3 май бутун дунё бўйлаб Халқаро матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади. Илк бор Халқаро матбуот эркинлиги куни 1991 йилнинг 3 майида Намибия пойтахти – Виндҳук шаҳрида қайд қилинган. 1993 йилнинг 20 декабридан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан бу кун расман Халқаро матбуот эркинлиги куни сифатида эълон қилинди. Бу кунни нишонлашдан мақсад дунёда фикрлар турли-туманлиги ва матбуот
эркинлигини кенгайтиришдан иборатдир. Тожикистон Республикасида Халқаро матбуот эркинлиги куни 2001 йилдан буён қайд қилинади. Бу сана 1991 йилнинг шу кунида Намибия пойтахти – Виндҳук шаҳрида Африка мамлакатлари мустақил матбуоти намояндалари «Виндҳук декларацияси»ни қабул қилгани билан боғлиқдир. Мазкур декларацияда мустақил ва эркин матбуотнинг мавжудлиги демократик давлатнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд қилинган.
Душанбе шаҳридаги «Шератон» меҳмонхонасида ҳам Халқаро матбуот эркинлиги куни муносабати билан журналистлар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналар намояндалари иштирокида «ОАВ тенденцияси ва янги мушкулликлар» мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ташкилотчиларининг кириш сўзидан кейин, иштирокчилар сўз эркинлиги йўлида қурбон бўлган журналистлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан эҳтиром кўрсатишди.
Конференцияда иштирок этган АҚШнинг Тожикистондаги элчиси ўринбосари Лэсли Хэйден эркин матбуот тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Мен бугун сиз – журналистлар жамиятда қандай муҳим рол ўйнашларингизни таъкидлаб ўтишни истардим. Журналистлар йиғилган жойда қизиқарли суҳбатлар бўлади, бугунги йиғилишимиз ҳам ана шундай руҳда ўтишига умид қиламан. Буюк ёзувчи Марк Твен айтганидек: - «Журналистика бу, нафақат муаммолар ҳақида ёзиш, балки жамиятни бирор ишни қилишга ундаш ҳамдир», - дея таъкидлади Лэсли Хэйден ўз чиқишида.
«Хома» жамият ташкилоти раиси Шаҳло Акобирова «Журналистика: айтилмаган гаплар» мавзусида чиқиш қилар экан, мустақиллик йилларида ҳалок бўлган журналистлар ҳақида сўз юритди.
-Франциянинг таниқли адиб ва файласуфи Албер Камю эркин матбуот қудратли ё нотавон бўлади, дейди. Фикр эркинлиги мавжуд бўлмаган матбуот фақатгина нотавон матбуот бўла олади. Озод матбуот ҳақ сўзга таянади, ҳақиқат учун ҳаракат қилади ва ҳар доим хавф остида бўлади. Давлат фикр эркинлигини ҳимоя қилиши, журналистлар учун касбий фаолиятларини олиб боришларига шароит яратиши керак. Қайси давлатда матбуот эркинлиги бир зина пастга тушса, у ерда ахлоқсизлик ва коррупция беш фоизга ошиши ҳақида статистик маълумотлар бор. Шунингдек, ҳар ҳафта дунё бўйлаб икки нафар журналист ҳалок бўлади,- деди Шаҳло Акобирова ўз маърузаси чоғида.
Сўнгра конференция иштирокчиларига 90-йилларда мамлакатдаги вазиятни ҳаққоний ёритиш йўлида ҳалок бўлган журналистлар хотирасига бағишлаб тайёрланган дастур намойиш қилинди.
Шундан кейин ОАВ Кенгаши бошқармаси аъзоси, журналист Ражаби Мирзо «Журналистика – хатарли касб» мавзусида чиқиш қилиб, журналистларнинг калтакланиши далиллари борасида сўз юритар экан, аксарият жиноятлар бир хил имзога эга эканлигини таъкидлади:
-Рустами Жоний, Далер Шарипов, Хуршеди Атовулло, Ҳикматулло Сайфуллозода, Салим Шамсиддинов ва бошқа журналистларнинг калтакланганликларини эсга олиш мумкин. «Рўзи нав» мустақил газетасининг муҳаррири бўлган ҳолда ўзим ҳам номаълум шахслар томонидан икки марта калтакланганман, - деди у. - Бунда иккинчисини жонга қасд қилишга уриниш, деб аташ ҳам мумкин. Чунки ўшанда мени нафақат қўллар ва оёқлар, балки темир чивиқлар билан ҳам калтаклашганди. Шуниси афсусланарлики, на мен ва на бошқа журналистларга нисбатан уюштирилган ҳужумларда, асосан, жиноятчилар топилмасдан қолаверди.
Конференцияда иштирок этган Германиянинг Тожикистондаги элчиси Холгер Грин музокарада чиқиш қилар экан, журналист Ражаби Мирзога савол берди:
- Қирғизистонда ишлаган вақтимда журналистларга ҳужум уюштирилгани ҳақида кўп қулоғимга чалинарди. Бироқ, тўртинчи йилдирки, Тожикистонда ишлаётганимга қарамасдан, ОАВ намояндаларининг калтакланганликлари ҳақида ҳеч қандай хабарни эшитмадим. Бу масалада вазият яхшиландими ёки журналистлар эҳтиёткорроқ бўлиб қолишдими?
-Айни пайтда бу масалада «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш юритиляпти. Бир томондан, жамият учун оғриқли бўлган мавзуларни ёритишга журналистларда ирода кучи етишмайди, - дея жавоб берди Ражаби Мирзо.
Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАНСМИТ) раҳбари Нуриддин Қаршибоев журналистларнинг ўз мақолаларини назорат қилишлари (цензура ўрнатишлари)нинг уч сабабини санаб ўтди:
-Биринчидан, бу танқид остига олинаётган шахслар ёки идоралар томонидан эҳтимолий босим ўтказилиши. Иккинчидан, ҳатто, энг жасур журналист ўткир мақолани ёзишга қарор қилса ҳам, ўз ишининг яхши баҳоланмаслиги учун бу ишни қилишга шошилмайди. Журналистлар оладиган кичкина гонорарлари эвазига ўз жонини хавф остига қўйишни исташмайди. Учинчидан, айрим ОАВ раҳбарларининг ўзлари тижоратларини йўқотишдан қўрқиб, баъзи мақолаларнинг чоп этилишига тақиқ белгилашади.
«СССР» газетаси муассиси ва бош муҳаррири Сайёфи Мизроб «Жувонмарг журналистика» мавзусида чиқиш қилиб, мамлакат журналистларининг ҳаётдан эрта кўз юмишлари сабаблари ҳақида сўз юритди.
-Бугун журналистика ўз бошидан қандай мушкул кунларни ўтказаётганини барчамиз яхши биламиз. Маошнинг камлиги, мунтазам равишда руҳий босимлар. Кўп ҳолатларда бу босимлар сиёсий эмас. Биз жуда ёш бир миллатмиз. Қарийб ҳаммамиз бир-биримизни биламиз. Танқидий мақолалар ёзадиган журналистлар ўзларига босим ўтказилиши ҳақида билишади. Жамиятимиз шу пайтгача журналист нима учун хизмат қилишини яхши англаб етгани йўқ. Токи жамиятимиз ўзгармас экан, журналистларга нисбатан руҳий босимлар ҳам орадан кўтарилмайди, - деди Сайёфи Мизроб.
Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Нуриддин Қаршибоев «Суд баҳслари: сабоқлар ва истиқбол» мавзусида қилган маърузасида журналистлар ва ОАВ иштирокида суд баҳслари, улардан қандай хулоса олинганлиги борасида тўхталди. Унинг айтишича, сўнгги икки йилда аввалги йилларга нисбатан журналистларнинг судга тортилишлари ҳолати анча камайган.
Сўнгра ОАВ Кенгаши раиси Хуршеди Атовулло «Чопхона: Stop, бошқа жой топинг» мавзусида чиқиш қилиб, газеталар нашри тўхтатилишининг воқеий ва сунъий омиллари борасида тўхталди.
Тожикистон Аёл журналистлар ассоциацияси раҳбари Муҳайё Нозимова «Журналистларнинг соҳадан кетишлари» мавзусида чиқиш қилиб, тожикистонлик журналистларнинг нима учун ўз ватанларини ташлаб кетганликлари сабаблари ҳақида уларнинг ўзларидан олган маълумотлар асосида гапирди. Маълум бўлишича, хорижга йўл олган журналистларнинг аксарияти иш жойи бўлмагани, маошнинг етарлича эмаслиги сабабли кетишган.
Конференциянинг якуний қисмида энг яхши журналистларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
«Тожикистон Медиа Алянси» журналистлар ассоциациясининг Отахон Латифий номли мукофоти бу йил Салими Аюбзод ва Нажмиддин Шоҳинбодовга топширилди. «Тожикистон Медиа Алянси»нинг Мазҳабшо Муҳаббатшоев номли мукофоти журналистик жасорати учун Иршод Сулаймонийга берилди.
Журналист Ҳуринисо Ализода Тожикистон ОАВ Кенгашининг «Ишонч» мукофоти лауреати бўлди.
Ҳуриниссо Бердиева номли «Аёл журналистлар коалицияси» мукофоти матбуот соҳасида журналист Адолати Мирзо, радио соҳасида – Саодат Исмоилий, телевидение бўйича эса, Фируза Миржумаевага топширилди.
«Тожикистон» газетаси бўлим муҳаррири Одили Нозир ва Тожикистон радиоси ходими Карим Мусо ОАВ Кенгашининг Пайванд Гулмуродзода номли мукофоти лауреатлари бўлишди.
Жума Толиб номли Журналистик тадқиқотлар маркази мукофотига эса, Жамшед Маъруфов, Мушкинисо Хожаева ва Саиди Ҳайдарлар муносиб топилди.
Журналист Фируз Баротов Тожикистон Республикасида ОАВ тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси учун диплом билан тақдирланди.
Жамиятдаги ноҳақликлар ва муаммоларга қарши кураш йўлида қуроли қалам бўлган журналистлар учун матбуот эркинлиги муҳим рол ўйнайди. Тожикистонда даврий матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир.
Лекин бу, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш дегани эмас. Тожикистон Республикасининг «Даврий матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасида шундай дейилади: - «Давлат сири ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа ахборотлар, конституцион тузумни зўравонлик билан қулатиш ёки ўзгартириш, жиноий амалларни содир этишга чорловчи ахборотлар, ирқий, миллий, маҳаллий, диний, тил билан боғлиқ нафратларни қўзғаш, уруш, зўравонлик, террорчилик ва экстремистик фаолиятни тарғиб қилиш, давлат яхлитлиги ва мустақиллигига зарар етказувчи ҳамда порнографик хусусиятга эга бўлган материалларни тарғиб этиш ва реклама қилиш тақиқланади».
Жамиятдаги камчиликларни бартараф этиш йўлида журналистлар томонидан холис ёзиладиган мақолалар Тожикистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 февралдаги «Мансабдор шахсларнинг оммавий ахборот воситаларидаги танқидий ва таҳлилий мақолаларга жавоби тўғрисида»ги қонуни билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу фармонга мувофиқ, танқидий мақолалардан кейин босим ўтказиш ҳақида ўйлаш эмас, балки камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилиш зарур бўлади.
Г. Аюпова,
«Халқ овози».
Археологик қидирувлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиёдаги энг қадимги ёғоч ўймакорлиги усули билан ясалган устун қадимий Панжакент шаҳри ёдгорликларидан топилган. Мазкур топилма эса, ушбу қадимий ҳунармандчилик тури азалдан аждодларимиз орасида ривожланиб келганлигидан гувоҳлик беради. Бу шаҳар V-VIII асрларда улкан маданий марказлардан бири саналарди. Қадимий Панжакент шаҳри Шарқ меъморчилигининг ўзига хос услуби билан бунёд этилган
Муфассал...Ўлмас Жамол (илоҳо охиратлари обод бўлсин) улкан тоғ бағридан ҳар қандай хасу хашаклардан покланиб чиқаётган, барча тирик мавжудотга ҳаёт бағишлайдиган муқаддас булоққа ўхшарди.
Булоқларда биз инсонлар ҳамиша ҳам эътибор беравермайдиган ажиб фазилат бор. Ҳаммага – шоҳга ҳам, гадога ҳам тенг, баравар хизмат қилиш фазилати. Ўлмас ака ҳам ана шундай беминнат, одам танламайдиган, каттага ҳам,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015