Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 28 Ноябр 2019 Кӯришлар: 1689
Печат

 

b gafurov 2019«Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Исписорий», «Исписорлик Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Хўжандий», «Бобожон Ғафур», «Бобожон»… Агар ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охири ва ўттизинчи йиллари бошидаги газеталарни варақласангиз, мазкур тахаллус остида босилган хабар ва мақолаларга тез-тез кўзингиз тушади. Уларнинг муаллифи ўша пайтда айни навқирон йигит бўлган Бобожон Ғафуров эди. -Бобожон Ғафуровнинг ёзганлари

камида олтмишта тахаллус билан чоп қилинарди, - дейди «Жумҳурият» республика газетасининг Суғд вилоятидаги мухбири Ўлмас Эркаев (Жовиди Аштий). Журналистика назариясидан илмий иш ёқлаган Дилбар Самадованинг айтишича, тахаллус ё яширин ном билан ёзишнинг, албатта, муҳим сабаблари бор эди.

-Йигирманчи йиллар ўта нозик давр бўлганлиги тарихдан маълум. Қилмишлари газетада танқид қилинган кишилар мухбирдан ўч олишга тушардилар. Гарчи Бобожон Ғафуров ким ҳақида, нима ҳақида ёзмасин, воқелик асосида, ҳаққоний, беғараз, холислик билан ёзса-да, барибир нашрлар ёш мухбирни эҳтиёт қилиш учун унинг номини яширишни маъқул кўрардилар,- дейди филология фанлари номзоди Дилбар Самадова.

xalkovoziУ Бобожон Ғафуров ҳақида сўзлар экан, машҳур ўзбек ёзувчиси, қалами ўткир журналист Абдулла Қодирийни эслайман. 1926 йилда унинг «Йиғинди гаплар» деган мақоласи «Муштум» журналида «Жулқунбой» тахаллуси билан босилади. Давр камчиликларини халқ тили билан очиб ташлаган «Жулқунбой» кимлиги қидирилади ва Абдулла Қодирийни қамоққа олишади… Демак, тахаллус билан ёзганда ҳам мухбирлар бутунлай хатарсиз бўлмас экан. Буни Бобожон Ғафуров ҳам, албатта, яхши билган. Худди ўша 1926 йилда 18 ёшли Бобожон Ғафуров комсомол ишига жалб қилинади. Энди унга жамиятдаги камчиликларни очиб ташлаш учун янги имкониятлар пайдо бўлди. 1928-29 йилларда Самарқандда Олий юридик курсларда ўқиган даврида эса, Бобожон Ғафуровнинг қалами янада ўткирлашди. Марказий нашрлар - «Қизил Ўзбекистон» ва «Овози тожик» газеталарида энг долзарб мавзулардаги мақолалари мунтазам чоп этилади. Масалан, 1928 йилда «Уч жиноятчининг ёвузликлари», «Уч қаллобнинг қилмишлари» танқидий мақолалари, «Хўжанддан автомобил келди» фелйетони чоп этилди.

Ёш мутахассиснинг Самарқандда таълим олиб қайтиши мустақил Тожикистон Республикасининг ташкил этилишига тўғри келади. Тожикистон Компартияси Марказий Қўмитаси ёш мутахассисни аввалига Адлия халқ комиссарига ёрдамчи қилиб тайинлади. Кўп ўтмай у мазкур комиссариатнинг бўлим мудири бўлиб ишлай бошлади. Лекин Бобожон Ғафуров севимли машғулоти – матбуот учун мақолалар ёзишдан тўхтамади. Ўша пайтда ёш республиканинг энди оёққа тураётган марказий нашрлари учун фақат қалами ўткир эмас, юз бераётган воқеаларни атрофлича кузатиб, чуқур таҳлил эта оладиган, синчков ва айни бир пайтда жасоратли журналистлар зарур эди. Бобожон Ғафуровда эса, бу хислатларнинг ҳаммаси бор эди, - дейди Дилбар Самадова. Худди шунинг учун ҳам, ёш мутахассис «Қизил Тожикистон» газетасига ишга юборилди. Худди шу ўринда Бобожон Ғафуровнинг журналистик қобилияти машҳур адиб Садриддин Айний назарига тушганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. У ёш журналистнинг кучли публицистик иқтидорини пайқаб, унинг ёрқин келажаги ҳақида гапирган.

Айнан мураккаб ўтиш даври воқеликларини тез илғаб олиш, кузатувчанлик ва чуқур таҳлил қилиш қобилияти, бу борадаги туғма истеъдод ёш журналистни ўз ҳамкасбларидан ажратиб турарди. Тарих фанлари доктори Ҳайдаршо Пиримшоев Бобожон Ғафуровнинг бу каби хислатларини таърифлар экан, айни бир пайтда унинг ўзи касб сирларини янада чуқурроқ эгаллаш, мамлакатнинг энг кучли журналистлари қаторига қўшилиш учун билимини орттириши зарурлигини англаганини таъкидлайди.

Шундай қилиб, Тожикистон Республикаси раҳбарларининг қарори билан ёш журналист Москвага ўқишга юборилди. У ўша пайтдаги энг нуфузли олий ўқув юртлардан бири – Журналистика коммунистик институтида ўқий бошлади. Ҳайдаршо Пиримшоевнинг ёзишича, Бобожон Ғафуров ўқиш пайтида назарий билим олиш билан қаноатланиб қолмади. У мамлакатнинг «Правда», «Известия» каби марказий газеталарида амалиёт ўтаб, энг тажрибали, машҳур журналистлардан маҳорат сирларини ўрганди.

-Унинг сурати олий ўқув юртининг фахрига айланган студентлар қаторида турарди, - деб таъкидлайди тарихчи олим Ҳайдаршо Пиримшоев.

Беш йиллик ўқишдан сўнг, 1935 йили Тожикистонга қайтган Бобожон Ғафуров яна «Қизил Тожикистон» газетасида ишлай бошлади. Аввалига муҳаррир ўринбосари, кейинчалик муҳаррир бўлиб ишлади.

Тарихчиларнинг айтишларича, 27 ёшли Бобожон Ғафуровнинг республиканинг марказий газетасига раҳбарлик қилиши энг нозик, мураккаб ва қалтис даврга тўғри келган. Тарихда қатағон йиллари, деб ном қолдирган 37-йиллар яқинлашиб келаётган эди. Матбуотда чиқадиган ҳар бир факт, ҳар бир сўз устида қаттиқ ишланар, кичик бир хато кетмаслиги учун кунлар тунга уланарди. Айниқса, икки ё кўп маъноли сўзларни ишлатишдан тийилар, йўқса, қайси бир қитмир фалон мақоладан миллатчилик, совет тузумига душманлик ҳиди келади, деб ўша сўзларни қурол қилиб ишлатишдан тоймасди. Газетачиликнинг ана шундай оғир дамларида Бобожон Ғафуров ўзининг билими, кенг дунёқараши, зийраклиги, ғамхўрлиги билан фақат «Қизил Тожикистон»да ишлаётган журналистларни эмас, балки кўп сонли ишчи-деҳқон мухбирларини ҳам ғаламислар ҳужумидан сақлаб қола олди.

-Бобожон Ғафуровнинг ишчи-деҳқон мухбири сифатидаги фаолияти каби унинг нуфузли республика газетасига муҳаррир бўлиб ишлаш даври ҳам ўта нозик, мураккаб пайтга тўғри келди. Унинг ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши туфайли, «Қизил Тожикистон» ўзига доғ туширмай, республиканинг етакчи газеталарига айланди, - дейди Дилбар Самадова.

Бобожон Ғафуровнинг айнан ўша хислатлари, матбуотни чуқур тушуниши ҳисобга олинди. У 1936 йили Тожикистон Компартияси Марказий Қўмитаси матбуот ва нашриёт бўлими инструктори бўлиб ишлай бошлади.

1937 йилда эса, мазкур бўлимга мудирлик қила бошлади. Бобожон Ғафуров худди шу йилларда маҳаллий кадрлардан касбий журналистлар тайёрлаш ишига муҳим аҳамият берди. 1936 йил июнида унинг ташаббуси билан район газеталари муҳаррирларини тайёрлаш учун олти ойлик курслар очилди. Бу курсларни муваффақиятли тугаллаган 25 нафар мутахассис маҳаллий газеталарга ишга боришиб, уларнинг фаолиятларини кучайтиришади.

1938 йилда эса, Ғафуровнинг қатъий талабига кўра Тожикистон Компартияси Марказий Қўмитаси марказий ва маҳаллий газеталар учун икки йиллик журналистик кадрлар тайёрлаш мактабини таъсис этди. Ғафуровнинг ўзи бу мактабда дарс берди. Ёшларга матбуот сирларини ўргатди.

Айни бир пайтда Бобожон Ғафуров ўз тажрибасидан ишчи-деҳқон мухбирларининг матбуотдаги ўрнини чуқур англаган ҳолда бу ҳаракатга муҳим эътибор берди. «Мен Бобожон Ғафуровга ҳавас қилиб, газетага хабар ва мақолалар ёза бошлаганман. Устознинг фақат ҳақиқатни ёзинглар, ҳеч кимнинг нафсониятига тегманглар, ёзганларинг жамият фойдаси учун хизмат қилсин, деган гапларига амал қилганман». Бу гапларни менга раҳматли Меҳринисо Зокирова айтганди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида асли исписорлик бу жонкуяр аёл мен ишлаган вилоят газетасига тез-тез келиб турарди. Ҳар гал онахон олиб келган хабар ё мақолани ўқиганимда, ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларни илғаб олишига қойил қолардим. Зокированинг айтишича, Исписорда айнан Бобожон Ғафуровнинг таъсири остида ишчи-деҳқон мухбирлари сони анчани ташкил этган.

Бобожон Ғафуров масъул партия вазифаларида ишлашига қарамасдан, қаламини бир четга қўймади. У энг долзарб мавзуларда мақолалар ёзарди. Шу ўринда фақатгина эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги масаласини олсак. Бобожон Ғафуровнинг «Ўн йил ва озод этилган аёл», «Аёлларга нисбатан феодал-бой муносабатлари қолдиқлари ташувчиларига қарши курашни кучайтириш» каби мақолалари айни шу мавзуда эди. Муаллиф бу мақолаларда маҳаллий аёллар фақатгина жамият учун фойдали ишларда ишлаб қолмасларидан, раҳбарлик ишларига ҳам қодир эканликларини исботлайди. Уларга имконият бериш зарурлигини таъкидлайди.

Тарихдан маълум – 1941 йили Бобожон Ғафуров Тожикистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби этиб сайланди. Кейинроқ ўн йил давомида – 1946-1956 йилларда Тожикистоннинг биринчи раҳбари сифатида ишлади. У бу вазифаларда ишлаганида халқ хўжалигининг бошқа соҳаларини ривожлантириш билан бирга матбуотга ҳам алоҳида эътибор берди. Олима Дилбар Самадованинг фикрича, Бобожон Ғафуровнинг кейинчалик сиёсат арбоби бўлиб етишишида ҳам матбуотнинг хизмати бўлган.

-Агар, масалан, журналист муҳим мавзуда таҳлилий мақола ёзадиган бўлса, кучли билимга эга бўлмаса, дунёқараши кенг бўлмаса, ҳар бир сўз, фикр учун масъулият ҳис этиб, тарозига қўймаса, чуқур мушоҳада юрита олмаса, суҳбатдошлар билан муомала қила олмаса, кўзлаган мақсадига етишиши қийин. Сиёсатчилар учун ҳам шу хислат зарур, деб ўйлайман, - деди у.

Вақти келиб, Бобожон Ғафуров Москвага ишга ўтгач, унинг ташаббуси билан кейинчалик дунёда донг таратган «Азия и Африка сегодня» журнали таъсис этилди. У бу мўътабар журналда 17 йил давомида бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Машҳур сиёсатчи, давлат арбоби, «Тожиклар»дек кучли тарихий асар муаллифи, академик ва албатта, ўткир қаламли, истеъдодли журналист Бобожон Ғафуров меҳнатлари мустақил Тожикистон даврида қадр топди. Унга мамлакатнинг олти нафар забардаст ўғлони каби Тожикистон Қаҳрамони унвони берилди. У туғилиб-ўсган йирик ноҳиялардан бири ва унинг марказига, Хўжанд Давлат университетига, обод кўчалар ва катта-катта мактабларга Бобожон Ғафуров номи берилди. Республика Бобожон Ғафуров музейи бунёд этилди…

Бу қадрлашлар ҳақида ўйлар эканман, тарих фанлари доктори, шоир ва журналист Абдуҳамид Гадоев(жойлари жаннатдан бўлсин)нинг сўзлари эсимга тушади. У киши суҳбатлардан бирида «Мен Бобожон Ғафуров билан бир қишлоқ – Исписорда туғилганимдан, бир касб – журналистикада ишлаганимдан, бир газета –«Қизил Тожикистон» - «Совет Тожикистони»да муҳаррир бўлганимдан фахрланаман. Аслида Тожикистон Қаҳрамони Бобожон Ғафуров муҳаррир бўлган ҳозирги «Халқ овози» газетасида ишлаётган ҳар бир киши, бу газетанинг ҳар бир ўқувчиси, мухлиси бу улуғ инсон билан фахрланса арзийди, деганди. Ҳақ гап. Ҳар гал Абдуҳамид аканинг сўзларини эслаганимда, мана шу икки сўзни тилга оламан – ҳақ гап!

Айни бир пайтда бошқа бир масала ҳақида. Тўғри, Бобожон Ғафуров тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилган, илмий ишлар қилинган, жумладан, журналистик фаолиятлари ҳақида номзодлик иши ёқланган, диплом ишлари ҳимоя қилинган. Лекин Бобожон Ғафуровнинг «Қизил Тожикистон»да ишлаган ҳар икки даври ҳақида ҳам, менимча, бирон илмий иш қилинган эмас.

 

Ўринбой УСМОН,

Суғд вилояти.

 

КАЛЕНДАР

« Декабр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

Эссени жорий қилиш ўзини оқламадими?

 

Ёки ўтган йилги марказлаштирилган кириш имтиҳонлари натижалари таҳлили ва жорий илда эътибор қаратилиши лозим бўлган баъзи жиҳатлар хусусида 

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий тест маркази таъсис этилганига ҳам беш йил бўлди. Марказ ташкил этилиши арафасида, унинг қандай фаолият юритиши, кириш имтиҳонларидаги шаффофлигу коррупцион амалларга қай даражада барҳам беришни таъминлай олиши борасида турли фикру мулоҳазалар пайдо бўлганди.

Муфассал...

ГУЛДАН ГЎЗАЛРОҚДИР ОНАЛАР МЕҲРИ

 

Дариғо, кўп йилким тўкилади қон,

Мусулмон давлатлар аро беомон.

Гуноҳсиз мусулмон сақлаш учун жон,

Мусулмон бўлмаган юртларга томон,

Мусулмон юртлардан қочар мусулмон.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2000466

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7553862
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3912
2506
11628
7486842
13591
161915
7553862

Сизнинг IPнгиз: 18.97.9.171
Бугун: 05-12-2024 15:15:39

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015