Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан жорий йил Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши қадимий анъаналаримиз тикланиши учун янада кенгроқ имконият туғдирганлиги – рост. Айниқса, момолар удумларига юз буриш, боболар ҳунарларини қайтадан тиклаш қадриятларимизга эҳтиром кўрсатилиши ҳамда
ўзлигимизни англашда муҳим аҳамият касб этади. Ўтмишимизни унутмаслик эса, ёрқин келажакка бошлаши табиийдир.
Холдурой опа Маматқулова ҳам бошқа юртдошларимиз қаторида халқ ҳунармандчилигига эътибор юксалганидан беҳад мамнун. У киши онасидан ўрганган миллий ҳунарлар сирларини қизлари, келинлари ва қишлоқдош шогирдларига ўргатиш билан бирга, ўзи ҳам қўл ҳунари маҳсулотларини юксак шавқ-завқ билан тайёрлайди. Онахоннинг бир этак неваралари бор. Қиз неваралар, аллақачон, момолари атрофида айланишиб, у кишининг ҳунарлари сирларини эгаллай бошлаганлар.
Холдурой Маматқулова Темурмалик ноҳиясининг Лақай Қармишев номли қишлоқ жамоатидаги Ғурулди қишлоғида истиқомат қилади. Етмишни қоралаётган онахон марҳум турмуш ўртоғи Маманазар ака билан фарзандларини ватанпарварлик ва элу юртга садоқат руҳида тарбиялашган. Айни пайтда қизлари Бибилола, Раъно, Холби, Назокат, Зарина, Мадиналар онанинг момолардан мерос олган ҳунарларини пухта эгаллашган. Ўғиллари – Тожибой, Расул, Илҳом, Олимжон, Шавкат, Фаррухлар маълумотли бўлиб, турли касб-ҳунар этагини тутганлар. Фарзандлар тарбияси билан бир қаторда Холдурой опа узоқ йиллар дастлаб колхозда, сўнгра фермада сигир соғувчи бўлиб ишлаган. Айни пайтда онахон қишлоқ хотин-қизлар комитети раиси. Ёшларга ўзининг намунали ҳаёти билан ибрат бўлиб, ёш қизлару келинчакларга момолар ҳунарларини ўргатади. У киши пахтадан ипак йигириб, ранг-баранг гилам, хўржинлар тўқиш, жунга ранг солиб, турли пайпоқ, қўлқоплар тўқиш, дўппи, миллий игна учли кашта, тўнга чироз тикишда қишлоқдаги моҳир ҳунарманд онахон ҳисобланади. Бундан ташқари, Холдурой опа рангли мунчоқлар тизиш, кигиз қўйиш, қуроқ тикишда катта тажриба тўплаган. Шу боис бўлса керак, онахонни бекор турган ҳолатда учратолмайсиз. У кишининг атрофида ҳамиша қишлоқ аёллари тўпланган ва бирор иш устида эканлигини кўрасиз. Қўшнилари Мисқолой Бозорова ва Гулсара Давлатовалар онахонга ҳамиша ёрдам берганликларидан бўлса керак, ҳунармадчиликда у кишидан қолишмайдилар.
Холдурой опа Маматқулова меҳрибонлиги, хушмуомалалиги, айниқса, ҳунармандлиги боис қишлоқдош аёллар орасида обрў-эътиборга эга. Онахоннинг қизлари ва келинлари қаторида шогирдлари Момогул Ўразова, Муҳаббат Мирзоевалар ҳам у кишидан миллий ҳунармандчилик сирларини ўрганмоқдалар.
- Ўтмишини яхши билмаган элнинг келажаги бўлмайди, - дейди Холдурой Маматқулова. – Момоларимиз ҳунарлари, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизда тарихимиз яшайди. Давлатимиз сарвари, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг эзгу ташаббуслари халқимизни ёрқин келажакка бошлайди. Ёшларимизда ватанпарварлик, ўзликни англаш ҳисларини тарбиялайди. Шунинг учун ҳам, эл орасидан чиққан халқчил Президентимизнинг элимиз удумларига эътибори ўз вақтидаги амалий тадбир бўлди. Қолаверса, халқимизда «Ҳунарнинг энг ёмони қорин тўйдиради», деган ҳикмат бор.
Умри азизи давомида миллий ҳунарларни пухта ўрганган, уларни ёшларга ўргатиб келаётган Холдурой опа Маматқулова фарзандлар тарбиясини ота-оналарнинг масъулиятли бурчи, деб билади.
- Юртимизда ўрнатилган осойишталикнинг шукронасини қилиб яшаб, фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ота-она, таълим муассасаси ўқитувчиларининг биринчи даражали вазифаси, - дейди Х. Маматқулова суҳбатини давом эттириб. – Афсуски, бугун айрим ёшларимиз турли бегона ғоялар билан суғорилган ҳаракатларга жалб этилаётганлиги ҳолатлари кўзга ташланади. Мустақиллигимиз ютуқлари бераётган имкониятларнинг моҳияти, қадр-қийматини ёшлар онгига сингдириш биз – катта ёшлиларнинг бурчи. Агар ёшлар тарбиясига бефарқ бўлсак, ҳали ғўр бўлган ёшларнинг онгини заҳарлайдиган миллат душманлари, азиз Тожикистонимиз қўлга киритаётган ютуқларни кўролмаётганлар учун бу қўл келади. Менимча, тарбиянинг асоси ҳар бир оилада тўғри йўлга қўйилмоғи керак.
Айни пайтда Холдурой опа Маматқулова ва шогирдлари ёш қизларни ўрмак тўқиш, кувида сузмадан қатиқ олиш, турли бичиш-тикиш, матога кашта солиш ишларига ўргатаётганлиги қувонарлидир.
- Тожикистон жанубида яшаётган ўзбекларнинг ўз миллий кашталари бор, - дейди Холдурой опа. – Агар чакан кўйлак, сўзаналаримиз тожикларнинг ҳунарларига қоришиб кетган бўлса, игна кашта тикиш, мапремеч тўқиш каби ҳунарларда миллий хусусиятлар яққол кўзга ташланади. Шунингдек, от учун ёпинчиқлар тўқишнинг ўз нозикликлари бор. Мен бу ҳунарлар сирларини ёшларга ўргатиб келяпман. Худо хоҳласа, миллий ҳунарларимиз янада сайқал топиб, ўзларида миллий анъаналаримизни сақлаб, келажак авлодларга ҳам етиб боради.
Ойша КЎГАНОВА, Темурмалик ноҳиясидаги 21-ўрта умумтаълим муассасаси тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси.
Суратда: Холдурой Маматқулова иш устидаги лаҳзалар ва қўл ҳунарлари намуналари акс этган.
Ёмғирли куй, беором оқшом,
Тун қадаҳин тутар юлдузга.
Қутлар бу кеч кекса ойни ғам,
Мен ҳам кетгим келади Сизга!
Олисдаги яқиним, негадир дилим безовта!
Муфассал...
ёхуд тадбиркорлар йўлидаги тўсиқлар хусусида
Сўнгги йилларда мамлакат олий раҳбарияти ташаббуси билан тадбиркорлик ҳамда хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қулай шарт-шароит яратиб бериш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилаётганлиги барчага аён. Бу соҳага оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинмоқда.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015