СОҒИНЧ
Тунлар узун, кунлар бемадор,
Уйлар юраклардай тангу тор.
Зериктирди ёғиб-ёғмай қор,
Мен баҳорни, гулни соғиндим…
Қишнинг аёзли, изғиринли кунларидан чарчаб, феврални зўрға ўтказаётган, деразадан ташқарига термулиб, кўкатлар, гуллар хандаси, ариқчаларда сувлар жилдираб оқиши, сайроқи қушларнинг шодон чаҳ-чаҳи, оламнинг қайта ёшариб, яшилликка бурканишини интиқ кутаётган ҳар бир одамнинг кўнглидан ана шундай энтиктирувчи гўзал ҳислар кечиши тайин. Бу кечинмалар ва ширин соғинч 1957 йил мартининг биринчи санасида Новнинг Саидқўрғонида дунёга келган ва бугун дилбар, бетакрор қўшиқлари билан ном чиқариб, ўзининг олтмиш ёшини қаршилаётган Қодиржон Мирашуровгаям бегона эмас. Хонишларидан бекорга баҳор нафаси, илиқлиги, латофату чиройи, таровати келиб туради, деб ўйлайсизми? Ахир, у чин маънодаги Баҳор фарзанди, томиридаги қонда Баҳор кезиб юрибди!
ҚЎШИҚНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Одам боласи қалбида ғалаён қилаётган барча кечинмаларни сўз билан ифодалашга қодир эмас. Шодликдан, қувончдан, ташвишлару ғам-аламдан ичингиз тўлиб кетганда, бир тўйиб тўкилгингиз келади. Ва шунда кимгадир ёрилсангиз, сал енгил тортасиз. Лекин, барибир, жойига тушмайди. Кўнгилнинг бир четида яна нималардир қолиб кетади. Шунда…беихтиёр куйлай бошлайсиз. Юракдаги жамики шодликларингиз, орзу-армонларингиз сўз бўлиб оқади ва бу сўзлар ўзи топган мусиқага қоришиб, хиргойига айланади. Қўшиқ туғилади. Бу - сизнинг қўшиғингиз.
Шунақа, ҳаммамизнинг ўз қўшиғимиз бор. Ҳаммамиз қўшиқ айтмай туролмаймиз. Лекин бу фақат ижро, холос. Қўшиқчилик эмас. Асил қўшиқчи минг, балки юз минг одам орасидан бир-бир дунёга келади…
ҲОФИЗНИНГ ТУҒИЛИШИ
Саидқўрғонни таърифлаш керак бўлса, энг аввало, деҳқонларининг темир тирноқлиги, меҳнаткашлигини тилга олмоқ лозим. Кейин қишлоқ номини етти иқлимга таратган Битоҳира Мирашурова, Абдуқаҳҳор Абдусатторов, Абдуғани Робиев, Анвар Исмоилов, Абдулла Исмоилов сингари фарзандларини. Маъруфжон Обиджонов директорлиги даврида қишлоқ аҳли сабзавот экинлари ҳосилдорлиги бўйича энг юқори кўрсаткичларга эришиб, бирваракайига тўрт бор республика социалистик мусобақасида ғолиб чиққани, бир неча марта ВДНХнинг олтин медали билан мукофотланганини эслашнинг ўзи ютуқлар чашмасидан қатралардир, холос.
Қодиржон Сир соҳилида жойлашган мана шу гўзал, меҳнаткаш гўшада дунёга келган. Отаси, мактабда мусиқадан дарс берадиган Абдували Мирашуров таъсирида рубобга ишқи тушгани, барча севиб тинглайдиган Шерали Жўраев қўшиқларини бинойидек куйлашини айтмаганда, болалиги тенгдош ўртоқлари каби далада, экиннинг ичида ўтди. Томорқанинг ўзидаги ер чопиш, ўтоқ, дарсдан кейин молларга қарашдан бўшаб, уй вазифасини тайёрлашга ўтирар, қунт билан ўқирди. Шу йилларда юрагида адабиётга, шеъриятга уйғонган кучли ҳавас, Навоий, Фузулий, Муқимий, Машраб, Нодира ғазалларини ёд олиши кейинроқ бориб ўзи яратган қўшиқларга матн танлашда жуда асқотди. Сўз маъносини тушуниб куйлашга ўргатди.
- Агар ҳофиз қўшиқ сўзларини равон, дона-дона қилиб айта олмаса, эшитганлар яхши тушунмайди. Демак, сўз англатаётган маъно юраккача етиб бормайди, - дейди бу ҳақда ҳофизнинг ўзи. - Худо овоздан, ширадан бермаса, бунданам қийин. Лекин овозни берган бўлса-ю, сўзларни жой-жойига қўйиб айтолмасангиз, маддоҳдан фарқингиз қолмайди. Санъаткорлик мана шунда - Худо берган овозга мос қўшиқни танлай билишда!
Қўшиқ - шеърдан бошланади. Шеърдаги шодлик, қувонч, дард, алам, нола аввал ҳофизникига, сўнгра халқникига айланади. Шоир ва ҳофизнинг кечинмалари уйқаш бўлиб, бир-бирига қўшилиб, ўйлатадиган, энтиктирадиган, оҳ урдирадиган қўшиқ дунёга келади…
***
Ҳикоямиз энди бошланяпти. Қодиржонни танитган, овозасини ёйган қўшиқларнинг туғилишига ҳали анча бор. Ҳозирча у ҳарбий хизматдан қайтиб, район маданият бўлимида автоклубга мудирлик қиляпти, Шералига "эргашиб" юрибди. Қараса, жуда жойига қўйиб ижро этгани, борингки, ундан ўтказиб юборгани билан, барибир, Шерали бўлолмайди. Одамлардан "Фалончининг қўшиғини айтиб юрибди", деган баҳо олади, холос. Санъатни яхши тушунадиган дўстлари маслаҳати билан ўз йўлини излашга тушди.
-Қани, бирорта қўшиқ яратиб кўрай-чи, деб китоб варақлашга тушдим. Акмал Пўлатнинг "Қизил гул тарам-тарам" шеърини ўқиётиб юрагим жиз этди. Ўзимча ғинғирлаб, билган у-бу куйларимга солиб кўрдим. Ёқмади…
"Там-там-там-там-т-а-а-м, там-там…"
Торни қўлга олдим. Ҳозиргина кўнглимни чертиб ўтган оҳангни пардага тушириб чалиб кўрдим. Сўзларини қўшиб хиргойи қилдим. Бинойидек. Ўзимга ёқди. Бир-икки жойда айтиб кўрган эдим, мухлислар ҳам яхши қабул қилишди. Бундан руҳланиб, Султон Акбарийнинг "Хаёлингда қолай ёш бўлиб" шеърига қўл урдим. Ҳозиргача тилдан тушмай келаётган ажойиб қўшиқ яратилди. Шу-шу айтадиган ашулаларимнинг деярли ҳаммасига ўзим куй басталайман. Репертуаримдаги юздан ошиқ қўшиқнинг саксонтаси - фақат ўз қўшиқларим…
Саксонта қўшиқ… Айтишга осон. Агар ҳар биттаси, боринг, 3-4 дақиқадан ижро этилгандаям, 3 соатнинг ён-берисига тенг келади. Бу катта бир концерт дегани. Мана-ман, деган ҳар қандай санъаткорингиз ҳам бунинг уддасидан чиқавермайди. Саксонта қўшиқ яратилиши, тингловчига маъқул тушиши учун неча саксонталаб тунни бедор ўтказиш, жигарни хун қилиш, аввал ўзи куйиб, сўнгра бошқаларниям куйдириш керак. Агар Қодиржоннинг ўз ижодига талабчанлиги, "ҳар мақомга йўрғалаб", енгил-елпи қўшиқларни куйлайвермаслигини ҳисобга олсак, ҳофизликнинг кўз илғамас машаққатлари янада яққолроқ кўзга ташланади. Гапимнинг исботи сифатида, воқеалардан ўзиб бўлсаям, сизга бир тафсилотни айтиб берай.
У билан жуда қадрдонмиз, десам, ёлғон чиқади. Шунчаки танишмиз, десам, камлик қилади. Аниғи, дили-дилига яқин икки ижодкор қанчалик бир-бирини ҳурмат қилиши мумкин бўлса, шундаймиз. Ана шу яқинлик туфайли баъзи-баъзида бирор тинчгина жойни топиб, шеъру қўшиқни зиёфатга улаб, астойдил "тўкилишиб" оламиз.
"Дўстлик" чойхонасида навбатдаги "тўкилиш"да ўтирибмиз-у, "Шоир, манави ғазалингизни қўшиқ қилмоқчиман, бир-икки жойини келиштириб берсангиз", - деб қолди. "Келгай" ўзимгаям жуда ёқар, бир китоб шеър орасидан ҳофизнинг айнан уни илғаб танлаганига, дидига қойил қолиб:
- Майли, нима қилай?- деб сўрадим.
- Мисралари кам, кўпайтириш керак.
Йўқолди дилдан оромим, қачон ороми жон келгай,
Етиб жон келди-ю бўғзимга, йўқ ором, қачон келгай?
Йўқотган йўлининг ҳар жойига гулдан нишон қўйдим,
Ғаним сори бурилмасдан, адашмай биз томон келгай…
Назаримда, мисралар қуйма, яна бирор нарса қўшиб ё олиб ташлаб бўлмайдигандай эди. Лекин раъйини қайтармай, уйга олиб кетдим…
Орадан кунлар, ойлар ўтди. Ҳеч "тайёр бўлди"дан дарак йўқ. Қачон учрашиб қолганимизда сўрасам, чиқмаяпти дейди. Уч йил деганда, Жангобда мақом қўшиқлари танловида суюнчи олди. Мана шунақа: кўнгилга, элга ёқадиган ашуланинг дунёга келиши осон эмас!
***
-Ижодимнинг каттагина қисмини мумтоз қўшиқлар ташкил қилади. Навоий, Огаҳий, Машраб, Нодира ғазалларининг куйи ўзи билан. Фақат бу куйларни илғаш, айта билиш керак…
Топиш мумкиндир, осондир. Лекин ҳамма гап айта билишда. Мумтоз ашулаларни куйлаганлар, куйлашга уринганлар қанча! Халқнинг дили, тилида эса, фақат "айта билган"лар қолди. Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Таваккал Қодиров, Берта Давидова, Шерали Жўраев, Жўрабек Набиев … Сиз билсангиз, яна уч-тўртта қўшарсиз. Тамом. Шундан ошмайди.
Қодиржонни, тожикистонлик ўзбек хонандаси Қодиржонни, энг баланд унвони эл эътирофи бўлган Қодиржонни, яна бир тожикистонлик ўзбеклардан чиққан ҳофиз Жўрабек Набиевдан кейин, шу классикларнинг кенжа авлодига бемалол қўшавериш мумкин. У "Кетма ёнимдан", "Мирзо Бобурман", "Олам гадо", "Оллоҳим", "Ёруғ дунё керак менга", "Булбулжон", "Арзимайди" қўшиқлари билан ўз ижро йўлини яратганлигини исботлади, тарихда қолди. Уларни Қодиржондай қиёмига етказиб, бор нозиклиги, авжи, нолалари билан фақат Қодиржонгина айта олади ва бошқа ҳеч ким! Чунки унда Худо берган ўз овози, изланишлар, тинимсиз меҳнат ва машқлар тарбиялаган ўз услуби, маҳорати бор.
***
Таниқли журналист ва адиб, санъаткорлар ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи Ўринбой Усмон Қ.Мирашуров қўшиқлари оммавийлиги, баъзилари "хит"га айланиб кетгани сирини тўғри англаб, бу сирни "минг-минглаб мухлислар кўнглидаги шеърни танлай билиш" ва "жонли ижро"да, деб кўрсатади.
Шунчаки номига фонограмма билан куйлаш билан юракдан айтишнинг фарқини одамлар жуда яхши билишади. Жонли ижрода ичингиздаги кечинмаларни тингловчига тўла етказиб бера оласиз. Қўшиқ воситасида ифодаланаётган ҳиссиётларингиз шундоққина кўриниб, билиниб туради ва бунинг таъсири бошқача бўлади. Одамлар сизга қўшилиб яйрайди, қувонади, эрийди, эзилади…
"ЁМОН ҚЎШИҚДАН ОР ҚИЛАМАН"
Яхши қўшиқни ширали овозда, аммо сўзларини тушунарсиз, баъзи жойларда бузиб айтадиган ҳофизга ҳайфи овоз, ҳайфи талант! Ўзингизни севимли таомингизни суяк майдаси билан қўшиб еяётгандек, тикан устида ўтиргандек ҳис қиласиз. Қодиржондаги Ўринбой айтмоқчилик "ички бадиий кенгаш", ўзига, шоирга, мухлисга ҳурмат бунга йўл қўймайди. Устози Шерали Жўраев шундай деб ўргатган. Даврасидаги ҳамкасб дўстлари, раҳматли Нуриддин Ҳайдаров, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, ҳозир ҳам бир-биридан маслаҳатини аямайдиган Ғиёс Бойтоев, Абдурауф Олимов, Собиржон Мўминов қўшиқни фақат шундай: равон, таъсирчан, сўзларини чертиб-чертиб куйлайдилар.
Қодиржон ҳар қандай матнни қўшиқ қилавермайди, ҳар қандай қўшиқниям куйлайвермайди. Ўз ўрни, қадри, имкониятларини яхши билади. Ориятли санъаткор.
- Эл-юртчилик, концертдами, тўйлардами, ҳозир урфга кирган баъзи қўшиқларни сўраб қолишади ёки "айтасиз", деб оёқ тираб туриб олишади. Кўнгиллари ранжиши, мендан қолишини билсам ҳам, ўзимга ёқмаса - айтмайман. Чунки шеър олақуроқ, оҳангиям у ёқ-бу ёқдан арралаб олинган. Мен уларни куйлашдан ор қиламан…
ХАЛҚ ДАРДИ - САНЪАТКОРНИНГ ДАРДИ
Намак дар комҳо ширинтар аз шаҳду шакар гардад,
Жигарҳо хун шавад, то як писар мисли падар гардад…
Тошхўжа Асирийнинг ушбу матлаъ билан бошланувчи ғазали сингари инсоний дард, орзу-тилаклар ифодаланган ва бу дардни ўз дарди, шодлигини ўз шодлиги, деб билган, одамлар дилидаги қўшиқни куйлай олган санъаткоргина чинакам халқ санъаткори бўла олади.
Қодиржон 30 йилдан ошиқ даврдан бери тилдан қолмай келяпти. Бунинг сабаби оддий: унинг юраги одамларнинг юраги билан ҳамоҳанг тепади, мухлислари кўнглидаги қўшиқни топиб ижро этиш учун изланишдан, меҳнатдан қочмайди.
- Новосибирскда туғилган юртни, бола-чақани соғиниб кетсак, Қодиржоннинг "Арзимайди"сини қўйиб, энтикиб-энтикиб эшитардик. Яхши айтиб қўйган. Ўзбекистон, Қирғизистондан келиб, биз билан бирга ишлайдиганлар ҳам тан берди…
Маҳкам ҳожи Солиевнинг эътирофи беасос эмас. Сўнгги 5-6 йил ичида ўзи ё шогирдлари ижросида Тожикистонда бу қўшиқ янграмаган хонадон, тўй-ҳашам йўқ ҳисоби. Ўзбекистонда эса Тошкент, Сирдарё, Самарқанд томонларгача етиб борди.
Шу ерга келганда, бир андишани айтмасдан ўтолмасам керак. Ўзбекистон телевидениесининг "Наво" канали ҳозир деярли ҳар куни ёки кунора "Навобахш" тижорат дастурида Саъдулла Бадалов деган ёш хонанда томонидан сал бошқача оранжировкада айтилган "Арзимайди" ашуласини бериб боряпти. У томошабинлар баҳоси ҳисобга олинган рейтингда 2-ўрингача чиқиб борди. Олис тожикистонлик бир хонанда ижодига шунчалик катта қизиқиш, ҳавас борлигидан қўшиқ матни муаллифи сифатида мен ҳам жуда қувондим, фахрландим. Бироқ ижрода озгина ранжитадиган жойиям йўқ эмасди. С. Бадаловнингми ёки унга устозлик қилганларнинг айби биланми, шеъриятдаги бадиийликни, тасвирий воситаларни, сўзнинг маъно нозиклигини дуруст билмаслик натижасида шеърнинг икки жойига ноўрин ўзгартиш киритилган.
УСТОЗ КЎРГАН ШОГИРД
Севимли ҳофизимиз қўшиқчиликнинг кўп сирларини, саҳна одобини, мухлислар ҳурматини жойига қўйишни устози Шерали Жўраевдан ўрганган. Ҳозир ҳам бориб, маслаҳат ва дуо олиб туради.
-Устознинг Собир Абдулла шеъри билан айтиладиган "Зулфинг" ашулаларини, олдиларида уялиб қолмайин деб, қаттиқ тайёрладим. Магнитофонни қўйволиб, қайта-қайта тинглайман, ўзимники билан солиштираман. Эшитиб кўриб:
-Баракалла! Энди бу қўшиқ сеники бўлди, айтавер! - дедилар…
Қайтар дунё - бу! Ҳамма нарса қайтади: яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам. Кеча ўзи бошқаларнинг қўшиғини айтиб юрарди. Бугун унга ҳавас ва тақлид қилиб куйлайдиганлар бор.
-Ўзбекистонлик жуда кўп таниқли санъаткорлар билан ҳамкорлик, борди-келди қиламан. Дилшод Раҳмонов эса, ўзини менинг чин шогирдим, деб ҳисоблайди. "Яшамоғим шарт" (Маҳмуд Жўшқин шеъри) деган қўшиғимни ёқтириб:- "Уста, шуни мен ҳам айтсам майлими?"- деб розилигимни сўради. Йўқ, демадим. Қўшиқ Дилшод ижросида радио, телевидениеда берилди. Хурсанд бўлдим…
Қодиржонда Дилшодга ўхшаган, уни устоз деб, маҳкам этагидан тутган шогирдлари саноқсиз. Олимжон, Воҳиджон, Наимжон, Шарофиддин… Ўғиллари Комилжон ва Қобилжон ҳам бугун ортидан эргашиб, сабоқ олишяпти.
***
Замира Суюнованинг "Оймома чўмилган ой булоқ" қўшиғи ёшларнинг оғзидан тушмаётган пайт. Акасининг салобати босибми, Марҳабо бир куни сал қимтиниб: - "Ой булоқ"ни район конкурсига тайёрловдим. Эшитиб кўрсангиз", - деб қолди.
Синглисининг лаёқати, у-бу давраларда қўшиқ айтиб, олқиш олганидан бохабар Қодиржон "конкурс" сўзини эшитиб, нафақат тинглади, балки маромига етганча кўмагини аямади. Марҳабо ёқимли овози, дилтортар қўшиқлари билан ноҳияга, вилоятга танилди. "Бўстон" телетанловида қатнашиб, юқори баҳо олди. Ҳозир уй-жой, бола-чақа билан ўралашиб, катта саҳнани бас қилган. Яхшики, Комилжонга сарфлаган меҳнати зое кетмади. Хўжанд санъат академиясидаги таҳсил, дадасининг "Гир айланиб ўйнадинг" қўшиғини айтишдан бошланган сабоқ дарслари уни чархлади, умидли хонандага айлантирди.
- Мақомлардаги ҳар бир садо - юрак садосидан олинган, ҳар битта оҳанг бир юрак зарбига мос тушади. Балки уларнинг яшовчанлиги шундандир. Дадамнинг қўшиқларидаям мақомлардаги сингари миллийлик кучли, маъно бақувват. Шунинг учун, уларни ўрганиб, ижро этяпман. Дадамга ўхшаб жонли ижро этяпман. Шу билан бирга, ўз услубимниям қидиряпман. "Кела қол", "Ёр ўйнаса" қўшиқларим мана шу интилиш меваси сифатида (албатта, дадамларнинг ёрдами билан) дунёга келди…
Комилжоннинг фикрини дойрачи Шуҳрат Қосимов, оранжировкачи Баҳодир Элмуродов давом эттирадилар:
- Овозлари кучли, оғир ашулаларниям бемалол ижро эта оладилар. Эсингиздами, "Бағримда баҳор" китобингиз тақдимотида тўсатдан свет ўчиб қолди. Қодир ака микрофонни нари суриб, тор ва дойра билан ҳеч нима кўрмагандай, қўшиқни давом эттиравердилар. Ўрниларида бошқа бўлганда, микрофон билан бирга ўчарди…
- Ёнларида юраману, ўзим устанинг мухлисиман. Ашулаларини мазза қилиб тинглайман. Шундай номдор ҳофизнинг дойрачиси эканлигимдан фахрланиб кетаман. Бир воқеани айтиб бераман, ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам, ўзингиз биласиз.
Қирғизистоннинг тоғ орасидаги олис қишлоғига тўйга бордик. Одам деган қумдай - беҳисоб. Ҳаммасидан ҳам эсда қоладигани - Қодир аканинг ашаддий шинавандаси борлигини учратганимиз бўлди. Қайтганимизгача олдимиздан жилмади. "Муҳаббат" қўшиғини қайта-қайта айттирди.
Одам оёғи зўрға етадиган шу жойда Қодир Мирашуровни билишлари, севиб эшитишларига қойил қолган эдик.
"ЎЗИМИЗНИНГ ҚОДИРЖОН…"
Улуснинг мингта кўзи, мингта қулоғи бор: биттаси бўлмаса биттаси кўради, эшитади. Қулоқма-қулоқ менга бир маззангнинг тўйдаги шу гапи етиб келди:
-Сиз, Оғабек, зўр артистсиз. Лекин ўзимизнинг Қодиржон (уям шу тўйда хизматда экан) авжига келганда, ҳаммаларингни "синдириб" ташлади…
Гап бошқаларни "синдириш"да эмас, мазмунли ашулалари, одоб-услуби билан бошқалар меҳрини қозонишда. Меҳрни берсангиз оласиз-да…
- Бундан 15-20 йилча илгари Қашқадарёга театримиз билан гастролга бордик. Нишон туманида концерт берадиганмиз. Иссиқ жон, аксига олиб ўша куни мазам қочиб, иситмалай бошладим. Клуб тўла одам, кўпчилиги олис қишлоқлардан трактору мотоциклда мени, деб келган. Буни кўриб, танамдаги оғриқни унутдим. Бир ярим соат қўшиқ айтибман. Қарсаклар, олқишлар, гуллар… Қўйиб юборишмайди. Ўшанда касаллигимни театримиздагилардан бошқа ҳеч ким сезмади…
"АРМОНИ ЙЎҚ ИНСОНЛАРНИ ОСМОНЛАРДАН ИЗЛАГАЙСИЗ…"
Ўзбекистон телевидениеси 2007 йили Тошкент давлат циркидан санъат юлдузлари концертини олиб кўрсатаётир. Унда Қодиржон ҳам бир жуфт қўшиқ айтди. Мана шундай дамларни, катта саҳнани соғинган экан, ёниб-жўшиб, меҳру муҳаббатини қўшиб куйлади. Томошабинларнинг қайта-қайта олқишларига сазовор бўлди.
Афсуски, ҳаёт доимо қувончлардан, байрамлардан иборат эмас. Четдан қараган одамга беармондек туюладиган санъаткор умри ҳам барчамизники сингари турмуш ташвишлари, ишдаги етишмовчиликлар, каму кўстлар билан тўла.
У 50 ёшини нишонлаганда Тошкентдан Камолиддин Раҳматов, Дилшод Раҳмонов, қизиқчи Абдулла Акбаровлар келишди. Азиз меҳмонлар орасида Абдурауф Олимов, Абдулла Убайдуллаев сингари хушовоз хонандалар бор эди. Бироқ шу ерлик юқорироқ курсида ўтирган бирорта раҳбар бош суқиб табриклашни ўзига эп кўрмади.
Қодиржон бундан ҳам ўсиши, машҳурроқ бўлиши мумкин эди. Ҳозир айни ижодий куч-қувватга тўлган даври. Кенгроқ қанот қоқай деб, пича Тошкентга қатнади. Қўшиқларини радио, телевидениега ёздириб келди. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган бугунги замонда унга яхши муҳит, қўллайдиган саховатпеша дўстлар, ҳомийлар керак. Аммо қани улар?!
***
Ўзбек ва тожик тилларида бир хилда бенуқсон куйловчи хушовоз қўшиқчи, бастакор, энг муҳими, жуда яхши инсон Қодиржон Мирашуров тўғрисидаги битикларни тугатаётиб, қаттиқ чарчаганимни ҳис қилдим. Кўнгил қўшиқ, Қодиржоннинг бетакрор, дилга ором бағишловчи қўшиқларини истай бошлади. У совға қилган дискни олиб, ноутбукнинг қулоғини бурадим. Хонамда таниш, бироз маҳзунроқ, лекин алладай ёқимли қўшиқ тарала бошлади:
Яхши-ёмон кунларимдан ўкинмасман,
Умр - меҳнат, қийноқлардан чекинмасман.
Лекин ҳозир бошқа нарса ўтинмасман:
Менга тегманг, бир зумгина ором олай…
Жим! Менга ҳам тегманг! Бир зумгина ором олай…
Дилмурод Ҳожимуродов,
Спитамен ноҳияси.
РУМИЙГА НАЗИРА
Пирлар қавли шу, ўғлон, ҳусни инсон адабдир,
Инсону ҳайвон фарқи шу бегумон, адабдир.
Гўзал боғ эрса жаҳон, гулидирсан бехазон,
Парваришингда кордон асл боғбон адабдир.
Муфассал...
Охирги вақтларда христиан дин вакилларининг тобора жипслашиб бораётганлик ҳолати мушоҳада этилмоқда. Бу ҳолат бир қараганда ёмон нарса эмас. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир куч, халқу миллат ва ҳар жараён бундай ҳуқуққа эга. Аммо бу нарса ерларига араб муҳожир қочоқлари кириб келаётган, христиан араблар ва бошқа араб гуруҳлари мавжуд бўлган, ўз халқини мусулмонлардан қўрқитишни истаётган бир пайтда амалга оширилаётгани кузатилмоқда.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015