5 ноябр куни эрталаб Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқ турмуш тарзи билан танишиш ва бир қатор муҳим иншоотлар очилишида иштирок этиш мақсадида Ҳисор шаҳрига иш ташрифи билан борди.
Шаҳар аҳолиси мамлакат Президентини ўзига хос хурсандлик ва илиқлик билан кутиб олишди.
Миллат пешвоси Ҳисор шаҳрида «Табассум» болалар боғчасининг очилиш маросимида қатнашди.
Бу ерда мамлакат Президентига болалар боғчаси 220 нафар болани таълим-тарбия билан қамраб олиш учун мўлжалланганини маълум қилишди.
«Табассум» мактабгача муассасаси маҳаллий тадбиркор Темир Алиев томонидан қурилган бўлиб, таълим ва тарбия учун барча замонавий шароитларга эга.
Иншоотда қурилиш ишлари 2015 йили бошланиб, 2016 йили сифатли ва қурилиш меъёрларига мувофиқ тарзда охирига етказилди. Болалар боғчаси 2 миллион 300 минг сомоний маблағ эвазига қурилган.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон таълим ва тарбия шароитлари билан танишув чоғида қурилиш ишлари сифатига юқори баҳо берди. Шу билан бирга, мактабгача муассаса Тожикистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги нишонланиши кунларида Ҳисор шаҳри фуқароларига муносиб совға, дея аталди.
Янги болалар боғчаси очилиши туфайли шаҳарнинг 40 нафар фуқароси 1200 сомонийгача ойлик маоши бўлган янги иш жойлари эгаси бўлишди. Таъкидлаш жоизки, болалар боғчаси биноси икки қаватли бўлиб, ертўлага эга ва 3 минг 991 квадрат метр майдонда қурилган. Боғчада болалар таълим олиши, турли машғулотлар ўтказишлари учун барча зарур шароитлар бор.
Миллат пешвосига болалар боғчасида таълим уч: тожик, рус ва инглиз тилларида йўлга қўйилгани маълум қилинди. Мактабгача муассасада 14та синфхона, 2та спорт зали, спорт майдончаси, мусиқа ва сурат чизиш синфхоналари, тиббий кабинет, ошхона ҳамда 5та шийпонча бор.
Миллат пешвоси болалар боғчасининг масъул шахсларини болаларни келгусида ўз Ватанлари бунёдкорлари бўлишлари учун ватанпарварлик ва ўзликни англаш руҳида тарбиялашга ҳидоят қилди.
«УСТО НАБОТ» МЕҲМОНХОНАСИ
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Ҳисор шаҳрига иш ташрифи доирасида беш қаватли катта «Усто Набот» меҳмонхонасини очди.
Иншоот хусусий тадбиркор Абдуҳаким Усмонов томонидан қурилган бўлиб, меҳмонхонада 35та янги иш жойи яратилган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, келажакда меҳмонхона ходимлари сони 50 кишига етказилади.
Меҳмонхона 30та ҳужрага эга бўлиб, 60 нафар меҳмонни қабул қилишга мўлжалланган. Меҳмонхонанинг лойиҳавий қиймати 10 миллион сомоний ҳажмида белгиланган эди. Бироқ қурилиш ишлари тадбиркорнинг ўзи томонидан амалга оширилгани сабабли харажатлар камайтирилди.
Мамлакат Президенти меҳмонхонада хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишар экан, қурилиш ишлари сифатига юқори баҳо берди ва тадбиркорнинг мазкур ташаббусини намунали, дея атади.
Меҳмонхонада, шунингдек, 200 ўринли ресторан ва 60 ўринли мажлислар зали бор.
Меҳмонхона ресторани катта залида 80 нафар боланинг суннат ва олти жуфтликнинг никоҳ тўйлари ўтказилди.
Давлат бошлиғи болалар ва янги оила қурганларга бахту саодат ва муваффақиятлар тилаб, бу ташаббусни инсонпарварлик амали, дея атади.
«СИРОЖИДДИН» САВДО-МАИШИЙ МАРКАЗИ
Ҳисор шаҳрида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ва яшаш даражасини сезиларли равишда юксалтиришга йўналтирилган режалар амалга оширилиб, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг топшириқ ва кўрсатмалари доирасида босқичма-босқич ижро этилаяпти.
Ҳисор шаҳрида, шунингдек, Миллат пешвоси иштирокида йирик савдо-маиший маркази фойдаланишга топширилди.
Ҳисор қишлоқ жамоатининг Ҳисор қишлоғидаги «Сирожиддин» савдо-маиший маркази тадбиркор Салоҳиддин Қараев томонидан қурилган. Тўрт қаватли иншоот 930 квадрат метр майдонда қад ростлаган бўлиб, марказнинг майдони 344,4 квадрат метрни ташкил қилади.
Давлат бошлиғи рамзий лентани кесиб, ундаги шароитлар билан танишди.
Миллат пешвосига иншоот икки йил ичида қуриб битказилгани маълум қилинди. Иншоот умумий қиймати 2 миллион сомонийни ташкил қилади. Бинонинг биринчи қаватида гўзаллик салони, магазин, кафе, иккинчи қаватида болалар ўйинлар маркази, учинчи қаватида эса, спорт зали ташкил қилинган.
Айни пайтда мазкур марказда 26 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш жойи ва яхши ойлик маош билан таъминланган. Ресторан фаолият бошлаши билан ертўлада замонавий ҳаммом қурилиб, яқин келажакда марказ ишчилари сони 50 кишига етказилади.
Давлат бошлиғи бундай йирик савдо-маиший марказининг фойдаланишга топширилишини қадимий Ҳисор шаҳри аҳолиси учун Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш йилида муносиб совға дея атар экан, айнан тинчлик, бирлик, хотиржамлик ва давлат мустақиллиги бунёдкор тожик халқига бундай катта натижаларга эришиш учун имконият яратганини таъкидлади.
АБДУРАУФ ЮСУПОВ НОМЛИ ЧОРВАЧИЛИК ФЕРМАСИДА
Ҳисор шаҳрига иш ташрифи доирасида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Абдурауф Юсупов номли янги чорвачилик фермаси фаолияти билан танишди.
Ферма қурилиши Абдурауф Юсупов МЧЖ ташаббуси билан амалга оширилган ва жорий йилда 10 миллион 834 минг сомонийлик маблағ ҳисобидан охирига етказилган.
Бинонинг умумий майдони 14 минг 274 квадрат метрни ташкил қилиб, фермада 240 бош соғин сигир ва Германия голштин зоти билан чатиштирилган ҳамда Тожикистон иқлимига мослаштирилган тожик оқ-қора зотли 410 бош ғунажин бор.
Миллат пешвосига 2012 йилда сут маҳсулдорлиги 800 литрни ташкил қилган бўлса, жорий йилда 3500 литрга етгани маълум қилинди. Ферма маҳсулоти Душанбе сут комбинатига сотилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ферма Европа замонавий сут соғиш аппаратларини харид қилган бўлиб, у кам иш кучи ва бир вақтда 32 бош сигирни соғишга мўлжаллангандир. Аввал агар 32 бош сигирни соғиш учун 1,5 соат вақт кетган бўлса, бугун бунинг учун атиги 10-15 дақиқа етарлидир. Шу билан бирга, сут махсус ускуналар воситасида музлатиш камераларига йўналтирилади ва музлатилганидан кейин Душанбе шаҳрига жўнатилади. Бу сут сифатини таъминлашга имкон яратади.
Мамлакат Президентига вазн йиғиш ҳам фермада сезиларли равишда яхшилангани, жумладан, 2013 йилда йирик шохли чорва суткасига ўртача 200 грамм семирган бўлса, айни пайтда бу рақам 650 граммга етаётгани маълум қилинди. Мазкур фермада 50дан зиёд киши иш билан таъминланган бўлиб, шундан 6 нафари олий, 2 нафари ўрта техник, 43 нафари тўлиқсиз ўрта маълумотга эга. Ферма ишчилари ойлик маошлари 1000 сомонийдан зиёдни ташкил қилиб, ишчилар, шунингдек, иссиқ овқат билан ҳам таъминланган. Ишчилар малакаларини ошириш учун хориждан олимлар таклиф этилиб, улар чорваларни боқиш усулларини ўргатиш билан шуғулланадилар.
Ферма раҳбарияти яқин келажакда етакчи ускуналарни ўрнатиш орқали етиштириладиган сут маҳсулотини қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳамда Ҳисор ва Душанбе шаҳри фуқароларини маҳаллий сут маҳсулотлари билан таъминлашни ният қилган.
МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ ОЧИЛДИ
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Ҳисор шаҳрида Тожик металлургия комбинатини тантанали тарзда ишга туширди.
Комбинат 15 гектар майдонда қурилган бўлиб, унинг қурилиш-монтажлаш ишларига 250 миллион сомоний сарфланган. Қурилиш чоғида 500 нафар маҳаллий фуқаро вақтинчалик иш жойи ва яхши маош билан таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, 2012 йилнинг 6 декабрида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Ҳисор шаҳрига иш ташрифи чоғида бу комбинатга келиб, унинг қурилиш ишлари бориши билан танишганди. Қурувчилар билан учрашувда Давлат бошлиғи уларни комбинатни сифатли тарзда қуришга ҳидоят қилганди.
Тожик металлургия комбинатида 6та ишлаб чиқариш цехи, жумладан, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, металл қуйиш, тозалаш ва бошқа цехлар фаолият юритади. Комбинат, шунингдек, 100 мегаватт иқтидорли подстанцияга эга.
Лойиҳавий кўрсаткичларга биноан, комбинат ўз фаолиятининг биринчи йилида 80-120 минг тонна минерал ишлаб чиқаради ва қайта ишлайди. Кейинги йилларда бу кўрсаткични 200 минг тоннагача ошириш имконияти мавжуд.
Бу ерда қора металлдан 7 хил қурилиш материали, жумладан, арматура, уч ва тўрт бурчакли темирлар, темир ва турли диаметрли қувурлар ҳамда бошқа темир маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Металлургия комбинатида Россия Федерациясидан келтирилган энг илғор ускуналар ўрнатилган. Комбинат биринчи босқичда 12дан 27 миллиметр диаметрли арматуралар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Келажакда комбинатга Суғд вилоятининг Шоҳқадамбулоқ конидан темир кукуни ва бошқа минералларни келтириш ҳамда мазкур конда бойитиш комбинати қуриш режалаштириляпти.
Металлургия комбинати биринчи навбати очилиши билан 500 киши доимий иш жойига эга бўлиб, уларнинг ўртача ойлик маоши 1200 сомонийни ташкил қилади. Бошқа металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганидан кейин ишчилар сони оширилиб, 1500 кишига етказилади.
Айни пайтда Тожик металлургия комбинати юртимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланиб, мамлакатни индустриялаштириш, халқ хўжалиги соҳаларини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, янги иш жойлари яратиш, республика ишлаб чиқариш ва экспорт потенциалини юксалтириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш жараёнига муносиб ҳисса қўшади.
ШАҲАР ФАОЛЛАРИ ВА АҲОЛИСИ БИЛАН УЧРАШУВ
Ҳисор шаҳрида Тожик металлургия комбинати очилганидан кейин Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон шаҳар фаоллари ва аҳолиси билан самимий учрашув ўтказди.
Давлат бошлиғи йиғилганлар ва мамлакат барча аҳолисини мустақил Тожикистоннинг ҳар йили 6 ноябрда нишонланувчи Конституцияси куни ҳамда Ҳисор шаҳрида турли иншоотлар очилиши билан табриклади.
Миллат пешвоси иқтисодий тараққиёт, Тожикистон ободончилиги ва унинг аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш мақсадида бунёдкорлик ишлари бундан кейин ҳам давом эттирилишини қайд қилди.
2015 йил Ҳисор аҳолиси учун эзгуликларга бой, муваффақиятли ва тарихий йил бўлгани, хусусан, қадимий Ҳисорнинг 3000 йиллигини нишонлаш ва унга шаҳар мақоми берилиши шарафига бир қатор муҳим ишлар амалга оширилгани, жумладан, зарур инфратузилма қурилгани таъкидланди.
Жорий йилда эса, бунёдкорлик ишларини давом эттирган ҳолда, шаҳар ҳудудида турли соҳанинг янги иншоотлари қурилди ва фойдаланишга топширилди. Мамлакат Президенти бу жараёнга Ҳисор шаҳрининг ватанпарвар ва олийжаноб тадбиркорлари ҳам сезиларли улуш қўшишганини қайд қилди.
Давлат бошлиғи Тожик металлургия комбинати йирик саноат корхонаси ҳамда янги ижтимоий иншоотлар фаолият бошлаши мамлакат иқтисодий потенциалини мустаҳкамлаш, шаҳарни келгусида ободонлаштириш ва унинг аҳолиси фаровонлигини яхшилашга сезиларли улуш қўшишини ишонч билан таъкидлади.
Учрашувда мамлакат Президенти мамлакат Ҳукумати мустақиллик даврида миллий иқтисодиётнинг реал секторлари тезкор иқтисодий тараққиётини таъминлаш учун зарур чораларни қабул қилаётганини қайд этди. Мамлакат Ҳукуматининг 2015 йилдаги доимий қўллаб-қувватлаши туфайли жаҳон иқтисодиёти беқарор вазиятига қарамасдан, мамлакат саноат корхоналари маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 11 фоизга ошириб, қарийб 12 миллиард 200 миллион сомонийлик мол ва маҳсулот ишлаб чиқаришди.
Учрашув охирида Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон мамлакат Ҳукуматининг режалари, дастурлари ва бунёдкорона мақсадлари муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, тегишли вазирлик ва идораларга рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни замонавий технологияларни келтириш орқали бундан кейин ҳам ошириш ва республика экспорт потенциалини мустаҳкамлашни таъминлаш борасида топшириқлар берди.
«БАРАКАТ» КОРПОРАЦИЯСИ МАЙДОНЛАРИДА
Ҳисор шаҳрига иш ташрифи доирасида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон «Баракат» кўп профилли корпорацияси меҳнаткашлари фаолияти билан яқиндан танишди.
2016 йили хўжалик 15 минг тонна сифатли узум жамғариб, уни хорижга экспорт қилгани таъкидланди. Бу хўжаликда узумнинг 11 нави, жумладан, қора кишмиш етиштирилиб, ундан жорий йилда 5 минг тонна сифатли майиз тайёрланган.
Давлат бошлиғи хўжалик боғбонларининг намунали фаолияти билан ҳам танишди. Хўжалик олмалари, шунингдек, хорижга ҳам экспорт қилинаётган бўлиб, натижада хўжалик катта даромад олаяпти.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон хўжалик тажрибали боғбонларининг самарали фаолиятига юқори баҳо берар экан, бу харидоргир маҳсулотни йиғиб олиш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича фойдали тавсиялари билан ўртоқлашди.
Хўжалик раҳбарияти янги боғлар барпо этилиши туфайли Ҳисор шаҳрининг 360 фуқаросини доимий иш билан таъминлаган бўлиб, бу аҳоли ижтимоий масалаларини ҳал этишга ёрдам беради.
«Ховар» ТМАА.
Мустақиллик йилларида Тожикистон Республикасининг дунё давлатлари ўртасида тутган ўрни бир неча баравар юқорилаб, иқтисодиёти тараққиёт сари юз бурди. Тожикистоннинг халқаро ташкилотларда ўзига хос ўрни бор. Ушбу ютуқларнинг барчасини озодлик ва ободлик самараси сифатида муҳрлаш мумкин.
Дарёнинг қуйи қисмидаги мамлакатлар Тожикистондаги «Роғун» ГЭСи қурилса, сувдан танқислик сезишларини асоссиз даъво қилиб келади.
Муфассал...
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ижтимоий суғурта ва нафақа агентлиги раиси Дилмурод Давлатзода ҳисобот даврида ижтимоий суғурта ва нафақа бюджети 1 миллиард 366,2 миллион сомонийни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 120,4 миллион сомоний ёки 9,6 фоиз зиёдлигини агентликнинг 2019 йил ярим йиллик фаолияти жамбастига бағишланган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015