Худди кечагидай эсимда. Ёшлигимда дугоналарим билан «меҳмон-меҳмон» ӯйнаб чарчаганимиздан кейин ариқ лабидаги серсоя тол остида бир дам ҳордиқ чиқариш учун тӯпланардик. Шунда болаларга хос бӯлган гоҳо ширин-ширин, баъзида бироз ғамгин суҳбатлар бошланиб кетарди.
Суҳбат орасида дугоналаримдан бири: -Менинг акам йӯқ, деб ӯксинса, иккинчиси акам урушда йӯқ бӯлиб кетганлар, деб кӯзларига ёш оларди. Учинчиси эса: «Акам бору, аммо…-дея чайналиб тургач,- менга унча меҳрибон эмаслар»,- дея ич-ичидан хӯрсиниб қӯярди. Мен эса ака деса арзигудай таянчим – акам борлигидан Аллоҳга минг бор шукроналар қилардим.
Акагинамни ота-онамлар неча-неча мозорларга назру ниёз қилишиб, тилаб-тилаб олган эканлар. Зеро, у кишилар бир-биридан ширин уч фарзандларини қора ерга топширишгандан кейин ҳовлилари кимсасиз саҳродай ҳувиллаб қолади. Ниҳоят, яратган Эгам яна уларга фарзанд ато этади. Йӯқотишлар ғамидан юрак-бағирлари куйиб бораётган ота-онам юрганларида ҳам, ӯтирганларида ҳам Тангрига илтижолар қилиб: «Шу фарзандимиз илоҳо яшаб қолсин!», дея умид билан унга Қосим деб исм қӯйган эканлар…
Жамалак соч қизчаману негадир ӯн олти-ӯн етти ёшли қизлар менга мулойим гапиришар, бирови узукча тақдим этса, иккинчиси қӯлимга сирға тутқизарди, учинчиси яна бошқа бир қимматбаҳо тақинчоқ, турли хил ширинликлар инъом этишарди. Кейинчалик билсам, улар менга келинойи бӯлишни исташиб, ана шунақа «пора»лар беришар экан. Мен эса ана шундай акам борлигидан фахрланиб юрардим.
Ӯрта мактаб таҳсилидан кейин акам Қосимжон Мамажонов Тошкент давлат дорилфунуни журналистика факултетига ӯқишга кирдилар. Таътил чоғлари қишлоққа келсалар, ҳали ӯзлари ҳовлимизга кириб келмасдан кӯчамиздаги бир талай болакайлар: «Қосимжон ака келди, Қосимжон ака»,- деганларича уйимизга чопқиллаб келишар ва онажонимиз (илоҳо, жойлари жаннатда бӯлсин) дарров ширинликлар тӯла сандиқчани очиб, уларни бир ҳовуч-бир ҳовуч қанд-қурс билан сийлардилар. Шу тариқа акамлар келганлиги ҳақидаги овоза қишлоқнинг паст-баланд кӯчалари бӯйлаб янграб, узоқ-яқин хонадонларга кириб борарди.
Зум ӯтмай қӯни-қӯшнилар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар ҳовлимизни тӯлдириб юборишарди, ҳолу аҳвол сӯрашишлар, қучоқ очиб кӯришишлар бошланарди.
Акамнинг беш қӯллари ҳунар эди десам, муболаға бӯлмас. У киши, айниқса, доира ва дуторни маромига келтириб шунчалар чиройли чалар эдиларки, маҳалламиздаги қӯшни қизларгина эмас, ҳатто, айрим шӯх-шаддод момолар ҳам ӯтирган жойларида мумдай эриб, рақс тушганларини билмай қолишарди. Мен эса бир четда ӯтирганимча, акамнинг сирли бармоқлари кашф этаётган, кишиларнинг, тингловчилар қалбидан жой олаётган мусиқа оҳангларини тинглаб санъатга бӯлган ҳавас-қизиқишим тобора ортиб борарди.
Худога шукрки, ана шу орзуларимни бугун фарзандларимда кӯриб турибман.
Ӯғлим Убайдулло шеър битади. Хайрулло билан Алишер гапга чечан, сухандон. Қизларим – Мавлуда, Гулбаҳор, Нодиралар доирани шунақа ҳам «сайратишадики», уларга боқиб ҳайрон қоламан. Акмалжоним эса «Ямаха» синтезаторини завққа тӯлиб, хумори босилгунча роҳат қилиб чалади. Сирасини айтганда, оиламизда санъатга меҳр қӯймаган кишини топиш қийин десам, ишонаверинг
Маҳмуджон акам ҳам дуторни ажойиб бир завқ билан чертардилар. Мен эса шундай акаларим ва укам Юсуфжон билан фахрланиб, кӯнглим тоғдай кӯтарилиб юрардим.
Шу фахрланиш билан етмиш етти ёшга кириб қолганимни ҳам сезмабман. Чунки ота-онамдан ажралганимдан кейин тамоман акамларга боғланиб қолгандим. Акамлар ҳам мени синглим эмас, онамсан дердилар. «Ота-онамдан йироқда яшадим, ота-она меҳрига тӯёлмадим»,- дердилар.
Ҳа, у киши Душанбеда узоқ яшаб, республикамизнинг нуфузли минбари бӯлган «Совет Тожикистони» (ҳозирги «Халқ овози»)да фаолият юритардилар. Аммо нафақага чиқиб, она қишлоқларининг меҳри тортиб, Ғӯлакандозга яқин бӯлсин деб дарё бӯйи Қайроққумга кӯчиб келдилар. Бу воқеадан сӯнг бошим шунчалик осмонга етди, чунки акам энди тез-тез бизникида, биз эса акамнинг уйларида бӯлиб суҳбатларимиз жуда қизирди.
Акам уйимга қадам ранжида қилсалар, худди ота-онам кириб келгандай, хонадонимизга нур ёғилгандай бӯларди. Эҳ-е, уйимдаги хурсандчиликларнинг чеки йӯқ эди. Акамни йӯқлаб келгувчилар, дӯстлари жуда кӯп эди. Улар билан бирга ӯтирган, бирга суҳбатлашган киши ҳеч зерикмасди. У киши билан яна бир бор гаплашаман, дерди. Акамни излаб келган киши уйларидан топмаса, тӯғри бизникига келарди. У киши баҳонасида кимлар, қандай ажойиб, мӯътабар кишилар келиб-кетишмади дейсиз, даргоҳимизга.
Шокиржон Юнусов, Маҳбубахон Азимова, шоир Сулаймон Эрматов, олийгоҳ ӯқитувчилари, профессор Ҳайитбой Мирҳайдаров, доцент Мамадов домла, санъаткор Машраб Қаландаров, Варзоб қишлоқ жамоати раисаси Шаҳодатхон, ижодкорлар Солиҳа Олимова, Дилфуза Бозорова, «Халқ овози» газетаси собиқ муҳаррири Ҳайдар Жӯраев, ёзувчи Абдурасул Ҳабибов ва бошқалар билан акам туфайли ҳамсуҳбат бӯлганман. Олим Йӯлдошбек Валибеков, Кенжабой Абдураҳимов, Абдуллажон Ҳомидов, Раҳматулло Раҳмонов, Ҳасанбой Ҳакимов ва бошқа нурли чеҳраларнинг сон-саноғи йӯқ. Ёзган билан улар тугамайди.
Акамлардаги хушхулқ, хушмуомалалик ҳақида шоир Ӯлмас Жамол «Баҳордил акам» деганида нақадар ҳақ эди.
Ҳовлимизнинг икки хонали уйини акамлар учун ажратиб қӯйдик. Ӯз уйларидай эркин, бемалол юрардилар. Кунларнинг бирида акамлар: «Синглим, мени охирги йӯлга шу уйларингдан кузатсаларинг»,- деб қолдилар. Кӯзларимдан ёш чиқиб кетди…
Қайси бир йили жигар хасталиги билан оғриб, ӯзларини анча олдириб қӯйган акагинамни синглим даволашга иккиланиб қолди. Аллоҳга такя қилдим, Аллоҳдан сӯрадим акагинамнинг соғликларини. Ҳар куни меҳримни қӯшиб, вақтида овқатлантира бошладим. Аллоҳнинг мӯъжизасини қаранг, акагинам аста-секин дармонга кириб, оёққа туриб соғайиб кетдилар. Хурсандчилигимизнинг чек-чегараси йӯқ эди ӯшанда.
Фарзандларимнинг, невараларимнинг, эвараларимнинг тӯйлари акамсиз ӯтмасди. У киши ширали овозлари билан ҳаммани ӯзларига мафтун қилардилар.
Энди… энди эса акажон, сизнинг келишган қоматингизни-ю, жарангдор, ширали овозингизни ҳар бир фарзандимнинг, невараларимнинг тӯйлари жамланган дискларда кӯриш насиб этади, холос. Сизни оинаи жаҳонда кӯриб, тӯйиб-тӯйиб гаплашолмаслигим жуда-жуда алам қилади.
Баъзида у кишини эслаб, кӯзларимга ёш келганида фарзандларим таскин бериб: «Онажон, биз ҳам бахтли тоғанинг бахтли жиянлари эканмиз. Ҳаммамизнинг тӯйлариимизда қатнашишларини Аллоҳ насиб этди. Чунки Қосимжон тоғамлар иштирок этган тӯй бошқача бӯларди-да»,- деб кӯнглимни кӯтаришганда ғам-андуҳлар чекингандай бӯлади.
Кенжа ӯғлим ӯн олти йилда фарзандли бӯлди. Оҳ, ӯшандаги акагинамнинг қувончларини кӯрсангиз эди. «Агар Акмалжон фарзандли бӯлса, саксон ёшли юбилейимни бирга нишонлаймиз», деб ният қилгандилар. Бир куни ӯғлим: «Тоғажон, мана, Аллоҳнинг марҳамати, айниқса, онажонимнинг жойнамоз устида соатлаб ӯтириб қилган илтижоларини Аллоҳ ӯз даргоҳида қабул қилди. Энди қутлуғ юбилейингизни ӯзим ӯтказиб бераман»,- деганида акажонимнинг нурли юзларида пайдо бӯлган қувончни таърифлашга ҳозир тилим ожизлик қилади.
Бир куни акагинам невараларимнинг бобосига: «Абдуллажон, ота-онамдан йироқда яшаб, меҳрларига тӯёлмадим. Яқинларидан менга жой олиб қӯйсак қандоқ бӯларкан»,- дедилар. Шунда бобоси: «Ака, шу гапни қӯйинг, аввал юз ёшга киринг, бу ҳақда кейин гаплашамиз»,- дедилар.
Акам гаплари жиддий эканлигини айтиб, илтимос қилгач, бобоси бориб Ғӯлакандоздаги «Жонбеко» қабристонида жой борлигини, энди бу ҳақда ӯйламасликларини айтдилар.
Бир куни акажоним кутилмаганда: «Қизларим, невараларим соғинишибди. Душанбега келинглар, деб чақиришяпти»,- дедилар-да, келинойим билан пойтахтга жӯнашди.
Кунларнинг бирида акагинамнинг тоблари қочиб, инсулт бӯлганларини эшитдик. Дарров бобоси, мен ва қизларим Душанбега йӯл олдик.
Акагинамни кӯрдиму… кӯзларимга ишонмай қолдим. Охирги марта сӯзларини эшитолмай, рози-ризолик сӯрашолмай, дийдорларига тӯёлмай қолганим менга армон бӯлди. Айниқса, «Аъзамой, синглим, Абдуллажон укам, мени сӯнгги йӯлга шу уйдан кузатсаларинг», деган васиятларини бажаролмаганим менга бир умрлик армон бӯлиб қолди.
Афсуски, акажон шогирдларингиз, дӯстларингизнинг саксон йиллик юбилейингизга атаган совғаси «Кӯнгил мулки»ни кӯролмай кетдингиз. Китобингиз уйимиз тӯридаги жавонда. Ҳар куни бобоси билан биз уни кӯзимизда ёш билан ӯқиймиз. Суратингизга тӯйиб-тӯйиб боқаману кӯзларимга суртаман.
Акажон! Сизни ҳам, Маҳмуджон акамларни, укам ҳожи Юсуфжонни ҳам ота-онам билан бирга жаннатнинг тӯрида юришларингизни Аллоҳдан сӯрайман.
Сизларни ёд этувчи синглингиз
Аъзамой Мамажон қизи,
Ж. Расулов ноҳияси, Ғӯлакандоз қишлоғи.
Суратда: мақола муаллифи, Қосимжон Мамажонов ва бир гуруҳ қадрдонлар
Қор ёғишини энг гўзал табиат ҳодисаларидан бири сифатида кимлардир жуда интизорлик билан кутадилар. Бунинг боиси шундаки, қор улар учун қандайдир, фақат ўша кишиларнинг ўзигагина маълум бўлган бир мўъжизага сабаб ёки туртки бўлади.
Агар бошқа фасл бўлганда, балким, улар баҳор келиб, илк дарахтлар гуллашини, ёзнинг иссиқ кунлари тезроқ етиб келишини, куз фасли келиб, пахта терими бошланишини ёки бошқа кўплаб воқеа-ҳодисаларни кутган бўлишармиди?
Муфассал...
28 август куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Покистон Ислом Республикаси Армия штаби бошлиғи Қамар Жовид Бажвани қабул қилди.
Учрашувда дунёнинг кўпгина мамлакатлари, айниқса, мусулмон давлатларидаги беқарорлик ва нотинчлик билан боғлиқ масалалар ҳамда бошқа
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015