Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 23 Август 2019 Кӯришлар: 1673
Печат

 

d karimov 2019Халқимизнинг севимли минбари – «Халқ овози» газетаси тўқсон ёшга тўлди. Тўқсон йил давомида газета элу юртга беминнат хизмат қилиб келмоқда. Шу билан бирга бу муқаддас даргоҳда жуда кўплаб қаламкашлар етишиб чиқди. Уларнинг ҳар бири имкон қадар мамлакатимиз равнақида ўз улушларини қўшганликлари табиий.

На ёзувчилик ва на шоирликка даъвогар эмасман. Мен фақат ҳаётда

кузатганларимни қаламга тушираман. Кўнглим мени шунга ундайди.

Олисларда қолиб кетган болалик йилларимни яхши эслайман. Ўша пайтларда пахта юртимизнинг энг асосий бойлиги саналарди. Даладаги «оқ олтин»нинг сўнгги ҳосилигача жамғарилиб, белгиланган режа бажарилиши учун барча куч сафарбар қилинарди. Биз – ёш болалар ҳам бундан мустасно эмасдик. Кун бўйи оналаримизга эргашиб пахта терардик. Кечга яқин эса, кечаси чувиш учун кўрак – «қашқа» терардик.

- Агар уйқусирамай, кўрак чувисаларинг, эртак айтиб бераман, - деб бизни кўпроқ ишлашга ундарди бечора онагинам.

Онам шоиртабиат бўлганидан жуда кўп эртак ва халқ достонларини ёддан биларди. Биз онамни тинглаб, «қашқа»ларни тозалаб қўйганимизни ҳам сезмасдик. Бундан ташқари, раҳматли онам «Совет Тожикистони» газетасини мунтазам мутолаа қиларди. Айниқса, «Адабиёт ва санъат» саҳифаси у кишига манзур эди. Онагинам газетада ўқиган бадиий битикларни ҳам бизга содда тилда баён қилиб берарди.

Волидаи муҳтарамамнинг адабиётга қизиқиши менинг мурғак қалбимда ижодкорликка майл уйғотган бўлса, не ажаб. Волидамдан эшитган ҳикматли қисса-ю эртаклар таъсирида у – бу нарсаларни қоралаш менда одатга айланганди. Китоб мутолаасига ёшлигимдан қизиққанлигим ҳам шу боисдан бўлса керак.

Она-Ватан олдидаги йигитлик бурчи хизматини Калининград шаҳрида ўтаган пайтларимда, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси - 30 манзилига почта орқали китоб буюртма берардим. Талайгина бадиий асарларни ўшанда мутолаа қилганман. Ўқиб тугатган китобларни эса, ўша ҳарбий қисм кутубхонасига совға сифатида тақдим этганман. Мутолаага қизиқишим мени «губа» (гуноҳ қилган солдатлар жазоланадиган махсус жой)дан сақлаб қолганлиги кечагидек эсимда. Дам олиш куни ўқиган китобларимни баталён кутубхонасига топширгани кетсам, аксига олиб ўша пайтда комбат текширгани келиб қолибди. Тревога билан аскарлар казарма олдида саф тортадилар. Мен кечикиб етиб келдим. Ротамиз командири Тихоновдан сафга туришга ижозат сўрадим.

- Отставит, сержант, - деди командиримиз. – Бир сен учун баталён бир соатдан буён сафда турибди. Қаёққа йўқолиб қолдинг? Хизмат жойини ўзбошимчалик билан тарк этганинг учун уч сутка «губа» эълон қиламан.

Мен қаерда бўлганлигимни тушунтириб бердим. Аммо командиримиз эшитишни хоҳламасди.

- Сабр қилинг, капитан, - деди комбат майор Баранов. – Аслида осиёликлар ёлғон сўзлашмайди. Ва комбат менга юзланди:

- Қани, ростини айт, қаерда эдинг?

Мен бор гапни комбатга айтиб бердим. У киши солдатлардан бирини гапимнинг тўғрилигини текшириб кўриш учун кутубхонага жўнатди. Ўша солдат билан бирга келган кутубхоначи гапларимни тасдиқлагач, мени уч суткалик «губа» жазосидан озод этишди.

У пайтлар технология бугунгидек тараққий этмаганлиги барчага маълум. Шунинг учун ҳам, конверт орқали «Совет Тожикистони» газетасининг «Адабиёт ва санъат» саҳифасини мунтазам олиб, мутолаа қилардим. Йиллар давомида «Совет Тожикистони» газетаси билан бир қаторда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Фан ва турмуш» ва бошқа кўплаб даврий матбуотларни қўлимдан туширмасдим.

Ҳаётимда жуда кўп устозлардан сабоқ олдим. Ўрта умумтаълим муассасасида менга сабоқ берган устозларимдан бир умр миннатдорман. Айниқса, рус тили ва адабиёти фанларидан дарс ўтган синф раҳбарим Леруна Қаюмовнанинг рус адиблари романларидан парчалар ўқиб бериб, китоб ва мутолаага қизиқишимизни кучайтирганлигини айтмайсизми. Ўқитувчим тавсияси билан ўқиган «Бошсиз чавандоз» романи менда жуда катта таассурот қолдирган эди.

Ёшим улғайиб, оқни қорадан ажрата бошлаганимда ижодкорлик дарди ҳаловатимни «ўғирлади». Бир сўз билан айтганда, болаликдан мени ўзига ром айлаган адабиётга бўлган меҳр қалбимда қулф урди. Кўнглим туғёни эса, шеъриятга қўл уришимга сабабчи бўлди. Илк ижодий машқларимни устоз Ўлмас Жамолга кўрсатганимда, ҳаяжондан терга тушиб кетгандим. Севимли шоиримиз камтаринлик билан:

- Ука, сизни деҳқончилик илмининг пири десам, дурустгина қаламингиз ҳам бор экан-ку… Кўпроқ ўқинг, сўз бойлигингизни оширинг. Туйғуларни сатрларда тартиб бериб, ўқувчининг кўнглига йўл топинг, - дегандилар.

Яна бирида «Халқ овози» газетаси редакциясига борганимда, у киши билан бирга ўтирган ёзувчи Қосимжон Мамажонов:

- Биродар, сиз назмда қийналсангиз, деҳқон экансиз, помидор, бодиринг, тарвуз, қовун ва ҳандалакни атрофингизга қўйиб, ҳар биттасидан бир абзацдан ёзсангиз, битта ҳикоя пайдо бўлади. Насрга қўл уриб, илк «Деҳқонгинамдан айланай» сарлавҳали ҳикоя ёздим. Устоз уни ўқиб кўриб:

- Мана, бўлар экан-ку, биз сиздан бундан-да каттароқ асарларни кутамиз, - дегандилар.

Баъзида шу талотумли ҳаётда тушкунликка тушсам, яхшиларни эслайман. Ва уларнинг берган самимий маслаҳатлари менга илҳом бағишлайди, ҳаётга муҳаббатимни оширади.

Биродаркушлик уруши йилларидаги воқеалар барчага маълум. Худди куни кеча бўлиб ўтгандек, машъум хотиралар кишини тарк этмайди. Кенг майдонда ғалла пишиб ётибди, ҳамма оч, лекин ҳеч ким журъат қилиб буғдой ўримига чиқолмайди. Аввалги Коммунистик, ҳозирги Кўшониён ноҳиясининг маркази - «Октябр» шаҳарчасида яшовчи комбайнчи, ҳар куни жонини жабборга гаровга қўйиб, оч халқ учун бир бункердан буғдой ўриб, халқни очликдан сақлаб қолган Тўйчибой ака ҳақида бир материал ёздим. Таваккал қилиб, «Дўстлик» вилоят газетаси редакциясига олиб бордим.

- Ака, жуда яхши мавзуда ёзибсиз, - деди ўша 1994 йил «Дўстлик» газетасида масъул котиб бўлиб ишлайдиган Искандар Маҳмадалиев. – Ёзиб туринг, ҳамкорлик қиламиз.

Аввало «Дўстлик» газетаси ижодий жамоаси, айниқса, Искандар укамнинг маслаҳатлари менга жуда қўл келди. Деҳқончиликдан ажралмаган ҳолда мухбирлик қила бошладим. Бу соҳага киришга мени ундаган Искандар бўлса, қаламкашлик маданияти ва сирларини Нўъмонжон Фахриддиновдан ўргандим. Уларнинг ҳар бирини журналистикадаги устозларим, дегим келади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан буён, Қўрғонтепа шаҳрида устоз Муҳаммаджон Турсунов бошчилигида «Илҳом» - ижодкорлар тўгараги амал қиларди. Даладаги ишлардан бўш пайтларим унда қатнашардим. Домла Муҳаммаджон Турсуновнинг қаттиққўллиги жуда кўп ижодкорларга, жумладан, менга ҳам фойда берди.

Назмда жуда кўп қийналардим, шунда шоир Шодмон Жўра менга:

- Ака, сизда филологик ва луғавий илм йўқ. Шунинг учун, жуда кўп китоб ўқишингизга тўғри келади. Сўз бойлигингизни оширсангиз, туртиниб қолмайсиз, - деганди ўшанда.

Энг аввало, «Совет Тожикистони», («Халқ овози») ҳаётимнинг мазмунига айланди, десам муболаға бўлмайди. Чунки менга ўхшаган оддий бир деҳқон – Давронни Давронбек қилган ҳам шу газета. Бу қутлуғ даргоҳда фаолият юритиб келган устозларимнинг ижодларидан маънавий озуқа олдим...

 

Давронбек

КАРИМОВ.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Бохтар шаҳрида бунёдкорлик ишлари

 

Тожикистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёргарлик тадбирлари доирасида Бохтар шаҳрида 268та иншоот бунёд этилиши кўзда тутилган. Жумладан, ўтган йили 19та иншоот қурилиши бошланиб, уларнинг 10таси фойдаланишга топширилди.

Давлат ҳокимияти Бохтар шаҳри ижроия органидан хабар беришларича, У. Хайём кўчасида биринчи қаватида хизмат кўрсатиш маркази жойлашган

Муфассал...

Гуркираб ўсмоқда битта фарёдгул...

 

Мунглиғ мусофирман,

Келмайсан йўқлаб,

Бардавом йўлларда тўзиб ётган нур.

Тўкилиб боряпман, йироқ - ёвуқлар

Қасдлашиб келганда жонимга довур.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990396

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477344
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3272
4027
20957
7426653
98988
114875
7477344

Сизнинг IPнгиз: 52.14.100.101
Бугун: 23-11-2024 16:41:33

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015