Ҳожибой кўп қўллайдиган ва халқ орасида деярли афоризмга айланиб кетган бу иборани сарлавҳага кўчирганимизнинг боиси бор. «Халқдан олиб, яна халқнинг ўзига қайтаргувчи» машҳур қизиқчи истеъдоди гуркираган пайтларда, дарҳақиқат, ўзбекнинг ўзи, ўзиданам сўзи қизиқлигини, сўзга устомонлиги, закийлигини, нозик ишоралар, қочиримлар билан бир сўзга аллақанча маъно юклаши мумкинлигини серқирра ижодида кўрсатиб,
исботлаб бера олди ва ўзи ҳам чархланиб, нафақат Тожикистон ва Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда фақат Ҳожибой Тожибоевгагина хос бўлган ижро услубини яратди. Саид Аҳмаддай улуғ ёзувчи «Ҳожибой Тожибоевнинг кулгусида беғуборлик, беозорлик ва юксак самимийлик бор. Унинг кулгуси бировларникига асло ўхшамайди. Ҳожибой аввал тингловчини куйдириб, кейин кулдирар экан. Биз ҳам аввал куйиб, сўнгра кулганларданмиз», дея унинг маҳоратига тан бергани бежиз эмас.
1 апрел баҳонасида ана шундай юксак баҳога чиндан-да лойиқ инсон, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист, кулгу устаси, халқ севган санъаткор Ҳожибой Тожибоевни хотирлаб, унинг ҳаёт йўли ва қизиқчилик фаолиятидан айрим лавҳаларни сизга тақдим этишни лозим топдик.
Янгиқишлоқ - Ҳожибойнинг киндик қони томган маскан
Ҳожибой Тожибоев 1955 йил 25 августда деҳқон оиласида дунёга келди. Отаси, ҳожи Шодимурод даланинг одами, оддий колхозчи эди. Онаси Шаҳринисо ҳам умр йўлдоши билан бирга муборак ҳаж сафарида бўлиб, бутун умрини 8 нафар фарзанд тарбиясига бағишлади.
Оила сардори Шодимурод отадан бошлаб, Тожибоевлар сулоласида ўғилларга «мурод» қўшиб ном қўйиш анъанага айланган: тўнғич Ҳожимурод, ундан кейинги укалари Қўшмурод, Бекмурод, Орзумурод деб аталган. Қизлар ҳам 4 нафар. Ҳозир ҳаммалари уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетишган.
Ҳожибой ўрта мактабни тугатиб, 1973-1977 йилларда Тошкентдаги театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олди. Олийгоҳ йўлланмаси билан Тожикистонга қайтиб, бироз муддат Шукур Бурҳон номли Нов мусиқали театрида, сўнгра Камол Хўжандий номли вилоят мусиқали драма театрида актёрлик, қизиқчилик қилди. Санъатнинг юксакроқ чўққиларини забт этиш орзусида Андижон давлат филармониясига ишга ўтди, таниқли хонандалар Шерали Жўраев ва Ҳалим Жўраевнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйлаб қилган гастрол сафарларида бирга қатнашиб, унди, ўсди, элга танилди. 2000 йиллардан мустақил фаолият юритиб, Тошкент театрлари саҳнасида концерт дастурлари бера бошлади. Ижоди энди гуркираб, қаймоқлаётган пайтда, 2008 йилнинг 24 июлида Тошкент шаҳрининг 16-касалхонасида жигар циррозидан вафот этди.
Ҳожибой Тожибоев ўзи туғилиб ўсган Жаббор Расулов ноҳиясидаги Янгиқишлоқ қабристонига дафн этилган.
Ҳеч кимникига ўхшамайдиган кулгу
Ҳожибой ҳангомаларининг халқ орасида кенг тарқалиб, ойлаб, йиллаб айтиб юрилиши – уларнинг халқчиллигида, сиз билан бизга яқинлигида, биз яшаб турган кундалик ҳаётдан олинишида, қаҳрамонларнинг ҳамма танийдиган кишилар эканлигида. Маошларнинг пастлиги, савдогарнинг харидорни алдаши, ҳайдовчиларнинг учарлиги, ДАН ходимларининг бирор нарса илинжида қўлингизга термилиши, қассобларнинг тарозидан уриши, футбол… хуллас, турмушда доимо учрайдиган долзарб мавзулар ҳажв бўлиб унинг ҳангомаларига кўчган. Мана, бир оддий мисол. Қайси хонадонда эр билан хотин ўртасида жанжал бўлмайди? Қизиқчи зукколик билан бу мавзуни тилга олиб, енгил кулгу орқали можаро сабабларини очиб беради, ундан чиқиб кетиш йўлларига ишора қилади:
Эр-хотин аразлашиб, бир-бирига индамай юрибди. Мабодо бирор гаплари чиқса, «через» боласи гаплашади.
- Бор, онангга айт чой қўйсин! Рўпарада пўмпайиб ўтиравермасдан…
- Бор, отангга айт, керак бўлса, ўзи қўйиб, ичсин!
- Онангга отам охирги марта айтаётибдилар экан, кейин ишингиз чатоқ бўлармиш, дегин.
- Бор, отангга онам қўрқмас эканлар, дегин.
- Бор, онангга отам туряптилар экан, деб айт!
- Бор, онам «уже» туриб бўптилар, де. Бор!
- Бор, онангга айт, ҳозироқ…
Тамом. Ўртада бўзчининг мокисидай бориб келаётган болага раҳмингиз келади. Агар у бўлмаса, гаплашишга мажбуру лекин гаплашмайди. Хат билан гаплашади бир уйда туриб.
Ётишдан олдин эри қоғозга ёзиб қўйибди: - «Хотин, эрталаб мени соат 5да уйғот! Беш яримда мол бозорда бўлишим керак».
Эрталаб уйғонса, 10 эмиш. «Ие, уйғотмабди-ю, аттанг, бозордан кеч қолдим», деб апил-тапил кийинаётса, кўзи қоғоздаги ёзувга тушибди. Олиб ўқиса, «Дадаси, туринг, соат 5 бўлди», деб ёзилганмиш…
Ҳожибой то ўзини топгунича тинмай ўқиди, изланди, интилди. Ўтган асрнинг охирги йилларида Тошкентда ўтказилган аскиячи ва қизиқчиларнинг «Кулгу-90» танловида ғолиб чиқиб, бугун биз биладиган Ҳожибой даражасига кўтарилди. 2000 йиллардан бошлаб эса, улкан концертлар, йирик анжуманларда мустақил чиқишлар қилишни бошлади. Ўзининг репертуари бойлиги, оммавийлигига ишонч ҳосил қилгач, қизиқчилар орасида биринчи бўлиб қўрқмасдан 4,5 минг киши сиғадиган «Истиқлол» санъат саройида уч кун, ҳар куни икки сеансдан яккахон концерт берди. Бу жуда катта жасорат, қизиқчининг таърифдан ташқари ютуғи, ҳар куни одамлар билан лиқ тўла зал, концерт чоғидаги беҳисоб гуллар, олқишлар, миннатдорчиликлар Ҳожибой қандай санъаткорлигининг, у эришган обрў-эътиборнинг ёрқин далолати эди. Истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф «Ҳожибойнинг кулгуси бировникига ўхшамайди. Унинг кулгусини фақат ўзидан эшитиб, кулинг», деб тўғри башорат қилган экан. Мухлисларнинг сон-саноғи йўқ ва улар «Ҳожибойнинг кулгусини фақат Ҳожибойдан эшитиш» учун унинг концертлари, у иштирок этадиган йиғинлар, анжуманлар, тўй-ҳашамларга оқиб борардилар.
Қизиқчиликдаям ҳад бор
Сўнгги пайтларда қизиқчилик санъатида одамларни қандай йўл билан бўлмасин кулдириш учун тўй ва ҳашамлар у ёқда турсин, ҳатто, катта санъат даргоҳларида шарқона маданиятни, шарм-ҳаёни бир чеккага йиғиштириб қўядиган қизиқчилар пайдо бўла бошлади. Бу масалада Ҳожибой юксак маданият эгаси эди. Ҳадни жуда яхши билар, Обид Асомов таъбири билан айтганда, «белдан пастга тушмай» чиқиш қиларди.
Синфдош дўсти Ҳазратқул ҳикоя қилади:
- Ҳожибой ўтгандан кейин Тошкентда унинг дўстлари, ҳамкасблари катта маърака қилишди. Биз беш киши бўлиб бордик. Ўшанда маъруза қилган маҳалла имоми шундай деган эди:
- Ҳожибой укамизнинг қизиқчилигини уйда, бола-чақа, келинлар билан бирга бемалол томоша қилсак бўларди. Чунки бу укамиз сўзларида ўзбекона шарм-ҳаё, маданият бор тоза йигит эдилар. Афсуски, айрим қизиқчи укаларимизнинг гапларини келин ёки қизимизнинг олдида эшитиб бўлмайди. Эшитиб, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан…
Эътироф ва афсус
Элу юрт олдидаги катта хизматлари муносиб баҳоланиб, санъаткор Ўзбекистон ва Тожикистон Ҳукуматлари томонидан хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. Қадрдон дўстлари, бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлари ва айниқса, кўп сонли мухлислар уни ҳамон эслашади, номини ҳурмат билан тилга олишади. Ўзбекистонда халқнинг меҳру муҳаббати ифодаси сифатида тез-тез турли тадбирлар ўтказиб турилади. Масалан, 2009 йили вафотининг бир йиллиги муносабати билан Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида жуда катта хотира концерти ташкил қилинди.
Бу ҳақда ўша тадбир меҳмони, шоир ва журналист Эрмат Бобожоннинг ҳикоясига қулоқ тутамиз:
«2009 йилнинг августларида қўшни Тошкент шаҳридан таклифнома олдик. Унда ёзилишича, 10 сентябр куни пойтахтдаги «Истиқлол» санъат саройида ҳамқишлоғимиз, машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоев хотирасига бағишлаб концерт ўтказилаётган экан. Ўша концертга биз, яқинларини ҳам таклиф қилишибди.
Таклифномани ўқиб, алланечук бўлиб кетдик. Қалбимиз қувонч ва ифтихорга тўлди, кўзимизга соғинч ёшлари инди. Нега бормас эканмиз, албатта, борамиз!
Муддат яқинлашганда, раҳматли Ҳожибойнинг укалари Қўшмурод ва Бегмурод, маорифчилар – Солижон, Латифбой, мен, Ибодулла ака – олтовлон йўлга чиқдик. Тошкентга кираверишдаги Бектемир постида бизни Ҳожибойнинг ашаддий мухлисларидан бири, Тошкент қишлоқ хўжалиги университети домласи, биология фанлари номзоди Анваржон Абдуллаев кутиб олди.
Ўша куни шаҳар айландик. Мустақиллигининг 18 йиллигини яқиндагина нишонлаган пойтахт жуда маҳобатли ва шукуҳли эди. Алишер Навоий ҳайкали пойига гулдасталар қўйдик.
Ташрифимизнинг эртаси куни болаларнинг севимли журнали «Гулхан»га муҳаррирлик қилаётган Ашурали Жўраев билан учрашиб, мароқ билан суҳбатлашдик. У киши Ҳожибойни яхши билар, жуда ҳурмат қилар эканлар, бизга номаълум кўп қизиқарли воқеаларни ҳам қувонч, ҳам андуҳ ила сўзлаб бердилар ва «Танимадинг-а?!», «Саҳифага сиғмаган сатрлар» номли иккита китобларини эсдалик учун тақдим қилдилар. Оддий бир қишлоқ йигити бўлган юртдошимизнинг Ўзбекистонда томир отиб, шунчалик эътиборга эришганидан кўнглимиз ифтихорга тўлди.
Хотира концертидан олган таассуротларимизни… қоғозга сиғдириб бўлмайди. Номдор кулгу усталари – Обид Асомов, Мирзабек Холмедов, ўзбек санъати юлдузлари – Алижон Исҳоқов, Гули Асалхўжаева, Собиржон Мўминов, Ғиёс Бойтоев, Маҳмуд Намозовларнинг чиқишлари, ширин хотиралари қалбимизда бир умрга муҳрланиб қолди.
Ўзининг дилбар қўшиқлари, ширин овози билан ўзбекистонлик барча қўшиқ мухлислари юрагидан чуқур жой олган, ўтли хонишлари ҳозир ҳам радио ва телевидениедан тушмай келаётган яна бир юртдошимиз Абдурауф Олимовнинг номи эълон қилинганда, бутун зал уни тик туриб олқишлади. Зални тўлдириб, дилларни жунбушга келтириб хонанданинг ёқимли, ширали нолалари тарала бошлади:
Бу турфа гуллар, айтинг, муҳаббат боғиданму,
Бунча чиройли, бўйли, олмос бутоғиданму…
…Тошкентдан Ҳожибой тириклигига, уни севувчи шу халқ бор экан, ҳеч қачон унутилмаслигига ишониб қайтдик…»
Ҳамкасбимизнинг Тошкент таассуротларини тинглаб ўтириб, беихтиёр ўйга чўмдик. Ҳожибой у ерда-ку, шунчалик ардоқланаётган экан, бизда – туғилган юртида нима қилиняпти? Афсуски, бу саволга чуқур хўрсиниқдан бўлак жавоб йўқ. Хаёлимизга шоирнинг ушбу сатрлари келди:
Ўзи шундай – шодлигингга ҳамма бирдай тенг шерик,
Ғам-алам чекканда, лекин қайғудош ҳамдам қани?
Қайғудош йўқлигимас, қадрингга йиғла, эй кўнгул,
Етсалар қадрингга эрди, майлига, кам-кам қани…
Кўп эмас, кам-кам бўлсаям, бир-биримизни, улуғ кишиларимизни қадрлашни ўрганайлик.
МИШ-МИШЛАР ВА ҲАҚИҚАТ
1. Қўшхотинлиги рост
Одамзотнинг табиати қизиқ. Ўзи ёқтирган машҳурлар, юлдузларнинг хизматидан кўра, ҳаётидаги икир-чикирлар, сирларга кўпроқ қизиқади. Кимсан Ҳожибойдек ҳақгўй, покиза инсоннинг иккита хотини борлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам мухлислар орасида анчадан бери «ўтлаб» юради. Хўш, аслидаям шундайми?
Ноқулайроқ бўлсаям, буни аниқ биладиган ва шов-шувга сўнгги нуқтани қўя оладиган киши – қизиқчининг жуфти ҳалоли Майсарага мурожаат қилдик.
- Иккинчи марта уйланишларига мен ўзим рози бўлганман, - деди у бизни ҳайрон қолдириб. – Гап шундаки, биз амакиваччалармиз, ёшликдан бешиккерти қилинганмиз. Қонимиз бирлиги сабаб бўлдими, битта қиздан бошқа фарзанд кўрмадик. Халқимизни биласиз, шуниям дарров гап-сўз қилишади. Ўғилсиз тиллари қисиқ бўлмасин, дунёдан армонда кетмасинлар, дедим…
Қизиқчининг тоғаяклик ҳамкасби, иккинчи хотини туфайли қариндошлик ришталари билан ҳам боғланган Абдуқодир Яҳёев масалага янада аниқлик киритади:
- Ҳожибойнинг иккинчи хотини менинг жияним, номи Шаҳло, фамилияси Қаҳҳорова. Ўртада Интизор, Мадина исмли қизлари бор. Ҳозир Тошкентда яшашади.
2. Ўлимида ҳеч қандай сир йўқ
Ҳожибой Тожибоевнинг вафотидан кейин унинг ўлими ҳақида жуда кўп миш-мишлар тарқалди. Кимлардир уни махсус гуруҳлар ўз подвалига олиб кириб, жигарини эзиб юборган деса, бошқа бировлар унга душманлари дори берган, деб ҳисоблайди. Автоҳалокатга учраган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Хуллас, элнинг оғзида бунақа олди-қочди гаплар кўп.
Қизиқчининг кўз очиб кўрган хотини Майсара бу миш-мишларда заррача асос йўқлигини айтади:
- Мен хўжайиннинг мухлисларига, аввало, бир гапни айтиб қўяй: У киши жигар циррози билан оғриган эдилар. Касаллик тишларини олдирганларида уколдан юққан. Бу гапни шифокорлар ҳақидаги қизиқчиликларидаям қистириб ўтиб кетганлар.
Охирги икки йилда жуда кўп мазалари бўлмади. Оёқлари доим шишиб юрарди, лекин касалликни бўйниларига олмасдилар. Лоақал бирор марта бундоқ дўхтирхонада ётиб даволанмадилар-да. 3 июл куни туғилган кунимга келдилар. Аҳволлари анча ёмон эди. Кейин 24 июлда ўликларини олиб келишди…
Суюкли қизи Интизор Тожибоева ҳам отасининг ўлимида кимларнингдир қўли борлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этади.
Ҳ. Тожибоевнинг қизиқчилик бисотидан намуналар
(Ҳамкасбимиз Эрмат Бобожон архиви асосида тайёрланди)
Бу ёруғ дунёдан эрта кетган Худо раҳматлик Ҳожибой ўзидан кейин яхши ном, юзлаб шогирдлар ва бой ижодий мерос қолдириб кетди. Мақоладаги баъзан расмий, баъзан лирикага қоришган, кези келганда, ўкинчли, армонли гаплардан кейин озгина кайфиятни чоғлаш, руҳингизни кўтариш кераклигини ҳис қиляпмиз. Биринчи апрел – кулгу куни арафасида бу вазифани ким биз кутгандек маромига етказиб бажара олиши мумкин? Баракалла, тўғри топдингиз: Ҳожибой Тожибоев!
1. Монологлар
Эр-хотин кечаси ётган экан, уйқуси келмаётган хотин гап бошлабди:
- Дадаси, ҳу, дадаси!
Эр жим.
- Дадаси-и!
Эр жаҳл билан:
- Ҳа!
- Менга қараб ётинг!
- Ўзим биламан қаёққа қараб ётишни, сендан сўрамайман.
- Ҳа, энди менга қараб ётаверинг…
- Кеча сенга қараб ётгандим, бугун бу ёққа қараб ётаман. Гапинг борми?
- Йўқ. Лекин битта саволим бор сизга.
- Ҳой инсон! Саволинг бор экан, кундузи қаёқдайдинг? Майли, сўра, ўша асраб қўйган саволингни.
- Дадаси, анави тириллаб турган холодилнигимизнинг музи совуқмикин ёки Антрактиданинг музи совуқмикин?
- Э, иккаласиданам сенинг гапинг совуқ…
***
Бир қайнонанинг уч куёви бор экан. Куёвларининг садоқатини синаб кўрмоқчи бўлибди. Уйларининг орқасидан анҳор оқиб ўтар экан. Бир куни ўша анҳор бўйида ўтириб қараса, катта куёви келяпти. Ўзини шартта сувга ташлабди-да: - «Вой дод, халойиқ! Қутқаринглар, чўкиб кетяпман!..» – деб бақирибди.
Катта куёв тапара-тапар кийимлариниям ечмасдан ўзини анҳорга отибди. Қайнонасини олиб чиқиб, оёғини осмонга қилиб, ичидаги сувини чиқариб ташлаб, кийимларини қуритиб, дазмоллаб, уйига олиб бориб қўйибди. Куёв эрталаб туриб қараса, ҳовлисида яп-янги «Матиз» турганмиш. И-я, бу тушимми-ўнгимми, деб ушлаб кўрса, машина ҳақиқий. Ойна тозалагичга бир парча қоғоз қистирилган. Унда: - «Севимли куёвимга. Қутқариб қолгани учун севимли қайнонасидан», - деб ёзилганмиш.
Қайнона бир ҳафтадан кейин ўша анҳор бўйида ўтириб қараса, ўртанча куёви келяпти. Ўзини сувга ташлаб, додлабди:
- Вой дод! Қутқаринглар, оқиб кетяпман, ўляпман!..
Куёв ўйлаб ўтирмасдан ўзини сувга отибди, қайнонани қутқариб, оёғини осмонга қилиб, ичидаги сувни чиқариб ташлаб, кийимларини қуритиб, дазмоллаб, уйига олиб бориб қўйибди. Эрталаб туриб қараса, ҳовлисида яп-янги «Дамас» турганмиш. Ойна тозалагичга қистирилган қоғозчани олиб ўқиса, «Севимли куёвимга. Қутқариб қолгани учун севимли қайнонасидан», деб ёзилганмиш.
Бир ҳафтадан кейин кенжа куёв келяпти экан. Қайнона яна ўзини анҳорга отиб, дод солибди. Унинг бир чўкиб, бир чиқиб кетаётганини кўрган куёв ўзича уйлабди: - «Бу мани синаяпти. Қутқариб қолгани учун катта божага «Матиз», ўртанчимизга «Дамас» берди. Мен қутқариб қолсам, эски «Волга» тегади-да. Бор, оқсанг – оқиб кетавер!»
Эрталаб турса, ҳовлисида янги чиққан «Нексия»турибди. Кўзларига ишонмабди. Ушлаб қараса, ҳақиқий. Қоғозчага эса: - «Севимли куёвимга севимли қайнотасидан», - деб ёзиб қўйилганмиш…
2. Ҳаётий латифалар
Ойликдан гапирма
Ўқитувчи бозорда юрганмиш. Аккуратний юради-да. Кичик ўғлининг туфлисини, каттасининг костюмини кийиб олган. Кейин бир лўли тиланчи келиб, роса хижолат қилибди. Эгнидаги либоси пўриму, садақага чўнтакда ҳеч вақо йўқ-да. Ўқитувчи: - «Сен адашдинг, мен ўқитувчиман», - дебди. Лўли кетмабди. Шунда: - «Сенга бир саволим бор, қани айт-чи, ўқитувчининг ойлиги қачон ошади?»- деб сўраса, тиланчи жавоб тополмай қочиб кетибди. Ўқитувчи хира тиланчидан қутулганига хурсанд бўлиб, ўзига ўзи айтар эмиш: - «Тавба қилдим, кимга ойликдан гапирсанг, ҳаммаси қочади-я…»
Ўхшатмасдан учратмас
Енгил автомашинада эр-хотин, қайнота ва қайнона кетарди. Йўлда уларни ДАН ходими тўхтатиб деди:
- Ўртоқ ҳайдовчи, сиз йўлнинг мана шу қисмидан қоидани бузмай ўтган биринчи ҳайдовчи бўлдингиз. Шунинг учун 500 сўм пул билан тақдирланасиз.
- Раҳмат, мен унга ҳайдовчилик гувоҳномаси сотиб оламан.
- И-е, ҳали гувоҳномангиз йўқми?
- Ўртоқ милиционер, унга қулоқ солманг. Кайф устида гапираверади-да, - аралашди хотини.
- Нима, кайфи ҳам борми?! – қичқирди милиционер ранги оқариб. У саволини тугатмасдан қайнона машинадан сакраб тушиб вой-войлаганча қоча бошлади:
- Мен сенларга айтим-а, ўғирланган машинада узоққа бориб бўлмайди деб…
Орқа ўриндиқда хуррак отаётган қайнота бақир-чақирдан уйғониб кетиб, уйқусираганча сўради:
- Нима, чегарага етиб келдикми?
Иложи йўқ
Бир шилқим касалхона олдида турган экан, олдидан оқ халатда, оқ қалпоқда чиройли ҳамшира қиз «тиқ-тиқ», «тиқ-тиқ» этиб ўтиб қолибди.
Шилқим уни кўриб: - «Вой дод, жонингга жоним туташ. Кошки, касал бўлиб қолсаму, сенинг палатангга тушиб қолсам, ўзинг даволасанг…» - деса, ҳамшира: - «Бунинг иложи йўқ-да», - дермиш.
Шилқим ҳайрон. Нимага иложи бўлмас экан?
-Чунки мен роддомда ишлайман, - дебди қиз кулиб.
3. Бир қайнови ичида...
* Бу йўл қаерга боради? Бу йўл ҳеч қаерга бормайди, минг йилдан бери шу жойида турибди. Керак бўлса ўзинг борасан!
* Меҳмонлар, ўтири-и-и-б борасизлар-да… Ие, ўтириб бориб бўлар эканми? Буниси етмагандай яна ёти-и-и-и-б борасизлар-да ҳам дейди.
* - Ака, кеча ошда кўринмадингиз? Мен сенга гўштманми, ошда кўринсам…
* «Уятли меҳмонлар келиб қолди», - деймиз. Нима, қолганлари уятсизми?
* Фалончининг ўғли фалончининг қизини бошини айлантириб юрганмиш? Резбаси бор экан-да бўйнида, хоҳласа - у ёққа, хоҳласа - бу ёққа айлантираверади.
* Шу, мазза қилиб реклама кўриб турганингда, орага кино қўйиб юборишади-да…
Дилмурод Ҳожимуродов,
Ж. Расулов ноҳияси.
Президент: - …Ташаккур. Тожикистонга хуш келибсиз! Тожикистон мустақил мамлакат сифатида нефт ва газ манбаларига эга эмас. Тожикистоннинг ягона бойлиги гидроэнергетик захиралари бўлиб, бу кўрсаткич бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Тожикистоннинг бу соҳадаги захира ва имкониятлари 580 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади. Тожикистон 1991 йилнинг 9 сентябри - мустақилликни қўлга киритган вақтда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлаш асосий муаммо эди. Дастлабки йилларда биз деярли
Муфассал...
Сайфулло Қулаев Фархорда туғилган.
У бир чеккаси Ҳиротга ва бир чеккаси Қоратоғ ўнгирларига туташиб кетган Ўртабўз қишлоғида вояга етди.
Сайфулло - туғма шоир. Бу талотўмли дайри фанода унинг битикларидан ҳаққонийлик бўй кўрсатиб туради.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015