Мактаб – жамият келажагининг маънавий тамал тошини қўювчи, эртанги кун бунёдкорларининг ақл-идрокли, комил вакилларини тарбиялаб, вояга етказувчи муқаддас маскан.
Маорифи тараққий этган юрт фурсати келиб, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши муқаррар.
Шунинг учун ҳам, Тожикистон Республикаси Ҳукумати, хусусан, унинг Раиси, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири-маориф ва илм равнақига йўналтирилганлиги ҳам бежиз эмас.
Республика Ҳукуматининг «2008-2015 йилларда мактаблар қурилиши, таъмири ва қайта тиклаш давлат дастури» доирасида 600дан ортиқ таълим муассасалари қурилди ва қайта тикланди.
Биргина 2016 йилнинг ўзида 201та таълим даргоҳлари қуриб фойдаланишга топширилди.
Аммо мамлакатимизда маориф соҳасининг моддий базаси қанчалик кучайтирилишига қарамай, кадрлар масаласи муаммолигича қолмоқда.
Фикримизни Миллат пешвосининг Тожикистон юқори қонун чиқарувчи органига йўллаган Паёмида келтирилган далиллар билан исботлаймиз. Маориф соҳаси ривожининг муҳим дастури саналган ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади:
-Таълим муассасаларини юқори малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, айниқса, аниқ фанлар ва хорижий тиллар бўйича кадрлар етишмаслиги масалаларини ҳал этишнинг зарур чораларини қабул қилиш, қишлоқ мактаблари олий касбий маълумотга эга мутахассислар билан таъминланиши керак.
Бу кўрсаткич бугунги кунда 70 фоизни ташкил қилади, холос. 2019 йилгача мамлакатда педагогик кадрлар тақчиллиги масаласини бутунлай бартараф этиш зарур…
Давлат сарвари соҳа мутасаддилари олдига ана шундай долзарб вазифани қўйиши баробарида, мактабларда бу муаммо ечимини қийинлаштирадиган бир «анъана» юзага келдики, «дард устига чипқон» бўлиши мумкин.
Бу ҳам бўлса, хизмат муддати билан боғлиқ нафақадир. Яъни маориф соҳасида 25 йил танаффуссиз ишлаган ўқитувчига, соҳага қайтмаслик шарти билан ёшидан қатъий назар нафақага чиқиш имтиёзидир.
Кейинги йилларда бу ҳолат олдинги даврларга қараганда, бир неча баробарга кўпайгани кўзга ташланади.
Мазкур жабҳани тадқиқ қилиш давомида нафақанинг ушбу усулидан фойдаланган ўн нафар ўқитувчига бир хил савол бердик:
-Муддатидан илгари нафақага чиқишингизнинг сабаби нимада?
Қарийбки, ҳаммасидан бир мазмундаги жавобни олдик:
-Мактабда ишлаш қийин бўлиб қолди…
Аслида ҳам, ўқитувчилик касбидан оғирроғи йўқ, дунёда. Бу машаққатдан бошқа яна қандай сабаблар бўлиши мумкин!?.
Хўш, ана шу қийинчиликнинг замирида нима ётади?!.
Муаммога аниқлик киритиш йўлида анча кузатувлар олиб бордик, сўровлар ўтказдик.
Муаллимнинг касбий иштиёқига салбий таъсир кўрсатган энг асосий воқеликлардан бири-ўқитувчининг касбий масъулиятидан кўра, жамоат топшириқлари жавобгарлигининг ошиб тушаётгани.
Масалан, шанбаликлар, мажлис залларини тўлдириш, баъзи оммавий тадбирларни ўтказиш юкининг залвори бир юзу эллик фоиз ўқитувчининг зиммасида.
Тасаввур қилинг: залда у ёки бу хўжаликнинг бир йиллик ҳисоботига бағишланган йиғилиш ўтказилмоқда. Иштирокчиларнинг аксариятини маориф соҳаси ходимлари ташкил этишади.
Мажлисдан мантиқ қани!?.
Ҳафтанинг Худо берган шанба куни ўқитувчининг қўлида супурги, мунғайиб асфалт йўл четида юради.
Сайлов жараёнларини сўрамай қўяверинг…
Бемаврид текширувлар ҳам, ўқитувчилар «севиб» қабул қиладиган бир жараёнки, «юрак олдириб қўйиш» руҳий ҳолатини юзага келтирган.
Маориф ва илм ҳамда ички ишлар вазирликлари бўлимлари, ёнғинга қарши кураш, электр тармоқлари, суғурта идоралари, санитария-эпидемиология давлат назорати марказларининг оддий ходимлари ҳам мактаб раҳбари ёхуд ўқитувчига босим билан ўз «ҳукм»ларини ўтказишга уринишади.
Хўжалик раиси-ю, бригада бошлиғи-ку, азалдан ўқитувчининг «хўжайини».
Бундай текширувлар муаллимнинг асабига эмас, киссасига ҳам моддий зарар келтиради.
«Кутилмаган меҳмонлар»нинг «текширув балоси»дан қутулиш учун Турсунзода шаҳри мактабларида, албатта, жамоа аъзоларидан 10-20 сомонийдан йиғилиши турган гап.
Бундай вазиятлар бир ойда бир марта кечса эди, гўрга…
Давлат ҳокимияти шаҳар ёки ноҳия ижроия органи ёшлар, спорт ва сайёҳлик ишлари бўйича бўлим мудири мактабга «ташриф буюриб» синф журналлари, ўқитувчининг тақвим ва конспект режаларини обдон текширишининг моҳияти ҳақида сиз нима дейсиз!?.
Мен эса, қандай изоҳлашни яхши биламан…
Ваҳоланки, бу бўлимнинг вазифаси давлат томонидан олиб борилаётган ёшлар сиёсатини тарғибу ташвиқ этишдан бошқа нарса эмас.
Зарар келтирадиган камчиликлардан яна бири юқоридан келадиган топшириқларнинг «салла деса, калла» қабилида ижро этилишидир. Мисол учун, ўтган Рамазон ҳайити нишонланадиган кунларда Тожикистон Президенти Ижроия аппарати томонидан давлат хизматчилари, ишбилармонлар ва тижоратчиларга ўз фитр рўзаларини йиғиб, етим-есирлар, камтаъминланган оилалар, болалар уйларига топширишлари кўрсатмаси берилган эди.
Аммо давлат ҳокимияти айрим ноҳиялар ижроия органлари маориф бўлимларининг «шоввоз» раҳбарлари бу кўрсатмани фаоллик билан маориф ходимлари ҳаётига ҳам «татбиқ» этиб, ўқитувчилардан ҳар бир оила аъзолари ҳисобига беш сомонийдан жамғариб олишди.
У ёғини ким билсин, маблағ давлат хизматчилари ҳисобига ўтиб кетганми?!.
Оқибат, бу фаоллик маърифатпарварлар қатламида турли номақбул гапларнинг урчишига сабаб бўлди.
Таниш директорларимиздан бирининг ҳикоя қилишича, маориф бўлимининг ҳафталик йиғилиши жамғарилган пулларни ҳисоб-китоб қилиш билан бошланиб, пул йиғиш ҳақида янги топшириқ бериш билан тугар экан.
Қоғозбозлик ҳам ўқитувчининг мактабдан безиллаб қолиши сабаблари қаторидан муқим жой олиб бўлгани, рост. Шундай ҳужжатлар борки, ўқув йилининг бошида мажбуран тайёрлатилади. Йил давомида, атиги, бир бор бўлсин, варақланмайди.
Назаримда, мактабда ҳужжат юритишни ҳам ислоҳ қилишнинг вақти етди.
Энди билим даргоҳларининг ички вазиятига ҳам бир назар ташлайлик. Мактабларда супургидан тортиб, парда-ю таъмиргача талабалардан маблағ талаб қилинади. Бу нарсалар ота-оналар ўртасидаги норозилик боисидан пасту баланд гапларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, биринчи навбатда, синф раҳбарининг обрўсига берилган «зарба»га айланади.
Таълим муассасаларида «директорнинг доляси» ҳам «ўзига хос» ўрин эгаллайди.
Номини ошкор этишимизни истамаган ўқитувчининг гувоҳлик беришича, илгари ишлаган директорнинг синф фонди учун йиғиладиган пулдаги улуши икки нафар ўқувчи маблағига тенг бўлган ва ўқув йилининг охирида ҳар бир синфдан 50 сомонийдан «ёрдам» қилинган. Меҳнат таътили пулидан янги ўқув йили дарс тақсимоти учун «хизмат ҳақи» олиб қолинган.
Янги тайинланган «шаҳарлик раҳбар» эса, ҳар бир синфга ойига 100 сомонийдан «солиқ» солган эмиш.
Албатта, бу «налог» тақсимланиб, «ўзга эгалар» топса ҳам, ажаб эмас…
Ёзганларимиз кимнингдир «пайтавасига қурт тушириб», тепа сочини тикка қилиши, айни, ҳақиқат.
Аммо… Бундай вазият ўқитувчи томонидан ўз тарбияланувчисининг том маънодаги одам бўлиб етишиши учун ғамхўрлик қилишига кафолат яратиб бера оладими?!.
Нафсиламрни айтганда, ўқитувчининг ёлғиз бошига бунча ташвиш солиш ҳам инсофдан эмас. Ахир, қурбақани боссанг… деган нақл бор.
Муддао шуки, хизмат муддати нафақасига чиқаётган ўқитувчилар оқими олдини олиш фойдадан холи бўлмайди. Зеро, йигирма беш йиллик тажриба маориф соҳасининг етук мутахассиси даражасини белгилайди. Уларнинг хизматидан яна 5-10 йил фойдаланиш жабҳа ривожига фақат наф келтирса, келтиради-ю, зарар қилмайди.
Мамлакат Маориф ва илм вазирлиги томонидан ўқитувчи омили масаласи яна бир кўриб чиқилса, таълим муассасаларидаги ички вазият назорати жонлантирилса, ўқитувчининг ўтган асрнинг 90-йилларидаги нохуш воқеалар туфайли топталган шарафини қайта тиклаш чоралари кўрилса, ёмон бўлмасди.
Акс ҳолда, маорифнинг «пўчоғи зардан, мағзи пуч» соҳага айланиб қолиш хавфи «соя»си кўлами кенгайиб бораверади…
Таъкидлашга арзигулик томони шундаки, маориф тараққиётига жиддий эътибор қаратилган, лекин Миллат пешвоси таъбири билан айтганда:
-Замонавий шароитда таълимнинг барча босқичларида билим даражаси ва сифатини юксалтириш илм ва маориф соҳаси ходимларининг биринчи даражали вазифаси ҳисобланади. Бу йўналишда аниқ натижаларга эришилган бўлишига қарамай, улар ҳалигача қониқарли эмас…
Дарҳақиқат, кўзланган мақсадга ўқитувчининг жамиятдаги ролини ошириш билангина эришиш мумкин.
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ, «Халқ овози»нинг махсус мухбири.
2018 йил Тожикистонда "Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили", деб эълон қилингач, Конибодом шаҳрида миллий ҳунарларни ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда. Қадим-қадимдан конибодомликлар наққошлик, сўзаначилик, зардўзлик, дўппи тикиш, гилам тўқиш каби ҳунарлари билан машҳур. Жумладан, Кўчкак қишлоғидан машҳур ўймакор Усмонбек Мараҳимов, равотлик зардўз Назира Отажоноваларнинг номлари бутун
Муфассал...
Ватан - ҳар мавжудот бинога келиб, ўз борлиғи, тақдирини боғлайдиган муборак замин. Муқаддас маъво…
Одам боласининг киндик қони тўкилган тупроқ ишқи, айнан, ўша лаҳзалардан, унинг қони-жонига қоришиб, бутун вужудига сингиб кетади.
Шунинг учун ҳам, инсон зурриётининг қалби мудом ана шу табаррук
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015