Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 25 Июл 2019 Кӯришлар: 5808
Печат

 

Ўзим билан мулоқот

sh sattor 2019- Шоди ака, гапни “шаф-шаф” демай, “шафтоли”дан бошлаб қўя қолсак, яъни “Совет Тожикистони” жамоасига қандай қўшилиб қолдингиз?

- 1965 йил. “Зарафшон” газетасининг ўзбек бўлимида қалам тебратиб юрган пайтларим. Март ойининг охирларида “Совет Тожикистони” газетаси ходими Жўра Каримов Душанбедан Панжакентга ташриф буюриб қолди. Таҳририятимизда бир пиёла чой устида анча суҳбатлашиб ўтирдик. Сўнгра Жўра ака “Зарафшон” тахламларининг ўзбекча саҳифасини бирма-бир кўздан кечира бошлади. Бу орада “Суд раисини ким

суд қилади?” сарлавҳали фелетонни мижжа қоқмай ўқиб чиқди. “Бу фелетонни сиз ёзганми?” - деб сўради . “Ҳа”, - дедим. “Натижаси нима бўлди?”- дея қайта сўради кўзойнагини қўлига олиб. “Фелетон ижобий ҳал бўлгунга қадар тортган азобларимни асло сўраманг, устоз”. Шаҳар суди раиси Сангинов “Сен болани ҳали қамоқхонада чиритиб юбораман”,- дея ҳар гал дуч келганида дўқ-пўписани еттинчи осмонга чиқариб қўяр эди. Фелетонни Тожикистон ССР Олий судига жўнатдик. Душанбедан Олий суд аъзоси Хушов Панжакентга келди. “Жиноий иш” қайта кўриб чиқилди. Суд мажлиси тўрт кун давом этди. Филмандар қишлоғидаги мактаб қоровулининг “Директор мени дўппослаб, жисмоний жароҳат етказди”, деган туҳмат тоши туфайли икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Жўрақул Тўраев суд залидан озодликка чиқарилди. “Жуда соз”. Агар бош муҳарриримиз Ҳожи Содиқ рози бўлса, “Совет Тожикистони”га ишга борасизми?”- деб сўради Жўра ака. “Билмадим, ота-онамдан маслаҳат сўрай-чи, нима дейишар экан?”. “Майли, ўн-ўн беш кундан кейин сизга қўнғироқ қилиб натижасини етказаман”,- деб газетанинг ўша сонини олиб кетди.

Ота-онам хурсанд бўлишди. Ўн кундан кейин таҳририятимиз телефони жиринглаб қолди. Ўша Жўра аканинг ёқимли овози: “Ҳожи ака билан гаплашдим. Фелетонингизни ўқиб чиқди ва “чақиринг”, деди. Ишлашга келасизми?” “Ҳа”,- дедим.

Шу-шу, “ИЖ-49” маркали мотоциклимни сотиб, “қайдасан, Душанбе?”-дея йўлга отландим. Бош муҳаррир Ҳожи Содиқнинг иш кабинети. Жўра ака узундан-узоқ таърифлади. Сўнгра котиба Нина “Маориф ва маданият” бўлими мудири Қосим Мамажоновни муҳаррир ҳузурига чақириб келди. “Қосимжон, панжакентлик бу йигит сизнинг бўлимингизга мувофиқ кўринади. Қани, ишлатиб кўринг-чи?”- деди Ҳожи ака.

sh sattor 2019 1Мана, Қосимжон аканинг кабинети. Ҳа, кабинетмисан, кабинет. Баландлиги 4-5 метр, эни 10 метр. Жамоа жам. Қосимжон ака улар билан таништира бошлади: Маҳмуджон Остонов, Маҳмуд Тўлқин, Жума Эргаш, Ўлмас Жамол, Солиҳжон Қаҳҳоров, Кенжа Абдураҳимов. Эҳ-е, бир кабинетда мен билан саккиз киши! Бу аҳволда қандай ижод қилишади? Бора-бора бу муҳитга мен ҳам кўникиб кетдим. Тушлик пайтигача қоғоздан бош кўтармасдан ва “миқ” этмасдан қалам суришади. Тушдан кейин эса, аскиябозлик, латифабозлик шу даражада авж оладики, кулги садоси шундай катта хонага сиғмай кетади.

- Энди асосий мавзуга қайтсак: “Совет Тожикистони” даргоҳида кечган жараёнларни эслаб турасизми?

- Мен ҳам шу саволни сабрсизлик билан кутаётган эдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, касбдошларим сиймоси, юриш-туришлари, одату ижодий фаолиятлари ҳар кун кўз ўнгимда гавдаланиб туради. Ахир, ўттиз йил бирга қалам тебратиб, бирга ҳамнафас бўлиб, оғиру енгилимизни баҳам кўриб, ўша жараёнларни унутиб бўладими?

Жамоа 70 кишидан иборат, 40 нафари ижодий, 30 нафари техник ходим. Аҳиллик, иноқлик, ҳамкору мададкорлик ҳукм сургани-сурган. Қисқаси, бир оиланинг меҳри дарё фарзандлари деяверинг. Ҳатто, қўшни газеталарнинг ходимлари бизнинг таҳририятимизга ҳавас билан қарашар эди. Энг муҳими – газета ўқимишли, таъсирчан, нуфузли минбарга айланди. Натижада, унинг тиражи 120 минг нусхага етди. “Ҳай-ҳай” демасангиз, 150 минг нусхани паққос уриши ҳеч гап эмас эди.

Меҳнат шароити хусусида сўз юритмоқчи бўлсак, ҳозиргидек компютеру данғиллама бинолар қаерда эди? Қоғозу ручка ва даққиюнусдан қолган столу стул. Икки қаватли “Матбуот уйи”нинг қиёфасини бугунги муҳташам бинолар билан бир солиштириб кўринг-а? Газета душанбадан ташқари ҳар кун чоп этилса-да, келгуси беш-олти сонга етадиган материаллар масъул котиб столи тортмасида уюлиб ётар эди.

Бош муҳаррир ўринбосарлари Роҳатой Неъматова, Исмоил Муҳсинов, Абдусаттор Аҳмадалиев, бўлим мудирлари Қосимжон Мамажонов, Ўлмас Жамол, Турон Тўйчиев, Сулаймон Эрматов, Жамолиддин Тошматов, адабий ҳодимлар Жамшид, Солиҳжон Қаҳҳоров, Зокиржон Собиржонов, Санобар Аллаева, Муборак Муҳаммедова, Турғун Дадабоев, масъул котиб Восит Муҳаммедов, кейинчалик сафимизга қўшилган Шариф Нуриддин, Дилмурод Ҳожимуродов, Тоштемир Жўрабоев (Мафтун Жўра), таржимонлар Муҳаммаджон Хўжаев, Собир Ёқубов сингари тили ва қаламидан бол томадиган журналистларни газетанинг қон томирлари, деб атар эдик.

Ҳозир ҳамкорларимнинг деярли 90 фоизи ҳаётдан кўз юмиб кетди. На илож?

Қолганларнинг умрини Худо қилсин зиёда,

Соғу саломат яшаб ғам кўрмасин дунёда.

- Мазкур мақолангизга нима сабабдан “Фелетонлар можароси”, деб сарлавҳа қўйдингиз?

- Эҳ, мен айтмай, сиз сўраманг. Бир фелетоннинг тақдири ҳал булгунга қадар, на ором, на ҳузур-ҳаловат бор эди менда. Чунки фелетонларимда суд, прокуратура, милиция, баъзан шаҳар ёки район партия комитетининг биринчи котиби “калтак”ланар эди. Улар ўзларининг нотўғри ҳукм ёки қарорларини оқлаш ниятида журналист бошига не-не маломатларни ёғдиришмасди! Масалан, “Маҳбус Абдуллаев ва бошқалар” сарлавҳали фелетонни олайлик. СССР прокуратурасидан келган қўли ва қадами нопок терговчилар Гдлян ва Ивановлар Тожикистонда юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритишди. Жумладан, уларнинг буйруғи билан Нов (ҳозирги Спитамен) ноҳиясидаги “Украина” жамоа хўжалиги раиси Абдуллаев билан бирга 9 нафар ҳисобчи, бригада бошлиғи ва пахта тозалаш заводи директори “пахта режасини бажаришда қўшиб ёзиш”да айбланиб, 2 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этилишди. Душанбе қамоқхонасида Абдуллаев билан икки марта суҳбат уюштирдим. У айбсиз эканлигини аниқ далиллар билан исботлаб бергач, мазкур фелетонни бир ўтиришда ёзиб бўлдим. Ана шов-шув, ана тўс-тўполон! Партия газетасини судга бермоқчи бўлишди! Олий суд мазкур ишни қайта кўриб чиқиб, уларни озодликка чиқарди. Шундан кейингина кўнглим бироз ором ола бошлади. Демоқчиманки, журналист жасур, қўрқмас ва ҳақиқатпараст бўлиши лозим. “Туҳмат тоши”, “Туҳмат балоси”, “Чучварани хом санабсиз”, “Қора “Волга” тушди қўлга” сингари фелетонларим ҳам оқни-оққа, қорани-қорага ажратиб бергунча бошим ғалвадан чиқмаган эди.

Мен фелетонларимни кўпинча Ўлмас Жамолга кўрсатар эдим. У айрим жумлалар ўрнига, қалампирли сўзларни жойлаштиришга уста эди. Бир гал дедим: “Ўлмас ака, ҳажвга балосиз, сиз ҳам мундоқ бирон фелетон ёзсангиз бўлмайдими?” “Эҳ, Шодивой укам-а, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Фелетон ёзиш менинг қўлимдан келмайди”, - деди кўзойнагини стол устига қўйиб. “Ҳажвий шеърларингиз фелетондан ҳам зўр-ку?”-дедим кулимсираб. “Ҳажвий шеър бошқа, фелетон бошқа”, - яна бўш келмади Ўлмас ака.

Менинг авзойимни кўриб, хотиним ҳам асабийлашиб қоларди баъзан: “Оғримаган бошингизни оғритиб нима қиласиз, дадаси?” “Ҳа, хотинжон, сен нимани тушунасан? Фелетон ёзишга одатланиб қолибман. Ёзмасам, хумори тутади”, - деб юпатар эдим уни.

Фелетончи ҳам дўст, ҳам душман орттиради.

“Душман хас, хас бўлса ҳам бас”, - деган нақл бор. Масалан, Маҳмуджон Остонов Орженикидзеобод (ҳозирги Ваҳдат) шаҳридан бир фелетон ёзди. Орадан кўп ўтмай, Душанбенинг 191-микроноҳияси сойидан унинг жонсиз жасадини олиб келишди. Бу фожиали ўлим ҳалигача очилмаган “сир” бўлиб қолмоқда. Айтаверсам, гап кўп...

- Ёдингизда сақланиб қолган латифабоп ёки фелетонбоп хотиралар ҳам бордир?    

- Хотиралар ҳаддан ташқари кўп. Майли, бир-иккитасини айта қолай:     Уйланиш арафасидаман. Бош муҳаррир Ҳожи Содиқ 15 кунлик рухсат берди. Панжакентнинг Чорбоғ қишлоғига елдек учиб келдим. Ихчамгина тўй маросими ҳам бўлиб ўтди. Хотин дегани шунчалик ширин бўлар эканми, ишхонага яна 15 кун кечикиб, яъни бир ойдан кейин қайтиб бордим. Ҳожи ака қошларини бироз чимириб, менинг “масалам”ни таҳрир ҳайъатида муҳокама қилди. Аҳил жамоа эмасми, “Ёшлик қилибди Шодивой, бу гал кечиринг, Ҳожи ака”, дея менга ён босишди. Сўнгги сўз менга берилди: “Иккинчи хотин олмайман”,- деган гап оғзимдан чиқар-чиқмас ҳамма қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборса буладими? Энди ўзингиз дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўринг: бундай “қаҳ-қаҳа”дан кейин одамни жазолаб бўладими? Шу-шу, “жазо”дан қутулдим. Ўрни келганда шуни айтмоқчиманки, Ҳожи Содиқ “Ҳақиқати Ленинобод” ва “Совет Тожикистони” газеталарида 40 йил муҳаррирлик лавозимида ишлаб, бирон кишининг бурнини қонатган эмас. Ҳатто, оғзаки “огоҳлантириш” ҳам берган эмас. У кишининг салобати ёки бир оғиз сўзи ҳаммамизга сабоқ, дарс, вассалом. Ҳар уч ойда 50 сўмдан 100 сўмгача бериладиган мукофот пулидан маҳрум бўлмаслик барчамизнинг қон-қонимизга сингиб кетган эди.

Яна бир кулгили воқеа асло ёдимдан кўтарилмайди. Тушлик пайтида масъул котибнинг кабинетида Қосимжон ака, Ўлмас ака, Воситжон ака ва мен “яримта”ни бўшатмоқчи бўлдик. “Русская водка”нинг оғзини энди очаётганимизда Латофат Акбарова билан Мамлакат Нарзибекова “шишаларингизни яширинг, Марказий Комитетдан одам келяпти”,- деган хабарни етказишди. Қаерга яширишни билмаймиз. Стол устида турган Лениннинг ҳайкалчасини кўтариб кўрсам, ичи бўм-бўш экан. Дарҳол шишани стол устига қўйиб, устидан ҳайкалчани ўрнатдим. Марказком ходими у ёқ-бу ёққа кўз ташлагандек бўлди-да, бош муҳаррир хонаси томон йўл олди. Шунда бизни “бало”дан асраб қолган Ленин бобонинг ялтироқ бошидан ўргилиб-айландик, пешонасини силаб-сийпаладик. “Бизни “коммунизм” сари етаклаётган Ленин бобога раҳмат, бу сочларингиз беҳуда тўкилган эмас”,- дея хурсандчиликни давом эттирдик. Бундай воқеалар жуда кўп, айтаверсам тугамайди.

- “Совет Тожикистон” сермеҳмон, қутлуғ даргоҳ эди, дейишади. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

-Мен бу масканни табаррук даргоҳ, деб ҳисоблайман. Биласизми, атоқли тожик адиблари Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Раҳим Жалил, Мирсаид Миршакар, Жалол Икромий, Убайд Ражаб, Лойиқ Шерали, халқ ҳофизлари Жўрабек Муродов, Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамов, Мастона Эргашева, машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоев, ўзбек адиблари Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Зулфия, Мирмуҳсин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа ўнлаб улуғ инсонлар тез-тез қадам ранжида қилиб туришар эди. “Совет Тожикистони” ТошДУ журналистика куллиёти талабаларининг тажриба ўтказадиган майдонига айланган эди. Ана шулардан бири – қадрдон дўстим Сирожиддин Саййид ҳозир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида ишламоқда.

- Бугунги “Халқ овози” газетаси хусусидаги фикрингизни билмоқчи эдик...

- Мен “Халқ овози”нинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутаман ва кўзларимга суртиб ўқийман. Бу - бежиз эмас. Агар ўша даҳшатли 90-йилларда “Халқ овози” бўлмаганда, “Совет Тожикистони” 70 ёшидаёқ бу дунёни тарк этган бўлар эди. Биродаркушлик уруши “Совет Тожикистони” бошига ҳам катта кулфатлар ёғдирди. 42 нафар журналист қуролланган ваҳшийлар томонидан ўлдирилди.

Қадрдон ҳамкасбимиз Зикрулло Валиев ва Ҳомиджон Ҳакимовлар ҳам ана шу қўли қон қотиллар қурбони бўлишди. Ҳамманинг боши тошдек қотган. Кўпчилик ишни ташлаб, боши оққан ёққа қараб кетди. Газета анча муддатда ўз жамолини кўрсатмай қолди. Шундай оғир шароитда “Халқ овози” юзага келди ва у қайта тирилиб, 90 ёшга етди. Шу ўринда, Ҳайдар Жўраев, Жўрақул Ажиб, Ёқубжон Абдуманонзода, Эркин Шукуров, Искандар Маҳмадалиев, Абдулло Саидов, Ўринбой Усмон, Гулфинур Аюпова, Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, Гулчеҳра Сотиболдиева сингари жасур, талантли журналистлар шаънига қанча илиқ сўзлар айтсак, шунча оз. Асил фарзанд ана шундай бўлади! Асил фарзанд ўз отасини асло доғда қолдирмайди ёки “Қариялар уйи”га топширмайди.

Фақатгина бир истагим бор: фелетон жанри ёки “Чертки” бурчаги қайта тикланса, “Халқ овози”нинг таъсир кучи янада ошган бўлармиди? Бу ёғи ижодий жамоага ҳавола. Мен уларга қалам тебратаётган олтин қўлингиз сира толмасин, дейман.

- Ташаккур, сизга ҳам омад тилайман.

 

Шоди САТТОР,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,

Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси,

Лоҳутий мукофоти совриндори.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ҳар гўшада байрам, тантана…

 

Болажоним, мана олти ойдирки, Мустақил ватаннинг бир гўшаси - киндик қонинг тўкилган Деваштичдан салкам беш юз километр узоқда йигитлик бурчингни ўтамоқдасан. Ахир, бу сенинг орзуйинг эди. Муҳожиратдан қайтдинг-у тўғри ҳарбий комиссариат эшигини қоқдинг, ҳарбий хизматга йўлланмани ўзинг сўраб олдинг. Ҳеч ким «повестка» билан сени йўқлаб келган йўқ эди. Раҳмат, болажоним. Эсингдами, ноҳияда бўладиган янгиликлардан мен ўзим хабардор

Муфассал...

Роғун нафақат нур, балки дўстлик ришталарини боғловчи манба ҳамдир

Азиз ватанимиз истиқлолиятга эришгандан сўнг, барча соҳаларда илгари силжишлар, ривожланиш юз бериб, порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташланди. Давлатимиз ва республика Ҳукумати бошчилигида мустақиллик даврида эришилган муваффақиятлар сифатида "Сангтўда-1", "Сангтўда-2", "Помир-1", Роғун ГЭСлари, "Душанбе-2" иссиқлик узатиш маркази, "Қўрғонтепа-Кўлоб" темир йўли, «Қулма-Қароқурум» автомобил йўллари,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990827

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478125
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4053
4027
21738
7426653
99769
114875
7478125

Сизнинг IPнгиз: 18.224.73.157
Бугун: 23-11-2024 17:22:02

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015