Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистон халқи бошига биродаркушлик балолари тушди. Мамлакат эгасиз, халқ пароканда, аёллар, кексалар, ёш болалар, сарсон-саргардон…
Мозийга назар ташласак, фуқаролар уруши бир мамлакат ичидаги ўзаро зиддиятлардан келиб чиқадиган қон тўкилишлардан иборат, дейиш мумкин. Аммо Тожикистон халқи бошига тушган қора кунлар, яъни фуқаролар жанги ўз номи
билан биродаркушлик уруши, дейилади. Бу низонинг бошида ким ва нима мақсадда тургани, уларнинг ғаразли ниятлари ҳақида батафсил тўхталиш шарт эмас. Чунки халқим, аллақачон, бу нобакорликнинг моҳиятини англаб бўлган. Ташқаридан туриб бошқарилаётган қора кучларнинг оддий халққа берган хўрликлари, ҳатто, Иккинчи жаҳон урушида асирларга ҳам қўлланган эмас. Донишманд шоир Носир Хусрав таъкидлаганидек:
Кичик, деб ўйлама ёвни бирор кун,
Қўяр оламга ўт бир зарра учқун.
Қарама-қаршиликлар туфайли мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий соҳалар бутунлай издан чиққан эди. Уруш даҳшати шунчалик жароҳатлар келтирдики, халқнинг эртанги кундан умиди узилди. Чунки қаҳатчилик мадорсиз халқни тобора ўз домига тортар эди. Аҳоли орасида қўшни давлатларга кўч боғлаш авжига чиқа бошлади. Аммо аламзада халқ бирон мамлакатдан қўним топа олмади.
Болаликдан ўйнаб-ўсган чанг кўчалар, поёнсиз пахта далалари узра сукунат… Қишлоқ ўртасидан кесиб ўтган катта йўл жим-жит.
Одамлар юзида қўрқинч ва хавотир… Қишлоқнинг экинзорга туташ томонидаги дала шийпони штабга айлантирилган. Қишлоқ аҳли орасидан тайинланган маҳалла фаоллари, бригадирлар навбатдаги йиғилишга тўпланишмоқда.
Юзлари чўлнинг иссиқ шамолида тобланган, ўрта бўйли, шляпа кийган киши тўпланганларнинг шийпон супасига чиқиб ўтиришга таклиф қилди.
Бир умр халқ орасида меҳнат қилиб, собиқ Шўролар даврида оддий бригадирликдан савхоз раислигигача кўтарилган, заҳматкаш деҳқоннинг ғамхўрлиги, юрт фаровонлиги йўлида тиниб-тинчимас тадбиркор инсон Холберди Шамсиддинов халқи бошига тушган оғир кунларда ҳам Ватани олдидаги инсонийлик бурчини дариғ тутмай, қишлоқ аҳлига бош бўлиб, юзага келган тартибсизликлар, айрим гуруҳлар томонидан ташкил қилинган талон-тарожлик, зўравонликларнинг олдини олиш учун халқ орасидан навбатчи кўнгиллиларни ташкил этиб, қишлоғи, халқи тинчлигини сақлаб қолишда кеча-ю кундуз меҳнат қилди. Тажрибали раҳбар, халқпарвар инсон сифатида юрт бошига тушган нохуш вазиятда ночор оилаларга хўжалик захирасидаги ғалладан ёрдам бериб, умидсизланган халқни ёруғ кунлар яқинлигига ундаб, қонуний давлат тарафдорларига яқиндан ёрдам бериш ишларига даъват этиб турди.
Тожикистон мустақиллигининг ўша оғир кунларида халқнинг эртанги кунига ишонч ҳосил қилишдек буюк вазифани зиммасига олган раҳбар дала ишларини қайта жонлантириш, аҳолини етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб олиш ишларига жалб қилиш билан бирга, Ҳаёти нав жамоати ҳудудидаги мактабларни таъмирлаш, янги ўқув йилига ўқувчи ва ўқитувчиларни жалб қилиш ишларини ҳам амалга оширди.
Халқнинг ғам-андуҳига шерик бўлиб, дардига малҳам бўла олган инсонлар асло унутилмайди. Юрт тинчлиги, ободончилиги учун фидокор бўла олган саховатпеша инсон Холберди Шамсиддиновга Ватаннинг бугунги истиқболини кўриш насиб қилмаган экан. Ватан тинчлиги, халқнинг осудалиги йўлида заҳмат чеккан инсондан ажралмоқ, халқ учун буюк фожиадир. 2001 йили айнан истиқлолиятимизнинг 10 йиллигини нишонлайдиган кун - 9 сентябрда Холберди Шамсиддинов 46 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Ҳамиша эл дардига дармон бўлиб келган кишини халқ доимо эъзозлайди, қалбида сақлайди. Ҳозирги кунда раис бобонинг номини абадийлаштириш мақсадида қишлоғидаги 61-ўрта умумтаълим муассасасига у кишининг номи берилди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракати, билими ва раҳнамолиги сабабли, биз ватандошларга шу кунларни кўриш насиб қилди. Бахтимизга саховатпеша ва сулҳпарвар юртбошимиз парокандалик гирдобидаги ватанимизни қисқа муддатда ободу нурафшон мамлакатга айлантирди.
Муҳтарам Президентимизнинг бевосита кўрсатмалари билан тузилган бирлик ва миллий тотувлик комиссияси аъзолари мамлакатимизнинг барча минтақаларида издан чиққан сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётни барқарорлаштириш вазифасини тез кунларда мукаммал бажариш тадбирларини кўриб чиқдилар. Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли мустақил юртимизнинг бугунги кунда тараққиётнинг барча соҳаларидаги муваффақиятларини жаҳонга кўз-кўз қилмоқда. Бирлик ва миллий тотувликнинг 20 йиллигини очиқ юз ва ифтихор билан кутиб олиш арафасидамиз.
Истиқлол шарофати билан бугунги ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етишида ўзининг улкан ҳаётий тажрибаси орқали ибрат бўлаётган инсонларни қадрлаш жоиз.
-Мана шундай ёруғ кунларга етказганига минг бор шукр,-дейди кекса ўқитувчи Мирзо Гулаев. - Ҳаммаси тинчлик, осойишталик туфайли. Миллатимиз пешвосининг мартабаси бундан-да улуғ бўлсин. Биз ўқитувчиларга ҳам катта эътибор, ғамхўрлик кўрсатаяптилар, ёшлик хурсандчиликларини, мана, энди тотаётгандекмиз.
Ҳар гал ноз-неъматлар тўла дастурхон атрофида дуога қўл очганимизда, "Тинчлигимиз ва осойишталигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин", дея ният қиламиз. Ёшларни эса: - Яхши ўқиб, юртимизга муносиб фарзанд бўлинглар, - деб уларни улуғ ишларга даъват этамиз. Чунки бугун уларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳеч бир замонда бўлган эмас. Буни дилдан ҳис қилиш, қадрига етиш лозим.
Жамият ҳаётининг барқарор бўлишида юрт тинчлиги, миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий ҳамкорлик ва тотувликнинг асосий ғояларидан бири Ватан равнақи ғоясидир.
Ватан - инсоннинг киндик қони тўкилган муқаддас тупроқ, уни камолот сари етакловчи, ҳаётига мазмун бахш этувчи табаррук маскан.
Ватан бу, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан остонадан бошланади. Ватани бор одамнинг ғурури-ифтихори юксак, мақсад-муддаолари аниқ бўлади. Тоғдек таянчи - Ватани борлигини ҳис этган инсон ҳаётнинг ҳар қандай синовларига бардош бера олади.
Ўтмиш тажрибаси шуни кўрсатадики, турли мамлакатлар халқлари ўртасидаги қарор топмоғи зарур бўлган ва уларнинг тинчлик ва озодлик учун курашларида бир-бирларини қўллаб-қувватлашга ундовчи бирлик доимо устун бўлган.
Ватаннинг шодлиги ва қайғусини кўнглига яқин олган кишигина ҳар қандай одамнинг қайғу ва шодлигига бефарқ бўлмайди. Миллий бирликнинг ҳам асл маъноси бир-бирига бефарқ бўлмасликдадир.
Ҳайтали Боев,
"Халқ овози".
Худо ҳеч бир махлуқнинг кушандасини ўзидан чиқармаган. Фақат одамгина ўз кушандасини ўзи яратади. Одамнинг кушандаси – одамнинг ўзи. Ит итни емайди, аммо одам одамни маънан «ейиши», жисмонан йўқ қилиши оддий ҳолга айланиб бормоқда…
Асқар МАҲКАМ, «Оқ китоб».
Одам – Яратганнинг ноёб мўъжизаси… Ҳақиқатдан ҳам шундай. Бу –
Муфассал...
Қўшни Деҳқонобод қишлоғи катта йўл ёқасида жойлашганлиги туфайли ноҳия марказига борган-келган қишлоқдошларим шу қишлоқ кўчаларидан ўтишади.
Бугун ҳам йўлим ушбу қишлоққа тушди. Кўчалари тоза ва озода, йўл четидаги ариқлардан зилол сувлар шилдираб оқиб ўтмоқда. Йўл четидаги чиройли деворлар, бир-биридан кўркам қурилган уйлар кишининг ҳавасини
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015