Сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, унинг бир қатрасини ҳам исроф қилмаслик аввал ҳам, сув ҳаёт-мамот масаласига айланган ҳозирги замонда ҳам долзарб муаммодир. Бу зарурат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси –Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббусини қувватлаб қабул қилган «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги тўғрисидаги резолюцияда ҳам ўз ифодасини топган.
Мамлакат Президенти жамият кенгаши аъзолари билан суҳбатда журналистлар, адиблар, шоирлар, олимларга мурожаат қилиб, Тожикистон сув масаласида илғор эканлигини, буни бир юзу тўқсондан ортиқ мамлакат эътироф этганлигини айтди ва қалам аҳлининг сув масаласига жиддий аҳамият беришларини, бу масалага доир муаммолар юзасидан ўз фикр-андишаларини баён этишларини сўради.
Президентимизнинг сув масаласига бу қадар катта аҳамият бериши бежиз эмас. Сув бор - ҳаёт бор, яшаш ва ёшариш, меҳр ва муҳаббат бор. Ҳаёт гўзаллиги, ҳусну таровати сув туфайлидир. Доғистон шоири Расул Ғамзатов асари қаҳрамони Шомил жангчиларга шундай дер эди: - Майли, душман бутун қишлоқни эгаллаган барча экинзорларни забт этган бўлсин. Аммо чашма ҳозирча бизнинг қўлимизда ва биз, албатта, ғалабага эришамиз.
Ҳа, сув ҳамма замонларда қадрли бўлган. Шу боис сув келтирувчилар беҳад эъзозланган, шарафланган. Бундан қарийб эллик йил илгари бошланган Бешкент канали қурилишини бир эсланг. «Сувсиз ҳаёт йўқ!» Тахтага ёзилган бу шиорни канал қазувчилар ўзлари билан бирга олиб юришарди. 1978 йилнинг декабрида Бешкент водийсига сув келди. Ўша кун одамлар учун энг қутлуғ ва муборак кун эди. Чўлни обод манзилга айлантириш аҳди билан бу ерга келганларнинг қувончи еру кўкка сиғмасди. «Сув келди – нур келди, энди чўл гуллаб-яшнайди, манзилимиз обод бўлади, ниятларимиз амалга ошади», деган ҳиссиёт чўлқуварлар қалбини забт этганди. Яхши ният билан уй-жой қуриб, томорқаларига кўчат ўтқазишган эди. Чўлнинг жазирама иссиғи ҳам, ёввойи шамоли ҳам уларни чўчитмади. Вагонларда, ертўлаларда яшасалар ҳам чўлни тарк этмаган, келажакка умид, чўлга бўлган меҳр уларга куч-қувват бағишлар, улуғ ишларга руҳлантирар, ҳидоят этар эди. «Бешкент - менинг Ватаним!» деган сўзларни чўлқуварлар ўзларига шиор қилиб олган, чўлни обод мазилга айлантириш аҳди билан яшар эдилар. Афсус, уларнинг қувончи узоққа чўзилмади… Орадан ўн-ўн беш йил ўтар-ўтмас, чўлқуварларнинг орзу-умидлари чиппакка чиқди. Водий узра энди бошқа бир шиор – «Бешкентни қутқаринг, Бешкентга ёрдам беринг!» деган ҳайқириқ акс-садо бера бошлади. Ерини жон қадар азиз кўрувчи эл фарёди, шиддаткор ҳайқириғи. Бу ерга, сувга, меҳнатга ташна элнинг аламли наъраси эди.
Бир вақтлар катта умид ва орзулар билан чўлга келган кишилар энди юрагида дард-алам, беадад андуҳ билан бошқа обод манзилларга кўчиб кетиш пайига тушдилар. Не азоб ва уқубатлар билан ўзлаштирилган ерларнинг харобага айланиб, уларнинг бир дардига ўн дард қўшгани қайғу соя солган юзларидан, маъюс кўзларидан шундоққина сезилиб турарди. Умид билан экилган дарахт кўчатлари шўр сув таъсирида қуриб қолаётганидан афсусланишаётган эди, улар. Шўр сув ҳовли-жойларни, томорқаларни , мевали дарахтларни ўз комига тортиб, намдан деворлар қулаб, яшаш учун ноқулай бўлиб қолаётганидан ташвишда эди, улар. Шу ерда томир отамиз, муқим ишлаб қоламиз, ўзлаштирилган ерларимиздан фарзандларимиз баҳраманд бўлишади, деб ҳовли-жой қурган чўлқуварларнинг эндиликда ўз манзилларини бузиб, эшик ва деразаларини юклаб кўчаётганини кўриш, бўшаб қолган уйлар бойўғлиларга ошён бўлаётганига назар солиш нақадар оғир эди, ўша дамларда.
–Кўнглимизни равшан этадиган, тинчитадиган, яшашимизга кафолат берадиган бирор илинж қолмади. Ҳолимизни сўрайдиган киши йўқ,- дер эдилар кўч боғловчилар.
Улар бир жойдан иккинчи жойга кўчишнинг машаққатини тушуниб туришар, лекин иложсиз эдилар. Осмон-узоқ, ер-қаттиқ…
Нега шундай бўлди? Чунки Бешкент ерларининг зах сувлари юзага кўтарилиб, ҳаммаёқ қуриб-қақшаб қолаётган эди. Шўролар давридаги бир томонлама ёндашиш, пахта яккаҳокимлиги сиёсати оқибати эди-бу. Нега деганда, чўлни ўзлаштиришда шошма-шошарликка йўқ қўйилди. Бешкент дашти икки тоғ оралиғида. Ҳар тарафдан асрлар оша сув тушавериб шўри ер мағзига сингиб кетган. Ер шўри ювилмасдан туриб пахта ва бошқа экинларга режа боғланган эди. Чўлга сув чиқиши билан орадан атиги уч-тўрт ой ҳам ўтмасдан, юқоридан шу йилнинг ўзидаёқ пахта беришни талаб қилишди. Шу боис, мелиораторлар мендан кетгунча қабилида иш юритиб, шўрни тезроқ ювиш мақсадида ерга меъёридан ортиқ сув ҳайдашди. Баҳорда чигит экиш учун ер шўрини ювишни сунъий равишда жадаллаштириш, шошилтириш эса, кузга бориб билинди. Кўнгилдагидай ҳосил олинмади…
Кишиларнинг машаққатли меҳнати, сарфлаган маблағи беҳуда кетди. Катта умид билан чўлни ўзлаштиришга келган деҳқонларнинг бир қисми қийинчиликка бардош беролмай, кетиб қолди. Келгуси йил майдонлар кенгайтирилди, яна чигит экилди. Бироқ иккинчи йил ҳам чўлқуварларнинг умиди барбод бўлди. Улар бу сафар ҳам дакки едилар.
Энг катта хато – юқорида айтганимиздек, янги ер ўзлаштирилишидан ҳеч қанча вақт ўтмай, ундан ҳосил олишга интилиш бўлди. Қирқ тўрт километр масофага чўзилган Бешкент канали трассаси жуда қалтис жойлардан оқиб ўтарди. Суғориш тизими мутахассисларининг айтишларича, бош иншоотдан оқизилган ўн-ўн икки кубометр ҳажмдаги сувнинг ярмигина далага етиб борар экан. Каналнинг ўн километрдан кўпроғи эскидан амал қилиб келаётган хўжаликлар экинзорларидан ўтади. Ўшанда бир томондан янги ер очилса, иккинчи томондан эски, ҳосилдор ерлар шўрланиб қолаётган эди. Бундай нохуш ҳодисанинг олдини олиш учун каналнинг айрим қисмларини лойиҳадан чекинмасдан туриб бетонлаш зарур эди. Қурувчилар эса, енгил йўл танлашди. Лойиҳага амал қилмаслик оқибатида ёз ойларида каналнинг ўпирилиши бир неча марта такрорланди. Иллат каналнинг чала, катта камчиликлар билан фойдаланишга топширилганида эди.
Лойиҳага мувофиқ, ер ирригацион жиҳатдан ҳозирланиб, планировка қилиниб, шўр ювиш ўтказилгандан кейин, уч-тўрт йил давомида йўнғичқа ва бошқа озуқа экинлари экиш, дастлабки икки йилда эса, кўк ўтни ўриб олмасдан шудгор қилиш зарур эди. Бу тадбир тупроқ таркибини яхшилашга ёрдам бераркан. Кейинги икки йилда йўнғичқа ва бошқа экинлар ҳосилини йиғиштириб олиш мумкин. Фақат бешинчи йил пахта экиш тавсия этилади. Бешкентнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниб, шундай муддат белгиланган эди.
Азалдан муваффақиятли қўлланиб келинаётган тарнов суғориш тизими негадир бу ерда рад этилди. Лойиҳачилар кўп ўринларда қурувчиларнинг хатосини кўрсатганлар, чала ишларни тузатишни маслаҳат берганлар. Афсуски, улар талабчанлик қилишга журъат этолмаганлар.
Бобокалонларимиз бизга ерни мерос қолдириб, уни кўз қорачиғи каби асраб-авайлашни, келгуси авлодга етказиб беришни васият қилган эдилар. Бешкентни ўзлаштиришда эса, аждодлар васиятига амал қилиш ўрнига, саховатли ер яна ташландиқ заминга айлантирилди. Ерга, сувга парвосизларча муносабатда бўлинди. Унинг эҳсонидан баҳраманд бўлиш ҳақида ўйланди-ю, лекин ўз навбатида, ерга нисбатан ғамхўрлик, меҳру шафқат зарур эканлиги унутилди.
1996 йилнинг февралида Бешкент алоҳида ноҳия, деб эълон қилинди. Ноҳиянинг тараққий этиши учун энди янги уфқлар очилди. Мустақиллик, ерга эгалик чўлга иккинчи ҳаёт бахш этди. Йигирма йил давомида Бешкент чўли ўзининг аввалги қиёфасини тубдан ўзгартирди. Ўша кезлар йигирма тўрт минг кишилик Бешкент аҳолисининг умид кўзлари халқпарвар сарваримиз, Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг ақл-заковати, меҳру шафқати ва мурувватига қадалган эди. Ҳарқалай, умидворлик ерда қолиб кетмади. Давлатимиз раҳбари Бешкентнинг ўзига хослигини ҳисобга олиб, тегишли вазирликлар эътиборини бу масалага қаратди. Президент ва давлат фондларидан ажратилган маблағ ҳисобига чўлга файз кирди. Олий Мажлис сессияларидан бирида бу масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Янги ноҳиянинг биринчи раиси, Хатлон вилоятида ўз сўзига устувор раҳбар сифатида танилган марҳум Тожиддин Турдиевнинг елиб-югуришлари ҳам ишнинг ўнгланишига қўл келди. Ҳар бир масалани мулоҳаза ва андиша билан ҳал этишга одатланган, янги ноҳиянинг бугуни ва эртаси учун қайғурган инсон Тожиддин Турдиевнинг Бешкент муаммоларини ҳал этиш учун ҳукуматга қилган мурожаатлари ҳам ўз самарасини берди.
Илгари ягона ва мўътадил суғориш тизими ишлаб чиқилмаганлиги боис, Бешкент ноҳияси марказидан 15-20 километр олисдаги «Бешкент-2» давлат хўжалиги ҳудудида 500 гектар майдонда сунъий кўл пайдо бўлганди. Бу кўлнинг зарарли томони шунда эдики, у қарийб минг гектар пахтазорнинг намлигини ошириб, ернинг ҳосилдорлигини пасайтириб юборган эди.
Президентимизнинг ноҳия ҳукумати ва меҳнаткашларнинг мурожаатини қўллаб-қувватлаши туфайли чўлқуварларни ташвишга соладиган ана шу кўл бартараф этилди.
Эндиликда ноҳия маркази ва қишлоқлар кундан-кунга ўзгариб, ободонлашиб боряпти. Мактаб ва боғчалар, касалхона, тиббиёт нуқталари, маданий-маърифий марказлар, маъмурий бинолар кўпаймоқда. Одамларнинг яшаш шароитлари яхшиланиб, аҳоли зич жойлардан бу ерга кўчиб келиш давом этяпти. Кўчиб келувчилар учун бир қанча имтиёзлар берилган. Бугунги кунда Бешкент пахта, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда алоҳида мавқега эга. Эндиликда кичик деҳқон хўжаликлари тузилиб, ер деҳқонлар ихтиёрига топширилган. Бу нарса ерга муносабатни тубдан ўзгартирди. Чунки деҳқон беҳуда сарфланган ҳар бир дирамнинг чўнтагига зарар эканлигини яхши билади. Истиқлолдан кейин, аввалги хатоларни тузатиш борасида ҳам катта ишлар амалга ошириляпти.
– Агар оқова сувлар ўз ўрнида муқим туриб қолса, зах сув қочирилмаса, у ҳолда, аҳвол янада оғирлашади ,- деган эди ўшанда чўл кашшофларидан бири Раҳимқул Ҳайдаров куйиниб. -Чунки жароҳат даволанмаса, вақт ўтган сайин кучайиб, ўлим хавфини туғдиргани каби чўл ҳам кўпроқ маблағ ва табобат талаб этаверади. Ва ниҳоят, бу фақат иқтисодий масала эмас, у соф инсоний, Бешкентда яшовчиларнинг тақдири, турмуши, бугуни ва эртаси ҳамдир.
Давр ўзгариб, ерга, одамларга муносабат ҳам ўзгарди. Президентимиз Бешкентга нажот бахш этибгина қолмай, балки Раҳимқул акага ўхшаган меҳнаткаш, жонкуяр инсонлар бошини ҳам силади. Ҳозир қарилик гаштини сураётган Раҳимқул ака кейинчалик ноҳия раиси даражасига кўтарилди.
Сув, хусусан, тоза ичимлик сув масаласи ҳали-ҳамон бешкентликлар учун энг долзарб ва кескин масала бўлиб турибди. Ерга, сувга нисбатан оқилона муносабат эса, замон, халқаро ҳамжамиятнинг сув тўғрисидаги қарори тақозоси, албатта. Ўтмишдаги аччиқ сабоқлардан тегишли хулоса чиқариб, сув масаласини биринчи ўринга қўйиш улар олдидаги галдаги вазифадир.
Сулаймон Эрматов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.
Наврўзнинг пайдо бўлиш тарихи борасида турли манбаларда турлича хабарлар бор. Унинг турли вақт ва замонларда байрам қилинганлиги ҳақида ҳам ривоятлар сақланиб қолган. Бизнинг давримизга келиб, Наврўз жаҳонийлик касб этди, уни бугун бутун дунё аҳли қайд қилмоқда. Диний масалалар бўйича мутахассис кишиларнинг ушбу деҳқончилик, баҳорги экин-тикин байрами саналган Наврўз ҳақидаги фикрларини билиш ниятида
Муфассал...
- Ҳар бир илмий ходим селекция-илмий кузатишлар натижасида эришилган муваффақиятларда ўз самарасини кўрганда, кўнгли ҳузур топади, - дейди Хатлон вилояти зироатчилик институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, янги «Нодир» пахта навини яратган Муйдин Абдуллоев биз билан суҳбатда.
- Муйдин Назирович, янги пахта нави яратилиши йиллари
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015