Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 13 Июл 2017 Кӯришлар: 1492
Печат

 

ozodbek 2017Келгин, гулим, эркалайин, боғ бўлайин,

Сўзларингдан шифо топиб, соғ бўлайин.

Гўзалдирсан барча қошу камонлардан,

Жоним, сени асрагайман ёмонлардан.

Садоқатда бегингдайин ошиғингни

Тополмассан Душанбе-ю Тошкентлардан…

Таниқли хонанда, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг ўтган ҳафтада пойтахтимиз - Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган "Дўстлик" номли катта концерт дастури мана шу дилбар қўшиқ билан бошланди.

 

Инсон кўнгли ҳар доим санъат, куй-қўшиққа ошуфта бўлиб келган. Шундан бўлса керакки, халқимиз ҳар доим санъат аҳлига ўзгача меҳр билан қараб келади. Яхши қўшиқларни тинглаб, маънавий озуқа олади ва ҳордиқ чиқаради. Яхши қўшиқнинг дунёга келиши учун эса, нафис шеър, дилбар мусиқа ва хуш овоз каби асосий унсурлар уйғунлашиши лозим. Шундагина у ўз мухлислари қалбиги етиб боради. Булар эса, қайсидир маънода  санъаткорнинг истеъдодига ҳам боғлиқ. Ана шундай истеъдодли, хушовоз, ўз қўшиқлари орқали ҳар бир санъат шайдоси қалбига йўл топа олган хонандалардан бири Озодбек Назарбеков ҳисобланади.

Бу ном бизнинг юртдошларимиз учун нотаниш эмас. Гарчанд, Озодбек Назарбеков қўшни Ўзбекистонда ижод қилишига қарамай, бизнинг мамлакатимизда ҳам кўплаб мухлисларга эга. Чунки: "Санъат чегара билмайди",-  дейдилар. Унинг қатор йиллардаги юртимизга уюштирган гастрол сафарлари ватандошларимиз хотирасида яхши таассуротлар-ла муҳрланиб қолган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков яна юртимизда меҳмон бўлди. Мамлакатимиз пойтахти - Душанбе (5-6 июл) ҳамда Турсунзода (7 июл) ва Хўжанд (8 июл) шаҳарларида ўз концерт дастурларини намойиш этган хонанда бу учрашувни узоқ кутганлигини таъкидлади:

- Сизларни билмадиму мен бу учрашувни жудаям кутдим, кўп соғиндим. Мана бугун сиз азиз-тожикистонлик мухлисларим билан юзма-юз кўришиш насиб қилди. Сизларнинг интернет орқали ёзган хатларингиз менга доим Тожикистонни эслатиб туради.  Бугун яна сизлар учун ўз санъатимни намойиш этаётганимдан мамнунман, - деди Озодбек Назарбеков Душанбе шаҳридаги "Аҳорун" амфитеатрида ташкил этилган "Дўстлик" номли концерт дастурида.

Бу галги концерт дастурининг "Дўстлик" деб номланиши ҳам ўзгача бир рамзий маънога эга. Чунки кейинги пайтларда янада мустаҳкамланиб бораётган икки - тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги  маданий алоқаларда бу каби санъат тадбирларининг аҳамияти ўзгача, албатта. 

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков Душанбе шаҳридаги концерт дастури олдидан, бу сафардан кўзланган мақсад, тожик-ўзбек халқлари дўстлиги ва келгуси режалари ҳақида оммавий ахборот васиталари вакилларига қуйидагиларни айтиб ўтди:

- Мен гастрол сафари билан Тожикистонда бўлиб турганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзбек-тожик халқлари қадимдан дўст, қон-қардош бўлиб келган. Айниқса, кейинги пайтларда муҳтарам президентларимиз ташаббуси билан шу икки халқ ўртасида иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларга дахлдор бўлган ҳамкорликларнинг янада кенгроқ йўлга қўйилиши, барча қатори мени ҳам хурсанд қилди. Бу ташаббуслар кўп ўтмасдан ўзининг самарали натижасини бераётгани барчага аён. Шу асосда, мен ҳам Тожикистон халқи учун ўз санъатимни намойиш қилишни ният қилгандим. Ва, ниҳоят, бугун шунга муяссар бўлдим. Концерт дастури баҳонасида бу ердаги кўплаб санъаткор дўстларим билан яқиндан кўришдим, суҳбатлашдик.

Бундан кейин тожикистонлик санъаткор дўстларимизни ҳам Ўзбекистонга таклиф қилмоқчимиз. Чунки ўзбек халқи ҳам тожик хонандаларининг кўпини яхши танишади, уларнинг қўшиқларини севиб тинглашади. Бундан ташқари, ўзим ҳам бир нечта тожикча ва форсча қўшиқлар куйлаганман. Лекин уларни юксак даражада ижро этганман, дея олмайман, албатта. Бироқ шу қўшиқлар билан чекланиб қолиш ниятим йўқ. Бу масалада ҳали режаларим кўп.

Масалан, тожик мухлисларим учун Абдураҳмон Жомий ва Бедил ғазалларидан қўшиқ яратиб, албомлар тақдим этмоқчиман. Шу йўл билан, қандайдир маънода тожикистонлик мухлисларим олдида ўзимнинг қарзимни узган бўлардим, деб ўйлайман. Лекин шундай бўлса-да, ҳозир ҳам менинг ўзбекча қўшиқларимни тинглаб, шунчалик яхши қабул қилаётган тожик халқига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шу билан бирга, улар билан фахрланишимни ҳам айтиб ўтишни истардим. Чунки санъаткорнинг асосий ютуғи ва  энг катта бойлиги унинг мухлисларидир.

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида озгина бўлса-да ҳисса қўша олсам, бундан хурсанд бўламан. Ниятим, икки мамлакат осмонида тинчлик қуёши мудом порлаб, ўзбек-тожик дўстлиги бардавом бўлсин…

Хонанда айтганидек, унинг репертуаридан нафақат ўзбек, балки бошқа тиллардаги қўшиқлар ҳам ўрин олган. Шулар қаторида Озодбек Назарбековнинг бир нечта тожик тилида айтган қўшиқларини ҳам санаб ўтиш мукин. Айниқса, "Райҳон" қўшиғининг 2015 йилда таниқли тожик хонандаси Далер Кутузов билан биргаликда ижро этилган тожикча варианти ҳам мухлисларга манзур келганлигини таъкидлаш ўринлидир. 

Хонанданинг мамлакатимиздаги бу сафари доирасида ижро этилган  "Гулим", "Анжанча", "Кетса, кетар", "Жиги-жиги", "Лола" каби қўшиқлари концерт дастури иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

Шарҳи ҳолга чизгилар

* Озодбек Назарбеков 1974 йилнинг 7 майида Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Шаҳрихон ноҳиясида туғилган.

* Ўзбекистон Давлат санъат олийгоҳини тамомлаган.

* 1994 йилдан қўшиқчилик санъати бўйича ўз ижодий фаолиятини бошлаган.

* 2003 йил ўзининг илк яккахон концерт дастурини "Ойдин кечалар" номи остида

ташкил этган.

* У марҳум хонанда Муҳриддин Холиқовнинг пешқадам шогирдларидан бири.

* 2007 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

* 2010 йилда Ўзбекистон Халқ артисти унвонига сазовор бўлган.

* 2010 йил мусиқа ва телевидео асарлари номинацияси "M&TVA 2010" тақдимотининг "Йилнинг энг яхши эркак хонандаси" мукофотини қўлга киритган.

* 2012 йилда Қорақалпоғистон Халқ  артисти унвони билан ҳам тақдирланган.

* Хонанданинг шу кунгача 11та аудио, 8та видео кассета ва диск тўпламлари ёзилиб, сотувга чиқарилган.

* Озодбек Назарбеков Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўзининг яккахон концерт дастурини намойиш этган. Шунингдек, у АҚШ, Россия, Тожикистон ва қатор хорижий давлатларга ҳам гастрол сафарларини уюштирган.

* Яқинда Озодбек Назарбеков "Ёшлар" телеканали раҳбари этиб тайинланди.

* Оилали, уч қиз: Робия, Зинура, Лайло  ва бир ўғил: Жаъфарбекнинг отаси.

* Яхши кўрган китоби - Алишер Навоийнинг "Лисон ут-тайр" асари.

* Хонанда ўзбек қўшиқчилари орасида биринчилардан бўлиб, қариб бир ой давомида концерт берган.

* Озодбек Назарбеков "Сафарий" тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзиб туради.

 

Зуҳриддин УМАРОВ, "Халқ овози".

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ХОТИРАМДА ИН ҚУРГАН ҚАЛДИРҒОЧЛАРИМ

 

Мен туғилиб-ўсган қишлоқ, кичкина Ватаним – Ҳулбек жарлик тагида жойлашган. Кечга яқин кунботар томондаги қия тепалик виқор билан қишлоққа соя ташлайди. Шунданмикан, маҳаллий лаҳжада қишлоғимизни «Таижар», деб ҳам юритишади.

Раҳматли онам болалигимда Ҳулбек сўзининг маъносини қуйидагича шарҳларди: - «Бу жойлар ўтган аср бошларида Қизилсув дарёсининг ўзани

Муфассал...

"Роғун" ГЭСи қурувчиларига давлат мукофотлари топширилди

 

14 ноябр куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон "Роғун" гидроэлектростанцияси биринчи агрегати фаолият бошлаши муносабати билан ор-номус майдонининг 100 нафардан зиёд турли касб мутахассисларига давлат мукофотлари топширди.

Дастлаб мамлакат Президенти иштирокчиларни ушбу муҳим тарихий

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990980

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478409
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4337
4027
22022
7426653
100053
114875
7478409

Сизнинг IPнгиз: 18.117.154.229
Бугун: 23-11-2024 17:38:11

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015