Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАОРИФ

Муаллиф: Super user Категория: МАОРИФ
Чоп этилган 27 Феврал 2019 Кӯришлар: 1735
Печат

 

sh xayrzoda 2019Бугунги суҳбатдошимиз Хайрзода Шукрулло Қурбонали – Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университети ректори, иқтисод фанлари номзоди.

Шукрулло Хайрзода Тожикистон Молия ва иқтисод институтини 2005 йили қизил диплом билан битирди. 2006-2011 йиллар олийгоҳда ассистент, катта ўқитувчи сифатида фаолият юритди. Ш. Хайрзода 2012 йили

номзодлик диссертациясини ёқлагандан сўнг, банк фаолияти кафедраси мудири сифатида фаолиятини давом эттирди. Суҳбатдошимиз 2014-2015 йиллар молия ва қарз факултети декани вазифасида ишлади. Сўнгра таълим ишлари бўйича проректор вазифасида самарали фаолият юритди. Шукрулло Хайрзода 2018 йилнинг январ ойидан Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университетининг ректори лавозимида ишламоқда.

- Муҳтарам Хайрзода, олийгоҳнинг ўтган йилда эришган ютуқларига тўхталиб ўтсангиз…

- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам       Эмомали Раҳмон мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида таъкидлаганидек, ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларга замонавий билимлар бериш давр тақозосига айланиб бормоқда. Биз мамлакат Президенти кўрсатма ва топшириқларини бажариш йўлида бир қатор ютуқларга эришдик, десам муболаға бўлмайди.

Энг аввало, ўтган йили университетимиз Тожикистон Маориф ва илм вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган рейтингда мамлакат олийгоҳлари орасида нуфузли тўртинчи ўринни эгаллаганлигини таъкидлашни истардим. Шунингдек, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар билан ишлаш ва спорт комитети томонидан ташкил этилган «Йил талабаси - 2018» республика танловида 3-курс талабамиз Албина Куканбаеванинг 3-ўринни қўлга киритганлиги ҳам ютуқларимиздан биридир. Энг асосийси, ўқитувчилар илмий ишлари учун яратилган қулай шароит ва уларни рағбатлантириш самараси ўлароқ, ўтган йили Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университетининг 13 нафар устозлари ўзларининг илмий ишларини ёқлашди. Ташқаридан эса, 8 нафар илмий унвонли ўқитувчилар ишга жалб қилинди. Бундан ташқари, умумий маблағи 2 364 041 сомоний бўлган «Инновацион тадбиркорликнинг янги шаклини ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш» грант лойиҳасининг биринчи даври амалий татбиқи бошланди. Умумуниверситет кафедралари, чоп ва нашриёт бўлими ҳамда олийгоҳ тиббий пункти ўрин олган ва майдони 900 квадрат метрни ташкил этган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши ҳам ютуқларимиз сирасига киради. Олийгоҳ ҳовлисида баландлиги 21 метрлик Давлат байроғини ўрнатганлигимиз миллий муқаддас қадриятларга эҳтиромимиз рамзидир. Талабалар орасида хорижий фуқаролар сони кўпайганлиги, академик алоқаларни қамраб олган келишувларнинг татбиқ этилаётганлиги ҳам қувончли ҳолдир. Университет жамоасининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш мақсадида, ўқитувчилар ва ходимлар маоши 10 фоизга оширилди. Шуниси қувонарлики, ўтган йил март ойида Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг қарори билан олийгоҳимизга университет мақоми берилди.

- Таълим йўналишидаги янгиликлар ҳақида икки оғиз гапирсангиз...

- Бакалавр даражаси юзасидан 37, бакалавр даражаси юзасидан фосилавий таълим бўйича 19, магистратура босқичи учун 13, иккинчи олий маълумот олувчи талабалар учун 2 турдаги таълим режалари тузилди ёки янгиланди. Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий тест марказида ўтган йили университетимизни 41 минг 300 нафар абитуриент танлаганлиги ҳам олийгоҳимиз нуфузини белгилайди. Бу мамлакат олий касбий таълим муассасалари орасида 6-ўринни билдиради. 2018-2019 ўқув йилида қабул режасини 96,6 фоизга бажардик.

Айни пайтда университетимизда 7637 нафар талаба таҳсил олади. Уларнинг 4818 нафари кундузги ва 2819 нафари сиртқи бўлимда ўқишади. Жумладан, 1479 нафар талабамиз бюджет ҳисобидан ва 6140 нафари эса, шартнома тариқасида таҳсил билан қамраб олинган. Студентларимиз орасидан 11 нафари Президент стипендияси, 8 нафари эса, Маориф ва илм вазирлиги таъсис этган «Дўстий» стипендиясини олишлари ҳам таҳсил даражаси юксаклиги нишонаси бўлса керак. Университетдан 792 нафар ёки 59,2 фоиз студентлар стипендия олишади. Талабаларимизни фанларни ўзлаштиришга рағбатлантириш мақсадида олийгоҳимиз илмий кенгаши ва ректор стипендияларини жорий этганмиз. Бу стипендиялар энг фаол талабаларга берилади. Ўтган йили студентларимизнинг фанларни ўзлаштириш даражаси 2017 йилга нисбатан 4,1 фоизга ўсди.

- Замонавий техника ва технологиялар самарали таълим асосини ташкил этади. Шу ҳақда…

- Дарҳақиқат, замонавий билим техника ва технология ютуқларисиз қўлга киритилмайди. Айни пайтда университетимизда 2000та турли замонавий ахборот ва коммуникацион технологиялар мавжуд. Жумладан, 908та компютер, 124та ноутбук, 241та турли принтерлар, 369та UPS, 13та WiFi-роутер, 42та проектор, 23та электрон доска, 9та девор планшети, 12та баннер экрани, 400та компютер учун мўлжалланган 1та лицензиялаштирилган антивирус дастури ва бир боғлам 1С бухгалтерлик таълим дастури таълим сифатининг яхши бўлишига хизмат қилаётганлигини таъкидлашни истардим. Олийгоҳдаги 10та компютер синфхонаси, 2та электрон кутубхонага эга 2та интернет маркази талабалар хизматида.

- Ҳар бир олийгоҳнинг нуфузини у ерда йўлга қўйилган илмий-тадқиқот ишлари белгилайди. Илмий тадбирлар қандай йўлга қўйилмоқда?

- Ўтган 2018 йили университетимизда 3та халқаро, 14та республика даражасидаги, 2та олийгоҳимиз устоз ва талабалари иштирокидаги илмий-назариявий конференциялар, 7та илмий-назариявий ва илмий-амалий семинарлар ўтказилди. Шунингдек, 11та давра столи ва 162та тўгарак ҳамда танловлар ўтказилиб, илмий тадбирлар сони 200тадан ошди.

Университетимизда йўлга қўйилган илмий тадбирларда 85 нафар олиму тадқиқотчилар, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар, республика вазирлик ва комитетлари вакиллари иштирок этишди. Олийгоҳимизнинг 5 нафар ўқитувчиси «Тожикистон Республикаси маориф ва илм аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланишди. Юқорида таъкидлаганимдек, университетимизнинг 13 нафар ўқитувчилари номзодлик рисоласини ёқлашди. Ўтган йили олийгоҳ ўқитувчи ва профессорлари чоп этган илмий-методик ишлар 1522тага етди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 825та ортиқдир. Жумладан, 20та монография, 9та дарслик китоби, 25та таълим воситаси, 28та методик-таълим дастури, 617 мақолалар нашр этилди.

- Тарбия ва ижтимоий йўналишдаги ютуқларга ҳам тўхталсангиз.

- Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университети 2018 йил - Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилинганлигига бағишлаб бир қатор тадбир ва намойишларини ўтказди. Жумладан, ўтган йил 9 сентябрга бағишлаб ўтказилган байрам тадбирларида 300 нафар студентларимиз фаол иштирок этишди. Умуман, 2018 йил талабалар ва ўқитувчилар иштирокида 110та маданий, маънавий, сиёсий, спорт ва оммавий тадбирлар ўтказилди. Турли даражадаги спорт тадбирларида 20 нафар студентларимиз ғолибликни қўлга киритишди. Йил давомида 50 марта ота-оналар мажлислари ўтказилди.

Ўтган йили кундузги бўлимда таҳсил оладиган 32 нафар ота-онасиз ва 37 нафар ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилди. Университетимизда 1100 ўринли 3та ётоқхона амал қилади. Ётоқхоналарда талабалар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университети Рўдакий ноҳиясидаги эшитиш қобилиятлари суст бўлган болалар мактаб-интернати ҳомийси сифатида бу муассасага барча байрамлар арафасида моддий ёрдам кўрсатиб келади.

- Халқаро илмий соҳадаги ҳамкорликлар тўғрисида нима дея оласиз?

- 2018 йил олийгоҳимиз 20та олий таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари тузди. Университетлараро ҳамкорликлар доирасида олийгоҳимизнинг 15 нафар ўқитувчиси хорижий олий таълим муассасаларида тажриба алмашиш курслари, семинарлар, конференциялар ва симпозиумларда қатнашдилар. Олийгоҳимизнинг 37 нафар талабаси студентлар билан алмашиш дастури доирасида Қозоғистон Республикасининг НАРХОЗ университети, Олмаота Менежмент университети, Бошқирдистон ва Псков давлат университетларида бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олишмоқда. Ўтган йили алмашув тажрибаси такомиллашиб, хорижий олий касбий таълим муассасалари студентлари бизнинг университетимизда таҳсил билан қамраб олинди. Жумладан, ҳамкорлик келишувга биноан, Қозоғистон Республикасининг Экибастуз инженер-техниклар университетининг 3 нафар ўқитувчиси, Қирғизистон Республикасининг Ош Давлат университетининг 8 нафар ўқитувчиси ва 12 нафар студенти олийгоҳимизга ташриф буюришди. Олийгоҳимизда айни пайтда 261 нафар хорижий студентлар таҳсил олишмоқда.

- Ўтган йили қўшни Ўзбекистон Республикаси билан муносабатлар янги даражада тикланди. Ушбу мамлакат олийгоҳлари билан ҳамкорликлар истиқболи қандай?

- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар саъй-ҳаракатлари натижасида, иккала қардош мамлакатлар ўртасида йўлга қўйилган стратегик ҳамкорликлар янги босқичга кўтарилди. Университетимиз Братислава шаҳридаги жамият бошқаруви иқтисод ва менежмент мактаби, Вилнюс Техника университети, Майколс Ромерис университети ҳамда Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги таълим маркази билан ҳамкорликлар ҳақида ҳужжатлар имзолаган. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикасининг Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институти, Тошкент Молия институти, Фарғона Политехника институти, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтлари билан келгуси ҳамкорликлар юзасидан ҳужжатлар имзоланган. Ўтган йили олийгоҳимиз ўқитувчилари қўшни Ўзбекистоннинг чегарадош ноҳияларидан олийгоҳимизга талабаларини жалб қилиш учун кенг тарғибот ишларини йўлга қўйишди. Бунинг натижаси самарали бўлди. Мамлакатимиз олийгоҳлари орасида ўзбекистонлик студентлар энг кўп таҳсил олаётган муассаса Тожикистон Давлат молия ва иқтисод университети эканлиги ҳамкорликларининг яхши йўлга қўйилганлиги нишонасидир. Энг асосийси, хорижий студентлар учун олийгоҳимизда давлат тилини ўрганиш текин йўлга қўйилганлиги уларнинг тожик тилини ўрганишларига кенг имконият туғдирмоқда.

- Университет битирувчиларининг иш билан таъминланиши ҳақида маълумот берсангиз…

- Олийгоҳимизни битирган студентларнинг 60-65 фоизи иш билан таъминланади. Бозор шароитида бу кўрсаткич ёмон эмас.

- Самимий суҳбатингиз учун ташаккур. Таълим-тарбия ҳамда илмий ишларда сизларга муваффақият ёр бўлсин.

 

Суҳбатдош:

Искандар Маҳмадалиев,

«Халқ овози».

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Пушаймон

 

Воқеий ҳикоя

Зариф Маъсума билан бир неча йил аҳду паймон қилишиб, ота-онаси розилиги билан оила қурди. У оиласи билан тинч, хотиржам яшарди. Маъсума ақлли, чиройли, ҳамма ҳавас қиладиган қиз эди. Шу орада, улар икки фарзандли бўлишиб, ҳаётлари бир текисда ўтиб борарди.

Муфассал...

АЁЛ

 

Садоқатни умр меҳвари билар

Муҳаббат қийматин аршларга илар.

Хиёнат булутин чақмоқдай тилар,

Номус қўрғонини қўриган аёл!

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990835

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478132
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4060
4027
21745
7426653
99776
114875
7478132

Сизнинг IPнгиз: 52.14.27.122
Бугун: 23-11-2024 17:22:31

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015