Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 27 Апрел 2017 Кӯришлар: 1978
Печат

 

vaqt shamoli 2017АСАЛДЕК АСАРЛАР АРМОНИ

Хўжандлик филология фанлари номзоди, доцент Мунаввара Ойматованинг шоир Эркин Шукурга очиқ хат ёзиш баробарида адабиётга кириш ҳақидаги мулоҳазаларининг биринчи ва иккинчи мактуби мутолааси каминада шу битикни йўллашга туртки бўлди. Мунаввара синглимиз таъкидлаганидек, мустақиллик даврида «қўлбола» китоблар нашри кўпайиб кетди.

Ўқувчи ўқиса, ўқимаса-да, китоблар чоп қилинаверади, уни тизгинлашга ҳеч кимда имкон йўқ. Баъзи китоблар ўқувчига маънавий озуқа бера оладими ё йўқ, бу ҳақда муаллифлар фикрлаб ҳам кўришмайди. Уларга китоби чоп этилса бас... Мунавварахон хўжандлик назм, насрнавислар ҳақида мулоҳаза юритиб, уларнинг айрим камчиликларини ошкора баён этибди ҳам. Яхшиси, Мунаввара, сизнинг очиқ хатингизга қўшилган ҳолда, камина ҳам ўлкамизнинг жанубий ҳудудида йилда бир-икки китоб битувчилар ҳақида мулоҳаза юритсам, албатта, сафингизга қўшилган бўламан.                         

Хатлонлик ўзбек ижодкорларнинг, гарчи, китобларини ўқиш насиб этмаган бўлса-да, айрим муаллифларнинг ижоди ҳақида газеталарда чоп этилган тақризни мутолаа қилиб тураман. Кўлоб минтақасидан бир ижодкорнинг китоби чопдан чиқибди. Муаллиф ўзи сингари ижодкор бир дўстига китобидан туҳфа этган экан. Шу китобни ўқиган дўсти танишининг ижод маҳсулига тақриз битибди. Тақризни газетада ўқидим, ҳеч бир қониқиш ҳосил этолмадим. Тақризчи дўстини кўкка кўтариб асарини Абдулла Қаҳҳор ижодига тенглаштириб қўйибди. Тан оламиз, Абдулла Қаҳҳор улкан адиб, такрорланмас, чўнг истеъдод соҳиби эди. У жумлаларни сиқиқ ярата олгани боис  таниқли эди. Энди тақризчилар ҳақида ўйласак, бир ижодкорнинг асари ҳақида фикр-мулоҳаза юрита олган таҳлилчининг шунга лойиқ истеъдоди бормикин? Йўқ, албатта, барчаси ёш ёзувчини «ҳажвий» гаплар тўқимасида Абдулла Қаҳҳор даражасига кўтаради-ю, шу билан ўз таҳлилига нуқта қўя қолади. Бир ёзувчининг кетма-кет чоп этилган икки китоби  қўлимга тушиб қолди, ўқимадим, кўз югуртирдим, холос. Бу икки китобга бир киши муҳаррирлик қилган. Аммо муҳаррир бўлгувчининг ҳали биттаям китоби чоп этилмаган, шуниси аён, у газета муҳаррири. Дўппини олиб ўйлаб кўрадиган фурсат етди, аслида китоб муҳаррири истеъдодли бўлмоғи зарур, у мазкур тўплам савиясига жавобгар шахс. Унинг рухсати билангина китоб нашриётга топширилмоғи шарт. Ҳозир шунақа замон, муаллиф китоби чоп этилганидан, униси муҳаррирлиги остида китоб чиққанидан ғоз юриш қилади.

Адабиётга кириш ҳақида мулоҳаза юритсак, аввало, қўлига қалам тутган ижодкор, у шоирлик ёхуд ёзувчилик даъвосида адабиёт майдонига тушадими, биринчи навбатда ҳаётни чуқур ўрганмоғи шарт, кейингиси: устозу шогирдлик анъанаси ўз ўрнида бўлмоғи керак. Ижоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат, дейдилар. Асил ижодкор ўз ижодларидан қониқиш ҳис этмаса, ундан чинакам асар кутса арзийди. Бизда эса, қай бир қалам соҳибига дуч келсангиз, ўз битигидан мамнун гапиради, ўзини ўзи мақтовга солади. Халқимиз орасида айтиладиган «мақтангандан қоч», деган гапниям унутмаслик лозим. Ижодкорнинг ҳаётни чуқур ўрганмоғи хусусида гап очдик. Сайфулла Қулаев борлиққа, бутун мавжудотга мусаввирона кўз билан қарайди. Мусаввир нигоҳида у оқ-қорани тез ажрата олади, шу боис асарлари дилтортар. Ёзувчи Эшмуҳаммад ака Донохоновнинг ижодига назар ташласак, адиб асар қаҳрамонлари хислатини эпизодларда жонли талқин этиш истеъдодига эга. Эшмуҳаммад ака ён-атрофга файласуфона муносабатда бўлади, шу боис у яратган асарлар бадиий жиҳатидан пишиқ, ўлкамизда унинг асар яратиш услубини мактаб даражасига кўтарса арзийди.

Асалчилар суҳбатида бўлганмисиз, уларнинг кўпчилиги шундай мазмунда ҳикоя қилиб қолади:

-Кўриб турибсиз, ҳар бир қути-бир оила ҳисоб. Арилар боғу гулзорга, экинзорга учиб кетади. Уззукун учиб тотли гуллар болини олиб, шомга яқин ўз оилаларига (қутидан адашмайди) қайтиб келади. Ҳар бир қути олдида оила бошлиғи туради. Қайси бир ари ёқимсиз гул шарбатини шимган бўлса, қути ичкарисига киритилмайди. Оила бошлиғи бадбўй, ёқимсиз гул ҳиди таралса, ўша арини изига қайтаради, кўнмаса, ҳужумга ўтади.

Эътибор қаратинг, фикр юритинг, биз, ижодкорлар бол арилар ҳаётидан ибрат олсак бўлади-ку?! Арилар ҳаётида тартиб, қоидага амал қилиш мавжуд. Қўлига қалам тутиб адабиётга кириб келаётган шоир, ёзувчилар бол аридек бир оилага жам бўлса, майдонга ҳар жойдан эмасу дарвозадан кириб келса. Чўнг истеъдод соҳиблари дарвозада туриб ижодкорлар асарларининг сарасини сарага, пучагини пучакка ажратиб босмахоналарга йўлланма берса. Мабодо, шундай бўлса, ким элга манзур, болдек тотли, ким тахир асар яратаётгани маълум бўлиб қолади. Шундагина болдек ширин асар яратган ижодкор адабиёт даргоҳига эмин-эркин кира олади. Бадиий адабиёт қоидаларига жавоб бера олмайдиган, тутуриқсиз гап-сўзлардан иборат битиклар муаллифи кириш жойида, бадбўй ҳидли шарбат шимиган ари мисол орқага қайтирилади.

Қадрли Мунаввара, шоир Эркин Шукурга очиқ хат битишингизнинг мазмун-моҳиятини тушунган ҳолда, ўз мулоҳазаларимни баён этдим. Ижодкорларнинг адабиётга кириб келиш ҳолатини сиз каби англаб, қайғура оладиганлар сафи ортса, эҳтимол, назмда, ҳам насрда ютуқлар кўпайган бўлар эди. Шундагина ўқувчи ижод аҳлидан ўқимишли, асалдек тотли асарлар кутиш армонида қолмас эди.

 

Имомқул Эшмуродов, Дўстий ноҳияси.

***

 

ҚАЛАМ ТУТИШ МАСЪУЛИЯТИ

- «Истеъдод ҳам масъулиятдир», - дейди Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, таниқли шоир Абдулла Зуҳур. Ёзувчи томонидан берилган ана шу жўнгина баҳо ижоднинг нотекис сўқмоқларида кезишни ихтиёр айлаган ҳар бир ижодкорнинг зиммасида жуда масъулиятли юк турганлигини ўринли таъкидлайди.

Истеъдодли адиба Мунаввара Ойматованинг «Халқ овози» газетасида чоп этилган «Шоир Эркин Шукурга очиқ хат» шаклидаги Тожикистон ўзбек адабиёти вакиллари битикларига билдирилган фикрлари – адабий тақризида кўнглимда тўпланиб қолган кўпгина ақидаларим ўз аксини топганди. Гарчи Мунаввара Ойматовани шахсан танимасам-да, ижодкорнинг соҳир шеърларини мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлганман.

Мунаввара Ойматова «очиқ хат» шаклида бадиий асарлардан намуналарга тақриз ёза туриб, катта жасоратга қўл урибди. Ҳа, буни фақат жасорат, деб аташ мумкин. Мунаввара Ойматова Тожикистондаги ўзбек адабий муҳити учун куюнчак ижодкорлардан биридир ва бу мени ҳам – адабиётга бефарқ бўлмаган қишлоқ ўқитувчисини қувонтирди.  Мунаввара Ойматова каби дилидагини тилига чиқара оладиганлар кўпайса, шубҳасиз, адабиётимиздаги нуқсонлар ўртадан кўтарилиб, келгуси авлодга мазмунли асарлар тақдим этилиши табиий.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлашни истардим: ижод дардларнинг ичида энг ёқимлиси ва унинг давоси - Қалам тутиш, Сўз айтишдир. Кейинги пайтлар, дарҳақиқат, жуда кўп китоблар чоп этилаяпти. Кимлардир ўзининг ҳаётидан авлодларига хабар бериш учун сулолавий китоблар ёзмоқда. Буни тушуниш мумкин. Ўз оиласи ва қариндошлари учун ҳаётий лавҳаларини битиш – яхши удум. Бунинг зиёни йўқ.

Аммо кенг ўқувчига мўлжалланган хом-хатала асарлар битиб, уни ўқувчилар орасида тарқатишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, бу асарлар мазмун-мундарижаси қай даражада бўлишидан қатъий назар, бадиий бисотимиз сифатида келгуси авлодлар қўлига тегади. Аянчлиси – шунда.

Нуктадон шоиримиз Абдулла Зуҳур таъкидлаганидек, ижод йўлини  танлаганлар, энг аввало, қалам тутиш масъулиятини  ҳис этмоқлари лозим. Бир сўз билан айтганда, адабиёт – дарвозасиз шаҳар эмас. Бугун биз бир-биримизни ранжитишдан ҳайиқиб, лом-мим демасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Адабий муҳитимизни бадиий жиҳатдан саёз, чала-чулпа асарлар эгаллаб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Масъулият ҳисси эса, ижодкорни пухта-пишиқ, сермазмун асарлар яратишга ундайди.

Адиба Мунаввара Ойматова бошлаган эзгу ташаббус иқтидорли ижодкорларимиз томонидан давом эттирилса, нур сутига аъло нур бўларди…

 

Баҳриддин МИРЗАКОВ,

Ёвон ноҳияси, ўқитувчи.

**

 

АСАР КЎНГИЛЛАРГА ЁРУҒЛИК ОЛИБ КИРСА…

Суғдлик адабиётчи олима Мунаввара Ойматованинг Эркин Шукурга мактуб туркумидаги "Вақт шамолини кутиш ёхуд адабиётга кириш ҳақида мулоҳазалар" мақоласини мириқиб мутолаа қилдим. Бўлар экан-ку, ўзиям кейинги йилларда Тожикистон ўзбек адабий муҳитида танқид жанри анқонинг уруғи бўлиб кетганди-ёв. Қайси газетани қараманг, нуқул мақташ, таърифу тавсиф…

Шояд олиманинг ушбу танқидий мақоласи сабаб бўлиб, бундан сўнг газета-ю журналларимизда адабий танқидчилик жанрига кенг йўл очилса.

Плагиат. Чинданам  олима томонидан кўтарилган мавзу диққатга сазоворлиги билан ҳам қадрли. Шу тобда ўзим бевосита гувоҳи бўлган қатор ҳолатлар кўз ўнгимдан ўта бошлади.

Қатор йиллар пойтахтга яқин ноҳиялардан бирида техник ходим бўлиб юрган бир танишимиз пенсияга чиққач, дабдурустдан шеър ёза бошлади. Кечикиб бошлагани учун ўзига мос тахаллус ҳам танлаб олди. Онда-сонда редакциялар эшигини тақиллатиб кириб келадиган, у-бу кўтариб келадиган бўлиб қолди. Болалар ҳа энди, шу чол хафа бўлмасин деб, у-бу нарсаларини эпақага келтириб, нашр ҳам қилишди. Ҳа энди, тирикчилик қурсин, бу орада кимдир унинг номидан тўртбурчак шеърлар ёзиб бериб, китобини ҳам чиқарибди. Шу тобда бир қизиқчининг гапи эсимга тушади: касал бўлсанг, дўхтирга бор, унга пул бер. Чунки унинг ҳам бола-чақаси бор - боқиш керак. Дори-пори ёзса, аптекага бориб, сотиб ол. Чунки аптекачининг ҳам бола-чақаси бор - боқиш керак. Ундан олган дорилар гарчи зарар қилса ҳам,  ичавер. Агар ўлсанг, кўмишади. Чунки гўрковнинг ҳам бола-чақаси бор - у ҳам бола-чақасини боқиши керак…

…Дастлаб ийманибгина кириб келадиган чоли тушмагур эндиликда редакцияга шахдам қадамлар билан кириб келадиган ва даъвойи шоирлик қиладиган ва ҳатто, кейинги пайтларда Нобел мукофотига даъвогарлик билан чиқа бошлади. Унинг "асар"лари Нобел мукофотига сазовормиш…

Шундай қилиб тўртбурчак усулдаги шеърлар тўплами 4-5тага етиб қолган ясама шоиримиз бир куни ўзига шеър ёзиб берган кишига қарата: "Қалай, менинг шеърларимни ўқияпсизми, ўқиб туринг, саводингиз ошади"  қабилида сўз қилгач, барчамиз қотиб-қотиб кулдик. Худо раҳматлик устоз шоиримиз Абдулла Ориф кўчирмачига қарата: "… Асл нусхаман деб, дод солмасанг бас!",-дея бекорга мурожаат этмаган экан-да.

Сурат тагига битик ёки оддий мақолани эплаб ёзолмайдиган баъзиларнинг эса, кетма-кет китоби чиқиб турса, ажабланмай ҳам қолдик. Зеро, кейинги пайтда баъзи нарсаларнинг пулга чақилаётганидан хабаримиз бор.  Аммо адабиёт нархланмаслиги керак, деб ўйлайман. Хўш, ўша бировларга пул бериш ёки кўчириш ортидан қатор китоблар муаллифи бўлиб олаётган кишилар нимага эришмоқчи? Уларнинг нимага қодирлигини қалам аҳли яхши билишади-ку, ахир. Бироқ андиша кучлилик қилиб юзига айтишмайди, холос. Орқаворатдан эса, барибир гап-сўз бўлиши турган гап.

Хуллас, олиманинг кўтарган мавзуси ҳанузгача долзарб бўлган ва долзарблигича қолади. Шунингдек, адабий танқидчилик фақатгина шеърият билан чегараланиб қолмай, балки мунаққидларимиз кейинги йилларда у ёки бу газета-ю журналларда, тўпламлар ҳамда алоҳида китоб шаклида босилиб чиққан насрий асарлар борасида ҳам холис фикрларни айтмоқлари зарур. Ҳа, холис, шахсий ғаразлардан холи бўлган фикрлар айтилмоғи лозим.

Отахон газетамиз "Халқ овози" Тожикистонда яшовчи ўзбек қаламкашларининг майдони бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бу анъана давом этади, Худо хоҳласа. Ўйлайманки, унинг саҳифаларида бундан кейин ҳам адабиётимиз ривожу равнақига ҳиссаманд бўлувчи яхши-яхши асарлар чоп этилиб, ўқиганинг сайин кўнглинг ёришиб кетади. Ҳа, ёзилажак асарлар кўнгилларга ёруғлик олиб кирса…Бундай асарлар кўплиги эса, фақат ва фақат барчамизнинг манфаатимиз учундир, албатта.

 

Абдулло Саидов,

"Халқ овози".

***

 

ШАХСИЯТГА ТЕГИНМАСЛИК  ЗАРУР

Дарҳақиқат, вақт шамоли кўп нарсага ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Жумладан, адабий муҳитда ҳам замон талаби, давр ўзгаришлари катта бурилишларга туртки бўла олади ва бу тарихда ўз исботини топган.

Мунаввара Ойматова қаламига мансуб «Вақт шамолини кутиб» мақоласини синчиклаб ўқиб чиқдим. Долзарб масала қаламга олинган ва буни тан олиш керак. Адиба таъкидлаганидек, кейинги йилларда ижодга панжа орасидан қарайдиганлар, сохта шуҳратга берилиб, ўзларини ёзувчи, шоир, деб талқин қилувчилар пайдо бўлаётганлиги сир эмас. Шуни тан олиш лозимки, сохта шуҳрат, тўқима шеърлар ҳеч қачон пухта асарлар қаторидан ўрин ололмайди. Пуфлаб шиширилган машҳурлик бир куни миси чиқиши турган гап. Қолаверса, нуктадон ўқувчини хом-хатала, мазмунсиз битиклар билан чалғитиш осон эмас. Бир сўз билан айтганда, адабиётнинг ҳақиқий мухлиси тезда «саракни – саракка, пучакни – пучакка» чиқаради.

Тўғриси, бир муддат адабиётимизда «адабий танқид» рукни кўзга ташланмай қолди. Шундан фойдаланган сохта ижодкорлар, сунъий шоирлар ўз асарларини чоп этиш, уни кенг омма орасида тарқатишга «бел боғлашди». Аммо юқорида таъкидлаганимдек, бу узоққа чўзилмайди. «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», - деган ҳикмат бор халқимизда.

Тожикистон ўзбек адабий муҳитида жуда иқтидорли мунаққидлар бор. Мунаввара Ойматованинг мақоласи уларга илҳом бағишлаши турган гап. Фақат мунаққидлик қиламан, деб шахсиятга тегинмаслик керак, ўзаро ғаразларга бу майдонда ўрин берилмаслик лозим. Шундагина, тақризлар беғараз, адолат юзасидан ва самимий ёзилади. Матбуотимизнинг «ўзаро жанг майдонига айлантириш»дан ҳазар қилмоқ керак.

Барибир, адабиёт эзгуликка хизмат қилиб келган ва шундай бўлиб қолаверади. Ана шу эзгулик байроғини юксак кўтариб, адабий муҳитимизни янада сермазмун асарлар билан бойитишга хизмат қилаётган Мунаввара Ойматова каби адабиёт жонкуярларини қўллаб-қувватлаш ҳар бир ижодкорнинг бурчига айланиши лозим…

 

Жўра ҲОТАМОВ, Рўдакий ноҳияси, ўқитувчи.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Афсона

 

Мен бу китобни қандайдир иш билан чиқиб, болохонамизнинг бир бурчагида ўтган йиллар мобайнида ғарам-ғарам қилиб тоғдай уюб ташланган эски журналлар орасидан топиб олган эдим. Худо ҳаққи, тан олишим керак, бу яқин ўрталарда дўстларим айтгандай таниқли китоб жинниси бўлсам-да, бундай аянчли қисмат парчалари битилган китобни ҳали туғилиб қўлга олмаган эдим. Китоб кўп вақтлардан бери сақланиб келинганлиги боис муқовалари сичқонларга ем бўлиб,

Муфассал...

Ажиб дунё

 

Шайтон каби болалаб кетган,

Ҳийлаларда шайтонга етган.

Баъзилари виждонин сотган,

Ғурури йўқ, илдизлар отган.

Айт, бу қандайин ажиб дунё!

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990446

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477455
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3383
4027
21068
7426653
99099
114875
7477455

Сизнинг IPнгиз: 18.191.202.48
Бугун: 23-11-2024 16:45:54

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015