Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 31 Июл 2015 Кӯришлар: 1674
Печат

 

islom 1Ўтган ҳафтанинг 22-23 июл кунлари дунё аҳли диққати мамлакатимиз пойтахти Душанбе  шаҳрига қаратилган эди, десак муболаға бўлмас. Зеро, бу ерда жаҳоннинг қирққа яқин давлат, ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлардан ташриф буюрган таниқли шахслар, уламолар, конференция вакиллари, олимлар иштирокида ўтказилган  «Ислом терроризм ва диний экстремизмга қарши» халқаро конференцияси ўзининг мазмун моҳияти билан жуда катта аҳамиятга эга бўлган йиғин саналиб, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда маёқ вазифасини ўташи тайин.

Тожикистон Президенти ва Ҳукумати ташаббуси билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти  (ЕХҲТ) ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Дин ишлари, миллий анъана, тантана ва урф-одатларни тартибга солиш комитети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро конференцияни мазкур комитет раиси Сулаймон Давлатзода очиқ, дея эълон қилгач, Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқалар масалалари бўйича ёрдамчиси Абдужаббор Раҳмонзода Тожикистон Республикаси Президентининг мазкур халқаро конференцияга йўллаган Паёмини ўқиб эшиттирди. Паём иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди.

ЕР АТАЛМИШ УММОНДА

Ер аталмиш уммонда сузиб бораётган Инсоният кемаси бугун чайқалиб турибди. Кема ичидагилар эса, бу ҳолатдан ёқаларини тутиб, Парвардигордан нажот исташмоқда. Зеро, чайқалиб турган бу кемани ҳар лаҳза хавф-хатар исканжага олаётгани рост…

XXI асрда яшаётган Ҳазрати инсон ҳамма томонлама илгарилаб кетди. Ер қолиб, Коинотга хўжайин бўлиш орзуси унда ўтган аср ўрталарида пайдо бўлганди. Коинот нарвонига чирмашиб бўлса-да, бир бор чиққан инсон онги энди уни бутунлай тасарруф этиш ўйида қолди. Аммо Коинотни эгаллашдан олдин Ерни, миллион йиллардан буён Ҳазрати инсон ва унинг зурриётларига макон бўлиб келган Ерни тақсимлаш кампанияси иш бошлади. Икки қудратли қутбга айрилган кучлар ўзаро ошкору яширин жанг бошлашди. Ва бу жанглар турли ниқобларга буркала бошлади. Насронийлар яшайдиган минтақалардаги турфа низолару жанжаллар турли насроний мазҳаблару жараёнларга, Ислом мамлакатларидагилар эса, исломий террорчи, экстремистик гуруҳлар номлари билан боғланаверди.

Турли кўринишдаги жанглар тобора кучая борди. Тобора янгидан-янги жангари гуруҳлар ўзларидан дарак бера бошлашди. «Ал Қоида», «Толибон», «Жабҳатун нусра», «Боко ҳарам», «ИШИД»…

Инсоният рўпара келаётган ушбу муаммолар эндиликда бир ёки икки давлат муаммоси бўлмай қолди. Эндиликда ўзи яратган «вабо»га бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда бир тан, бир жон бўлиб курашишга мажбур бўлиб қолди.

Мавлоно Жалолиддин  Румий айтмоқчи, инсон жаҳолат ила яратган қурол-яроқлар, бетайин идеологиялар уни аслиятдан тобора йироқлаштирмоқда, жаҳолат фош этмоқда:

Кимки комил бўлмагай ғафлат анга,

Ғафлати илму хирад подош этар.

Кимки жоҳил бўлмаган ҳикмат анга,

Илми ҳам бир кун жаҳолат фош этар…

Бу каби жаҳолатни инсоннинг ўзи яратиб, яна уни турлича номлар билан атади: қизил террор, насронийларга мансуб гуруҳлар террори, мусулмон жангарилар террори… Ўтган аср Совет Иттифоқи сиёсатига нисбатан қизил террор дея ишлатилган бўлса, кейинчалик Лотин Америкаси, умуман, Ғарбда фаолият юритаётган қатор гуруҳлар кирдикорларига насронийлик, «Ал Қоида», «Толибон», «Жабҳатун нусра», «Боко ҳарам», «ИШИД» фаолияти эса, мусулмон террорчилиги дея қайд этила бошланди.

ТЕРРОР  ҚАЧОН  ПАЙДО БЎЛГАН?

Аслида террор куни кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Унинг тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади. Уни амалга оширишдан мақсад эса, кишиларда қўрқув уйғотиб, уларни ўз азму иродаларига бўйсиндириш.

Бир пайтлар кучсизгина кўринган ва пана-паналарда яшириниб юргувчи жиноий гуруҳлар бугунги кунда кучайиб кетиб, ўзларини алоҳида давлат эълон қилаётганлари ҳам бор…

Ҳа, ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса-да, тутаётган йўл ёки қилаётган ишлари бир хил: одамларнинг тинч ҳаётини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

ОЛИМЛАР ТЕРРОР ҲАҚИДА

islom 2-Дарҳақиқат, асримиз инсонлари бошидан оғир синовлар кечмоқда. Баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини Ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда,- дейди конференция иштирокчиларидан бири, Кўлоб шаҳри бош хатиби Ҳайдар Шарифзода.

Конференцияда чет эллик олимлару тадқиқотчилар қаторида, бир қатор уламо ҳамда муҳаққиқларимиз чиқишларига катта баҳо берилди.  Шулардан бири Имоми Аъзам номли Тожикистон Ислом олийгоҳи мударриси,  Маъруф Раҳимов терроризм ҳақида қуйидагиларни сўзлади:

-Ислом ва террор сўзларини бирикма шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат Ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган, ҳаргиз оқламайди ҳам. Хусусан, Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони Каримнинг «Наҳл» сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради».

Ислом - инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 32-оятида айтади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир...»

КОНФЕРЕНЦИЯ ШУКУҲИ

Мазкур халқаро конференцияда жаҳон таниқли уламолари иштироки ва ўз фикрларини баён қилишлари терроризм ва диний экстремизмнинг бугунги кунда нечоғлик ҳалталаб масалалардан бирига айланганини билиш мумкин.

Фезо Нуманай НХҲТ ҳарбий-сиёсий департаменти бошлиғи, Шайх Али Муҳиддин ал Қарадоғий Жаҳон мусулмон уламолари иттифоқи бош котиби, Файзмуҳаммад Усмоний- Афғонистон Ислом Республикаси Ҳаж ва вақфлар вазири, Оятуллоҳ Муҳсини Ароқий – Эрон Ислом Республикаси таниқли уламоси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Амир Мирзо Суҳайл Покистон Ислом Республикаси  дин ишлари вазирлиги котиби, Оразбек Молдалиев – Қирғизистон Республикаси Президенти қошидаги  дин ишларига оид комиссия директори, Азалбек Габит – Қозоғистон Республикаси Динга оид ишлар комитети раиси ўринбосари, Маҳмуд Ҳофиз Муҳаммад Тоҳир – Покистон Ислом Республикаси уламолар кенгаши раиси, Дамир Ҳазрат Муҳиддинов – Россия мусулмонлар бошқармаси раиси ўринбосари ва бошқалар нутқларида ўзлари яшаётган давлатларнинг терроризм ва унга қарши кураш борасидаги кучли мавқеси, турли кўринишдаги хавф-хатарларга биргаликда курашиш тарафдори эканликларини  изҳор этишди.

Дарвоқе, уларнинг ҳар бири конференция ва унинг салоҳиятига алоҳида шукуҳу шаҳомат бағишлар эди. Зотан, улар ҳақ гапни сўзлар, Аллоҳ (ж.ж.) ва унинг Расули Муҳаммад алайҳиссалом қоралаган қон тўкилишлари-ю инсониятни тобора чирмаб олаётган глобал таҳдидлар, хатарлар ва уларнинг олдини олиш борасида қимматли фикрларини баён этардилар.

Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода Ислом ниқобидаги терроризм хатари борасида соф тожик тилида сўзлар экан, бу хавф олди олиниши нақадар зарурлигини уқтирди. У, шунингдек, шу кеча-кундузда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Ванж, Рашт минтақаси ноҳияларида юз берган табиий офатдан ҳалок бўлганлар хотирасини эслаб, дуо қилди ва зарар кўрганларга 10 минг Америка доллари ҳажмида кўмак беришини айтди.

Россия мусулмонлар бошқармаси раиси ўринбосари Дамир Ҳазрат Муҳиддинов  бўлса, кейинги пайтларда ИШИД сафига Россия қатор масжидларида жалб этилаётганлар борасида тўхталиб, бу гаплар асоссиз эканлигини иддао қилди:

-Марказий Осиёдан Россияга ташриф буюрган мусулмонлар чинданам масжидларимизда намоз ўқийдилар. Аммо бу маскан назоратимиз остида бўлганлиги боис, уларни бу ердан туриб, ИШИД сафига ёллашнинг иложи йўқ, деди Дамир Ҳазрат Муҳиддинов. -Эҳтимол, улар кўча-кўйлар ва бошқа жойларда жалб қилинаётгандир, аммо масжидларда эмас.

-Мен ўзим Душанбе шаҳрининг қатор мавзеларида бўлдим, кўчаларида сайр қилиб, мусулмонлар ҳаёти билан танишдим. Шунингдек, маҳаллий уламолар билан суҳбатлашгач, уларнинг нақадар кучли билимга эга эканликлари гувоҳи бўлдим. Диний эркинлик бўлса, шунча бўлар, ахир! Барига шукрона қилмоқ лозим, - деди ўз маърузасида Покистон Ислом республикаси Уламолар кенгаши раиси Маҳмуд Ҳофиз Муҳаммадтоҳир.

Шайх Муҳаммад Тоҳир ҳазратлари, шунингдек, Покистон Ислом олийгоҳларига фақат давлат орқали юборилган толиби илмлар қабул қилинишини ҳам эслатиб ўтди.

ХОТИМА

Конференция иштирокчилари барчаси ҳам бу ерга йиғилишдан  мақсад  ёвузликка қарши бир тан, бир жон бўлиб, бирдамликда курашишда ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдириб, бунга қандай эришиш мумкинлиги  борасида фикру ақидаларини баён этишди. Улар, шунингдек, «аср вабоси» - терроризмнинг шайтони лаин қутқуси оқибатида юзага чиқаётганлигига урғу бериб ўтишди.

Шунингдек, улар конференция охирида якдиллик билан Эъломия қабул қилдилар. Ушбу эъломияга кўра, мазкур конференция иштирокчилари муштарак фатво қабул қилиб, ҳар қандай террористик, экстремистик, бузғунчилик ҳаракатларига қарши эканликларини изҳор этганлар. Чунончи, Ер юзидаги барча террористик, экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилаётган ҳар қандай амалиётлар, жумладан,  “Ислом давлати” Ислом номидан  олиб бораётган террористик амалларни ҳаргиз Ислом динидан деб билишмайди, уларнинг бу амалларини қатъиян маҳкум этишади ва бу “давлат”даги жиҳод жиҳод эмас, у ерда ҳалок бўлишлик шаҳидлик (шаҳодат) эмаслигини маълум қилади.

Хуллас, Ҳазрати Инсон чиққан кема чўкмаслиги лозим, уни ғарқ бўлишдан Яратган Парвардигор кўмаги ила асраб қолмоқ шарт. Бемаъни жанглар тўхтатилиб, ноҳақ тўкилаётган қонлар олди олиниши лозим. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси муборакларига кўра, Қиёмат кунидаги биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлажагини унутмаслигимиз лозим.

Абдулло Саидов,

«Халқ овози».

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

АЗМУ ИРОДА, ЭЗГУ ОРЗУ-НИЯТЛАР ИФОДАСИ

 

Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевларнинг шу йилнинг 17 августида ўзаро мулоқот ва учрашувлари сўнггида имзоланган дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, стратегик шерикчилик тўғрисидаги Қўшма баёнот икки мамлакат учун ҳам ғоят муҳим аҳамият кашф этган тарихий ҳужжат бўлди. Халқларимизнинг азму иродаси, эзгу орзу ва

Муфассал...

Ишқим менинг, эй саргардон ишқим, Сендан ғамларимга излайман паноҳ...

 

Ишқим менинг, эй оташ мисол ишқим,

Ёноқлари алвон - арғувонимсан менинг.

Орзулару армонлар оламида

Шеърларим – армуғонимсан, менинг.

     Ишқим менинг, эй шайдолигим ишқи,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990629

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477856
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3784
4027
21469
7426653
99500
114875
7477856

Сизнинг IPнгиз: 18.227.114.218
Бугун: 23-11-2024 17:02:43

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015