Мамлакат ҳаётини диний фазосиз тасаввур этиб бўлмайди. Модомики шундай экан, босиб ўтилган 25 йил давомида дин соҳасида юртимизда нималар қилинди, неларга эришилди, олиб борилаётган диний сиёсат истиқболи нечук каби саволларнинг ўртага ташланиши тайин. Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Исломшунослик маркази директори Файзулло Баротзода билан бўлиб ўтган суҳбатимиз бош мавзуси ҳам шу ҳақда бўлди.
- Ҳурматли Файзулло Баротзода, айтинг-чи, мустақилликнинг дастлабки йилларида диний фазо нечук эди?
- Давлат мустақиллигига эришгандан сўнг, Тожикистонда давлатнинг динга нисбатан бўлган идеологик, сиёсий муносабат платформаси буткул ўзгарди. Режа асосида иш кўрадиган иқтисодиёт тугаши оқибатида марксизм-ленинизм ва илмий атеизм идеологиялари нуфузи ҳам анчагина пасайди. Постсовет республикаларда улкан иқтисодий ва сиёсий инқироз вужудга келди. Шундай бир тарқоқ вазиятда ҳар бир мамлакат ўзининг кейинги тараққиёт йўлини аниқлаб олиши зарурати пайдо бўлди. Тожикистонда учта - мавжуд давлат ҳокимияти тизими, миллатчи зиёлилар ва исломчи руҳонийлар сиёсат саҳнасига келишди.
- Диний ўзгаришларга қандай асослар бор эди?
- Маълумки, ҳар бир ўтиш даври ўзига хос инфратузилма, жумладан, диний ҳаётда ҳам ўзгаришни тақозо этади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Тожикистонда атиги 17та масжид бўлиб, улар ҳам яхши фаолият юритмасди. Сиёсий қийинчилик ва хавфсиз бўлмаган вазият - ички фуқаролик уруши ва Афғонистондаги беқарорлик янги шароитга мослашиш учун имкон бермасди. Тожикистон сиёсий раҳбарияти 1992-1997 йиллар давомида фуқаролик уруши оқибатларини бартараф этиш, сиёсий-ижтимоий ва диний-мазҳабий ҳаётни дунёвий давлат қонунчилиги доирасида тартибга солишнинг уддасидан чиқди. Натижада, Тожикистонда Миллий келишув битими имзоланди.
- Ва бу фазони бошқариш, йўлга солиш учун қандайдир масъул идоралар лозим эди, чамамда. Шундай эмасми?
- Давлат ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати диний уюшмалар фаолияти ва жамият диний ҳаётини тартибга солиш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий битимлар қабул қилди ва тузилмалар ташкил этди. Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Дин ишлари, миллий анъана, тантана ва урф-одатларни тартибга солиш комитети, Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Исломшунослик маркази, Ислом маркази, Уламолар кенгаши, Имоми Аъзам номли Ислом институти ва диний таълим гимназиялари диний ҳаёт босқичлари ва диншунослик ҳамда исломшунослик масалаларида таълим ва тадқиқот олиб бориш мақсадида ташкил этилди.
Фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида диний уюшмалар, масжидлар, мадрасалар ташкил этиш ҳамда муқаддас масканларни таъмирлаш ишлари йўлга қўйилди ва бу иш фуқаролик жамиятида янги бурилиш сифатида эътироф этилди.
- Бугунги кундаги вазиятга шарҳ берсангиз. Эришилаётган ютуқлар кўлами қандай?
- Саволингизнинг иккинчи қисмидан бошласак: ютуқлар…
Илмий-диний ва мазҳабий-маърифий хусусиятга эга адабиётларни нашр этиш муҳим масалалардан бири саналарди. Энг аввало, кичик китобчалар шаклида диний зарурат ва Ислом асоси арконларини тўғри тушунтириш мақсадида дастлабки брошюралар нашр этилди. Кейин эса, мамлакат Ҳукумати исломий асарларни нашр этишга ташаббус кўрсатди. Дастлаб муҳим илмий-диний манбалар - «Табарий тарихи», «Кимёи саодат», «Эҳёи улуми дин», «Маснавии Маънавий», «Развату-с-сафо» бошқа бир қатор классик шоирлар мукаммал девонлари халққа етказиб берилди. Бу тадбирлар экстремистик қарашлар ҳамда Исломни сиёсийлаштиришнинг олдини олишда муҳим рол ўйнади. Қуръону ҳадислар таржимаси ва Имоми Аъзам Абуҳанифа (р.а.) асарларининг чоп этилиб, кенг жамоатчиликка тарқатилиши жамият тинчлигига ёрдам берди.
Эндиликда анъана ва маросим, диний ва миллий байрамлар - Наврўз, Рўза Ҳайити, Қурбон Ҳайити, Меҳргон, Садаларни нишонлаш учун яхши шароит яратиб берилди. 2009 йилдаги Имоми Аъзам (р.а.) юбилейини нишонлаш яна бир марта тожиклар маданиятпарвар ва Ислом дини ҳақиқий муқаддас қадриятлари ҳомийси эканлиги ва ҳеч қачон диний экстремизмга йўл қўймаслигини исботлади. Наврўз байрамининг халқ ҳаётига қайтарилиши Тожикистон фуқаролик жамиятида миллий ва диний қадриятлар тенглигини таъминлади.
- Айни пайтда диний гуруҳлару ҳаракатлар борасида нима дея оласиз?
-Аслида, «Қайта қуриш» сиёсати собиқ Шўролар ҳукуматининг парчаланиб кетишидан кейин ҳам тугамади. Эндиликда қудратли давлатлар мазкур сиёсат идеологик ғояларини янги кўринишда Яқин Шарқ мамлакатларида қўллашмоқда. Экстремизм ва терроризмга қарши кураш душман яратиш идеологиясининг кучли омилларига айланди ва асосий мақсадлари Яқин Шарқни нотинчлик ва уруш минтақасига айлантириш билан ҳосил бўлди. Турмуш инқирози шароитида қаерда норози ва омадсиз киши бўлса, ИШИДнинг найранг ваъдаларига илиниб қолади. Исломнинг бошида пайдо бўлган «муртазиқа» ёлланган жангчи идеологияси қайтадан юзага келиб, унинг ўзига хос экзотикаси бутун дунё фуқароларини ўзига қаратмоқда. Тожикистон фуқаролари ва ёшлари ҳам араб мамлакатларидаги сиёсий-диний низоларда иштирок этишмоқда.
- Ва буни хатарлар сирасига киритиш мумкин, шундайми?
- Ҳа, буларни ташқи ва ички хатарлар, деб аташ мумкин.
Ҳозирги пайтда ташқи хатарлар ҳам республикамиз вазиятига жуда катта таъсир кўрсатмоқда. Фикр алмашиш, таълим олиш, маблағ юбориш ва экстремистик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш имкониятининг ҳар хил кўринишлари мавжудлиги бундай хатарларни амалга оширишни осонлаштиради. Оммавий ахборот воситаларининг диний вазият ва фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш борасидаги нотўғри баҳолашлари вазиятнинг нотинч бўлишига сабаб бўлади. Афғонистондаги сиёсий вазият ҳали ҳам минтақа мамлакатлари ва Тожикистон нотинчлигига омил ўлароқ баҳоланмоқда. Меҳнат муҳожирларининг экстремистик гуруҳлар алдовига учиб, улар сафига қўшилаётганликлари ҳам жиддий хатар туғдирмоқда.
Шунинг бараварида ички хатар ва муаммолар ҳам мавжуд. Бугунги кунга қадар халқнинг диний саводи янги замонавий талабларга жавоб бермайди. Хорижий диний университетлару мадрасалар талабалари томонидан диний муҳитни тасарруф этиш ва аждодларимиз диний-мазҳабий мероси қадриятларини пасайтириш мақсадида бегона ақидалар тарғиб этилмоқда. Билимсиз ёшларнинг баъзи бирлари экстремистик бегона фирқа, ташкилот, партия ва ҳаракатларга қўшилиб кетишларининг давом этиши жамият диний эътиқод ва осойишталигига янада жиддий хатар солади.
- Сизнингча, мамлакат раҳбарлари диний фазо шаклланиши, уни тўғри баҳолашда қандай мавқега эга?
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ва Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Ислом динига нисбатан мавқеи бутунлай яхшидир. Муҳтарам Президентимизнинг бу борада айтган сўзларидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Ислом динининг терроризмга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимизда терроризмга қарши кураш Исломга қарши кураш, дегани эмас. Терроризм учун дин, миллат, мазҳаб ва ватан тушунчалари бегона. Тожиклар миллий маданияти бизнинг диний қадриятларимиз ва муқаддас қадриятларимизга чамбарчас боғлиқдир ва уларни бир-биридан ажратиш ва бир-бирига қарши қўйиш улкан хатодир. Тожикистон Ҳукумати доимо фуқароларнинг миллий, маданий ва мазҳабий менталитетини ҳимоялаш учун саъй-ҳаракат қилиб келади. Тожикистон Республикаси бундай оғир вазиятда тинчлик ва миллий бирлик концепциясига таянади. Биз дунё ва минтақа баъзи давлатларининг Яқин Шарқда ўз сиёсатларини юргизиш учун ҳам диний-мазҳабий урушларни ҳарбий ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашдан воз кечмаганликларини ҳис этмоқдамиз. Бу босқичнинг давом эттирилиши мусулмон ҳамда араб жамиятларида давлатнинг динга бўлган муносабати вазиятига таъсир ўтказиб, лаҳза сайин уларнинг бир жойда яшашларини халалдор этиши мумкин. Биз эса, миллий давлатчилик манфаатларини ҳимоялаш, тинчлигу барқарорлик ва Тожикистон Республикаси иқтисодий-ижтимоий устувор тараққиётини таъминлашда барча мавжуд имкониятларимиздан фойдаланишимиз зарур.
- Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур.
Абдулло САИДОВ суҳбатлашди.
Исфара шаҳридаги Хонобод қишлоқ жамоатида яшаётган кишилар Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2019 йил учун Паёми билан танишар экан, ундаги ҳар бир сатрдан ўзларининг бахт-иқболлари, тинч-осойишта, фаровон ҳаётлари учун ғамхўрлик уфуриб турганини ҳис этаётганини баён этишмоқда.
Муфассал...
Болаларнинг севимли адиби, «Устоз бўлган шогирд», «Жоним фидо музқаймоқ», «Кўча муаллими», «Театр кўз ёш тўккан пайтда», «Муаттар» ва шу каби ўнлаб ўқимишли қиссалар муаллифи Насим Ражаб шу кунларда ўзларининг қутлуғ саксон ёшларини нишонламоқдалар.
Биз тожикистонлик барча ўзбек китобхонлари номидан устоз-адибимизни бу муборак сана билан чин дилдан табриклаб, қуйида у кишининг қаламига мансуб бир ҳикояни газетхонлар диққатига ҳавола этмоқдамиз.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015