Айрилиқ либосин кийган дарахтлар,
Қошида сарсона юрган дайдиман.
Киши билмас маним сиру асрорим,
Котибул тақдирнинг нозик қайдиман.
Манзилим куз билан қишнинг ораси,
Шохларим дийдирар дийдам ашкида.
Йўқолиб қолдинг сен, ахтармам сира,
Қолиб кетдинг узоқ меҳр рашкида.
Вужуд қопқасида қоровул иймон,
Мен ҳануз кутарман қалдирғочларни -
Баҳорга етмаган ғунчалар билан
Баҳорга интилган меҳри очларни.
Дарахтга дўнмасман, дарахтман ўзим,
Илдизларим янтоқ илдизи бугун.
Тубога гизлаган нозик баргларим,
Ишқида ёндиргай аршини бутун.
Тонглар канораси оралиғида
Мен сени дарахтдай соғиндим, ишон.
Валфажр бонгида кўнгил шивири,
Валфажр... у сени ишқингдан нишон...
Дарахтлар қошида... либосим куздир...
***
Умримга безак қиб чарчадим рости,
Кўзимнинг сатҳида кемалар сузиб,
Ашкимдан қочишар анчайин безиб,
Тортилиб йиртилар юракнинг пўсти.
Билмайман, бу дардни нима қиламан.
Шафақлар шивирлаб айтганида шеър,
Мен дардчил куйларнинг оҳанги бўлиб,
Хазон дарёсида оқаман тўлиб,
Аллоҳдан сўрайман: қийқимларим тер.
Билмайман, бу дардни нима қиламан.
Хазонлар қўшиғи янграган тонгда,
Боғларда Машраб бўп йиғлаб кўраман,
Дардимга тиғ уриб, тинглаб кўраман,
Жимирлаб бир нарса ялтирар онгда,
Билмайман, бу дардни нима қиламан.
Васлни ахтариб Фарзона1 кезар,
Юракка яқин бир афсона кезар,
Мен дарддан ун туйиб, нон ясаганда,
Нонхўри ўзимман, фасона сезар.
Билмайман бу дардни нима қиламан...
Алвидо шомида Ал-мийсоқ оҳи,
Ёмғирлар комида ҳижроннинг роҳи,
Кузаклар қариди, дард қаримади,
Кўҳкан2лар узмаган ишқи-ла кўҳни..
Билмайман, бу дардни нима қиламан...
***
Кечикдинг умримга арзимаган қўр...
Шамоллар ҳимоя қилади сендан...
Хаёллар ҳимоя қилади сендан,
Сен кимнинг кўзида яшайсан, эй кўр?!
Нурлар жаҳонимни тўлдирар тунда,
Сўзларни сочвориб, йиғаман хундан,
Яна бож сўрарман энг ёруғ кундан,
Ҳурлар оғушимни кулдирар тунда.
Увайсга айлона йўл билан бормам,
Жандафил3 бағрида ёр бўлиб сингмам,
Заминга бир ҳовуч қўр бўлиб сингмам,
Ўзига, Ўзига бўлурман Ёр ман.
Тош йўлда қадоқлаб кетди-ку оёқ,
Сўқмоқлар томирим ичра йўқолди,
Хаёлим ҳайрона аршга йўл солди,
Мусонинг қўлида гуллади таёқ.
Кечикдинг умримга кечиккан Кўнгил...
1. Шоира Фарзонага ишора.
2. Машҳур "Фарҳод ва Ширин" достонидаги Фарҳоднинг лақаби.
3. Мутасаввиф шоир Аҳмад Жомийга ишора.
***
Фасл инжа, фасл нотакрор,
Мен фаслга эргашиб кетдим.
Мен фаслга тўкилиб битдим,
Куз тилида мен ғариб алёр.
"Хазон сипоҳ"1 тортиб келди жим,
Мезон тўқир тўрпардаларин,
Мезон ўқир ишқ зардаларин,
Юрагимдан хазон тўкилди.
Ғариб дарахт панжаларида
Инграб жонин берди яшиллик,
Арқоқ ўрар мезонлар силлиқ,
Фасл кузнинг ханжарларида.
Тиллакори уй қурди кузак,
Мезаналар шамол ўйнида,
Беш вақт намоз хазон қўйнида
Аста-аста тебранар терак.
Бу фаслнинг гули бўлди ишқ,
Дудоғингдан тўкилдим, кузим,
Қароғингга йиқилдим, кўзим,
Тийрамоҳнинг кули бўлди ишқ...
1. Навоий ибораси ("Хазон сипоҳига эмас монеъ...").
БАҲОРГИ ТУШКУНЛИК
Дарахтлар оҳиста гул тўкар,
Кўзимга тиқилар кўзда ёш.
Кипригим титратиб тўкилар
Ашкларга кўнмаган ғўр бардош.
Қалдирғоч қаноти чеврилса,
Тун ва кун ораси чегара.
Келолсанг кўнгилга кирмасдан,
Кўнглимни бир марта чегала.
Синиқлар ичинда йўл босиб,
Хаёлим титрайди хунолуд.
Саҳролар қумидан уй қуриб,
Мен қолдим ичида зарандуд.
Сен кимсан, йўқлагай чорловлар,
Саксовул шохида жавоблар.
Сардоба тошади, оқарман,
Сенгача етарми ҳубоблар?
Дарахтлар шошилиб гул тўкар,
Қирларда қизғалдоқ йиғлар жим.
Баҳор бу… титрайди ҳисларим,
Хазондай тўкилар НУР исмим…
ҚИЗИМ РУМИЯХОНГА
Умримда бир ғунча, куртаксан,
Ўйларим йиғувчи эртаксан.
Фитнаю фасодлар ичинда
Атиргул, сен менга кераксан.
Сен менинг зиёим ҳам нурсан,
Шан қўшиқ, куйсану сурурсан.
Эрта куз қўшиғин айтмасман,
Баҳорим, анҳорим, ғурурсан.
Ирмоғим, сен шўхчан жилғамсан,
Жилғалар ичида илдамсан.
Кўзингда МЕҲРлар қуёшдир,
Бошимда тожимсан, жиғамсан.
Атиргул, гуллайдир қуёшинг,
Иймондан қурилсин бардошинг.
Дунёлар эртагин айтадир
Менинг қирқ бир ёшим, сенинг бир ёшинг..
Румиям, руҳиям, Робиям,
Ҳақ десин ҳамиша тобиям.
Илдизим илдизлаб заминда
Давомим, авоним, моҳиям.
Румиям, сен менинг Румиям!
ҚАЙТИШ
Шуҳрат ШОКИРга
Кўнгил ёрилмади, кўнгил ўлмади,
Шафақлар ярақлар жон берди шомда.
Мен истаб кетгандим ўзимни тонгдан,
Сен қайга йитгандинг, қандайин номда?
Шавкат1дан шеър ўқиб, Усмон2ни севиб,
Ўзгалар шеърини ёниб ўқидинг.
Мен шеърлар ёзардим юрагим чатнаб,
Билмасдинг, кўздаги ёшим ўқ эди.
Дил-бандим, дил - дода, дилдан озод-а,
Фуруғ3га ҳайратдан боқардинг ҳайрон.
Мен нурга қоришган кўнгил сатҳидан
Сенга қарар эдим нолондан нолон.
Ёғийлар эмасди орадаги йўл.
Ёғийдан эмасди орадаги чўл.
Сарсари кезардинг кўнглинг мулкида,
Ёғийлар сезмасди, орамизда кўл.
Ерни қуршаб турган меҳвардай кўнгил
Орага тушганди, оралиқ узоқ.
Кўнгил йироқ кетди, айролиқ эди,
Кўздан йироқ эдим, кўнглингдан йироқ.
Тахминлар, шубҳалар бизнинг эмасди,
Гумонлар, кийналар бизнинг эмасди.
Тийнатлар қорайиб кетган ул давра,
Бизнинг ёруғликни зинҳор демасди.
Кўнгли озод бўлмай озод юрганлар
Сафидан кетардим ўзим томонга.
Сен қайтган кунларга шукрона айтиб,
Сен-ла кетарман-да сўзим томонга.
Бурчак-бурчакларда ғимирлаб қуртлар,
Пашшалар паноҳин истаб борадир.
Fийбат кемасига минган хумсолар
Fазаб тулпорини қистаб боради.
Ал-қасос ёдидан ўчиб аламлар,
Мен қасос қонидан кўкарган Дардман.
Кел, дейман, кўнглимга сорбон бўлган Fам,
Мен сенинг кўзингга қўнолган Гардман.
"Кетарман ложарам"4 сенинг томонга,
Эй, кўнгли бокира ИШҚқа тўлган Жон.
Офтобрў5да офтоб қотиб қолганми,
Хўжандда юрибман - қоп-қора осмон.
Аролиқ не эди? Қаролиқ недир?
Қисмат чорраҳаси борса келарми?
Яролиқ дил недир? Келсанг-да қўмсаб,
Соғинган кўнглимда сароб еларми?
Эртакда айтилган уч йўл бизники,
Эртакдан айрилган уч йўл СЎЗники.
Тўзим тилайдирман ғаним юракка,
Кўнгли баҳорлар ҳам асли КУЗники.
Йиллар аросида йилдиримдир сўз,
Йўллар аросида йўқолмадик, йўқ.
Бизга тегмай ўтди йиқитгувчи КЎЗ,
Энди ШЕЪРлар учун кўнгил жуда тўқ.
Мен дардга қоришган даврон сайтида
Исмингни ўқийман - асли фиросат.
Қайтмоқ деган сўзнинг аслин ўқийман,
Қайтмоқ, адл сўздай аслан адолат.
Шамоллар шаррида кетди сароблар…
1. Шавкат РАҲМОН.
2. Усмон АЗИМга ишора.
3. Фуруғ ФАРРУҲЗОД номи.
4. Фуруғ Фарруҳзод ибораси.
5. Исфара районида қишлоқ номи
Мунаввара Ойматова,
Хўжанд.
6 май куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Эрон Ислом Республикаси Президенти муҳтарам Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали суҳбатлашди.Суҳбат аввалида томонлар бир-бири ва ўз мамлакатлари халқини муборак Рамазон ойи кириб келиши билан табриклашди.
Давлатлар бошлиқлари икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликларни
Муфассал...
Восе ноҳиясининг Восе шаҳарчаси, Рустам Холалий кўчаси. Ватаннинг шижоатли фарзанди, генерал-майор Рустам Амакиев яшаган хонадон сари йўл олганмиз. Йўл-йўлакай фарзандини йўқотган онанинг йиғлаши кўзим олдига келиб, ўзимга-ўзим Рустамнинг онаси ҳозир йиғлаши ва унга тайёр туришим кераклигини айтаман. Менга ноҳия ёшлар билан ишлаш ва спорт бўлими мудири раҳбарлигидаги бир гуруҳ ёшлар ҳамроҳлик қилишмоқда. 18-рақамли уй ҳовлисига кирдик. Хоксоргина уй-жой, ток ишкоми тагида бир аёл ўтирибди. Бизни кўрган заҳоти тожикона одоб
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015