Қонун устуворлиги ва фармонлар ижросининг сўзсиз таъминланиши, жамиятнинг бир маромдаги тараққиёти, жамоатчилик тартиб-интизоми мустаҳкамлигининг бош кафолатидир.
Устувор тартиб-интизомга асосланган жамият ҳар жиҳатдан: ҳам иқтисодий-ижтимоий, ҳам маданий-сиёсий равнақ топишнинг тўғри йўлидан боради.
Бежизга, озод яшашни истасанг, қонуннинг қули бўл, дейишмаган файласуфлар.
Қолаверса, давлат қонунчилиги доирасидаги ҳар бир қонун ва фармонларнинг ҳаётга тўлақонли татбиқ этилиши, талабларининг астойдил бажарилиши фуқаролик жамиятида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, умуман, унинг омили билан боғлиқ қадриятларнинг ардоқланишига олиб келади.
Яна бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозимки, айрим қонун ва фармонлар ижросининг шаффоф таъминланиши, эл ва юрт келажаги бўлган ёш авлодга мукаммал тарбия бериш йўлида фойдадан холи бўлмайди…
Агар юқорида ёзганларимизга зид ҳолат манзараси рўёбга чиқадиган бўлса, унда жамият ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларининг ривожу равнақида сусткашлик, «оқсоқ»лик юзага келади.
Кейинги пайтларда Давлат бошлиғи кўрсатмаси билан мамлакат Маориф ва илм вазирлиги томонидан тарбия жабҳасини соғломлаштириш борасида бир қатор фармонлар берилди.
Жумладан, олий ўқув юртлари талабаларининг таълим жараёнларига шахсий машиналарда келишларини тақиқловчи фармон.
Мазкур фармон чиққанидан буён, гарчи анча вақт ўтган бўлса-да, айрим маълумотлар унинг ижросига панжа орасидан, совуққонлик билан қараб келинаётганлигини кўрсатди.
Хусусан, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тарқатган далилларга кўра, 2017 йилнинг ўтган даври бадалида йўл ҳаракати қоидаларига итоат қилмай, қонунбузарликка қўл урганларнинг уч юз нафари олий ўқув юртлар талабалари.
Тартиббузарларнинг аксарияти Тожикистон Миллий университети ҳуқуқшунослик факултетида таҳсил олувчилардир.
Хўш… Келинг, энди келтирилган далилларни адолат тарозига солиб, таҳлил қилиб кўрайлик.
Биринчидан, Миллий дорилфунуннинг ҳуқуқшунослик куллиётига кириб ўқиш, ҳар қандай оила фарзандларига ҳам насиб этавермайди. Аниқроғи: йўл бўлсин!..
Тўғри, мамлакат олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида ҳалолликни йўлга қўйиш учун Тожикистон Республикаси Президенти қошида таъсис этилган Миллий тест маркази фаолияти туфайли омади чопиб, ушбу олийгоҳ талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлган ўртамиёна оилаларнинг фарзандлари амал-тақал қилиб, билим олишади, ҳатто, улар учун баъзан йўл кира муаммо бўлиб қолади. Бундай ҳолат ҳаётда кўп марта кузатилган.
Унда қоидабузарлар ким!?.
Қуйида билдирадиган фикрларимиз амали бор жанобларнинг нафсониятларига тегса ҳам, аччиқ ҳақиқатни ёзишга мажбурмиз. Зеро, тартиб бузувчиларнинг кўпчилиги уларнинг «олтин фарзанд»лари – эркатойларидан бошқа ҳеч ким эмас.
Давлат хизматчиси бўлган «қадрли» мансабдорлар бир марта бўлсин, зурриётлари қулоғига бу қонун ёки фармоннинг ижро этилиши ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини «қўрғошиндек қуйиб», насиҳат қилиб қўймайдилар. Гўёки бу нарса уларни эгардан туширади, нуфузини ерга уриб, пасайтириб қўяётгандек.
Пировардида, арзанда фарзандлар на давлат автомобил назорати ходимини, на йўл ҳаракати қоидаларини назар-писанд қилмай, оёқ ости қилишдан тап тортмайдилар. Натижада, қоидабузарликлар урчиб бораверади.
Бундай кўнгилсизликларнинг кўпайишига «равон» йўл очиб берадиган яна бир иллат – олий ўқув юртлари маъмуриятлари қошида қонун ва фармонлар ижросини назорат қилувчи комиссияларнинг йўқлиги, борларининг ҳам фаолияти ўлда-жўлда эканлигидир…
Қабул қилинган ана шундай фармонлардан бири: ўрта ва олий таълим муассасаларида уяли телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидадир.
Рости гап, бу фармоннинг ижроси ҳақида ҳам бирор-бир илиқроқ фикр билдириш амри маҳол бўлиб туюлади, кишига.
Тасаввур қилинг, ўзининг «счёти» йўқлиги учун ўқитувчи ўқувчидан телефон сўраб, яқинлари билан суҳбатлашиб оладиган таълим муассасасида фармоннинг ижроси ҳақида гап бўлиши мумкинми?!.
Буниси ҳам ҳали ҳолва. Ҳар бир ўқувчи ва талабанинг икки-учтадан телефон олиб юришига нима дейсиз?!.
Уларнинг телефондан «шпаргалка» вазифасида фойдаланишларига-чи!?.
Хуллас, бу борада ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқувчи ҳамда талабалар «ўзи хон, кўланкаси майдон» қабилидаги мавқега эгадирлар.
Аслида, бу фармонларнинг ҳаётга татбиқ этилишига бағишланган йиғилишларда бир дунё «оламшумул» тадбирлар ишлаб чиқилганлиги билан боғлиқ «қоп-қоп» гаплар айтилади, «қулоч-қулоч» қарорлар қабул қилинади.
Ҳаётдаги бор ҳақиқат эса: - Ҳолва, деган билан оғиз чучимайди. Қўйинлар пуч ёнғоққа тўлалигича қолаверади…
Мақолани якунлайман, деб турган жойда, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг яқин йиллардаги бир фармони ёдимга тушди.
Эҳтимол, бу фармон ўз ижрочиларининг хаёлидан кўтарилиб кетган бўлса ҳам, ажаб эмас.
У фармоннинг «исми-шарифи» «Хизмат машиналаридан шахсий манфаатларда фойдаланмаслик тўғрисида».
Дарҳақиқат, бу фармон ҳозирги кунда ҳам ўз кучини йўқотган эмас.
Аммо…
Кўча-кўйларда шаҳар ва ноҳиялар, ташкилоту идораларнинг «биринчи хонимлари», уларнинг бола-чақаларини миндириб юрган хизмат машиналарини хоҳлаганча учратиш мумкин.
Демак, бу фармон ижросининг ҳам «оёғи осмонда»…
Хулоса қилиб айтганда, жойларда қонунлар риояси, фармонлар ижроси назоратини кучайтириш лозим. Акс ҳолда, ҳаётимизда жамият «юзи»га «қора доғ» мисол тушиб, «оғриқли нуқталар»га айланиб қоладиган нуқсонлар «дарахти» янада чуқурроқ илдиз отаверади.
Чунки инсоний фазилатларга бегона, Ватани, халқи тақдирига совуққонлик билан қараган одамдан хавфлироқ кимса йўқ.
Совуққонлик эса, турфа жиноятларнинг «онаси»дир…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
«Халқ овози»нинг махсус мухбири.
Умр - инсонга берилган бебаҳо неъмат. Бу фоний дунёда умрни қандай ўтказиш ҳар бир инсоннинг ўзигагина боғлиқ. Инсон ҳаётда ўз моҳиятини, ўзлигини англаб етса, бу, алалхусус, унга ато этилган саодатдир. Ҳаётни ақл, мушоҳада қолаверса, маърифат билан кўриш бир қадам бўлса-да, ёруғ, нурли манзилларга етаклайди. Инсон бинога келибдики, ўзи яратилган унсур - заминга интилади. Тупроқдан, ердан ҳикмат излайди. Мушфиқ заминни она-Ватан, дея эътироф этади. Шубҳасиз, замин ададсиз ризқ-рўз манбаидир. Заминни эъзозлаган инсон ҳеч гоҳ ора йўлда
Муфассал...
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ва оила комитетининг жорий йил биринчи ярми якуни натижаларига бағишланган матбуот анжумани комитет раисининг биринчи ўринбосари Марҳабо Олимий иштирокида бўлиб ўтди. Миллийлик тарғиботида асосий идора бўлган комитет ходимлари бир хил ранг ва бичимдаги атлас камзулларда келишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015