Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 28 Июн 2019 Кӯришлар: 1731
Печат

 

dargoh 2019Мактабда ўқиб юрган кезларимда, бир куни келиб, "Халқ овози"дек нуфузли газетада фаолият юритиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. "Замондош" газетасига ишга келгунимча, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ўзбек тилидаги нашри - "Халқ овози" ва хусусий "Замондош" газеталари мавжудлиги ҳақида, ҳатто, тасаввурга ҳам эга эмасдим.

…Мактабни битириш арафасида олий маълумот олиш масаласи

кўндаланг турарди. Лекин моддий томондан қўлимиз қисқа бўлгани учун астойдил ҳаракат қилмагандим. Шундай бўлса-да, Президент квотаси орқали Қўрғонтепа педагогика олийгоҳининг мактабгача таълим муассаси ходими мутахассислиги учун суҳбатдан ўтгандим ҳамки, ноҳиямиз ҳукумати томонидан пойтахтнинг обрўли олийгоҳлардан бири - Қандил Жўраев (ҳозир Садриддин Айний) номидаги педагогика олийгоҳига ўқишга жўнатилаётган абитуриентлар қаторида яна имтиҳон топширдим. Бу олийгоҳнинг рус тили ва адабиёти факултетига шартнома асосида ўқишга қабул қилиниб, Қўрғонтепа ва Душанбе шаҳридаги олийгоҳлардан бирини танлашимга тўғри келди. Аммам пойтахтда яшаши сабабли, Душанбе шаҳри олийгоҳида таҳсил олишни маъқул кўрдим. Биринчи ўқув йили шартнома пули ноҳия томонидан тўланди. Лекин иккинчи курсда ноҳия ҳукумати шартнома пулини тўламай қўйди. Энди ҳар бир студент ўзи тўлаши керак эди. Факултетимиз декани ҳар куни кириб:

- Шартнома пулини қачон тўлайсизлар? Нимани кутаяпсизлар?- дея бизни "тергов" қиларди.

Биз эса: "Ҳеч нарсани кутаётганимиз йўқ. Тўлайдиган пулнинг ўзи қани?!."- дея олмасдик. Онам уйда ёлғиз боши билан сингилларим ва укаларимни боқсинми ёки менинг шартнома пулимни тўласинми?

Охир-оқибат иш излашимга тўғри келди. Газета ва журналистика соҳасига кириб келишимга ҳам шу муаммо сабаб бўлганди.

Ўшанда холаваччам Лазиз Эргашев Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг расмий нашри - "Халқ овози" газетасининг ўша даврдаги бош муҳаррири Ҳайдар Жўраев томонидан таъсис этилган "Замондош" хусусий газетасида фаолият юритиб келаётган экан. Иш излаётганимдан хабар топиб, газетага мусаҳҳиҳ кераклигини айтди ва тезда етиб келишимни сўради.

Бош муҳаррир Абдулло Зуҳуров газетанинг янги сонини қўлимга тутқазиб: "Шуни ўқиб, хатоларини топинг",- деди. Ўзимча газетанинг бир-икки жойидан хато топган киши бўлдим. Хаёлимда эса, бир фикр чарх урарди: "Эй Худо, ишқилиб ишга қабул қилишсин-да". Омадим кулиб, мени ишга қабул қилишди. Шундай қилиб, 2005 йилнинг 1 декабридан "Замондош" газетасида мусаҳҳиҳ сифатида ишлай бошладим.

Қишлоқнинг содда қизи эмасманми, "Эртага ишга келсам бу кабинетни қандай топаман? Қайси эшикка кираман? Бу одамларни бир-биридан қандай ажратаман экан?" - дея ўйлаганман ўша кезлари. Лекин бежизга хавотирланган эканман.

Ўрта мактабдаги таҳсил фуқаролик урушидан кейинги ўқитувчи кадрлар етишмаслиги даврига тўғри келганлиги сабабли, бошқа фанлар қаторида, ўзбек тили грамматикаси ва қоидалари борасида билимимни кучли, деб бўлмасди. Лекин китоб ўқишга қизиқишим боис, иш жараёнида ўқиган китобларим асосида ишлашга ҳаракат қилардим. Бир куни мусаҳҳиҳ сифатида газетадаги бир мақолада "баробар" деган сўзни барча жойда "баравар"га ўзгартириб чиқдим. Менга шуниси тўғридек кўринди. Кутилмаганда кабинетга Жамила опа Жамолова (раҳматли) кириб келиб: - "Баробар" сўзини ким ўзгартирди? - деди. Шунда: "Ҳозир мени уришади", - деб қўрқиб кетгандим. Жамила опа бу сўз икки кўринишда ҳам олинишини айтганди ўшанда.

"Халқ овози" ва "Замондош" газеталарида барча ходимлар биргаликда ва ҳамжиҳатликда фаолият юритишарди. Икки газета ходимларининг барча байрамлару йиғилишлари ҳам биргаликда ўтказиларди.

Ўша пайтлари ҳар бир ходим бугунги кундагидек ишини компютер олдида бажармасди. Яъни компютер қаршисига ўтириб, ундан мустақил фойдалана олмасди. Газета мақолаларининг салмоқли қисми қўлёзмада ёзиларди. Мамлакат турли минтақаларидан келган мақолалар ҳам қўлёзмада бўлиб, аввал устидан ишланиб, эпақага келтирилар, кейин ҳарф терувчига узатиларди. Ҳарф терувчи шўх-шодон қиз Дилафруз Гулова матн териш жараёнида "х" билан "ҳ" ҳарфларининг фарқига унчалик бормаганлиги учун иш жараёнида сўраб турарди: - "Ҳасанбой"нинг думи борми ("Х" ҳарфининг демоқчи)? Биз: "Ҳа, Ҳасанбойнинг думи бор, лекин хар (эшак)нинг думи йўқ",- дея кулишардик.

Компютерда ишлашни ҳам Дилафруз ўргатганди. У бирор иш билан ташқарига чиқса, компютери қаршисига ўтириб, матн тера бошлардим. Лекин клавиатурада ҳар бир ҳарфни узоқ қидирардим. Қайтгач: "Ҳа, компютерда ишлашни ҳам ўрганяпсиз. Молодец!" - дея руҳлантириб қўярди.

Баъзан компютерда бир қўл билан ҳарф тераётганимизни кўрган ҳамкоримиз Абдулло Саид: "Қизлар, икки қўллаб ишлашга ҳаракат қилинглар. Акс ҳолда, бир қўлда ҳарф теришга одатланиб қоласизлар",- дея маслаҳат берарди.

Ўша кезлар ахборот-коммуникацион технологиялар унчалик ривожланмаганди. Бугунгидек бутун мамлакат бўйлаб интернет маълумотларидан кенг фойдаланиш қаёқда? Интернет тармоғига уланиб, ундан эркин фойдаланиш бир ёқда турсин, у билан "Сиз", дея муносабатда бўлардик. Чет эл хабарлари ва бошқа ўқимишли материалларни бугунги кундаги каби ўз вақтида ва кечиктирмасдан беришнинг имкони бўлмай, бошқа газеталарда чиққан материаллар асосида тайёрланарди. Бугун эса, ҳар бир ходимнинг иш столида интернет тармоғига уланган замонавий компютерлар мавжуд бўлиб, истаган вақтларида мамлакат ва дунё ҳаётида юз бераётган янгиликлару ўзгаришлардан ўз вақтида танишиб бориш имконияти мавжуд.

Газетада янги иш бошлаган давримда бугунгидек катта сиғимга эга флешкалар оммавийлашмаганди. Саҳифаловчига материаллар сиғими кам бўлган, унча узоққа бормай, тез бузилиб қолаверадиган дискеталар орқали узатиларди. Дискета бузилса, раҳбарларнинг ёнига янгисини сўраб киришга ўнғайсизланардик. Чунки: "Дискетани яна буздиларингми?" - деган даккини эшитишдан қўрқиб қолгандик.

Тўғри, бугунги кунда флешкалар оммавийлашиб кетган бўлса-да, улардан ҳам интернет тармоғида бирор муаммо бўлган ҳолатдагина фойдаланамиз. Бошқа ҳолатларда юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар бир ходим ўз мақоласини интернет орқали бир-бирига узатади. Бу эса, вақтнинг тежалиши ва ишнинг унумдорлигига ҳисса қўшади.

Яқин вақтгача саҳифаланган газета плёнкаларга кўчирилиб, кейин босмахонага олиб бориларди. Энди эса, газетанинг "ПДФ" варианти флешкаларда чопхонага топширилмоқда. Бу ҳам ходимлар ишини анча осонлаштирди.

"Халқ овози"ми, "Замондош"ми, ишқилиб, ҳар иккала газетага ҳам аксарият ишчилар ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган ҳолда келиб, шу ерда иш ўрганишган, шу даргоҳда журналист ва ижодкор сифатида шаклланишган.

"Замондош" газетасида тасодифан иш бошлашим ҳаётимни журналистика соҳаси билан боғлади. Газетамизда "Давлат автомобил нозирлиги хабар беради" рукни остида ҳар ҳафта республика автомобил йўлларида рўй берган йўл-транспорт ҳодисалари ёритиб бориларди. Ишлаш билан бир вақтда, рус тили ва адабиёти факултетида таҳсил олаётганим сабабли, рус тилида келган ушбу материални менга таржима учун беришарди. Мактабда рус тили дарси деярли ўтилмаган (кўп бўлса, ўн марта ўтилгандир), рус тилидаги оддий сўзларни ҳам билмайдиган ва курсдошларининг: "Шаҳарнинг қайси томонида турасан?" - деган саволига: "Мост (кўприк) томонда тураман",- деб жавоб берган одамнинг компютер варағида бир саҳифа материални ўзбек тилига ўгиришини ўйлаб кўринг (Чунки аммам дарсдан қайтганда, маршруткачига: "Мостдан кейин тўхтатинг", - дегин, деб ўргатганди. Мен бўлсам, "Мост" деган жойда турар эканман-да, деб юрганман). Бунинг устига, рус-ўзбек тили луғати ҳам йўқ. Материалнинг фактларини олиб, минг бир машаққат билан таваккал "таржима" қилиб бераверардим. Бугун "Халқ овози" газетасида юритаётган таржимонлик фаолиятим ана шу машаққатлардан бошланган эди. Бугун ҳам ўзимни моҳир таржимон, дея олмайман. Лекин ўша даврдаги таржимонлик билан бугунги кундагисининг орасида ер билан осмонча фарқ бор.

"Замондош"да мусаҳҳиҳ, ҳарф терувчи ва саҳифаловчи сифатида фаолият юритишим, келгусида мамлакат Ҳукуматининг сиёсатини ўзбек тилида тарғиб қилувчи "Халқ овози" газетасида мухбир, таржимон сифатида ишлашим, тажриба орттиришим ва ниҳоят, ушбу муқаддас даргоҳда бўлим муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келаётганимга сабаб бўлди. Умуман, газета ва журналистика соҳасига кириб келишим ортидан олийгоҳдаги ўқишимни давом эттириб, олий маълумот эгаси ҳам бўлдим. Агар бу ерга ишга келмаганимда, ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлармидим. Кейинги ҳаётим қайси соҳа билан боғланарди? Буни тасаввур қила олмайман. Ишқилиб, газетада иш бошлаган куним тақдиримни буткул бошқа томонга ўзгартирди. Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ўзбек тилидаги нашри - "Халқ овози"дек муқаддас минбарда фаолият юритиш эса, газетанинг ҳар бир ходими учун фахрланишга арзигулик фаолият, деб ўйлайман. Зеро, газетанинг 90 йиллик фаолияти давомида, бу даргоҳда юзлаб буюк шахслар фаолият юритишган ва газета уларнинг тақдирида ҳам туб бурилиш ясаган. Бугунги кунда ҳам бу жараён давом этмоқда.

 

Г. Аюпова,

"Халқ овози".

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ЗАРАРЛИ ҲАШАРОТ ВА КАСАЛЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ УСУЛЛАРИ

 

Пахта қишлоқ хўжалигининг асосий экини ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатда соҳа тараққиётига жиддий аҳамият бериб келинмоқда. Ўз вақтидаги агротехник тадбирларининг йўлга қўйилиши натижасида пахта яхши ҳосил бермоқда. Лекин пахтанинг интенсив ўсиши пайтида зарар етказувчи ҳашаротлар ва касалликларга қарши ўз вақтида курашмаслик сифатли ҳосил олиш учун  жиддий тўсиқ туғдиради. Бу борада ўсимликларни зарарли организм

Муфассал...

У ватанни қутқариб қолди…

 

Истеъдодли тожик шоири Низом Қосим Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга бағишланган бир шеърида “ Миллат бирлиги учун уруш билан урушдинг...” деган ажойиб, оҳорли сифатлашни келтиради.  “уруш билан урушдинг...” ҳаётий мисра.  Уруш ва низоларга чек қўйиб, тинчлик ўрнатган Миллат пешвосининг асл қиёфасини, характерини, тинчликпарварлигини

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990800

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478077
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4005
4027
21690
7426653
99721
114875
7478077

Сизнинг IPнгиз: 3.133.108.47
Бугун: 23-11-2024 17:18:52

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015