Куни кеча, аниқроғи, 28 июл тонгида Ватанимиз пойтахти сўлим Душанбе шаҳридан Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳри - Самарқандга узоқ йиллик танаффусдан сўнг, яна самолёт парвоз қилди.
Қадим Самарқанд сари фараҳбахш парвоз халқларимизга яна бир олам қувонч бағишлади.
Минглаб кўзларда яна севинч ёшлари ҳалқаланди.
Узоқ йиллар бир-бирига талпинган сўлим шаҳарлар қалби бу кун яна туташди.
Биз бир гуруҳ журналистлар, "Тожик Эйр" авиакомпанияси раҳбарияти ва ходимлари ҳамда йўловчилар минган "Boeing 737-300" самолёти Душанбедан ҳавога кўтарилганида, соат саккиздан ўттиз дақиқа ўтган эди.
Чиндан ҳам халқларимизнинг хурсанд бўлганича бор. Ҳаво йўлининг "Душанбе-Самарқанд" йўналиши қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг, қайта тикланиши таҳсинга сазовордир. Азалдан тожигу ўзбеклар ҳақида гап кетганда "Қон қариндош", "Эт билан тирноқ", "Қондошу жондош" каби иборалар, албатта, ишлатилади.
Дарҳақиқат, урфу одатлари, турмуш тарзи, дину мазҳаби бир бўлган тожигу ўзбекни икки тилда сўзлашувчи бир халқ, дейишади.
Демак, бир халқни ҳеч қачон, ҳеч ким иккига ажрата олмайди. Асрларнинг мураккаб синовларида тобланган бу дўстлик ҳамиша ўз кучида қолган.
Собиқ Шўролар салтанати ўрнида юзага келган давлатлар ўз мустақиллигини эълон қилгач, бу давлатларда тараққиёт ва ривожланиш босқичи жуда оғир кечди. Турли сабабларга кўра бир-биридан узоқлашган қўшни давлатлар Тожикистон ва Ўзбекистон республикаларининг ҳам ана шу муносабатлари бугун икки доно раҳбарнинг оқил ва доно сиёсати натижаси ўлароқ, яна янги босқичга кўтарилди.
Жорий йилнинг март ойида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Душанбега ташриф буюрди.
Тарихий дея ном олган бу учрашувда икки давлат ва халқ манфаатлари учун муҳим ҳужжатларга имзо қўйилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ташриф, ҳақиқатдан ҳам, тарихий бўлиб, унда дўсту биродар бўлган Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасида кейинги йигирма олти йил давомида тўпланиб қолган барча муаммолар ўз ечимини топди.
Ўзбекистон сарвари эса, бу борада сўз юритиб, икки давлатнинг бир-бирига очилаётган дарвозалари ҳеч қачон ёпилмайди, дея таъкидлади.
-Бугун йўлга қўйилган "Душанбе-Самарқанд" йўналиши бўйича ҳаво йўлининг очилиши ҳам икки давлат сарварларининг тарихий учрашувлари мевасидир, - дейди "Тожик Эйр" МЧЖ миллий авиакомпанияси бош директори Хайрулло Раҳимов, - Ўйлайманки, бу эзгу ишимиз узоқ йиллар икки халқ манфаатига бирдек хизмат қилади.
***
Соат тўққизга яқинлашар экан, стюардессанинг эълонидан хаёллар бўлинади.
"…Саноқли дақиқалардан сўнг самолётимиз қадимий Самарқанд аэропортига қўнади."
Тобора пастлаб бораётган самолёт ойнасидан ерга қарайман. Моҳир мусаввир чизиб қўйгандек аниқ-тиниқ ажиб манзаралар: қатор уйлар, дарёлар, машиналар, одамлар тобора кўзга яқин кўрина бошлайди. Хаёлларни Самарқанднинг бетакрор мўъжизалари эгаллайди.
Самарқанд хаёли!.. Шоир таъбири билан айтганда, бу хаёл жуда ҳам сирли ва жозибали!..
Руҳиятимни бир-бир Самарқанд хаёли чулғади…
Мен бундан қарийб ўттиз йиллар олдин, аниқроғи, талабалик давримда келганман, бу шаҳарга. Шу боис ҳам, кўз олдимда дарҳол таниш манзаралар жонланди.
Самарқанд - неча йиллардан бери дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган ўзига хос маскан. Шаҳар тарихи ҳақида қанча-қанча китоблар битилган. Сиру синоатларга бурканган Самарқанд ҳақида гапирганда, ҳар гал янги фикр айтиш мумкин, мустақиллик йилларида тобора сайқал топиб бораётган кўҳна шаҳар, эҳтимол, шу боисдан ҳам сирлидир, синоатлидир.
Самарқанддай қутлуғ бу диёрга бир замонлар ҳазрат Навоийнинг муборак қадамлари теккан. Бобур Мирзо от чоптирган бу ерларда, тиниқ осмонларида Улуғбекдай даҳолар юлдуз санаган…
Неча-неча валийлар, авлиёлар хоки пойини ўз бағрида сақлаб келаётган бу тупроқ - на қадар азиз. Афсонавий шаҳар ҳақида халқ орасида қанча-қанча ривоятлар тилдан-тилга кўчиб юради.
Тўққиздан беш дақиқа ўтганда, яъни ўттиз беш дақиқа деганда биз, аллақачон, Самарқанд заминига қўниб улгургандик.
Тожик ва ўзбек авиакомпаниялари раҳбарларининг қисқа учрашувларидан кейин, биз - журналистлар, ўзимизга ажратилган катта автобусда шаҳарнинг кўзга кўринган тарихий жойларини томоша қилишга жўнадик.
***
Зиёратни дастлаб "Хожа Дониёл мақбараси"дан бошладик. Дониёл пайғамбар қабри - Самарқанднинг машҳур тарихий обидаларидан бири бўлиб, у шаҳарнинг кун чиқар тарафида жойлашган. Сайёҳларни мақбара ва Дониёл пайғамбар тарихи билан таништираётган мутахассиснинг айтишича, мазкур пайғамбар Самарқандда яшамаган экан. Саркарда Амир Темур унинг қабрини Ироқдан кўчириб олиб келган. Айтишларича, Дониёл пайғамбарнинг хоки пойи турган заминда уруш бўлмас эмиш. Шунинг учун ҳам, Соҳибқирон унинг қабрини, айнан, ўз давлатининг пойтахти бўлмиш Самарқандга олиб келган, деган гаплар бор. Пайғамбар қабри устидаги мақбара ХХ асрда қурилган. Мақбара ёнида бундан 650 йил бурун экилган писта дарахти яшнаб турибди. Кўҳна дарахт ёнида, биз журналистлар эсдалик учун суратга тушдик. Мақбара пастроғида яна бир кичикроқ мақбара жойлашган бўлиб, унинг ичида булоқдан сув сизиб чиқиб турар экан. Ўзига хос ширин, шифобахш бу сувдан ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ тўйиб-тўйиб ичмоқда. Биз у ерда Ўзбекистоннинг турли минтақалари ва жаҳоннинг турфа мамлакатларидан келган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлдик.
Шаҳарнинг яна бир буюк обидаси бўлмиш Амир Темур мақбарасига ташриф буюрганимизда, соат миллари ўн бирга қараб интилмоқда эди. Зиёратгоҳда сайёҳлар, айниқса, хорижлик меҳмонлар жуда ҳам кўп экан.
Самарқанднинг кўҳна осори атиқалари ичида Амир Темир зиёратгоҳи ўзига хос аҳамиятга эга… Неча йиллар дунёга довруқ солиб ўтган Соҳибқирон тарихи чиндан ҳам дунё аҳли эътиборини ўзига тортади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонга келган хорижлик меҳмон борки, ушбу муқаддас маскан зиёратига ошиқади.
"Гўри Амир" номи билан танилган ушбу мақбара, нафақат, Марказий Осиёда, балки бутун жаҳонга машҳурдир. Мақбара Шарқ меъморчилигининг энг ноёб асари сифатида эътироф этилади. Зиёратгоҳ ўзига хос ва олис тарихга эга. Афсуски, бу ўринда зиёрат тарихидан, у ҳақда оғиздан-оғизга кўчиб юрган ривоятлардан келтиришнинг имкони йўқ. Бунинг ўзи алоҳида, катта мавзу. Биз зиёратни тугатиб шаҳарнинг буюк ансамбли - Регистон томонга йўл олдик.
Регистон… Самарқанднинг таҳсинга сазовор бу жойини шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир киши кўришга ошиқади. Регистон ансамбли ҳақиқий санъат асари. Уч мадрасани ўзида мужассам қилган бу санъат дурдонаси кўзи тушган одамга гўё кўҳна тарихдан афсоналар сўзлаётгандек туюлади. "Регистон" сўзи асли форсча-тожикча бўлиб, "Қумлоқ жой" деган маънони билдиради. Манбаларда ёзилишича ўрта асрларда ҳамма катта шаҳарлар марказлари Регистон, деб аталар экан. Самарқанд Регистони эса, Марказий Осиёдаги энг салобатли ва виқорли майдон саналган. Ўзбекистон мустақиллиги даврида бу тарихий обидага янада сайқал берилганини иккинчи марта ташриф буюрган киши дарҳол пайқаши, шубҳасиз. Бунинг боиси бор, албатта. Истиқлолият йилларида, нафақат, вилоят, балки республиканинг улкан маданий тадбирлари, айнан, мана шу муҳташам майдонда ўтказиляпти. Бир неча йилдан бери, Регистонда дунё эътирофида бўлган "Шарқ тароналари" мусиқа фестивалининг ўтказилаётгани сўзимизнинг исботидир. Ансамбл мадрасаларини томоша қилар эканмиз кўз ўнгимда кўҳна тарих жонланади: бу мадрасада қанча-қанча олиму уламолар, фозилу фузалолар таҳсил олганлар… Самарқандни Самарқанд қилган бу мадраса талабалари бугун боқийга рихлат этишган бўлса-да, улардан қолган файзли руҳ бугун Регистон узра кезинаётгандек гўё...
Талайгина вақтимиз шаҳарнинг бу буюк осори атиқаси томошаси билан ўтди…
Саёҳатимиз шу ерга келганда, ўз ниҳоясига етди. Қанча ҳаракат қилмайлик вақтимиз чегараланган эди. Самарқанднинг неча-неча таҳсинга сазовор жойлари бизни кутаётганига қарамасдан, гуруҳ бошлиғимиз тушлик қилиб, яна Душанбега қайтишимизни эслатди.
Самарқандликлар - ажойиб, меҳмондўст халқ. Буни илгаридан биламан. Шаҳардаги биз учун муҳташам "Карвон" меҳмонхонасининг ресторанидаги зиёфат бу гапимни яна бир бор исботлади. Тўкин дастурхон устида икки буюк халқ шаънига ажойиб гаплар айтилди. Ўйин-кулги бўлди. "Карвон"дан шоду хуррам қайтар эканмиз, бошлиғимиз бизни у ерга яқин бўлган бир нон бозорчасига бошлади. Самарқанднинг дунёга машҳур нонларидан харид қилиб… … олти соатда олти йиллик таассуротлар билан яна самолётга чиқдик.
***
Куни кеча, аниқроғи, 28 июл тонгида Ватанимиз пойтахти сўлим Душанбе шаҳридан Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳри - Самарқандга узоқ йиллик танаффусдан сўнг, яна самолёт парвоз қилди.
Қадим Самарқанд сари фараҳбахш парвоз халқларимизга яна бир олам қувонч бағишлади.
Минглаб кўзларда яна севинч ёшлари ҳалқаланди.
Узоқ йиллар бир-бирига талпинган сўлим шаҳарлар қалби бу кун яна туташди…
Ёқубжон Абдуманонзода,
Душанбе-Самарқанд-Душанбе.
28 июл 2018 йил.
20 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, Сармоячилик фазосини яхшилашга доир маслаҳат кенгаши Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон бошчилигида кенгашнинг XIX мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис масалалари кўриб чиқилиши чоғида, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон республика ва минтақа мамлакатлари савдо шериклари билан
Муфассал...
Ёшлар – келажагимиз. Умримиз давомчилари - касбимиз давомчилари. Ҳаммамиз ҳам уларнинг порлоқ келажаклари учун имкон қадар шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз.
Мен қарийб 40 йил Жаббор Расулов ноҳиясининг 19-ўрта умумтаълим муассасасида ўзбек тили ва адабиёти фанларидан дарс берган оддий қишлоқ ўқитувчисиман. Бу йил (2019 йил) мен учун ҳаётимда эсда қоларли қувончли
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015