Мамлакатимиздаги ўрта умумтаълим муассасаларидан бирида директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган ўқитувчи билан суҳбатлашганимда, унинг:
– Янги келган ўқитувчиларга меҳнатми, физкултурами, ашулами дарс бериб қўйганман. Меҳнату ашула, жисмоний тарбия ҳам дарс бўлибдими, болаларнинг қўлига тўпми, нина-ипми бериб қўйсанг, бир соатлик дарс ғув этиб ўтади, кетади, - деган сўзларини эшитиб, ҳайратимни яширолмай сўрадим:
– Ўқитувчилар шу тарзда дарс ўтишяптими? Янги келганлар мутахассислиги бўйича дарс соатлари сўрашмайдими?
– Сўрашгани билан дарс соатлари етишмайди-да. Бунинг устига уларнинг ўзига шундай енгил дарслар ёқади.
Ана холос! Фарзандларимизнинг камол топишида мактабда ўтиладиган фанлар ҳар бирининг ўз ўрни, ўз аҳамияти борлиги таъкидланиб, маориф ва таълим-тарбия соҳасига катта эътибор қаратилаётган вақтда мактаб бошқарувида фаолият юритаётган ўқитувчининг фикрларига қаранг. Болаларимиз камол топишида муҳим аҳамиятга эга бўлган дарслар “енгил” деб қаралаётганига сабаб нима? Саломатлик, руҳан ривожланишда таъсири улкан, моҳияти чуқур бу дарслар “енгилгина” ўтилаётганининг боиси не?
Мусиқа ва меҳнат дарсларига келгуси мақолаларимизда кенг тўхталишни мақсад қилган ҳолда, бугун жисмоний тарбия дарслари хусусида сўз юритамиз.
ФАННИНГ АҲАМИЯТИ
– Мактабга илк қадам қўйган кунимдан бошлаб, биринчи ўқитувчимга эмас, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Алишер акага ҳавас қилгандим, - хотирлайди ҳисорлик Абдунусрат. – Эгнида спорт формаси, бўйнига ҳуштак осиб олган, соғлом, тетик, хушчақчақ ўқитувчи ҳар куни дарс бошланишидан олдин барча ўқувчиларни саф торттирарди-да, ўзининг ўктам овози билан гимнастика машқларини бошларди. 10-15 минут давом этадиган бу машқлардан сўнг барчамиз руҳан тетиклашиб, хуш кайфиятда синфларимизга кирардик. Тоза ҳавода – мактаб ҳовлисида ўтказиладиган мана шу машқлар беш-олти соат давом этадиган дарсларда ҳушёр бўлишимизда, хотирамизнинг мустаҳкам бўлиши ва дарсларни чуқур ўзлаштиришимизда жуда катта аҳамиятга эга эканлигини кейинчалик яхши англаб етдик.
Суҳбатдошимизнинг сўзларини эшитгач, кўплаб ўқувчилар билан суҳбатлашдик, бироқ дарс бошланишидан олдин ўтказиладиган гимнастика машқлари бугунги кунда ҳар ўнта мактабдан иккитасидагина ўтказилар экан. Сабаб эса, мутахассис ўқитувчиларнинг йўқлиги.
Жисмоний тарбия дарслари ўқувчиларнинг саломатлигинигина эмас, балки уларнинг ҳам ақлан, ҳам руҳан соғлом улғайишларини таъминлайди. Саломатликни сақлаш ва турли касалликларнинг олдини олишда жисмоний тарбиядан яхшироқ восита йўқлиги маълум. Соғлом турмуш тарзи учун эса, ҳаракат жуда муҳимдир.
– Мактабда бир неча йилдан буён давлат тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритаман. Ўқувчиларимиз барча фанларни жуда яхши ўзлаштирадилар. Уларнинг бу ютуқларга эришувларида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Алишер Тошматовнинг ҳам ўрни бор, - дейди Ж. Расулов ноҳияси, 14-ўрта умумтаълим муассасаси ўқитувчиси Диловар Арслонова.
– Мактабимизда спорт майдончаси ва зали бор. Ўқувчилар билан шуғулланиш учун барча шароитлар мавжуд. Мактабимизнинг ўнлаб ўқувчилари ноҳиялараро, вилоятлараро ва республика миқёсида ўтказилган спорт олимпиадалари ва мусобақаларида катта ютуқларга эришиб, медалларни қўлга киритганлар, - дея фахр билан сўзлайди Алишер Тошматов.
ЕТАРЛИ ШАРОИТ БЎЛМАСА...
Мамлакатимиздаги кўплаб ўрта умумтаълим муассасаларида спорт заллари, баъзиларида, ҳатто, спорт майдончалари ҳам йўқ. Масъулиятни ҳис қила олган мутахассис ўқитувчилар ўқувчиларни спорт майдончалари ёки очиқ ҳавода гимнастика билан шуғуллантириб, жисмоний тарбия фанининг сиру асрорларини ўргатиб, спортга ҳавас руҳида тарбияламоқдалар.
– Мактабимизда спорт зали йўқ. Аммо спорт майдончасида жисмоний тарбия дарсларини олиб борамиз, - дейди Шаҳристон ноҳияси, 19-ўрта мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари Акмал Икромқулов ва Файзулло Эшонқуловлар. – Бу дарснинг ҳам ўзига хос томонлари мавжуд. Масалан, баъзи машқлар ёки ўйинлар спорт залларидагина ўтказишга мўлжалланган. Бу дарсни камчиликсиз ўтишимизда қийинчиликлар келтириб чиқаради.
Мактабларда жисмоний тарбия дарсларини мукаммал ўтилмаслиги сабабларидан бири мутахассис кадрлар йўқлигидир.
– Вазият тақозо этгани сабаб, бир неча ой талабаларга жисмоний тарбия фанидан дарс ўтишимга тўғри келди, - дейди Б. Ғафуров ноҳиясидаги 83-ўрта мактаб ўқитувчиси Толибжон Сулаймонов. – Шу вақтда жисмоний тарбия фанининг бошқа фанлар сингари зарур фан эканини англаб етдим. Бу фанни ҳам ўзининг мутахассиси, керакли шароитда ўтиши лозим экан. Ёш боланинг баркамол шахс сифатида вояга етишида унинг гимнастика билан мунтазам шуғулланиб туриши жуда аҳамиятлидир.
Бир пайтлар мактабларга спорт анжомлари – кийимлар, турли ўйинлар учун махсус тўплар ва бошқалар берилар эди. Бугун мактаблардаги ўқувчилар жисмоний тарбия дарси деса, футбол тўпи ва ўйинини тушунадиган бўлиб қолишди. Ўқувчига мавзу юзасидан маълумот бериш дарсликларсиз қийин бўлганидек, спорт жиҳозларисиз ёки спорт залисиз, айниқса, қиш кунларида қандай қилиб жисмоний тарбия дарсини олиб бориш мумкин?! Маориф ва илм вазирлиги ва жойлардаги тегишли идоралар масъуллари мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларининг қай аҳволда ўтилаётганига жиддий аҳамият беришлари вақти етмадимикан?
ТИББИЁТ НУҚТАИ НАЗАРИДАН
Болалар шифокори Ҳасан Маҳкамовнинг айтишича:
– Бола мактабга боргандан бошлаб бошланғич синфлар ўқитувчилари, ундан кейин жисмоний тарбия ўқитувчилари ўқувчиларнинг ёши ва жисмоний ривожланишига қараб машқларни қай тарзда, неча дақиқа давомида бажаришини билиши шарт. Бирор машқни нотўғри ва ноўрин ёки жуда узоқ вақт бажариш боланинг саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Масалан, 14-16 ёшдаги ўсмирларда қон томирлар тармоқларининг ўсиши юракнинг ўсишидан орқада қолади. Шу сабабли, кучли жисмоний иш бажараётганда юрак қон томирларининг ҳали тор бўлган коваклари бўйлаб қонни итариб бериш учун қўшимча куч сарфлашга мажбур бўлади. Бу ёшда юракнинг ортиқча зўриқишига йўл бермаслик, меҳнат таълими раҳбарлари ва физкултура ўқитувчиларининг кўрсатмасига қатъий риоя қилиш, айниқса, катта аҳамиятга эга. Йўқса, ўқувчида ўзини яхши ҳис этмаслик, чарчоқ, дарсларга эътиборсизлик, хотиранинг сустлиги каби салбий ҳолатлар кузатилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, мактабларда жисмоний тарбия дарсларини мутахассис ўқитувчилар олиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Шундай экан, жисмоний тарбия дарсларига ҳам жиддий эътибор бериш, мактабларни зарур кадрлар билан таъминлашга аҳамият бериш зарурдир.
ТАЪТИЛДА МАКТАБГА ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИК
Мутахассисларнинг фикрича, етти ёшли боланинг мактаб таълимини яхши ва осон ўзлаштириши, энг аввало, уни мактабга тайёрлаш билан боғлиқ.
5-7 ёшда организмнинг фаоллашиш жараёни давом этади. Боланинг вазни ойига ўртача 200 грамм, бўйи эса, ярим сантиметрга ўсиб боради. Тана (гавда) тузилишининг имконияти ўзгаради. 6 ёшга келиб, боланинг ҳаракат жиҳатлари етарлича шаклланган бўлади: у турли тезликларда юра олади, қадам босиши текис, енгил ва тез тус ола бошлайди. У югуриб келиб сакраш, осилиб (тирмашиб) чиқиш каби мураккаб ҳаракатларни ўзлаштирган бўлади. У ўйин ва машғулотларда чаққонлик, абжирлик, тезкорлик каби сифатларни яхшироқ намоён эта бошлайди. Лекин, шу билан бирга, уларнинг асаб тизимини мустаҳкамлаш, асосий жисмоний жиҳатларини янада ривожлантириш лозим. Биринчи сентябрда ўқишга бораётганда боланинг мактаб таълимига жисмонан тайёр бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ота-оналар болаларини эрталабки гимнастикага одатлантиришлари, мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчилари билан ҳамкорликда машқлар ва машғулот вақтини белгилаб олиб, бунга қатъий амал қилишлари лозим.
Тана ҳаракати ақл ҳаракатига нақадар таъсир кўрсатишини тасвирлаш маҳоллиги маълум. Қолаверса, спортнинг бирор тури билан шуғулланиб, ақлан кўркам, фикран баркамол, қалбан гўзал, илман тўкис ва куч-ғайрати тошиб турган ёш ўғлон ёки қиздан ножўя ҳаракат кутиб бўлмайди. Бадантарбиянинг инсон улғайиши, камол топишидаги ўрни хусусида бугун жуда кўп гапирилмоқда. Бироқ, ҳали ҳам мактаблардаги жисмоний тарбия дарслари эътиборсизлигича қолиб кетмоқда.
Хотираси сустлигидан нолиган ўқувчига шифокор жисмоний тарбия билан шуғулланиш ва эрталаблари тоза ҳавода югуришни тавсия қилганини эшитиб, ғоят қувондим. Шифокорларимиз мактабларда ўқувчилар билан учрашувлар ўтказиб, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг аҳамияти хусусида тушунтириш ишлари олиб боришса, фойдадан холи бўлмас эди.
– Гимнастика машқларини мусиқа билан қўшиб олиб бориш мумкин, - дейди Ҳ. Маҳкамов. - Мусиқа билан қўшиб олиб бориладиган машғулотлардаги ҳаракатлар хилма-хил, ритмик ва эгилувчан бўлади. Боланинг нафақат ўқув дастурларини ўзлаштириши, балки ҳар қандай ишда муваффақиятга эришиши учун зарур бўлган сифатларидан бири чидамлиликдир. Бола бадантарбия машқларини мусиқага мувофиқ тарзда бажарса, зарур дақиқагача тоқат қила олади. Бу ҳолда болада мусиқага ҳавас туйғусини ҳам ривожлантириш мумкин.
Мактаблар бошқаруви, вилоят ва шаҳру ноҳиялар маориф бўлимлари, хусусан, Маориф ва илм вазирилиги мутахассислари юрт келажаги бўлмиш ёшлар таълим-тарбиясида улкан аҳамиятга эга бўлган жисмоний тарбия дарсларини назоратга олиб, мактаблардаги бу фан ўзлаштирилишига эътибор қаратадилар, деган умиддамиз.
Тахмина МУҲАММАДСАИД,
“Халқ овози”.
12 июл куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Европа Комиссиясининг халқаро ҳамкорликлар ва тараққиёт бўйича маъмурияти Бош директори Стефано Мансервисни қабул қилди.
Учрашувда Тожикистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорликлари даражаси ва сифатидан қониқиш изҳор қилиниб, суҳбатдошлар икки томонлама ҳамда кўп
Муфассал...
Мен туғилиб-ўсган қишлоқ, кичкина Ватаним – Ҳулбек жарлик тагида жойлашган. Кечга яқин кунботар томондаги қия тепалик виқор билан қишлоққа соя ташлайди. Шунданмикан, маҳаллий лаҳжада қишлоғимизни «Таижар», деб ҳам юритишади.
Раҳматли онам болалигимда Ҳулбек сўзининг маъносини қуйидагича шарҳларди: - «Бу жойлар ўтган аср бошларида Қизилсув дарёсининг ўзани
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015