Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 21 Май 2014 Кӯришлар: 2223
Печат

 

ИЛМ РИЁЗАТИ ЙӮЛИДАИбодатдир, тирикликни этолсанг маърифат боғи,

Машаққатлик илм, санъат, қироат ҳам ибодатдир.

Мирзо КЕНЖАБЕК

 

Илму фан чин маънода фидойилик талаб этувчи майдонгоҳдир. Инсоният яралибдики, ундаги сиру синоатларга ечим излайди. Заҳмату меҳнатга асосланган бу изланишни илм, деб аташади. Инсоният бешигини тебратиб тургувчи мангу куч бор. Бу ТИЛ! Ибтидоий одам ғорларга чизгилар чизди. Тил қонуниятларини ӯзида мужассам этган белгилар билан сӯзлади. Кейин бу чизгилар Сӯзга айланди. Асрлар ӯтди. Сӯзни ӯрганишга эҳтиёж пайдо бӯлди. Шундай қилиб, тилшунослик вужудга келди.                                                              

Ӯзбек тилшунослиги ҳақида сӯз юритилганда, ёрқин ва ёниқ сиймо -профессор Абдували Бердиалиев намоён бӯлади.

Тожикистонда ӯзбек тилшунослиги ривожланишига муносиб ҳисса қӯшган Абдували Бердиалиев етакчи олимлардан бири бӯлиб, у республикамизда туркий тилшунослик бӯйича биринчи фан доктори, профессор, Хӯжанд ӯзбек тилшунослик мактаби асосчисидир.

Бӯлажак олим 1939 йилнинг 10 мартида Фарғона вилояти Бешариқ районида дунёга келган. 1957 йил ӯрта мактабни тугатгач, 1957-1962 йилларда Ленинобод (Хужанд) давлат педагогика институтининг тарих-филология факултети ӯзбек тили ва адабиёти бӯлимида таҳсил олди. Институтни битиргач, йӯлланма билан Рӯдакий ноҳиясидаги 4-ӯрта мактабда педагогик фаолиятини бошлади. 1963-1965 йилларда собиқ Шӯро Армияси сафида хизмат қилди. А.Бердиалиевнинг илмий лаёқати олийгоҳ раҳбарияти эътиборидан четда қолмади. 1965 йили тарих - филология факултети ӯзбек тили ва адабиёти кафедрасига ишга таклиф этилди. Шундан буён олийгоҳ талабаларига тилшунослик сиру асрорларидан сабоқ бериб келмоқда.

А. Бердиалиев 1970 йили машҳур олим, профессор А. Ғ. Ғуломов раҳбарлигида муваффақиятли ҳимоя қилган «Ӯзбек тилида сӯз ясовчи қӯшма аффикслар» мавзусидаги номзодлик ишининг илмий хулосалари фанимизга истеъдодли олим кириб келаётганидан далолат берган эди.

Тилшуносликнинг назарий масалалари билан шуғулланган олим

«Ӯзбек тили эргаш гапли қӯшма гапларда семантик-сигнификатив парадигматика ва синтагматик муносабатлар» мавзусидаги докторлик рисоласини 1989 йили муваффақиятли ҳимоя қилди. Тадқиқот ӯзбек тилшунослиги туркийшунослик соҳасида кейинги 30 йил давомида бажарилган илмий ишларга якун ясади, бу борадаги ютуқ ва камчиликларни аниқлаб, синтактик назария тараққиётини янги босқичга олиб чиқди ва янги изланишлар учун кенг йӯл очиб берди.

Шуни қайд этиш жоизки, рус-славян тилшунослигида фақат содда гапларнинг парадигматик доираси аниқланган ва бу иш бир гуруҳ олимлар томонидан амалга оширилган. Профессор А. Бердиалиев бутун бир гуруҳ бажарадиган ишни ӯзи амалга оширди: туркийшуносликда эргаш гапли қӯшма гапларнинг андозалари ёпиқ рӯйхат тарзида мукаммал аниқлаб берилди. Тадқиқотни таниқли тилшунослар қозонлик профессор М. З. Закиев ниҳоятда юқори савияда қилинган иш, деб баҳолади. Шунингдек, академик М. А. Асқарова ишда ашёвий далиллардан бирор хато топа олмадим, дея ҳайратланган эди. Профессор Н. Маҳмудов эса мазмуний синтаксис дастлабки йӯналишидаги ишлардан эканлигини алоҳида таъкидлайди. Профессор А. Бердиалиевнинг ёзишича, «Синтактик семантика-назарий синтаксиснинг махсус тармоғи. У бизнинг борлиқ ҳақидаги тасаввурларимизнинг акс этиш усулларини юзага чиқарувчи тил шакллари (гап ёки матн)нинг мазмун тузилишини ӯрганади.Синтактик семантика умумий семантиканинг шундай бир объектики, унинг доирасида соф тилга ҳамда нутққа (вазиятга) хос маънолар фарқланади» (Қаранг: А. Бердиалиев «Эргаш гапли қӯшма гап конструкцияларида семантик-сигнификатив парадигматика». Тошкент, Фан нашриёти, 1989, 20-бет).

Профессор М. З. Закиев А. Бердиалиевнинг мазкур тадқиқотига ӯта юқори баҳо бериб айтган эди: «Олимнинг бу ишида фан ечимини интиқлик билан кутаётган ӯндан ортиқ муаммо ҳақида фикр юритилганки, уларнинг ҳар бири келгусида алоҳида-алоҳида жиддий тадқиқотлар мавзуси бӯлади. Ишонамизки, бундай тадқиқотлар муаллиф А. Бердиалиевнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади». Дарҳақиқат, шундай ҳам бӯлди. Р. Абдусаматов, Б. Шеронов, С. Иноятов, Б. Нишонов, Э. Эшмуродов, Р. Абдуллаев ва бошқа бир қатор ёш олимлар томонидан номзодлик ва докторлик диссертациялари мақомида амалга оширилган ва оширилаётган тадқиқотлар А. Бердиалиев бошлаган муҳим ва долзарб мавзунинг узвий тармоқларидир.

Профессор А. Бердиалиевнинг «Ӯзбек тилининг парадигматик синтаксиси» (Ленинобод, 1990), «Ӯзбек тили эргаш гапли қӯшма гапларининг назарий методикаси бӯйича тавсиянома» (Тошкент, 1986), «Ӯзбек тилида омоним моделли эргаш гапли қӯшма гаплар» (Тошкент, 1990), «Ӯзбек тили сӯз бирикмалари синтаксиси» (Ленинобод, 1990), «Ӯзбек тили сӯз бирикмалари баъзи масалалари» (Хӯжанд, 1993), «Ӯзбек тили эргаш гапли қӯшма гапларида синтактик алоқа ва синтактик муносабатлар» (Тошкент, 1993) китоблари, ушбу мавзулардаги илмий мақолалари туркий синтаксис ривожида бир босқични ташкил этади. Бу китобларда асосий синтактик бирликларнинг табиати, уларнинг ёндош ва ӯхшаш ҳодисалардан фарқи, тегишли синтактик бирликларнинг семантик-сигнификатив хусусиятлари, уларнинг номинатив-ономасиологик, коммуникатив ва прагматик қиймати илмий ва атрофлича тадқиқ этилган. Бу ютуқлар тилшунослигимизда профессор А. Ғ. Ғуломов, М. А. Асқарова, Ғ. Абдураҳмонов, Ф. Абдуллаев бошлаб берган йӯлнинг мантиқий давоми бӯлиб, профессор А. Бердиалиев илмий тафаккури туфайли янги истиқбол режаларига эга бӯлди.

Тилшунослигимизда этимологик изланишларнинг ажойиб намуналари профессор А. Ғ. Ғуломов ишларида учрайди. Бу этимологик талқинлар тил тарихи, халқимиз тарихи ва миллий хусусиятларини чуқур билиш маҳсулларидир. Айни шундай изланишлар профессор А. Бердиалиев қаламига ҳам мансуб. Академик А. Н. Кононов бир вақтлар ҳазил йӯсинида «Этимология билан эллик ёшдан ошгандан сӯнг шуғулланиш керак», деган экан. Профессорнинг илмий ва ҳаётий тажрибаси бу каби ишларнинг юксак савияда бажарилишига имкон беради.

А. Бердиалиевнинг тадқиқот объекти жуда кенг бӯлиб, у тилшуносликнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олади. Буни устознинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган Т. Мирзақуловнинг «Ӯзбек тили морфемикасида парадигматик ва синтагматик муносабатлар» (докторлик,Тошкент,1994), Р. Абдусаматов «Ӯзбек тилида гап бӯлакларининг ноамалий мавқеи» (Самарқанд,1994), Ш. Мирзақулов «Ӯзбек тилида сӯз ясалиши маъноси ва парадигмаси» (Самарқанд,1995), Т.Турдибоев «Ӯзбек тилида ёрдамчи сӯзлар конверсияси» (Тошкент,1996), Б. Шеронов «Ӯзбек тилида лисоний ортиқчалик» (Тошкент,1996), Д. Абдуллаева «Ӯзбек тили ошоба шевасининг фонетик хусусиятлари» (Тошкент,1999), С. Иноятов «Ӯзбек тилида передикатив муносабат» (Тошкент,1999), Б.Эшонқуловнинг «Ҳозирги ӯзбек адабий тилида арабча-форсча луғавий ӯзлашмалар» (Хӯжанд, 2004) мавзуларидаги номзодлик рисолаларида кӯриш мумкин.

Профессор А. Бердиалиев сӯнгги йилларда қиёсий тилшунослик (аниқроғи: қиёсий лексикология) масалаларида ҳам муваффақиятли изланишлар олиб бораётир. Олимнинг қиёсий тилшунослик соҳасидаги теран билими ӯзбек ва тожик, ӯзбек ва қирғиз, ӯзбек ва рус, ӯзбек ва инглиз тилларининг қиёсий грамматикаси, лексикологияси, семасиологияси бӯйича олиб борилаётган жиддий изланишларга раҳбарлик қилишида ҳам кӯриниб туради. Унинг Ф. Ҳамроқулов «Рус ва ӯзбек тилларида бошқарув» (Хӯжанд, 2000) А. Машрабов «Ӯзбек ва қирғиз тилларида қариндошлик атамалари» (Бишкек, 2000), Б. Нишонов «Ӯзбек тилида тенгланиш алоқаси. Конъюнкция ва дизъюнкция» (Хӯжанд, 2003), Р. Абдуллаев «Ӯрта мактабда синтактик алоқаларни ӯрганиш» (Хӯжанд, 2004), Г. Мусурмонова «Қирғиз ва рус тилларида ҳиссиёт феъллари» (Хӯжанд, 2004), Д. Сайидраҳимова «Ӯзбек ва тожик тилларида равиш» (Хӯжанд, 2007), Н.Турғанбоев «Ӯзбек ва қирғиз тилларида товушга тақлид сӯзлар» (Бишкек, 2008), Р. Хидиров «ХХ асрнинг охири ва ХХI аср бошларида тожик ва ӯзбек тиллари лексикасидаги ӯзгаришлар» (Хӯжанд, 2009), Б. Жабборов «Ӯзбек ва тожик тилларида яқинлик номлари» (Хӯжанд, 2009), О. Мавлонбердиева «Рус ва ӯзбек тилларида ҳаракат феълларининг синхрон-қиёсий тавсифи» (Душанбе, 2010), Ҳ. Эгамназаров «Қардошлик терминлари ва уларнинг ӯзбек ва инглиз тилларида функционал-семантик микросистемаси» (Душанбе, 2010), Д. Ҳасанова «Арабча луғавий ӯзлашмаларнинг ӯзбек тили номинатив ва дериватив тизимидаги ӯрни» (Тошкент, 2011) каби шогирдлари тилшуносликнинг ана шу жабҳасига оид илмий тадқиқотларини номзодлик диссертацияси мақомида муваффақиятли якунладилар.

Устоз халқаро, минтақалараро ва республика миқёсида ӯтказилган қатор илмий анжуманларда ӯз маърузалари билан қатнашиб келади. Шунингдек, СамДУ (1994-1998), ӮзФА (1999-2000), ХДУ ҳузурида фаолият олиб борадиган номзодлик ва докторлик ҳимоя Кенгашининг аъзосидир. Бундан ташқари, 30 га яқин номзодлик ва докторлик диссертацияларига расмий ҳакамлик қилган.

Ҳозирги кунда мустақил давлатимиз келажаги учун садоқатли ва билимли ёшларни тарбиялашда савияси юқори бӯлган дарсликларга эҳтиёж кӯпайиб бормоқда. Бу хайрли ишга чин юракдан киришган профессор А. Бердиалиев шогирдлари билан ҳамкорликда ӯрта ва олий мактабларга дарслик ҳамда қӯлланмалар яратиш йӯлида заҳмат чекмоқда.

Унинг доцент Б. Шеронов, Р. Хидиров билан ҳаммуаллифликда ёзган олий мактаб талабалари учун «Ӯзбек тили синтаксиси» (Хӯжанд, 2010), «Ҳозирги ӯзбек адабий тили» (Хӯжанд, 2013), «Умумтаълим мактабларининг 7, 9, 10, 11-синфлари учун «Ӯзбек тили» дарслик-қӯлланма (Хӯжанд, 2013) Ӯ.Сатторов, Б. Жабборов, М. Юнусова, Р. Хидиров Т. Абдуллаева, К. Қӯчқоров ҳамкорлигида нашр этилганлиги самарали меҳнатлари натижасидир.      

Заҳматкаш тилшунос, профессор А. Бердиалиевнинг теран илмий қарашлари, мукаммал тадқиқотлари тилшунослик фанини ҳар томонлама бойитишга ва унинг тараққиётига муносиб хизмат қилади.

Шайх Саъдийга кӯра:

Иродат бӯлмаса, саодат излама,

Риёзат чекмайин ижобат излама.

 

Профессор ҳаёти йӯлига назар ташлар эканмиз, унинг илм йӯлида чинакам фан фидойисига муносиб ирода соҳиби эканлигини, буюк риёзатлар эвазига тилшунослик соҳасида улкан натижаларга эришганлигини кӯрамиз.

Замонавий ӯзбек тилшунослиги тадқиқотчиларидан бири, филолог мутахассисларни етиштиришда пешқадам ва ӯзига хос ӯзбек тилшунослиги мактабини яратган олимни муборак 75 ёши билан қутлар эканмиз, шогирдлари, ҳамкасблари, дӯстлари номидан устозга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, илмий-педагогик фаолиятида улкан ютуқлар тилаб қоламиз ва деймиз:

Устоз, сиз кечган умр

Бир достондир китобларга тенг,

Устоз, сиз кезган йӯллар

Кезиб бӯлмас тубсиз бир уммон,

Устоз, сиз берган таълим

Етаклар буюк чӯққилар сари.

Устоз, сиз кутган замон

Келди бугун еллар, зафарлар оша.

Устоз, сиз айтган забон

Аслини олмоқда даврлар оша,

Устоз, сиз ёзган битик

Асқотди ёшларга раҳнамо мисол.

Устоз, сиз севган Ватан

Гулга тӯлиб ёзди япроғин,

Устоз, сиз соҳиб, илмий чаманда

Яшнар бутун маърифат боғи.

Устоз, сиз Қуёшсиз - тараб турган нур

Шуълангиз сӯнмасин асрлар оша.

Бахтиёр ёшларнинг бахти-чун бӯлинг

Ютуқлар йӯлига қиблагоҳ бу кун.

 

 

Б. Шеронов, Т. Турдибоев, Ф. Ҳамроқулов, Э. Эшмуродов,

Р. Хидиров, Б. Жабборов, филологияфанлари номзодлари, доцентлар

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Жиноятчилик – жамият кушандаси…

 

Жиноят – ҳар қандай жамиятнинг пок нуфузига тушадиган қора доғ, унинг равнақига тўсиқ бўладиган - ёмон иллат.

Айниқса, бу қусур ёшлар, хусусан, балоғатга етмаганлар орасида кенг илдиз отса, жамоатчилик учун бундан ортиқ фожиали ҳолат бўлмаса керак.

Энг аянчлиси шундаки, вояга етмаган авлод томонидан қўл урилган жиноят, янгиси учун йўл очади. Каттароқ жиноятга чорлайди.

Муфассал...

"ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ-2018" СОВРИНДОРЛАРИ

 

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида қитъанинг энг нуфузли спорт мусобақаси «Осиё ўйинлари-2018» турнири ниҳоясига етди.

Мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган вакилларимиз ўз жамғармаларига 7та- 4 кумуш ва 3та бронза медалларини тўплаб, умумжамоа ҳисобида 30-ўринни эгалладилар.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990885

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478202
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4130
4027
21815
7426653
99846
114875
7478202

Сизнинг IPнгиз: 3.129.67.248
Бугун: 23-11-2024 17:28:30

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015