Қизчани гўдаклигидаёқ кўпчилик меҳр билан қўлга олмади. Ҳатто, ота-онаси ҳам уни бошқа фарзандларидек юрак-юракдан суйиб эркалашмади. Андаккина бўй чўзиб, бошқа қизчалар билан қўни-қўшниникига кирганида ҳам, уни алоҳида ажратиб қўйишгандай, хушламайгина қарши олишарди. Дарҳақиқат, унда кишини беихтиёр ром этадиган, юракни жизиллатадиган нимадир етишмасди. Ана шу «нимадир» кўп йиллар уни таъқиб этди, ҳаётда ўз ўрни ва
йўлини топишига кескин тўсқинлик қилди, бахтига тўғаноқ бўлди.
Қизчани хунук, деб бўлмасди. У шунчаки, хунуккина эди. Сочлари сарғимтир, сийрак, нимжонгина, худди узоқ вақт тўшакда михланиб қолган беморнинг сочини эслатарди. Пешонаси кенг, бунинг устига - дўнг. Қулоқлари ўғил боланикидек қалин, беўхшов, шалпангқулоқ бўлмаса-да, ҳар қалай кўпроқ ухлаб ётган қуённинг қулоқларини эслатарди. Бурни бежирим ҳам эмас, хунук ҳам эмас, эл қатори икки вазифани – нафас олиш ва иккала кўз бир-бирини ўйиб еб қўймаслиги учун ўртада воситачилик қилиб турган бир нарса эди. Бетига сепкил тошган, юз тузилиши ҳам аниқ шакл-шамойилга эга эмас. Бир қараганда, бетининг кўз-қош қисмлари бинойидек бошлангандай, лекин бурун, ияги томон энган сари айний бошлаган. Қошлари қошни эмас, шунчаки, бетартиб ўсган сарғимтир туклар йиғиндиси бўлиб, агар диққат билан қарамасангиз, ўша ҳам унчалик кўзга ташланмасди. Бояқиш онаси уни илк бор мактабга жўнатиш арафасида хуноби ошиб кетди. Сочини иккита қилиб ўриб, лента тақмоқчи эди. Сочи битта ўримга етиб, иккинчисига камлик қилиб қолди. Битта қилиб ўриб, бошининг устига йиғиб, каттароқ лента боғламоқчи эди, бошининг орқа қисми устарада қириб ташлагандай, ялтираб очилиб қолди. Кейин яна сочини ёйиб ташлаб, бошига қизларнинг ироқи дўпписини кийдириб кўрди. Хуллас, ўша куни тенгдошлари икки соат дарс ўқишганидан сўнг, у мактабга кириб борди. Қизчанинг биз тасвирга олган барча зоҳирий кўриниши унинг кулгуси олдида ҳолва эди...
У ҳали мактабга бормасди. Бир куни бувиси уни ёнига чақирди. Онаси қўшниникига, отаси ишга кетган маҳал… Бувиси ўнг қўлини набирасининг чап елкасига қўйиб, унга бошдан-оёқ тикилди. Қайта-қайта тикилди. Худди илк бор, дафъатан кўраётгандай… Сўнгра бошини, сочларини узоқ силади. Кўзлари намланди.
– Кимга ўхшадинг болам, - пичирлади буви…
Бир муддат ўтиб, саволига ўзи жавоб бераётгандай, пичирлашда давом этди.
– Бу ҳусни-тароватинг билан ҳеч қачон бахтли бўлолмайсан… Бировнинг назарига ҳам тушмайсан… Тақдирингга нималар битилган экан, сен шўрликнинг… Буви узоқ сукутга толди. Кейин чувалашиб кетган хаёлларини яна йиғиштириб олди.
– Муомаланг ўта ёқимли, тилинг ширин бўлса, одамларга аралашиб кетоласан… Эркалигингни ҳеч ким кўтармайди. Жудаям меҳнаткаш, заҳматкаш бўлишинг керак. Шу йўл билан кўпчиликка қўшилиб кетишинг мумкин. Ё дунёвий, ёки исломий илмга меҳр боғласангмикин?
Қизча бувисининг гаплари маънисини англамаса-да, ҳар қалай, унинг замирида қандайдир совуқ, нохуш башоратлар мужассамлигини ушоқдек юракчаси билан бир қадар туйди. Унинг болаларга хос инжиқликлари, ота-онасига, хола-аммаларига эркаланиб-суйкалишлари ўша кундан бошлаб барҳам топди. Бувисининг ўша кунги гапидан сўнг, болалиги билан видолашди. Имкон қадар одамлардан четроқда юришга ҳаракат қила бошлади. Мактабга ҳам бировлар назарига тушмасдан, шарпадек келиб кетарди. Ҳеч қачон биринчи бўлиб гап бошламас, саволларга қисқа, эшитилар-эшитилмас овоз билан жавоб бериб қўяқоларди. Унинг очилиб-сочилиб юрганини, хандон отиб кулганини шу пайтгача биров эшитган эмас… Сабаби, у хунуккина эди. Бора-бора хунуклик тушунчаси унинг зоҳирий оламидан, ботиний дунёсига ҳам сингиб кира бошлади. Юрагининг ҳар бир депсиниши, томирида оқаётган қонлар унинг хунуклигини бот-бот эсига солиб турарди, гўё… Гарчи чиройли, истараси иссиқ бўлмаса-да, кўнгли синиқ бу қизчанинг ҳам фахрланишга арзийдиган устунлик жиҳати бор эди. Қизчанинг чиройли исми бор. Кўп яхши ниятлар билан унга бу исмни бувиси қўйганди.
Мактабдами, кўча-кўйдами, кимдир зерикканиданми ёки шунчалик қизиққаниданми, қизчани саволга тутиб қоларди.
– Кимнинг қизисан?
– Турсуналининг….
– Отинг нима?
– Шафтимижгон…
– Ваа-аа-ай! …
Шу билан йўловчи ва қизчанинг савол-жавобига узил-кесил якун ясаларди. Ўткинчида эса, ёрқин таассурот қолдирган ягона нарса – унинг исми бўларди, холос… Шафтимижгон… Қизча буни яхши тушунарди. Бошқа саволга тутмасликларини ҳам аниқ ҳис этарди. Шунинг учун ортиқча илтифот ҳам кутиб ўтирмасди. Ҳар ким ўз йўлига кетарди. Оиласида, мактабида кўплаб одамлар қуршовида бўла туриб ҳам, мудом ўзини танҳо сезарди. Қанча-қанча танловлар, кўриклар, мусобақалар бўлиб ўтмади, дейсиз бу орада… Шафтимижгонни ҳеч ким эсламади, таклиф этмади. Кўришса ҳам, кўрмасликка олишарди, атайин. Атрофдагилар, мактабдошлари учун Шафтимижгон деган қиз йўқ эди, гўё. Гўё, у ҳали дунёга келмаганди. Мактабни тугатгунча, бояқиш қизнинг бошидан не кунлару не савдолар ўтмади.
Эҳ-ҳе, бу ўртада синфдошлари неча марталаб севишиб, неча марталаб севилишди. Шафтимижгон ҳам бўйга тортиб, қизларга хос жиҳатлари кўзга ташланиб борса-да, синфдош болалар бир ёқда турсин, ҳатто, юқори синф ўқувчилари ҳам қиё боқиб қўйишмади. Кўнгли учун ҳам тегажоғлиқ қилиб кўришмади, бир мартага бўлса-да, билагидан тутишмади. Балога йўлиққурлар, тўрт энлик хатни ҳам раво кўришмади.
Танаффус бўлди дегунча, қизларнинг шивир-шивири кўпайиб қоларди. Шафтимижгон суҳбатга қўшилмаса-да, ҳамма-ҳаммасини билиб турарди… Кимга кимдан хат келганини, кимга ким кўнгил қўйганини, ким кимсиз бир дақиқа бўлсин, яшай олмаслигини музокара ва мунозара қилишарди қизлар…
– Биласизларми қизлар… Куни кеча Акрам хилват пайт топиб, мени эшикка қисиб бўса олса - деганларини ҳам эшитиб қолди бир кун…
Шунчалар ҳам ҳаваси келди уларга, шунчалар ҳам ҳасади келди уларга…
– Нимам кам менинг улардан, - уввос тортиб юборишига оз қоларди шундай кезларда. -Ҳаммага етган меҳр, бахту тахт, нега менга қолганда тугаб қолади?
Лекин нимаси камлигини, нега ундан бахту тахт юз ўгириб кетаётганини ич-ичидан сезиб турарди. Шундай онларда унинг жонига Шафтимижгонлиги оро кирарди. Шафтимижгонлиги ўзига ҳам ёқарди. Кунлар шу зайлда ўтаркан, қиз умрининг энг нодир фаслида севги аталмиш илк ғунча юз очиб, жамол кўрсатди.
Унинг қалбида ҳам баҳор чечаклари куртак ёзиб, чирой очди. Ҳаётида жонланиш бошланди. Шу пайтгача ўзи минг бора юриб, минг бора қатнаган йўлак четида анвойи гуллар борлигини энди пайқади. Мактаб ҳовлисидаги қатор мажнунтолларнинг солланиб турган сочлари бу қадар мафтункорлигини илгари ҳеч ҳам туймаган экан… Неча ойдирки, синфдоши Икром кўзига оловдек бўлиб кўринади. Ўтирса ҳам, турса ҳам, кўз олдида унинг суврати… Қани энди, ўғил бола бўла туриб Икромдан ҳам бир садо чиқа қолса…
Қиз бола боши билан қўлидан келган ҳамма ҳунарини қилиб кўрди Шафтимижгон. Икром эса, кўз қисиш у ёқда турсин, лоақал кипригини ҳам пирпиратиб қўймайди. Шафтимижгон эса, ўз ёғига ўзи қовурилиб қолаверди. Дугоналаридан маслаҳат сўрай деса, дугонанинг ўзи йўқ. Бўлганда ҳам, «сенга севгини ким қўйибди, тасқара» деб, бетига шарт-шурт айтиб ташлашдан ҳам тойишмайди. Бўй етган қизларга хос ноз-нузини ишга солай деса, аниқ биладики, кулгуга қолиб, масхара бўлгани ортиқча…
Ўйлай-ўйлай бир куни танаффус маҳали Икромнинг ёзув дафтарини ўзига сездирмасдан олди-ю, сумкасига жойлади. Бир ой бадалида, уйқудан қолса-да, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, синфдошининг ҳуснихатини машқ қилди. Машқ шу даражага бориб етдики, Шафтимижгоннинг қўллари билан ёзилган нома мабодо, Икромнинг қўлига тушиб қолса, бу бировнинг қўли билан қоралангани етти ухлаб тушига кирмас, аксинча, ўзининг шундай бежирим хуснихати борлигидан ўзи ҳам чексиз мамнун бўларди.
Шафтимижгон бутунлай ўзгача йўл тутди. Икромдан садо чиқавермагач, унинг номидан Икромнинг ҳуснихати билан Шафтимижгон номига ишқий нома битди.
«Салом, Шафти. Ушбу мактубни битгунча билмадим, неча марталаб қоғоз бурдалаб, қайтадан ёзишга тутиндим экан. Сизга бўлган муносабатим тўғрисида ўзингизга айтмоқчи бўлиб, такрор ва такрор оғиз жуфтладим. Лекин ҳар сафар Сизни кўрган заҳоти тилим айланмай, ғўлдираб қолавераман. Шунинг учун олдингизда изза бўлишни истамай, Сизга, Сиздек бир соҳибжамолга бўлган муҳаббатимни охир-оқибат икки энлик хат орқали изҳор этишга азму қарор қилдим. Мен учун биргина Шафтимижгон исмингиз олам-олам қувонч ва бахт бахш этгуси.
Икром».
Ишқномани Икромнинг ҳуснихати билан қайта-қайта солиштириб кўрди. Қуйиб қўйгандай ўхшаш. Қиз боланинг қўлига тушса, ҳадиксираши мумкин. Лекин ўғил бола довдирроқ келади. Фаҳми етмайди.
Эртаси куни ҳали дарс бошланмасдан бурун, Шафтимижгон Икромнинг рўпарасида пайдо бўлди.
– Бу нима қилиқ яна, - деди Икромга таҳдидли оҳангда. -Менинг қанақалигимни билатуриб, нега соҳибжамол, деб ҳақоратлайсан. Қачондан буён мен сен учун соҳибжамол бўлиб қолдим.
Табиийки, томдан тараша тушгандай бу дағдағадан Икромнинг ҳуши бошидан учди.
– Ким сени ҳақоратлабди, Шафти, тушунтириб гапирсанг-чи?
– Ҳақоратламаганинг шуми ҳали? - Шафтимижгон бўш келмади. Ўн беш йилдан буён мен Шафтимижгонман, соҳибжамол эмас, соҳибжамол бўлолмайман ҳам.
– Сени ҳеч ким ҳақоратлагани йўқ, соҳибжамол ҳам дегани йўқ!- Икром ҳеч нарсага тушунмаса-да, ҳар эҳтимолга қарши ҳимояга ўтди.
– Ана кўрдингми, - Шафтимижгоннинг кўзига ёш қуйилиб келди. -Бир мартагина соҳибжамол десанг, асаканг кетармиди, - лаблари пичирлади унинг.
Юлдуз десам, ой экансиз,
Гўзалликка бой экансиз.
Муҳаббатдан оғиз очсам,
Қотиб қолган лой экансиз.
-Ма, хатинг ўзингга насиб қилсин…
Ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтди. Икром нафақа ёшига етибдики, ҳануз бу жумбоқнинг тагига етолгани йўқ. Шафтимижгоннинг эса, ҳеч кимга ғайирлиги ҳам, ҳасади ҳам йўқ эди. Фақат унинг борлигини билишса, унда ҳам қалб борлигини тан олишса. Унинг ҳам севиш ва севилишга ҳақи борлигини, унда ҳам юрак вужудлигини ва ўша беғубор юрак амри билан кимдандир тониб, кимгадир топиниб яшаётганини билишса, кифоя эди. Шафтимижгон бўйи етиб, балоғат ёшига қадам қўйганида ҳам, кўзгуга меҳр қўймади. Ўқишни ҳам орзу қилмади. Ўзини меҳнатга урди. Иш танлаб, маош талашиб ҳам ўтирмади. Дуч келган биринчи қаҳвахонага орқа-олдини суриштириб ўтирмай, идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга жойлашди. Айни ўн етти ёшида. Вақт югурик, деганлари бежиз эмас. Шунга ҳам етти-саккиз йил бўлиб қолибди. Бу вақт оралиғида на қаҳвахона хўжайинидан, на ҳамкасбларидан бирон оғиз дакки эшитмабди. Аксинча, Шафтимижгон - ҳамма учун беминнат дастёр. Кимнинг фавқулодда юмуши, зарур иши чиқиб қолса, унга таянади.
Ана шундай оддий иш кунларининг бирида қаҳвахона мудири:
- Шафтимижгон! Бугун опаларингга вақтлироқ жавоб бераман, - деб қолди. - Ҳаммалари ёш болали. Бир кун бўлса ҳам, чуғурчуқлари ёнида бўлсин… Сени ҳар ҳолда, юкинг енгил. Бола-чақали бўлсанг, сенга ҳам имтиёз берилади. Вазифангга кирмаса ҳам, битта-яримта мижоз келиб қолса, ўзинг эпларсан. Абдували сенга кўз-қулоқ бўлиб туради. Тунги соат 11да дўконни бекитинглар-у, ҳамма уй-уйига…
Шафтимижгон ноилож қолди. Учинчи йил бўляпти, биронта мижозга хизмат кўрсатиш у ёқда турсин, кўзига ташланмаган ҳам. Унинг вазифаси пишир-куйдир. Иши ичкари билан боғлиқ.
Хўжайинлари айтгандай, тунги соат ўндан кейин ёлчитиб биронта хўранда ҳам келмади. Қаҳвахона эшигини энди бекитишга чоғланиб туришганди, ширакайфроқ бир мижоз ташриф буюриб қолди.
– Юзта ароқ, - буюрди у столга ўтирар-ўтирмас. -Ўзимизникидан бўлсин.
Абдували юзтани стаканга қуйиб, Шафтимижгоннинг олдига суриб қўйди. Қошини учириб, олиб бор ишорасини қилди. Шафтимижгон мижознинг столига юзтани қўйиб кетди.
– Чекишга топиладими?- мижоз уни қайтадан чақирди. -Малборо, иложи бўлса…
Шафтимижгон сигарета ҳам келтирди. Хўранда сигаретани лабига қистирган куйи, Шафтимижгонга юзланди.
– Гугурт…
– Нима? - Шафтимижгон дафъатан унинг гапини эшитмай қолди.
– Гугурт деяпман, қулоқдан ҳам Худо берганга ўхшайди.
– Ҳа-я, гугурт, мана ҳозир, - қиз чопқиллаб гугуртга кетди. Уни келтириб мижозга узатди.
– Ёқмайсанми, - у сигарета қистирилган лабини Шафтимижгоннинг гугурт тутган қўлига олиб борди.
– Қанақа, нўноқ официанткасан? Бир пас ўтир ёнимга, - мижоз сигаретасини икки-уч бор буруқситиб тутатаркан, Шафтимижгонни столига таклиф этди.
– Йў, йў, раҳмат, мен хизматдаман. Хизмат пайти мижозлар билан ўтириш мумкин эмас.
– Мумкинмасмиш, - ғудранди хўранда. - Агар келишган, жингалаксоч, қўнғиз мўйлов, чиройли олифталардан бўлганимда, таклифимни кутиб ўтирмасдан, ўзинг келиб ўтирардинг-куя. Асалга ёпишиб қолган чивиндай кетолмай ҳам қолардинг ёнимдан. Қарадингки, хунукман, бадбашараман, юрагингни жизиллатадиган ҳеч вақо йўқ. Бунақаларнинг тезгина пулини шилиб, ковушини тўғрилаш пайидан бўласанларда-а? Ё нотўғрими? – мижоз гапини маъқуллатиш учун яна Шафтимижгонга юзланди. – Чиройлиларни кўрсам, - у Шафтимижгоннинг жавобини кутиб ўтирмасдан, яна давом этди. – Юзини тимдалаб ташласам дейман, киприкларини битталаб юлиб, афт-башарасига қора бўёқ чаплаб ташласам дейман. Биласанми, нима учун? – у яна Шафтимижгонга тикилди. – Сабаби, у менинг ҳуснимни ўғирлаган. Менга тегишли улушни ҳам ўзиники қилиб олган. Энди қара, кимдир ҳуснига маст бўлиб, кун бўйи тошойна олдидан кетолмайди. Менга ўхшаган тасқаралар-чи? Кундуз куни бировни чўчитиб юбормаслик учун тунда кўчага чиқамиз. Сенинг қаҳвахонангга ҳам ҳамма чиройлилар, гўзаллар еб-ичиб кетгандан кейин, писибгина кириб келамиз. Ростини айтсам, Худонинг «сортировочный» пунктига ҳам беш кетмадим. Кимгадир ҳуснни ботмонлаб берармишу, кимга қолганда мисқоллаб…
– Мана сен, мисол учун, отинг нимайди?
– Шафтимижгон.
– Вў, золотое имя! – мижознинг кўзида ўт чақнаб кетгандек бўлди.
– Масалан, мисол учун, сен Шафти нима? Ҳа, ҳа, ўша мендек бадбашарага турмушга чиқишга рози бўлармидинг? Ни за что! Сабаби сен чиройлисан, сен бошқа жамият аъзосисан, бошинг шамолда қолган эмас! Ҳам ҳуснингни увол қилиб, ҳам бир тасқарадан маймунсифат бола орттириш – сенга нимага керак! – Шафти, мени кечирасан-у, яна юзта тортгим келиб қолди. Келтирасанми?
Шафтимижгон юзта ичимликни газаги, озгина мева-чева, лимон шарбати ва музқаймоқ билан мижозга келтириб, унинг ёнига ўтирди.
– Биласанми Шафти, чиройли одамга нима кийса ярашиб кетаверади. Шунга ҳеч эътибор қилганмисан? Кўчада ҳилпираб турган байроқни шундай юлқиб олиб, эгнига ташлаб кўрсин-чи? Гулдай очилиб кетади. Бир соатдан кейин қарабсанки, шаҳарнинг тенг ярми байроқдан кўйлак тиктириб олган. Бозорда отлиққа байроқлик мато қолмайди. -Оҳ, оҳ, оҳ! Хунукдан Худо паноҳ берсин! Қора кийса, бўғилиб қолади, рангли кийса, светофор нима, у нима фарқлаб бўлмайди, оқ кийим кийса, ёнғин пайти куйиб қорайиб кетган симёғочни оқ чойшабга ўраб қўйгандек кўринади. Хуллас, турган-битгани куйдиргулик.
Соат миллари тунги соат ўн иккига бонг урди. Бир ёқда Абдували ич-этини ейди, қачон кетамиз, деб. Бу ёқда эса, топилмас суҳбатдош… Мижоз гўё, ўз кечинмаларинимас, бошдан-оёқ Шафтимижгоннинг ўтмишини ҳикоя қиларди.
– Ўттиздан ортиқ хат ёзибман қизларга, биронтаси жавоб ёзмаса, афтингни кучук ялагурлар. Ҳақоратлаб ёзса ҳам, майлига эди. Фалончи қиз фалончига хат ёзибди, деган отим чиқарди.
Шафтимижгоннинг ўрнидан қўзғалгиси келмас, шеригининг дафъатан туриб кетишидан хавотирланарди. У йигирма беш йилдан буён кутган кишисини топганди, гўё.
Вақт тун ярмидан ошганда, улар хайрлашишга чоғландилар.
– Сиз барибир соҳибжамолсиз, - дея Шафтимижгоннинг қўлини сиқди мижоз. - Агар рози бўлсангиз, мен эртага яна келсам.
– Ихтиёрингиз, - мойиллик билдирди Шафтимижгон.
Шафтимижгонни соҳибжамол дебон кўкларга кўтарган мижозни у уч кун бетоқат кутди. Ундан эса, ҳадеганда дарак бўлавермади. Йўлга тикилавериб, нигоҳлари толиқиб кетди. Хаёл билан бўлиб, товадаги жизиллаб турган ёғга қўлини куйдириб ҳам олди. Ҳамкасблари ҳайрон. Бир-бирига имлаб Шафтимижгонни кўрсатишади. Шафтимижгон эса, шаҳарга сиғмайди, кўчага сиғмайди, қўшиғу куйга сиғмайди. Ун юқи, ёғ юқи қўллари билан сочини тузатади. Фурсат топди дегунча, бошқаларнинг кўзини шамғалат қилиб, ойнага тикилади. Кошки эди, мижозининг кеча ким билан, қаерда ўтиргани ёдидан кўтарилмаган бўлса. Шафтимижгонни соҳибжамол деганини унутмаган бўлса. Қани эди, бугун ҳам ичиб, ширакайф бўлиб келиб қолса? Кайф устида, ёлғондакам бўлса-да, Шафтимижгонни кўп маротаба соҳибжамол деса, Сиз барибир чиройлисиз, деса? Тунов кунги гаплари ёдидамикан? Тўртинчи кун пешинга яқин унинг ўзи келиб қолди.
«Бор-ку, Сизлар билан бирга ишлайди, официантка қиз, исми чиройли», –деганини эшитди.
– Ҳа, ҳа, Шафти, Шафтини қидириб келган, - чувиллашиб қолишди қизлар. Ниҳоят, мижоз Шафтимижгоннинг рўпарасида пайдо бўлди. Қўллари орқасида.
– У кунги беақллилигим ва бетайин қилиқларим учун мени маъзур тутасиз, - у ерга тикилган куйи сўз бошлади. Қуриб кетгур, сал мўлжалдан ошиб кетган экан. Уч кундан буён ич-этимни ейман. Бировнинг гулдай боласига нималар деб алжирадинг, деб. Айтгандай, мана бу гуллар сизга.
Шафтимижгон унинг қўллари нега орқадалигини энди пайқади.
– Тун бўйи Сиз қолиб исмингизни, исмингиз қолиб, Сизни ўйлаб чиқдим.
– Шафти….
– Шафтимижгон.
-Ҳа, ҳа, ўйлай-ўйлай, охирги хулосам шу бўлди. Агар бошингиз очиқ бўлса, фурсат топиб Сиздан хабар олгани келиб турсам. Рози бўлсангиз. Вақти-соати билан эҳтимол, бир-биримизни яхшироқ тушуниб кетармиз. Пайти келиб, мени ўзингизга муносиб кўрсангиз бошим осмонга етарди. Шафтимижгоннинг аъзойи-бадани мисдек қизиб кетди. Умри бино бўлиб, бу каби сўзларни эшитмаганди. Эшитишдан умидини ҳам узганди. Соҳибжамоллигини, замин узра гўзалларнинг энг сараси эканлигини юрак- юрагидан туйди. Гулларни бағрига босди, ўзи ҳам гулга айланиб қолди, гўё. Бу Шафтимижгоннинг эркак киши қўлидан олган илк гулдастаси эди.
Ҳайдаржон ВАФО,
Турсунзода шаҳри.
Восе ноҳиясининг Восе шаҳарчаси, Рустам Холалий кўчаси. Ватаннинг шижоатли фарзанди, генерал-майор Рустам Амакиев яшаган хонадон сари йўл олганмиз. Йўл-йўлакай фарзандини йўқотган онанинг йиғлаши кўзим олдига келиб, ўзимга-ўзим Рустамнинг онаси ҳозир йиғлаши ва унга тайёр туришим кераклигини айтаман. Менга ноҳия ёшлар билан ишлаш ва спорт бўлими мудири раҳбарлигидаги бир гуруҳ ёшлар ҳамроҳлик қилишмоқда. 18-рақамли уй ҳовлисига кирдик. Хоксоргина уй-жой, ток ишкоми тагида бир аёл ўтирибди. Бизни кўрган заҳоти тожикона одоб
Муфассал...
У бир танишимнинг яхшиликни билмаслиги, менинг ортимдан ёлғон-яшиқни гапириб юриши, бир тийин учун яқин дўстини ҳам сотиб юбориши ва яна нималарнидир гапирди. "Сиз бошқачасиз, бир оғиз у ҳақида ёмон гапирганингизни эшитган эмасман. Қайтага яна яхшилик қиляпсиз…"
Мен жилмайдим-да, унинг гапини бўлиб, хайрлашиб кетдим. Йўлда борар эканман, ҳозир бориб, ўша танишимга мени ёмонлашини ўйладим.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015