Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЛМ

Муаллиф: Super user Категория: ИЛМ
Чоп этилган 01 Май 2017 Кӯришлар: 2660
Печат

 

murodtepa 2017Рўдакий ноҳиясига қарашли  “Россия” қишлоқ жамоатида Шўролар даврида пахтакорликда  фақат ноҳиядагина эмас, балки бутун Тожикистонда номлари ҳурмат билан тилга олинадиган машҳур пахтакорлар (Ҳ. Назаров, Ҳ. Ширинова, Д. Тожиев, А. Тўйчиев, Н. Мансуров, М. Мадаев, Ш. Ҳасанов, А. Халилов, М. Асқаров ва бошқалар) яшаб, меҳнат қилишган. Улар қамишлар бағридан қаричма-қарич ер очиб,

тош устида гул ўстирганлар. Бугун эса, ана шу авлод вакиллари - фарзандлари орасидан илм-фан билан тиллашиб, уларнинг сирларини очаётган олимлар етишиб чиқиб, мамлакатимиз илм-фани тараққиётига ўз улушларини қўшмоқдалар.

Улар орасида кимё фанлари доктори, профессор Ғ. Тошбоев, тиббиёт фанлари номзодлари О. Шукуров, О. Боймуродов ва Т. Муллажонов, иқтисод фанлари номзодлари И. Шукуров, М. Розиқов, кимё фанлари номзоди И. Ботиров ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Халқимиз умрни оқар дарёга ўхшатишади. Ҳақиқатан шундай. Агар шундай бўлмаса, куни кечагина ҳаммани қоп-қора сочлари билан ҳавасини келтириб юрган дўстимиз Ғ. Тошбоевнинг сочига  бугун оқ оралаб, етмиш баҳор этагини қоқармиди?

У ана шу ўтган йиллардан ўзиб яшади. Вақт қадрига етди. Ўқиди, ўрганди, изланди, мақсад соҳилига етди. Химия фанлари доктори, профессор унвонига эга бўлди. Ана шу қутлуғ сана арафасида дўстимиз Ғ. Тошбоев билан у киши босиб ўтган оғир ва машаққатли йўл борасида суҳбатлашдик.

Омонбой Жуманов: - Кимёвий мўъжизалар қалбингиз дарчасини чертган дамларни эслайсизми?

Ғуломжон Тошбоев: - Эсимда, саккизинчи синфда ўқитувчимиз А. Иброҳимов (охиратлари обод бўлсин) иккита стакандаги суюқликни бир-бирига қўшиб, қиздириб, сувини буғлатиб, туз ҳосил қилган ва биз талабаларга агар оз миқдорда татиб кўрсаларинг, ош тузи ҳосил бўлганига ишонч ҳосил қиласизлар, деган эди. Кейинчалик «Қизиқарли химия» китобидаги газлардан устун ҳосил қилиш ва бошқа бир неча қизиқарли тажрибаларни химия тўгарагида ўзимиз ҳам бажарар эдик. Шулар сабаб бу фанга меҳр кучайди ва 10-11-синфларда ўқиб юрган кезларим ёш химиклар республика олимпиадасида қатнашдим. 

О. Ж.: - Қаторда нори бўлмаган деҳқон боласининг илм уммонида сузиши осон кечмагандир?  

Ғ. Т.: - Тўғри, мен деҳқон боласи бўлсам-да, падари бузрукворим Асқарали Муҳаммадисоқ ўғли Тошбоев (жойлари жаннатда бўлсин) зеҳни ўткир инсон эдилар, Муҳаммад Аминхўжа ўғли Муқимийнинг кўп шеърларини ёддан билар, ҳатто, домлалар Қуръон оятларини ўқиган пайтларда, тинглаб кичик-кичик суралар қаторида Ҳазрати Таборак сурасини ҳам ёдлаган ва Сулаймон қорига (имонлари ҳамроҳ бўлсин) хатосиз айтиб берган эканлар.

Ва шундан бўлса керак, фарзандлари ўқишига  алоҳида эътибор қаратишган. Қолаверса, илм эгаллаш учун кишида, аввало, Худо берган иқтидор (талант) билан бирга тинимсиз меҳнат ва сабр-тоқат бўлиши керак.

О. Ж.: - Илмий изланишлар жараёнида сунъий тўсиқлар бўлганми?

Ғ. Т.: -Бўлган, Душанбе Давлат педагогика институтининг органик ва биологик химия кафедрасида уч йил ишлаган вақтимда олти киши аспирантурага кирса-да, менга навбат тегмади. Москва шаҳрида икки йил стажёр бўлиб самарали тадқиқот олиб бордим. Шунда москвалик домлам Тожикистондаги раҳбаримга Ғ. Тошбоевни аспирантурага қабул қилиб, бизга юборинглар, деб хат йўллаб, рад жавобини олган эди. Тўсиқлар бўлса-да, сабр чидам билан уларни енгиб ўтиб, мақсадга эришдим. Қолаверса, йилдан-йилга тобланиб, чиниқиб бордим. 

О. Ж.: - Химиявий реакциялардан кўзланган мақсадга эришиш, хамирдан қил суғургандай осон кечмаган ҳолатлар рўй берганми?

Ғ. Т.: -Аввалига менга, илгариги тадқиқотчиларнинг тишлари ўтмаган, ижобий натижалар ололмаган мавзу-«1,3-дигидробензо[с]тиофен 2,2-диоксид ҳосилаларининг синтези ва кимёвий ўзгаришлари» берилган эди. Дастлабки кунлар, дарҳақиқат, кўп вақтим натижасиз ўтди, аммо бундан умидсизланмадим, танлаган йўлимдан чекинмадим ва «сабрнинг таги сариқ олтин» деганларидек, бора-бора кўнгилларга таскин берувчи яхши натижалар олишга эришдим. Яна бир воқеа: 80-йиллар аспирантимга бир моддани олишни йўлга қўйиб, ҳосил бўлиш унумини кўпайтиринг, сизнинг ишингиз учун бу бошланғич модда бўлади, деб бир неча кўрсатмалар бердим. Афсуски, натижа ололмади, кейин бошқа усулни тавсия қилдим. У эртасига хонамга севиниб кириб:-Моддани юқори унум билан олдим, деди кўзлари чақнаб. Зеро, илмни жиловлаб олиш ҳазил гап эмас-да!

О. Ж.: - Фаолиятингиз давомида қийин ҳолга тушиб қолган пайтлар ҳам бўлганми?

Ғ. Т.: - Албатта бўлган, аспирантлик давримда кўзлаган мақсадимга бир ярим йилда ҳам ета олмадим, натижа бўлмади. Шунда пешонага битта уриб, илм билан хайрлашмоқчи ҳам бўлганман. Профессор К. Ҳайдаров (ҳозир академик), Ғуломжон, ишингиз юришмаяпти, шекилли.  Мединститутда ўқитувчи етишмайди, ўша ерга бориб, ўқитувчилик қилиб, илмий ишни ҳам давом эттиришингиз мумкин,- деди. Тиббиёт олийгоҳи Химия кафедраси мудири, профессор С. С. Собиров мен билан суҳбат қуриб: - Сизни ўқитувчиликка қабул қиламан, деб ариза ёздирди ва ректор розилигини ҳам олди. Лекин илмий раҳбарим жавоб бермади.

О. Ж.: -Устоз ва шогирдлар масаласига қандай қарайсиз?

Ғ. Т.: -Бу масалага жавоб бериш мен учун мушкул бўлса-да, лекин уриниб кўраман. Халқда: - Шогирдсиз устоз-мевасиз дарахт, деган нақл бор. Албатта, шогирдсиз сермаҳсул олимлар ҳам йўқ эмас. Чин устоз шогирдга нисбатан талабчан, қаттиққўл бўлиш билан бирга, меҳрибон ҳам бўлиши керак. Шогирд эса, ўз навбатида топшириқларни белгиланган вақтда бажариш билан бирга, ўз устида ишлаб, устозининг ишини давом эттира билиши зарур. Бу борада машҳур физик олим Э. Резерфорднинг: - Агар шогирдим менинг қўлимда икки йил ишлаб, кейин нима қилиш ҳақида сўраса, менга ундай шогирд керак эмас,-деган фикрини эслаш ўринли бўлади. Шу билан бирга шогирд олиш учун имконият ҳам бўлиши керак. Мен химия соҳасида кўплаб етук шогирдлар чиқарган профессорлардан В. И. Никитин, Э. У. Нўъмонов, И. М. Носиров А. В. Ваҳобов ва Ў. М. Мирсаидовларни тан оламан, лекин имкони бўлса-да, бирорта шогирд чиқармаган баъзи бир академиклар ҳам бор. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, устозим раҳматли профессор Инъом Мансурович Носиров (жойлари жаннатда бўлсин) ўта талабчан, узоқни кўра биладиган ва меҳрибон бир шахс эдилар. Шу кунгача 2та фан номзодини тайёрладим ва минглаб кимёгарларга, табибларга, молшуносларга кимё фанидан дарс бердим. Айни пайтда 2та аспирант ва 1 нафар докторантга илмий раҳбарлик қилмоқдаман. Айниқса, иқтидорли шогирдим О. Тўхтасунов- тарбияли ва меҳнатсевар инсон, ишимизни давом эттириб, фан доктори бўлиши мумкин эди, лекин у ўқитувчиликни танлади. 

О. Ж.: - Сиз ва жамоангиз томонидан амалга оширилган илмий ишларнинг халқ хўжалиги тараққиётида тутган ўрни ҳақида гапирсангиз.

Ғ. Т.: - Бизнинг жамоамиз кичик бўлса-да, сезиларли натижаларга эришиб келмоқда, ходимларимизнинг изланишлари боис, ўсимлик зараркунандаларига қарши акарицидлар, ўсимликлар касалига қарши фунгицидлар, ҳашоратларга қарши инсектицидлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, органик синтез учун қўлланиладиган тўртта янги реактивлар тавсия килинди ва Москвада чоп этилган Химиявий реактивлар каталогига киритилди. Бу ишлар натижаларига кўра, собиқ СССР халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг кумуш ва бронза медаллари билан тақдирландим. Бундан ташқари «Химия бензо[с]тиофена» номли монографиямга халқаро журнал (Chemistry of Heterocyclic Compounds 2005, vol. 41, N 4, р. 442) томонидан ижобий тақриз берилди.

О. Ж.: - Яқин ва узоқ хорижий мамлакатлардаги олимлар билан ҳамкорлик масаласига муносабатингиз?

Ғ. Т.: - Ўтган йиллар давомида ўзбекистонлик олимлардан академик М. А. Асқаров, профессорлар О. К. Тошмуҳаммедова, Х. Махсумов, Н. Мадихонов, И. Исроилов, Қозоғистондан профессор Б. Ў. Минбоев, Арманистондан профессор Г. К. Айрапетян, Туркманистондан профессор А. Ҳекимов, Латвиядан профессор Иварс Калвинш, россиялик профессорлар В. В. Титов, В. П. Литвинов, Н. П. Волинский, С. И.Торгова, татаристонлик академик А. М. Мазгаров, бошқирдистонлик академик Д. Л. Раҳмонқулов, профессорлар С. С. Злотский, М. Клявлин, Швециянинг Лунд университети профессори Андреас Конар, Япониянинг Токио университети профессори Ренжу Оказаки ва бошқалар билан ҳамкорлик қилдик. Ҳозир ҳам бу олимларнинг баъзилари билан алоқамиз узилган эмас.  Шунингдек, илмий тадқиқот ишларимнинг натижалари юзасидан халқаро Москва, Новосибирск (РФ), Мюнхен (Германия), Рига (Латвия), Тбилиси (Грузия), Қозон (Татаристон), минтақавий Уфа (Бошқирдистон), Ашхобод (Туркманистон), Тошкент (Ўзбекистон) ва республикамизда бўлиб ўтган (Душанбе, Кўлоб, Данғара) конференциялар ва симпозиумларида маърузалар қилдим. 

О. Ж.: - Ҳозир мамлакатимизда ёшларнинг билимли бўлишлари учун барча шарт-шароит мавжуд. Сиз олий ўқув  юрти ўқитувчиси сифатида ёшларнинг билими савиялари ҳақида қандай фикрдасиз?

Ғ. Т.: - Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон томонидан 2017 йилнинг «Ёшлар йили», деб эълон қилиниши катта аҳамиятга эга. Ёшларнинг ўқиш, билим олишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда. Бу эса, ёшлар зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди. Фақат ёшларимиз мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб ҳозирги замон фан ва техника илмини пухта эгаллашлари, халқ хўжалиги тараққиётига муносиб ҳиссаларини қўшишлари учун фақат ўқиш ва яна ўқишлари керак, холос. Лекин афсуски, баъзи ёшлар осон пул топиш ёки бошқа мақсадларда ҳар хил оқимларга қўшилиб кетмоқдалар. Химия фани бўйича аспирантурага кираётганлар орасида билими суст ёшлар ҳам учраб туради.  

О. Ж.: - Ҳаётдаги шиорингиз?

Ғ. Т.: - Бу борада Ҳазрат Навоийнинг: -Одами эрсанг, демагил одами ониким йўқ халқ ғамидан ғами, - деган ҳикматли сўзи менинг доимий шиоримга айланган. Халққа, Ватанга ва илмга хизмат қилишни ўзимнинг юксак фарзандлик бурчим, деб биламан.

О. Ж.: - Қизиқарли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Ғ. Т.: -Раҳмат, соғ бўлинг.

 

Танишув

Ғуломжон Тошбоев Рўдакий ноҳиясининг «Россия» қишлоқ жамоати, 1-Май маҳалласида туғилган. У 1965 йили 11-йиллик «Правда» номли мактабни, 1970 йили Т. Г. Шевченко номли Душанбе Давлат педагогика институтини (ҳозирги С. Айний номли Тожикистон Давлат педагогика университетини) битирган. 1976-1978 йиллар СССР ФА Физикавий кимё институтида ва Органик яриммаҳсулот ва бўёқлар илмий текшириш институтида тажриба ўтаган. Тожикистон Фанлар академияси В. И. Никитин номли Химия институтида 1978-1981 йиллар аспирант, 1981-1984 йиллари кичик илмий ходим, 1984-1990 йиллари катта илмий ходим, 1990-1992 йиллари Гетероциклик бирикмалар химия лабораторияси мудири лавозимида ишлаган. 1992-1994 ва  2004-2006 йиллари Фарғона тиббиёт институтида (Ўзбекистон) доцент ва профессор, 1994-1996 йиллари Тожикистон Давлат тижорат институтида профессор, 1996-2004 йиллари Гулистон давлат университетида (Ўзбекистон) профессор ва Умумий химия кафедраси мудири лавозимида ишлаган.

1985 йилда кимё фанлари номзоди, 1987 йилда катта илмий ходим, 1993 йилда кимё фанлари доктори, 1998 йилда профессор унвони соҳиби бўлган.

2006 йилдан Тожикистон Фанлар академияси В. И. Никитин номли Химия институтида бош илмий ходим, Тожикистон Давлат тижорат университетида профессор ва 2012 йилдан Тожикистон ФА Фаннинг инновацион тараққиёти ва янги технологиялар марказида етакчи илмий ходим лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Профессор Ғ. А. Тошбоев 170дан ортиқ илмий ишлар, 9та патент, 1та монография, 10та ўқув қўлланма, 10та публицистик мақолалар муаллифидир.

Тожикистон Фанлар академияси В. И. Никитин номли Химия институти қошидаги докторлик диссертацияси кенгаши, Тожикистон Фанлар академияси Фаннинг инновацион тараққиёти ва янги технологиялар маркази илмий кенгаши, Тожикистон Давлат тижорат университети илмий-техника кенгаши, Тожикистон Фанлар академияси В. И. Никитин номли Химия институти илмий кенгаши ва Тожикистон Давлат тижорат университети Тижорат ва божхона факултети илмий кенгаш аъзосидир.

Суҳбатдош:

Омонбой  Жуманов.

КАЛЕНДАР

« Декабр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

БУНЁДКОРЛИКДАН САЙЁҲЛИККАЧА МУҲИМ ЙЎНАЛИШ БЎЙЛАБ…

 

Жорий 2019 йил тўртинчи уч ойлигида турар эканмиз, йил мундарижасига бирров назар ташлаб, унинг ўта хайрли ва баракали ўтаётганига амин бўласан, киши.

Йил бошида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз Жаноби олийлари томонидан 2019-2021 йиллар «Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари»,

Муфассал...

Президентларнинг матбуот учун баёноти

 

2018 йил 9 март, Душанбе шаҳри.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қадрли оммавий ахборот воситалари намояндалари!

Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг мамлакатимизга давлат ташрифи натижасида, энг муҳим икки

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2000503

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7553984
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4034
2506
11750
7486842
13713
161915
7553984

Сизнинг IPнгиз: 18.97.9.171
Бугун: 05-12-2024 16:08:12

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015