Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 02 Май 2015 Кӯришлар: 1742
Печат

              prezident xatlonda23 апрел куни Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон аҳоли турмуш тарзи, давлат дастурлари, давлат бошлиғи топшириқ ва кўрсатмаларининг ижроси ҳамда яратувчанлигу ободончилик ишларининг бориши билан бевосита танишиш учун Хатлон вилоятининг Темурмалик ва Данғара ноҳияларига иш сафари билан борди. 

Давлат бошлиғининг иш сафари Темурмалик ноҳиясининг маъмурий чегарасидан бошланди.

Бу ерда умумхашар йўли билан 8 гектар майдонда барпо этилган «Дўстий» янги боғига алоҳида эътибор қаратилди. Унда экспортга мўлжалланган меваларнинг энг яхши навлари, жумладан, ўрик, олхўри, гилос,  бодом, олманинг беш нави ва ёнғоқ кўчатлари ўтқазилган. Умуман, сўнгги 10 йил ичида Темурмалик ноҳияси боғлари майдони 320 дан 890 гектарга оширилди. Жорий йилнинг фақатина уч ойи мобайнида 126 гектар ерда янги боғлар бунёд этилди.

Боғнинг бир бурчагида 40 та асалари қутиси жойлашган бўлиб, мевали дарахт гулларининг чангланишига ҳисса қўшади ва қўшимча даромад манбаи ҳам ҳисобланади.

Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон боғу токзорлар майдонларини янада кенгайтириш, жумладан, экспорт мевалари етиштириш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кичик корхоналар ташкил этишда Темурмалик ноҳиясининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд қилди.

Мамлакат Президентининг таклифига биноан, бу ерда йўл бўйи чойхонасини қуришга қарор қилинди. Чунки боғ гўзал мавзеда жойлашган.

Шу ернинг ўзида Темурмалик ноҳияси чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоғи ютуқлари кўргазмаси ташкил қилинди. Темурмалик ноҳияси мамлакат ички бозорини чорвачилик маҳсулоти, жумладан, гўшт, сут, жун ва тери ҳамда ғалла, мева-ю сабзавотлар ва асал билан таъминлашда муҳим ролни ўйнаши таъкидланди.

Қайд қилиш жоизки, ноҳия чорвадорлари сўнгги йилларда зотли чорвачиликка алоҳида эътибор қаратиб, улар сонини йилдан-йилга ошириб боришяпти.

Янги қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришда чорвачилик ва ўтлоқларни ривожлантириш бўйича сармоявий лойиҳаларни бошқариш маркази, шунингдек, бошқа давлат ҳамда хусусий тузилмалар муҳим роли қайд қилинди.

Темурмалик ноҳиясининг Фалҳобод қишлоғида Давлат бошлиғи 108 метрли кўприкни фойдаланишга топшириб, қайта тикланган «Данғара-Кангурт» йўлини расман очди.  27 километрлик «Данғара-Кангурт» автомобил йўлини қайта тиклаш ишлари сифатли ижро этилган бўлиб, ундан тўғри фойдаланилса, мазкур минтақа аҳолисига узоқ йиллар хизмат қилиши мумкин.

Фалҳобод ва шу ерга яқин қишлоқлар аҳолиси Оби Тоҳир дарёси устида кўприк қурилганидан қониқиш билдиришди. Чунки  автомобил йўлининг йўқлиги сабабли фуқаролар, айниқса, ёмғир ва тошқинлар мавсумида бир қатор мушкулликларга рўпара келишарди.

Республика, вилоят ва ноҳия даражасидаги масъул шахслар зиммасига 26 километрли «Кангурт-Балжувон» ва 32 километрли «Кангурт-Темурмалик-Восе ноҳиясининг Қурбоншаҳид қишлоғи» автомобил йўли қайта тикланиши лойиҳасини молиялаштириш манбасини топиш бўйича чора-тадбирлар кўриш юклатилди.

КАНГУРТ ҚИШЛОҒИДАГИ ОБОДОНЧИЛИК ИШЛАРИ

Темурмалик ноҳиясининг Кангурт қишлоғида Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон иштироки билан «Меҳри Модар» уч қаватли таълим ва хизмат кўрсатиш маркази биноси фойдаланишга топширилди. Бу бино маҳаллий тадбиркор Анвар Қурбонов томонидан бунёд этилган. Мазкур таълим ва хизмат кўрсатиш маркази асосан, катта ёшдагилар учун компютер дастурлари, тил, халқ ҳунармандчилигини ўргатиш таълимгоҳи ва тикувчилик цехидан иборат. Фақатгина тикувчилик цехида 150 нафарга яқин хотин-қиз доимий иш жойи билан таъминланади. Бу бинода ҳаммаси бўлиб 250 иш жойи яратилади.

Тикувчилик цехида, асосан, мактаб ва иш либослари ҳамда аёллар кийимларини тикиш йўлга қўйилади.

Хабар беришларича, касб-ҳунар ўргатиш ишлари Тожикистон давлат технология университети ва катта ёшдагиларга таълим бериш маркази билан биргаликда йўлга қўйилган. 

Халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиш жараёнида, жумладан,  Тожикистон давлат мустақиллиги шарофати билан миллий маданиятнинг қайта тикланиши-ю тараққиёти ҳамда хорижий сайёҳлар сонининг ошиши бу ҳунармандчилик маҳсулотларига талаботни ошираётгани зикр этилди. Шу сабабли, Давлат бошлиғининг кўрсатмалари билан иштиёқли тадбиркорлар ҳам бу даромадли амалга қўл уришиб, ҳунарли хотин-қизларни иш ва яхши маош билан таъминлашяпти.

Бинодан шунингдек, «Амонатбонк» давлат омонат банки хизмат кўрсатиш маркази ҳамда сартарошхона, гўзаллик салони, компютер, телевизор, телефон таъмирлаш устахоналари каби хизмат кўрсатиш ва маиший бўлимлар ҳам ўрин олган.  

Таълим ва хизмат кўрсатиш марказининг ёнида икки қаватли гўзал миллий чойхона ва ресторан биноси ишга туширилган бўлиб, уларнинг ҳар бири 300 ўринга эга. Тадбиркор Анвар Қурбонов томонидан буёнд этилган, бу бино ҳам яна 30 нафар кишини доимий иш жойи билан таъминлайди.

Ресторан залида эҳтиёжманд оилалардан 100 боланинг суннат тўйи ва 6 нафар ёш жуфтларнинг никоҳ тўйлари ташкил этилиб, бу ҳам саховатли тадбиркорларнинг Давлат бошлиғи инсонпарварлик амалларини қўллаб-қувватлаётганидан дарак беради.

Мамлакат Президенти суннат тўйи ўтказилган ҳар бир болага ўйинчоқлару ширинликлар ва янги оила қурган ёшларга телевизор, музлаткич, гилам каби рўзғор буюмлари ҳамда муайян маблағи бўлган банк карталарини  совға қилди.

Шу ерда Давлат бошлиғи иштироки билан 6 қаватли турар жой биноси қурилиши бошлаб берилди. Бу бино 50 та  квартирадан иборат бўлади ва унинг бир қисми тадбиркор Анвар Қурбонов томонидан бунёд этилган корхонаю муассасалар ходимларига ажратилади. Мазкур турар жой биноси қурилишида қарийб 100 нафар маҳаллий аҳоли иш ва яхши маош билан таъминланади. 

Маълум бўлишича, Кангурт қишлоғида фақатгина бир тадбиркор томонидан 400 та иш жойи муҳайё этилган бўлиб, бугун қишлоқлар ҳам устувор тараққиёт сари юз бурганлигига далолатдир.

Кангурт қишлоғи аҳолиси бу ободончилик ишларидан жуда шод бўлишди. Кангурт хотин-қизларининг хоҳишларига биноан, Давлат бошлиғи Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги раҳбариятига бу ерда келгуси икки йил ичида Тиббиёт коллежини қуриб, ишга тушириш топшириғини берди.

Шуни алоҳида зикр этиш жоизки, Темурмалик ноҳиясида бу бинолар ва бошқа бир қатор иншоотлар қурилиб фойдаланишга топширилиши Давлат бошлиғининг бевосита топшириқлари асосида бошланган. Бу топшириқлар Темурмалик ноҳияси тадбиркорларига 2013 йилнинг 18 мартида Танобчи қишлоғидаги етиму қаровчисиз қолган болалар уйи билан танишиш чоғида берилганди.

Давлат бошлиғининг ўша кундаги кўрсатмаю топшириқлари ҳамда тадбиркорларнинг ташаббуслари асосида  Темурмалик ноҳиясида 18 та муҳим ишлаб чиқариш ва ижтимоий иншоот қурилиши режалаштирилганди.

Шу кунгача бешта турли иншоот, жумладан, ноҳия марказидан Қармишев қишлоқ жамоатигача бўлган 11 километрли йўл таъмири, хизмат кўрсатиш маркази қурилиши, ғалла маҳсулотлари ва тошу шағални қайта ишлаш корхонаси, сабзавот етиштирувчи иссиқхоналар бунёди каби ишлар ноҳия тадбиркорлари ташаббуси билан охирига етказилди.

Шунингдек, Темурмалик ноҳияси машҳур шифобахш лойи билан бир вақтнинг ўзида 100 нафар кишини даволаш маскани, яна битта хизмат кўрсатиш маркази, қишлоқ хўжалиги техникалари таъминот ва таъмир маркази, мебелсозлик корхоналари, терини қайта ишлаш ва пойабзал тайёрлаш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, «Тожиксодиротбанк» маъмурий биноси ва бошқа ишлаб чиқаришу хизмат кўрсатиш бинолари қурилиши тадбиркорлар томонидан давом эттирилмоқда.

Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Кангурт мактаб-интернатига ташриф буюриб, 100 ўринга эга ётоқхона янги биносини фойдаланишга топширди.  

Маълум бўлишича, бу ерда кечаю кундуз яшаш, дарс тайёрлаш ва ҳордиқ чиқариш учун барча зарур шароитлар яратилган.  Кангурт мактаб-интернатида бир қатор машҳур шахслар шу ерда таълим олганликлари билан ҳам машҳурдир.

Давлат бошлиғи мактаб-интернатнинг асосан етиму қаровчисиз болалардан ташкил топган тарбияланувчиларига планшет, мактаб кийим-кечаклари ва бошқа совғаларни топширди.

Шу ернинг ўзида тамал тошини қўйиш ва келгуси авлод учун нома жойлаштириш билан Кангурт мактаб-интернатининг янги биноси бошлаб берилди. Бу ўқув муассаса икки сменада  500 нафар ўқувчи учун мўлжалланган бўлиб, 10 та синфхонадан иборат бўлади.

Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Темурмалик ноҳияси Кангурт қишлоқ жамоатининг раҳбариятию фаоллари ва кўп сонли намояндалари билан мазмунли мулоқот ўтказди. 

Нутқ сўзлаш жараёнида ватанимизнинг бу мавзесини ободонлаштиришда ҳисса қўшаётган барча тадбиркорлар ва саховатпеша кишиларга миннатдорчилик билдирилди.

Бу эзгу ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилиб, тадбиркорлару сармоядорлар янги ишлаб чиқариш корхоналари ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ишларига янада кўпроқ эътибор беришларига ишонч билдирилди.

Давлат бошлиғи шунингдек, Темурмалик ноҳияси ва умуман, мамлакат барча ноҳиялари деҳқонларини баҳорнинг ҳар бир қулай кунидан самарали фойдаланиб экин-тикин ишларини бажариш, такрорий экинларга тайёргарлик кўриш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, ички бозорни таъминлаш ва мамлакат экспорт қудратини оширишга чақирди.

Бу ҳақда «Ховар» ТМААга Тожикистон Республикаси Президенти Матбуот хизматидан хабар берилди.

**

ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ

24 апрел куни мамлакат Президенти Эмомали Раҳмоннинг Хатлон вилояти Данғара ноҳиясидаги сафари Корез қишлоқ жамоатидаги Ҳусейншоҳ қишлоғидан бошланди.

Бу ерда Давлат бошлиғи иштироки билан «Дарё-2015» қурилиш материллари ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши бошлаб берилди.

Корхона тозаланган қум, тош ва шағал, бетон маҳсулотлари, пластик дераза ва дарвозалар, том устини ёпувчи тунука шиферлар, йўлга тўшаладиган тоштахталар, симтўрлар, умуман, 12 турли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича бир нечта цехга эга бўлади. Замонавий илғор технология билан жиҳозлантириладиган тозаланган қум, тош ва шағал ишлаб чиқарувчи цех минтақадаги биринчи шундай цехлардан бўлиб, лойиҳага мувофиқ, бир соатда 240 тоннагача тозаланган қум ва шағал ишлаб чиқариши мумкин. Режа бўйича цех жорий йилнинг июл ойида фойдаланишга топширилади.

Мазкур цехлар қурилиши даврида 100 киши вақтинча иш билан таъминланади. Корхона ишга туширилгандан сўнг эса 240 киши учун доимий иш жойлари яратилади. Фақатгина тикувчилик цехида 55 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш жойи билан таъминланиши кутилмоқда.

Қарийб 30 гектар майдонни эгаллаб турган корхона ҳудудида, шунингдек, тикувчилик ва ёғ ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилади. Мевали ва манзарали дарахтли боғ бунёд этилади ҳамда балиқ етиштириш учун ҳовуз қурилади.

Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон тадбиркорларнинг ташаббусларига юқори баҳо берди. Чунки бугунги кунгача Данғара ноҳиясида бундай корхоналар мавжуд эмасди ва қурилиш материаллари узоқ минтақалардан келтириларди. Корхона ишга туширилиши ва қурилиш материаллари манбасига бўлган масофанинг қисқариши натижасида минтақада қурилиш ишлари таннархи пасайишига ишонч билдирилди.

 

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИШЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВ

Данғара ноҳиясида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон ноҳиянинг энг намунали аграр хўжаликларидан бири бўлган «Муҳсинжон» деҳқон хўжалигига ташриф буюриб, меҳнаткашлар тажрибаси билан бевосита танишди.

Хўжалик раҳбари Валижон Раҳимовнинг сўзларига кўра, хўжалик 230 гектар, жумладан, 196 гектар суғориладиган ерга эга бўлиб, унинг меҳнаткашлари пахтакорлик, ғаллакорлик ва сабзавот етиштиришда катта тажриба орттиришган. Хўжаликда сабзавотчиликка алоҳида эътибор қаратилади. «Муҳсинжон» хўжалиги меҳнаткашлари нафақат ноҳия, балки мамлакат пойтахтини ҳам сабзавот билан таъминлашга ҳисса қўшишни мақсад қилганлар. Хўжалик аграрлари 1,5 гектар ерга эртачи картошка, 5 гектарга пиёз, 11 гектарга плёнка остида полиз экинларини экишди.

Шунингдек, 80 гектарга пахта, 80 гектарга ғалла экилди. Хўжалик меҳнаткашлари ҳосили гектаридан 50 центнерни ташкил этиши кутилаётган ғалла йиғиштириб олинганидан сўнг ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, такрорий экин экишни режалаштирганлар.  50 гектар майдонда яхши ўсадиган «Элита» навли буғдой экилган.

Мазкур хўжалик деҳқонлари Тожикистон Қишлоқ хўжалиги академияси олимлари билан самарали ҳамкорлик қилишади. Хусусан, улар буғдойнинг 10 хил, пиёзнинг тўрт ва картошканинг 17 хил илмий тажрибага оид турини экишган бўлиб, ҳар бир нав маҳсулотнинг мазкур минтақа иқлимига мувофиқ келишини аниқлашмоқчи. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасида, чунончи, Хатлон вилояти деҳқонлари мамлакат ичкариси ва ташқарисида эртачи сабзавотларга эҳтиёжнинг ошиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, бундай экинлар майдонини бир бараварга кўпайтириб, иссиқхоналар сонини ҳам оширганликлари қайд қилинди.  Фақатгина эртачи пиёз майдони бу йил 2014 йилга нисбатан 1700 гектарга кенгайтирилди.

 

«ДАНҒАРА» ОЗОД ИҚТИСОДИЙ МИНТАҚАСИДА

Мамлакат Президенти Данғара ноҳиясига иш сафари доирасида Лоҳур қишлоқ жамоатида жойлашган «Данғара» озод иқтисодий минтақасига ташриф буюрди ҳамда келажак авлод учун нома – капсула жойлаштириб, учта йирик саноат корхонаси қурилишини бошлаб берди.

Бу корхоналар Тожикистон ва Хитойнинг 1 миллиард 600 миллион сомонийлик қўшма маблағлари ҳисобидан қурилиши таъкидланди. Бу ерда, чунончи, цемент заводи, шиша ва кафел ишлаб чиқариш корхоналари қурилади.

Фақатгина бу корхоналар қурилиши даврида 1200 нафар юртимиз қурувчилари вақтинча иш билан таъминланади. Корхона ишга туширилгандан сўнг Тожикистоннинг қарийб икки минг нафар фуқароси доимий иш жойига эга бўлади. Заводнинг йиллик иқтидори 1,6 миллион тонна цементни, кафел ишлаб чиқариш корхонаси иқтидори 3 миллион метр квадратни ва шиша ишлаб чиқариш корхонаси қудрати қарийб 2 миллион тонна маҳсулотни ташкил қилади. Айниқса, цемент ишлаб чиқариш тармоғидаги бундай ишлаб чиқариш қудрати бошқа цемент заводлари имкониятлари ҳисобга олинадиган бўлса, Тожикистонни импорт қабул қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчи давлатга айлантиради.

Барча уч корхона ҳам олдинда турган 1,5 йил ичида қурилади.  «Данғара» озод иқтисодий минтақаси Лоҳурнинг 521 гектарлик кенг ҳудудида 2009 йили ташкил қилинган.

Минтақанинг географик жойлашуви саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришини кенгайтириш учун жуда қулайдир. Чунки у темир йўли ва халқаро автомобил йўли ёнида жойлашган.

Айни пайтда озод иқтисодий минтақа ҳудудида 3,5 миллиард сомоний ҳисобига нефтни қайта ишлаш заводи, 125 миллион сомоний ҳисобидан металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ҳамда 12,5 миллион сомоний ҳисобидан тузни қайта ишлаш корхонаси қурилиши бошланган.

«Данғара» озод иқтисодий минтақасида Давлат бошлиғи Хатлон вилояти раҳбарияти, фаоллари ва тадбиркорлари билан учрашув ўтказди. Мамлакат Президенти, энг аввало, барчани учта йирик иншоот қурилиши билан табриклаб, мазкур корхона қурувчилари ва сармоядорларига муваффақият тилади.

Хатлон вилоятининг катта имкониятлари ҳақида эслатган Давлат бошлиғи унинг меҳнатсевар аҳолиси, айниқса, тадбиркорларни қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини бундан кейин ҳам ошириш, кенг майдонлар ва мўл-кўл сувлардан самарали фойдаланиш, экспортбоп меваю сабзавотлар етиштириш ҳажмини ошириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда қўшимча иш жойлари яратишга чақирди.

Хатлон вилояти, жумладан, Данғара ноҳиясининг яратувчан халқи ички бозорни маҳсулотлар билан таъминлашда бундан кейин ҳам муҳим рол ўйнаши ва муносиб улушларини қўшишларига ишонч билдирилди.

 

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ТАНК БАТАЛЁНИГА ТАШРИФ

Данғара ноҳиясида мамлакат Президенти, Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари Олий қўмондони Эмомали Раҳмон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий танк қисмларидан бирига ташриф буюриб, унинг шахсий ҳайъати ҳарбий тайёргарлиги билан бевосита танишди.

Ҳарбий қисм ҳудудида Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон шахсий ҳайъат ҳарбий қисмларни жойлаштириш шароити билан танишиб, бу ишларни келажакда яхшилаш бўйича масъул шахсларга аниқ топшириқлар берди.

Бунда асосий эътибор оилали аскарлар ва уларнинг оила аъзоларининг вақтинча яшашлари учун мўлжалланган махсус уйга қаратилди. Чунки бундай уйлар Давлат бошлиғининг топшириғига биноан барча ҳарбий қисмларда қурилмоқда.

Мамлакат Президенти, шунингдек, оилали аскарлар учун ҳар уч-тўрт ойда ўн кунлик таътил берилишга даъват этди.

Ҳарбий қисм ҳудуди билан танишиш жараёнида ҳар кунлик ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун жиҳозлантирилган таълим синфхоналари ҳамда ёзда машғулот ўтказиш учун мўлжалланган бостирма мавжудлиги маълум бўлди.

Аскарлар казармалари яхши яшаш шароитга эга бўлиб, ошхонада ҳам санитария талабларига жавоб берадиган калорияли таомлар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилган.

Мамлакат Президенти, Қуролли кучлар Олий қўмондони Эмомали Раҳмон ҳарбий қисм майдонида чиқиш қилиб, ҳарбий машғулотларни сифатли йўлга қўйиш, ҳарбий қисмлар тайёргарликларини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратди.  Бир қатор мусулмон давлатлари, жумладан, қўшни Афғонистондаги ўзгарувчан ҳарбий-сиёсий вазият, турли террорчилик ва экстремистик кучларнинг фаоллашуви барча ҳарбий ва ҳуқуқ муҳофазаси тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳарбий тайёргарлик, зийраклик, Тожикистон давлат чегаралари ҳимоясини кучайтиришни талаб қилади.

Ҳарбий қисм раҳбарияти ва шахсий ҳайъати саф тортиб ўтишини кузатгандан сўнг Давлат бошлиғи машғулот жараёнида офицерлар, аскарлар ва оғир техникалар ҳарбий тайёргарликлари билан бевосита танишди.

Танишув жараёнида танк баталони яхши ҳолатда сақланган кўплаб танк ва бошқа зирҳли техникаларга эга эканлигини аниқланди. Шахсий ҳайъатнинг ҳарбий малакалари зирҳланган машиналардан фойдаланган ҳолда махсус полигонлардаги ҳар кунлик машғулотлар ва ҳарбий машқларда мунтазам такомиллаштирилади.

«Ховар» ТМАА.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Эл саломатлиги – давлат бойлиги

 

Яқинда газетамизнинг Жаббор Расулов ноҳиясидаги жамоатчи мухбири Муслима Ўлмасзода Рустам Бобоев билан учрашиб, бир неча саволларига жавоб олди. Қуйида суҳбат мазмуни билан танишасиз.  

- Рустам Асқарович, бир неча кундан сўнг, Тожикистон тиббиёт ходимлари байрами ва буюк олим, тиб илмининг даҳоси, аллома Абуали ибн Сино таваллуд  топган кун кенг нишонланади.

Муфассал...

Сада байрами арафасидаги кўнгил олишлар

 

Суғд вилояти раиси вазифасини ижро этувчи Ражаббой Аҳмадзода Сада байрами арафасида Хўжанд шаҳрида яшаётган бир қатор меҳнат фахрийлари хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

Ражаббой Аҳмадзода Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Ҳамроҳ Тоҳирова, Тожикистон Халқ артисти Сайрам Исоевалар билан учрашиб суҳбатлашди. 

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991019

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478521
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4449
4027
22134
7426653
100165
114875
7478521

Сизнинг IPнгиз: 18.227.190.231
Бугун: 23-11-2024 17:42:08

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015