Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 18 Май 2017 Кӯришлар: 1855
Печат

 

diydor 2017Узоқ кутилган Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари жорий йилнинг 9-13 май кунлари пойтахтимиз – Душанбе, Хатлон вилояти маркази - Қўрғонтепа ҳамда Турсунзода шаҳарларида бўлиб ўтди. Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунларида иштирок этиш учун келган делегацияга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов раҳбарлик қилди.

Мазкур делегация таркибида, шунингдек, Ўзбекистон халқ артистлари- Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминов, «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндорлари Илёс Арабов, Саида Мамадалиева, «Зулфия» Давлат мукофоти совриндори Севинч Мўминова,  «Эътироф» мукофоти лауреати Раҳимжон Мирзакамолов, эстрада юлдузи ва кино актёри Анвар Собиров ҳамда  Ўзбекистон Халқ артисти Қодир Мўминов раҳбарлигидаги Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли раққоса ва созандалари бор эди. Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида қўшни давлатнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқлари акс этган «Янги Ўзбекистон» расмлар кўргазмаси ҳамда ўзбек киноси кунлари ҳам ташкил этилди.

Ушбу маданий тадбирнинг тантанали очилиш маросими Садриддин Айний номли Тожикистон Давлат опера ва балет академик театрида ташкил этилди. Уни Тожикистон Республикаси Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов ўзларининг кириш сўзлари билан очиб беришди.

Шундан сўнг ўзбек санъаткорларининг Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунларига бағишланган катта концерт дастури бошланди. Залга йиғилган Тожикистон ва Ўзбекистон расмий вакиллари, юртимиздаги дипломатик корпус намояндалари ҳамда кўп сонли санъат ихлосмандлари қардош халқ санъат усталарининг чиқишларини ўзларининг гулдурос қарсаклари билан қарши олдилар. Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари иштирокчилари 11 май куни Қўрғонтепа шаҳрида меҳмон бўлишди. 12 май куни эса, ўзбек санъаткорлари  ўзларининг катта концерт дастури билан Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунларига якун ясашди.

Биз ҳам ушбу якунловчи концертда қатнашиб, қулай фурсатдан фойдаланган ҳолда, саҳнага чиқиб ўз санъатини намойиш этаётган санъаткорларни суҳбатга чорлаб, уларнинг юртимиздан олган таассуротлари, «эт билан тирноқ» бўлган икки халқ маданий алоқалари ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Дастлаб, «Рақслар гулдастаси»ни ижро этиш учун «Ўзбекистон»  ашула ва рақс ансамбли раққосалари  саҳнага чиқишди. Ўзларининг нафис ва нозик рақслари ила йиғилганларга хуш кайфият улашган раққосаларга раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон Халқ артисти Қодир Мўминов бизнинг биринчи суҳбатдошимиз бўлди.

 

Шамсиддин ОРУМБЕКЗОДА,

Тожикистон Республикаси Маданият вазири:

-Тожик ва ўзбек қадимдан бир-бирига дўст ва биродар халқдир. Бу дўстлик ва яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида ташкил этилган Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари юқорида айтилган гапнинг тўлиқ исботидир. Тожикистон ва Ўзбекистон давлат бошлиқларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, икки мамлакат Маданият вазирликлари раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, юртимизда ташкил қилинган Ўзбекистон маданияти кунлари  жуда эсда қоларли даражада ўтди. Шу билан бирга, мазкур тадбир мустақил Тожикистоннинг маданий муҳитида дилларга хурсандчилик бағишловчи воқеага айланди. Мен мамлакатимизга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси раҳбари билан суҳбат ўтказдим. Мулоқот чоғида 1998 йилдаёқ икки мамлакат ўртасида ҳукуматлараро ҳамкорликлар борасида имзоланган ҳужжатлар эсга олинди. Биз илмий, маданий, санъат институтларидан бошлаб, то театру маданият қасрларигача – барча йўналишларда яқин ҳамкорликларга эга бўлишимиз зарур, деган қарорга келдик.

Ўзбек биродарларимиз учун эшикларимиз доимо очиқ. Тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик абадий эканлигига ишончим комил.

sh va min 2017Биз Тожикистонда Ўзбекистоннинг маданият кунларини ўтказишга анчадан буён тайёргарлик кўраётгандик. Халқимиз ҳам санъатнинг катта байрамини узоқ вақтдан бери кутаётган эди. Мана, ўша кун ҳам етиб келди. Дўстларимиз – санъат вакиллари Тожикистонга келишди. Ўзбек санъатининг машҳур юлдузлари юртимизга ташриф буюришиб, ўзларининг ранг-баранг концерт дастурини тожикистонлик мухлисларга намойиш этишди. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар бундан-да ривожланиб, икки халқ дўстлиги абадий бўлсин!

 

Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири биринчи ўринбосари:

- Тожикистонга келиб, дўст ва дилдош ўзбек халқи маданият ва санъат, адабиёти вакилларининг  меҳр-муҳаббат ила йўғрилган қизғин саломларини етказаётганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Аввало, Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этишда жуда катта ёрдам, эътибор ва ҳурмати учун Тожикистон Республикаси раҳбарияти, Ҳукумати, хусусан, Маданият вазирлигига ўзимизнинг алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўзбек халқининг буюк шоири ҳазрат Алишер Навоий олам аҳлининг бир-бирларига дўсту ёр бўлиб яшашларини яхши ишларнинг аълоси, деб эътироф этган. Ўзбек ва тожик халқининг қон-қардошлик илдизлари, дўстона муносабатлари минг-минг йилларга бориб тақалади. Асрлар давомида бир дарёдан сув ичиб, бир-бирларига ёндош, қавму қариндош, қуда-анда бўлиб келган, шоирларимиз таъбири билан айтганда, «дўстлик ва меҳр-муҳаббат ғазалининг икки байти янглиғ» яшаб келаётган икки халқ ўртасидаги муносабатларга ўзбек ва тожик халқининг улуғ фарзандлари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийлар ўртасидаги юксак меҳр, самимият, ишонч асосига барпо бўлган дўстона муносабатларни келтириб ўтишнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман.

Сир эмас, маданият ва санъат, адабиёт ҳамиша халқлар, давлатлар ўртасида мана шундай мустаҳкам ришта бўлиб  хизмат қилиб келган. Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг ўтказилишини ҳам шу маънода дилларни-дилларга боғлайдиган кўприк, деб аташга барча асосларимиз бор. Ўйлаймизки, Тожикистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари, унда таниқли ўзбек санъати ва маданияти намояндаларининг чиқишлари, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари акс эттирилган фотокўргазма, ўзбек филмларининг намойиши азал-азалдан ёнма-ён яшаб келган икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиши, ривож топишига хизмат қилади. Дўстлик тўғрисида мана шу сўзларни айтаяпману беихтиёр хаёлимдан улуғ шоир Абу Абдулло Рўдакийнинг машҳур сатрлари ўтаяпти:

-Жаҳон шодликлари йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун…

Ҳамиша бир-биримизга меҳримиз, муҳаббатимиз пояндоз бўлсин!

 

Қодир МЎМИНОВ, Ўзбекистон Халқ артисти:

q muminov 2017-Мен охирги марта 1989 йили Душанбега келган эдим. Буни қарангки, орадан 28 йил ўтибди. Бу бир бола дунёга келиб, камол топди, дегани. Бугун Душанбега келиб, ҳайратда қолдим. Ўзгаришлар жуда катта. Душанбе ўзи чиройли шаҳар эди, ундан-да гўзаллашиб, янада чирой очибди. Бу ерда қад кўтараётган кўп қаватли, замонавий бинолар кўпайган. Биринчи кун келганимизда бизни Тожикистон Миллий музейи томошасига олиб боришди. Бунақаси йўқ эди олдин. Бундай ўзгаришлар ва ободончиликни кўриб, биз ҳам хурсанд бўлдик. 10 май куни Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Биласизми, мени ҳайрон қолдирган нарса нима эди? Бу санъатимизнинг тожикистонликлар томонидан яхши қабул қилиниши эди. Ўзи азал-азалдан ўзбек-тожик халқлари ўртасида фарқ бўлмаган. Қиз олиб, қиз берганмиз, қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб кетган бу икки халқ. Бу яқинлик бугунги кунга келиб, янада ривожланмоқда. Бунинг учун эса, икки давлат раҳбарларига катта раҳмат айтмоқчиман. Қадимдан ўзбек санъаткорларини Тожикистонда билишган, тинглашган ва эътироф этишган. Ўзбекистонда ҳам тожик санъаткорларини яхши кўришган. Мисол учун, Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов ва бошқалар тожикистонлик мухлислар кўнглидан чуқур жой олган. Жўрабек Набиев, Жўрабек Муродов, Шоиста Мулложонова, Ҳанифа Мавлонова ва бошқаларни Ўзбекистонда севиб тинглашади, улуғ санъаткорлар сифатида эътироф этишади. «Лола», «Зебо» ансамбллари бизга ижодий сафарлар уюштиришган. Биздан эса, «Баҳор» ва «Шодлик» ансамбллари бу ерда ўз санъатларини намойиш этиб, азиз меҳмон бўлганлар.  Бугун, мана, Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги бизнинг сафаримиз, ўйлайманки, хамир учидан патир. Илоҳим, янгидан бошланган борди-келдимиз хайрли, қутлуғ бўлиб, дўстона муносабатларимиз ҳеч қачон узилмасин.

Қодир Мўминов билан суҳбатимиз қизғин давом этиб турган бир пайтда, танбур садолари остида майин овоз билан мақом йўналишидаги ашула хиргойиси бошланди. Танбурни нозик чертиб, ашулани қойилмақом қилиб ижро этиш билан йиғилганларнинг давомли қарсакларига мушарраф бўлган бу ёш хонанда  «Ниҳол» Давлат мукофоти лауреати Илёс Арабов экан.

Илёс АРАБОВ, «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндори:

i arabov 2017-Биласизми, ҳозир мен жуда ҳам қаттиқ ҳаяжондаман. Мақом йўналишида ижро этган ашуламнинг тожикистонликлар томонидан яхши қабул қилиниши мен учун кутилмаган  катта совға бўлди.

Унинг бу ҳаяжонини ҳис этган ҳолда, Тожикистон сафари таассуротлари ҳақида сўрадик.

-Мен Тожикистонда биринчи марта бўлишим. Лекин тожик халқининг меҳмондўстлиги ва санъатсеварлиги, айниқса, ўзбек санъатига бўлган алоҳида ҳурмат ва эҳтиромини кўриб, ўзбек ва тожик халқларининг нечоғлик  қардош, дўст ва яқин эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Мана, бугун Душанбеда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари эса, бу яқинликни янада яқинлаштиради, деб ўйлайман. Душанбе ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳақиқатдан ҳам чиройли шаҳар экан. Биз сафаримиз давомида Миллий музей ва Миллий кутубхонада бўлдик. Рўдакий номли боғни ҳам томоша қилдик. Келажакда яна Душанбега келиб, концерт беришни ҳам ният қилиб қўйдим…

Собиржон Мўминов тожикистонликларга бегона эмас. У ўз қўшиқлари билан мухлислар кўнглидан жой олган санъаткор. Камтарлик, хушмуомалалик эса, унинг инсоний фазилатларидан экан. Буни биз у билан бўлган суҳбат асносида англадик. Собиржон Мўминовга берган биринчи саволимиз, санъат ва санъаткорлик ҳақида бўлди.

Собиржон Мўминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

s muminov 2017-Албатта, санъаткорнинг ижоди халқ билан. Санъаткор қайси миллат ва давлатдан бўлишига қарамай, унинг мақсади – тинчлик, дўстлик, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини тараннум этиш.

Мен ўзимни санъатсиз тасаввур қилолмайман. Чунки мен санъаткорлар оиласида туғилганман. Отамиз Одилжон Мўминов (руҳлари шод бўлсин) санъат аҳлидан бўлган. У киши Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Фаттохон Мамадалиевлар билан биргаликда жўр овозда доира чалиб, қўшиқ айтганлар. Бир неча йил театр ва мусиқа мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлаганлар. Шунинг учун, ота-онамдан ўтган санъатга бўлган меҳр мени бу йўлга бошлаган, деб ўйлайман.

-Бугунги маданият кунлари доирасидаги фикрларингиз?

- Менинг Душанбега биринчи марта келишим. Лекин отамдан Душанбе ҳақида яхши гапларни жуда кўп эшитганман.  Тожикистонликларнинг санъатга бўлган шинавандалиги, маданиятсеварлиги борасида берилган таърифларга бугун ўзим гувоҳ бўлдим.

Санъат ихлосмандлари Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунларига келган санъаткорларни жуда яхши кутиб олишди. Бундан бағоят миннатдормиз. Икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаш учун озгина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшаётганимдан чексиз мамнунман. Бизлар қадимдан қондош, қавму қариндош, қуда-анда бўлиб келган халқмиз. Бу дўстлигимизга кўз тегмасин, илоҳим. Дўстлигимиз, биродарлигимиз, меҳр-оқибатимиз бундан-да ривожлансин. Асрлар давомида бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат, самимият ва дўстликни мустаҳкамлаш бу икки халқнинг қўлида.

-Мана шу биринчи сафарингиз давомида бирор-бир эсда қоларли воқеа бўлдими?

-Ҳар бир борган жойларимиз, ўтказаётган концертларимиз, қилган ҳаракатларимизнинг барчаси эсда қоларли бўлмоқда. Буларнинг бари унутилмас. Чунки бўлаётган ҳар бир воқеа, ҳурмат-эҳтиром ҳеч қачон инсоннинг эсидан чиқмайди. Нега десангиз, бу анча йилдан буён кутилиб, дўстликни мустаҳкамлаймиз, бир-биримизга меҳр-оқибатни бундан-да юқори қиламиз, деб икки қалб интилиб турган пайтда бўлаётган  воқеа бўлганлиги учун бунинг ҳар бир они ва дақиқасини унутиб бўлмайди. Тожикистонда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари бутун умр ёдимда сақланиб қолишига ишонаман.

-«Санъаткорлар авлодиданман», - дедингиз. Бу авлоднинг сиздан кейинги вакили ҳам борми?

-Ҳа, албатта. Ўғлим Рўзимуҳаммад Мўминов бизнинг касбимизни давом эттирмоқда. Мен эса, бундан жуда хурсандман. У ҳам бугун хонанда ва созанда сифатида Душанбега келган.

Шу пайт тўсатдан ёнимиздан ўтиб кетаётган ёш йигитчани кўрсатган Собиржон Мўминов:

-Мана бу менинг ўғлим Рўзимуҳаммад Мўминов бўлади, - деди. Биз ҳам бундай қулай фурсатни қўлдан бой бермаслик учун унга бир-иккита савол билан мурожаат қилдик.

- Отангиз сиз унинг касбини давом эттираётганингиздан хурсандлигини айтди…

rozimuhammad2017-Ҳа, бизнинг оиламиз санъаткорлар авлодидан ҳисобланади. Отам еттинчи, мен эса, санъаткорлар сулоласининг саккизинчи бўғин вакилиман. Санъат бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Ота-онамнинг сўзларига кўра, менинг  тилим чақалоқлигимданоқ  қўшиқ айтиб чиққан экан. Оилавий муҳит сабабли санъатни танлаганим менга ўзгача завқ бағишлайди.  Биринчи синфдан Тошкентдаги Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида таълим олганман. Бундан ташқари, бир қатор,  мисол учун, Италия ва Россия каби давлатларда ўтказилган халқаро танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритганман. Шу боис, имтиёзли равишда Ўзбекистон Давлат консерваториясига ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирда мазкур олийгоҳнинг учинчи курс талабасиман.  Айни пайтда хонандалик йўналишида таҳсил олиш билан бирга, шу вақтгача ўнга яқин қўшиқ ҳам яратганман. «Тонггача излаб», «Мени севинг дейишдан олдин ўзингиз севинг», «Қизлар», «Синфдош», «Кузатиб қўяй» каби қўшиқлар шулар жумласидандир. Бу қўшиқларга яқин орада клип олиб, мухлисларга ҳавола этиш ниятидаман.

-Юқорида кўп давлатларда бўлганингизни айтдингиз. Тожикистон ҳақида нима дейсиз?

-Мен Тожикистонда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Душанбега келдим. Бу, менинг Тожикистонга қилган биринчи сафарим. Албатта, Европа мамлакатлари, Америка ва Россия давлатларида ижодий сафарларда бўлганмиз ва бугунги Тожикистонга уюштирган сафаримизни ўша давлатлардаги сафарлар билан бемалол тенглаштириб, керак бўлса, улардан ҳам яхши, олий даражада ташкил этилган, дея ишонч билан айта оламан. Бизларни яхши кутиб олишлари, меҳмондўстлиги ва энг асосийси, санъатимизга бўлган катта эътибор менда жуда яхши таассурот қолдирди. Ўзбек-тожик халқларининг бир-бирига ўхшаш урф-одатлари, кийиниш маданияти, бозорлари ва у ердаги атлас-адрас, мева-сабзавотлари ҳам  бир-биридан фарқ қилмас экан. Тилагим шуки, бу икки қардош халқ дўстлиги абадий бўлсин. Кўп марталаб бу ерга келиб, концерт дастурлари намойиш этиш бизларга ҳам насиб этсин…

Ота-бола санъаткорлар билан суҳбатимиз қизигандан-қизиб, икки хонанданинг чиқиши ўтиб кетганлигини сезмай қолибмиз. Булардан бири Саида Мамадалиева экан. У опера йўналишида ижод қилади.  Дастлаб унга юртимиз ҳақидаги фикри борасида савол билан мурожаат этиб, кейин суҳбатни санъатга боғлиқ саволлар билан давом эттирдик.

 Саида МАМАДАЛИЕВА, «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндори, опера хонандаси:

s mamadalieva 2017-Тожикистонга биринчи келишимиз, десам ҳам бўлади. Тожик халқи жудаям меҳмондўст экан. Умуман олганда, тожик ва ўзбек бир халқ. Мана, биз қанча меҳмондўст бўлсак, улар ҳам худди ўзимиздай. Ўзининг яқин қадрдони, акаси ёки  синглисини кутиб олгандек бизни кутиб олишди. Жудаям хурсанд бўлган тарафим, кеча Қўрғонтепада бўлиб қайтдик. Халқ шунчалик санъатга чанқоқ, жуда чиройли кутиб олишиб, концертларимизни яхши қабул қилишди. Санъаткор аҳлига бундан зиёд нарса керак эмас. Сафаримиз ҳам жуда яхши ташкил этилган. Тожикистон раҳбариятидан, бизга ёрдам бериб турган мана шу театр ходимларидан миннатдормиз.

-Операни халққа етказиб бериш осон кечмаяптими?

-Операни халққа етказиш жуда мушкул. Хусусан, марказий осиёликларга опера санъати бироз узоқроқ. Албатта, буни тўғри тушунаман. Бизга қийинчилик туғдирадиган томони ҳам шу. Лекин биз ҳаракат қилаяпмиз. Шўролар даврида хорижий давлатларга чиқиш катта муаммо эди.  Бугун эса, истаган жойимизга жўнатишяпти. Мана, Тожикистонга келдик, Қозоғистонга борилди, Россия шаҳарларига борилаяпти.

-Тожикистонлик опера санъаткорлари орасида танишларингиз борми?

-Тожикистондан танишларимиз бор. Бир неча йиллар олдин Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида романсиада танловимиз бўлди. Ўшанда Сайфиддин ака Нуралиев билан танишганмиз. Энди бунгаям 15-20 йил бўлди десам, адашмайман. Келган кунимиз театр йўлакчасида кўришиб қолдик. Бир-биримизга узоқ тикилиб турдик. «Чимкентда…»,- деганларидан кейин адашмаганимизни билдик. Самимий кўришдик. Бундан ташқари, 1998 йили Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ўтказилганида, улар иккита спектакл билан келишганди. Бугун ҳам театр репертуари, театрдаги концертлар борасида анча суҳбатлашдик. Келгусида маданият кунларидан ташқари Тожикистон опера ва балет театри билан бизнинг театримиз яхши боғланса, алоқаларимизни йўлга қўйсак, бу – ёшлар учун ҳам катта дарс бўлади, деган умиддаман. Орамиздаги масофа самолётда атиги 45 дақиқалик йўл экан. Шунинг учун ҳам, ҳамкорликларимизни тобора мустаҳкамлашимиз зарур.

Саида Мамадалиева операни ҳам ўзбек ва ҳам бошқа европа тилларида ижро этса, унинг ҳамкасби Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари иштирокчиси Раҳимжон Мирзакамолов операни хорижий тилларда қойилмақом қилиб ижро этар экан. Унга ҳам биринчи саволимиз бугунги сафар таассуротлари ҳақида бўлди.

 Раҳимжон Мирзакамолов, «Эътироф» мукофоти совриндори, опера хонандаси:

r mirzakamolov 2017-Менга ҳаммаси жуда маъқул бўлди. Аэропортдан  кутиб олишдан бошлаб, Қўрғонтепага сафарларимиз ҳам жуда яхши ўтди. Нон-туз билан қарши олишди. Ҳақиқатдан ҳам, биз икки дўст, бир-бирига яқин халқмиз. Маданияти, урф-одатлари яқин бўлган халқмиз. Шунинг учун, бир-биримиз билан дўстлигимизни мустаҳкамлашимиз жуда муҳим, деб ўйлайман. Табиийки, маданий тадбирлар алмашиб туришимиз керак. Албатта, бу маданият кунлари ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришни истардим. Бугун маданият кунларининг ёпилиш маросими. Эртага режалаштирилмаган яна битта концертимиз бор. Биз яна битта концерт беришга бажони дил рози бўлдик. У Турсунзода шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Буларнинг барчаси халқ учун. Биз санъат аҳли халқ учун туғилганмиз, халқ учун хизмат қиламиз. Менга бу ерда (С.Айний номли Тожикистон Давлат опера ва балет академик театри назарда тутилмоқда) туриш нафақат концерт зали, балки опера театри бўлгани учун ҳам жуда ёқаяпти. Театр унча катта эмас, лекин жуда шинам. Ундаги санъаткорлар жуда меҳмондўст экан. Бу ерда театрнинг бош дирижёри билан ҳамкорликлар ҳақида суҳбатлашдик.  Келгусида спектакллар билан ташриф буюриш режаларимиз бор. Ёки тожик ҳамкасбларимиз саҳналаштирган спектаклни куйлаш учун келамиз. Эҳтимол, саҳначаларимизни бу ерга келтирармиз.

-Опера йўналишида ижод қилиш қийин эмасми?

-Менимча, ҳар қандай касбнинг ўзига яраша мушкулликлари бор. Агар одам ўз ишининг устаси, аниқ бир билимга эга бўлса, қанчалик оғир бўлмасин, барчасини енгиб ўтишга қодир. Саҳнага чиқиш олдидан ҳаяжонни енгиб ўтиш оғир. Аммо энг қизиғи, саҳнага чиққанингда бу ҳаяжон қаергадир йўқолиб, томошабинлар билан ёлғиз қоласан. Опера санъати мен учун хурсандчилик ва ҳаёт манбаи. Ўзимни бошқа йўналишларда умуман тасаввур қила олмайман.

Шунингдек, тожикистонлик опера санъати намояндалари билан ҳам танишганмиз. Шарофат Усмонова билан яхши танишмиз.Табиийки,  Тожикистон Халқ артисти Бурҳон ака Маматқуловни ҳам танийман. Улар мен учун маэстро, устоз. Бурҳон Маматқулов билан Чимкентда танишганмиз. Унга Тошкентдан катта саломлар айтиб юборишди…

Операчилар билан суҳбатни тамомлаб, хонадан чиққанимиздан кейин бошқа бир хонада  тожикистонлик усталар ясаган  уч-тўрт дўмбирани бирин-кетин чалиб, энг яхшисини танлаётган Ўзбекистон Халқ артисти Маҳмуд Намозовга кўзимиз тушди.

 Маҳмуд Намозов, Ўзбекистон Халқ артисти:

m namozov 2017-Таассуротларим жудаям катта. Келган кунимиздан, ҳақиқатдан ҳам, дўстлик-қардошлик меҳрини ҳис қилдик. Концертлардаям, учрашувлардаям жуда катта меҳр, соғинч билан яхши кутиб олишди.  Бу ерда шунча кўп мухлисларга эга эканлигимиздан хурсанд бўлдик. Ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Душанбе ўзи аввалдан чиройли шаҳар эди. Бугунги кунда янада чирой очиб, янгича қиёфага кирибди.

Саҳнага чиқишга шошилаётган санъаткоримиздан қачон яккахон концерт билан Тожикистонга келишини сўрадик.

-Концерт бериш биргина бизга боғлиқ эмас. Ташкилотчилар ҳаракат қилишса, албатта, биз концерт беришга доимо тайёрмиз, - дея қадрдон саҳна ва интиқлик билан кутаётган мухлислар томон шошилди Маҳмуд Намозов.

Ушбу делегация орасида  энг кўп тожикистонлик мухлисларга эга бўлган хонанда бу – Севинч Мўминова эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Саҳнадаги давомли қарсаклардан ташқари, саҳна ортидаги мухлислари орасидан топган Севинч Мўминовадан бир-икки оғиз гап олишга зўрға эришдик.

 Севинч МЎМИНОВА, «Зулфия» Давлат мукофоти совриндори:

s muminova 2017-Мен жудаям хурсандман, кайфиятим аъло даражада. Тожикистон халқи бизни жудаям чиройли кутиб олишди. Ҳурмат, меҳр билан қаршилашди. Мен бундан жудаям хурсандман. Мухлисларнинг, халқнинг бизга бўлган меҳрини ҳис қилиш мен учун жудаям катта бахт. Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари бир-бири билан яхши муносабатга эга. Бу алоқалар янада яхшиланиши учун ушбу маданият кунлари ўтказилмоқда. Тожикистонлик санъаткорлар ҳам ўзларининг маданий дастурлари билан Ўзбекистонга келишларини истайман. Насиб қилса, биз ҳали кўп келамиз. Тожик санъаткорлари ҳам бизнинг юртимизга борсалар, бундан мамнун бўламиз. Борди-келдимиз йўқолмасин, доимо соғ бўлинглар.

Кейинги суҳбатдошимиз таниқли эстрада юлдузи ва кино актёри, қадимий Хоразм фарзанди Анвар Собиров бўлди.

 Анвар Собиров, эстрада юлдузи:

anvar sobirov 2017-Мен Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари иштирокчиларидан бири бўлиб, Душанбега келганлигимдан жуда мамнунман. Ээропортда кўтаринки руҳда кутиб олишларидан олган таассуротларимиз бизни ҳалигача тарк этгани йўқ. Халқимизда бир гап бор: «Қўшнингнинг уйида тўй бўлса, сеникида ҳам тўй, уйида ёнғин чиқса, сеникига ҳам ўтиш хавфи бор». Илоҳим, халқларимизни ҳар қандай хатарлардан ўзи асрасин. Аввало, ҳеч бир юртда уруш бўлмасин, дунёмиз тинч бўлсин. Қолаверса, бу икки халқ икки тилда сўзлашсалар ҳам дили бир қардошлардир. Қардошлигимиз, дилимиз ягоналиги абадий бўлсин. Мамлакатларимиздаги тинчлик ва дўстликни яратиб бераётган давлат бошлиқларимиз омон бўлсинлар. Мана шу раҳбарларимизнинг оқилона сиёсати ўлароқ, бугун Ўзбекистон делегацияси Тожикистонда бўлиб, тожикистонликларга ўз санъатини намойиш этмоқда, хурсандчилик улашмоқда. Тожикистонлик санъаткор дўстларимиз ҳам келажакда бизнинг юртга бориб, шундай катта-катта концерт дастурлари беришади, албатта. 

-Сиздан қачон концерт кутайлик?

-Шу сафар асносида  бундан кейин икки мамлакат санъаткорларининг бир-бирларига бориб, концерт дастурлари намойиш этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мен ҳам концерт ташкил этадиган бир укамиз билан келгусида Тожикистонда концерт бериш борасида шартнома имзоладим. Шундай қилиб, июл ойида яккахон концерт дастури бериш ниятидаман.

- Санъатнинг халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги  роли…

-Халқлар ўртасидаги дўстликни тараннум этиш, биз санъат аҳлининг асл мақсади, деб биламан. Шу боисдан ҳам, менинг репертуаримдан етти-саккизта тожик тилида айтилган қўшиқлар жой олган. Тўғри, мен уларни тожик тилида қойилмақом қилиб ижро этолмагандирман балки, лекин мени бу нарсага тожик санъатига бўлган муҳаббатим ҳамда дўстлик ришталари ундаган. Ҳар йилги концертларимда қардош халқлар – қозоқ, туркман, тожик тилларида айтилган қўшиқларни ижро этаман. Мана, бугун Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларидаги дастурларимизнинг мухлислар томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинаётганлигининг ўзи ҳам уларнинг  ўзбек санъатига бўлган меҳридан нишонадир. Бундан ташқари, Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида шу ерда бўлиб турган устоз санъаткорлар репертуаридан ҳам тожик тилида айтилган қўшиқлар ўрин олган.

-Мухлисларингиз қўшиқларингизни кўпроқ севишадими ёки кинодаги ролларингизни?

-Бу ерда бизнинг филмларимизни ҳам томоша қилишар экан. Мисол учун «Жийда гули» филмини бу ерда кўрмаган, билмаган киши йўқ экан. Буларни кўриб, менда ўзгача бир кайфият пайдо бўлди. «Жийда гули» қўшиғини тожик тилида ҳам ижро этишим керак экан, деган фикр пайдо бўлди менда. Мана шу нарсаларнинг ўзи ҳам ўзбек-тожик халқлари қанчалик яқин эканлигидан гувоҳлик беради.

Ўзининг «Лазги» ашуласи билан залдагиларни рақсга тушишга «мажбур» этган Анвар Собиров «Жийда гули» қўшиғини ҳам ижро этди. Унинг гапида жон борлигига залдагилар унга жўр бўлган  ҳолда, «Жийда гули» қўшиғини баб-баравар хиргойи қилишганида амин бўлдик. Концерт дастури ўзининг авж палласига етиб келганда, Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов саҳнага чиқди. Иккита қўшиқ ижросидан кейин, Ғуломжон Ёқубовга дўстлик рамзи сифатида Тожикистон Халқ артисти Афзалшоҳ Шодиев гулдаста тутқазди. Ғуломжон Ёқубов эса, «Бизлар абадий дўстмиз. Гарчи бизнинг тилимиз бошқа-бошқа бўлганлиги билан динимиз, дилимиз бир. Урф-одатимиз, тўйимиз, ейдиган овқатимиз бир. Сизларда ҳам, бизларларда ҳам миллий таом - ош. Шунинг учун, дўстлигимиз бундан-да мустаҳкам ва абадий бўлсин»,- деди мухлисларга қарата. Саҳна ортида Ғ. Ёқубов билан қисқагина бўлса-да, суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

 Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон Халқ артисти:

gulomjon yoqubov-2017-Душанбега келмаганимга ҳам 20 йиллардан ошиб қолибди. Мана, бу гал келганимизда бизни аэропортданоқ карнай-сурнай садолари, гулдасталар, нон-туз билан жуда яхши кутиб олишди. Бу сафардан олган таассуротларим зўр. Қаерга бормайлик, иззат-ҳурматни жойига қўйиб, дўстликнинг исботини кўрсатишмоқда. Биз делегациямиз билан бундан жуда хурсандмиз. Санъат аҳли вакиллари анчадан буён бир-бирини кўрмаган эди, кўришди, дилдан суҳбатлашишди.  Халқларни боғлайдиган бу, албатта – санъат. Шунинг учун, биз санъаткорлар келиб халққа хизмат қилаётганимиздан чексиз мамнунмиз. Ўзбек-тожик халқини сира ажратиб бўлмайди. Мана энди бу муносабатларимиз янада ривожланиб, борди-келдиларимиз давомли бўлади, насиб қилса.

Тожикистонга келиб концерт беришни ҳам ният қилиб қўйдим. Насиб қилса, бу йил бўлмаса ҳам, келгуси йили келиб, албатта, концерт бераман...

Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари ёпилиш маросимига бағишланган катта концерт дастури Собиржон Мўминов ижросидаги «Дўстлик» қўшиғи билан якун топди. Қардош мамлакат санъаткорларига ҳурмат рамзи сифатида Тожикистон Маданият вазирлиги номидан гулдаста тақдим этилди.

Театрдан чиқар эканмиз, мазкур санъат базмини томоша қилган ҳар бир киши юзидан кўтаринкилик кайфиятини ҳис этган ҳолда, улар тилида мамлакатларимиздаги тинчлик ва икки қардош халқ - тожигу ўзбек ўртасидаги дўстликни олқишлаб айтилаётган самимий ва яхши сўзларнинг гувоҳи бўлдик. Биз ҳам уларнинг фикрига қўшилган ҳолда, беихтиёр қуйидаги сўзлар дилимиздан тилимизга кўчди:

ЯШАСИН, ДЎСТЛИК!

 

Зуҳриддин УМАРОВ,

Гулфинур АЮПОВА, 

махсус «Халқ овози»  учун.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Сармоячилик муҳитини яхшилашга оид кенгаш мажлиси

 

20 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, Сармоячилик фазосини яхшилашга доир маслаҳат кенгаши Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон бошчилигида кенгашнинг XIX мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис масалалари кўриб чиқилиши чоғида, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон республика ва минтақа мамлакатлари савдо шериклари билан

Муфассал...

АНОМАЛ ИССИҚ ҲАРОРАТ ВА ЎЛКАМИЗНИНГ АБАДИЙ МУЗЛИКЛАРИ

 

- Қадимий Саразмнинг 5500 йиллиги Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарори асосида 2020 йил ўтказилади, - деди Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий Фанлар академиясининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган матбуот конференциясида. – Айни пайтда тадбирнинг ташкилий комитети ҳамма томонлама тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга академия олимлари қадимий Саразмда илмий-тадқиқот ишларини давом

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991176

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478875
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4803
4027
22488
7426653
100519
114875
7478875

Сизнинг IPнгиз: 18.119.120.59
Бугун: 23-11-2024 17:56:14

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015