Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 10 Октябр 2019 Кӯришлар: 1561
Печат

 

suhbat 2019Президент: - …Ташаккур. Тожикистонга хуш келибсиз! Тожикистон мустақил мамлакат сифатида нефт ва газ манбаларига эга эмас. Тожикистоннинг ягона бойлиги гидроэнергетик захиралари бўлиб, бу кўрсаткич бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Тожикистоннинг бу соҳадаги захира ва имкониятлари 580 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади. Тожикистон 1991 йилнинг 9 сентябри - мустақилликни қўлга киритган вақтда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлаш асосий муаммо эди. Дастлабки йилларда биз деярли

аҳолини электр қуввати билан таъминлай олмадик. Мамлакат иқтисодиётида ҳам катта муаммолар мавжуд эди. Шу сабабли, биз Тожикистонда энергетика соҳасини ривожлантиришга киришдик. Биз ҳозир бўлиб турганимиз - "Роғун" ГЭСи лойиҳасини ўрганиш Шўролар даврида бошланганди. Бироқ вақт ўтиши билан ушбу лойиҳа унутилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, лойиҳани ўрганиш ҳамда қурилиш ишларини аста-секин бошладик. Бугун сизу биз гидроэлектростанциянинг иккинчи агрегати ишга туширилишининг гувоҳи бўлдик. "Роғун" нима? Умуман, гидроэнергетика соҳаси нима?

Тожикистон гидроэнергетик захиралар, яъни қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимиз экологик тоза энергия ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринда турибди.

Иқлим ўзгариши ва табиатни муҳофаза қилиш замонавий дунёдаги глобал муаммодир. Масалан, халқаро таҳлилчилар ва БМТнинг тегишли институтлари таъкидлаганидек, жорий йилнинг июл ойи сўнгги ўн йилликлар ичида энг иссиқ ой бўлган. Биз дунёда ҳар йили иқлим ўзгариши билан боғлиқ турли салбий ҳодиса ва ҳолатлар юз беришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу сабабли, биз гидроэлектростанциялар қуришни, яъни қайта тикланадиган манбалардан "яшил" энергия ишлаб чиқаришни бошладик. Биз "яшил" иқтисодиётга юзландик. Бу, нафақат, ўзимиз, балки бутун минтақа учун ҳам катта аҳамиятга эга. Биз қураётган гидроэлектростанциялар барча узоқ-яқин минтақаларга ҳам хизмат қилиши мумкин.

Масалан, биз асосий вазифаси Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон Ислом Республикаси ва Покистон Ислом Республикасига, шунингдек, Осиёнинг бошқа давлатларига юқори волтли электр узатиш линияси CASA-1000, деб номланган лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Айни пайтда амалга ошираётган ушбу лойиҳамиз Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланади ва унинг умумий молиялаштириш ҳажми 1 миллиард 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Агар ҳозир биз фақат айрим қўшни давлатларга электр энергияси етказиб бераётган бўлсак, 2021 йилдан бошлаб, Афғонистон ва Покистонга катта ҳажмдаги экологик тоза электр энергиясини экспорт қиламиз. Шу нуқтаи назардан, Тожикистон гидроэлектростанциялари минтақадаги экологик вазиятни яхшилашда катта рол ўйнайди. Бошқа томондан, ушбу гидроэлектростанцияларнинг сув омборлари сув танқислиги ва қурғоқчилик йилларида аҳолини зарур ичимлик суви билан таъминлайди, ёзда эса, минтақа давлатларининг суғориладиган ерларини сув билан таъминлашга кўмаклашади. Шундай қилиб, гидроэнергетика ривожланиши биз учун ҳам, минтақа мамлакатлари учун ҳам, экология, иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш йўлида фойдалидир. Шунинг учун биз бундай лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.

"Ал-жазира" мухбири: - Жаноб Президент, сиз "Тожиклар тарих кўзгусида" номли китоб ёзгансиз... Айтинг-чи, Тожикистонни қайта тиклашда араблар ва ёки араб сармоячиларининг ҳиссаси қандай?

Президент: - Аслида, етарлича қониқарли эмас. Биз араб давлатларини халқаро майдонда муҳим ҳамкорлардан бири, деб биламиз. Улар билан яхши муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масаласига доимий эътибор қаратамиз. Араб дунёси минтақамиз мамлакатларига етарли даражада эътибор қаратиши керак. Ўтган даврни муносабатларимизда ўзаро ўрганиш босқичи бўлган, деб айтиш мумкин. Бироқ бизнинг фикримизча, ўрганиш босқичи узайиб кетди. Аллақачон, 28 йил ўтди. Араб давлатлари билан ҳамкорлигимиз ривожланишда давом этмоқда ва бугунги кунда қониқарли даражада эмас. Биз иқтисодий, савдо ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун беқиёс саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Тожик ва араб дунёси халқлари бир-бирига яқин муштаракликка эга. Араб мамлакатларига расмий ёки иш сафари давомида биз уларни доимий равишда фаол иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликларда иштирок этишга чақирамиз. Албатта, бу йўналишда бир қатор яхши мисоллар мавжуд, аммо кўп эмас. Аввало, савдо-иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлигимиз Кувайт, Қатар ва бир мунча Бирлашган Араб Амирликлари каби араб давлатлари билан яхши ривожланмоқда.

Араб мамлакатларининг минтақа давлатларига эътибори, нима учун билмайман, лекин етарли даражада фаол эмас. Ваҳоланки, биз умумий тарих ва маданиятга эгамиз. Тожикистон Ислом дунёси билан узоқ муштарак тарихни ҳисобга олган ҳолда, собиқ Шўролар давлатлари орасида биринчи бўлиб Ислом конференциясига аъзо бўлди. Гарчи кўпчилик бунга қарши бўлса-да. Ўз нутқларимда ривожланган ва иқтисодий жиҳатдан кучли давлатлар Ислом оламининг ривожланаётган давлатларига ёрдам бериш имкониятига эга эканини бир неча бор таъкидладим. Ҳатто, мисоллар келтирдим. Масалан, етакчи давлатларнинг банкларида сақланаётган маблағларнинг ўн фоизи Ислом тараққиёт банки (ИТБ) негизида марказлаштирилган жамғарма ташкил этиш орқали Ислом дунёсининг ривожланаётган мамлакатларига ёрдам кўрсатиш учун юборса, бу Ислом мамлакатлари фойдасига ҳам бўлиши мумкин. Бу, шунингдек, мусулмон умматини бирлаштириш ва бирлашишга ҳамда Ислом дунёси мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Афсуски, бундай гаплар унчалик ҳам эшитилмайди ва қўллаб-қувватланмайди. Бу афсусланарлидир.

"Ал-жазира" мухбири: - Бу борада яна бир савол: Тожикистоннинг саноат ва иқтисодий ривожланишида электр энергияси ишлаб чиқаришни ва ундан фойдаланишни максимал даражада ошириш стратегиянгиз қандай?

Президент: - Сув омборларида тўпланган сув, асосан, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Тожикистон тоғли мамлакатдир ва ҳудудининг 93 фоизини жуда баланд тоғлар ташкил этади, бизда суғориладиган ерлар кам. Бошқача айтганда, бу иссиқ мавсумларда ва қурғоқчилик йилларида қуйи мамлакатлар учун ерларни суғоришнинг қўшимча манбаидир. Яъни биз, асосан, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сувдан фойдаланамиз, қолган қисми эса, қуйи мамлакатларга тўғри келади. Шундай қилиб, бу мамлакатлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун сувдан фойдаланиш имкониятига эга.

"Ал-жазира" мухбири: - Жаноби олийлари, Тожикистон Афғонистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан чегарадош. Афғонистон Ҳукумати ва "Толибон" ўртасида тинчлик музокаралари ҳақида қандай фикрдасиз? Ушбу мамлакатнинг келажагига қандай қарайсиз?

Президент: - Афғонистондаги вазият бўйича бизнинг позициямиз шуки, Марказий Осиёдаги тинчлик ва хавфсизлик, аввало, Афғонистондаги вазиятга боғлиқ, деб биламиз. Айнан, шунинг учун, мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, биз Афғонистон муаммосини имкон қадар тезроқ ҳал этиш учун халқаро миқёсда барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида бу мамлакатда ички қарама-қаршиликлар давом этмоқда. Афғонистондаги ҳозирги вазият жуда мураккаб. Биз ҳаммамиз террорчи гуруҳларнинг фаолиятлари туфайли, деярли ҳар ҳафта ёки ҳар ойда мамлакатда бир ёки иккита шафқатсиз террорчилик ҳаракатлари содир бўлаётганини кўриб турибмиз. Биз афғон муаммосининг ечими фақат ҳарбий йўл билан эмаслигини бир неча бор таъкидладик. Қаранг, Афғонистондаги уруш узоқ йиллардан буён давом этмоқда. Шунинг учун, ушбу муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўллари, жумладан, музокаралар олиб бориш асосий позиция бўлиши керак. Биз афғон масаласини фақат музокаралар йўли билан ҳал қилиш тарафдоримиз. Менинг фикримча, мамлакат тақдири Афғонистон халқининг қўлида бўлиши керак. Афғонистон халқи ўз тақдирини қўлига олиб, келажагини белгилаши керак. Бу ерда ўринли савол туғилади - нима учун Афғонистондаги вазият узоқ йиллар давомида мураккаб бўлиб қолмоқда? Бу фақат афғонларнинг айби эмас. Асосий муаммо ташқи кучларнинг мамлакат ички ишларига аралашишидадир. Шунинг учун, мамлакатда беқарор вазият давом этмоқда ва ҳеч ким эртага нима бўлишини тахмин қила олмайди. Аммо Афғонистон билан энг узоқ чегарага эга мамлакатимиз халқаро ҳамжамият ва Афғонистон Ҳукуматининг музокаралар жараёнини йўлга қўйиш ва афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Бизнинг фикримизча, агар Америка ва "Толибон" ўртасидаги музокаралар жараёнида Афғонистон Ҳукумати янада фаол рол ўйнаса, яхши бўлар эди. Чунки Ҳукуматни халқ сайлаган. Иккинчидан, бу жараёнга Афғонистон билан қўшни давлатлар ҳам жалб қилиниши керак. Бугунги кунгача амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, менимча, бу мамлакатда тинчлик ва осойишталикка эришиш йўлидаги бир қадамдир. Биз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлиб қоламиз, бироқ бу борада эришилган ҳар қандай келишув ёки шартнома амалий жиҳатдан татбиқ этиш кафолатига эга бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Табиийки, ҳамма нарса бир вақтнинг ўзида амалга оширилмайди. Тинчлик жараёни жуда мураккаб ва мен буни Тожикистонда фуқаролар урушининг аччиқ тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтаяпман. Тожикистоннинг тинчлик тажрибаси ўрганилиши керак эди, чунки Афғонистон муаммоси мамлакатимизда бўлиб ўтган фуқаролар урушига ўхшашдир. Биз дўст Афғонистон халқига ёрдамлашиш ва уларга кўмак бериш борасида мустақиллик йилларида кўп саъй-ҳаракатлар қилдик. Ишончим комилки, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиладиган кун узоқ эмас.

"Ал-жазира" мухбири: - Жаноб Президент, БМТ доирасида сув масалалари бўйича ташаббусларингиз, шунингдек, Тожикистоннинг йирик дарёларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларингиз ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз…

Президент: - Ҳа, биз сув ресурслари, айниқса, тоза сув захиралари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаймиз. Ҳатто, Марказий Осиё минтақасидаги сувнинг 60 фоизидан ортиғи Тожикистонда шаклланади. Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудида ўн икки мингдан ортиқ музликлар мавжуд. Менинг кузатишларим ва мавжуд таҳлилларимизга кўра, дунёда сув муаммоси, айниқса, тоза сувдан фойдаланиш бугунги кунда ва келажакда жаҳон ҳамжамияти учун жуда жиддий муаммо бўлади.

Шу сабабли, биз бошқа ҳамкорларимиз билан биргаликда БМТ доирасида тўртта ташаббусни илгари сурдик ва ҳозирги вақтда бизнинг тўртинчи ташаббусимиз - 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллиги амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббусларимизнинг мақсадлари жаҳон ҳамжамиятига мазкур глобал муаммо ҳақида эслатиш, бу масалаларга эътибор бериш ва сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлларини биргаликда топиш учун нима қилиш кераклигини аниқлашдир. Ичимлик суви билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган ёки суғориш учун сув таъминотига эга бўлмаган мамлакатларнинг муаммоларини ҳал қилиш. Шунинг учун, бизнинг тўртинчи ташаббусимиз БМТга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва ҳозирда амалга оширилаётган Бош Ассамблеянинг тегишли қарори бир овоздан қабул қилинди. Айнан, шунинг учун, жаҳон ҳамжамиятининг аксарият қисми Тожикистоннинг бу борадаги ташаббусларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Ташаббусларимизни амалга оширишда биз сиёсий ёки бошқа мақсадларга интилмаймиз. Фақат жаҳон ҳамжамиятини, бу глобал муаммо аслида бўлгани каби, унга конструктив муносабатда бўлишини истаймиз. Сув билан боғлиқ энг қийин муаммоларга дуч келадиган мамлакатлар бор. Уларга ёрдам бериш керак, улар аҳолини ушбу муаммолардан қутқариш учун қўллаб-қувватланиши лозим.

Суҳбатимиз сўнгида, сизни Тожикистонга хуш келибсиз, дейман ва Тожикистонга фақат бирон бир объект очилганда эмас, балки имконият туғилган ҳар қандай вақтда бизнинг гўзал ва диққатга сазовор жойларимизга ташриф буюришингиз мумкинлигини таъкидламоқчиман. Тожикистон музликлари, Бадахшоннинг гўзаллиги, минтақамизнинг ноёб ҳайвонот ва ўсимликлар олами билан яқиндан танишишингиз мумкин. Тожикистон, гарчи унчалик катта мамлакат бўлмаса-да, табиий захираларга бой. Тожикистонда, нафақат, сув, балки нефт ва газдан ташқари, бой табиий ва минерал захиралар ҳам мавжуд.

 

"Ховар" ТМАА.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Газеталар мутолааси – иллатларга қарши восита

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган навбатдаги Паёмини Рўдакий ноҳияси Почта алоқаси муассасаси коллективи ҳам тинглаб, ундаги муҳим ўринларни ён дафтарларига ёзиб ҳам олишди.

Муфассал...

Миллат пешвоси халқаро симпозиумда иштирок этди

22 октябр куни Миллий кутубхонада Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон «Қадимги маданият бўйича тадқиқот: кечадан бугунгача» халқаро илмий симпозиумда иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Унинг ишида мамлакат зиёлилари ва хорижий мамлакатлардан меҳмонлар – халқаро симпозиум иштирокчилари қатнашишди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990963

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478369
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4297
4027
21982
7426653
100013
114875
7478369

Сизнинг IPнгиз: 18.217.10.200
Бугун: 23-11-2024 17:36:22

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015