Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 16 Январ 2016 Кӯришлар: 2203
Печат

 

sirkМустақиллик даврида тожик цирки қайта шаклланиб, ўзининг азалий обрў-эътиборига эга бўла олди. Унинг бугунги обрўю нуфузига эришишида барча цирк фахрийлари, ходимлари қаторида бош режиссёр Бахтиёр Иззатуллоевнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Биз у киши билан навбатдаги цирк намойиши олдидан суҳбатлашдик.

- Ҳурматли бош режиссёр, айтинг-чи, Сизнинг цирк оламига кириб келишингизга нима сабаб бўлган ё бу касб сизга меросийми?

- Саволингизнинг иккинчи қисмидан бошлайин, йўқ бу касб бизга отамерос эмас. Аммо ёшлигимдан цирк усталарига ҳавас қилиб улғайганман. Уларга ўхшагим келарди…

Ҳавасим шу даражада эдики, ўзим ўсиб-улғайган юртим Данғара ноҳиясига ташриф буюрган ҳар бир аттракцион труппа орқасидан эргашиб юриб, хизматларини қилардик, эвазига битта яримта номер ўрганардик. Лекин баъзан киши келажак тақдирини  оддий бир учрашув, бир лаҳзалик  мулоқот ҳам тубдан ўзгартириб юбориши мумкин экан...

Иттифоқо, Данғара шаҳарчасига машҳур циркчилар ташриф буюрдилар. Ўшанда Ўрта Осиё  мамлакатларидан циркчилар гуруҳи бутун республика бўйлаб гастролда бўлишарди. Ана шундай гуруҳлардан бири таркибида дорвозчилар ҳам бор бўлиб, унга Рузинбай Эркаев исмли моҳир дорвозчи раҳбарлик қиларди.

Мен ўртоқларим билан Данғара автостанциясига  сайёр цирк келиши ҳамоно уларга ёрдамчилик қилиб, касб сирларини ўрганишга ҳаракат қилар эдик. Қалбимизда халққа қувонч улашувчи бу касбга нисбатан алоҳида муҳаббат уйғонганди. Айниқса, бу ишқивозлик каминада баралла сезилар, бўш вақт топдим дегунча, қўлбола дорда машқ қилар, чўпоёқда юришни ўрганардим. Мендаги интилишни мушоҳада қилган Рузинбай Эркаев менга устозлик қилди. У киши  илк устозимдир.

sirk 2Яна шундай ажойиб кунларнинг бирида  машҳур дорвозчилар Тошкенбоевлар гуруҳи ҳам Данғарада томоша кўрсатди. Табиийки, мен ҳам у ерга бориб, циркчиларга астойдил кўмаклашар ва улардан ўрганардим, цирк номерларида иштирок этардим ҳам.Бу касбга бўлган муҳаббатимни сездилар, шекилли, маҳоратимни синаб кўриб, устоз Тошкенбоев каминага оқ фотиҳа берди. Ўша муборак кун хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди…

Шу-шу қалбимда бу касбга муҳаббат нури шуълаланди, йўлим очилди, гўё…

- Сиз Тожик циркига ходим сифатида ишга олинганингизда,  мамлакатда нотинчлик ҳукм сурарди. Шунга қарамай…

- Чинданам, ўша йили мамлакатимиз нотинч эди. Аммо ўшандай оғир кунларда, яъни 1992 йили Тожикистон давлат цирки идорасига касб ўрганувчи шогирд сифатида ишга келганман. Каминани ҳамма томонлама синовдан ўтказган цирк директори устоз Назаров мени ҳам сайёр цирк группаларига қўшиб, гастролларга чиқишимга ижозат берди. Мустақилликнинг илк йиллари ҳамкасбларим  билан Суғд вилоятининг қатор ноҳияларида халққа қувонч улашиш бахтига муяссар бўлдик. Ҳатто, янги- 1993 йилни Олтинтопкан шаҳарчасида кутиб олганмиз…

- Ўшанда, ишлар силлиқ кечмагандир, балки…

- Ҳа, истиқлолиятимизнинг дастлабки йилларидаги мушкулликлар барча соҳалар қатори циркни ҳам четлаб ўтмади. Тожикистон Совет Социалистик Республикаси цирки бу пайтда чет элда гастролда бўлиб, бошқа қайтиб келмади. Мустақил Тожикистон цирки эса, дейиш мумкинки, «нол»дан қайта тикланди. Давр мушкулликларига қарамай, ўз касбига содиқ Анатолий Орлов, Ўғулой Тўраева, Абдувосит Юсупов, Жамолиддин Садриддинов, Шокир Болтаев, Исмат Ҳомидов  каби цирк усталари саҳнани тарк этишмади. Яхши кунлар келишига ишониб яшашди, имкон қадар цирк намойишларини ўтказишди. Дейиш мумкинки, номлари тилга олинган устозларнинг садоқатлари боис, Тожик цирки қайта оёққа турди, ўзининг илгариги обрўсини тиклади! Тожикистон Ҳукуматининг махсус  қарори билан ушбу муассаса Тожикистон давлат цирки  мақомини олди.

sirk 1- Циркдаги бугунги вазият қандай?

- Бугунги кунда Тожикистон давлат цирки ходимлари, нафақат, республикамизда, балки бошқа республикаларда ҳам гастролда бўлиб қайтишмоқда. Дунёнинг таниқли цирк гуруҳлари ҳам ўз навбатида республикамизда санъатларини намойиш этмоқдалар.  Қатор йиллардан бери Москва катта цирки, Лилипутлар цирки, Москва сув цирки, Туркманистон давлат цирки чавандозлар гуруҳи пойтахт Душанбега ташриф буюриб, халқимизга хизмат кўрсатиб келмоқдалар. Бу ҳам циркимиз раҳбарияти ва ходимларининг эришаётган муваффақиятидир.

- Сиз билан ёнма-ён ишлаётганлар орасида оила аъзоларингиз ҳам бор экан, деб эшитдим…

- Юқорида айтганимдек, бу касб бизга меросий эмас. Қиблагоҳимиз - бир умр ўрта мактабда аниқ фанлардан дарс бериб келган ўқитувчи. Аммо камина циркка келгач, укам Вафо ҳам ортимдан эргашди. Фарзандларим Аниса ва Муҳаммад ҳам цирк болалар гуруҳида иштирок этиб келаётирлар.

- Хизмат сафарида ҳам бўласизларми?

sirk 3- Ҳа. Бош режиссёр сифатида жуда қаттиқ ишлашга тўғри келади. Жумладан, цирк гуруҳини сафарларга олиб чиқиш арафасида машқу меҳнатимиз кўлами яна ортиб кетади. Худога шукур, гуруҳимиз Қозоғистоннинг Чимкент ва Россиянинг  Новосибирск ва бошқа шаҳарларидаги фестивалларда иштирок этиб,  махсус соврин эгалари бўлиб қайтди.

- Меҳнатнинг қадрланиши кишига қанот бағишлайди, дейдилар…

- Озми-кўпми, бир санъаткор сифатида элу юрт, санъат олдидаги бурчимни астойдил бажаришга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Хоксорона хизматимиз қатор Ифтихорномалар ва Маданият аълочиси кўкрак нишони билан қадрланган.

- Ҳар йили Янги йил арафасида турли номдаги аттракцион  программалар ишлаб чиқасиз ва ҳар йилгиси ҳар хил номланади. Бу йилгисининг номи нима?

- Бу йилги Янги йил дастуримизни «Янги йил афсоналари. Қорбобо ва доктор Айболит», деб номладик. Мана, иккинчи ҳафтадирки, Давлат цирки директори муҳтарам Ашур Ражабов бошчилигидаги ходимлар бор маҳоратларини кўрсатиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишмоқда.

Мазкур Янги йил дастури 31 январгача давом этади.Тўлиқроқ маълумот олишни истаганлар эса, 233-45-81, 233-36-21, 233-76-85, 988-15-77-33  рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин.

- Газетамиз муштарийларига тилакларингиз?

- Циркни ҳаётий тажрибалар мактаби, десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, унда инсон омилидан ташқари бутун ҳайвонот олами ҳам иштирок этади. От, туя, ит, айиқ, маймун ва ҳоказо. Уларнинг ҳам ўзига хос характерлари мавжуд. Масалан, маймун – шўх, шаддод, хурсандчиликка мойил ҳайвон. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бу йилги мучал бўйича - Маймун йилида барча фуқароларимизга соғлик-саломатлик, офият, фаровонлик ва хуш кайфият тилайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Суҳбатдош:

Абдулло Саидов.

КАЛЕНДАР

« Феврал 2025 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28    

МАҚОЛАЛАР

СУВ КЕЛТИРИБ, ЭЛДАН ДУО ОЛГАН ЙИГИТ

 

…Хўжамқул болалигини бот-бот эслаб туради. Шўрча қишлоғининг чанг босган кўчалари, адирларда мол боққанлари, эшак билан тоғдаги чашмадан сув ташиганлари хотирасидан мустаҳкам ўрин олган. Қишлоқлари тоғ этагида жойлашган бўлиб, ичимлик суви танқис эди. Собиқ Шўролар даврида «қўли узун»лар машина билан сув келтирса, қолганлар эшак билан тоғдаги «Шўрча сув» булоғидан сув ташиб келишарди.

Муфассал...

АЙНИЙ ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯТЛАР

 

Муқаддима

Маълумки, машҳур кишиларнинг ҳаёти афсона ва ривоятларга кўмилиб кетган бўлади – улар орасида тарихий ҳақиқатга мувофиқ келадиганлари ҳам, бадиий тўқима маҳсуллари ҳам оз эмас. Нафақат, ўзбегу тожик, балки Шарқ, ҳатто, жаҳон адабиётининг забардаст намояндаларидан бўлган Садриддин Айний ҳаёти ва фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. У ҳақдаги ҳикоят ва ҳангомалар ичида, айнан, ҳаётдан олинганлари билан бирга, халқнинг ижодий таҳайюли

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2051986

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7923029
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3784
4399
14344
7868237
61527
188774
7923029

Сизнинг IPнгиз: 18.97.14.89
Бугун: 14-02-2025 14:06:37

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015