Жорий йилда Суғд вилоятида Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиш олиш мақсадида 1895та иншоот бунёд этиш режалаштирилган. Йилнинг дастлабки уч ойи давомида 360та иншоот қуриб битказилди. Жумладан, Бўстон шаҳрида ичимлик суви қувурлари, шифер ва асбест қувурлар ишлаб чиқарувчи икки корхона, Тожикистон Халқ демократик партияси маҳаллий бўлимининг янги биноси, Гулистон шаҳрида қоғозни қайта
ишлаш корхонаси, «Суғдиён» санаторийси, Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Ғозиён қишлоғида Давлат байроғи майдони, мактабгача болалар таълим-тарбия муассасаси, Хўжанд шаҳрида «Мавж» хизмат кўрсатиш маркази, Абу Маҳмуд Хўжандий номли боғ, замонавий планетарий ва амфитеатр билан, Спитамен ноҳиясида янги мактаб каби юбилей иншоотлари фойдаланишга топширилди.
Шонли байрамгача вилоятда 7110тадан ортиқ ишлаб чиқариш ва ижтимоий иншоотларни бунёд этиш ҳамда таъмирлаб-қайта қуриш режалаштирилган. Агар ўтган йили режадаги 1299та ўрнига 1352та иншоот бунёд этилган бўлса, жорий йилда 1895та иншоот қурилади.
Айни бир пайтда вилоятда янги саноат корхоналари қурилишига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Агар жорий йилда камида 2300 нафар кишини иш билан таъминлайдиган 119та ишхона иш бошлаши мўлжалланган бўлса, аллақачон, 30тадан ортиқ корхона ишга тушди. Натижада, 464та янги иш жойи яратилди.
Ўқитувчи-деҳқоннинг эзгу нияти
Спитамен ноҳияси қишлоқ хўжалиги ходимлари Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг экин ерларидан унумли фойдаланиш борасидаги ундови билан танишар эканлар, кўкламги экин-тикин ишлари суръатини кучайтириб юборишди.
Ноҳиянинг энг йирик Куруш қишлоқ жамоатида ҳам мўл ҳосил ундириш мақсадида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш тадбирлари кўрилмоқда. Қишлоқдаги «Спитамен-текстайл» ҳиссадорлик жамияти аъзолари ва ва мазкур жамият билан шартнома асосида ишлаётган деҳқонлар пахта билан бир қаторда, буғдой, маккажўхори каби донли экинлар экишди.
Ҳиссадорлик жамияти билан шартнома асосида ишлаётган Ғайбулла Раҳимбоевнинг асил касби – ўқитувчилик. У дарсдан бўш пайтларида деҳқончилик билан шуғулланади. Жорий йилда 2 ярим гектар ерда деҳқончилик қилмоқда. Ижарага олинган ернинг бир ярим гектарида пахта етиштириш ниятида. Бу мақсадда ўтган йили қўшни Сарбанд қишлоғи деҳқонлари экиб, гектарига 40-42 центнердан ҳосил олган янги серҳосил навдаги чигит экди.
– Албатта, ҳосилнинг мўл бўлиши уруғликнинг қандай танланишига ҳам боғлиқ. Бу йил экилган чигит нави ғўзанинг кўп касалликларига, жумладан, ўргимчаккана, шира касаллигига чидамли экан. Қолган бир ярим гектарга буғдой, маккажўхори, беда экканмиз. Бир гектарга экилган буғдойдан камида 50 центнер ҳосил етиштиришни мўлжаллаб турибмиз. Шунда буғдой оиламиз учун икки йилга етиб-ошиб қолади. Ортиб қолган буғдойни бошқаларга сотамиз, - деди Ғайбулло Раҳимбоев.
Ҳозир донли экинлар ва беда униб чиққан ва ўқитувчи-деҳқон уларнинг парваришини бошлаб юборган.
Янги боғ ва токзорлар
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасидан билдиришларича, жорий йилда 503 гектардан ортиқроқ майдонда янги боғ ва токзорлар бунёд этилди. Агар бу майдоннинг деярли 500 гектарини мевали боғлар ташкил этса, 43 ярим гектар ерга серҳосил ток кўчатлари ўтқазилди.
Жаббор Расулов ноҳиясида ҳам «2016-2020 йиллар учун боғ ва узумчилик соҳасини ривожлантириш дастури»ни амалга ошириш йўлида янги боғ ва токзорлар бунёд этилмоқда. Жумладан, жорий йилда Руҳак минтақасида 32 гектар майдонда янги боғ ва токзорлар яратилди.
- Бизнинг мақсадимиз – суғориш қийин бўлиб, бўш ётган ерларда ҳам боғ-роғлар яратиш. Янги боғларда бодом, шафтоли, олхўри каби мевали дарахтлар билан бирга, шифобахш наъматак ҳам ўстирилади. Токзорлар барпо этишда серҳосил, майизбоп узум навларини танлаб оляпмиз, - деди ноҳия қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Илҳом Аҳмедов.
Айни бир пайтда ноҳияда ҳосилдан қолаётган эски боғларни тиклаш йўлида ҳам мустаҳкам бел боғланган. Жорий йилнинг ўзида 45 гектар эски боғлар қайтадан тикланди. Қайта тикланган боғларда худди янги боғлардаги каби интенсив, тезпишар мевали дарахтлар ниҳоллари ўтқазишга алоҳида аҳамият берилди.
Иссиқхона неъматлари фаровон
Қиш фасли ва кўкламнинг дастлабки ойларида аҳоли дастурхонига тортиқ қилинган, бозорларни тўкин этган янги помидор ва бодринг вилоятнинг ўзида етиштирилди. Жорий йилнинг ўтган уч ойида вилоятдаги иссиқхоналарда 394 тоннага яқин витаминга бой озуқалар пишиб етилди.
Вилоятда иссиқхоналар бунёд этишга тобора кўпроқ аҳамият берилмоқда. Ҳозирда уларнинг сони 450тага етай, деб қолди. Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасидан хабар беришларича, мавжуд иссиқхоналардан 280таси Хитой усулида бунёд этилган.
Иссиқхоналарда лимон ва гул парваришига ҳам эътибор берилмоқда. Мавжуд иссиқхоналарнинг 176тасида лимон ва гул етиштирилмоқда.
Вилоят маркази Хўжанд, шунингдек, Гулистон ва Бўстон шаҳарларини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутадиган Бобожон Ғафуров ноҳиясида ҳам янги-янги иссиқхоналар қурилмоқда. Сомғор мавзеида хўжандлик тадбиркор Мирзобахтиёр Мирзобаҳодиров ташаббуси билан ана шундай иссиқхоналардан бири бунёд этилди. Гидропоник усулида қурилган 2 гектарлик бу иссиқхонада етишган помидор ва бодринг ҳосили бозорларга чиқарилгач, бу маҳсулотлар нархи сезиларли даражада арзонлашди.
Ноҳиянинг Ғозиён ва Ёва жамоатларидаги иссиқхоналарда эса, сабзавот, кўкат, шунингдек, лимон ҳам етиштирилмоқда.
Ўзингни эҳтиёт қилсанг, бошқаларни ҳам эҳтиёт қиласан!
Гарчи бутун мамлакатдаги каби вилоят ҳудудида ҳам коронавирусга чалиниш ҳоллари умуман қайд қилинмаган бўлса-да, пандемиянинг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари кучайтирилди.
Худди шу муносабат билан академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд Давлат дорилфунунида сиёсий ўқишлар ташкил этилди. Мутахассислар талабаларга коронавируснинг жаҳондаги тарқалиши борасида сўзлаб, унинг юқиши олдини олишга оид фойдали маслаҳатлар ва тавсиялар беришди.
Шу ўринда мазкур олий ўқув юрти бошқармаси томонидан юқумли коронавирус касаллигининг олдини олиш мақсадида дорилфунун муаллимлари ва талабалари орасида муҳим маърифий тадбирлар ўтказилаётганини таъкидлаш жоиз.
Шу асосда дорилфунун ректорининг «Махсус штаб таъсис этишга оид» ва «Муаллимлар ва талабалар саломатлигини асрашга оид» икки фармойиши қабул қилинди. Улар асосида вилоят дезинфекция ва профилактика бошқармаси ҳамда Хўжанд шаҳар санитария-эпидемиология бўлими билан дорилфунун таълим биноларини зарарсизлантириш борасида шартнома тузилди. Ва бу муҳим иш мунтазам йўлга қўйилди.
Дорилфунун тизимлари мавжуд 19та факултет, тўртта талабалар ётоқхонаси, марказий кутубхона ва ўқув иншоотларида мунтазам назорат олиб бориш учун масъулларни бириктирган. Масъуллар махсус жадвал асосида тозаликни, санитария-эпидемиология ҳолатини назорат қилишмоқда. Таълим биноларида ва ётоқхоналарда дастлабки ёрдам кўрсатиш учун зарур дорилар муҳайё қилинган. Шифокорлар ўқитувчилар ва талабаларнинг саломатлиги йўлида мунтазам равишда уларнинг иссиғини ўлчаб, зарур маслаҳатлар бериб туришмоқда.
Тезпишар мевали боғлар кўпаймоқда
Спитамен ноҳиясидаги Турсун Ўлжабоев номли қишлоқ жамоатида жойлашган "Шарқ" деҳқон хўжалиги аъзолари ҳали кўклам эшик қоқишига анчагина вақт бўлишига қарамай, кўчат ўтқазишга киришиб кетишди. Аллақачон, 900 тупга яқин мевали дарахтлар ниҳоллари ўтқазилди. Бу билан 1 гектар ерда янги боғ яратишга асос солинди.
Хўжалик боғбонлари олдинроқ 2 гектар ерда интенсив боғ бунёд этишганди. Янги боғ ҳам интенсив бўлади ва ўтқазилган кўчатлар одатдаги дарахтларга қараганда, анча тез ҳосил беришга киришади.
- Хўжалигимиз аъзолари яратилаётган боғда етиштириладиган мевалар эл дастурхонини тўкин қилиши билан бирга, ўзларига ҳам яхши фойда келтиришини биладилар, - деди хўжалик раиси Мақсуджон Отабоев.
Фақат "Шарқ" деҳқон хўжалигида эмас, балки ноҳиянинг бошқа хўжаликларида ҳам интенсив боғлар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳозиргача тезпишар мевали дарахтлардан иборат боғлар майдони 300 гектарга етди.
Умуман, Спитамен ноҳиясида Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган ободончилик ва бунёдкорлик ишларининг кўлами тобора ошиб бормоқда.
Ўз мухбир.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таъкидлаганидек, суғориладиган ерларда илм-фан ютуқлари асосида пахта ҳосилдорлигини ошириш, енгил саноат ривожининг асоси ва кўплаб иш жойлари манбаидир.
Эътибор берайлик, Вахш водийсида пахтачилик соҳасидаги вазият яхши томонга юз тутмаяпти. Чунки репродукцияси стандартга мувофиқ
Муфассал...
13 октябр куни Душанбе шаҳрининг Абулқосим Фирдавсий номидаги маданият ва истироҳат боғида Меҳргон ва Деҳқонлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппарати, бир қатор вазирлигу идоралар, комитетлар ва аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015