-Сиз мендан Тожикистонни нега тарк этганлигим сабабини сўраяпсизми? Ўринли савол. Аммо, сиз буни ўша давр жангари демократлари-ю, тўполончи муллоларидан сўрасангиз, янада тўғрироқ бўларди. Менда ҳеч қачон Тожикистонни тарк этиш нияти бўлмаган. Ўз фаолиятимни Норакда оддий прораб сифатида бошлаб, мазкур ГЭС директори вазифасигача, сўнгра эса Роғун қурилиши бошлиғи сифатида давом эттирдим. Одамларга зиё тарқатишдек касбни эгаллаганимдан фахрланардим.
Шубҳасиз, Роғун ГЭСи арзон электр манбаи сифатида дунёдаги ноёб энергетик иншоотлардан бири ҳисобланади. Менинг тасаввуримча, бу буюк иншоот қурилиши теварак-атроф ободлиги билан бирга, табиат фусункорлигини ҳам оширарди. Шу сабабдан, турмуш ўртоғим билан бўлажак Роғун денгизи соҳилларида қарилик гаштини суриб, асаларичилик билан шуғулланишни орзу қилардик. Лекин…
Николай Григоревич Савченков бошини эгади. Хонани сукунат чулғаб олгандек эди гўё. Турмуш ўртоғи узатган чойни оларкан, менга юзланади:
- Роғунда яшаган охирги кунларимиз ҳақида сўраш ярага туз сепиш билан баравар, - дейди пиёладаги чойни ҳўпларкан.
Николай Григоревич менга қараб:
-Менда Роғунни тарк этиш фикри йўқ эди. Аммо бошқа йўл қолмаганди. Бу мусибат нафақат мен ва «Роғун» қурилиши ишчиларию мутахассислари, балки тожик халқи бошига ёғдирилган мусибат эди. Ички низолар бошланган илк кунларнинг бирида, туннел қазувчилар бригадири Юрий Кузмич Шулга келиб (1992 йил) менга:
- Зудлик билан бу ердан қочмоқ керак,- деб қолди.
Мен унга:
-Тинчлан! Ҳеч гап йўқ, Душанбеда митинг қилишади-ю, яна тинчланишади. Бу фикрни бошингдан чиқариб ташла. Яқин кунларда Роғун ишга тушса ажабмас,- дедим.
Ҳақиқатдан ҳам, бу эски дунёнинг демократия, деб аталмиш ўйинлари ишчилар ўртасида ваҳима қўзғатганди ўшанда. Мен ишчиларни баҳоли қудрат тинчлантирардим. Бундай ваҳималардан менинг хонадоним ҳам мосуво эмас эди. Эсимда, 1992 йилнинг май ойи охирлари эди чамамда. Эрталаб ишга бориш мақсадида уйдан чиқиб, қўшни уйда яшайдиган ҳайдовчим Сайфиддиннинг ҳовлисига қараб юра бошладим. «УАЗ-469» русумли автомашина тезлик билан келиб, олдимга тўхтади. Машинадан бир соқолли киши ва ўзларини демократлар ҳисобловчи Кличко ва Қиёмиддинов деб таништирган шахслар чиқиб, қўлларидаги тўппонча ва автоматлари билан менга пўписа қилишди ва машинага ўтиришимни сўрашди. Мен уларга ишга боришим кераклигини айтдим. Улар эса Душанбега боришим кераклигини айтиб, таҳдид қилишди. Улардан менга нисбатан бундай қўполликлари сабабини сўраганимда: «Бу ерда сени ўлдиришади»,- дейишди.
- Роғунда ўн уч йил ишладим ўлдиришмади-ю, энди ўлдиришадими?- дедим уларга жавобан.
Улар мени зўравонлик билан машина ичкарисига тортишди. Эрта тонг, ҳали кўчада ҳеч ким йўқ эди. Бақиришни ўзимга раво кўрмадим. Бир силтаниб уларнинг қўлидан ўзимни халос қилдим ва йўл четидаги дарахтни маҳкам қучоқлаб олдим. Кўчадаги шовқин-суронни эшитиб, ҳайдовчим Сайфиддин ва яна бир неча киши пайдо бўлишди. Уларни кўриб, келгиндиларнинг ҳовури бироз пасайди. Кейинчалик ҳайдовчимнинг айтишича, қуроллиларни кўрган заҳоти қўрққанидан қўл-оёғи ишдан қолганмиш. Улар ўз мақсадларидан қайтишмади. «Машинага ўтир, ноҳия ижрокомига борамиз», дейишди. Мени ноҳия ижроия комитетига олиб келишди. Мақсадлари одамлар орасидан узоқлаштириш эди. Ижроком олдида улар билан Душанбега боришга мажбур қилишди. Уларга бу ишни қилмасликларини, эртаю кеч тошқин бўлаётгани, бусиз ҳам кўплаб мутахассислар кетишаётганликлари, ҳамма жойни сув ювиб кетиши мумкинлиги ва сувнинг олдини тўсиш учун қилган бир неча йиллик меҳнатимиз кўкка совурилишини айтдим. Роғун учун тўғон олди бузилиши фожиа эди. Агар менинг хавфсизлигимни ўйлаётган бўлсангиз, қабулхонага одам қўйинг, мени ҳимоя қилсин. Бу вақтда автобус ишчиларни иншоот томон олиб борарди. Одамлар мени икки қуролланган киши автомату тўппончани тираб иш жойимга олиб кетишаётганини кўриб турарди. Одамлар бу тақводорлару маҳаллий демократларни яхши танишарди. Барча ғазабга тушди. Улар одамларнинг ғазаби таъсирида ўзларига келгандек бўлишди. Амрулло исмли бир маҳаллий демократни менинг ёнимга қўйишди ва ўзлари топшириқ олиш учун Душанбега кетишди. Шомда қайтишларини айтдилар. Участка бошлиғу ўринбосарлари, бригадирларини тўплаб, энди нима қилиш кераклиги тўғрисида маслаҳатлашдим. Шунда баъзи бирлари бу соқолли ва қуролли демократлар ҳазилни тушунмаслиги ва улар билан муносабатда эҳтиёткор бўлиш зарурлигини айтишди. Ҳаммани бирдек тушуниб бўлмасди, ҳеч ким бировнинг бошида қандай фикр борлигини билмасди. Бахир номли бир ходимим иш жойимдан ташқарига чиқди. Бир неча лаҳзадан кейин телефон овози жиринглади:
-Шеф, тезроқ бу ердан қорангни ўчир! Тоғда яширинишинг керак.
Бу Бахирнинг овози эди. У бош инженернинг кабинетидан қўнғироқ қилмоқда эди. У бир нарсани билишини тушундим. Барчага жавоб бердим. Кабинетда Сияҳмардов, Бахир ва мен тўпландик. Яшириниш керак, деган хулосага келдик. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қуролли кишилардан мени қўриқлашга топшириқ олган ишчим Амруллони чақириб:
-Амрулло, ростини айтсам, кетишим керак,- дедим.
У жойидан сапчиб турди:
-Бекор гапларни айтманг, агар сизга жавоб берсам, мени ўлдиришади.
- Йўли бор. Чошгоҳ пайти иккаламиз гўёки овқатланишга кетамиз. Сен эса менинг кетганимни сезмай қоласан. Хўжайинларингга шундай дейсан.
Уни рози қилдик. Биз Бахирнинг машинасига ўтирдик ва 15-рақамли очиқ кон томон жўнадик. У ердан Сичароғга ўтиб, Хоруғ йўлига чиқдик. Сияҳмардов мени Комсомолобод аэропортигача бошлаб борди. Тинчлик ўрнатилган замон у бизнинг олдимизга қайтадиган бўлди. Биз Бахир билан Камарон дарасига, Аҳмад дўстимнинг ёнига йўл олдик. У қоровул эди. Унга вазиятни тушунтирдик. «Ўз уйингдасан, қанча хоҳласанг яшашинг мумкин», деди у. «Мен туфайли мабодо, сенга зарар етказмасинлар тағин», - дея таъкидладим.
- Сапчинкуф, қўрқма, сенга ўхшаш одамлар учун жонимни ҳам бераман,-деди.
Кейинчалик бу лаҳзаларни кўп эсга олардим. Тожиклар ўртасида сохта ватанпарвар демократлару соқоллилар қаторида оддий дўстлик ва ватанпарварликка содиқ кишилар жуда кўп учрайди. Мен бу борада Москвада тожикларни ёмонотлиқ қилишни истаганларга бир неча бор таъкидлаганман. Хуллас, Камарон дарасида бир кун зўрға чидадим. Олдинда тошқин. Сел йўли тўсиғини мустаҳкамлашимиз керак эди. Ҳар соат ғанимат. Эртаси куни Роғунга қайтдим. Комсомолободда Сияҳмардов билан учрашдим. Ундан тўполончилар вазияти Душанбеда қийинлашгани, шунинг учун бизнинг орқамиздан келишмаганликларини билдим. Роғундаги ишни давом эттирдик. Барчаси яхши бўлишига ишонгандим.
1992 йилнинг 4 августида турмуш ўртоғим Элеонора Дмитриевна билан бирга «УАЗ -469» русумли автомашинага ўтирдигу Душанбе томон йўлга чиқдик. Машинада бир неча боғлам китоб бор эди. Роғундан чиқишимизда пассажирга тўла «Волга» русумли автомашина бизнинг ортимиздан тушди. Ҳайдовчимиз Сайфиддин машина суръатини оширди. «Волга» ортда қолди. Тахминан Файзобод ноҳияси яқинида бир «Жигули» биздан ўтиб, йўлимизни тўсди. Ундан камуфляжли, қўлларида автомат ва гранатомёт кўтарган соқолли кишилар тушишди. Сайфиддинни машинадан тушириб, «Волга»га ўтқазишди. Машина рулига автоматли бир соқолли ва ёнига гранатомётли бошқа бир соқолли, учинчиси эса менинг ёнимга ўтирди.
-Мендан нима истайсиз, мени қаерга олиб кетаяпсиз?- деган саволимга жавобан ҳақорат ва таҳдид эшитдим.
-Агар эркак бўлсанг, сен билан эркакчасига гаплашамиз. Сен тожик халқига етказган бунча зиёну заҳматларинг жавобини беришинг керак,- дейишди.
-Нораку Роғунни қуриш тожик халқига зиён келтиришми?- дедим уларга юзланиб.
Жазавага тушганлар мени олдингидан-да ёмонроқ ҳақоратлар билан сийлашди.
Турмуш ўртоғимга юзландим. Унинг ранги оқариб кетганди. Бундай вазиятда сукут сақлаш яхшироқ эканлигини сезиб турардим.
Файзободдан чиқишда тўрт нафар қуролланган ГАИ ходимлари туришарди. Улар хизмат машинамни танишарди, шу боис, тўхтатишмади. Лекин ортимиздан келаётган «Волга»ни тўхтатишди. Кейинроқ ҳайдовчим Сайфиддиннинг айтишича, «Волга» ГАИ ходимларининг ишорасига қарамасдан тўхтамаган. Улар ўқ узишган. Қуролланган кишилар машинадан тушиб, қарши томонга ўт очишиб, яна йўлларида давом этишган.
Оржоникидзеободда мени қуролланган кишилар тўпланган жойга олиб боришди. Кеч тушиб қолганди. Улар намоз ўқишди ва кейин биз томон келишди. Узун бўйли соқолли киши бармоғини Душанбе томон кўрсатиб, бир нарсалар деди. Кейин, бизни «Тез ёрдам» машинаси ёнига олиб келишди. Ҳайдовчиси йўқ эди. Машинани зўрлик билан очмоқчи бўлишганида, бир киши қарши чиқди. Оқ иштон-кўйлак кийиб олган қуролли бир киши улар ёнига келиб, нималарнидир шивирлади. Кейинроқ билишимча, улар «Тез ёрдам» машинаси ёрдамида мени Душанбедаги штабига олиб бормоқчи бўлишган экан. Душанбе шаҳрига киришдаги постлардан қўрқишиб, мени пойтахтга олиб бориш фикридан қайтганликлари маълум бўлди. Шунда улардан бири мен ва аёлим ёнига келиб:
-Сизларга жавоб,- деди.
Мендан нима исташларини сўраганимда:
-Пул, пулларинг қаерда?- дейишди.
Пулим йўқлигини айтдим.
-Пулинг бор, ҳали ўз қўлларинг билан олиб келасан, - дейишди.
Биз Роғунга қайтдик. Эртаю кеч ҳовлимиз атрофида қуролланган кишилар юришарди. Энди Роғунда қолиш мен ва оила аъзоларим учун хатарли эканлигини тушуниб етдим. Ўша пайтлари Роғунда авиакасса бор эди. 1992 йилнинг 10 августи куни Москва йўналиши бўйлаб парвоз қиладиган рейсни мўлжаллаб, билет сотиб олдим. Баъзи сабабларга кўра, чиптани қайтаришимга тўғри келди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди. Чунки соқолли демократлар кетишимга тўсқинлик қилишарди. Хуллас, 15 август куни Душанбеда қандайдир мажлис бор эди. Фурсатдан фойдаланиб, олдиндан 16 август куни Москвага учиш учун билет сотиб олгандим. Билет сотувчи қиз таниш эди, бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслигини тайинладим. 15 август куни мажлис баҳонасида Душанбега келдим. 16 август куни тонгда турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан Душанбе аэропортига келдик. Самолётга чиқдик. Ҳамма жойлашиб бўлгандан сўнг трап олинди. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди. Бир пайт стюардесса йўловчилардан билет ва паспортларини текшириш учун тайёрлашни сўради. Самолёт эшиклари қайтадан очилиб, тўрт нафар соқолли ва камуфляжли кишилар самолёт ичкарисига кирди. Назаримда, улардан бирини кўрган эдим. У қаршимга келиб, паспортимни талаб қилди. Азбаройи қўрққанимдан қўлларим қалтираб, унга паспортимни узатдим….
Бир лаҳза жойимда қотиб қолдим. «Майли мени олиб кетишсин, лекин турмуш ўртоғиму фарзандларимни эмас», - ичимда илтижо қилардим.
-Паспорт!- дағал оҳангда менга юзланди қуролланган ўша киши.
Қалтираётган қўлларим билан паспортим ва самолёт билетини унга узатдим. Шу пайт кўз-кўзга тўқнашди. Унинг нигоҳлари ғазаб ва нафратга тўлалигини кўрдим. Юрагим орқага тортиб кетди, яшашдан умидимни уздим. Лекин қаердандир менга омад кулиб боқди. Самолётга кираверишда турган яна бир қуролли шериклари ташқарига қарадию, таҳликага тушиб, бақирди:
-Тез, кетдик!
Рўпарамда турган киши ҳужжатларимни юзимга отиб, ташқарига югуриб кетди. Қолган қуролли шериклари ҳам зудлик билан ташқарига отилишди.
Стюардессанинг «Камарларни тақинг», деган овозидан ўзимга келдим. Ўрнимдан туриб, турмуш ўртоғим ва фарзандларимга назар солишни истадим. Лекин қўзғалишга мадорим йўқ эди. Тожикистонда яшаган 31 йиллик ҳаётим давомида биринчи марта кўзларимдан ёш оқди. Бироқ бу ёшлар нима учун оқаётганлигини билмасдим: қуролланганлар қўлидан озод бўлганимиздан хурсандчилик кўз ёшлари эдими ёки тожик халқига неча йиллик қилган меҳнатларим учун ўкинч кўз ёшлари эдими? Бошимни юқори кўтариб, самолётдаги йўловчиларга юзландим, барчасининг кўзларидан ўкинч кўз ёшлари оқаётган эди. Қисмати меникига ўхшаш бўлганлиги уларни ҳам бу самолётга йўловчи қилган эди.
Бу мен ва турмуш ўртоғим Элеонора Дмитриевнанинг Тожикистонда чеккан заҳматларимиз оқибати эди. Талош ва орзуларимиз охири эди бу. Норакка келган чоғим 29 яшар эдим ва нафақага чиқадиган бир пайтда эса, Тожикистон билан хайрлашмоқда эдим. Биз Тожикистонда эканлигимизда ҳозир Москванинг таниқли шифокорларидан бири бўлган қизим ва Россиянинг энг катта энергетик иншоотларидан бири «ЛЕНГАС»да бош директор лавозимида ишлаётган ўғлим туғилиб, ўрта таълим ва олий ўқув юртини битиришган эди. Агар Тожикистонни иккинчи Ватаним десам, хато қилмаган бўламан. Агар мен каби бу Ватан учун ватандор йўқ десам, адашмаган бўламан. Бу қуруқ бир гап эмас, балки ҳақиқатдир. Қариган пайтимизда турмуш ўртоғим билан тоғларда, Роғун денгизи соҳилларида сайр этиш, асаларичилик билан шуғулланишни орзу қилган эдик. Лекин буларнинг барчаси орзулигича қолиб кетди. Аммо қўлимдан нима ҳам келарди, тақдир шу экан.
Бўлиб ўтган бунча ишдан кейин ҳам, Тожикистон халқига нисбатан кўнглимда гина эмас, муҳаббатни сақлаб келдим. Яра битиб кетади, лекин ундан қолган чандиқ абадий қолади. Хотираларим мени андишага бошлайди: бу маданиятли ва узоқни кўзлайдиган халққа нима бўлди? Нима уларни бу йўлга бошлади? Бугунги кунгача бу саволларга жавоб тополмайман. Шояд «нима» эмас, «ким» уларни бу йўлга бошлади, десам тўғрироқ бўлар. Ҳозиргача тасаввур қила олмайман, Роғун ва Комсомолободнинг меҳнаткаш халқлари қандай қилиб қудрат истовчилар, мансабпарастлар, маҳалчилик касалига йўлиққанларнинг кўприклар, техникалар, тўғон олдига бомба қўйиш, иншоотларни талон-тарож қилиш каби бузғунчи ақидалари таъсирида қолишди? Ахир, Роғун қурилиши уларга хурсандчилик олиб келарди. Мева берадиган дарахтлари томирига болта уришди ва бугун оғир муҳожирлик азобини тортишмоқда. Уларнинг бошини гаранг қилишди.
Қани энди ўша Шодмон Юсуф, ширин уйқудан турган зиёлилар бошлиқлари, файласуфлар, иқтисодиётдан бехабар иқтисоддонлар, демократиядан бехабар демократлар, «Оллоҳу акбар» шиори остида одамларни йўлдан оздирган асл Исломдан йироқ исломчилар?
Роғун ГЭСнинг ишга тушишига атига икки-уч йил қолган эди, холос. Роғун ГЭСнинг муаммосини ўртага ташлаган улар эди. Ўша кимсалар қурилишнинг охирига етмаслигига сабабчи бўлишди. Улар барча оғирликни бугунги Тожикистон Ҳукуматининг елкасига юклашди. Узоқ андишадан кейин шундай хулосага келдим: ўтмишни титкилашга зарурат йўқ, лекин бутунлай унутиб қўйиш ҳам яхши эмас. Бу нарсаларни билиш бизнинг наслимизга керак эмас, лекин ёш авлод вакиллари бу хатоларни такрорламасликлари учун ҳам билишлари зарур. Бу Роғун ГЭСининг аянчли фожиаси эмас, балки Тожикистон халқининг фожиаси. Бу кулфат ҳеч қачон такрорланмаслиги керак.
Ёлғон тарғиботлар халқни йўлдан оздирган эди. Бугун ҳам бу ёлғон тарғиботларни тожик халқи турмушида кузатиш мумкин. Бошидаги рўмолчада «Оллоҳу акбар» ёзуви бўлган 18-20 ёшлардаги ўсмирнинг бошимга автомат тираганини унутишим мумкин. Чунки бола эдию тарғибот таъсирида йўлдан чалғитишган эдилар ва бугунги кунда ҳам йўлдан оздиришмоқда. Лекин рўзғор тажрибасидан баҳраманд бўлган қарияларга нима бўлганлигини ҳалигача билолмайман. Бир лаҳзани эсга оламан: Оби Гармдан Комсомолобод томон борадиган йўлнинг четида тоғ этагида икки қишлоқ бор эди. Пайраҳа уларни катта йўлга туташтирарди. Электр токи йўқ эди. Роғун ГЭСнинг шарофати билан автомобил йўли қурдик, электр токи ўтказдик. Мен бу халқ вакили сифатида Олий Совет вакиллигига кўрсатилган эдим. Сайфиддин билан бу қишлоққа кирдик. Қишлоқ аҳлининг барчаси Роғун қурилишида ишлашарди. Мени яхши танишарди. Сайлов маъракасидан чарчаганлигим ва улар билан суҳбат қуриб чарчоғимни чиқаришимни айтдим. Қишлоқнинг қариялари меҳмонхонада тўпланишган эди. Узоқ суҳбатлашдик: ГЭС ҳақида, халқнинг эртанги турмуши ҳақида. Узоқ давом этган суҳбатдан кейин мен йўлга чиқдим. Хайрлашув пайти меҳмонхона эгаси шундай деди:
-Ўғлим, биз сенинг нима учун келганлигингни биламиз. Парво қилма, қишлоқда қирқ сайловчи яшайди, биз барчамиз бир тану жон бўлиб сенинг тарафдорлигингга овоз берамиз. Биз сенинг халқ учун қилган хизматларинг қадрини биламиз, бошқа истагимиз ҳам йўқ. Қишлоқдан бир километр узоқликда чашма бор, агар қўлингдан келса унинг сувини қишлоққа олиб келишга ёрдамлаш, қўлингдан келмаса ҳам ҳеч гап эмас.
Йўлда ҳайдовчим Сайфиддинга дедим:
-Қара, қишлоқ халқи қандай оддий, самимий ва тўғри сўзлайдилар-а.
Душанба куни эди. Сайлов маъракаси тугаганидан кейин сайлов комиссияси раисига телефон қилиб, қанча овоз олганлигимни сўрадим. У рақибимдан 500 овоз кўп олганлигим ва сайловдан ўтганлигимни айтди. Гап келганда, ўша иккита қишлоқдан қанча овоз олганлигимни сўрадим. Қирқ нафар сайловчидан бирор киши ҳам сенинг тарафдорлигингга овоз бермаган, деди. Ишонмадим ва қайтадан сўрадим:
-Қирқ нафар сайловчи эканлигини қаердан биласиз?
-Сайлов қутисини олиб боргандик. Ишонмасанг, кел, ўзинг кўр!
Маълум бўлишича, мен кетгандан кейин қишлоққа рақибим Ашуров ҳам ташриф буюрган экан. У қишлоқ аҳлига яхшилаб ўйлаб кўринг, кимнинг тарафдорлигига овоз берасиз, Савченков кофир, сизу биз мусулмонмиз. Савченков қурилиш тамом бўлгандан кейин кетади, сизу биз қоламиз…
Сўз таъсири, ҳақиқатни кўришдан ва тарғибот қилишдан кўра устунроқдир. Билмадим, қай бир сир қишлоқ аҳлини бундай амал қилишга мажбур қилди…
-Самолёт оёқларининг Душанбе аэропортидан узилиши билан сиз ҳам Тожикистондан узилдингизми?- Савченковга юзландим.
-Жисман ҳа, лекин руҳан йўқ. Норагу Роғун қурилишидаги тожик дўстларим, ҳамкасбларим ва ҳамкорларим кўп келишарди. Уларга Россияда иш топишлари учун йўл кўрсатардим, ёрдам берардим.
-Кўнглингизда Тожикистонга қайтиш истаги пайдо бўлмадими?
-Бир марта ўғлимга айтдим: «Барчаси тинчиди, мен Роғунга кетаман»,- дедим.
«Энди жойингизда ўтиринг! Агар қочмаганингизда, қачонлардир қирқингизни берардик»,- деди.
Аччиқ сўзлади, лекин гапнинг тўғрисини айтди.
Кейинчалик дўстларимнинг айтишларича, қатл эттирилувчи қирқ нафарлик демократлар ва исломчилар рўйхатида мен ҳам бўлган эканман.
13 йил давомида атиги бир марта бўлса ҳам Роғунни кўришни истадим. Қулай фурсат пайдо бўлмади. Неварам Энергетика университетида инженер-гидротехник ихтисослиги бўйича таҳсил оларди. У бу соҳанинг мутахассиси бўлишни хоҳларди. Кўнглимда уни Норакка олиб бораман, дердим. Агар кўзидан олов чақнаса, мутахассис бўлади, бўлмаса йўқ. 2007 йилнинг апрел ойи эди. У билан Душанбега бордик ва у ердан Норакка жўнадик. Умри Норак ГЭС қурилишида ўтган дўстим –Ҳамроқул Ёров бу шаҳар раиси эди. У хизмат машинасини бизга берди. ГЭСнинг барча иншоотларини кўздан кечирдик. Дунёнинг ноёб марвариди – Норак ГЭСини кўриш билан неварамнинг кўзларидан нафақат олов чақнади, балки ўзини қўярга жой тополмай қолди. У билан кемага ўтириб, Норак денгизини айлантиришни истадим. Кемаларни республиканинг сайёҳлик соҳасини ўстириш учун Россиядан сотиб олиб, Норакка олиб келгандик. Унда 100 та ўриндиқ бор эди. Афсуслар бўлсинки, уни қайтадан Россияга сотишибди.
Кейин Роғунни ҳам кўздан кечирдик. Бу дафъа, ҳақиқатдан ҳам, кўзларимда шодлик ёшлари қалқиди. Мен ва ҳамкасбларим меҳнатлари шамолга учмаганди. Мен кўрган у манзара кутилмаган ҳолат эди. Қаторда турган Япония-ю Америкада чиқарилган булдозеру экскаваторлар, «БеЛАЗ»лар кишини ҳайратга соларди. Биз шундай техникаларимиз бўлишини орзу қилардик. Роғун ГЭСида иш қайнарди. Бу ҳам бўлса Президентингиз Эмомали Раҳмоннинг заҳматлари самараси. У сулҳ келтирди, халқни тўплади, оғир тўсиқларга қарамасдан, Роғун ГЭСнинг қурилишини давом эттирди. Унинг ҳаракатлари Роғунни яна жонлантирди.
-Халқ Роғун ГЭСи қурилиши чўзилишининг бир сабабини Россия, деб билади. Бу фикр қай даражада тўғри?
-Менинг хабарим бор, Роғун ГЭСининг қурилиши тўғрисида тавсиялар жуда кўп эди. Американинг «Хайрок холдинг лимитид» ширкати, Покистон Ҳукуматлари Роғун ГЭС қурилишига диққат қаратишганди. Тожикистон Афғонистоннинг чегарасигача 250 километр, Покистонга Афғонистон орқали 450 километр электр токи симини тортиш керак эди. Покистон қурилиш учун бир миллиард АҚШ доллари ажратишга тайёр эди. Битим лойиҳаси тасдиқ учун Олий Советга юборилганди. Лекин фуқаролик уруши бу лойиҳанинг амалга ошишига тўсиқ бўлди.
1994 йил Тожикистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида Роғун қурилиши учун битим имзоланди. Унинг ижро этилиши «РусАл» зиммасига юкланди. Мен бундан хурсанд бўлгандим. «РусАл» 1997 йилнинг бошида «Роғунсервис» акционерлик жамиятини ташкил қилди. Лекин Дерипаска бу иншоотга манфаатталаб муносабатда эмасди. Унинг режасига кўра, Данғара яқинида алюминий ишлаб чиқарувчи корхона бунёд этилиши керак эди. Уни электр токи билан таъминлаш учун Роғунда 200 метрлик сув омбори кифоя эди. Сув тўғонини режадагидек эмас, балки бетондан бунёд этмоқчи бўлди. Бу, умуман, нотўғри эди.
Сизнинг Президентингиз – Эмомали Раҳмоннинг Дерипаска билан яхши муносабатда бўлишига қарамай, у миллий манфаатларни юқори қўйиб, Дерипасканинг тавсиясига қатъий қарши чиқди. Ҳақиқатдан ҳам, кейинроқ Эмомали Раҳмон билан бўлган мулоқотимизда унинг учун давлат ва миллий манфаатлар юқори туришини англадим. Ҳар қандай раҳбар Роғун қурилиши учун бундай босим ва азобларга дош бера олмайди. Бу нарсани эътироф этмаслик, кўриб туриб оқни қора дейиш билан баробар.
Дерипаска яқинни кўзлади, Россия Ҳукумати исрофкорлик қилмади. Мен Норак ГЭСи бош инженери ва Роғун қурилиши бошлиғи сифатида В.В.Путин номига мактуб ёздим. Роғун ГЭСи моҳияти ва унинг иқтисодий-стратегик аҳамиятини шарҳладим. Владимир Владимировичнинг бу мактубни ўқигандан кейин Россиянинг Роғун ГЭСи қурилиши ҳақидаги фикрлари тубдан ўзгаришини ўйлагандим. Лекин афсуски, мен Россия Саноат ва энергетика вазирлигининг энергетика департаменти бошлиғи ўринбосари С. Михайловдан ёмон мактуб олдим. Унда яхши тавсиялар, эътиборга оламиз, деб ёзилган эди.
Ҳозирги кунда дунёнинг нодир иншоотларидан бўлган бу иншоот бунёдкорлигига талабгор кўп. Мендаги маълумотларга кўра, Хитой ҳам бу қурилишга мойиллигини билдирган.
-Лекин Роғунга қаршилар ҳам бор. Уларда қурилишга монелик қилиш учун гўёки асос бор.
-Роғун ГЭСи эртами-кечми, бутун иқтидори билан қурилади. Роғун ГЭСига қаршиларнинг далиллари эса, Норак денгизи соҳилидаги қумга ёзилган режага ўхшайди ва сув келиши билан ювилиб кетади.
Дастлаб уларнинг далиллари бўйича Роғун ГЭС қурилиши Орол денгизининг қуришига олиб келарди. Бугун Роғун ГЭСи эмас, балки Орол денгизи қуришига олиб келишди. Орол денгизи суви сатҳининг пасайиши, Ўзбекистон томонидан Амударё яқинидаги сувсиз ерларни ўзлаштиришдан бошланганди. Лекин донолик қилиб, бирор жойда бу ҳақда гапиришмади. Агар Норак ГЭСи бўлмаганда, Туркманистоннинг чўлларини гулистонга айлантирган Қароқурум канали бунёд этилмасди. Мен бу канал қурилишида иштирок этганман ва барчасини яхши биламан.
-Шояд уларни ер қимирлаши натижасида сув тўғонининг бузилиши шундай амал қилишга ундагандир?
-Бу уйдирма. Ер қимирлашига нисбатан чидамлилик масаласи анча олдин ташхис қилинган эди. Норак ГЭСи тўғрисида ҳам бундай гаплар бор эди. Норак сув омбори баландлиги 300 метр. Роғун ундан атиги 35 метр баландроқ. Норак 45 йилдан буён мустаҳкам ва бир неча юз йиллар ҳам мустаҳкам қолади. Шўролар даврида ҳам кўпгина институтлар бу масала юзасидан иш олиб борганди. Норак ГЭСи сув омборининг устуворлиги 1:50 масштаб билан сунъий 6 дан 10 баллик ер қимирлаши таъсирига устуворлиги текширилган эди. Охирги текширув 11 баллик Рихтер жадвали билан ўтказилганди. Бироқ, сув омборига умуман таъсир кўрсатмади. Бу тўғридаги барча материаллар Тожикистон ер қимирлашини ўлчовчи институтида бор. Шунга ўхшаш бир тадқиқот Роғунда ҳам ўтказилганди. Барча гаплар беҳуда. Жаҳон банкининг Роғун ГЭСи сув омборининг устуворлиги тўғрисидаги хулосаси ҳам бундан дарак беради.
-Бундай бўлса, қарши томонлар нимага асосланади?
-Мен ҳам улар нимага асосланганликларини тушунмайман. Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон бош раҳбарларининг биргаликда КМ ПК Шўровий сиёсий бюросига юборилган мактублари асосида бошланганди. Бу ГЭСнинг Тожикистонга нисбатан Ўзбекистон ва Туркманистонга кўпроқ манфаати бор. Агар у қуриб битказилса, Ўзбекистонда 320 минг гектар ер суғорилади, 1 миллион гектар ернинг суғориш ҳолати яхшиланади.
Ўзбекистонда электр токи иссиқлик ишлаб чиқариш станциялари ҳисобидан ишлаб чиқарилади, бу эса Норак ГЭСида ишлаб чиқариладиган электр токидан 8-9 марта қимматроқдир. Шўролар даврида қишда Ўзбекистон Тожикистонга, ёзда эса Тожикистон Ўзбекистонга арзон электр токи берарди. Ёзда Ўзбекистон электр станциялари таъмирталаб бўлганлиги учун тўхтатиларди ва таъмирланарди. Афсуски, Ўзбекистон томон Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги электр токи симларини узиш билан икки халқнинг манфаатларини ҳам узди.
Агар далил сўрамоқчи бўлсангиз, Роғун ГЭСининг қурилишига на техник, на иқтисодий ва на сиёсий жиҳатдан бирор-бир далил мавжуд эмас. Роғун ГЭСи нафақат Тожикистон, балки бутун Марказий Осиё учун оғир юк вагонларини судраш учун паровоз саналади…
Тун ярмидан ўтган эди. Лекин ҳали ҳам бизнинг қизғин суҳбатимиз давом этарди. Николай Григоревич ҳар замон дори ичарди. Қон босими бор эди. Охирги марта уни 2010 йили шифокорлар ёрдамида Роғундан аравачага ўтқазиб, Душанбе аэропортига олиб келишган эди. Элеонора Дмитриевна эрининг чарчаганлигини сездими, бизнинг суҳбатимизга қўшилди:
-Чарчадингиз, дастурхонга ўтинглар!
Биз дастурхон атрофига ўтирдик. Суҳбатни эса кейинроқ давом эттиришга келишдик.
-Чой ичасизми?- мурожаат тариқасида Николай Григоревичга юзланди турмуш ўртоғи.
-Мен тожик, албатта кўк чой!
-Сиз-чи?- менга қаради Элеонора Дмитриевна.
-Нима, мен тожик эмасманми?
Шариф Ҳамдампур,
Душанбе-Москва-Душанбе.
МУАЛЛИМА
Яқинда сизни учратиб қолдим. Ўқувчиларингиз орасида ёшариб кетгандайсиз. Сизни кўрдим-у болалигим ёдимга тушди. Дарсни:
-Болажонларим, деб бошлардингиз. Ўйинқароқ эдик, сизни кўпинча койитиб қўйсак-да, кенг феъл, меҳрибон нигоҳ билан бизга сабоқ беришни давом эттирардингиз. Мулойим овозингиз ҳали-ҳануз қалбимда акс-адо бериб турибди. Биринчи ўқитувчимга, деб олиб борган даста гулларим кўз ўнгимда.
Кейин йиллар ўтди. Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси юрагимизга жо бўлди. Беғубор болалик, ўсмирлик даври ортда қолди. Сиз каби устозлар дуоси билан мустақил ҳаётга дадил қадамлар қўйдик, муаллима.
Мана кеча сизни учратиб қолдим. Ширинтой болажонларингиз атрофингизда парвона.
...Мен шу лаҳза ўз болалигим билан учрашгандай бўлдим.
ШАМОЛ ВА МУСИЧА
Шамолнинг қаҳри – қаттиқ. Бунча ҳам қаттиқ эсмасанг, деб ёлборарди мусича, ахир инимни бузиб, полапонларимни…
Мусичанинг илтижолари зое кетди. У бузилган уяси атрофида бир-икки айланди-да, ерга қўнди. Ўлиб ётган полапонларига боқаркан, яна гир айланди. Шамол ҳамон қутурар, хас-чўпларни турли томонларга учирарди.
Орадан вақт ўтиб, мусича яна жўжа очди. Шамол эсарди. Энди мусича унга парво қилмайди – шамолдан панада полапонларига меҳр билан емиш улашади. Шамол қанча ғазаб отига минмасин, мусича хотиржам болаларига андармон бўлади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан, мусича: -Бир вақтлар сизлардай полапонларим, акаларинг бор эди, бу шамол…- деб қўяди ғу-ғулаб. Ва панароқда ин қурганидан хурсанд бўлади.
Раҳмат БЕК.
Тақдир
Абубакрдан келган қўнғироқни ўчирдим.
Компютерда чала қолган ишимни тугатгач, кабинетдан чиқдим.
Ишхона ҳовлисидаги улкан тут дарахти соясига ўтиб, бамайлихотир гаплашиш умидида қўнғироқ қилдим.
Самога бўй чўзган салобатли тут дарахтлари менга Ховалингни эслатади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015