиддий ҳаракат қилди. «Глобал, минтақавий ва айрим диалектив процесс воқеаларини акс эттирувчи, хусусан, Тожикистонда содир бўлаётган геосиёсий жараёнларнинг мантиқий давоми таҳлил, баҳолаш ҳамда умумлаштиришга эҳтиёж сезади» деган масалада устоз С. Ятимов билан бир фикрдаман. Албатта, ҳар бир хавфсизлик ва миллий давлатимизга бўлган хатарлар ҳамда бу борада давлат томонидан кўрилган чоралар ҳар томонлама аниқ, таҳлил этилиб, бу нарсалардан хулоса чиқарган ҳолда халққа кўрсатилиши керак. Саймумин Ятимовнинг геосиёсий хатарли ўйинлар, манфаат изловчи қудратларнинг қора режа ва дастурларини фош этувчи, миллий онгни уйғотиш ва давлатдорлигимизни мустаҳкамлаш масаласидаги ёзган мақоласи матбуотда эълон қилингани, албатта, таҳсинга сазовордир.
Одамни Шайтон алдади, Назарзодани-чи?
Энди С.Ятимовнинг мақола ва андишасига келадиган бўлсак. Миллатпарвар донишманд шундай ёзади: «Тарихан носоғлом рақобатга асосланган дунёда, давлатлар ўртасидаги бундай муносабатдан тажжубланарли жойи йўқ». Яъни, қудратли давлатлар ўзларидан заиф ва кичик бўлган давлатларни писанд қилмайди. Менинг фикримча, рус амалдорларининг бизнинг мамлакатимиз ишчи муҳожирлари ва уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётган масала юзасидан қарашлари, ўша бизнинг фуқаролик жамиятимиз салбий қарашларига сабаб бўлган ўринсиз муносабат носоғлом рақобат намунасидир. Ва бу борада ҳам устоз «бу нарсани бир оддий, одатий ва халқаро муносабатлар қонунлари сифатида доим кутиш мумкин» дейди. Устоз айтган фикрларга носоғлом рақобатга асосланган дунёдан бир мисол келтириш мумкин. У ҳам бўлса, Худованд томонидан Одамнинг яратилиши ва шунинг бараварида ҳийлагар Шайтонни унга рўпара қилишидир. Шайтон биринчи учрашувдаёқ Одамни алдаб кетди. Гарчанд, Худованд Одамга Шайтоннинг очиқ душман эканлигини бир неча марта таъкидлаган бўлса-да. Юқорида айтган гуруҳлар огоҳлантирилди, бироқ улар тушунмадилар. Мумкин бу таққослаш ўринли бўлмаса, лекин ёдимга тушганди, айтдим, холос. Устоз С.Ятимов биз юзма-юз бўлиб турган таҳдиду хатарлар борасида шундай дейди: «бундай шароитда миллий зийраклик биринчи ўринда туради», яъни бу ўша мамлакат Президенти, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йўллаган Паёмининг асосий нуқтасидир. Президентимизнинг донишмандлиги, айни пайтда расмий равишда Миллат пешвоси бўлгани шу нарсада намоён бўладики, бу талотўмли дунёда, айёр ва маккор шаҳмат ўйинчилари орасида қачон ва қайси донани давлат ва миллатини мот бўлишдан сақлаб қолиш мақсадида олға суришни билади. Ва бундай Сарварлик қилаётган кишининг ҳалоли бўлсин! Ўрмонга ўхшаган бу дунёда шеру йўлбарслар орасида қоплон ҳам бўлиши керак, токи юзингга панжа тортиб кетмасин. Устоз мақоласида келтирилган яна бир нуқта ва мен излаётган савол: нимага «молу мулк жиҳатдан бир неча поғона юқори бўлган бизнинг сарватманд кишиларимиз томонидан» аждодларимиз сарзамини, давлату миллатига хиёнат ва бизни ёмон кўрувчилар фойдасига қилинаётган иш ва ажнабийлар учун фойдали бўлган воқеалар амалга оширилмоқда? Ҳақиқатдан ҳам, нега Назарзода қўзғолон кўтарди? Илгари Мудофаа вазирлигидаги мақоми боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлдими: геосиёсий ўйинчилар унинг онгига таъсир ўтказа олишдими ёки донишманд С.Ятимов айтганидек, инсоннинг ўзбошимчалик хислатларига боғлиқ ҳолат эдими, бу? Ё иккаласи ҳам? Шу ўринда нега Кабирий ва унинг маслакдошлари, партиянинг раёсатидагиларни назарда тутаяпман, уларга юз марта дунёвий жамиятда хатар ва нотинчлик сабаби бўлиши мумкин бўлган диний партиянинг нима кераги борлигини айтишди, лекин нега улар бу нарсани қабул қилишмади ва ўзларини эшитмасликка солишди? Нега улар ўзларининг қонуний фаолиятларининг охирги кунларига қадар геосиёсий ўйинчилар қўлидаги ўйинчоқ ва шаҳмат тахтасида қудратлиларнинг қора ниятларини амалга ошириш мақсадида турганликларини тушунишни исташмади ва эътироф этишмади?
Толибон Тожикистонга қўшни давлатда
Ўтган йилги мақоламда ҳам ўзларини «Ислом давлати», деб атовчи гуруҳнинг Сарипулга (Афғонистондаги вилоятлардан бири) бостириб киришлари, уларнинг бу мамлакат ва минтақадаги кейинги нотинчликларга сабаб бўлишини айтган эдим. Ва мана энди қора байроқлилар Ҳилмандда, бошқалари Афғонистоннинг бошқа вилоятларида эркин юришибди ва Жалолободда эса, радио ташкил этишиб, одамлар қулоғини кар қилишмоқда. Бу ўзларини исломий жангарилар деб атагувчи гуруҳ Пайғамбар умматининг ярмига куфр тамғасини босмоқда. Бу мамлакатнинг биз билан чегарадош бўлган уч вилояти: Қундуз, Тахор ва Бадахшонда аҳвол жуда ташвишланарли. Устоз С.Ятимов жуда ўринли қайд этадики, «кундалик онг структурасида (яъни бизнинг кундалик иш ва фаолиятимизда, Т.С.) хорижий бегона унсурлар (миллат ва давлатга қарши таблиғот, Т.С.) кучайиб бормоқда. Радио номли асбоб пайдо бўлгандан сўнг, телевидение, шунингдек, ахборот воситалари ва электрон алоқа вужудга келди. Кундалик онгимизнинг шаклланиши нефту газ маблағлари ва улардан ҳар томонлама фойдаланаётган кишиларга жуда боғлиқ». Юқорида айтиб ўтганимдек, халқаро террористлар радиоси бир вилоят халқининг қулоғини кар қилаяпти ва бу дунёни олиш истагида бўлган гуруҳларнинг бошлиқлари эса, Ироқ ва Суриядаги нефту газ захиралари устида ўтириб олишган. Шу ўринда улар ҳам дунё бўйлаб ўз хожаларига эга. Улар ҳеч қачон ўзларининг эртаклари ва ёлғон сўзлари билан бизнинг энди шаклланаётган онгимизга таъсир ўтказа олмасликларини, бизнинг тинч ва осуда ватанимизни уруш алангаси ичида қолдира олмасликларини ҳеч қачон мияларидан чиқара олишмаяпти. Ҳурматли устоз С.Ятимов ёзганидек: «бу ҳақиқий таҳдидларни енгиш, кундалик онгимиз доирасидаги миллий хавфсизлик масаласи энг оғир ва масъулиятли вазифаларимиздандир». Ҳақиқатдан ҳам, бу жуда оғир вазифа, лекин бу йўлда жиддий ҳаракат қилмоғимиз зарур. Суҳробшоҳ Фарруҳшоҳ - таниқли тожик журналистларидан бири 16 январда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Тожикистон Журналистлар иттифоқининг навбатдаги анжуманида Кўлоб минтақасигача етиб келувчи радио тўлқинининг минтақадаги миллий хавфсизликка бўлган таъсири борасида жуда куюнчаклик билан сўзлади.
Миллатпарвар журналистларни қадрламоқ КЕРАК!
Мамлакатимизнинг узоқ минтақаларида миллий радио ва телевидениеларни тезлик билан фаоллаштиришимиз керак. Ходимлари юксак ватанпарварлик ва миллатпарварлик ғояларига ва фаолиятлари миллий – тожикона бўлган хусусий ва мустақил матбуотга бундай пайтда Тожикистон Ҳукумати томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши керак. Миллий радио ва телевидениеларимизга етук журналистларни жалб этмоғимиз, радио ва телевидение дастур ва кўрсатувларининг мазмун-моҳиятини замонавий ва томошабинбоп, бугунги жаҳон стандартларига жавоб берадиган тарзда тузишимиз керак. Мамлакатимизнинг барча шаҳру ноҳияларида донишманд ва ўзлигини англаган кишилар ҳисобидан тарғибот гуруҳларини ташкил этиб, миллий давлат, мустақиллик ютуқлари, тинчлигу бирлик қадрига етишлик, Ватанга ва давлат раҳбарларига садоқатда бўлишликни талқин этмоқлик лозим. Ва бу тарғибот гуруҳи ҳам давлат томонидан молиявий таъминланиши керак. Миллий давлатдорлигимиз такомиллашиши ва тинчлигу барқарорликнинг пойдорлиги йўлида бирор-бир маблағни дариғ тутмайлик. Чунки миллий давлат ва тинчлигу барқарорлигимизнинг ўзи бир бебаҳо бойликдир. Худо кўрсатмасин, агар, бу тинч кунларимизга бирор нарса бўладиган бўлса, уни миллиардлар эвазига ҳам қайтариб бўлмайди. Толибон гуруҳининг қуролланган кучлари Тожикистон билан чегарадош бўлган Афғонистоннинг Бадахшон ва Қундуз вилоятларидаги мамлакатимиз консулларига ҳужум қилишлари нимани англатади? Бу ҳужум Тожикистон тупроғига қилинган ҳужумдир. Бу бизга, давлатимизга қарата берилган хабар, улар биз билан ярашиш ва дўстлашишни исташмайди. Номлари ўчсин уларнинг, агар бирор кун хожаларидан буйруқ оладиган бўлса, ҳамма жойни харобазорга айлантиришади. Хўш, нима қилмоқ керак? Бундай шароитда ҳам ватанпарвар журналистлар билими ва кучидан миллат душманларига қарши курашда фойдаланиш масаласи биринчи ўринда туради.
Нега жаҳон ҳамжамияти сукут сақламоқда?
Мен мамлакат Президенти Паёмини телевидение орқали тингладим. Паём ҳақиқатдан ҳам, прагматик ва бугунги вазиятни кўрсатиб тургувчи эди. Муҳим нуқталаридан бири шуки, ҳақиқатдан ҳам агар Толибону Ислом давлати, Ан-Нусра, Ал-Қоида, Боко Ҳарам ва бошқа юзлаб исломий террористик гуруҳлар жаҳон хавфсизлиги, жумладан, Америка, Англия, Покистон, Арабистон, Эрон, Германия, Франция ва Хитой ва Ҳиндистонга хатар туғдираётган бўлса, нега бу давлатлар даҳшатли қуролланган исломий гуруҳлар бошлиқларини халқаро судга тортишмайди ва суд жараёнини қаттиқ назорат остига олишмайди? Ва муҳтарам Президентимиз ўзининг Паёмини ўқиб эшиттириш бараварида, шундай савол қўйди: Нега бу террористик амаллар натижасида миллионлаб бегуноҳ одамлар муҳожир бўлишади-ю, жаҳон ҳамжамияти сукут сақламоқда? Ҳақиқатдан ҳам, нега?!! Чунки, бу барча нотинчлигу қотилликлар ортида ўз манфаатлари яширин бўлган қудратлар тургани маълум. Шу боисдан ҳам, биз ҳушёр бўлмоғимиз зарур, билиб, синаб ва текшириб оёқ қўяйлик, чунки дунёни янгидан бўлиб олиш даври энди бошланди. Шу ўринда устоз С.Ятимов жуда мавридида қайд этиб ўтган: «Ахборот таъмини системасида бузғунчиликка нисбатан бўлган миллий онг тенглиги баравар бўлмасдан, балки бир неча поғона юқори бўлмоғи керак. Душман ахборот ҳужумининг мақсади миллий давлатларнинг одатий онги ва жамият психологиясига қаратилган». Дарҳақиқат, «Бизнинг жамиятда, назариявий-систематик қилинган онг энди шаклланаётган паллада турибди ва унинг асосини илм, маърифат, такомиллаштириш, аниқ ва гуманитар фанлар тарғиботи-миллий рақобатбардошлик тараққиёти асосини ташкил этиши керак» ва шу билан бирга афсуслар билан «ҳаттоки, зиёлилар ва мансабдорлар орасида ҳам теологик-демагогик, ғайриилмий мафкурага сиғиниш кучайиб бормоқда»,- дея қайд этади. Аниқ ва гуманитар фанларни ўргатишни тарғиб этиш билан бир пайтда, шарафли донишмандларимиз Фирдавсий, Сино, Беруний ва Носири Хусрав каби алломаларимизнинг ўзликни англаш ва илмий кўрсатмаларини тўғри йўналтиришимиз керак. Ўтган йилдаги мақоламда айтганимдек, имом-хатиблар ҳам ўзларининг жума намозларидаги хутба ва мавъизаларида халқнинг ўзликни англаш ҳиссиётини юксалтириш борасида Фирдавсий ва Носири Хусрав шеърларидан гоҳ-гоҳида фойдалансалар, яхши бўларди. Чунки устоз С.Ятимов айтганидек: «кундалик онг фақат бегона ғояларни ўзида жамламасин, онгнинг позитив анъанавий фаолиятини заифлантирмасин ва миллий давлатга зарар етказиб қўймасинки, бу бугунги жамиятнинг энг хатарли босқичларидан бири саналади». Кундалик онгнинг юксалиши ва миллий ўзликни англаш ҳиссини юқори кўтаришда донишманд С.Ятимов айтганидек, «Тожикистонда эркин, муваффақиятли ва бизнинг одатий онгимизни ўрганиш борасида миллионлаб доллар сарфлаётган номигагина нодавлат бўлган» ташкилотлардан давлат самарали фойдаланмоғи ва улар фаолиятини миллий давлатдорлигимиз фойдасига қаратмоғи лозим. Яъни, агар нодавлат ташкилотлар шу миллатдан бўлса ва шу давлатга хайр қилишни исташса, дунёнинг қайси бурчагидан, дўстданми ёки ажнабий душманданми, кимдан бўлишидан қатъий назар, топган маблағларини Ватан ободлиги ва миллий онгимизни уйғотиш учун сарфлашсин.
Ҳеч кимга умид боғламаймиз
Болаларни диний таълимга жалб этиш борасида тўхталган донишманд С.Ятимов реаллик билан шундай дейди: «Одамлар кўпинча яхши ният билан ўз болаларини ёшлигидан ноқонуний диний таълим олишга жалб этишади. Ўзларининг тўплаган озгина пуллари эвазига уларни диний таълим олиш мақсадида хорижга жўнатади. Ота-она назарида бу энг яхши амаллардан биридир». Устоз хорижга юборилаётган болалар янги техника ва технология, тиббиёт илми ва инженерлик касбини ўрганишга жалб этилмаётганлигидан афсусланади. Хориж диний мактабларида фарзандларимиз мияларини бузишади, бегона зарарли фикр ва идеологияларни бошларига қуйишади. Ва бу болалар таҳсилининг натижаси бизнинг жамиятимиз учун мусибату фожиа олиб келади. Яъни, улардан «Худо розилиги учун» онасининг бошини намойишкорона узадиган ва бу амалидан фахрланадиган террорист тайёрлашади. Барчамиз С.Ятимовнинг «Ҳеч ким геосиёсий шаҳмат тахтасидаги қаҳрамонлар, куни келиб диққат марказида бўлган жойларда, жумладан, биз - тожиклар мамлакатида ватанпарвар, миллатсевар ва билимли, меҳрибонликка йўғрилган системалаштирилган назариявий онгни яратиб беришига умид боғламайлик», деган гапларини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Ярим асрдан буён стратегия-дастур ишлаб чиқилди ва унинг асосида дастлаб миллий руҳият, миллий фикрлашни сингдиришади, оқибатда эса, миллий давлатнинг таназзулга учраши билан якунланади. Ва кейинчалик ўзлари истаган исломий давлат қуриш учун йўл очилади. Генерал «бундай тажриба фаоллик билан давом этмоқда, мақсадлари эса, мамлакатларнинг давлатдорлик тузумини ўз манфаатлари томонга ўзгартиришдир»,- дея тўғри қайд этади. Хулоса шуки, миллийликка қарши тарғибот дастури ишлаб чиқилган ва у айни пайтда амал қилмоқда. Бу дастур бевосита жамиятдаги гуруҳлар ва инсонлар миясига таъсир кўрсатиш билан шуғулланади. Улар шунчалик ўз объекти онгига таъсир ўтказишадики, натижада, таъсир остида қолган кишини, С.Ятимов айтганидек, «оила, авлод, давлатга тегишли тузилмалар ундан чиқариб ололмайди». Инсонда руҳий, маънавий ва миллийликка қарши бўлган боғлиқлик шаклланади. Натижада, ўзи эгаллаб турган мақому мартабасидан қатъий назар, бундай гуруҳларнинг миллий манфаатлари барчасига чамбарчас боғлиқлик ҳолда сиёсий-диний турдаги наркотик модда таъсирида қолган кишига айланади. Ҳа, донишманд чиқарган хулосага қўшилмоқ керак. Яъни, бир тожик, шу тупроқда вояга етиб, шу ерда фаолият юритиб, шу ернинг нон-тузини еб, миясини айнитишгандан кейин эса, ўз миллатдоши-ю ватандоши, тожик ва тожик давлатига қарши амал қилади. С.Ятимов сўзларига кўра, «дўст либосида душман ишини қилади». Бу эса, жуда хатарлидир.
Эртага Фирдавсийдек куймайлик ҳам, нолимайлик ҳам…
Фирдавсийдек сухандон ва ватанпарвар киши қаҳрамонларининг тилидан ҳасрату надомат билан арабни «туя сутини ичувчи ва калтакесакхўр» деган. Бу нарсани устоз С.Ятимов ҳам ўз мақоласида эслаб ўтади. Ҳақиқатдан ҳам, нега 60 минг нафардан иборат бўлган Фирдавсий айтганидек, саҳро туя сутини ичувчи калтакесакхўрлар қўшини 1377 йил олдин 600 минг нафарни ташкил этувчи Форс армияси устидан ғалаба қозонди, буюк бир империянинг қонини тўкди ва Сосонийларнинг шон шуҳрати тарихга айланди? Бу саволнинг жавобини устоз С.Ятимов билади ва шундай дейди: «кундалик онгнинг структура, мазмун ва функционал вазифаларини шундай ташкил этиш керакки, миллий, умумбашарий қадриятлар унинг асосини қамраб олсин». Ва Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.) ҳам шу нарсани яхши англаб етган ва давлат яратиш сиёсатининг асосини даъватининг биринчи кунлариданоқ (610 йил) шу усул – халқнинг кундалик ва одатий онгига таъсир ўтказиш устига бунёд этади. Бутпарасту атеист, мушрику мажусий ва габру яҳудийга нисбатан шу усулдан фойдаланди, бу борада муваффақиятга ҳам эришди ва дину идеологияси ўттиз йил давомида ўша пайтдаги дунёни эгаллади, оламнинг икки буюк императори: Форс ва Рум императорларини тиз чўктирди. Ва тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳеч қанча вақт ўтмасдан чўлда юрувчи калтакесакхўрлар Анўшервону Ихшид қўшинида салобатли даврон суришади ва Сосон авлоди уларга сигир сути ва каклик гўштини келтиришади. Шу билан Фирдавсий-ю Дақиқийдан куюнчаклик билан айтган нолалари қолди-ю, холос. Бугун мустақиллик ва миллий давлат эгаси эканлигимиздан фахрланаман. Токи эртага аждодларимиз сингари нола қилиб юрмайлик, давлатимиз ва мустақиллигимиз ҳимоясида ҳушёр бўлайлик ва С.Ятимов айтганидек, «бугунимизнинг асосий мақсади одатий онгимизни шакллантириш бўлмоғи керак, буни инобатга олмаслик, уни жамият хавфсизлигини таъминлаш мақсадларига мувофиқлаштириш даражасидан огоҳ бўлмаслик оқибатида давлатдорлик тузуми ва давлатнинг ўзи ҳам завол топиши билан якунланади». Бугун жамият аҳли ўз кундалик онгини шакллантириш борасида тинимсиз саъю ҳаракат қилмоқлиги зарур ҳисобланади. Чунки, С.Ятимов айтганидек, «таъсир ўтказувчи асл омиллар, албатта, қарши манфаатлар учун ана шу жамият онги поғонасида миллий манфаатларга қарши ишлатилади. Бу хулоса зиёлиларнинг кундалик онг ва дунёқараш йўналишидаги ишлар билан шуғулланишларидаги миллий ва илмий масъулиятларини бир неча мартага оширади».
Барчамиз бирлашсак, яхши бўлади
Ўзим ўқитувчиман. Шу билан бирга Рўдакий ноҳиясидаги бир мактаб сарварлигини зиммамга олганман. Вазиятни англаган ва Ватану давлатдан фахр туйғуси билан устоз мақоласининг мазмун-моҳиятини ўқитувчи-ю ўқувчиларга етказдим. Устоз С.Ятимовнинг «Инсон миясининг «янги экин майдони» барча турдаги уруғлар, жумладан, маъно, тушунча ва дунёқараш кабилар учун жуда қулай жойдир», деган сўзлари биз каби ўқитувчиларнинг ҳар кунлик дастури бўлмоғи керак. Шу сабабдан ҳам, бола тафаккури ва миясига доимий равишда миллий тафаккурни ўстириш ва шакллантириш, шунингдек, одатий онгни ҳам талқин этиб боришлик лозим. Токи бизнинг келажак авлодларимиз ўз-ўзини англаган, миллатсевар ва ватанпарвар сифатида камол топишсин. Устоз С. Ятимов шундай дейди: «Дунёқараш ва кундалик онгнинг шаклланишида таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлган кишилар мафкуравий миллий манфаатларни таъминлаш борасида ҳам маънавий ҳуқуққа эга бўлмоқликлари, бу борада улкан масъулиятни ҳис этмоқликлари лозим».
Ҳа, бундай тарихий вазиятда давлат «кундалик онгга таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлган» кишиларни аниқлаб, уларнинг билимлари, тажриба, қудрат, имконият, ўрин, нуфузи ва таъсирларидан миллий барқарорлик, терроризмга қарши кураш ва халқнинг миллий ўзлигини англаш борасидаги ҳиссиётини кўтариш учун фойдаланишга вазифадордир. Жамиятни бузғунчи ҳамда миллийликка қарши гуруҳларнинг ақида ва фикрларидан ҳимоя этмоқлик зарур. Миллий манфаатларни ҳимоялаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллий давлатдорлигимизнинг абадийлигини сақлаш борасида С.Ятимов айтганидек «устодона ва устакорона» амал қилмоғимиз керак. Ва сўзим охирида юртимизнинг ҳар бир ўзлигини англаган кишисидан шундай даъват этишни истардим. Бугунги кундаги дунёда кузатилаётган нотинч ва қалтис замонда биз давлатимизнинг сиёсий раҳбарлари ёнида бирлашмоғимиз керак. Миллий бирлик бизни ютуқларга элтади. Сиёсий қаҳр-ғазаблар, гина- кудурат, шахсий амбициялар, қудратга эришиш борасидаги орзуларимиз ва ўз шахсий ғаразларимизни унутайлик. Давлату ҳукумат атрофида бунда-да қаттиқроқ жипслашайлик.
Улуғ Мавлоно агар ҳаёт бўлганларида, мумкинки, шундай деган бўлар эди:
Муваффақият - иттифоқдан,
Паришонлик эса нифоқдан.
Кўп нозланма, ёринг бўлса ноз,
Гина қилма сўнгра талоқдан.
Худо, бизни, миллатимиз ва давлатимизни ўз паноҳида асрасин!!!
Толибшоҳ Сайидзода,
ўқитувчи, Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси.
«Миллат»дан таржима.
Ўтган 2016 йил якунига бағишланган матбуот конференцияларининг дастлабкиси Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Худоберди Холиқназар томонидан бошлаб берилди.
Худоберди Холиқназар йил давомида Марказ томонидан амалга оширилган ишлар борасида муфассал тўхталди.
Муфассал...
14 июл куни Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи шахс "Ховар" Тожикистон миллий ахборот агентлигининг идорасига келиб, наҳзатчилар домига қандай тушгани, Европа мамлакатларидан бошпана сўраш расмий талабидан воз кечгани ва жонига жиддий таҳдидлар бўлишига қарамасдан, Ватанга қайтгани ҳақида ҳикоя қилиш ниятида эканлигини айтди. Агентлик мухбири у билан суҳбат уюштирди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015