Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинганининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган мулоқотда сўзлаган нутқи
2017 йил 11 июл , Душанбе шаҳри.
Азиз ватандошлар!
Ҳурматли иштирокчилар!
Қадимий ва маданиятпарвар тожик халқи эзгу урф-одатлар ва маросиму байрамларга эга бўлиб, уларнинг кўп қисми узоқ тарих мобайнида ўзининг ўрни ва қийматини йўқотмасдан, қимматбаҳо маънавий бойлик сифатида бизнинг замонимизга ҳам етиб келди.
Бу маданиятсевару адабпарвар заминнинг фуқаролари ўз маросиму урф-одатларини ҳимоя қилиш ва қадрлаш билангина чекланиб қолмасдан, балки ўз ҳаётларининг турли босқичларида уларга янгича мазмун ва инсонпарварона сифатларни қўшган ҳолда, энг яхшиларини бизнинг давримизгача мерос қолдиришган бўлиб, бу бебаҳо бойликни сақлаш ва эҳтиром этиш ҳар бир ватанпарвар кишининг вазифаси ҳисобланади.
Мустақиллик ва озодликни қўлга киритгандан кейин халқимиз бу миллий мерос ҳимоясини ўзининг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этиб, халқнинг миллий маданияти, суннату анъаналари ва байраму маросимларига иккинчи умр бағишлади.
Шу заминада, биз давлат мустақиллигини мамлакатимизнинг озодлигу мустақиллик рамзи сифатида энг муқаддас, сиёсий, маданий ва миллий давлатчилигимиз тантанасига айлантирдик.
Шу билан бир вақтда, Наврўз, Меҳргон ва Сада каби бир қатор қадимий байрамларни қайта жонлантириб, Рамазону Қурбон ҳайитларини расман мамлакат маданий фазосига киритдик. Соҳавий ва касбий байрамларни нишонлашни қонунчилик доирасида йўлга қўйиб, мамлакатда миллий ва диний байраму тантаналарни ўтказишнинг ягона низомини расмиятга киритдик.
Халқ маданий суннатлари-ю қадриятларига янада кўпроқ нуфуз берилишини таъминлаш ва миллий давлатчилик асосларини янада устувор этиш мақсадида мамлакат Президенти ташаббуси билан ўн йил аввал "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган бўлиб, бу ҳужжат миллий ва диний маросиму байрамларни тартибга солиш йўлида ўзига хос ҳисса қўшди.
2007 йил 24 майида ўз чиқишимда зикр этилган қонунни миллий маросиму анъаналарни тартибга солувчи биринчи миллий қонун сифатида айтиб ўтиб: -"Биз бугун халқ урф-одатлари ва диний маросимларни тамоман орадан кўтариш ё барҳам бериш учун йиғилганимиз йўқ. Балки асосий мақсадимиз уларни ўтказиш меъёрларини аниқлаш бараварида, мамлакат халқининг ўзини кўрсатиш ва таассубу хурофотпарастликлардан халос бўлишларини бошлаб беришдан иборат",- дея таъкидлагандим.
Мазкур қонунни қабул қилишнинг сабабларидан бири шуки, экстремистик хусусиятга эга бўлган мазҳабий оқимлар пайдо бўлиши ва баъзи интернет тармоқлари воситасида зарарли тарғиботлар кучайиши билан мамлакатда бегонапарастлигу тақлид ва тилу маданият, хусусан, миллий урф-одатлару расм-русумларга хатар пайдо бўлиб, ҳатто, халқимизнинг, жумладан, хотин-қизларнинг кийиниши борган сайин ўзгариб, бир қатор маросиму маъракаларда таассубу исрофгарчиликлар анъана тусини олган эди.
Бундай жараёнлар таъсири билан мамлакатимиз турли минтақаларида маданияту мазҳабимизга бегона бўлган сохта ва ўйлаб топилган маъракалар бусиз ҳам бир қатор мушкулликларга эга бўлган камбағал табақалар турмушини янада оғир қилди.
Бундай вазият бизни қонунчилик ташаббусимиздан фойдаланган ҳолда, мамлакат аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилашга ёрдам берувчи қонунни ишлаб чиқиб, тавсия қилишга ундади.
Бугун қонун қабул қилиниши халқ анъаналарини ҳимоя қилиш йўналишида энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида жамиятнинг ҳаётан муҳим бир қатор мушкулликларини ҳал этиш боисига айланиб, мамлакатда тантана-ю маъракалар ва расму маросимларни тартибга солганини қониқиш билан айтиш мумкин.
Мамлакат замонавий қонунчилиги мазмун жиҳатидан миллий ҳамда моҳият жиҳатидан демократик ва дунёвий бўлган бундай қонун қабул қилиниши билан мамлакат ҳуқуқий низоми шаклланиши, чунончи, миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш йўлида янгича жараёнга эга бўлди.
Тожикистон халқининг марому мақсади, ахлоқий, диний ва тарихи-ю маданий қадриятларини ўз ичига қамраб олган ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда халқимизнинг аксар маъракалари ва маросиму тантаналарини ўтказиш тартиби инобатга олинган.
Миллий қадриятлар ва уларнинг тарихий илдизларини асраш энг муҳим тадбирлар жумласидан ҳисобланиб, мустақил давлатлар бу восита орқали ўзларини глобализация, жумладан, бегона маданияту мазҳаб унсурларини сингдириш каби номатлуб оқибатлар ва манфий таҳдиду хатарлардан ҳимоя қилишлари, яъни маданий хавфсизлик ва ўзининг мустақил тараққиётини таъминлашлари мумкин.
Битта ўн йиллик ўтиши билан мазкур қонун миллий маданий қадриятларни ҳимоялаш учун асос бўлгани, халқ ва диний суннатларни тартибга солгани, миллий анъана, маросим ва тантаналарни аниқ қилиб, хурофоту таассуб, ўзини кўрсатишу юзаки қараш, исрофгарчиликлар олдини олиб, миллий ва халқ маросимлари ўтказишнинг ягона тартибини жорий этиш учун йўл очгани маълум бўлди.
Мазкур ҳужжат тарихнинг қисқа муддати ичида ўзининг зарурат ва аҳамиятини Тожикистон жамиятида кўрсатиб, халқнинг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоялашга ҳисса қўшди.
Мазкур қонуннинг тўлиқ татбиқ этилиши билан келажакда мамлакат турли минтақалари расму маросимлари ўртасидаги фарқ орадан кўтарилиб, миллий анъаналаримиз ягона шаклу тартибга эга бўлишига ишончим комил.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, миллий қонун қабул қилингунга қадар ҳар бир тожик хонадонига қарийб 70та маърака-ю маросим, жумладан, 10та азадорлик маросими ва 60та хурсандчилик маросими тўғри келган бўлиб, уларнинг барчаси миллий ва мазҳабий қадриятларимизга мувофиқ эди.
Маросиму маъракаларнинг бир қисми серхаражат бўлганлиги сабабли, жамиятда манфий ҳодисалар вужудга келишига боис бўлиб, камтаъминланган оилаларга катта зарар етказарди ва исрофгарчиликларга сабаб бўларди.
Гап шундаки, Қуръони Каримнинг "Анъом" сураси 114-оятида шундай таъкидланади: "Исроф қилманглар! Худо исроф қилувчиларни яхши кўрмайди". Шунингдек, ҳанафий мазҳаби таълимотига биноан, кўп харжу сарф қилиш равосиз бўлиб, Имоми Аъзамнинг ўзи ҳам серхаражат маъракалар ўтказилишини хушламаган.
Аммо бир қатор ояту ҳадислар ва мазҳабимиз етакчисининг ишора-ю таъкидларига қарамасдан, баъзи бадавлату ўзини кўрсатувчи ва ҳангоматалабу шуҳратпараст шахслар кўра-била туриб серхаражат маъракаларга тарафдорлик қилишарди.
Бундай серодам ва серхаражат чора-тадбирлар, ҳатто, жамияту давлат хавфсизлиги, жамият тартиботи ва барқарорлигини ҳимоялашга халал етказиб, мамлакат турли табақалари ўртасида норозиликлар вужудга келишига сабаб бўлади.
Мазкур қонун қабул қилиниши билан тўйлардаги тартибсизликлар, безорилик ва одам ўлдириш каби оғир жиноятларни содир этиш, йўлларда ҳаракат қоидаларини бузиш ва келин-куёв машиналари ҳаракати жараёнида транспорт ҳодисалари юз бериши, асосан, орадан кўтарилди.
Бу ўз навбатида, жамият, энг аввало, ота-оналар ташвишини анча камайтирди.
Қонун қабул қилиниши ва унинг амалга татбиқ этилиши билан халқимиз фуқаролик жамияти ва ҳуқуқбунёд давлатнинг муҳим рукнларидан ҳисобланган урфу одат, расму анъаналар ва тантана-ю маъракаларни тартибга келтириш мумкинлигига ишонч ҳосил қилди.
Таъкидлаш жоизки, Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилиниши мамлакат Ҳукумати томонидан амалга оширилган бошқа тадбирлар бараварида камбағаллик сатҳини пасайтиришнинг муҳим омилларидан бирига айланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, 1992-2007 йиллар давомида мамлакат Ҳукумати иқтисодий масалалар ва халқ мушкулликларини ҳал этиш учун 5 миллиард сомонийдан зиёд хорижий грантлар ва қарзларни жалб этиш орқали сармоявий лойиҳаларни амалга оширди.
Ўша йилларда давлатнинг ташқи қарзи ҳажми ички ялпи маҳсулотнинг 40дан 110 фоизини ташкил қилиб, камбағаллик 81 фоиз аҳолини қамраб олганди.
Мазкур қонун қабул қилинганидан кейин, ички маблағ ўтказиш манбаларини топиш, жумладан, кераксиз харажатларни камайтириш билан камбағаллик сатҳи 10 йил мобайнида 53 фоиздан 30 фоизга, яъни 23 фоизга камайди.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ташқи ёрдамларни қабул қилиш ўрнига инфратузилма лойиҳалари учун сармоялар жалб этишни бошлади ва ташқи қарз ўзаро нисбати ички ялпи маҳсулотнинг 30 фоизи атрофига тенг бўлди.
Натижада камбағаллик сатҳини пасайтириш стратегияси татбиқидан фаровонлик сатҳини юксалтириш стратегияси татбиқига ўтиш имконияти пайдо бўлиб, айни пайтда аҳоли ўрта табақасини 50 фоизга етказиш режаси амалга оширилмоқда.
Қонун қабул қилиниши воситасида янги туғилган чақалоқларни қайдга олиш масаласи ҳам тартибга кирди ва аввал фақат мактабга бориш вақтида рўйхатга олинадиган болаларнинг номларини ўз вақтида қайдга олиш ҳам йўлга қўйилди.
Мазкур қонун, чунончи, фуқароларнинг никоҳни қайддан ўтказишлари масаласига ҳам мусбий таъсир кўрсатиб, оила бунёд этиш ҳам бирданига ошди. Турли сабаблар, жумладан, молиявий шароит бўлмагани учун оиладор бўла олмаётган минглаб ёш йигит-қизлар бахту саодат соҳибига айланишди.
Никоҳни қайдга олиш масаласида ҳам вазият бутунлай ўзгарди. Қонун қабул қилингунча, ҳар йили мамлакатда 57 мингдан зиёд никоҳ қайдга олинарди.
Статистик маълумотларга биноан, қонун қабул қилинганидан кейин, фақатгина олти ой мобайнида мамлакатда никоҳ қайди 23 мингтага ошиб, 2007 йили 97 ва 2008 йили 106 мингтага етди.
Бундай ижобий тенденцияга қарамасдан, ниҳоят муҳим бир масала, хусусан, сўнгги йилларда ташвишимиз боисига айланган масала юзасидан ўз фикримни билдиришни истайман. Ҳар йили қайдга олинган никоҳлар умумий сонидан 10 фоизи, хусусан, ёш оилаларнинг никоҳлари бекор қилинади.
Таҳлилларга биноан, бузилган оилаларнинг аксариятида эру хотин бирон жойда ўқишмагани, касбу ҳунар ўрганишмагани, ота-оналари уларга катталарга эҳтиром, оиладорлик муносабатлари нозикликлари, рўзғор пасту баландликлари ва мустақил ҳаётнинг бошқа масалаларини ўргатмаганликлари, буларнинг барчаси оила бузилишига олиб келиб, унинг манфий таъсири ҳаммадан кўпроқ ўша ёшларга тегиши маълум бўлди.
Шу сабабли, бу муҳим масалага жиддий эътибор қаратиш, бу йўналишда хурофоту юзаки қарашнинг олдини олиш ҳамда фарзандларнинг билим ва касбу ҳунар ўрганишлари учун қулай шароит яратиш ота-оналар, давлат, жамият ва оиланинг муқаддас вазифаси ҳисобланади.
Шунга қўшимча тарзда, оилалар бузилишининг олдини олиш, оила соғломлигини таъминлаш ва оиладорлик маърифатини юксалтириш йўлида Адлия, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирликлари, Дин ишлари, анъаналар ва тантаналару маросимларни тартибга солиш, Хотин-қизлар ва оила, Ёшлар ва спорт комитетлари амалий чора-тадбирлар қабул қилишлари зарур.
Азиз дўстлар!
Мазкур қонун, шунингдек, маъракалар ўтказиш маданиятини юксалтириш ва чора-тадбирлар аниқ статистикаси пайдо бўлиши боисига айланиб, халқнинг маросиму маъракаларга нисбатан муносабатини ўзгартирди.
Масалан, қонун амалга татбиқ этилаётган ўн йилда бир миллиону тўрт юз мингдан зиёд маърака қайдга олинган бўлиб, уларни ўтказиш учун ўртача ҳисобда тўрт ярим миллиард сомоний сарфланди. Барча турдаги маърака-ю маросимлардан умумий тежалган маблағ 18 миллиард сомонийни ташкил қилди.
Яъни бу маблағлар халқ фойдаси ва улар оиласи бюджети даромадини оширишга ҳисса қўшди. Қонун қабули, шунингдек, чорва сўйилиши камайишига ҳам ҳисса қўшди.
Агар 2007 йилнинг аввалигача мамлакатда йирик шохли чорва боши 1 миллиону 700 мингни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилнинг январ ойида 2 миллиону 280 минг бошга етган бўлиб, 2007 йилга нисбатан қарийб 34 фоизга зиёддир.
Кичик шохли чорва боши бу даврда 3 миллиону 800 мингдан қарийб беш ярим миллион бошга етган бўлиб, 44 фоизга ошган.
Қонун амал қилаётган ўн йил мобайнида икки миллиону 300 минг кичигу йирик шохли чорва аҳоли фойдаси учун сақланиб, истеъмолчилик бозорини гўшту сут маҳсулотлари билан таъминлаш яхшиланди.
2007 йилгача мамлакатга ҳар йили хориждан ўрта ҳисобда 35 минг тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 5 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари киритиларди. Аммо 2016 йили фақат гўшт киритилиши 3 баравар камайди.
Агар бундан кейин ҳам аҳиллик билан заҳмат чексак ва деҳқонлар учун янада яхши шароитни яратсак, яқин йилларда бу масала ҳал бўлиб, истеъмолчилик бозоримиз тўлиқ озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига ишончим комил. Бу, ўз навбатида, стратегик мақсадларимиздан бири бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялашга янги туртки беради.
Қонун амал қилаётган ўн йилда, шунингдек, халқнинг банклардаги жамғармалари ҳар йили 20дан 25 фоизга ошиб, маросиму маъракалар ўтказиш учун қарз олиш одати қарийб орадан кўтарилган.
Агар 2007 йилгача аҳолининг банклардаги жамғармалари 2,4 миллиард сомонийни ташкил қилган бўлса, 2016 йили бу рақам 10 миллиард сомонийга етди. Бу мамлакат аҳолиси турмуш даражаси-ю сифати яхшиланганидан дарак беради.
Фуқароларнинг тежалган маблағлари яшашу турмуш шароитини яхшилаш, истиқомат манзиллари қуришу ободонлаштириш, транспорт воситалари ва рўзғор асбобу жиҳозлари харид қилиш, чунончи, фарзандлар таълиму тарбиясига йўналтириляпти.
Статистик маълумотга мувофиқ, 2007-2016 йиллар мобайнида оилалар истеъмол тизимида бутунлай ўзгаришлар вужудга келган.
Агар 2007 йили оилалар озиқ-овқат учун турли маъракалар ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчилик умумий харажатининг 66 фоизини сарфлаган бўлишса, 2016 йили бу мақсадга ҳаммаси бўлиб 55 фоизи сарфланган. Яъни оилалар харажатлари 11 фоиз камайган.
Оилалар молиявий ҳолати яхшиланиши ота-оналарнинг фарзандлар таълим ва тарбияси, уларнинг касб ўрганиш ва қўшимча маълумот олишларига кўпроқ эътибор қаратишлари боисига айланган.
Агар 2006-2007 ўқув йилигача умумий таълим зиналарида ҳаммаси бўлиб 1 миллион 600 минг, ибтидоий таълим ва ўрта касбий таълим зинасида 63 минг ва олий касбий таълимда 146 минг киши таҳсил билан қамраб олинган бўлса, 2016-2017 ўқув йилида умумий таълим зинасида 1 миллион 950 минг, ибтидоий ва ўрта касбий зинасида 100 минг ҳамда олий касбий зинада 190 минг нафар жалб этилган бўлиб, бу рақамлар қонун татбиқи ва унинг натижа-ю самарасининг аниқ нишонаси ҳисобланади.
Ҳозир 30 минг нафардан зиёд ёшларимиз хорижий мамлакатларнинг энг яхши олий таълим муассасаларида билим ўрганиш ва касбу ҳунар ўзлаштириш билан машғулдирлар.
Мазкур қонун амал қилаётган ўн йилда, чунончи, истиқомат уйлари қуриш неча баравар ошиб, қарийб 43 минг гектар ер 420 мингта эҳтиёжманд оила, яъни икки ярим миллион нафардан зиёд кишига тақсимлаб берилди. Бу кўрсаткичлар ҳам қонун аҳамияти ва ижтимоий ролининг аниқ далили ҳисобланади.
Барчангиз яхши биласизки, пулсиз уй қуриб бўлмайди. Чунончи, мавжуд маълумотларга кўра, ўн йил давомида мамлакатга қарийб 525 мингта енгил автомашина келтирилган.
Зикр этилган қонун инсондўстона ва хайрихоҳона жиҳатларга ҳам эга бўлиб, у қабул қилинганидан кейин, мамлакатда хайр-эҳсон қилиш ва хайриявий маъракалар ўтказиш анъана тусини олди.
Хайрихоҳу саховатпеша шахслар, хусусан, тадбиркорлару тижоратчилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқ ҳимояси ва ҳуқуқ тартиботи органлари ходимлари ўз даромадлари, хусуси-ю нодавлат ташкилот ва муассасаларининг ортиқча маблағлари ҳисобидан камтаъминланган оилалар, етимлар ва муҳтожларни қўллаб-қувватлашиб, уларнинг маросиму маъракалари ўтказилишини ўз зиммаларига олишди.
2009 йилдан буён камтаъминланган оилалардан 100 минг нафардан зиёд болаларнинг суннат тўйлари ва 5 минг нафардан зиёд ёшларнинг никоҳ тўйлари хайриявий тарзда ўтказилди.
Хайриявий маъракалар сони йилдан-йилга ошиб, бу хайрли амаллар камтаъминланган оилаларни маъракалар ўтказиш ташвишу харажатидан озод этаяпти.
Ҳозир мамлакатимизда 73та мактаб-интернат, жумладан, 27та мактаб қошидаги мактаб-интернат, 4та болалар ва 8та қариялару ногиронлар уйлари фаолият юритаётган бўлиб, бу ерда яшовчилар ва тарбияланаётганлар сони ўн икки минг нафардан зиёдни ташкил қилади.
Шулардан 1150 нафарини кексалару ногиронлар, 2100 нафарини ногирон болалар ва 3000 нафардан зиёдини етимлар ташкил қилиб, фақат уларга садақа бериш раводир.
Ҳар йили давлат бюджетидан етимлару қаровчисиз қолганлар, ногиронлару қарияларга мақсадли маблағлар, тўлов ва ёрдам пуллари ажратилиб, мактаб-интернатлар тарбияланувчиларининг ҳар бирига йилига қарийб 2000 сомоний ва қариялару ногиронлар уйида истиқомат қилувчиларнинг ҳар нафарига 16000 сомонийдан тўғри келади.
Шунинг бараварида, мамлакат Президенти амри билан 2014 йил 10 февралида зикр этилган барча ижтимоий муассасалар 101та давлат ва нодавлат ташкилотларига биркитилган бўлиб, улар бу ерда доимий яшовчилар ва тарбияланувчиларга қарашда ёрдам бериб, ғамхўрлик қилишади.
Бундай хайру савоб амаллар зикр этилган муассасаларда яшовчилар хурсандчилиги ҳамда уларнинг яшаш ва таҳсил олиш шароити янада яхшиланиши боисига айланади.
Шунга қўшимча тарзда, барча шаҳру ноҳияларда етимлар номига махсус ҳисоб рақамлари очилган бўлиб, хайрихоҳ шахслар рўза фитри ва бошқа молиявий ёрдамларини улар ҳисоб рақамларига ўтказишлари мумкин.
Мол-мулкка эга бўлган ва бадавлат шахслар ҳам садақаларини аввал камтаъминланган ака-укалари, сингиллари, яқин қариндошлари, қўшнилари ва камтаъминланган одамлар, етимлару ногиронлар ва шунга ўхшаган шахсларга бериш учун саъй-ҳаракат қилишлари керак.
Улар ўз маблағларини жория садақаси сифатида қишлоғу манзиллар, турар жойларни обод қилиш, сув келтириш, кўприк қуриш, йўл бунёд этиш, мактабу тиббий нуқталар қурилиши ва бошқа эзгу ишларга сарфлашиб, солиҳ хайрга эришсинлар.
Бундай хайрихоҳона амаллар тадбиркорлару тижоратчилар ва саховатли шахслар томонидан анъана тусини олган бўлиб, шу пайтгача улар томонидан қарийб 140 миллион сомонийлик умумий маблағга 132та янги бино ва 25 минг нафар ўқувчи учун қўшимча синфхоналар, 343та тиббий марказу нуқталар ва касалхона-ю дармонгоҳлар, 107та кўприк, 600 километрдан зиёд йўли қурилди. Ўнлаб километр ичимлик суви тармоғи келтирилиб, тиббий нуқталар, таълим муассасалари таъмиру қайта тикланиши ва жиҳозлар харид қилиниши йўлида кўпгина хайру савоб ишлари амалга оширилгани хурсандчилик боисидир.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда, ташкилоту муассасалар раҳбарлари, ташаббускорлар, тадбиркорлару тижоратчилар ва бошқа ор-номусли кишилар, эҳсонли амаллар ва миллий қонун самарали татбиқига ҳисса қўшган саховатли ва ҳимматли одамларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдиришни истайман.
Шунинг бараварида, қонун қабул қилингунга қадар жамиятимиз орасида турли омиллар таъсири остида ўзаро меҳру муҳаббат, одаму одамгарчилик ва инсонпарварлик туйғулари заифлашиб қолганини эслатаман.
Азиз ватандошларимизнинг ёдида бўлса, аввал бир-бирининг, хусусан, катталар қадрига етиш, бир-бирини эҳтиром этиш, бир-бирининг аҳволидан бохабар бўлиш ва хурсандчилигу қайғули кунларда шерик бўлиш расм эди. Аммо ота-оналаримиз маънавиятининг асос ва арқоғини ташкил қилган халқимизнинг бу, ниҳоятда, инсонсеварлик анъаналари баъзи жойларда унутилганди ёки кам риоя этиларди.
Бахтимизга, бу инсонпарвар қонун амалга оширилиши шарофати билан одамларнинг ўзаро муносабатлари ҳолати яхшиланди. Бу, албатта, яхшидир.
Зеро, одамлар фақат бир-бирининг ёрдамлари билан бахтли бўлишади.
Биз солиҳ амаллар, жумладан, инсондўстлик, жавонмардлик, саховатлилик ва ҳимматлилик билан кун кечиришга ҳаракат қилайлик. Бошқалардан ёрдамимизни дариғ тутмайлик, бировнинг кўнглини ранжитишдан сақланайлик, эзгуликни ҳаётимизнинг шиорига айлантириб, саодатли рўзғор учун биргаликда саъй-ҳаракат қилайлик. Миллий маданиятимиз эзгу суннатлари ва халқимиз ёқтирган урфу одатларни инсонийликнинг янада юксак сифатлари билан келгуси авлодга мерос қолдирайлик.
Мавлоно Жалолиддин Балхий ҳам бу борада шундай дейди:
-Гар минг марта пиёда айласанг Каъбани тавоф,
Бировнинг кўнглини ранжитсанг, ҳақ қабули бўлмасин.
Агар рўзғоримизни инсондўстлик, хайрихоҳлик ва хушмуомалалик билан олиб борсак, турмушимиз янада яхшиланиб, жамият аҳли маънавияту маданият даражаси юксалади ҳамда ота-оналар, катта ёшлилар ва одамлар орасидаги ҳурмату эҳтиром янада устувор бўлади.
Азиз Тожикистонимизнинг жаннатмакон замини ва унинг фаровон неъматлари заҳматкашу инсонпарвар халқ турмушини муносиб даражага етказа олади. Фақат баъзи фақирлигу қашшоқликка гирифтор шахсларнинг табобат олишлари учун ҳаракату ғайрат, ор-номус ва мустаҳкам ирода зарур бўлади.
Зеро, қашшоқлик, фақирлик ва йўқсиллик касаллик бўлиб, бу дарддан қутулишнинг ягона йўли бу табақа турмуши сифати, оила ва улар фарзандларининг саодатли келажаги яхшиланиши йўлида саъй-ҳаракат, ғайрат ва заҳматни талаб қилади.
Эслатиб ўтаман, бу масала миллат генофондини ҳимоялаш, соғлом фарзандни дунёга келтириш ва истеъдодли-ю лаёқатли наслни вояга етказиш билан ўзаро боғлиқдир.
Биз бундай шахслар ва уларнинг оилаларига турмуш шароити ва даражаси яхшиланиши учун ёрдам беришимиз керак.
Бу хайрли ишларда маҳаллий органлар масъуллари, жамиятшунос олимлар, уламолар аҳли ва фуқаролик жамияти тузилмалари фаол иштирок этишиб, мамлакат аҳолиси орасида тушунтириш ишларини оширишлари керак.
Ҳурматли иштирокчилар!
Бугунги кунгача қабул қилинган чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатда тўй-маъракаларни дабдабали ўтказиш ва бемаврид сарф-харажатлар ҳолатлари ҳалигача тўлиқ орадан кўтарилмаган, баъзи фуқаролар ҳануз ҳам расму маросимлардан ўзини кўрсатишу шуҳратпарастлик воситаси сифатида фойдаланишаётган бўлиб, бу рафтор халқимиз маданий табиатига бегона ва қонунга зиддир.
Шунинг бараварида, мазкур ҳужжат риояси бир қатор тегишли органлар томонидан тўғри назорат қилинмай, бу йўналишда баъзи камчиликлар ошкор этилган бўлиб, давлат муассасаси ва хизматчиларининг обрўсига путур етказган ҳолда, жамиятда уларнинг эътиборини пасайтиради.
Суд органлари статистик маълумотларига биноан, қонун талаботларини бузиш йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2007 йили судлар бу йўналишда ҳаммаси бўлиб 60та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқди. Аммо бу рақам 2017 йили 784тага етган бўлиб, бу 2007 йилга нисбатан 13 баравар зиёддир.
Таъкидлаш жоизки, баъзан вилоятлар, шаҳру ноҳиялар раисларининг ўзлари, ҳуқуқ ҳимояси ва ҳуқуқ тартиботи органлари ходимлари, давлат хизматчилари, дин ишлари, урф-одатларни тартибга солиш бўлимлари масъуллари, шаҳарча-ю қишлоқ жамоатлари раислари енгилтакликларга йўл қўйишиб, қонун талаботи бузилишига ҳисса қўшишади.
Ўн йил мобайнида соҳа масъуллари томонидан бир қатор жиноятлар содир этилиб, баъзи шаҳру ноҳияларда бу вазифага тасодифий ва салоҳиятсиз кишилар ишга қабул қилингани натижасида мансабларини суиистеъмол қилиб, мазкур қонун талаботини дағал тарзда бузишади.
Бундай ҳолат ўз вақтида ва жиддий тузатишни тақозо этади.
Шу сабабли, Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш комитети қисқа муддат ичида вилоят, шаҳар ва ноҳиялардаги барча бўлимлар ходимлари, чунончи, доимий комиссияларни аттестациядан ўтказиб, бу ишларга ишнинг кўзини билувчи, донишманд ва ёш ташаббускор шахсларни жалб этиши ҳамда жамият комиссияси фаолиятини тартибга келтириши зарур.
Шунинг бараварида, ташкилоту муассасаларнинг доимий ва жамият комиссиялари фаолиятини қатъий назорат остига олиб, доимий комиссиялар низомномалари ижроси халқ вакиллари мажлисларида муҳокама қилинсин.
Шунингдек, давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари раҳбарларига анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш бўлим ва секторлари мудирлари вазифасига лаёқатли ҳамда донишманд кишилар номзодини илгари суриб, улар фаолиятини жиддий назорат қилиш топшириғи берилади.
Шунга боғлиқ ҳолда, Адлия вазирлиги, Миллий қонунчилик маркази ва бошқа тегишли органларни икки ой мобайнида қонун талаботларига риоя этмайдиган давлат хизматчилари, ҳуқуқ ҳимояси ва ҳуқуқ тартиботи органларининг ходимларини эгаллаб турган вазифаларидан озод этиш, чунончи, тадбиркорлару бадавлат шахслар, дин ходимлари ва бошқаларга нисбатан жарима ҳажмини бир неча баравар ошириш борасида ўз хулосаларини Ҳукуматга тавсия этишга вазифадор қиламан.
Таъкидлаш жоизки, аксар ҳолатларда амал қилаётган қонунлар талаботини бузувчилар мансабдор шахслар, давлат хизматчилари, ҳуқуқ ҳимояси органлари ходимлари, тадбиркорлару бадавлат кишилар, чунончи, уларнинг фарзандлари ва яқин қариндошлари ҳисобланиб, белгиланган талаблардан ташқари ўзбошимчалик билан дабдабали маъракалар ўтказишади, йўлда ҳаракат қоидалари талаботига риоя этишмайди ва фарзандларининг таълим муассасаларига қимматбаҳо машиналарда боришларига қаршилик кўрсатишмайди.
Ҳар йили мамлакатда ўрта ҳисобда бир ярим мингта транспорт ҳалокати юз бериб, юзлаб киши ҳалок бўлади. Бундай ҳолат жиддий ташвиш боисидир. Бир ой аввал Восе-Кўлоб йўлида транспорт ҳодисаси юз бериб, етти киши одамдан ўтди. Бу, йўлда ҳаракат қоидасини бузиш сабабли юзага келди.
Ички ишлар вазирлигининг Давлат автомобил нозирлиги маълумотига биноан, 2010 йилдан шу пайтгача, "Бехатар шаҳар" тизими воситасида қайдга олинган қонун бузиш ҳолатларидан ташқари, қарийб етти ярим миллион йўл ҳаракат қоидаларини бузиш ҳолати қайдга олинган бўлиб, қоидабузарлар ҳисобидан 173 миллион сомоний жарима ундирилган.
2013 йилдан "Бехатар шаҳар" тизими воситасида ундирилган жарима маблағи 72 миллион сомонийдан зиёдни ташкил қилган. Яъни ҳаракат қоидалари бузувчиларидан жарималар умумий ҳажми 245 миллион сомонийга етган.
2010 ва 2017 йилнинг биринчи ярми мобайнида мамлакатимизда ўн ярим мингдан зиёд транспорт ҳалокати юз бериб, натижада, 3300 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 11800 нафар киши турли тан жароҳатлари олган.
Яъни етти ярим йил мобайнида юз берган автоҳалокат 3300 хонадонда мотам бўлиши, болаларнинг етим қолиши ва улар оилаларнинг бахтсиз бўлишига олиб келди.
Кўп сонли кишилар ҳалокатига сабаб бўлган транспорт аварияларининг аксарияти йўлда ҳаракат қоидаларига риоя қилмай, юқори суръатда машина бошқарган ҳолда, йўл аломатлари талаботини дағал тарзда бузган шахслар томонидан содир этилади.
Автомобил аварияси рўй беришининг бошқа сабаби мастлик ҳолатида ёки ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситаларини бошқариш ҳисобланади.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, 2015-2016 йиллар ва 2017 йилнинг 5 ойида мамлакатда йигирма мингдан зиёд маст ҳолатда машина бошқариш ва 76та автомобил аварияси қайдга олинган бўлиб, натижада 35 киши ҳалок бўлди ҳамда 83 нафар киши турли жисмоний жароҳат олди.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти гуноҳсиз кишилардир. Уларнинг аксариятининг фарзандларини бундан кейин таъминлаш давлат зиммасига тушади. Шунинг учун, давлат бу ҳолатда бетараф қараб тура олмайди.
Дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан, ривожланган мамлакатларда одамлар ҳалокати боиси бўлган автоҳалокатларда жуда қаттиқ жазо ва ҳатто, қатл ҳукми назарда тутилган. Масалан, Япония, Хитой, Таиланд ва Америка Қўшма Штатларининг баъзи штатларида қатл ҳукми ё 10дан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳамда Канадада умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган.
Шундай ҳолатларни назарда тутган ҳолда, Адлия, Ички ишлар, Маориф ва илм вазирликлари, бошқа тегишли тузилмалару органларга икки ой мобайнида жорий қонунларга ҳужжатсиз ҳайдовчилик қилиш, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, юқори суръатда ҳаракатланиш ва ўсмирлару ёшларнинг таълим муассасаларига шахсий автомашиналарда келишига доир ўзгартишу қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаб, кўриб чиқиш учун мамлакат Ҳукуматига тавсия этиш топшириғи берилади.
Шу билан бир вақтда, ҳайдовчилик курсларида таълим сифатига биринчи даражали эътибор қаратилиб, бу курсларда таълим шароити қайта кўриб чиқилиши ва ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш учун имтиҳонлар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, жуда жиддий тарзда йўлга қўйилиши зарурдир.
Эслатиб ўтиш жоизки, фақат қонун моҳияти ва қийматини аниқ англаш ҳамда тарафсизликни орадан кўтариш орқалигина мақсаду режаларимизнинг тўлиқ татбиқ этилишига эришишимиз мумкин.
Мамлакат Президентининг Республика Олий Мажлисига бу йилги Паёмида Маориф ва илм вазирлиги Конституция билан бир қаторда, Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида" ва "Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида"ги қонунлари ўргатилишини таълим муассасалари дастурларига киритишга вазифадор қилинди.
Шунга қўшимча тарзда, зикр этилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ўрганилишини йўлга қўйиш аҳоли ҳуқуқий билимларини такомиллаштириш, ёш авлоднинг қонун ва миллий қадриятларга эҳтиром руҳида камолга етиши, шунингдек, уларнинг ўсмирлик пайтиданоқ конституцион ҳуқуқу мажбуриятларидан фойдаланишларига ёрдам беради.
Шунинг учун, Маориф ва илм вазирлиги имкон қадар тезроқ дарслик китоби ва таълим дастурини тайёрлаб, янги ўқув йилидан бу муҳим ҳужжатлар таълимини жорий этиши зарур.
Шунга қўшимча тарзда, ушбу қонун мазмунини кенг тарзда шарҳлаш мақсадида Маданият, Маориф ва илм вазирликлари, Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш, Телевидение ва радио комитетлари ҳамда Исломшунослик маркази тежамкорлигу сариштакорликка доир китоб ва бошқа материалларни нашр этиб, уларни умумий ахборот воситалари орқали кенг тарзда мамлакат аҳолиси диққатига ҳавола этиш, қонунда зикр этилган Наврўз, Сада, Меҳргон ва бошқа миллий байрамлар моҳияту маданий қийматларига доир тадқиқот ўтказиб, тарбиявий филмлар тайёрлашга вазифадор этиладилар.
Ҳозир сайёра аҳолиси етти ярим миллиард ва мамлакатимиз аҳолиси қарийб тўққиз миллионга етди. Фақат мустақиллик даврида Тожикистон аҳолиси сони 3 миллион 380 минг нафарга кўпайди. Яъни ўрта ҳисобда мамлакатимизда мустақилликнинг 26 йилида ҳар йил 130 минг аҳоли билан битта шаҳар ё катта ноҳия вужудга келган.
Дунёнинг барча мамлакатлари аҳоли сонининг тезлик билан кўпайиши озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан талаботни энг муҳим масалалардан бирига айлантирган бўлиб, Тожикистонимиз ҳам бундан истисно эмас. Бундай ҳолат истасак-истамасак, тежамкорлигу сариштакорлик, жумладан, маъракаларни тартибга солишни ўзимизнинг ҳар кунлик одатимизга айлантиришга мажбур қилади.
Мамлакат Ҳукумати мазкур қонун татбиқига доир тадбирларни даврама-давра амалга ошириб, уларнинг ўз вақтида ижро этилишини назорат қилади ва таъминлайди.
Аммо шунинг бараварида, фуқаролик жамияти, зиёлилар, ота-оналар, катта ёшлилар, ёшлару хотин-қизлар ва жамиятнинг бошқа гуруҳлари ҳам бу қонун амалга оширилишида ўз ҳиссаларини ўтказишга вазифадордирлар.
Маросиму маъракаларни тартибга келтириш борасида, хусусан, оналар ва аёллар кўпроқ ҳисса қўшишлари мумкин. Биз жамиятнинг бу фаол табақаси ва оила ҳимоячисини қадр-қимматига кўра баҳолаб, уларнинг манфаату ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз ва ҳимоя қиламиз.
Аммо таҳлилу мушоҳадаларнинг кўрсатишича, танзим қонуни талаботлари бузилишининг аксар ҳолатида оналаримиз ва хотин-қизларимиз ташаббускору гуноҳкордирлар.
Оналаримиз ва опа-сингилларимиз расму русумлар, хурсандчилик маросимлари-ю азадорлик маъракаларида ҳам фаол бўлишиб, қонун талаботига риоя этган ҳолда, ўз хонадон ва оилаларига енгилликлар келтиришсин.
Улар сабру бардошли бўлишсин, ўзини кўрсатишу юзаки қараш, кибру ғурур ва ўзларини бошқалардан устун қўйиш туйғусига йўл бермасинлар, ортиқча ва нораво сарф-харажатлар ва қонун томонидан ман қилинган маъракаларни ўтказишдан ўзларини тийсинлар.
Байрамлар арафасида озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар хариди шунчалик кўпаядики, гўё бугун ё эртага ҳаёт охирига етиши кутилаётган бўлса. Бу биз эртанинг фикрини қилишимиз ва бир кунлик байрам дастурхони тузатиш учун оиланинг бир неча ойлик бюджетини сарфламаслигимиз керак бўлган ҳолатда юз беради.
Шунинг бараварида, меҳрибон аёлларимиз оила ва умр йўлдошларининг заҳмати қадрига етишсин. Улар серхаражату серташвиш маъракалардан кейин руҳий азобга гирифтор ва қарздор бўлиб қолишларига йўл қўйишмасин.
Эслатиб ўтиш жоизки, ҳар бир хонадоннинг хайру баракатини сақловчи оналару иффатли аёлларимизнинг эзгу фазилатларига доир аждодларимиз асарларида кўп марта айтиб ўтилган бўлиб, улардан бири шундайдир:
Агар бўлса аёл итоаткор ҳамда порсо,
Дарвиш эрини етказур то мақоми подшо.
Дарҳақиқат, оқила ва узоқни ўйловчи аёл оила сарф-харажатларининг қадрига етади ва эри келтирган маҳсулотларни беҳуда сарфламайди.
Бундай оилалар фарзандларининг таълиму тарбияси ва касбу ҳунарли бўлишлари учун ҳаракат қилишиб, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашади, ўзларининг турмуш шароитини яхшилашади, оилавий тарзда дам олиш масканлари ва табобатгоҳларга боришиб, ўзлари-ю фарзандларининг саломатлиги ва хушбахт бўлишини ўйлашади.
Ёшлар ҳам бу йўлда ота-оналарининг ҳамқадами бўлишсин ва ҳеч қачон исрофгарчиликларга йўл қўймасинлар.
Улар ота-оналари заҳматининг қадрига етиш ва ҳаддан ташқари қимматбаҳо ашё-ю жиҳоз, зеб-зийнатларни талаб қилмасдан, аксинча, оила мустаҳкамлиги, хонадон аҳлининг устуворлиги йўлида андиша қилишиб, билим, касбу ҳунар ўрганиш ва жамиятда аниқ мавқега эга бўлиш учун ҳаракат қилишга вазифадордирлар.
Биз бугун мамлакатимиз ёшлари ор-номусли бўлиб, саводу маърифат ва кенг дунёқарашга эга эканликларини ифтихор билан айта оламиз. Улар умр йўлдоши танлаш ва оила мустаҳкамлигини ҳимоялашда ҳам ҳаракат қилишиб, анъана-ю маъракаларни тартибга солиш риоясида ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари керак.
Шунинг бараварида, ҳаётда шошилмасдан, аввал илм ўрганишсин, замонавий касбу ҳунарларни ўзлаштиришсин, рўзғор юритиш мактабларидан огоҳ бўлишсин, ўзларининг саодатли ҳаёти учун замина яратиб, сўнгра оила барпо этишсин. Агар ёшлар ўзларининг мустақил ҳаётини ушбу меъёрлар асосида йўлга қўйишса, албатта, бахтли бўлишади.
Ҳурматли иштирокчилар!
Ҳар бир қонун вақт ўтиши ва юзага келган шароит тақозоси билан ўзгартишу қўшимчалар киритишга эҳтиёж сезиши табиийдир.
Шунингдек, давлат ҳар қандай ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатни ишлаб чиқиш ё қонунга ўзгартишу қўшимчалар киритиш жараёнида, энг аввало, халқ манфаати ва жамият осудалиги таъминланиши ҳамда ҳимоя қилинишига ҳар доим ҳаракат қилади.
Ёш давлатлар давлат барпо этиш жараёнида баъзан шундай қонунларни қабул қилишадики, улар шу даврга хос бўлиб, давлат устуворлиги ва унинг асосларини мустаҳкамлаш, жамият тартиботини кучайтириш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамият ва ахлоқ тараққиётига йўналтирилган бўлади.
Мазкур қонун ҳам шундай қонунлардан бири бўлиб, энг аввало, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва жамиятда камбағаллик сатҳини камайтириш ҳамда шу заминада фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.
Ўн йиллик тажриба "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонунни жамиятни ривожлантириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоялаш йўлида такомиллаштириш зарурати юзага келганини кўрсатди.
Агар бугунгача мамлакат аҳолисининг кўп сонли истагу илтимослари билан мазкур қонунга икки марта ўзгартиш киритилган бўлса-да, аммо қонунга яна бошқа баъзи қўшимчаларни киритиш зарурати туғилди.
Мамлакат фуқаролари бу ҳаётан муҳим ҳужжатга ўзгартишу қўшимчалар киритиш истовчилари бўлишиб, ижтимоий шароит ва оилалари ҳолатини яхшилаш йўлида аниқ таклифларни илгари суришди. Уларнинг аксариятини қабул қилса бўлади.
Кўп ватандошларимиз қонун ижроси назоратини кучайтириш, доимий ва жамият комиссиялари ишини мустаҳкамлаш, жамият комиссиялари фаолияти кифоя эмаслиги, қонунда фуқаролар ҳуқуқу мажбуриятлари назарда тутилмагани борасида ўз фикрларини баён этишиб, маъракалар ўтказиш вақтини ёз ва қиш фаслларига ажратиш, оила барпо этиш доирасида суннат тўйларини ўтказиш ва чақалоқ туғилганидан саккиз кундан йигирма кунликкача тиббий муассасаларда суннат қилдириш борасида бошқа ташаббусларини илгари суришди.
Бундай фикру таклифлар давлат ҳокимияти ижроия органлари ва бошқа маҳаллий тузилмалару органлардан ёзма, жумладан, мамлакат фуқароларидан умумий ахборот воситалари орқали оғзаки-ю ёзма, телевидение ва интернет тармоқларидаги "озод микрофон" орқали баён этилаётган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўрганиб чиқилиши керак.
Шунга боғлиқ ҳолда, Президент Ижроия аппаратига тегишли тузилма-ю органлар ходимлари ҳисобидан салоҳиятли комиссия таъсис этган ҳолда, органлару ташкилотлар ва фуқаролар истакларини ҳар томонлама баҳолаш ҳамда икки ой мобайнида мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир хулосалари, шунингдек, унинг оммавий тафсирини ишлаб чиқиб, мамлакат Ҳукуматига тавсия қилиш топшириғи берилади.
Шунингдек, маҳаллий органлар раҳбарлари, фуқаролик жамияти, жамиятшунос олимлар ва диний бирлашмалар шаҳру ноҳияларда садақа ва хайрни етимлару ногиронлар ва камтаъминланган оилаларга беришга доир ишларни янада кенгайтиришлари зарур.
Бу масалага доир мен неча марта ишора қилганман ва яна бир марта таъкидлайман, камтаъминланган одамлар фитр садақасини топширмасинлар, балки яшаш шароитлари яхшиланиши йўлида ҳаракат қилишсин.
Шу билан боғлиқ ҳолда, Маориф ва илм, Маданият вазирликлари, Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш комитети, Исломшунослик маркази, Уламолар кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва ноҳиялар раислари, шаҳарча-ю қишлоқ жамоатлари раҳбарлари, доимий комиссиялар, чунончи, масжидлар хатиблари ва дин уламолари камтаъминланган оилаларни молиявий қўллаб-қувватлашда бундан кейин ҳам шундай ҳамкорликларни йўлга қўйишга вазифадор этиладилар.
Хусусан, ноҳияларда шаҳарча-ю қишлоқ жамоатлари раислари ва шаҳарда маҳаллалар раислари маросиму анъаналар ва хурсандчилигу азадорлик маъракалари ўтказилишида қонун талаботига жиддий риоя этишиб, исрофгарчиликларга йўл беришмасин.
Шунинг учун ҳам, сиз, шаҳарча-ю қишлоқ жамоатлари ва маҳаллалар раисларини бугунги тадбирга таклиф қилдик ва қонун ижроси сатҳу сифати ва чора-тадбирлар камхаражат ўтказилишига жиддий эътибор беринг ва жамият барча табақалари орасида қонун талаблари ижросини таъминлашингизни таъкидлайман.
Ҳар бирингиз ўз вазифа ва мажбуриятларингизни масъулият билан ижро этиб, пок ният билан ишланг, халққа бошчилик қилинг ва бу ҳаётан муҳим қонун талаботи бузилишига йўл қўйманг.
Бу қонун талаботининг сўзсиз ижросига доир тинимсиз таъкидлашлардан мақсад, энг аввало, азиз Ватанимиз ҳар бир фуқароси ҳаёти даражаси ва сифатини яхшилашдан иборатдир.
Давлат раҳбарининг мақсади ҳам мамлакатнинг ҳар бир фуқароси янада яхши шароит ва ободу гўзал уйларда яшашлари, муносиб ҳаёт шароитини яратиш йўлида ҳаракат қилишлари билан боғлиқдир.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда, яна битта муҳим масала юзасидан ўз фикр-андишаларимни билдирмоқчиман. Ислом шариати ва ҳанафий фиқҳи фармойишларига биноан, ҳар бир садақа бирор шартга боғлиқ бўлса, савоби холисона бўлиши моҳиятини йўқотади.
Бошқача қилиб айтсак, "шарт" шуки, қирқ, йил ё бошқа аза маъракаларида, уч кунликдан ташқари, маърака бериш ва чорва сўйиш садақа эмас ва хайрнинг холисона эканлигини фиқҳ ва шариат нуқтаи назаридан йўқотади.
Шу масала билан боғлиқ ҳолда, Қуръони Каримга асосан, Ислом динида мажбурлаш, яъни бирор кишини қайсидир ишни қилишга мажбур қилиш мумкин эмаслигини эслатаман.
Шунингдек, Имом Бухорийнинг "Саҳиҳ"идаги ҳадисларга мувофиқ, зикр этилган азадорликка доир пайғамбар саҳобаларидан бир қатор мисолларга ўрин берилган бўлиб, уларда аза маросими уч кун қилиб белгиланган. Масалан, бир ҳадисда келади: "Мурда учун уч кундан зиёд аза тутиш жоиз эмас".
Бошқа ҳадисларда фақат уч кун ва уч кундан кейин хонадондан қоралигу ғамни оқлаш зикр этилган.
Шунингдек, мурда устида ҳаддан ташқари доду фиғон кўтариш дуруст эмаслиги таъкидланган. Шунга боғлиқ ҳолда, Худо пайғамбарининг бир ҳадисида шундай келтирилади: "Ҳақиқатдан ҳам, маййит қариндошларининг йиғи-ю фарёдларидан гўрда азобланади".
Бошқа ишора - аза кунларида қўшнилар уйидан таом келтириш ҳадисларда таъкидланганидек, одамийлик сифатига эга бўлиб, бугунги кунгача ҳанафий мазҳаби издошлари унга риоя этишади.
Бу амал оила аҳли учун тайёрланган таомнинг ортиқчаси азадор хонадонга киритилган ҳолатда савоб ҳисобланади.
Халқ орасида бу амал урфга айланган. Аммо, хусусан, азадор томонидан чорва сўйиш шариат ва ҳадисларда куфр ҳисобланган. Азадор шахснинг моли сўйилмаслиги керак, балки етим фарзандларига тақсимланиши керак.
Шу сабабли, кўпгина ватандошларимиз азадорлик маъракалари, жумладан, қирқ ва йил тартибга солиниб, таом берилмасдан ўтказилишини таклиф қилишган. Бундай ҳолатда фотиҳа ўқувчи одамлар сони чекланмагани дурустлиги таклиф қилинган.
Ҳалок бўлган киши учун фотиҳа-ю дуодан бошқа амаллар савоби йўқ бўлиб, азадор оила ва унинг хонадонига зарар ҳисобланишини яна бир марта таъкидлайман.
Мўмин киши ўз зарарига эмас, балки ўзининг шароити яхшиланиши, оиласининг саодати учун ҳаракат қилсин. Қуръонда келтирилганидек: "Худо парҳезгорларни севади".
Уламолар ва дин ходимлари халққа ҳар бир киши ҳаётида ўзидан эзгу амаллари билан ном қолдиришга вазифадор эканлигини тушунтирсинлар. Зеро, унинг ҳар бир хайрли амали номаи аъмолига ёзилади. Шахс оламдан ўтгандан кейин фарзандлари ва ортида қолганлар беҳуда сарф-харажатнинг ўрнига ҳар куни Қуръон тиловат қилиб, унинг арвоҳини шод этишлари мумкин.
Ҳурматли иштирокчилар!
Мазкур қонун аҳамияти ва заруратига доир яна иккита ниҳоятда муҳим масала - миллий тафаккур шаклланиши ва халқ, хусусан, ўсмирлару ёшларнинг ўзликни англаш туйғулари шаклланишига ҳисса қўшувчи давлат тилига кўпроқ эҳтиром кўрсатиш ва миллий маданиятга риоя этиш борасида тўхталмоқчиман.
Миллат тили давлатчиликнинг муҳим рукнларидан бири бўлиб, уни ҳимоялаш, меъёрлар ва қадимий халқ тили ва қимматбаҳо асарларига риоя этиш, бу гўзал ва шоирона тилнинг луғат захирасини бойитиш ҳар бир ватанпарвар кишининг вазифаси ҳисобланади.
Айниқса, маърака-ю чора-тадбирлар, маҳфилу суҳбатлар ва жамият жойларида адабий тилда сўзлашиш, тожик тили меъёри талаботларига сўзсиз риоя этиш виждоний қарзимиздир.
Биз бугунги шароитда тилимиз тараққиётига жиддий эътибор беришимиз ва уни турли хил бегона унсурлар таъсиридан сақлашимиз керак.
Миллий маданият маънавият устуворлиги ва давлатчилик арконларини мустаҳкамлаш асоси сифатида ниҳоятда катта қийматга эга бўлиб, уни ҳимоялаш ва келажак авлодга азиз халқимизнинг бу маънавий бойлигини мерос қолдириш давлат ҳамда мамлакатимиз барча фуқароларининг вазифаси ҳисобланади.
Аммо сўнгги йилларда интернет тармоқлари ва алоҳида гуруҳларнинг таъсири билан шаҳру ноҳияларимиз, хусусан, хотин-қизларимиз орасида маданиятимизга бегона бўлган кийиниш тарзи тарғиби кучайган бўлиб, бу ташвиш боисидир.
Хотин-қизларимизнинг чекланган бир гуруҳи диндорликни ботинда эмас, балки зоҳирда, дея тасаввур қилишиб, қора рангли либослар кийиш орқали миллий маданиятимиз қадриятларини поймол ва жамият маънавий фазосини хира қилишмоқда.
Гап шундаки, Худони кийим-кечак, сатру ҳижоб ва салла-ю соқол билан эмас, балки қалб билан эҳтиром этишади.
Шунга боғлиқ ҳолда, давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари ва давлат тегишли тузилмалари бу номаъқул ҳодиса олдини олиш йўлида қатъий чоралар кўришлари зарур.
Бир неча марта такрор ва такрор айтдим ва яна бир марта таъкидлайман, глобализация шароитида агар бирор давлатни йўқотмоқчи бўлишса, аввал тили ва сўнгра маданиятини йўқ қилишади.
Биз бегонапарастликнинг номаъқул ҳодисасини имкон қадар тезроқ орадан кўтариб, хотин-қизларнинг миллий либосларини кўпроқ тарғиб этишимиз, тақлиду таассуб ва юзаки қарашнинг олдини олишимиз ва хотин-қизлар орасида тушунтириш ишларини кенгайтиришимиз зарур.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, хусусан, хотин-қизларимиз мустақил, озоду тинч ва осуда давлатга шукрона этиб, касбу ҳунар эгаллаш пайидан бўлишлари, ўзлари учун обод хонадону рўзғор, бугунгидан кўра яхшироқ шароит муҳайё қилишлари, ўз уй-жойларини озода тутишлари, иффатли-ю маърифатли бўлишлари, яхши рафтору амаллари ва фикрлари билан бу Ватан, бу миллат ва бу давлатнинг шарафини кўкларга кўтаргувчилар бўлишлари керак.
Биз ХХI аср, яъни катта илмий ва технологик ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз. Дунё мамлакатлари тез суръатда ривожланиб, инновацион ва коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда, ниҳоятда кўп ютуқларга эришишмоқда.
Шу сабабли, биз ҳам замонавий билимларни эгаллашга ҳаракат қилишимиз, фарзандлар таълиму тарбиясига жиддий аҳамият беришимиз, замонавий илму технологиялар ва ривожланган маданият ютуқларидан фойдаланиб, ўз дунёқарашимизни кенгайтириш учун саъй-ҳаракат қилишимиз, мамлакатни ўрта асрларга олиб борадиган унсурларга тақлид қилишга беҳуда уринмаслигимиз зарур.
Неча аср илгари шу тақлидчиликни буюк Мавлоно қоралаб, шундай деган эди:
Халқни ўз тақлиди қилди барбод,
Бўлсин бу тақлидга икки юз лаънат!
Ор-номусли ҳар бир фуқаронинг вазифа ва қарзи шундан иборатки, фарзандлар тарбияси, уларнинг касбу ҳунар эгаси бўлишларига ҳаракат қилишсин, Ватанларини нафақат сўзда, балки амалда севишсин, уни ободу кўркам қилишсин. Замонавий дунё ютуқларини ўрганиб, уларни ҳар биримизнинг ёрқин келажагимиз бўлган Тожикистонда амалга оширишсин, ўзларининг мавжудлигини шу сарзаминнинг мавжудлиги билан боғлаб, унинг тараққиёти йўлида ҳамиша саъй-ҳаракат қилишсин.
Ҳар бир фуқаро ва ҳар бир уйғоқ қалбнинг ватанпарварлик қарзи шудир!
Биз биргаликда ўзимизнинг бу виждоний амримизни ҳаётга татбиқ этишимиз ва бугунгидан ҳам муносиброқ ҳаёт эгасига айланишимиз мумкин!
Ор-номусли халқимиз бундан кейин ҳам ўз миллий давлатчилиги тараққиёти учун масъулиятни ҳис этган ҳолда, барча куч-қуввати билан фаолият юритиши ва ўзининг аждодий Ватанини ҳақиқий гулистонга айлантиришига ишончим комил.
Бу узун ва фахрли йўлда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ва сиз, ҳурматли иштирокчиларга муваффақиятлар тилайман.
Қаддингиз тик ва хонадонингиз обод бўлсин, азиз юртдошлар!
"Ховар" ТМАА.
Ўлкамизда ҳукм сурган шиддатли ва сурункали ёмғирли кунлардан сўнг, ўтган ҳафта истироҳат кунлари ҳаво очилиб, сайру гашт учун қулай кунлар бўлди. Бу ёқимли ҳавода юртдошларимиз орасида ички сайёҳликка қизиққанлар сони ортганлигини кузатиш мумкин эди. Оила аъзоларимиз билан Ҳисор шаҳрининг сайёҳлик ва тарихий мавзеларига сафаримиз ниҳоятда кўнгилли кечди.
Саёҳатимизни Ҳисор шаҳрининг Шарора шаҳарчаси ҳудудидаги бозордан
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йўллаган Паёмида сайёҳлик соҳасига алоҳида эътибор бериб, ҳар томонлама ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Жаннатмакон ўлкамизда сайёҳликни ривожлантириш мақсадида 2018 йилни Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилди. Бу таклиф бир
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015