Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 06 Феврал 2019 Кӯришлар: 1439
Печат

 

t ruziboev 2019Одамийлик келмагай то нафс ила жанг бўлмаса,

Барча ёлғон ичу тошинг токи якранг бўлмаса.

 

Кетмагай дилдин ғубори ҳар хатоким айладинг,

Гар чекиб афсус-надомат бирла тавбанг бўлмаса.

 

Гар қаноатпеша бўлсанг, бурда нон, қултум сувинг

Бойлигингдир, «Оҳ, фақирман!» дебки навҳанг бўлмаса.

 

Урмагил лоф ишқ ўтидин ёнмайин парвонадек,

Бил, риё ошиқлигинг ҳам дилда жазбанг бўлмаса.

 

Англамассан лаззати васлини чекмай дарду ғам,

Ҳажри бирла рўзгоринг токи шабранг бўлмаса.

 

Сирри асрори ниҳондан топмагайсан зарра шавқ,

Ишқидин гар дилда ҳайрат ҳисси баҳранг бўлмаса.

 

Бил, йироқдир манзили ишқ, унга етмоқлик маҳол,

Ул суюклинг кўйида гар жони садқанг бўлмаса.

 

Ёр жамолин нуридин бўлгай мунаввар ҳар кўнгил,

Ғайри нақшидин дегайлар, анда гар занг бўлмаса.

Толибо, ишқин кўйида куйганинг ёлғон, агар

Лолагун кўз ёшларингдин доғли саҳфанг бўлмаса.

* * *

Чекмайин зарра азобин лоф урармен ишқидин,

Ўйламай сўнгра итобин лоф урармен ишқидин.

 

Уқмайин ошиқлигу ҳам дарди ёронлик сирин,

Англамай ишқин китобин лоф урармен ишқидин.

 

Ўзлигимдин кечмайин ҳеч, кўйида ҳам жон қушин

Этмайин сайди уқобин лоф урармен ишқидин.

 

Ҳажрида чеккан азобу, дилда ишқ туғёни деб,

Сув уза сузган ҳубобин лоф урармен ишқидин.

 

Булҳавасдай турфа дилбар ҳажрида оҳлар чекиб,

Эсламай Мийсоқ хитобин лоф урармен ишқидин.

 

Кўйида девона бўлмай, тўкмайин бир томчи ёш,

Тотмайин қатра шаробин лоф урармен ишқидин.

 

Элга достон айлабон ишқин сирин тутмай ниҳон,

Дарди дилдир, деб саробин лоф урармен ишқидин.

 

«Энди, хўш, ҳолинг нечук?» деб, сўрса анда ногаҳон,

Билмайин анга жавобин лоф урармен ишқидин.

 

Лойиқи бахшиш эмас мен, Толибо, лек бор умид,

Раҳм этиб тўсгай иқобин лоф урармен ишқидин.

 

* * *

«Ким ўлар ҳолатқа етса, ул билур жон қадрини»1,

Жон чиқар дамларда англар нури иймон қадрини.

 

Билгил, инсонга ғанимат бу ҳаётнинг ҳар дами,

Умри ғафлат ичра кечган билмас имкон қадрини.

 

Топмагач, парча булутнинг соясин сўнг англагай,

Майсадек жавзо тиғида абри найсон қадрини.

 

Давлатин борида кўзга илмаган ҳеч кимсани,

Нақдина кетган соатда билгай эҳсон қадрини.

Ким тарозу палласини сурса ўз нафси томон,

Чорасиз қолганда англар ҳадди мезон қадрини.

 

Лаззати васлини тотмас, ишқ аро чекмай алам,

Айрилиқда тортмаса гар дарди ҳижрон қадрини.

 

Ким ғариблик дардидин ҳам ишқ ўтидин бехабар,

Англамас фурқат тунида шамъи сўзон қадрини.

 

Зийнати дунё-ла қалби занглаганлар билмагай,

Ишқидин дилга чизилган нақши пинҳон қадрини.

 

Толибо, андиша қилсанг юзқаролик хавфидин,

Англагил юзларни ювган дурри ғалтон қадрини.

 

* * *

Бўлма ғофил, ҳар қадамда дом ила тайёр лаъин,

Сал адашсанг, турфа кўйга бошлагай айёр лаъин.

 

Зарра шубҳа бўлса, асло, урмагил ҳеч ишга қўл,

Қўл узатган дамда, билгил, яйрагай ғаддор лаъин.

 

Гердайиб кетма, ҳисобсиз неъмати Ҳақ бирла сен,

Ногаҳон тушсанг тузоққа, қўймагай бадкор лаъин.

 

Келганинг ҳам кетмагинг фикрини ёдингда тут,

Берганин, топдим деганга, доимо ҳамкор лаъин.

Бандадурсан эл қатори, кибр ила гердаймагил,

Ким ҳаволанса, ўшанга бўлгуси сардор лаъин.

 

Қалбинга солгай ғулу нафсинг билан ошно бўлиб,

То жиловинг тутмагунча тинмагай маккор лаъин.

 

Гар тийилмай тошса ҳирсинг, ақлу ҳушдан ажратиб,

Золи маккорни кўзингга кўрсатур дилдор лаъин.

 

Сохта шон-шуҳратга бўлсанг гар харидор, англагил,

Турфа мол бирлан риё савдосида ҳушёр лаъин.

 

Истасанг гар толиби фазлу камол бўлмоқни сен,

Поклагил, кўнглинга йўл топмасин зинҳор лаъин.

 

* * *

Яхшиликни касб этиб сен, қил ёмонликдин ҳазар,

Яхшилик қилган ҳамиша эл аро топгай назар.

 

Тотмагай бол оғу тутган, тош отиб, гул кутмагил,

Ким ёмонликдин кўрар наф, яхшиликдин ким зарар.

 

Бошидин зарларни сочма чўлда қолган ташнанинг,

Анга бойлик йўқ жаҳонда бир пиёла сув қадар.

 

Болта урсанг илдизига, кул бўлар бир лов ёниб,

Мева бергай неча йиллар, парвариш қилсанг шажар.

 

Дори-дармон қилмагач кор, неча йиллик хастага,

Ул шифо топгай, қилиб гоҳ яхши бир сўзинг асар.

 

Яхшилик миннатли бўлса, бил, ёмонликдин ёмон,

Таънасиз тош ёрмагай бош, таънали ошдир заҳар.

 

Бўлмаса буғдой нонинг, лек бўлса гар буғдой сўзинг,

Тил ширинлик бирла қанча битмаган ишлар битар.

 

Сийласин қисмат десанг, ол яхшилик бирла дуо,

Сидқидил бўлган дуодан ўзгарур дерлар қадар.

 

Яхшиликни қанча таъриф айласанг камдир ва лек,

Толибо, ҳикматда келгай – яхши сўздир мухтасар.

 

Толибжон Рўзибоев, Фарғона вилояти.

 

1. «Бобурнома»дан.

 

Хатлон вилояти Бохтар шаҳрида туғилиб камол топган Толибжон Рўзибоев кейинчалик Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига кўчиб ўтган. У узоқ йиллардан бери илмий-оммабоп, публицистика ва бадиий ижод йўналишларида қалам тебратиб келади. Унинг турли мавзулардаги ўнлаб мақолалари, шеър ва ҳикоялари Тожикистон республикаси вақтли нашрларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси шаҳар, вилоят, республика газета ва журналларида нашр этилган. 1998 – 2006 йилларда давомида ўзбек тили ва адабиёти фанларига оид учта ўқув қўлланмасига ҳаммуаллифлик қилган. 2018 йил унинг “Ҳаёт – бебаҳо эҳсон” номли шеърлар ва ҳикоялар тўплами нашр этилган.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ЙИГИТНИНГ ҒУРУРИ, ОРИДИР ВАТАН

 

Апрел ойининг биринчи санасидан Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафида, Ватан ҳимоясида бўлган аскарларни захирага жўнатиш ва чақирув ёшига етган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга даъват этиш маъракаси бошланди.

Республикамизнинг турли шаҳру ноҳияларида ташкил этилган «Чақирилувчилар куни» тадбирларида Ватан ҳимоясини муқаддас бурч, деб

Муфассал...

Халоскор мушук

 

Отамиз овчи эди. Биз - беш нафар ўғилга унинг эски қўшотари ва "мерган" лақаби мерос қолган, холос. Оға-инилардан фақат ўртанчамизга овчиларга хос сабр-тоқат, қунт-ҳафсала, ўқни бехато отиш ўтгандай, қолганларимизга ана шу хислатларнинг юқигина теккан кўринади. Ов баҳона милтиқ талашиш ва отган ўлжаларимиз қонли из қолдирганича ўтиб бўлмас чангалзорга кириб кетганлиги ҳақида мақтанишда бир-биримиздан ўтамиз.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990586

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477787
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3715
4027
21400
7426653
99431
114875
7477787

Сизнинг IPнгиз: 18.225.149.158
Бугун: 23-11-2024 16:58:34

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015