Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 17 Август 2018 Кӯришлар: 2282
Печат

 

yaxshi qushni 2018Улуғ устоз Абдулла Қодирий айтганларидек, мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир. Зотан, киши мозийдан ибратланиб, ўзининг келажаги учун яхши ва мустаҳкам пойдевор қуриши мумкин. Айниқса, бу икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларига тегишли бўлса, унда бу пойдевор то қиёмат пойдор бўлади, ё насиб!

Илдизи тарих қаъридан сув ичган тожик-ўзбек дўстлигига янги аср

ибтидосида кўз теккандай бўлди. Ўртадаги муносабатлар бироз совиб, борди-келдилар сусайди. Минг асрлар ёндошу қондош яшаган бу икки халқ бироз бўлса-да, бир-биридан айро тушди… Хайриятки, бу ҳол узоқ давом этмади. Бир сарзаминда яшаб, тўй ва маъракаси, урфу одати, дунёқараши-ю дини ва мазҳаби бир бўлган халқлар ҳамма вақт ҳар қандай муаммога ечим топиб келган, бу қайта ҳам шундай бўлди. Аниқроғи, бу халқлар раҳбарлари ташаббус кўрсатиб, бир-бири дийдорига муштоқ, бир-бири сари талпинган икки тилли бир халқнинг яна бир тану бир жон бўлишларига имкон яратиб беришди.

Юқорида эслатиб ўтилганидек, бундан икки йилча бурун тожик ва ўзбек халқининг асрларга туташ дўстлиги янгича кўриниш касб эта бошлади. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар қон-қариндош бўлиб кетган бу халқлар ўртасидаги алоқаларни қайта тиклаш ташаббусини илгари сура бошладилар.

- Биз минтақадаги барча халқу қавмлар билан яхши қўшничилик қилиш тарафдоримиз,- деганди ўшанда Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон.

Ўз навбатида, Президентлик мақомига ўтирган ҳурматли Шавкат Мирзиёев ҳам:

- Биз биринчи галда атрофимиздаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларимизни мустаҳкамламоғимиз лозим, - деган эди.

Агар 2016 йилнинг тўртинчи квартали ва 2017 йил хронологиясига назар ташласак, минтақада энг яқин қўшни саналган тожик-ўзбек муносабатларида кескин илиқлашув ва туб бурилишлар юз берганининг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистон Президенти ҳам ўз сўзида туриб, тез орада Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистонга сафар қилди. Тожикистонга ҳам сайлов арафасида илк дўстлик делегациялари ташриф буюра бошлади.

2016 йил охири, 2017 йилнинг аввалидаёқ икки республика Бош вазирлари учрашувлари оммавий ахборот воситаларида тилга тушгани, чинданам хушхабар эди. Бу орада тадбиркорлар, санъаткорлар гуруҳи ўзаро борди-келдини бошлаб юборган эди ҳам.

Ҳа, 2017 йилга келиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликларнинг янги уфқлари намоён бўла бошлади. Аниқроқ сана билан айтар бўлсак, 17-20 апрел кунлари азиз Ватанимиз пойтахти - Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси саноат маҳсулотларининг биринчи кўргазмаси бўлиб ўтди. Бизга ёндошу қондош қўшни республика мамлакатимизда 25 йил давомида илк бор бу каби кўргазмани ўтказаётган эди.

Ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги самарали муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига барчада умид уйғотган мазкур кўргазмада қўшниларимизнинг 160 ширкати ўз мамлакатларида ишлаб чиқарилган 1500 турдаги маҳсулотларни намойиш этди.

Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 2016 йил охирида бўлиб ўтган сўнгги йиғилиши чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилаётган бўлиб, мазкур Ўзбекистон миллий кўргазмасининг Ватанимиз пойтахтида ўтказилиши ҳам шулар жумласидан саналарди.

Зотан, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикчилик ва яхши қўшничилик муносабатларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиб турган бир пайтда, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ҳар иккала мамлакат учун ҳам аҳамиятли ва зарур эди.  

Юқорида эслатиб ўтганимдек, ўшанда мамлакатларимиз Ҳукуматлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича келишувлар асосида икки мамлакат савдо-саноат палаталари ҳамда "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазмалар компанияси ушбу тадбир ташкилотчилари саналиб, икки мамлакат келажакдаги яхши қўшничилик муносабатларига тамал тошларини қўяётгандек эди, назаримда.

Ўшанда Душанбедаги "Пойтахт- 90" замонавий савдо маркази ҳудудидаги 2 минг квадрат метрлик жойда тўқимачилик, озиқ-овқат, тери-чарм, электротехника, кабел-узаткич, дори-дармон, ўқув-лаборатория ускуналари, қурилиш материаллари, сантехника, чинни буюмлар ва турли идишлар, пардоз-андоз ҳамда алкоголли ичимликлар, шунингдек, 1000 квадрат метрлик очиқ майдонда қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан, енгил ва юк автомобиллари, йўловчи ташувчи автобуслар, турли тракторлар ҳамда бошқа жиҳоз-ускуналар намойиш этилганди.

"Ўзавтосаноат" компанияси Тожикистоннинг "Лесинвест" ва "Тажмоторс" компаниялари билан енгил автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномалар, шунингдек, "Ғаюр" компанияси билан ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Албатта, мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси доирасида ўтказилган бизнес-форумда имзоланганди.

Чунончи, кўргазма доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, TRANSNEFTEGAZ GLOBAL SERVIS ва "Ғаюр" компанияси ўртасида битим ва фойдали қазилмаларни етказиб бериш бўйича меморандумлар ҳамда бошқа қатор ҳужжатлар, шунингдек, озиқ-овқат ва кимёвий соҳа бўйича ҳам лозим ҳужжатлар имзоланганлиги барчамизнинг ёдимизда.

Тожик-ўзбек бизнес форуми давомида жамулжам 20га яқин шартнома имзоланиши икки дўст мамлакат ўртасидаги савдо-саноат бўйича ҳамкорликнинг янги уфқи очилаётганидан дарак берарди. Бу эса, баҳорий айёмда эсаётган ёқимли шабада каби илиқ мужда бўлиб, икки республика бўйлаб хуш ифор таратди. Оммавий ахборот воситалари ҳам асрларга туташ тожик-ўзбек дўстлигининг қайта тикланаётганлиги борасида бот-бот ёза бошлади. Айрим мухолиф характердаги газеталару сайтлар, ҳатто, бу дўстлик тикланиши даргумон, деган фикрни илгари сурди ҳам. Аммо ҳақиқат шу эдики, мазкур кўргазма барчада илиқ таассурот қолдирди, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига, мамлакатларимиз бизнес доиралари вакиллари ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ўрнатилиши ҳамда ривожланишига, савдо-сотиқнинг кўпайиши, Тожикистон ва Ўзбекистон бизнес доиралари ҳамкорлик кўламининг янада кенгайишига асосий туртки бўлиб хизмат қилди!..

Шундай қилиб, тожик-ўзбек савдо алоқалари 2017 йилда қарийб 6 мартага ўсганлиги қайд этилди. Бу муддат ичида Ўзбекистон билан савдо алоқалари 5,7 маротаба ўсиб, товар айирбошлаш 69 миллион 200 минг долларга етгани расман билдирилди.

Ўзбекистоннинг маиший техника ишлаб чиқарувчи "Artel" ширкати ҳам Тожикстон бозорида ўз ўрнига эга бўла бошлади. Зеро, мазкур ширкат маҳсулотларининг нархи арзон, сифати яхшилиги ўзига харидорни жалб қила бошлади. Бунгача, асосан, Хитой, Туркия ва Қирғизистон маҳсулотлари бозори чаққон бўлса, эндиликда "Artel" ширкатида ишлаб чиқарилган маиший техникаларнинг аҳоли орасида оммавийлашиб бораётганлиги мушоҳада этила бошланди.

Ўшанда яна бир хушхабар тарқалди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар савдоси йўлга қўйиларкан… Бу гап чин бўлиб чиқди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркасидан сўнг, Душанбеда "Ravon" брендининг автосалони ҳам очилди. Автосалонда дастлаб R2, R4, Gentra, Nexia R3, Damas ва Labo машиналари сотувга қўйилган эди. Бугунги кунда эса, мазкур салон автомобилсеварлар орасида янада оммавийлашиб бораётганлиги кўзга ташланади.

Бундай ярмаркаларнинг ўтказилиши келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, мамлакатлар ўртасидаги мол-маҳсулот айланишини бир баравар оширишига имкон бериши айтилганди, ўшанда. Бошқа томондан, бундай ҳамкорлик заминида ҳар икки мамлакатда янги иш жойлари ташкил этилиб, аҳолининг турмуш шароити даражаси бугунгидан ҳам яхшиланишига туртки бўлди.

Ўз навбатида, дўстлик ва биродарлик асосида йўлга қўйилган Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши давоми сифатида, ўша 2017 йилнинг октябр ойи иккинчи ўн кунлигида бир ҳафта давомида Ўзбекистон пойтахти - Тошкент шаҳри марказида Тожикистон Республикаси саноат маҳсулотлари ярмаркаси ва мамлакатимиз Маданият кунлари бўлиб ўтганлигини ҳам эслатиб ўтмоқчиман.

Ўзбекистонда Тожикистон саноат маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган маконда, яъни Тошкент шаҳридаги "Ўзбекэкспоцентр"да икки мамлакат байроқларининг кўтарилиши ва дўстлик, биродарликни тарғиб қилувчи шиорларнинг ўрнатилгани жуда чиройли манзара касб этган эди.

Ўзбекистон Республикасида Тожикистон Республикаси маҳсулотлари ярмаркасининг расмий очилиш маросимида бу икки мамлакат ҳукумати, иқтисод ва савдо доиралари, Тошкентда муқим дипломатик корпуси вакиллари иштирок этиб, турли соҳалар, жумладан, иқтисод ва савдо йўналишидаги ҳамкорлик томонлар манфаати учун хизмат қилиши айтилганди.

Тошкент шаҳрида Тожикистон саноат маҳсулотлари ярмаркаси ҳар икки давлат бошлиқлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ўтказилиб, бундан мақсад: Тожикистон Республикаси корхоналарида ишлаб чиқарилган мол-маҳсулотларни таништириш, иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, сармоя жалб этиш ва ҳамкор шериклар топиш эди. Бу тадбир, энг аввало, мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланишининг ошишига ёрдам беради.

Бу ерда, асосан, ип-йигирув ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, турли ускуналар, фармацевтика, чарм-тери маҳсулотлари, алюминий, пластмасса маҳсулотлари, мато, либос, пойабзал, Тожикистоннинг лазиз мевалари, қандолатчилик маҳсулотлари, сайёҳлик, дам олиш ва даволаш имкониятлари, тоғ маъданлари, нашриёт, заргарлик, шифобахш гиёҳлар ва бошқа рўзғор буюмлари намойишга қўйилганди.

Иқтисодий ва савдо муносабатлари ривожига эътибор қаратган тадбиркорлар, савдо ходимлари, сармоя ўтказувчилар, Ўзбекистоннинг кўпчилик аҳолиси ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган нуфузли ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари Тожикистон корхоналари маҳсулотлари билан танишиб, бу тадбирнинг йўлга қўйилиши муҳим ва манфаатли эканлигини айтишганди ҳам. Зеро, бундай ярмаркаларнинг ташкил этилиши билан ҳамкорлик янада кучайиб, бозорда ҳам соғлом рақобат вужудга келади.

Айни пайтда Тожикистон ишлаб чиқариш корхоналари аҳолининг талабларини инобатга олган ва минтақа бозорини ўрганган ҳолда, Ўзбекистон ишлаб чиқариш ширкатлари билан маҳсулот айирбошлашни йўлга қўйган. Ҳар икки томон ҳам унинг самарали давом этишига тарафдордир. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Тожикистон саноат маҳсулотлари, хусусан, цемент, алюминий, маъдан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, пахта толаси ва бошқаларга катта эътибор қаратишлари бунинг далилидир.

Дўстона алоқалар ҳақида гапирар эканмиз, Ўзбекистону Тожикистон ўртасида 25 йилдан буён тўхтаб қолган авиақатновнинг қайта тикланишини эсламасликка ҳаққимиз йўқ. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ("Uzbekistan Airways") 1992 йилда таъсис этилган бўлиб, бугунги кунда жаҳоннинг 25дан ортиқ мамлакатида намояндалиги бор, Осиё ва Европанинг 25 давлатига парвоз этиб келмоқда. Айни пайтда мазкур ширкатда 15 минг ишчи ходим фаолият юритади. Қувончлиси шундаки, 2018 йилга келиб, бу икки давлат ўртасида янги ҳаво қатнови очилиб, Душанбе-Самарқанд ҳамда Душанбе-Бухоро йўналиши бўйича ҳам авиалайнерлар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

2017 йилнинг май ойида Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият кунлари ўтказилди. Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода ва ўзбекистонлик ҳайъат раҳбари Минҳожиддин Мирзолар томонидан ўтказилган брифингда бу икки халқнинг маданияти, урф-одатлари қадим-қадимлардан муштарак бўлиб келганлиги ва бундан кейин бу дўстона ҳамкорлик давом этажагига урғу беришган. Шундай ҳам бўлди. Қарийб 25 йиллик танаффусдан сўнг, илмий ва маданий ҳамкорликларнинг илк куртаклари нишонаси кўзга ташлана бошланди. Шунингдек, Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Маданият кунлари давомида ўзбекистонлик санъаткорлар ва қўшиқчиларнинг концерти ҳам бўлиб ўтиб, у жуда кўплаб мухлисларнинг эътиборига тушганди. Ҳақиқатан ҳам, мусиқа ва санъат жаҳон аҳлининг тилидир. Тожикистон ва Ўзбекистон санъаткорлари ҳамда маданият ходимлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик бу икки дўсту биродар мамлакат аҳли қалбларида бўлган кўплаб орзу-армонлар ушалишига имкон беради.

Мамлакатимизга ташриф буюрган таниқли ўзбек санъаткорлари - Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, Собиржон Мўминов, Севинч Мўминова, Саида Мамадалиева, Раҳим Мирзакамолов, Илёс Арабов, Анвар Собиров, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Улуғбек Раҳматиллаев, Сардор Раҳимхон, Жаҳонгир Позилжонов ва бошқа хонандалар концертларида жой етишмаганлиги, томошабинлар севимли санъаткорлар куй-қўшиқларини тик турган ҳолда тинглашганини ҳали-ҳануз ўзгача бир илиқлик билан эслашади…

Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Маданият кунларининг ўтказилиши ва ўзбек санъаткорлари ҳамда маданият аҳлининг мамлакатимизга ташриф буюриши, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг бугунги ва келгуси муносабатлари йўлидаги умид шуъласи бўлиб, бу икки қардош мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ривожланишига мустаҳкам бир пойдевор яратганлиги бугунги кунда ойдай равшан бўлиб қолди.

Дарҳақиқат, бу мамлакатнинг Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Маданият кунлари эсда қоларли бўлиб, бу икки маданиятсевар мамлакат ўртасидаги дўст-ошнолик, дилдошлик ва бирдамликни яна бир бор мустаҳкамлади.

Юқорида эслатиб ўтганимдек, тожик ва ўзбек миллати тимсолидаги дўстлик мавзуси қайта тилга олина бошланди. Олимлару журналистлар, бир сўз билан айтганда, қалам аҳли бу кўҳна ва эскирмас мавзу - тожик-ўзбек дўстлиги тарихи, сарчашмаси завол топмаслиги хусусида хўп ва кўп ёза бошлашдики, бу ҳар иккала томон маърифатпарварлари, зиё аҳли хурсандчилиги боиси бўлди.

Дарҳақиқат, бу икки халқнинг дўстлик ва адабий ҳамкорлик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Замонасининг буюк мутафаккири, олим, шоир Абдураҳмон Жомий ҳазратлари билан улуғ мутафаккир шоир Мир Алишер Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик анъанаси бу икки халқ донишмандлари даврасини то ҳануз тарк этган эмас. Худо раҳматли устозимиз Ўлмас Жамол ҳам бу дўстликни: -"Аз қадим ўзбегу тожик эт билан тирноқ эрур",- дея васф этган эдилар…

Чинданам шундай. Инсон тана аъзосидаги эт билан тирноқни бир-биридан ажратиб бўлмагани каби бу икки миллатни ҳам ҳаргиз ажратиб бўлмайди. Асрлар давомида қуда-андачилик ортидан қон-қариндош бўлиб кетган бу икки халқ Яратганнинг хоҳиш иродаси билан ёнма-ён қўшни ҳамдир. Қўшнини эса, Худо ато этади. Марказий Осиё халқлари орасида урф-одатлари, ҳаёт тарзи, оила ва қариндош-уруғчилик қадриятларига риоя этиш, муомала ва суҳбатдаги одоб-ахлоқ, тўй-ю мотам ҳамда хурсандчилигу қайғули кунлардаги маросимларимизнинг ўхшашлиги бошқа бирор халқ тожик-ўзбекчалик бир-бирига яқин эмас. Тожик ва ўзбек халқларидаги бундай ўхшашлик бир-икки аср давомида эмас, балки асрлар давомида бир жойда ҳаёт кечириш, бир-биридан доимий равишда ўрганиш ва тарих давомида тақдирлари бирлиги боис, шаклланган. Буларнинг барини бугун жамият ҳаётининг барча соҳалари, кундалик ҳаёт, ахлоқ, маданият ва санъатда яққол кўриш мумкин, албатта.

Қадимдан адабиёт, санъат, сиёсат муштарак олиб борилган. Яхши қўшничилик тамойилларининг давлат раҳбарлари томонидан ривожлантирилиши-ю тўғри йўлга қуйилиши фақат ва фақат таҳсинга сазовордир, албатта.

Чунончи, дунё тожиклари сарвари, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон юргизаётган сиёсат бошдан-оёқ тинчлик сиёсати бўлиб, бугунгача ён-атроф ва жаҳон бўйлаб ана шу сиёсат баралла садо бериб келаётганлиги ҳам айни ҳақиқат. Ўтган йиллар давомида у киши бошчилигида олиб борилган сиёсат ижобий натижасини ҳар қадамда учратишимиз мумкин. Республиканинг гўшаларида олиб борилаётган турли кўринишдаги ободончилигу бунёдкорликлар, айнан, ана шу тинчлик сиёсати меваси эканлиги ҳам барчага ойдай равшан. Зотан, яхши қўшничилик принципларига амал қилишда ҳам. Зеро, бу, биринчи навбатда, инсоний бурч саналади. Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари эса, инсоний бурчга содиқ эканлигини ҳамиша исботлаб келган.

Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга жорий йилнинг 9 мартида амалга оширган давлат сафари ва у кишининг Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон билан дўстона, самимий мулоқотлари ҳақида тўхталмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Шубҳасиз, бу икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларнинг қайта тикланишида асосий мавқега эга ушбу мулоқот тарих зарварақларига битилиб қолди. Ўшанда газетамиз бош муҳаррири ўринбосари, шоир Эркин Шукур билан ушбу сафар жараёнини ёритиш мақсадида, журналистлар сафида давлат раҳбарлари мулоқот ўтказаётган мажлисда иштирок этгандик. Ўта самимий ўтган ушбу учрашувларда ҳар иккала Президентлар ҳам тожик-ўзбек муносабатларида биронта ҳам ечилмай қолган муаммо қолмади, дегандилар журналистларга қарата.

Ҳамкорликка доир йигирма еттитадан ортиқ ҳужжат имзоланган икки давлат раҳбарларининг ушбу мулоқотини иккала мамлакат халқи астойдил кутишганди. Олий даражадаги учрашувлар, нафақат, икки мамлакат, балки хорижий давлатлар фуқаролари-ю, сиёсатчилари томонидан синчковлик билан кузатилгани айни ҳақиқат. "Дўстлик оқшоми" ("Шоми дўстий") муштарак концерт дастурини айтмайсизми? То ҳануз халқларимиз ушбу тарихий лаҳзаларни кучли эҳтирос билан ёдга олишади.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинким, давлат раҳбарларимизнинг ушбу олий даражадаги учрашувларидан кейин, икки мамлакат чегаралари очилди, фуқароларимиз бир ой давомида визасиз бир-бириникига бориб-келиш ҳуқуқига эга бўлишди. Бир-бирининг дийдорига муштоқ қавму қариндошлар бугунги кунда эмин-эркин борди-келди қилишмоқда. Ушбу олий даражадаги учрашувдан сўнг бир ойлар ўтганди, чамаси, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республиксидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов жаноблари бир суҳбатда шу муддат ичида 300 мингдан зиёд фуқаро ўзаро сафар қилганлигини айтганди. Орадан олти ой ўтиб, бу рақам янада ошганлиги табиий, албатта. Чунки очилган барча чегара назорат-ўтказиш пунктларидан кунига юзлаб-минглаб кишилар бориб келишмоқда.

Оддий фуқаролардан ташқари, таниқли хонандалару санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам ўзаро ташрифларни бошлаб юборишган. Мисол тариқасида, яқингинада Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошлиқ ижтимоий-сиёсий ва маданият ходимларидан иборат 55 нафарлик делегациянинг қўшни Ўзбекистон Республикасида бўлиб қайтиши, шунингдек, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан 13 нафар турли касб эгалари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг республикамизнинг Суғд вилояти, Душанбе шаҳри ҳамда Хатлон вилоятининг Бохтар, Кўлоб шаҳарларида бўлишлиги бунинг яққол мисолидир.

Урфиятда яқин қўшнининг узоқ қариндошдан афзаллиги айтиб келинади. Бу бежиз эмас. Мақол даражасига кўтарилган ушбу ҳикмат аслида яхши қўшничиликни тарғиб этади. Шундай экан, бу икки дўсту биродар қўшни давлат орасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳамда муносабатларнинг янада ривожланишига, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги яқин келажакда бугунгидан ҳам кўпроқ тараққий этиб, икки давлат халқи манфаати учун хизмат қилишига ишончларимиз тобора ортиб бормоқда.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига яқинда амалга оширилиши назарда тутилган давлат сафари янада самарали бўлиши кутилмоқда. Агар рамзийроқ қилиб ифодаласак, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 мартдаги Тожикистонга давлат ташрифини бу икки халқ дўстлик қушининг бир қаноти десак, Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг Ўзбекистонга ният қилинган давлат сафари эса, бу қушнинг иккинчи қанотидир. Маълумки, қўш қанотли қушнинг парвози жуда юксак ва давомли бўлади, ё насиб!

 

Абдулло Саидов,

"Халқ овози".

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

СИЗ КАБИ БЎЛГИМ КЕЛАР, АЗИЗЛАР!

 

Яқинда Бобожон Ғафуров ноҳияси Исфисор қишлоқ жамоатига қарашли 7-шаҳарчадаги кўчага Шарифжон Рустамов номи берилди. Шу муносабат билан ўтказилган кўча байрамида мен ўзимни қўярга жой топа олмасдим. Ноҳия ҳукумати раҳбарларининг кўчага бу номни бериш борасида қарор чиқарганлари учун, шу кўчада яшаётган инсонларнинг буни қўллаб-қувватлаганликлари учун гўё осмонда учиб юрардим.

Муфассал...

ИФТИХОР ДИЛИМДАН ЖЎШИБ КЕТГАНДА…

 

Душанбе дунёнинг гўзал шаҳридир,

Онажон халқимнинг кўрки, фахридир.

Минг йиллик чинорлар саботин сўзлар,

Гоҳ тотли, гоҳ ғамгин ҳаётин сўзлар.

Ойдин кечалари мафтункор, гўзал,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991182

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478895
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4823
4027
22508
7426653
100539
114875
7478895

Сизнинг IPнгиз: 3.138.118.194
Бугун: 23-11-2024 17:56:55

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015