Апрел ойининг биринчи санасидан Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафида, Ватан ҳимоясида бўлган аскарларни захирага жўнатиш ва чақирув ёшига етган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга даъват этиш маъракаси бошланди.
Республикамизнинг турли шаҳру ноҳияларида ташкил этилган «Чақирилувчилар куни» тадбирларида Ватан ҳимоясини муқаддас бурч, деб
билган юзлаб мард ўғлонлар ўз ихтиёрлари билан Миллий армия сафига кузатилди.
Душанбе шаҳридаги Акашариф Жўраев номли Тожикистон Давлат филармониясида ташкиллаштирилган кузатиш маросимида Душанбе шаҳри раисининг ўринбосари Умед Гуреззода, Ички ишлар вазирлигининг Душанбе шаҳридаги бошқармаси бошлиғи Шариф Назарзода, пойтахт ноҳиялари вакиллари ва бошқа расмийлар қатнашишди.
Умед Гуреззода давлат ҳокимияти Душанбе шаҳри ижроия органида ёшларнинг ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув маъракасини юқори даражада ташкил этиш масаласи биринчи ўринда эканлиги, бу борада Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалининг қарори билан чақирилувчиларни ҳарбий қисмларга тантанали кузатиш ва хизматни ўтаб қайтаётган аскарларни уюшқоқлик билан кутиб олиш маъракалари ўтказилаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
- Миллий армия сафида хизмат қилиш, она-Ватан чегаралари дахлсизлигини ҳимоялаш, доимо ҳар бир ватанпарвар ва ор-номусли ўғлон учун шараф ва ифтихор боиси бўлган. Бугун ҳарбий хизматга кузатаётган ёшларимиз сиймосида ҳам ана шу муқаддас туйғуни яққол кўриш мумкин, - деди Душанбе шаҳри раисининг ўринбосари.
1 апрел куни, шунингдек, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг маъмурий маркази – Хоруғ шаҳрида ҳам ушбу муҳим сиёсий маъракага бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда вилоят раиси Ёдгор Файзов қатнашди. Шуниси қувонарлики, ҳарбий хизматга баҳорги чақирувнинг илк кунидаёқ Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг саккизта шаҳру ноҳияси ёшларни Қуролли кучлар сафига сафарбар этиш режасини 100 фоизга бажарди. Ушбу мард ўғлонларнинг 32 нафари вилоятдаги давлат идоралари ходимларининг фарзандлари эканлиги таъкидланди.
Хоруғ шаҳрининг Исмоил Сомоний майдонида ўтказилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ҳарбий хизматга отланган ёшларни кўтаринки руҳда кузатишди.
Республика бўйсунишидаги шаҳру ноҳияларда ҳам ушбу сиёсий маърака уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Мисол учун, Рашт ноҳиясидан 130, Тожикободдан 61 ва Ҳисор шаҳридан 150 нафар мард йигитлар ўзларининг Конституцион ва фуқаролик бурчларини адо этиш учун жўнаб кетдилар.
Мамлакатимизнинг барча шаҳру ноҳияларидаги мана шундай кузатиш тадбирлари ота-оналар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокидаги маданий тадбирлар билан ташкил этилмоқда.
Албатта, бугун Давлат раҳбари томонидан Қуролли кучларнинг ҳарбий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий қисмлардаги хизмат шароитларини замон талабларига мослаштириш, офицеру аскарларнинг ҳарбий-сиёсий шайлигини ошириш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу боисдан бўлса керак, кейинги йилларда Миллий армия сафларида хизмат қилишга отланаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Буни жорий йилги баҳорги чақирувнинг илк кунларида ҳам мушоҳада этиш мумкин эди.
Қуролли кучлар сафига чақирув маъракаси эса, апрел-май ойларида давом этади.
Ўз мухбир.
**
Муқаддас бурч масъулияти
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг оқилона сиёсати, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари билан мустақил Тожикистонимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон. Қувонарлиси шундаки, йилдан-йилга давлат ва Ҳукуматимиз олиб бораётган адолатли сиёсат туфайли, она-Ватан хизматига кўнгилли равишда отланган ёшларнинг сафи ошиб бормоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда ёшларни Қуролли кучлар сафига баҳорги чақирув бошланиб, у барча минтақаларда қизғин давом этмоқда.
Хатлон вилояти маркази Бохтар шаҳрида ана шу муҳим сиёсий маъракага бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Носир Хусрав номли Бохтар Давлат олийгоҳидаги спорт мажмуасида ҳарбий хизматга отланган ёшларни кузатиш маросими байрамона руҳда кечди.
- Ёшларимиз мардлик ва жасорат мактабини Қуролли кучлар сафида ўтайдилар, - деди тантанали йиғилишда сўзга чиққан вилоят раиси Қурбон Ҳакимзода. – Баҳорги ҳарбий чақирувнинг дастлабки кунларида вилоятимизнинг Норак шаҳри, Шамсиддин Шоҳин ва Носир Хусрав ноҳиялари режани бажаришди. Шунингдек, Балжувон ва Ховалинг ноҳиялари ҳам режани бажариш арафасида.
Шунингдек, вилоят раиси ор-номус этагини тутган ва кўнгилли равишда она-Ватан хизматига отланган ватанпарвар йигитлар ҳамда уларнинг ота-оналарига юксак фуқаролик масъулиятни чуқур ҳис этганликлари учун миннатдорчилик изҳор этди.
Ҳар йилги анъанага кўра, вилоят раиси Қурбон Ҳакимзода Қуролли кучлар сафида хизмат этишни ихтиёр айлаган 700 нафар йигитга хотира совғалари тақдим этди.
Хатлон вилояти раиси аппарати Ахборот-таҳлил бўлимидан хабар беришларича, барча ёшларга оналар томонидан нон тишлатиб, оқ йўл тилаш маросими ўтказилди. Она-Ватанга хизматни ўзларининг муқаддас бурчи деб билган йигитларнинг кўтаринки руҳда эканлиги йиғилиш қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди. Мард йигитларимиз бор экан, Ватан чегараси қалқони мустаҳкам бўлаверади.
Тантанали тадбир сўнгида йиғилганларга концерт дастури намойиш этилди.
Айни пайтда, вилоятнинг бошқа шаҳру ноҳияларида ҳам ҳарбий хизматга баҳорги чақирув муҳим маъракаси қизғин ташкил этилмоқда.
Давронбек КАРИМОВ, Бохтар шаҳри.
**
ЖАСУР ЎҒЛОНЛАР ЯРАЙДИ ЮРТГА
Ҳар кимки олмаса ҳаётдан таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Ватан – муққаддас. Унинг зарра тупроғини қадрлаб, асраб-авайлаш эса, шу заминда истиқомат қилувчи ҳар бир шахснинг фуқаролик бурчидир.
Туғилиб ўсган диёр, киндик қони тўкилган заминнинг азизлиги ва миллий қадриятларни англаш – комиллик нишонаси.
Мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган ёшларнинг ўз олдиларидаги мақсадлари ва бу ниятлар йўлида қилинган саъй-ҳаракатлари уларни эзгулик сари етаклайди.
- Ассалому алайкум, ҳурматли «Халқ овози» газетаси ходимлари! Мен Аҳтам Зокиров, Суғд вилоятининг Жаббор Расулов ноҳиясидаги Ғўлакандоз қишлоғида истиқомат қиламан. Ўз ҳаётим ва кўрган-кечирганларим ҳақида дўстларим ва Ватан олдидаги муқаддас бурчини адо этиш арафасида турган укаларимга йўлламоқчиман. Бу билан мустақил ҳаётга қадам қўйган дўстларимнинг тўғри йўл танлашлари учун ўзимнинг инсонийлик ҳиссамни қўшаман, деган умиддаман.
2013 йили 9-синфни битиргач, ўқишни давом эттиришни истамадим. Ота-онам ва яқинларимнинг ўрта маълумот олиб, олий ўқув юртларига ҳужжат топширишимни истаб қилган насиҳатларига қулоқ солмадим. Россия Федерациясига ишлашга бориб, турли русумдаги машиналарда киракашлик қилиб, баландпарвоз гапирган йигитларнинг гаплари хаёлимни ўғирлади. Мақсадим аниқ: Россиянинг аллақандай заводида муҳандис бўлиб ишлайдиган амакимнинг ёнига бориш...
«Мана сенга Москва, Москважон, Москва». Катта шаҳар, биров билан бировнинг иши йўқ. Лекин меҳнат муҳожирлигига борганлар учун ундай эмас. Аввалига ҳаммаси яхшидек туюлди. Амаким мени ўзим истагандек қурилиш соҳасига ишга жойлаб қўйди. Ишимнинг сир-асрорларини ўрганишга киришдим. Баъзи нарсалар кишида янгича таассурот уйғотарди. Бироқ вақт ўтгани сайин мусофирликнинг минг бир машаққати кўплар қатори мени ҳам ўз гирдобига тортди.
Ватан соғинчи, ўз уйим ва яқинларим соғинчи эзарди. Ҳақиқий эрк нималигини тушундим. Ота-онамни, маслаҳатларига қулоқ солмаганим - яқинларимни жуда соғиндим. Ҳар куни уларни эслаб, йиғлаб юборардим. Амакимнинг уришиб, «соғинган бўлсанг, кетавер», деган гаплари жуда ёқиб тушди. Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди.
Чипта олиб, азиз Ватаним – жонажон Ғўлакандозимга, яқинларим бағрига қайтдим…
Энди мақсадим – аниқ. Ватан олдидаги йигитлик бурчимни адо этиш учун ҳарбий комиссариатга бордим. Ота-онам ва бувимнинг дуоларини олиб, ҳарбий хизматга отландим.
Бошимизда ҳилпираб турган ҳурлик рамзи – байроғимиз остида Ватанга муносиб хизмат қилишга қасамёд қилиб, ўз аҳдимга содиқ қолдим. Чегара қўриқчиси, юрт посбони бўлиб, Ватанимни ёвуз кучлардан кўз қорачиғи каби авайлаб, ҳимоя қилишдек шарафли вазифани адо этарканман, тинчлик ва осойишталигимизни сақлашда ўз ҳиссамни қўшишга жону жаҳд билан ёндашдим. Шу Ватан фарзандиман, деган ҳар бир ўғлон халқимиз фаровонлигини мустаҳкамлаб боришни ўз муқаддас бурчим, деб билмоғи зарур, албатта.
Ҳарбий хизмат даврида юрт байроғини кўтариб шижоат ила қадам босарканмиз, ботирларимизнинг шахдам қадамларидан келажакка ишонч, кўксимизда ифтихор ҳисси жўш урарди.
Илгариги панд берган қайсарлигим, ўйламасдан қилган ишимни тузатиш учун муносиб мактаб вазифасини ўтаган ҳарбий хизмат даврида дўстлар орттирдим. Ҳарбий машқлар мени чинакамига чиниқтирди. Командиримиз Суҳроб Сайфиддинов қаттиққўл бўлишига қарамай, баъзан мақтаб, тўғри йўл кўрсатди.
Мен йигитлик бурчимни адо этганимдан беҳад хурсандман.
Армия мен учун ҳаёт мактаби десам, муболаға бўлмайди. Ватанимнинг ҳар бир қарич ерини, зарра тупроғини ҳеч нарсага алишмайман.
Акам ҳам олий ўқув юртини тамомлаб, бир йил давомида ҳарбий хизматни ўтади. 2018 йилнинг октябр ойида иккимиз ҳам бирин-кетин соғ-саломат, ғурур ва ифтихор ила уйга қайтдик.
Ота маконимга қайтар эканман, қишлоқ болалари атрофимни ўраб олдилар. Чегара қўшинлари аскарлари формасига ҳавас қилган болаларнинг келажакдаги бир мақсалари, албатта, аскар бўлиш эди.
Мен уларнинг эртанги кун посбонлари бўлишларини, она-Ватанимиз, байроғимиз, тинчлик-фаровонлигимиз қалқонлари бўлишини истайман.
Бахтиёр юртда туғилиб, шу заминда яшашнинг ўзи – катта бахт. Бунда ўтган ҳар бир кунимиз байрамона кечади. Бизга ана шундай лаҳзаларни тортиқ этаётган шарафли касб эгалари – ҳарбийларимиз чексиз ҳурмат ва олқишга муносиб.
Ҳа, ҳурлик ва соғлом турмушимиз учун хизмат қилаётганлар ҳаёти улғайиб бораётган ёшлар учун ҳамиша ибрат мактабидир.
Биз ана шундай ғайрат ва шижоат, ватанпарварлик ҳисси мард йигитларимизнинг юракларида жўш уришига ишонамиз.
Аҳтам Зокиров,
Суғд вилоятининг Жаббор Расулов ноҳиясидаги Ғўлакандоз қишлоғи.
Ярим тунда ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Ҳамхоналарим ҳам бирин-кетин бош кўтаришди. Куни-кеча уйига жавоб берилган кишининг ўрнига бир кекса одамни келтириб ўтирғизишгану халатли уч-тўрт эркак-аёл атрофида гирдикапалак. Чолнинг кийимини алмаштиришди. Юрак уриши-ю қон босимини ўлчашди. Укол қилишдими ё ичишга дори беришдими, сўнгра, бирин-кетин чиқиб кетишди. Охиридагиси биратўла чироқни ҳам ўчирди.
Муфассал...
-Жорий 2017 йил Турсунзода шаҳри меҳнаткашлари учун муборак келди, - дея бошлади Турсунзода шаҳар раиси Сижоуддин Саломзода журналистлар ҳузурида қилган чиқишини. -Зеро, халқаро Наврўз байрами тантаналарини халқимиз Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон билан бирга нишонлади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015