Умр - инсонга берилган бебаҳо неъмат. Бу фоний дунёда умрни қандай ўтказиш ҳар бир инсоннинг ўзигагина боғлиқ. Инсон ҳаётда ўз моҳиятини, ўзлигини англаб етса, бу, алалхусус, унга ато этилган саодатдир. Ҳаётни ақл, мушоҳада қолаверса, маърифат билан кўриш бир қадам бўлса-да, ёруғ, нурли манзилларга етаклайди. Инсон бинога келибдики, ўзи яратилган унсур - заминга интилади. Тупроқдан, ердан ҳикмат излайди. Мушфиқ заминни она-Ватан, дея эътироф этади. Шубҳасиз, замин ададсиз ризқ-рўз манбаидир. Заминни эъзозлаган инсон ҳеч гоҳ ора йўлда
қолмайди. Эл-юрт орасида эътирофга, шарафга соҳиб бўлади. Тожикистон аграр давлат ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги юртимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлиб келган… Ва бу соҳани ривожлантириш ҳамиша фидойилар зиммасига тушган.
Она-Ватанимиз замини, дарҳақиқат, бебаҳо. Бу мушфиқ заминга неки уруғ қадалса, албатта, униб чиқади. Уни парваришлаб, вояга етказиш эса, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Деҳқончилик - ҳикматли илм. Бу илм ёлғонни, риёкорликни ўз бағрига сиғдиролмайди. Деҳқон кунлик ҳаётини ҳар бир гиёҳни парваришлашга бағишлайди, экини гуллаб яшнаса, ўзи завқ олади. Чунки деҳқон машаққатли меҳнати баробарида эл-улус дастурхонини тўлдиради. Бундан кўнгли тоғдек кўтарилади. Юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасининг фидойилари жуда кўп. Шаҳар бу соҳада ўзига хослик касб этади. Турсунзода шаҳри деҳқонлари, боғбонлари Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг эътирофлари ва ҳурматларига сазовор бўлганлар. Айниқса, шаҳримизда токпарварлик, узумчилик тараққий этган. Бу соҳанинг, шубҳасиз, ўз дарғалари, фидойилари бор.
Шундайлардан бири, суяги деҳқончиликда қотган, узоқ йиллар Асқарали Мирзоев хўжалигида механизатор бўлиб фаолият кўрсатган ҳам боғбон, ҳам нуктадон, ҳассос деҳқон, саховатли, иймони бут ва собит инсон Муҳаммаджон ҳожи Мусоевдир. Ҳожи айни кунларда нафақада бўлишларига қарамай «Мусобойбобо» узумчилик деҳқон-фермер хўжалигида фарзандлари, набиралари билан меҳнат қилади. Бир неча маротаба Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимизнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган. Бу саодатли онларни Муҳаммаджон ҳожи ифтихор билан сўзлаб беришни хуш кўради. Ҳожи бобонинг ҳаёт йўли, оила дунёси, деҳқончилик ва узумчиликдаги машаққатли меҳнати, ободончилик соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси, шубҳасиз, юзлаб инсонларга ўрнак, мактаб вазифасини ўтайди.
Аждодлар ўтмишидан лавҳалар
Қорабойбобо – Муҳаммаджон ҳожининг боболари. У киши бутун умрларини ҳалол меҳнат қилишга бағишлаганлар. Чорва боқиб, заминда меҳнат қилиб, фарзандларини ҳалол ризқ билан вояга етказганлар. Ўзлари жисмоний бақувват, руҳан тетик инсон эдилар. Қорабойбобо 1964 йили 87 ёшларида вафот этганлар. У кишининг ўғиллари Мусобойбобо умр йўлдошлари Ойимчахон ая билан турмуш қуриб, етти нафар фарзанд – Малика (Аллоҳ охиратини обод қилган бўлсин), Муҳаммаджон, Сирожиддин, Зиёвиддин, Зоҳиджон, Ҳасанбой, Ҳакимжонларни вояга етказдилар. Шу ўринда Мусобойбобо ва Ойимчахон аянинг ёхуд у кишилар ота-оналарининг оқил инсонлар бўлганларига биттагина далил фарзандларига муносиб ном қўйишларида ҳамдир.
Мусобойбобони яқиндан таниган, билганларнинг айтишларига қараганда, иқтисодий жиҳатдан бақувват оила соҳиби бўлганлар. У киши колхоз даласида меҳнат қилиши билан биргаликда шахсий томорқасида ҳам тер тўкиб ишлаганлар. У киши эккан сабзавот барвақт бозорга чиқиши ва ҳосилдорлиги билан ажралиб турган. Айниқса, бодирингни биринчилардан бўлиб, бозорга чиқарганлар. Мусобойбобо ўз уйларида элликдан ошиқ қора мол ва «Ҳисор» зотли қўйларини ҳам боқиб парвариш қилганлар.
Қаҳрамоннинг ҳаёт йўли
Муҳаммаджон Мусоев 1954 йилнинг 1 январида Турсунзода шаҳри Киров (ҳозирги Жўра Раҳмонов) жамоатига қарашли Фрунзе (ҳозирги Т.Тўйчиев) қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни 55-ўрта мактабда олди. 1972 йилдан 1988 йилгача Ленин номли жамоа хўжалигида механизатор бўлиб фаолият юритди. Механизатор бўлиб ишлаганда ҳам чин дилдан меҳнат қилди. Ҳалол меҳнатлари туфайли колхоз раиси, ҳукумат вакилларининг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Раҳбарларнинг ишончини қозониб 1988 -1990 йиллар участка бош механиги вазифасини бажарди. 1991 йилдан хўжаликдаги 40 сотих ерни ижарага олиб, укалари билан узум боғи барпо этди. 2010 йилга келиб Мусоевлар оиласи Муҳаммаджон ҳожи бошчилигида шаҳар раисининг қарори билан «Мусобойбобо» узумчилик деҳқон - фермер хўжалигини ташкил этдилар. Айни кунда бу хўжаликда Сирожиддин, Зиёвиддин, Зоҳиджон, Ҳасанбой, Ҳакимжон ҳожилар фарзандлари билан меҳнат қиладилар. Ака-укалар узум маҳсулотларини сақлайдиган музхона(холодилник)лар ҳам барпо этганлар.
Муҳаммаджон Мусоев 1974 йилда Раҳима опа билан оила барпо этадилар. Фарзандлари: Муҳаммадали, Робияхон, Роҳилахон, Хайринисо, Асқарали.
Муҳаммаджон ака умр йўлдошлари Раҳима ая билан беш нафар фарзандни ҳалол ризқ бериб комил инсонлар этиб, тарбия қилдилар. Фарзандлари ҳаётда, жамиятда, оилада ўзларининг муносиб ўринларига эгадирлар. Деҳқончилик, боғбончилик соҳасини сир-асрорларини теран англайдилар.
Муҳаммаджон ҳожи Мусоев - собит иймон соҳиби, тили ва дили, илми билан амали бир инсон.
1996 йилда М.Мусоев умр йўлдошлари Раҳима ая билан муқаддас ҳаж сафарини, 1997 йилда эса, падари бузургворлари учун алоҳида ҳаж зиёратини адо этдилар.
1982 йилда М. Мусоевнинг падари бузургворлари Мусобойбобо 63 ёшларида вафот этдилар.
Оиладаги етти нафар фарзандни тўғри йўлга бошлаш волидайи муҳтарамалари Ойимчахон ая зиммасига тушди. Албатта, онага тўнғич фарзандларидан бири Муҳаммаджон ака суянчиқ бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Мусоевлар оиласи аъзолари юртимиздаги тинчлигу фаровонликка шукрона айлаб, «Мусобойбобо» деҳқон фермер хўжалиги боғларини наинки ер майдонини кенгайтириб, балки бу боғларда сифатли, жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган узум маҳсулотлари етиштирмоқдалар. Мақсад, муддао ягона - давлатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳамда бозорларимиздаги мўл - кўлчиликда муносиб ҳиссаларини қўшиш. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу хўжаликдаги узум маҳсулотлари муаммосиз хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Муҳаммаджон ҳожининг ҳикматлари
Ҳалол меҳнат инсон соғлигига ҳеч қачон зиён келтирмайди. Фақат қачон меҳнат қилиб, қачон дам олишни билиш керак.
***
Молу дунёга ғурурланмай, унга тўғри муносабатда бўлмоқ керак. Пул инсонни ҳаракатга келтиради. У эзгу ишлар қилишингга воситадир.
***
Ота - она фарзандлари ҳақига доимо дуода бўлишлари лозим. Зеро, фарзанд ҳақига қилинган дуолар ҳамиша ижобат бўлади.
***
Бирликда, тотувликда гап кўп, ҳикмат кўп. Айниқса, ака - укалар бир - бирлари билан иноқ, тотув бўлсалар ўртада меҳр - ҳурмат зиёда бўлади.
***
Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, - дейди доно халқимиз. Боғ барпо қилмоқ керакки, эртанги кунги авлодлар ўз аждодларининг эзгу ишлари билан фахрланиб, ғурурланиб, уларни дуода ёд этсинлар.
Пайғамбаримиз бежиз: - Қиёмат қойим бўлди, деб хабар келса ҳам, қўлингдаги ниҳолни ўтқаз, - демаганлар.
***
Деҳқончилик, боғбонлик - илм. Илм бўлганда ҳам, ёлғонни ёқтирмаган илм. Бу илмни ўзлаштириш ҳар кимга ҳам бирдек насиб қилавермайди.
***
Меҳнат чин дилдан қилинса, инсонга руҳий ҳаловат олиб келади.
***
Иймон, эътиқодда ҳикмат бисёр.
Инсон ибодатда Қодир Аллоҳ билан юзланади. Ибодат интиҳосида ниятлар баён этилишига имконият бор.
***
Деҳқончилик - улуғ, эҳтиромли касб. Миришкор деҳқонлару боғбонларимиз ўз касбу корлари билан фахрлансалар арзийди.
***
Инсон ҳаётда яшаб ўтса, албатта, яхшими, ёмонми ном қолади. Бас шундай экан, яхши, эзгу ном қолдиришга ҳаракат қилинг. Қилинган яхшиликлар, эзгу амаллар сизни икки дунё саодатига етаклайди.
Саховатнинг нурли йўллари
Ҳаётда инсон номини эзгу амал, хайр, саховат, ҳиммат улуғлайди. Мусоевлар оиласи бу борада – ҳамиша фаол, ҳамиша биринчилардандир.
Бу асил боғбонлар, деҳқонлар машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган ҳосилларидан келган даромадларидан маҳалла кўчаларини асфалт қилишга, қишлоқларида кўприклар қуришга, ободончилик ишларига ҳам маблағ ажратадилар. Ҳатто, қўшни Заркамар қишлоғидаги Саломатлик маркази қурилиши, соҳил мустаҳкамлаш ишларига ҳам моддий жиҳатдан кўмак берган эдилар. Муҳаммаджон ҳожи Мусоев, айниқса, зиёли, маърифатли инсонларни моддий ва маънавий жиҳатдан беминнат қўллаб-қувватлайдилар. Мусоевлар хонадонининг хайрли ишларини ўнлаб келтириш мумкин.
Шу билан бир қаторда бу ҳимматли инсонлар одамларнинг оғирини енгил қилишга, ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилишади.
Ҳабибулло ДЎСТОВ, Тожикистон Журналистлар
иттифоқи аъзоси.
13 июл куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Миллат қасри ёнида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини қабул қилди.
Учрашув маросими бошланишидан аввал икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.
Муфассал...
31 май куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикасига расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди.
Суҳбат чоғида Тожикистон-Россия дўстлик муносабатлари ва ўзаро самарали ҳамкорликларининг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари кўриб чиқилди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015